muslim.uz

muslim.uz

Четверг, 22 Декабрь 2016 00:00

Салавот айтиш фазилати

“Салавот” сўзи луғатда, арабча “الصلاة” сўзининг жами бўлиб, “дуо” маъносини англатади. Бунга ушбу оят далил бўлади:

خُذْ مِنْ أَمْوَالِهِمْ صَدَقَةً تُطَهِّرُهُمْ وَتُزَكِّيهِمْ بِهَا وَصَلِّ عَلَيْهِمْ إِنَّ صَلَاتَكَ سَكَنٌ لَهُمْ وَاللَّهُ سَمِيعٌ عَلِيمٌ

“Мол-мулкларидан уларни у сабабли поклашингиз ва тозалашингиз учун садақа олинг ва улар (ҳаққи)га дуо қилинг! Албатта, дуоингиз уларга таскин (тасалли)дир. Аллоҳ эшитувчи ва билувчидир”. (Тавба, 103-оят).

Шунингдек, намозда дуо маъноси борлиги эътиборидан араб тилида намозни ҳам “солат” дейилади.

Истилоҳда салавот бир неча маъноларни англатади:

  1. Аллоҳ томонидан Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга бўлган салавотнинг маъноси: “Аллоҳ таолонинг Муҳаммад алайҳиссаломга ўз раҳматини юбориши, улуғлаши, мақомларини кўтариши ва фаришталар ҳузурида шаънларига мақтовлар айтишини”, англатади.
  2. Фаришталар томонидан Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга бўлган салавотнинг маъноси: “У зотнинг ҳақларига дуо қилишлари ва истиғфор айтишларини”, англатади.
  3. Мўмин - мусулмонлар томонидан у зотга салавот айтишнинг маъноси: “Набий алайҳиссаломга дуо қилишлари ва у зотни улуғлашларини”, англатади.

Аллоҳ таоло ва унинг фаришталари ва инсонлар томонидан Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга салавот айтилишига қуйидаги оят далил бўлади:

إِنَّ اللَّهَ وَمَلَائِكَتَهُ يُصَلُّونَ عَلَى النَّبِيِّ يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آَمَنُوا صَلُّوا عَلَيْهِ وَسَلِّمُوا تَسْلِيمًا

“Албатта, Аллоҳ ва Унинг фаришталари Пайғамбарга салавот айтурлар. Эй, мўминлар! (Сизлар ҳам) унга салавот ва салом айтингиз!” (Аҳзоб, 56-оят).

  1. Аллоҳ таоло томонидан бандаларига бўлган салавотнинг маъноси: “Аллоҳ таоло бандасига раҳматини юбориши ва савобини кўпайтириб беришини”, англатади. Аллоҳ таоло томонидан бандаларига салавотнинг бўлишига ушбу ҳадис далил бўлади:

عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ، قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: "مَنْ صَلَّى عَلَىَّ وَاحِدَةً صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ عَشْرًا". رَوَاهُ مُسْلِمٌ.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким менга битта салавот айтса Аллоҳ таоло унга ўнта салавот айтади”, дедилар (Муслим ривоят қилган).

  1. Фаришталар томонидан инсонларга бўлган салавотнинг маъноси: “У зотга салавот айтган кишининг ҳаққига дуо қилишлари ва унга истиғфор айтишларини”, англатади. Фаришталарнинг инсонларга салавот айтишларига ушбу ҳадис далил бўлади:

عَن عَبْدِ اللهِ بْنِ عَمْرٍو رَضِيَ اللهُ عَنْهُمَا، قَالَ: مَنْ صَلَّى عَلَى النَّبِىِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ وَاحِدَةً، صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَمَلاَئِكَتُهُ سَبْعِينَ صَلاَةً. رَوَاهُ أَحْمَدُ.

Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: У: “Ким Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга битта салавот айтса, Аллоҳ таоло ва унинг фаришталари унга етмишта салавот айтишади”, деди (Аҳмад ривоят қилган).

 

Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга салавот айтишнинг фазилати

 

Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга салавот айтиш фазилатли ва савобли амалдир. У зотга салавот айтиш ҳақида Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай марҳамат қилган:

إِنَّ اللَّهَ وَمَلَائِكَتَهُ يُصَلُّونَ عَلَى النَّبِيِّ يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آَمَنُوا صَلُّوا عَلَيْهِ وَسَلِّمُوا تَسْلِيمًا

“Албатта, Аллоҳ ва Унинг фаришталари Пайғамбарга салавот айтурлар. Эй, мўминлар! (Сизлар ҳам) унга салавот ва салом айтингиз!” (Аҳзоб, 56-оят).

Аллоҳ таоло ва унинг фаришталари Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга салавот айтишлари, шунингдек, Аллоҳ таоло мўъминларни ҳам Набий алайҳиссаломга салавот айтишга буюриши, бу ишнинг қанчалик муҳим ва фазилатли амал эканига далолат қилади. Бундан ташқари Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан салавот айтишнинг фазилати борасида кўплаб ҳадислар ворид бўлган. Қуйида шу ҳадисларда баён қилинган фазилатлар ҳақида сўз юритилади:

  1. Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга битта салавот айтган кишига Аллоҳ таоло томонидан ўнта салавот айтилиши, ҳамда унинг ўнта гуноҳи ўчирилиши ва унинг учун ўнта даража кўтарилиши. Бу ҳақида ҳадиси шарифда шундай дейилган:

عَنِ أَنَسِ بْنِ مَالِكٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ، قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: "مَنْ صَلَّى عَلَيَّ صَلاَةً وَاحِدَةً صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ عَشْرَ صَلَوَاتٍ، وَحُطَّتْ عَنْهُ عَشْرُ خَطِيئَاتٍ، وَرُفِعَتْ لَهُ عَشْرُ دَرَجَاتٍ". رَوَاهُ النَّسَائِيُّ.

Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким менга битта салавот айтса Аллоҳ таоло унга ўнта салавот айтади ва ундан ўнта гуноҳ ўчирилади ва у учун ўнта даража кўтарилади”, дедилар (Насаий ривоят қилган).

  1. Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга кўп салавот айтган киши жаннатда у зотга яқин ўринда бўлиши. Бу ҳақида ҳадиси шарифда шундай дейилган:

عَنِ بْنِ مَسْعُودٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ، قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: "أَوْلَى النَّاسِ بِى يَوْمَ الْقِيَامَةِ أَكْثَرُهُمْ عَلَىَّ صَلاَةً". رَوَاهُ التِّرْمِذِيُّ.

Ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Қиёмат кунида инсонларнинг менга энг яқинроғи, уларнинг менга кўп салавот айтганларидир”, дедилар (Термизий ривоят қилган).

  1. Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга салавот айтишлик дуоларни ижобат бўлишига сабаб бўлиши. Бу ҳақида ҳадиси шарифда шундай дейилган:

عَنْ عَبْدِ اللهِ بْنِ مَسْعُودٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ ، قَالَ: كُنْتُ أُصَلِّى وَالنَّبِىُّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ وَأَبُو بَكْرٍ وَعُمَرُ مَعَهُ، فَلَمَّا جَلَسْتُ بَدَأْتُ بِالثَّنَاءِ عَلَى اللهِ تَعَالَى، ثُمَّ الصَّلاَةِ عَلَى النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ، ثُمَّ دَعَوْتُ لِنَفْسِى، فَقَالَ النَّبِيُّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: "سَلْ تُعْطَهْ، سَلْ تُعْطَهْ". رَوَاهُ التِّرْمِذِيُّ.

Ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Абу Бакр ва Умар розияллоҳу анҳумолар Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга бўлган ҳолатларида мен намоз ўқидим. Ўтиргач, аввал Аллоҳ таолога ҳамду сано сўнгра, Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга салавот айтдим. Кейин ўзим учун дуо қилдим. Шунда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Сўранг бериласиз, сўранг бериласиз”, дедилар (Термизий ривоят қилган).

Яна бир ҳадисда шундай дейилган:

عَنْ عُمَرَ بْنِ الْخَطَّابِ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ، قَالَ: إِنَّ الدُّعَاءَ مَوْقُوفٌ بَيْنَ السَّمَاءِ وَالأَرْضِ. لاَ يَصْعَدُ مِنْهُ شَىْءٌ حَتَّى تُصَلِّيَ عَلَى نَبِيِّكَ. رَوَاهُ التِّرْمِذِيُّ.

Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Албатта, дуо ер ва осмон ўртасида мавқуф (тўхтатилган) бўлиб туради. То Набиййинга салавот айтмагунингча, ундан бирор нарса кўтарилмайди”, деди (Термизий ривоят қилган).

