muslim.uz
Ўзбекистон ва Ислом ҳамкорлик ташкилоти ҳамкорлиги кенгаймоқда
Бугунги кунда Ўзбекистон билан Ислом ҳамкорлик ташкилоти (ИҲТ) ўртасидаги ҳамкорлик алоқалари изчил ривожланмоқда. Бу жараёнда, жумладан, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази билан ИҲТ Инсон ҳуқуқлари бўйича мустақил доимий комиссияси ўртасида йўлга қўйилган муносабатлар алоҳида ўрин тутади.
Куни кеча Марказга ИҲТ Инсон ҳуқуқлари бўйича мустақил доимий комиссияси Котибияти ижрочи директори Мағруб Салим Батт номидан келган хатда ўзаро ҳамкорликнинг аҳамияти яна бир бор эътироф этилган.
Президент Шавкат Мирзиёев таъкидлаганидек, «Инсон ҳуқуқ ва эркинликларига амал қилинишини таъминлаш, ҳар бир шахснинг қадр-қимматини эъзозлаш биз барпо этаётган очиқ, эркин ва адолатли жамиятнинг ажралмас хусусиятидир».
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва Сенатининг 2020 йил май ойида видеоконференсалоқа шаклида бўлиб ўтган ялпи мажлисларида биринчи маротаба Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий марказининг ахбороти кўриб чиқилди. Ахборот 2018-2019 йилларда мамлакатимизда инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро мажбуриятларга риоя қилиниши ҳолатига бағишланган.
Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази матбуот хизмати билдиришича, ҳисобот даврида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва Сенати Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази ахбороти тўғрисида тегишли қарорлар қабул қилди. Хусусан, ҳар икки палата Марказ ахборотида баён этилган муҳим далилий маълумотларни кенг жамоатчиликка етказишни тавсия этди.
Шу асосда «Янги Ўзбекистон ва инсон ҳуқуқлари: Ўзбекистон Республикаси томонидан инсон ҳуқуқлари соҳасидаги халқаро мажбуриятларга амал қилинишининг ҳолати» деб номланган ахборот Марказ томонидан бошқа халқаро ташкилотлар қатори Ислом ҳамкорлик ташкилотига ҳам тақдим этилганди. Жиддадан келган хатда, аввало, шу ҳақда сўз боради.
Жаноб Мағруб Салим Батт «Янги Ўзбекистон ва инсон ҳуқуқлари» мавзуидаги ахборот билан ИҲТ Комиссиясининг барча аъзолари таништирилиши«ни маълум қилган. Комиссиянинг коронавирус пандемияси туфайли жорий этилган чекловлар олиб ташланиши билан ўтказиладиган навбатдаги сессиясида ушбу ахборот матнини ИҲТга аъзо барча давлатлар вакилларига ҳам тақдим этишни режалаштиряпмиз», дея қайд этган ижрочи директор.
Мактубда, шунингдек Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази даврий нашри ҳисобланган «Демократлаштириш ва инсон ҳуқуқлари» журнали таҳририятининг Халқаро жамоатчилик кенгаши аъзоси бўлишга доир таклифи миннатдорлик билан қабул қилингани билдирилган.
Ўзбекистонда нашр этиладиган мазкур журналнинг инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишга тааллуқли глобал масалалар таҳлили, талқини ҳамда тарғиботи билан шуғулланадиган етакчи халқаро экспертлар сафида бўлишга чорловингиз мен учун катта шарафдир, деб таъкидлайди доктор М. Салим Батт.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳаётларидан лавҳалар: Риё – ширк (Аудио)
Синовли кунлардан олинадиган сабоқлар
Исломда аёлнинг энг муҳим ўрни она ва хонадон бекаси бўлишдир
8 июнь куни Жаҳонда Халқаро “Уй бекалари ва уй беклари куни” куни нишонланди. Мехикодаги аёллар Миллий институти ходими Габриэла Дельгадо ҳали расмий мақомга эга бўлмаган ушбу байрамни нишонлашни таклиф қилди.
islamisemya.com маълумотлари бўйича, у бундай байрамни нишонлашнинг муҳимлигини айтар экан, ортиқча феминистик фаолият уй-рўзғор ишларини олиб борадиган ва кундалик масалаларга ўзини тўлиқ бағишлайдиган кишилар ишининг қиймати ва аҳамиятини йўқотишига олиб келишини таъкидлайди.
