muslim.uz
Ўзбекистон ва Ҳиндистон янги давр остонасида
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Ҳиндистонга бўлажак давлат ташрифи икки мамлакат ўртасидаги азалий дўстлик ришталарига асосланган муносабатларда янги даврни бошлаши кутилмоқда.
ЎзА мухбири ташриф арафасида Ҳиндистон Республикасининг мамлакатимиздаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Винод КУМАР билан икки томонлама ҳамкорликнинг бугунги ҳолати ва янги имкониятлари ҳақида суҳбатлашди.
– Жаноб элчи, Ўзбекистон билан Ҳиндистоннинг тарихий-маданий алоқалари минг йилларга тенг. Унинг истиқболлари ҳақида қандай фикрдасиз?
– Ўзбекистон билан Ҳиндистонни кўп асрлик тарихий, маданий-маънавий алоқалар боғлаб туради. Минг йиллар давомида икки халқ маданияти бир-бирига уйғун тарзда шаклланган ва ривожланган. Айниқса, меъморлик анъаналари, адабий мерос ва халқ оғзаки ижодида уйғун жиҳатлар кўп. Алишер Навоий, Мирзо Ғолиб каби буюк алломаларимиз халқларимиз учун бирдай машҳур ва ардоқли.
2015 йилда Ҳиндистон Бош вазири Нарендра Модининг Ўзбекистонга расмий ташрифи мамлакатларимиз ҳаётида йирик воқеа сифатида тарихга муҳрланиб, унинг доирасида кўплаб ҳужжатлар қатори халқларимиз маданий алоқаларини янада ривожлантиришга қаратилган Маданий ҳамкорлик дастури ва туризм бўйича ҳамкорлик битими имзоланди.
Тошкент шаҳрида Лаъл Баҳодур Шастри номидаги Ҳиндистон маданият маркази фаолият юритмоқда. Ушбу марказ ҳинд тили, маданияти, урф-одатлари билан яқиндан танишиш истагида бўлганлар учун доимо очиқ. Бундан ташқари, марказ Ўзбекистоннинг бошқа ҳудудларида ҳам халқларимиз маънавий алоқаларини янада ривожлантиришга қаратилган кўплаб маданий-маърифий тадбирлар ташкил этиб келмоқда. Ҳар ойнинг сўнгги жумасида марказ томонидан ўтказиладиган “ҳинди-манч” тадбири улардан бири. Ушбу тадбир марказга келувчиларнинг Ҳиндистон маданияти билан яқиндан танишиш, ҳинд тилида мулоқот қилиши учун ўзига хос майдонга айланган.
Ўзбекистон билан Ҳиндистон маданий алоқаларида яхши бир анъана шаклланган. Мамлакатларимизда байрамлар, нуфузли фестивалларда икки халқ вакиллари фаол иштирок этиб келмоқда. Яқинда Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан Шаҳрисабз шаҳрида илк бор ўтказилган Халқаро мақом санъати анжуманида ҳам ҳиндистонлик санъаткорлар қатнашиб, ўзбек мақом санъатининг сеҳрли ва хуш оҳангларидан баҳраманд бўлиш баробарида, маҳаллий халқ урф-одатлари, ҳунармандлик намуналари билан яқиндан танишди. Шунингдек, ҳар йили юртингизда ўтказилаётган “Ҳиндистон – Марказий Осиё” мулоқоти давлатларимиз ўртасидаги ҳамкорликни кучайтириш, турли соҳалар бўйича муносабатларни изчил йўлга қўйишга хизмат қилмоқда.
Ишонч билан айтиш мумкинки, икки мамлакатнинг кўп асрлик дўстона ҳамкорликка асосланган юксак даражадаги сиёсий ва дипломатик алоқалари янада юқори босқичга кўтарилади.
– Мамлакатларимиз ўртасидаги ўзаро ҳамкорликнинг қайси йўналишларини устувор, деб ҳисоблайсиз?
– Ҳиндистон Ўзбекистон билан икки томонлама ҳамкорликни барча соҳаларда ривожлантириш тарафдори. Савдо-иқтисодий ҳамкорликни кенгайтириш бўйича мамлакатларимиз фаол иш олиб бормоқда. Ўзаро ишонч ва дўстона муносабатларга асосланган стратегик шериклик қишлоқ хўжалиги, пахта ва тўқимачилик саноати, соғлиқни сақлаш, фармацевтика, ахборот технологиялари, фан-техника, космонавтика, муқобил энергия соҳалари бўйича ҳамкорликни кенгайтириш имконини беради.
