muslim.uz

muslim.uz

2030 йили Рамазон ой икки марта бошланади. Ўша йили Рамазон ойининг биринчи вақти – январь ойида бошланади, иккинчи вақти эса шу йилнинг декабрь ойида бошланади. Бунга сабаб исломий ой тақвими йилига 354 кунни ташкил этади, шу боис ҳар йили грегориан тақвими бўйича ислом тақвими саналари ўртача 11 кун орқага сурилади.

Шундай қилиб, 2030 йилга келиб январь ойига сурилади ва кейинги муқаддас ой ўша йилнинг декабрь охирида бошланади, дея хабар бермоқда IslamNews Birmingham Mail нашрига таянган ҳолда.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

Пятница, 09 Апрель 2021 00:00

Аллоҳ суйган бандалар (Аудио)

 

ЎМИ матбуот хизмати

Навоий бир қанча ғазаллар ичига ҳам баъзи ҳадислар мазмунини жойлаб-жойлаб ўтадики, бундан у зотнинг ҳадис бобида ҳам аллома эканини англаймиз. Чунончи, ғазал охирида шоир бундай дейди:

9. Эй Навоий, Тенгри асрориға
тил маҳрам эмас,
Чок кўнглунг ичра тутким
«жоваз-ал-иснайни шоъ».

Яъни: “Эй Навоий Аллоҳ таолонинг билдирган, ато этган баъзи сирларига тил сирдош бўла олмайди. Шу боис бу сирларни чок бўлган кўнглинг ичида сақлагин, чунки икки тиш орасидан ўтса, бас, у сирлар тарқалади – фош бўлади”.

«Жоваз-ал-иснайни шоъ» ибораси бир муборак ҳадиси шарифнинг бир қисмидир; тўлиқ шакли: «Куллу сиррин жовазал-иснайни – шоъ» – “Ҳар қандай сир икки тиш орасидан ўтдими – бас, у ёйилади (фош бўлади)”.

Ҳазрат Навоий ҳадиснинг бир қисмини келтириш орқали илму маърифат аҳлига мурожаат қиладилар. Бу ҳадисдан бехабар киши мазкур байтнинг маъносини тўлиқ тушунмайди.

Шайх Аҳмад Хадравийя сўзи: «Дарвишлик иззатини пинҳон сақлагил».

Боязид Бистоми қуддиса сирруҳу сўзи: “Ориф улдурки, Ҳақдан бошқа нарсани кўрмас, ундан бошқа зотга мувофақат айламас. Ўз (маънавий) сирини бошқага сўзламас”

Ҳамдуни Қассор сўзи: «Ҳар кимки таҳқиқ аҳлидан бўлса, ҳеч кимсага ўз ҳолидан хабар бермас ва ҳеч кимсанинг сирини фош этмас. Ўз сирининг фош бўлмоғини истамаган киши бошқанинг ҳам сирини фош айламагай».

Ҳаким Термизий сўзи: «Эй фарзанд! Агар бутун маънавий сирларни сенга очмоқларини истасанг, Ҳақнинг сиррини халқдан пинҳон тутгил! Чунки подшоҳларнинг сирини сақлай олмайдиган киши сирдош бўлишга лойиқ кўрилмас!..»
(Мазкур ҳикматли сўзлар “Тазкират ул-авлиё” киобидан келтирилди.)

“Тазкират ул-авлиё”дан: “Зуннуни Мисрий – бало ва маломат йўлининг соликларидан эди. Тавҳид сирларида дақиқ назари ва комил равиши бор эди. Риёзат ва кароматлари кўп эди. Ўлгунича ҳеч кимса Зуннуннинг (маънавий) сирини билмади.) ...То вафот қилмагунича кимса унинг ҳолидан воқиф бўлмади. Чунки ўзини маънавий ҳоли ва валийлик мартабасини яширин тутар эди”.

“Тазкират ул-авлиё”дан: “Ҳаллож Мансур дорга осилиб қатл этилган кеча шайхлардан бири намоздан фориғ бўлгач, ҳотифдан бир овоз эшитди: «Биз Ҳалложга сиримиздан бир сир кўрсатдик. Уни фош айлади. Ҳар ким Султоннинг сирини фош этса, жазоси шудир!».

Хулоса шуки, тасаввуф йўлида юрувчи, тақво, тафаккур ва муроқаба билан яшовчи, тариқатнинг зикр ва аврод вазифаларин бажарувчи киши маънавий сирлардан холи бўлмайди. Лекин бу сирларни бировга очиш тариқат одобида мақбул кўрилмаган.

Бу ғазалнинг энг олий таянч нуқтаси: «Куллу сиррин жовазал-иснайни – шоъ» – “Ҳар қандай сир икки тиш орасидан ўтдими – бас, у ёйилади” деган ҳадиси шарифдир.

