muslim.uz

muslim.uz

Ҳаммамизга маълумки, 21-аср ахборот асридир. Бу асрда ахборот технологиялари шу даражада ривожландики, дунёнинг бир чеккасидаги воқеа шу заҳотиёқ кенг жамоатчиликка етиб боради. Ахборотнинг бундай тезликда тарқалишига интернет глобал тармоғининг кашф қилиниши сабаб бўлди. Ҳозирги даврда ҳаётни интернетсиз тасаввур қилиш қийин. Албатта, ахборот етказишда, инсон билим доирасини кенгайтиришда, бизнес оламида ва бошқа соҳаларда унинг ўрни беқиёс. Лекин интернет омма мафкурасини бузишда, бузғунчи ғоя ва ақидаларни тарқатишда, инсон онгини заҳарлашда ҳам қора кучларни асосий тарғибот манбаси бўлиб қолмоқда. Глобал тармоқнинг салбий характерга эга бўлган бир неча омиллари борки, бу омиллар ҳар бир инсон учун асосий хатар ҳисобланади. Биз қуйида ана шу омилларнинг баъзиларини санаб ўтамиз. 

1.Соғлом эътиқодга таҳдид.

Интернет айниқса, ёшларни соғлом эътиқодига тажовуз қилувчи манбалар маконидир. У ерда ўзларини “дўст сановчи” ёки “ҳидоятга бошловчи” қилиб кўрсатувчилар кўп. Аслида уларнинг дин илмидан хабарлари йўқ. Ўз раҳнамоларидан эшитганларини такрорлашдан нарига ўтмайдилар. Улар ўз жоҳилликлари билан бошқаларни ҳам жарга етаклайдилар. Бундай ақидапараст оқимлар тарғиботини олиб бораётган сайтлар сони маълумотларга кўра 7000 дан ошган. “Ал-Қоида”, ИШИД каби террористик ташкилотларнинг тарғибот манбаларининг асосий қисми интернетга тўғри келади. Афсуски бутун дунё бўйлаб илмсиз, эътиқодсиз ёшлар уларнинг ўлжаларига айланмоқда. 

2.Турли фитналар макони.

Интернет халқлар, миллатлар орасида низо келтириб чиқарувчи манбалар маконидир. Улар айниқса, ижтимоий тармоқлар орқали кенг фаолиятни йўлга қўйишган. У ерда ёлғон-яшиқ, ирқий камситилишга сабаб бўлувчи хабарлар тарқатилади ва кишиларни оммавий норозилик уюштиришга чақириб фитна қўзғашга ҳаракат қилинади. Фитна ҳар бир ривожланишга интилаётган давлат учун катта ҳалокатдир. Шунинг учун Аллоҳ ўз каломида: “Фитна қотилликдан ҳам ашаддийроқдир”,  деб марҳамат қилади. Шунингдек, диний тушунчалар ҳам бузиб кўрсатилади. Улар “Шаҳид”, “Жиҳод”, “Ҳижрат” каби тушунчаларни баъзи саводсиз “олим” ларнинг фатволарига таяниб бузиб талқин қилишади. Шу йўл билан омма орасида диний асосда низо чиқаришга уринишади. Бу ишлар эса динимизда қатъиян ман қилинган ишлардир. 

3.Бекорчилик ва бузуқлик ўчоғи.

Ёшларнинг кўп ҳолларда интернетдан фақат кўнгилочар манба сифатида фойдаланиши ачинарлидир. Бу инсон учун жуда қадрли бўлган вақтнинг беҳуда ўтишига сабаб бўлади. Айниқса, ижтимоий тармоқларда беҳуда вақт ўтказиш, кераксиз нарсаларни томоша қилиш ёшларнинг зеҳнини ўлдиради, фикрлашини сусайтиради. Аслида, кераксиз нарсаларга вақт сарфлаш гуноҳдир. Пайғамбаримиз (с.а.в) ҳадисларида: “Беҳуда ишларни тарк этиш киши исломининг гўзаллигидандир”, деб марҳамат қилганлар. Оммавий маданиятни, айниқса, бузуқчиликни тарғиб қилувчи сайтлар маънавият учун ҳалокатлидир. Бундай сайтлар кишиларни ҳиссиз, атрофидагиларни қадрламайдиган манқуртларга айлантириб қўяди. Бундай бузуқчиликни доимий кўриш қалбни ўлдиради. Ҳикматларда шундай дейилади: “Кўз билан қилинган гуноҳнинг қалбга таъсири катта.Чунки кўз қалб билан боғлиқдир”.

Юқорида санаб ўтилганлар глобал тармоқдаги хатарларнинг баъзилари холос. Лекин ана шу “баъзилари”нинг таъсирига берилиб вайронкорлик билан шуғулланаётганларни, бу вайронкорлик бутун давлатларни ўз домига тортаётганлигини гувоҳи бўлиб турибмиз. Бундай иллатлардан сақланиш, ёшларимизни сақлаш ўзимизнинг қўлимизда. Шу йўл билан юртимиз келажагини, тинч ҳаётимизни асраш учун курашишимиз лозим.