Габриэла Дельгадо уй бекалари фаолиятининг жамият учун муҳимлигини таъкидлади, чунки уларнинг бевосита ёрдами оилавий муносабатларни мустаҳкамлайди ва мамлакатнинг келажакдаги фуқаролари тарбияланадиган ҳақиқий микроиқлимни яратади. Ва, албатта, уйда қулайлик яратишдан кўра нима муҳимроқ бўлиши мумкин?
Уй хўжалигини бошқариш – ҳеч иккиланмай ўқитувчилар, ҳайдовчилар, шифокорлар ва бухгалтерлар фаолияти билан таққослаш мумкин бўлган мураккаб ишдир. Тозалаш, ювиш, овқат пишириш, даволаш ва оила бюджетини юритиш фақат қисман маиший техника фойдаланиш билан алмаштирилади. Деярли барча юмушлар қўлда бажарилади. Бундан ташқари, уй бекаларининг иши тўхтамайди, бу 24 / 7 режимидаги меъёри белгиланмаган иш куни.
Исломда аёлнинг энг муҳим ўрни уйда она ва хонадон бекаси бўлишдир. Муслима барча оила аъзоларига қулайлик ва шинамлик яратади, уйдаги уйғун руҳий микроиқлим ҳукмронлик қилиши устидан кузатиб туради. Бугунги кунда, кўпчилик муслима аёллар бир кўринишда сокин ва унчалик сезилмайдиган турмуш тарзини олиб борадиган оддий уй бекаларига ўхшашади. Бироқ, уларнинг оила ва умуман жамият тараққиётига қўшган ҳиссаси қанчалик муҳим эканлигини тасаввур қилиш қийин!
Чақалоқлик ёшидан адекват оналик боланинг психологик мойилликларини шакллантиради, бу эса келажакда: эмпатия даражаси, сезгирлик, ўз-ўзини баҳолаш, қарамликнинг хилма хил турлари ва таъсирларга мойиллиги, атрофдаги дунёга муносабат, яратувчанлик тенденцияларида ўз ифодасини топади.
Аёлдан ва у томонидан яратилган оила ўчоғидан идеаллар ва қадриятлар ўзлаштирилади ва илдиз отади. Она болаларининг индивидуал хусусиятларини фақат ўзи билган ҳолда уларнинг кучли томонларини ривожлантиришга хизмат қилиши, болага муносиб бир услубда таълим бериши ёки уни танлаган таълим тизимига мослашишига ёрдам бериши мумкин.
Шу билан бирга аёллар Ислом жамиятининг энергия маркази вазифасини ўтайди. Эркаклар ташқи аломатлар ва бевосита жамият саҳнасидаги ҳаракат учун масъул бўлса, аёллар ички моҳиятни ифодалайди. Хотинларнинг эрларга таъсири инкор этилмайди. Яхши хотин ўз уйида нафақат эри куч-қувват тўплайдиган қулай муҳит ҳудудини яратади, балки у учун туганмас илҳом манбаи, мотиватор, мафкуравий ҳамкор ва маслаҳатчи, дўст ва ёрдамчи сифатида ҳам хизмат қилади.
Аёлларнинг хусусиятлари уларга жамиятнинг боғловчи ва юмшатувчи таркибий қисми бўлиш имконини беради. Улар меҳр-муҳаббат, раҳм-шафқатнинг марказидир. Катта мослашувчанлик ва ҳамдардликка эга бўлгани ҳолда улар табиий равишдаги тинчликпарварлик ва уйғунлик манбалари ҳисобланишади.
Исломда аёл киши ҳеч бир тўсқинликсиз худди эркаклардек барча иш ва фаолият билан эркин шуғулланиши мумкин. Бироқ, у эркак киши унинг ўрнини боса олмайдиган ўзига хос мавқеда қадрланади. Муслиманинг аёл сифатидаги кучи ва таъсири шу қадар каттаки, уни бугунги кунда ҳаттоки ўзга дин вакиллари ҳам тан олишмоқда.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати