muslim.uz

muslim.uz

“Катара” маданият муассасаси “Қурони каримни ўз овозинг билан зийнатла” шиори остида ўтказилаётган IV Халқаро Қуръони карим мусобақасининг якуний саралаш босқичида қатнашиш ҳуқуқини 2004 нафар қори ичидан 100 нафари қўлга киритганини маълум қилди.

IV Халқаро Қуръони карим мусобақасининг якуний саралаш танлови Рамазон ойида Доха шаҳрининг Ислом оламидаги маданият пойтахти мақомига сазовор бўлгани муносабати билан ташкил этиладиган тантаналар билан бир вақтда ўтказилади.

“Катара” маданият муассасаси Бош директори Холид бин Иброҳим ал-Сулаити бундай деди: “Қуръони каримни ёддан ўқиб бериш бўйича “Катара” мукофоти ташкил этилган 2017 йилдан бошлаб 4 йил ичида Ислом дунёсида катта қизиқиш уйғотмоқда. Мукофот ҳайъати тўртинчи даврада қатнашиш учун 62 давлатга таклифномалар жўнатган.
Маълумот учун: номзодлар 2019 йил 1 октябрдан 2020 йил 31 январгача ўзаро рақобатлашди, унда 14 та араб давлатидан 70 нафар ва 20 та хориж давлатидан 30 нафар, жами 100 нафар иштирокчи якуний саралаш мусобақасида қатнашади.

“Катара” мукофоти ҳайъати мусобақадаги бўлажак ғолиблар учун бир ярим миллион риял (412 минг доллор) ажратди. Унга кўра биринчи ўрин 500 минг риял (137 минг доллор), иккинчи ўрин 400 минг риял (110 минг доллор), учинчи ўрин 300 минг риял (82 минг доллор), тўртинчи ўрин 200 минг риёл (55 минг доллор) ва бешинчи ўрин соҳиби эса 100 минг риал (27 минг доллор) миқдоридаги пул мукофотига сазовор бўлади.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идора
Халқаро алоқалар бўлими

Бугун, 8 апрель куни пойтахтимизнинг Шайхонтоҳур туманидаги "Доруссалом" жоме масжиди янги биносининг очилиш маросими бўлиб ўтмоқда.

Тадбирда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари бошчилигидаги уламолар, мутасадди вакиллар ва намозхонлар иштирок этмоқдалар.

Маросим тафсилотларини сайт ва ижтимоий тармоқдаги саҳифаларимиз орқали кузатиб боринг.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

Халқимиз саховатли, эҳтиёжманд кишиларга ёрдам беришга доимо шай. Юртдошларимиз орасида савоб ишлар қилиб, одамларга, элга нафи тегишини ҳаётининг мазмунига айлантирган солиҳлар кўп. Бироқ орамизда яхшиликларини миннат қилиб, савоб амалларини йўққа чиқарувчилар ҳам учраб туради.

Миннат туфайли қилган эзгу амалларимизга соя тушади, саховатимизга путур етади. Бу ҳақда Аллоҳ таоло Қуръони каримда бундай дейди: «Остидан анҳорлар оқиб турадиган, хурмою узумлари бор, турли хил мевалари мўл боғ эгаси кексайиб, нотавон (ёш) болалари билан қолган пайтида ўша боғини оловли тўфон уриб, ёниб кетишини хоҳлайдими?! Тафаккур қилурсиз деб, Аллоҳ Ўз оятларини сизларга шундай баён қилади» (Бақара сураси, 266-оят).

Оятда Аллоҳ йўлида қилинган хайрли ишлар, савоб амаллар мевазор боққа қиёсланиб, ўтли бўрон боғни куйдирганидек, садақа ва саховат кетидан қилинган миннат солиҳ амалларни йўққа чиқариши айтилган. Демак, мўмин киши, “мен сенга фалон яхшиликни қилган эдим, лекин сен билмадинг”, деб ҳеч қачон миннат қилмаслиги керак. Аввало, яхшилик биров билиши учун қилинмаслигини теранроқ англаш зарур. Зеро, “Яхшилик қил – дарёга ташла, балиқ билади, балиқ билмаса – Холиқ”, “Ўнг қўлинг берганини чап қўлинг билмасин” каби ҳикматли гаплар бежиз айтилмаган.

Миннат яхшилигимиздан манфаат кўрган кишига салбий таъсир кўрсатади. Кўнгли ўксийди, қаттиқ ранжийди. Бобомиз Алишер Навоий “Маҳбубул қулуб” асарида бундай кишиларнинг кўнглидан нималар кечишини гўзал тарзда баён қилган:

Бу бедод аҳлидин гар жон бериб махлас эрур мумкин,
Қилиб жонни фидо, биллаҳки, миннат қўйғамен жонға.

Яъни, мутафаккир шоир миннат қилувчи кимсаларни золимга тенглайди. Улардан ҳатто жонини бериш эвазига халос бўлиш мумкин бўлса ҳам, бунга бажонидил тайёр эканини айтади.

Миннат барча хайрли амалларимизни ювиб кетар экан, бунга доимо эътиборли бўлайлик. Беш кунлик дунёда билиб-билмай бировнинг кўнглини оғритиб қўйишдан ўзимизни тияйлик. Яхшилигимизни пеш қилиб, Яратганга гуноҳкор бўлмайлик.

Каримқул МАВЛОНОВ,
Бекобод тумани

Кўнядаги қурилиш шаҳарни ўзгартириш учун мўлжалланган. Бу ерда Мавлоно майдони, Мавлоно бозори, Миллат боғи, тўрт минорали янги масжид ва жуда кўп бошқа бинолар қурилиши режалаштирилмоқда, деб хабар беради Анатолия агентлиги.

"Кучли шаҳарлар – 2023 йилга бориб кучли Туркия" дастури доирасида шаҳарни ўзгартириш учун мўлжалланган Кўняда кенг кўламли қурилиш режалаштирилган.

Исломосферага кўра, Мавлоно майдони, Мавлоно бозори ва Олтин бозори қурилиши режалаштирилган. Шаҳарсозлик ва атроф-муҳит Туркия вазири Мурод Қурум бундай деди: "Трафальгар майдони Буюк Британияда санъат ва маданият рамзи бўлгани каби, Александерплац немис мустақиллик рамзи бўлган каби, Регистон Самарқандда илм-фан ва санъат рамзи бўлгани каби, Башчаршия Сараево рамзи бўлгани каби, Мавлоно Румий майдони Туркиянинг рамзи бўлиб қолади".

Собиқ шаҳар стадиони жойида 108 минг квадрат метр майдонни эгаллаган Миллат боғини қуриш режалаштирилган. Бу ерда болалар теннис корти, баскетбол майдони, шахмат ўйнаш учун жой, майдончалар, кутубхона майдони, ҳовуз, Турк-Ислом боғи, велосипед ва пиёдалар йўллари кўзда тутилган. Шунингдек, бу боғда Истанбулдаги Султон (энг катта) масжидлар моделида улкан масжид қурилади. Лойиҳага кўра, гумбазининг диаметри 23 м, баландлиги 59 м бўлган 4 та минорага эга бўлади ва ҳовли билан биргаликда масжид 14 400 нафар кишини ўз ичига сиғдиради.

Режалаштирилган барча ишларнинг катталигига қарамай, уларни ёз охиригача тугатиш режалаштирилмоқда. "Иншааллоҳ, шу йилнинг август ойига қадар лойиҳани якунлаб, Кўня аҳли ва ёшларимиз учун Миллатлар боғини очамиз", - дейди Мурод Қурум.

Шу билан бирга, шаҳарнинг тарихий меросигни асраб-авайлаш режалаштирилган. Шаҳарнинг энг қадимий турар-жойи бўлган Алоуддин тепалиги атрофида қурилиш ва ободонлаштириш ишлари маданий ёдгорликларга зарар етказмайдиган тарзда амалга оширилади.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

— Эмизикли болам бор. Бундай ҳолда рўза тутсам бўладими?

— Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим. Ҳомиладор ёки эмизикли аёл рўза тутганда боласига ёки ўзининг жонига зарар етишидан қўрқса, рўза тутмайди ва кейинчалик рўзанинг қазосини тутиб беради. Бу ҳақда фиқҳий манбаларимизда бундай дейилади: “Ҳомиладор ва эмизикли аёл ўз жонига ёки боласига зарар етишидан қўрқса, рўзани очади ва (имкон бўлганда) қазосини тутади. Уларга рўзани очгани учун каффорат лозим бўлмайди. Зеро, “Хулоса” китобида шундай дейилгандир” (“Фатавои ҳиндия”).

Бошқа бир манбада бундай дейилади: “Ҳомиладор ва эмизикли аёл боласи ёки ўзига зарар етишидан қўрқса, рўзани очиши жоиз. Бу рухсат қийинчиликни кетказиш учундир. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Албатта, Аллоҳ мусофирдан рўзанинг (ҳаммасини) ва намознинг ярмини, ҳомиладор ва эмизикли аёлдан рўзанинг (ҳаммасини) кўтарган”, деганлар (Имом Насаий Анас ибн Моликдан ривоят қилган).

Ҳомиладор ёки эмизикли аёлнинг рўзани очиши зарардан қўрқишга боғлаб қўйилди. Бу қўрқув ё тажрибалар натижасида пайдо бўлган кучли гумон билан ёки мусулмон, моҳир табибнинг хабар бериши билан юзага келади. “Фатавои Зоҳирия” китобида шундай келган. Агар ҳомиладор ёки эмизикли аёл боласи ё ўзининг жонига зарар етишидан қўрқмаса, рўзани очишига рухсат берилмайди” (“Баҳрур-роиқ”).

Демак, ҳомиладор ёки эмизикли аёл рўза тутса боласига ёки ўзининг жонига зарар етишини тажриба орқали билса, ёки буни тажрибали, билимдон мусулмон (дин-диёнатли) тиббиёт ходими хабар берса, рўза тутмайди. Имкон топганда қолдирилган кунларни ҳар бир кунига бир кундан қазосини тутиб беради.

Шуни ҳам таъкидлаб ўтиш керакки, ҳомиладор ва эмизикли аёллар рўза тутмаганлари учун фидя бермайдилар. Чунки улар келажакда рўзанинг қазосини тутишга қодир ҳисобланадилар.

Ҳомиладор ва эмизикли аёллар фарзанди ёки жонига зарар етмайдиган бўлса, рўза тутишлари шартдир. Уларга юқоридаги рухсатлар тегишли ҳисобланмайди. Айниқса болалари таом ейишга ўрганган эмизикли аёллар бу борада тақво билан иш тутишлари лозим.

Мақолалар

Top