 

Ф.Сейтимметов

Гурлан тумани “Ҳидоят” масжиди имом-хатиби

✅ Танлов Тошкент ислом институти иқтидорли талаба-ёшлари, ўқитувчи-ходимлари, “Сиртқи бўлим” ва “Модуль таълим тизими” талабалари ўртасида 2019-2020 ўқув йили давомида ТИИ АРМдаги мавжуд китоблардан унумли фойдаланиш, институт жамоаси ўртасида китобхонлик маданиятини оммалаштириш, уларнинг бадиий, илмий саводхонлигини янада ошириш ва мутолаа муҳитини шакллантириш, улар ўртасида китоб мутолаасига бўлган қизиқишни ривожлантириш мақсадида ўтказилади.

✅ Танловда соҳанинг етакчи мутахассисларидан иборат ҳакамлар ҳайъати томонидан иштирокчиларни уларнинг ихтиёрига қараб, диний-маърифий нашрлар, илмий-оммабоп китоблар, диний илм-фан тараққиётига улкан ҳисса қўшган улуғ аждодларимизнинг ноёб асарлари ва “Ўзбек адабиёти”, “Жаҳон адабиёти”, “Буюк мутафаккир ва адиблар ҳаёти” ҳамда “Шеърият”га оид китобларни ўқигани, асарнинг мазмун-моҳиятини тушунгани ва уни таҳлил қилиб бера олиш қобилиятига қараб баҳоланади.

Танлов ғолиблари 2020 йил май ойида қуйидаги номинациялар бўйича тақдирланади.

Талабалар ўртасида:

1️⃣    “Китобхон талаба”
2️⃣    “Энг зукко китобхон талаба”
3️⃣    “Энг яхши китобхон талаба”
4️⃣    “Энг кўп китоб ўқиган талаба”.

Ўқитувчи-ходимлар ўртасида:

1️⃣    “Энг фаол китобхон ходим”
2️⃣    “Китобхонликни тарғиб қилувчи энг фаол ўқитувчи”
3️⃣    “Энг яхши китобхон ўқитувчи”
4️⃣    “Энг кўп китоб ўқиган ўқитувчи”.

Ғолиблар Тошкент ислом институти ва ҳомийлар кўмагида қимматбаҳо совғалар, диплом ҳамда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари, Ўзбекистондаги ислом цивилизацияси маркази директори ўринбосари шайх Абдулазиз Мансур, марҳум шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратлари шунингдек, мамлакатимиз ва хорижий давлатлардаги Ислом оламида танилган машҳур уламоларнинг қаламига мансуб китоблар тўпламлари билан тақдирланади.

“Энг кўп мутолаа қилган китобларим!” шиори остидаги танлов шартларини кузатиб боринг!

Тошкент ислом институти Ахборот-ресурс маркази

 

ЎМИ Матбуот хизмати

Расмлар муаллифи: Шаҳзод Шомансур

 بســـــم الله الرحمن الرحيم  

ЎЗ ЖОНИГА ҚАСД ҚИЛИШ – ИЖТИМОИЙ ИЛЛАТ

اَلْحَمْدُ لِلَّهِ الَّذِي خَلَقَ الْإِنْسَانَ وَكرَّمَهُ، وَالصَّلَاةُ وَالسَّلَامُ عَلَى رَسُولِهِ مُحَمَّدٍ الَّذِي سنَّ الدِّينَ وَعَظَّمَهُ، وَعَلَى آلِهِ وَصَحْبِهِ أَجْمَعِيْنَ اَمَّا بَعْدُ

Ҳурматли жамоат! Аллоҳ таоло одам боласига жуда кўп неъматлар берган, уларни санаб адоғига ета олмаймиз. Шубҳасиз, улар ичида энг қимматли ва муҳимларидан бири – ҳаёт, тириклик неъматидир. Чунки бу неъмат инсон қолган неъматларни қабул қилиб олишига сабабчи бўлади. Шунинг учун тирикликнинг қадрига етиш, уни асраб авайлаш ва, албатта, ҳаёт неъматининг шукрини адо этиш ҳар бир кишининг зиммасида вожибдир.

Маълумки, инсон ҳаёти доим бир хил неъматлар ичида кечмайди – гоҳида енгил, гоҳида оғир, баъзида хурсандчилик, баъзида мусибат. Қуръони каримда бу ҳақда шундай дейилади:

لَقَدْ خَلَقْنَا الْإِنْسَانَ فِي كَبَدٍ

яъни: “Ҳақиқатан, инсонни (дин ва дунё ишларида меҳнат ва) машаққатда (бўлиш учун) яратдик” (Балад сураси, 4-оят).

Машҳур бобомиз Алишер Навоий ўз ҳикматларида: “Саксон йил яшаш учун саксон йиллик сабр керак”, – деганлар. Демак, инсон бало ва мусибатларга қарши сабрни қалқон қилиб олиши керак. Чунки динимизнинг таълимоти бўйича дунёда юз берадиган барча ишлар Аллоҳ таолонинг хоҳиш иродаси билан бўлади. Мўмин-мусулмон киши ҳаёт қийинчиликларини дунёнинг синови экани, ҳар бир мусибат, ҳатто тиканнинг кириши ҳам ажрсиз қолмаслигини билади. У қийинчиликларга сабр-бардошли бўлади ва савоб умид қилади. Мусибат етганда биз Аллоҳнинг бандаси ва унга қайтиб боришимизни эслашимиз даркор. Аллоҳ таоло Қуръони каримда марҳамат қилади:

وَلَنَبْلُوَنَّكُمْ بِشَيْءٍ مِنَ الْخَوْفِ وَالْجُوعِ وَنَقْصٍ مِنَ الْأَمْوَالِ وَالْأَنْفُسِ وَالثَّمَرَاتِ وَبَشِّرِ الصَّابِرِينَ الَّذِينَ إِذَا أَصَابَتْهُمْ مُصِيبَةٌ قَالُوا إِنَّا لِلَّهِ وَإِنَّا إِلَيْهِ رَاجِعُونَ أُولَئِكَ عَلَيْهِمْ صَلَوَاتٌ مِنْ رَبِّهِمْ وَرَحْمَةٌ وَأُولَئِكَ هُمُ الْمُهْتَدُونَ

яъни: “Сизларни бироз хавф-хатар, очлик (азоби) билан, молу жон ва мевалар (ҳосили)ни камайтириш йўли билан синагаймиз. (Шундай ҳолатларда) сабр қилувчиларга хушхабар беринг (эй, Муҳаммад)! Уларга мусибат етганда: «Албатта, биз Аллоҳнинг ихтиёридамиз ва албатта, биз Унинг ҳузурига қайтувчилармиз», – дейдилар. Айнан ўшаларга Парвардигорлари томонидан салавот (мағфират) ва раҳмат бордир ва айнан улар, ҳидоят топувчилардир” (Бақара сураси, 155-оят).

Демак, имонли кишилар ҳаётда ҳеч қачон тушкунликка тушмаслиги керак, балки яхшиликдан умидвор бўлиб, доим ҳаракатда бўлишлари лозим. Афсуски, аҳён-аҳёнда ўз жонига қасд қилган кишилар ҳақидаги сўзлар қулоғимизга чалинади. Айниқса, бу каби фожеалар аёллар ичида кўп учраб туриши ачинарли ҳолатдир. Бу гуноҳни оқлаб бўлмайди, лекин маълум бир қисм аёллар ўзларига бўлган зулм-зўравонлик сабабли бу ишга қўл ураётгани сир эмас.

Шуни билиш керакки, бирор қийинчиликдан қутилиш ёки кимдандир норози бўлиб ўз жонига қасд қилиш – масаланинг ечими эмас. Масалан, қарз ёки молиявий қийинчилик сабабли ўз жонига қасд қилган одам қарзидан қутилиб қолмайди. Ўз жонига қасд қилган киши гуноҳкор бўлиши билан бирга орқасида ота-онаси ва яқинларини қаттиқ қайғуда қолдиради. Аслида эса динимизнинг талаби – фарзанд уларни хизматларини қилиб, рози ва хурсанд қилиши керак эди.

Ўз жонига қасд қилишнинг охиратдаги оқибатлари яна ҳам ёмонроқдир. Динимиз таълимотида инсоннинг ўз жонига қасд қилиши катта гуноҳ ҳисобланади. Бу ҳақда Қуръони каримда Аллоҳ таоло шундай дейди:

"لَا تَقْتُلُوا أَنْفُسَكُمْ إِنَّ اللَّهَ كَانَ بِكُمْ رَحِيمًا"

яъни: “...Ўзларингизни ўлдирмангиз! Албатта, Аллоҳ сизларга раҳм-шафқатлидир” (Нисо сураси, 29-оят).

Аллоҳ таоло бандасига омонат ўлароқ ато қилган жон-тирикликни фақат Ўзи хоҳлаган пайтда қайтариб олади. Жонни банданинг ўзи олишга ҳаракат қилиши – шошилиш ва Аллоҳ таолонинг тақдирига норозиликдир!

Бу гуноҳнинг ёмонлигини билдириш учун Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам ўтган қавмлар ҳаётидан ҳам мисол келтирдилар:

"كَانَ مِمَّنْ كَانَ قَبْلَكُمْ رَجُلٌ بِهِ جُرْحٌ فَجَزَعَ، فَأَخَذَ سِكِّيْنًا فَحَزَّ بِهَا يَدَهُ، فَمَا رَقَأَ الدَّمُ حَتَّى مَاتَ، قَالَ اللهُ تَعَالَى: "بادَرَني ابْنُ آدَمَ بنَفْسِهِ فَقَتَلَها، فَقَدْ حَرَّمْتُ عَلَيْهِ الجَنَّةَ"

مُتَّفَقٌ عَلَيْهِ عَنْ جُنْدَبُ بْنُ عَبْدِ اللَّهِ رضي الله عنه

яъни: “Сизлардан олдин ўтган қавм орасида бир яраланган кимса бор эди. У оғриққа чидай олмасдан, қўлига пичоқ олиб, яраланган қўлини кесди. Натижада у қон йўқотиш туфайли вафот этди. Шунда Аллоҳ таоло: “Бандам ўзини-ўзи ўлдириб, менинг унга берган умримга шукр қилмай, шошилди. Шунинг учун унга жаннатни ҳаром қилдим”, – деди” (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривоятлари).

Аслини олганда динимиз ўз жонига қасд қилишга олиб борадиган йўлларни ҳам беркитган. Масалан, мусулмон киши ўзига ўлим тилаши мумкин эмас. Чунки амаллар солиҳ бўлиб, умрнинг узун бўлиши биз учун катта мукофот ҳисобланади.

Бу мавзуда энг катта муаммо – руҳий изтиробнинг мавжудлиги,  қалб хотиржамлиги ва имонга суянадиган ироданинг йўқлиги, деб ҳисоблаймиз. Бунинг устига ўсмирлик даврида йигит-қизларнинг қаровсиз қолиши, турли нобоп йўлларга кириши, ёмонлар билан дўст тутиниши, маст қилувчи ичимликлар ва гиёҳванд моддаларга берилиб қолиши ҳам ўз жонига қасд қилишнинг кўпайишига сабаб бўлади. Афсуски, бекорчилик ва ота-оналарнинг эътиборсизлиги сабабли баъзи ёшларимиз бу “тўр”ларга тушиб қолмоқдалар.

 Юқоридаги муаммоларнинг ечими – Аллоҳ таолонинг раҳматидан умидворлик, қалб хотиржамлиги ва сабр тоқатдир. Аллоҳ таоло Зумар сурасида шундай марҳамат қилади:

﴿قُلْ يَا عِبَادِيَ الَّذِينَ أَسْرَفُوا عَلَى أَنْفُسِهِمْ لَا تَقْنَطُوا مِنْ رَحْمَةِ اللَّهِ إِنَّ اللَّهَ يَغْفِرُ الذُّنُوبَ جَمِيعًا إِنَّهُ هُوَ الْغَفُورُ الرَّحِيمُ

яъни:(Эй, Муҳаммад!) Ўз жонларига (гуноҳ билан) зулм қилган бандаларимга айтинг: «Аллоҳнинг раҳматидан ноумид бўлмангиз! Албатта, Аллоҳ барча гуноҳларни мағфират қилур. Албатта, Унинг ўзи Мағфиратли ва Раҳмлидир(Зумар сураси, 53-оят).

Яна бир ояти каримада шундай дейилади:

الَّذِينَ آَمَنُوا وَتَطْمَئِنُّ قُلُوبُهُمْ بِذِكْرِ اللَّهِ أَلَا بِذِكْرِ اللَّهِ تَطْمَئِنُّ الْقُلُوبُ

яъни: “Улар имон келтирган ва қалблари Аллоҳнинг зикри билан ором оладиган зотлардир. Огоҳ бўлингизки, Аллоҳни зикр этиш билан қалблар ором олур (ва таскин топур)(Раъд сураси, 28-оят).

Банда Аллоҳ таолонинг неъматларини тафаккур қилса, ўзиданда ёмон аҳволда бўлган минглаб одамлар борлиги ва уларнинг аксарияти шукр қилиб яшаётганини тушиниб етса, тилига беихтиёр “шукр” келади, камчиликлари учун истиғфор айтади. Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам шундай марҳамат қиладилар:

انْظُرُوا إِلَى مَنْ هُوَ أسْفَلَ مِنْكُمْ وَلاَ تَنْظُرُوا إِلَى مَنْ هُوَ فَوْقَكُمْ فَهُوَ أجْدَرُ أنْ لاَ تَزْدَرُوا نِعْمَةَ الله عَلَيْكُمْ

(رواه الامام مسلم عن أَبي هريرة رضي الله عنه)

яъни: “Ўзингиздан устун кишиларга эмас, ўзингиздан паст одамларга қаранг. Мана шу (иш) Аллоҳнинг неъматларини паст санамаслигингиз учун яхшироқ бўлади” (Имом Муслим ривоятлари).

