muslim.uz

muslim.uz

 

Муҳтарам юртдошларимизнинг диний саволларига жавоб бериш мақсадида, Ўзбекистон мусулмонлари идораси томонидан ибодатга доир шаръий масалаларга телефон орқали жавоб бериш тизими йўлга қўйилди. Эндиликда мўмин-мусулмонларимиз бу борадаги ўз саволларига ушбу колл-марказ орқали жавоб олишлари мумкин.
Колл-марказнинг иш тартиби душанба кунидан шанба кунигача, соат 9:00 дан 17:00 гача давом этади (ибодат вақтлари истисно қилинади, дам олиш куни якшанба). Ушбу 78-150-33-44 телефон рақамлари орқали колл-марказга қўнғироқ қилинади ва фатво бўйича малакали мутахассислардан жавоб олинади.
Дарҳақиқат, Ислом илм-маърифат динидир. Инсон ўзи билмаган нарсасини сўраб ўрганиши керак. Зеро, Аллоҳ таоло Қуръони каримда: “Агар билмайдиган бўлсангиз, зикр аҳлларидан сўрангиз!”, деб буюрган (Наҳл, 43).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Билимсизликнинг давоси саволдир”, – дея баён қилганлар (Имом Абу Довуд ривояти).
Машҳур тобеин Муҳаммад ибн Сийрин раҳимаҳуллоҳ эса шундай деганлар: "Шаръий илм дин демакдир. Динингизни кимдан олаётганингизга эътибор қаратинг!".
Аллоҳ таоло ушбу лойиҳани барчамизга муборак айласин.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Мусулмон меъморлигидаги энг яхши давр Амир Темур ва унинг авлодлари номи билан боглиқ. Темурийлар даврида қурилиш ишлари, меъморчилик мисли кўрилмаган даражада ривожланган. Амир Темур буюк иморатлар, масжид ва мақбаралар, улкан боғу-роғлар, сув иншоотлари барпо этганлиги билан ҳам машхур.Темур ва унинг авлодлари даврида Самарқанд, Тошкент, Бухоро, Шахрисабз, Қарши, Туркистон, Ҳирот, Машҳад, Нишопур, Қобул ва бошқа шаҳарларда буюк яратувчилик ишлари олиб борилганди. Албатта, Амир Темур биринчи навбатда ўз пойтахти Самарқандни дунёнинг энг гўзал ва обод, кўркам шаҳрига айлантиришни истар эди. Уни даврида Самарқанднинг довруғи достон бўлади. Шаҳарнинг тўрт томонида тўртта дарвозаси бўлган.Самарқанднинг ўзида соҳибқирон ҳукмронлиги даврида 80 га яқин ҳаммом, катта 5 та бозор бўлган. Хукмдор пойтахти атрофини  боғларга айлантирган. Бундан ташқари Шаҳрисабздаги “Оқ сарой” ўз даврининг энг муҳташам, бетакрор, мураккаб меъморий ечимга эга иншооти булган. Орадан бир неча юз йилликлар ўтган бўлсада Амир Темур ва Темурийлар бунёд этган иншоотлар ўз маҳобати ва гўзаллиги билан жаҳон меъморлигининг асл дурдоналаридан бири бўлиб турибди.

Қуйида Темурийлар томонидан бунёд этилган баъзи иншоотларни эътиборингизга ҳавола  этамиз

 

Жоме масжиди (Бибихоним номи билан аталувчи масжид)

 

 

(“Шоҳизинда”—«тирик шоҳ» маъносини беради).«Шоҳизинда» ансамблида Темур ва темурийлар қурдирган мақбараларнинг сони 20 дан ошади.

 

 

«Гури Амир Мақбараси» Соҳибқирон шу ерга дафн этилган. Ана шундан сунг ушбу обида темурийлар сулоласининг хилхонасига айланади. Унда Амир Темурдан ташқари соҳибқироннинг ўғиллари Умаршайҳ Шохруҳ ва Мироншоҳ, набираси Мирзо Улуғбек ва Амир Темурнинг пири Саййид Бараканинг ҳам сағаналари бор.

 

 

“Занги ота” мақбараси

 

 

 

“Сузук ота “ мажмуасидаги қадимги масжид

 

 

“Шайхонтоҳур мақбараси”

 

Мақола ва расмлар муаллифи Шаҳзод Шомансуров

 

 

 

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари ва Дин ишлари бўйича қўмита раиси Абдуғофур Аҳмедов Бухоро вилоятига сафарлари мобайнида ҳудуддаги ёрдамга муҳтож ва жисмоний имконияти чекланган кишиларни илиқ сўзлари ила уларнинг синиқ кўнгилларига хурсандчилик киритдилар.
Мана шундай эътиборга муҳтож, қалби ўксик фуқароларга “Вақф” хайрия жамоат фонди томонидан озиқ-овқат маҳсулотлари, ногиронлик аравачалари ва пул маблағлари тарқатилди. Эътибордан масрур қалблар кўрсатилган ёрдам ва ғамхўрликдан мамнун бўлиб, кўзларида ёш ила миннатдорлик изҳор қилдилар.
Шунингдек, муфтий ҳазратлари бошчилигида уйма-уй юриб, етим-есирлар, кам таъминланган оилалар, эътиборга молик инсонлар ҳолидан хабар олиниб, уларга туҳфалар улашилди ва моддий ёрдамлар кўрсатилди.
Мана шундай хайрия ишлари орқали шундай инсонларнинг синиқ кўнгилларини кўтариб, дилларига мамнунлик улашиш ҳар бир виждонли инсон учун ҳузурбахш амаллардан ҳисобланади.

 

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Аллоҳ таоло Қуръони Каримнинг Исро сураси, 36-оятида шундай деб марҳамат қилган:

وَلاَ تَقْفُ مَا لَيْسَ لَكَ بِهِ عِلْمٌ إِنَّ السَّمْعَ وَالْبَصَرَ وَالْفُؤَادَ كُلُّ أُولـئِكَ كَانَ عَنْهُ مَسْؤُولاً

“Ўзинг билмаган нарсага эргашма! Албатта, қулоқ, кўз ва дил — ана ўшалар, масъулдирлар”

Ушбу оят борасида Қатода раҳимаҳуллоҳ “Кўрмаган нарсангни “кўрдим”, эшитмаган нарсангни “эшитдим”, билмаган нарсангни “билдим” дема! Чунки, Аллоҳ таборака ва таъоло буларнинг барчаси ҳақида сендан қиёмат куни сўровчидир” деганлар.

“Ўзинг билмаган нарсага эргашма!” оятини Муҳаммад ибн Ҳанафийя раҳимаҳуллоҳ “Бу ёлғон гувоҳлик ҳақида” деб тафсир қилган бўлсалар, Мужоҳид раҳимаҳуллоҳ “Бирор кишини ўзинг билмаган нарса билан айблама!” деб тафсир қилганлар.

Абдураҳмон Саъдий раҳимаҳуллоҳ бу оятнинг тафсири борасида бундай деганлар: “Айтган гапи, қилган иши, Аллоҳ таоло ибодат учун бандада яратиб қўйган тана аъзоларини нималарга ишлатгани ҳақида сўроққа тутилишини билган банда бу саволга жавоб тайёрлаб қўйиши керак. Жавоб эса ўша тана аъзоларини фақат Аллоҳ таолонинг ибодатига, Унга ихлос қилишга ишлатиш, У Зот ёқтирмайдиган амаллар ва гаплардан тийилиш билан бўлади”.

“Тайсийрут Тафсийр” китобида бундай дейилган: “Агар инсон тана аъзоларини яхшилик ишларида ишлатса, савобга эришади. Агар ёмонликка ишлатса, иқобга қолади”.

Ибн Қаййим раҳимаҳуллоҳ бу оятнинг тафсирида “Инсоннинг саодати ушбу оятда зикр қилинган уч аъзонинг саломат, солиҳлигида бўлса, унинг бахтсизлиги шу уч аъзонинг бузилишига боғлиқдир” деганлар.

Ҳадиси шарифларда кўрмаган нарсасини кўрдим дейишнинг оғир гуноҳлиги таъкидланган.

عن أبي هريرة رضي الله عنه قال: قال رسول الله صلى الله عليه وسلم: إياكم والظنَّ، فإنَّ الظنَّ أكذب الحديث

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Гумондан четланинглар, чунки гумон сўзларнинг энг ёлғонидир!» деб марҳамат қилганлар. Имом Бухорий ва Имом Муслим ривоят қилганлар.

عَنِ ابْنِ عُمَرَ، أَنَّ رَسُولَ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: مِنْ أَفْرَى الْفِرَى أَنْ يُرِيَ عَيْنَيْهِ مَا لَمْ تَرَ

Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Уйдирмаларнинг энг ёмони – кўрмаганини кўрдим, дейишдир», дедилар».

Бу ерда туш кўриш назарда тутилган. Ёлғондан туш тўқиш энг катта ёлғон ва оғир гуноҳдир, чунки бу бевосита Аллоҳга нисбатан ёлғон тўқиш, У Зотга туҳмат қилишдир.

Бу дунёда кўзимиз билан нималарни кўрдик, қулоғимиз билан нималарни эшитдик, қалбимизни покладикми ёки гуноҳлар билан қорайтирдикми, ҳаммаси ҳақида сўраламиз. Демак, барчамиз ибодатларни вақтида адо этиш, Аллоҳ таолони доим зикр қилиш, қулоғимиз, кўзимиз ва бошқа тана аъзоларимизни Аллоҳ таоло рози бўладиган ишларга ишлатиш билан охиратдаги саволларга тайёрланайлик!

Аллоҳ таоло барчамизни Ўзининг ҳидоятидан айирмасин ва хотимамизни гўзал қилсин!

 

Интернет маълумотлари асосида Нозимжон Ҳошимжон тайёрлади

Бугун, 10 декабрь куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари ва Дин ишлари бўйича қўмита раиси Абдуғофур Аҳмедовнинг Бухоро вилояти бўйлаб сафарлари давомида жоме масжидларда меҳнат қилаётган имом-хатиблар билан мулоқот ўтказдилар.
Ушбу йиғилишда тизимда олиб борилаётган ишлар таҳлил қилиниб, мавжуд муаммолар тингланди, ечими бўйича аниқ таклифлар берилди. Шунингдек, бугунги кунда имом-хатиблар олдида турган муҳим вазифалар ва жаҳолатга қарши маърифат билан курашда уларнинг ўрни каби масалаларга алоҳида эътибор қаратилди.
Мулоқотда мамлакатимиз бўйлаб олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотларнинг мазмун-моҳияти, бугунги тинч ва осойишта кунларнинг қадрига етиш ва шукроналик ҳисси билан яшаш каби жиҳатларга алоҳида тўхталиб ўтилди.
Дарҳақиқат, маънавият ва маърифатни ҳаётининг бош аъмоли деб билган кўҳна ва боқий Бухоро илм аҳли бугунги кунда Президентимиз раҳнамолигида шиддат билан меҳнат қилмоқда. Натижада, ҳар бир инсон ўтган улуғларнинг, жумладан, Етти пирнинг муборак қадамжоларини янада обод этиш, уларга муносиб бўлиш ишқи, меҳри билан, олиб борилаётган бунёдкорлик ишларига ўз улушини қўшиш илинжида яшамоқда.


 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Мақолалар

Top