– Ўзбекистонда фармацевтика тармоғини ривожлантириш мақсадида махсус эркин иқтисодий зоналар ташкил этилди. Ушбу соҳада рўёбга чиқарилаётган лойиҳаларга ҳам тўхталсангиз?
– Ҳиндистон Ўзбекистон билан соғлиқни сақлаш ва фармацевтика соҳаларида фаол ҳамкорлик қилмоқда. Шу йил февраль ойида Ҳиндистон кимё саноати ва ўғитлар давлат вазири Мансуҳ Мандавия бошчилигидаги делегация мамлакатингизга ташрифи доирасида Ўзбекистон ва Ҳиндистон ишбилармон доираларининг бизнес-анжумани бўлиб ўтди. Ташриф доирасида томонлар фармацевтика бўйича ҳамкорликни яна кенгайтириш имкониятларини ўрганди. Ҳозирги кунда Ўзбекистонда битта Ҳиндистон фармацевтика компанияси фаолият юритмокда. Яна иккита шундай корхона барпо этиш режалаштирилган.
Айни вақтда Андижонда Ўзбекистон – Ҳиндистон эркин фармацевтик зонасини ташкил этиш бўйича икки томонлама иш олиб борилмоқда. Умид қиламизки, бошланган тадбирлар яқин орада ўз самарасини бериб, мамлакатингиз фармацевтика соҳаси ривожланишига ўз ҳиссасини қўша бошлайди.
– Ўзбекистон Президентининг Ҳиндистонга давлат ташрифи мамлакатларимиз ҳамкорлигида қандай саҳифа очади?
– Президент Шавкат Мирзиёевнинг Ҳиндистонга кутилаётган давлат ташрифи икки томонлама муносабатларни янги даражага кўтариб, тарихий воқеа бўлиб қолади.
Ишонаманки, бу ташриф мамлакатларимизнинг 2011 йилда асос солинган стратегик шериклигига янги мазмун бағишлаб, ўзаро ҳамкорлигимизда янги саҳифа очади.
Бош вазир Нарендра Модининг 2015 йилда Ўзбекистонга ташрифи мамлакатларимиз муносабатларига янги туртки берган эди. Икки давлат раҳбарлари 2017-2018 йилларда Шанхай ҳамкорлик ташкилоти доирасида ҳам учрашиб, ўзаро ҳамкорликнинг истиқболли масалаларини муҳокама қилдилар. Жорий йилда Ҳиндистон ташқи ишлар вазири Сушма Свараж ва савдо-саноат ва фуқаро авиация вазири Суреш Прабхунинг мамлакатингизга амалга оширган ташрифлари ҳам самарали бўлди.
– Жорий йилдан Ҳиндистон ШҲТда тўлақонли аъзо сифатида минтақада хавфсизлик ва барқарорликни таъминлашда ҳамкорлик қилмоқда. Мамлакатларимизнинг ташкилот доирасидаги муносабатлари ҳақида ҳам фикр билдирсангиз?
– Ҳиндистоннинг ШҲТга аъзо бўлишини қўллаб-қувватлагани учун Ўзбекистон раҳбариятига миннатдорлик билдирамиз. ШҲТга қабул қилингандан сўнг мамлакатимиз ташкилотнинг барча аъзо давлатлари билан ҳамкорлик ишларини бошлади. Деҳли шаҳрида ШҲТ экспертлар йиғилиши ўтказилди. Халқлар фаровонлиги йўлида бошқа аъзо давлатлар билан ҳам ҳамкорликни кенгайтирмокдамиз. Жумладан, терроризмга қарши курашиш, ўзаро алоқаларни ривожлантириш ва бошқа турли соҳалардаги масалаларни муҳокама қилмоқдамиз.
Фурсатдан фойдаланиб, Ўзбекистон халқини яқинда нишонланган мустақилликнинг 27 йиллик байрами билан табриклайман. Ўзбек халқи ўз мамлакатини янада юқори даражага кўтаришига чин дилдан тилакдошман.
ЎзА мухбири Малоҳат Ҳусанова суҳбатлашди.
“Энг маърифатли имом” танлови шартлари билан танишинг!