Ҳазрат Навоийнинг ижодини тўғри ва тўлиқ тушуниш учун ислом илму маърифатидан, тафсир ва ҳадис илмларидан, тасаввуф истилоҳлари луғатидан хабардор бўлиш зарур. Бу неъматлардан бехабар киши ҳам Навоий ижоди маънолари хазинасидан маълум миқдорда баҳраманд бўлиши, зоҳир маъноларини – ташқи маъноларини англаши мумкин. Лекин маънолардан тўлиқ баҳраманд бўлиши, руҳ, қалб ва вужуд ҳузур қилиши учун илму маърифатдан баҳраманд бўлиш зарур.

Ҳазрат Навоийнинг қандай улуғ маънавий олам, қандай мартаба соҳиби эканларини, бир сўз билан айтганда, ҳақиқий аллома ва авлиё зот эканларини ўшанда англаймиз.

Мирзо Кенжабек
“Навоий муҳаббати”
китобидан.

Истанбулдаги "Адолат ва тараққиёт" партияси маҳаллий бўлимининг 7-йиғилишида Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон ноодатий совға - ёғочдан ясалган Қуръон олди. Қуръоннинг бу ғаройиб нусхасини 79 ёшли турк рассоми Мунир Эрбёрю яратган. Қуръон 30 жилддан иборат. Ҳар бир ҳажмнинг қалинлиги 4,5 см. Қуръон қайин ёғочидан қилинган.

Islam.ru маълумотларига кўра, муқова чармдан қилинган. Ёғоч "саҳифалар" да Қуръон матни куйдириш услуби билан туширилган. Бу дунёда бундай техникада қилинган ягона Қуръон. "Саҳифалар қалинлиги 3 мм бўлган қайин тахтачаларидан тайёрланган. Россия ва у билан чегарадош айрим мамлакатларда ўсади. У ердан тахталар олиб келинди. Унинг ёғочлари оқ ва қаттиқ бўлгани учун қайинни афзал кўрдик", - дейди Мунир Эрбёрю.

Рассом ёғочга Қуръонни туширганини гапириб берди: "1978-1980 йилларда қўлимга куйдириш аппарати тушиб қолди. Ўша пайтда савдо билан шуғулланардим. Кечқурунлари уйга қайтгач, телевизор томоша қилмай, куйдириш билан шуғулландим. 1982-1983-йилларда катта қизиқиш уйғотган кўргазмамни ўтказдим. 1998 – йилда устахона очдим. Ҳозир Туркиянинг турли бурчакларида шогирдларим бор".

Совғани олгач, Ражаб Тоййиб Эрдўғон Мунир Эрбёрюни саҳнага таклиф қилди ва унга миннатдорчилик билдирди. Рассомнинг сўзларига кўра, шахсий учрашув чоғида у давлат раҳбарига ўз тилакларини билдирган: "Президентим, илтимос, уни яхши жойда сақланг". "Албатта", - ишонтирди уни Эрдўғон.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

Пятница, 09 Апрель 2021 00:00

Шаъбоннинг сўнгги ярми

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Рамазон олдидан бир-икки кун олдин рўза тутманглар. Магар бир киши бирор рўза тутиб юрган бўлса, ўшани тутсин», дедилар». Бешовлари ривоят қилганлар.

«Сунан» эгаларининг ривоятида: «Шаъбон ярмига етганда, рўза тутманглар», дейилган.

Шарҳ: Аҳли китоб бўлмиш кофир қавмлар ўзларига фарз қилинган рўзанинг қайси кун бошланишига шубҳа қилиб, бир-икки кун олдин тутишар, оқибатда нафл ибодат билан фарз ибодатни аралаштириб юборишар эди.

Исломда эса иккиланишга, нафл ва фарзларни аралаштириб юборишга рухсат йўқ. Мусулмонлар ҳар бир ибодатни жазм билан, азму қарор билан нафлни нафл ўрнида, фарзни фарз ўрнида адо этишлари лозим.

Шунинг учун ҳам Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Рамазон киришидан олдин бир-икки кун қолганда рўза тутишдан қайтарганлар.

Аммо бир одам маълум кунларда, мисол учун, душанба ва пайшанба кунларда нафл рўза тутиб юришга одатланган бўлса-ю, ўша кун Рамазондан олдинги кунларга тўғри келиб қолса, тутса бўлаверади.

Шунингдек, баъзи бир кишилар назр рўза ният қилиб қўйган бўлсалар-у, ўша назр рўзани тутишлари Рамазондан бир-икки кун олдинги кунларга тўғри келиб қолса, улар ҳам тутсалар бўлаверади.

Юқорида зикр этилган сабабларга ҳамда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «Шаъбон ярмига етганда, рўза тутманглар», деган ҳадисларига биноан, Шаъбон ойининг ўн олтинчи кунидан бошлаб, то Рамазони шариф киргунча нафл рўза тутиш макруҳ бўлади.

Ушбу тафсилотларни яхши тушунмаслик оқибатида Одамлар ичида Шаъбон ойида рўза тутиб бўлмас экан, деган тушунча юзага келган. Аслида эса гап Шаъбон ойининг иккинчи ярмида эканлигини билиб олдик. Шаъбон ойининг аввалида рўза тутиш масаласини эса келгуси ҳадисларни ўрганиш жараёнида билиб оламиз, иншааллоҳ.

 

«Ҳадис ва ҳаёт» китобидан

Мақолалар

Top