Бу ҳадисга амал қилган киши Аллоҳ унга жуда кўп неъматлар берганини мулоҳаза қилади. Шукрли инсон бу дунё қийинчиликларини осон енгади. Мўмин кишининг иши ажойиб, у ҳеч қачон ютқазмайди. Яхшилик келса – шукр қилади, савоб олади. Бошига синов келса – сабр қилади, яна савоб олади. Банда Аллоҳ таолонинг зикридан ва шукридан ғофил қолса, шайтон унинг қалбига васваса қила бошлайди. Қачон Аллоҳнинг зикрини қилса, ортга чекинади. Аллоҳ таоло бизга бу дунё қийинчиликларини қандай енгиб ўтиш йўлини кўрсатди:

﴿وَاسْتَعِينُوا بِالصَّبْرِ وَالصَّلَاةِ وَإِنَّهَا لَكَبِيرَةٌ إِلَّا عَلَى الْخَاشِعِينَ

яъни:(Аллоҳдан) сабр ва намоз ила ёрдам сўрангиз. Дарҳақиқат, у (намоз) оғир ишдир. Илло, итоатли (хокисор) кишиларга (оғир) эмас(Бақара сураси, 45-оят).

Қийинчиликларга дуч келинганда, Қуръони каримда ва ҳадиси шарифларда келган дуоларни лозим тутиш керак. Дуо ҳақида Қуръони каримда шундай дейилади:

وَذَا النُّونِ إِذْ ذَهَبَ مُغَاضِبًا فَظَنَّ أَنْ لَنْ نَقْدِرَ عَلَيْهِ فَنَادَى فِي الظُّلُمَاتِ أَنْ لَا إِلَهَ إِلَّا أَنْتَ سُبْحَانَكَ إِنِّي كُنْتُ مِنَ الظَّالِمِينَ

яъни: “Зуннун (Юнус)нинг (ўз қавмидан) ғазабланган ҳолда (қишлоғидан чиқиб) кетиб, Бизни унга қарши чиқа олмайди, деб ўйлаган пайтини, сўнг (Биз уни балиқ қорнига ташлаганимиздан кейин) қоронғи зулматлар ичра: «Сендан ўзга илоҳ йўқдир. Сен (барча) нуқсонлардан покдирсан. Дарҳақиқат, мен (ўзимга) зулм қилувчилардан бўлдим», – деб нидо қилган (пайтини эсланг!)(Анбиё сураси, 87-оят).

Кейинги ояти каримада эса юқоридаги дуони қабул қилгани айтилади:

فَاسْتَجَبْنَا لَهُ وَنَجَّيْنَاهُ مِنَ الْغَمِّ وَكَذَلِكَ نُنْجِي الْمُؤْمِنِينَ

яъни: “Бас, Биз унинг (дуосини) ижобат қилдик ва уни ғамдан қутқардик. Биз мўминларга мана шундай нажот берурмиз” (Анбиё сураси, 88-оят).

Уламоларимиз мана шу оятга мувофиқ кимнинг бошига иш тушса, «Сендан ўзга илоҳ йўқдир. Сен (барча) нуқсонлардан покдирсан. Дарҳақиқат, мен (ўзимга) зулм қилувчилардан бўлдим» (Анбиё сураси, 87-оят) дуосини кўп айтсин, дейишади. Яна истиғфор (“астағфируллоҳ” калимаси)ни кўп айтиш ҳам камбағаллик, бефарзандлик ва қурғоқчилик каби муаммоларни кетказишига Қуръони каримда кўплаб ишоралар бор.

Албатта, бу масалада диний тарбиянинг ўрни муҳим. Фарзандларга динимиз асослари, ибодатнинг маъноси, гуноҳ-савоб, ҳалол-ҳаромни оиладан ўргатиб боришимиз керак. Уларнинг олдига юксак марралар ва мақсадлар қўйиб, ўша томонга етаклашимиз, керакли ёрдамни беришимиз керак. Яна уларни турли зарарли одатлардан сақласак, бўш вақтларини билим ўрганиш, спорт билан шуғулланишга сарфласак, натижа яхши бўлади.

Муҳтарам жамоат! Бугунги кунда интернет тармоғида ёшларга ўзини ўзи портлатиш ва ўлдириш ғояларини сингдиришга уринаётган, уларни хаёлий жаннат ваъдаси билан «шаҳид бўлиш»га чақираётган турли гуруҳлар кўпайиб бормоқда. Ваҳоланки, Ислом динида ўзини портлатиш йўли билан ўзининг ва ўзгаларнинг жонига қасд қилиш улкан гуноҳ ҳисобланади. Пайғамбаримиз алайҳиссаломдан келтирилган ҳадисларда ўз жонига қасд қилганлар ёки ўзгаларни ўлдирганлар дўзахда абадий азобланиши айтиб ўтилган.

Шунингдек, Ислом динида ўзини ўзи ўлдиришга олиб келадиган, инсон умрига зомин бўладиган ишларда ҳеч кимга итоат этиш лозим эмаслиги таъкидланган. Қуйидаги ривоят шунга далолат қилади:

عَنْ عَلِيٍّ رضي الله عنه قَالَ  بَعَثَ رَسُولُ اللهِ صلى الله عليه وسلم سَرِيَّةً وَاسْتَعْمَلَ عَلَيْهِمْ رَجُلاً مِنَ الْأَنْصَارِ قَالَ فَلَمَّا خَرَجُوا قَالَ وَجَدَ عَلَيْهِمْ فِيْ شَيْءٍ فَقَالَ قَالَ لَهُمْ أَلَيْسَ قَدْ أَمَرَكُمْ رَسُولُ اللهِ صلى الله عليه وسلم أَنْ تُطِيْعُونِيْ قَالَ قَالُوا بَلَى قَالَ فَقَالَ اِجْمَعُوا حَطَبًا ثُمَّ دَعَا بِنَارٍ فَأَضْرَمَهَا فِيْهِ ثُمَّ قَالَ عَزَمْتُ عَلَيْكُمْ لَتَدْخُلَنَّهَا قَالَ فَهَمَّ الْقَوْمُ أَنْ يَدْخُلُوهَا قَالَ فَقَالَ لَهُمْ شَابٌّ مِنْهُمْ إِنَّمَا فَرَرْتُمْ إِلَى رَسُولِ اللهِ صلى الله عليه وسلم مِنَ النَّارِ فَلاَ تَعْجَلُوا حَتَّى تَلْقَوْا الْنَبِيَّ صلى الله عليه وسلم فَإِنْ أَمَرَكُمْ أَنْ تَدْخُلُوهَا فَادْخُلُوا قَالَ فَرَجَعُوا إِلَى النَّبِيِّ صلى الله عليه وسلم فَأَخْبَرُوهُ فَقَالَ لَهُمْ: "لَوْ دَخَلْتُمُوهَا مَا خَرَجْتُمْ مِنْهَا أَبَدًا إِنَّمَا الطَّاعَةُ فِيْ الْمَعْرُوفِ"

(رواه الإمام احمد)

яъни: Али разияллоҳу анҳу ривоят қилиб айтадилар: “Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам бир жойга қўшин юбориб, уларга ансорлардан бирини раҳбар этиб тайинладилар. Йўлга чиқишгач, раҳбар уларни синамоқчи бўлиб: “Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам сизларни менга итоат этмоғингизга буюрганлар, шундай эмас-ми?” – деди. Улар: “Ҳудди шундай”, – дейишди. “Шундай экан, ўтин тўпланглар”, – деди ва олов келтириб, унга ўт ёқди. Сўнгра: “Мана шу оташ ичига киришингларга буюраман”, – деди. Улар оташ ичига киришга шайланиб турганларида, ораларидан бир йигит: “Расулуллоҳнинг ҳузурларига айнан оташдан қочиб келган эдингиз-ку, бас, шошилманг! Аввал Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига боринг, агар оташга киришингизга У Зот ҳам буюрсалар, кирасизлар”, – деди. Шундан кейин Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига бориб, бўлган воқеанинг хабарини бердилар. Шунда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам: “Агар оташга кирганингизда, ундан абадий чиқа олмас эдингиз. Итоат фақат шариатга мувофиқ ишлардадир”, – дедилар” (Имом Аҳмад ривоятлари). Афсуски, бугунги кунда баъзи адашганлар турли “раҳнамолар”нинг буйруқлари ва “фатво”ларига таяниб, ўзларини портлатиб, ширин жонларига қасд қилишни ҳалол санамоқдалар. Юқорида келтирилган ҳадиси шариф, айнан мана шундай тоифадаги кишиларнинг қилаётган ишлари хато эканига ёрқин ва катта далил бўлади.

Хулоса шуки, мўмин-мусулмон киши доимо Аллоҳнинг раҳматидан умидвор бўлиб, азобидан қўрқиши керак! Ана шунда унинг имони саломат бўлади, шайтон васвасаларидан омонда бўлади. Яна бир муҳим жиҳати – доимо олим кишилардан панд-насиҳатлар эшитиш ва солиҳ кишилар, соғлом табиатли одамлар билан дўстлашиш, улар билан бирга бўлишдир!  Бу ишлар кишининг руҳиятини тетик ва яшовчан қилади.

Муҳтарам жамоат! Маълумки, Ислом дини инсонларни илм олишга тарғиб қилувчи диндир. Аллоҳ таоло илмни Қиёматгача бандалар учун маърифатга эришиш, ҳақиқатни топиш, икки дунё саодатига эришиш воситаси қилди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳам халқимизга маърифат етказиш мақсадида “Ҳидоят”, “Мўминалар” диний-маърифий ва адабий-ижтимоий журналлари ва “Ислом нури” газетасини бир неча йилллардан бери нашр қилиб келади. Ушбу нашрларда турли хил сара диний-маърифий мақола ва маълумотлар бериб борилади. Бу нашрларга обуна бўлиш орқали хонадонимизга, балки халқимизга Ислом маърифати ва зиёси кириб боради. Айни пайтда мана шу диний-маърифий нашрларга келгуси йил учун обуна бўлиш давом этмоқда. Билингки, ушбу нашрларга обуна учун сарфланган маблағлар энг катта савоб йўлига сарфланган ҳисобланади.

Қолаверса, бу иш ҳадиси шарифларда зикр қилинган фойдали илмни қолдириш қабилидан бўлади. Пайғамбаримиз Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: “Инсон дунёдан ўтганида унинг барча амаллари тўхтайди, аммо уч амали борки, улар ҳаргиз тўхтамайди. Бу амаллар – садақаи жория, манфаатли илм, ҳамда солиҳ фарзанд (Имом Бухорий ривоятлари).

Аввал ўтган улуғ аждодларимиз илмга бўлган қизиқишлари, чанқоқликлари сабабли нафақат диний илмлар, балки дунёвий илмлар ривожига ҳам катта ҳисса қўшдилар. Натижада уммат илм-маърифатга эга бўлди. Беназир Ислом гуллаб яшнади. Илм-маърифат асрлар давомида ўз чўққисига чиқди. Бу ютуқларни ҳозирги кунда ҳам давом этиши сиз билан бизга ҳам боғлиқдир.

Муҳтарам жамоа! Ўтган Жума мавъизасида сайловлар яқинлашиб келаётгани ҳақида гапириб ўтган эдик.

Айрим намозхонларимиздан саволлар берилиб, сайловда қандай иштирок этсак маъқул бўлади, қандай иш тутсак мусулмонлик одобларига тўғри келади, деган саволларни беришди.

Азизлар, бир фикрни айтиб ўтмоқчимизки, мусулмонларнинг сайловларда иштирок этиши – фуқаролик бурчларидандир. Азиз динимиз таълимотида ҳар бир инсон озод ва ҳур бўлиб, ўз фикрини ифода қилишда эркин саналади. Шу сабабли биз ҳар балоғатга етган инсон ўз ҳохишини эркин ифода этиши юксак маданият дея тарғиб этамиз.

Бундан ташқари жамият учун хайрли ишлар юзасидан ҳамкорлик қилиш муқаддас динимиз кўрсатмалари сирасига киради. Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай марҳамат қилади:

يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آمَنُواْ .... وَتَعَاوَنُواْ عَلَى الْبرِّ وَالتَّقْوَى وَلاَ تَعَاوَنُواْ عَلَى الإِثْمِ وَالْعُدْوَانِ 

"(Эй мўминлар), сизлар яхшилик ва тақво йўлида ҳамкорлик қилингиз, гуноҳ ва ҳаддан ошиш йўлида ҳамкорлик қилмангиз!" (Моида сураси, 2-оят).

Шунга кўра мусулмонлар ўз диёрлари, оила ва фарзандлари, яқинлари тақдирига бефарқ бўлмай, яхшилик йўлида бирлашиб, бамаслаҳат ва ҳамкорликда юрт келажаги учун қайғуришлари исломий гўзал ахлоқлардир!

Муҳтарам жамоа! Шундай экан жорий йилнинг 22 декабрь куни ўтказиладиган халқ ноиблари сайловида барчамиз фаол бўлиб, ўз овозимизни беришда шахсан қатнашиб, намуна бўлайлик!

Аллоҳ таоло Юртимизни турли хилдаги самовий ва арозий офату балолардан ҳифзу ҳимоясида сақласин, халқимиз ҳаётини бундан ҳам фаровон айласин! Барчамизни Ўзи рози бўладиган амаллар билан яшаб ўтмоғимизга муяссар қилсин! Омин!

 

 

Понедельник, 09 Декабрь 2019 00:00

Аслиятни бошқача талқин қилмангиз!

Сўнгги йилларда Ислом динидаги энг ҳассос бўлган “жиҳод”, “ҳижрат”, “шаҳид” каби тушунчаларни адашган оқимлар бузиб талқин қилиш орқали динни яхши тушунмайдиган кишиларни ўз тарафларига оғдирмоқдалар. Ислом динини ниқоб қилиб олган бундай тоифалар ўта нозиклик ва дақиқлик билан ёндашиш талаб этиладиган тушунчаларни ғаразли талқин этишда ҳеч нарсадан тап тортмаяптилар. Бундай талқин одамлар онгида Ислом дини гўё жангу жадал, қон тўкиш, бошқа диндагиларга қарши муросасиз кураш олиб боришга асосланган, деган мазмундаги ботил тасаввурларнинг шаклланишига сабаб бўлмоқда.

Ҳозирда адашган тоифалар одамларни “жиҳод” қилишга ёки ўз юртидан сабабсиз “ҳижрат” қилиб чиқиб кетишга чақириб, Ислом дини ниқоби остида манфур ниятларини амалга ошириш пайида бўлмоқда. Уларнинг мақсади дин йўлида хизмат қилиш эмас, балки дунёвий манфаат, мол-дунёга эришишдир. Ҳали тафаккури шаклланмаган, илми ва тажрибаси етарли бўлмаган ёшлар бундай алдовларга учиб, оқибати қандай аянчли якунланаётганини гувоҳи бўлинмоқда.

Шунинг учун мазкур диний тушунчалар аслида қандай изоҳланишини холис баён қилиш мақсадида, Ўзбекистон телевиденияси орқали “Ислом: моҳият ва талқин” номли туркум кўрсатувлар ташкил этилди. Ушбу кўрсатувларда соҳа мутахассислари томонидан “жиҳод”, “ҳижрат”, “шаҳид” каби тушунчаларни Ислом дини манбалари ва эътиборли уламолар далиллари асосида батафсил ёритиб берилди.

Бироқ бир-икки ижтимоий тармоқ юритувчи блогерлар ушбу кўрсатувларни ғаразли талқин этиб, “мана расмий имомлар ҳам жиҳод ва ҳижрат қилишга чақирмоқда”, деган фикрларни тарқатишга уринмоқдалар.

Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, қадим-қадимдан уламоларимиз агар юртга ёв бостириб келадиган бўлса, шу юртда яшаётган халқ динни, юртни, оилани асраш, ҳимоя қилиш учун уларга қарши курашиши, ўз динини, она Ватанини, ўз оиласини ҳимоя қилиши лозимлигини баралла айтиб келишган. Бу нарса ҳозир ҳам амалда.

Уламолармиз, барча зиёлиларимиз агар юртимизга душман қурол билан тажовуз қиладиган бўлса, дин, ватан ва оила ҳимояси учун ҳамма оёққа туриши лозимлигини доим таъкидлайдилар. Имом домлалар ҳам масжид минбарларидан туриб динни, ватанни, оилани асраш ҳар бир инсоннинг бурчи эканини айтиб, одамларни яхшиликка чорлаб, ёмонликдан қайтариб келадилар.

Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай марҳамат қилган:

“Сиз одамлар учун чиқарилган энг яхши уммат бўлдингиз. Амри маъруф қиласиз, наҳйи мункар қиласиз ва Аллоҳга иймон келтирасиз. Агар аҳли китоблар иймон келтирганларида, ўзларига яхши бўлар эди. Улардан мўминлари бор. Кўплари фосиқдирлар” (Оли Имрон сураси, 110-оят).

Ислом уммати ўзи ҳақида билиб қўйиши зарур бўлган ҳақиқатлардан бири – бу умматнинг одамлар учун чиқарилган энг яхши уммат эканидир. Бу ҳақиқатни ҳозир ўзини бу умматга нисбат бераётганлар яхши тушуниб олмоқлари лозим. Аждодларимиз худди шу ҳақиқатни яхши тушунганлари учун ҳам бутун дунёга устоз бўлганлар. Дунё халқларининг пешқадами бўлиб, уларни ортларидан эргаштирганлар. Ҳеч қачон бошқаларга тобеъ бўлмаганлар. Ўзгаларнинг ортидан кўр-кўрона эргашмаганлар. Улар ҳузурида ўзларини хору зор тутмаганлар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам муборак ҳадиси шарифлардан бирида: “(Ё) яхшиликка буюриб, ёмонликдан қайтарасизлар, ё Аллоҳ сизларга балосини юборади-да, дуолар қилсангиз ҳам, мустажоб бўлмайди” деганлар (Имом Термизий ривоятлари).

Ҳукуматимизнинг олиб бораётган ислоҳотларида ҳам 14 асрдан бери амал қилиб келинаётган Ислом динини пок ҳолда сақлаш, уни халқимизга соф ҳолида етказиш, жонажон диёримизни ҳимоя қилиш, ота-она, фарзандлар ва аҳли аёлимизни асраш бўйича зарур чора-тадбирлар кўриб борилади. Ўз навбатида айтиш мумкинки, ҳар бир замонда Ислом шиорлари инкор этилмайди, балки ғаразли талқин этилишига ҳеч қачон йўл қўйилмайди.

Биз барчамиз динимизни халқимизга Аҳли Сунна вал Жамоа, хусусан ҳанафий мазҳаби эътиқодига мувофиқ етказишга масъулмиз. Ислом динини пок сақлаш, уни ғаразли хуружлардан, туҳматлардан ҳимоя қилиш, унинг асл моҳиятини тушунтириш бугунги кунда энг муҳим вазифа бўлмоқда.

Бугун ўзини гўёки “ҳақиқатни айтувчи” қилиб кўрсатишга уринаётган айрим блогерлар юқоридаги ўгитларни қулоқларига қўйиб, дилларига тугиб олсалар ўзларига ҳам фойда бўлар эди.

Аллоҳ таоло барча мўмин-мусулмонларни соф эътиқодимизда ҳамжиҳат қилиб, тинч ва фаровон ҳаётимизни янада зиёда айласин.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Мақолалар

Top