  1. Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга салавот айтишган киши охиратда у зотнинг шафоатларига ҳақли бўлиши. Бу ҳақида ҳадиси шарифда шундай дейилган:

عَنْ رُوَيْفَعِ بْنِ ثَابِتٍ اْلأَنْصَارِىِّ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ، أَنَّ رَسُولَ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: "مَنْ صَلَّى عَلَى مُحَمَّدٍ وَقَالَ: اللَّهُمَّ أَنْزِلْهُ الْمَقْعَدَ الْمُقَرَّبَ عِنْدَكَ يَوْمَ الْقِيَامَةِ؛ وَجَبَتْ لَهُ شَفَاعَتِى". رَوَاهُ أَحْمَدُ.

Рувайфаъ ибн Собит ал-Ансорий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким Муҳаммадга салавот айтиб: “Аллоҳумма анзилҳул мақъадал муқорраба индака явмал қиямати” (Эй, Аллоҳ! Қиёмат куни уни ҳузурингдаги муқарраб жойга туширгин)” деб айтса, унга шафоатим вожиб бўлади”, дедилар (Аҳмад ривоят қилган).

Юқоридаги ҳадисларда салавот айтган кишининг фазилатлари зикр қилинди. Қуйидаги ҳадисларда эса, салавот айтмаган кишининг аҳволи ҳақида баён қилинган:

  1. Салавот айтмаган кишининг хор бўлишлиги. Бунга ушбу ҳадис далил бўлади:

عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ، قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: رَغِمَ أَنْفُ رَجُلٍ ذُكِرْتُ عِنْدَهُ فَلَمْ يُصَلِّ عَلَيَّ، وَرَغِمَ أَنْفُ رَجُلٍ دَخَلَ عَلَيْهِ رَمَضَانُ ثُمَّ انْسَلَخَ قَبْلَ أَنْ يُغْفَرَ لَهُ، وَرَغِمَ أَنْفُ رَجُلٍ أَدْرَكَ عِنْدَهُ أَبَوَاهُ الْكِبَرَ أَوْ أَحَدُهُمَا فَلَمْ يُدْخِلاَهُ الْجَنَّةَ. رَوَاهُ التِّرْمِذِيُّ.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Унинг ҳузурида мен зикр қилинсаму менга салавот айтмаган кишининг бурни ерга ишқалсин (хор бўлсин). Унга Рамазон ойи кириб келса сўнгра у мағфират қилинмасидан олдин Рамазон ойи охирига етиб бўлган кишининг бурни ерга ишқалсин(хор бўлсин). Унинг ҳузурида ота онаси ёки икковидан бири кексаликка етиб, иккови уни жаннатга кирита олмаган кишининг бурни ерга ишқалсин(хор бўлсин)”, дедилар (Термизий ривоят қилган).

  1. Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга салавот айтмаган киши бахил деб аталиши. Бу ҳақида ҳадиси шарифда шундай дейилган:

عَنْ عَلِيٍّ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ، قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: "الْبَخِيلُ الَّذِى مَنْ ذُكِرْتُ عِنْدَهُ فَلَمْ يُصَلِّ عَلَيَّ". رَوَاهُ التِّرْمِذِيُّ

Али розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Унинг ҳузурида мен зикр қилинганимда менга салавот айтмаган киши бахилдир”, дедилар (Термизий ривоят қилган).

Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, салавот айтиш жуда ҳам фазилатли амал бўлиб, бу сабабли инсон кўп савобларга эришади. Энг муҳими, қиёматда пайғамбаримизнинг шафоатларига ҳақли бўлади. Шунга кўра, инсон салавот айтишни ўзига одат қилиб олиши мақсадга мувофиқ бўлади.

 

“Кўкалдош” ўрта махсус ислом билим юрти ўқитувчиси

 Шокиржон МАДАМИНОВ

тайёрлади

Четверг, 22 Декабрь 2016 00:00

Испаниянинг тарихий масжидлари

  1. Мескита ёки Қурдоба жоме масжиди.Ушбу жоме Ўрта асрларда дунёнинг иккинчи йирик масжиди бўлган. Эҳтимол, Уммавийлар сулоласи даврида қурилган энг юксак маданий ёдгорликдир. Реконкиста (Пиреней яриморолини мусулмонлар таъсиридан озод қилиш ҳаракатлари) давридан сўнг масжид черковга айлантирилган ва ундаги устунлар, арклар, баъзи кичик деталлар византия услубида қайта ўзгартирилган. 

Мескита биноси, тахминан, милодий 600 йилда Сарагосада вестготларнинг Викентия черкови сифатида қурилган. Кейинчалик бу юртни мусулмонлар фатҳ этишгач "Ал Жама" номли масжидга айлантирилган. Масжид асл биноси ҳозирда сақланиб қолмаган. 711 йилда вайрон бўлган.

784 йилда Абдураҳмон I ўз турмуш ўртоғи хотирасига масжид қурдирган. Масжид қурилиши учун ерни амир унинг аввалги эгаларидан сотиб олади. Масжид Абдураҳмон I саройининг таркибий қисмига киритилган эди.

Кейинчалик масжидда кўплаб ўзгартиришлар киритилди. Абдураҳмон III унга янги минора барпо эттирди. 961 йилда эса Ал-Ҳакам II даврида масжид майдони кенгайтирилиб, меҳробга безаклар берилди. Сўнги реконструкция ишлари 987 йилда ҳукмдор Ал Мансур ибн Абу Омир томонидан амалга оширилди. 

2. Санта Кристо де ла Лус масжиди. X асрда ҳукмронлик қилган маврлар сулоласи (араблар ва шимолий Африканинг барбар қабилалари) томонидан қурилган "Боб ал Мардум" номли жоме бўлиб, ўша даврдаги услуби сақланиб қолган. Масжидда сақланиб қолган ёзувлар, унинг биринчи қурувчи-устаси Мусо ибн Али Саад исмли шахс эканлигидан дарак беради. 

 3.Хиралда - Севиля шаҳри рамзи саналган ибодатхона юқорисига кўтарилган тўртбурчак шаклдаги минора. Минора баландлиги - 98 метр.

Қурилиш Андалусда мағриб санъати гуллаган бир пайт Абу Юсуф Яъқуб ал Мансур ҳукмронлиги даврида 1184 йили меъмор Аҳмад бен Бану лойиҳаси асосида бошланган. Бино Севиля марказий масжидига минора хизматини бажарган. Масжид кейинчалик насронийлар ибодатхонасига айлантирилган. Миноранинг энг юқори қисмидан Европадаги энг йирик обсерваторияларидан бири сифатида фойдаланилган.

4. Алмонастир масжиди (Mezquita de Almonaster la Real). Ушбу масжид исломий маърузалар зали бўлган. Қурдоба халифалиги даврида IX-X асрлар оралиғида қурилган. Масжид Алмонастир (Castillo de Almonaster) қалъаси пойдеворида ишлатилган базилкалар асосида мустаҳкам қилиб қурилган. Реконкиста ишларидан сўнг, бинода насроний монастири ташкил этилган.

5.“Андалус” жоме масжиди. Андалусда бутун ҳолда сақланган ягона масжиддир. Масжид мумтоз услубда қурилган бўлиб икки қисмга ажратилган: таҳорат ва намоз заллари. Масжид "Т" ҳарфи шаклида қурилган бўлиб таҳорат зали узун йўлак билан алоҳида ажратилган.

6. Алкасар Херес де ла Фронтера.Алкасар – Испаниянинг Херес-де-ла-Фронтера шаҳридаги энг муҳим ва энг қадимий ёдгорликлардан бири бўлган. Алкасар масжиди араблар томонидан бунёд этилган 50 минора ва атрофи 4 та дарвоза билан ўралган. Мажмуада сўнгги таъмирлаш ишлари XVIII-XX асрларда амалга оширилган.

Қизиғи шундаки, насронийлар ҳокимиятни эгаллашгач, Андалуснинг бошқа шаҳарларидаги ҳолатлардан фарқли ўлароқ масжид архитектурасидаги муҳим қисмларни ўзгартиришмаган. Шунинг учун ҳозирги вақтга қадар саккиз бурчакли гумбаз билан 10 кв.м га тенг бўлган намозхона сақланиб қолган. Кўркам гумбаз ортидаги меҳроб ҳам ўз ўрнида турибди.

Ҳозирда черков ҳисобланган мажмуанинг арксимон эшиклари бўйлаб ичкарига кириб борилганда, ҳовли саҳнида ҳовузни учратиш мумкин. Шимолий-шарқий бурчакда эса ажойиб ҳолатдаги минора сақланиб қолган.

  

ЎМИ Тошкент шаҳар вакиллиги ходими

Зоиржон СОДИҚОВ

 тайёрлади

 

Среда, 21 Декабрь 2016 00:00

ХАЙРЛИ АМАЛ МЕВАСИ

Рабиул аввал ойида меҳр ва муҳаббатга ошно кўнгиллар ажиб бир ҳисни туяди. Чунки, бу ойда сарвари коинот, саййидимиз Муҳаммад алайҳиссалом таваллуд топганлар. Ушбу фурсатни ғанимат билган мўмин-мусулмонлар Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг хулқу одоблари ва сийратларига эргашишга ҳар қачонгидан ҳам кўра кўпроқ талпиниши керак.

Ҳаёт чоғида умматларини яхшилик ва солиҳ амалларга ҳарис бўлишга чақирган, умрни ғанимат билиш, мўминлар ўзи яхши кўрган нарсани бошқа биродарига ҳам раво кўришни имоннинг аломати сифатида баҳолаган Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам нафақат сўзлари билан, балки амал қилиш фурсатида ҳам барчадан пешқадам бўлганликлари исбот талаб қилмас ҳақиқатдир. Айниқса, кексаларни зиёрат этиш, хаста кўнгилларга меҳр улашиш, етимларга ғамхўрлик кўрсатиш каби эзгу фазилатлар у зотнинг сийратини намоён этади.

Ҳабибимиз алайҳиссаломнинг ана шундай фазилатлари меҳри дарё халқимизнинг қон-қонига сингиб кетган десак, муболағасиздир. Жумладан, шу йилнинг 15 декабрь куни Фарғона вилояти бош имом-хатиби Турсунали домла Эрбўтаев ҳамда Данғара тумани бош имом-хатиби Салоҳиддин Нуриддинов Қўқон шаҳридаги руҳий касалликлар шифохонасига ташриф буюриб, у ерда даволанаётган беморларга хайрия тариқасида қишки кийим-кечаклар тарқатишди.

Беморлар дардига шифо сўраб қўллар дуога очилар экан, шу қисқагина фурсат мобайнида ҳасталар юзидан ғам-андуҳ ўрнини қувонч эгаллаганини пайқаш қийин эмасди. Зеро, Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг биргина тавсияларига амал қилишнинг меваси барчага ўзгача шукуҳ бахш этгани бемор ва шифокорлар тилидан намоён бўлди.

Р.Жалилов,

ЎМИ Фарғона вилоят вакиллиги ходими


 


 

 

 

Вторник, 20 Декабрь 2016 00:00

Жумайра масжиди

Дубайда жойлашган муҳташам Жумайра масжиди 1979 йил мамлакат амири Шайх Рашид ибн Саид ал Мактум ташаббуси билан барпо этилди. Ушбу масжид кўриниши Миср пойтахти Қоҳирада XIV-XV асрларда қурилган масжидларнинг услубига ҳамоҳангдир.
Масжид икки баланд минора ҳамда бир йирик гумбаздан ташкил топган. Жумайра масжиди бир ярим минг кишини сиғдира олади.

 Даврон НУРМУҲАММАД

тайёрлади

 

 

Вторник, 20 Декабрь 2016 00:00

Бахт бу мол дунёда эмас

Баъзан ҳаётда ўтмишдаги воқеаларнинг тескариси ҳам бўлиб туради. Сиз анча ўзингизга тўқ, тўрт ёнингиз тугал хонадоннинг эгасисиз. Аммо келинни олган жойингиз рўзма-рўз кун кўрадиган, рўзғорини қўл учида тебратиб юрган оила чиқиб қолди. Одатда бундай хонадонлардан олинган қизлар эсли-хушли, оилам, эрим, рўзғорим, деб жон куйдирадиган, борган жойида тошдай чўкадиган, хизматини дўндириб, йўқни йўндириб, барчанинг кўнглини оладиган эпчил ва уддабурон келинларга айланишади. Фақат уларнинг камхаржлигини, ночорлигини бетига солмасангиз, арзимас майда-чуйдалар деб иззат-нафсини койитмасангиз, ҳар бир ишда икки хонадон ўртасидаги фарқни сездирмасликка уринсангиз, иншааллоҳ, унинг оиладагиларга бўлган меҳр-муруввати ортаверади. Хонадонингизни уруш-жанжал, баҳс-можаро тарк этади.

РИВОЯТ. Ҳазрат Умар (розияллоҳу анҳу) Мадина кўчаларини айланиб юрар экан, бир хонадонга яқинлашганда аёл кишининг шундай деганини эшитиб қолибди: “Қизим озроқ сув олиб келсанг, сутга қўшар эдик, бугун сут кўзимга оз кўриняпти”. Қизи: “Вой онажон, нималар деяпсиз, амирил-мўъминин сутга сув қўшманг, деб буюрган-ку!”-дебди. Онаси: “Қизим биласан-ку, тирикчилигимиз сут билан ўтади, уни кўпайтирсак яхши бўлади. Мен бир беваман, бошқа даромадим йўқ”, дебди. Қизи: “Гапингизни халифа эшитса, нима бўлади?” дебди таажжубланиб. “Қизим кечаси бу вақтда халифа ухлаб ётган бўлади, сув қўшганимизни қандай кўради?” дейди онаси. Шунда доно қизи онасини шу сўзлар билан гуноҳдан қайтаради: “Онажон, бугун сизга бир нарса бўлибди, агар сиз айтган хийлани халифа кўрмаса, ҳамма нарсани билувчи Аллоҳ кўриб, билиб турибди-ку! Наҳот сиз гуноҳга қўл урсангиз?!”

Ҳазрат Умар бу суҳбатни охиригача эшитди. Эртасига эрталаб ўша хонадонга бориб Аллоҳдан қўрқувчи, гўзал ахлоқли, яхши фазилатли, иффатли ва тарбияли қизни ўғлига сўради. Бутун мусулмон оламининг амири бўлмиш ҳазрати Умар (розияллоҳу анҳу) ўғлини фақир қизга уйлантирди. Ўша муборак келиндан шундай фарзандлар дунёга келди-ки, улардан бири бобоси каби адолатни севувчи, Аллоҳдан қўрқадиган, тарихда “Иккнчи Умар” номини олган Умар ибн Абдулазиз эди. Кўрдингизми, келиннинг яхши чиқиши, авлодларингизнинг рисоладаги инсонлар бўлиб етишуви мол-дунё, бойлик, аллақандай латта-путталар билан ўлчанмас экан. Аммо ҳозирги кунимизга назар ташласак, бунинг ғирт аксини кўряпмиз. Ҳали хонадонингизга келинни тушириб келмай туриб, қудаларингизнинг қизига қилган сеп-сидирғаси ўртага ташланади. Маҳалла-кўй, қавми қариндош ҳисоб-китобга тушиб кетади: “Бу кўйлак арзон матоҳ экан”. Биров ҳасаддан, биров кўролмасликдан, биров тушинмаганидан яна биров душманликдан ичингизга ўт ёқади, гиж-гижлайди: “Вой паст бўлмай ўлсин, куёвга қилган сарпосини қаранг”, “Нима бало, мебелни арзон моллар дўконидан олганми?”, “Сизни ҳурмат қилмас экан-да, манави кўйлакнинг аҳволини кўринг!” Шунақа гаплар билан тўй ҳам татимайди, келиндан ҳам ичингиз чиқмайди. Бу кайфият тез орада ўртадаги муносабатларга ҳам кўчади. Қилдан қийиқ қидириб келинингизга захрингизни соча бошлайсиз, уйдагиларини ёмонлайсиз. Оқибатда можаро, ғалва, ҳамманинг дили хуфтон.

Қизининг тинчимаётганидан ташвишга тушган қудалар энди типирчилаб қолишади. Ҳамма нарсани ўз ўлчовлари, ўз дунё қарашлари, ўз идроклари билан баҳолаб юрган қудалар сизнинг тушунчаларингиз бошқача эканини тушуниб етгач, энди ўша “бой берилган” кемтикнинг ўрнини тўлдиришга тушиб қолишади. Зир югуриб, ҳузур-ҳаловатдан кечиб, машғулотларини ташлаб, Аллоҳ буюрган ибодатларини ҳам эсдан чиқариб, пул топишга киришиб кетишади. Пул топишолмаса, қарз олиб бўлсаям, қизларига янги сарполар қилишга, хорижий мебел топишга, байрамларда қўша-қўша сават тоғоралар тўлдиришга ҳаракат қилади. Бирон баҳона топиб турли “йўқлов”ларни ташкил этишади. Кечагина “Қиз бахти молда эмас”, деб юрган бечоралар энди сизнинг ноғорангизга ўйнашга, сиз ўргатган ашулани айтишга мажбур. Шундай қилмаса, қизининг турмуши татимайди, боши ғавғодан бўшамайди, оромлари йўқолади.

Ваҳоланки, Ислом динимиз бундай ёмон иллатларни қоралайди. Ҳар бир ишда инсоф, адолат бўлишини талаб этади. Фақирликни, қўли қисиқликни айб санамайди.

  

Рустамжон МАҲМУДОВ,

 “Саййид Муҳйиддин махдум”

ўрта махсус ислом билим юрти мударриси       

Мақолалар

Top