Ҳар йили Ўзбекистон мусулмонлари идораси тизимида фаолият олиб бораётган имом-хатиблар ўртасида “Йил имоми” кўрик танлови ўтказилар эди. Бу йилдан танлов “Энг маърифатли имом” номи билан Низом асосида ташкил этилмоқда. Танловнинг мақсади бугунги кун талабларига жавоб берадиган, кучли илмий салоҳиятга эга, ташаббускор, илғор фикрли, замонавий ахборот технологияларидан етарлича фойдалана оладиган ва кенг халқ оммасига ўз фикрини етказиш қобилиятига эга бўлган энг иқтидорли, фаол имом-хатибларни аниқлаш ва қўллаб-қувватлашдир.
Танловда масжидларда камида уч йиллик иш тажрибасига эга бўлган имом-хатиблар, имом ноиблари иштирок этишлари мумкин.
Танлов уч босқичда ўтказилади: туман-шаҳар, вилоят ва Республика босқичлари.
Танлов шартларига кўра иштирокчилар тўрт йўналиш бўйича ҳакамлар ҳайъати томонидан баҳоланадилар.
- Қуръони каримнинг учта жойидан тиловат қилиш, унинг тафсири ва нозил бўлиш сабабларини сўзлаб бериш. Шунингдек, Қуръони каримнинг ҳайъат томонидан кўрсатилган ўқиш ва ундаги тажвид қоидаларини баён қилиш.
- Ақоид бўйича “Фиқҳул Акбар” китобидан ўқиб, таржима қилиб, изоҳлаб бериш.
- Фиқҳ бўйича “Мухтасар” китобининг саккиз боби – таҳорат, намоз, рўза, закот, ҳаж, никоҳ, талоқ ва савдо бўйича берилган саволларга жавоб бериш ва ҳайъат томонидан берилган матнни ўқиб шарҳлаш.
- Имомнинг ОАВ ларидаги фаоллиги.
20 сентябр куни танловнинг Тошкент шаҳар туманлари босқичлари бошланди. Ҳар бир туманларда энг юқори натижа қайд этган уч нафар иштирокчи эсдалик совғалари билан тақдирланадилар. Биринчи ўринни қўлга киритган иштирокчилар эса танловнинг шаҳар босқичида иштирок этиш ҳуқуқини қўлга киритадилар.
ЎМИ матбуот хизмати
Флоренция меҳмонхоналари «muslim-friendly» бўла бошлади
Италиянинг Флоренция шаҳридаги қатор меҳмонхоналар мусулмон мижозларнинг эҳтиёжлари учун мослаша бошлади. Бу ҳақда IslamNews'га таяниб Azon интернет нашри хабар берди.
Жумладан, «muslim-friendly», яъни мусулмонлар учун дўстона муҳит яратилган хоналарнинг совуткичларида спиртли ичимликлар йўқ, озиқ-овқатлар эса ҳалол. Шунингдек, хоналарга жойнамоз ва Маккани кўрсатадиган компас ҳам қўйилди.
Бундай ўзгаришлардан мақсад Флорерцияга мусулмон сайёҳларни яна кўпроқ жалб этишдир. Маълум бўлишича, сўнгги пайтда Венеция, Рим ва Милан билан бир қаторда Флоренцияга ҳам мусулмон сайёҳлар оқими ортган.
ЎМИ Матбуот хизмати
Ушбу 3 оятни ўқиганга 70 минг фаришта вакил бўлади
Маъқал ибн Ясор розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким тонг отганда уч марта “Аъуузу биллаҳис-самийъул-алийм минаш-шайтонир-рожийм” деса, сўнгра Ҳашр сурасининг охирги уч оятини ўқиса, Аллоҳ унга етмиш минг фариштани вакил қилади. Фаришталар унинг ҳаққига кечгача салавот айтадилар. Агар у ўша куни вафот этса, шаҳид (мақомида) кетади. Кимки кеч кирганда ўқиса, худди ўша мартабага эришади”, дедилар (Имом Аҳмад ривояти).
“У шундай Аллоҳдирки, Ундан ўзга илоҳ йўқдир. (У) яширин ва ошкора нарсаларни билувчидир. У Меҳрибон ва Раҳмлидир.
У шундай Аллоҳдирки, Ундан ўзга илоҳ йўқдир. (У) Подшоҳ, (барча айб-нуқсонлардан) Пок, (бандаларига) тинчлик бахш этувчи, Омонлик берувчи, Кузатиб турувчи, Қудрат соҳиби, Бўйин сундирувчи ва кибр эгасидир. Аллоҳ (мушриклар) келтираётган ширкдан покдир.
У – Яратувчи, (йўқдан) Бор қилувчи, (барча нарсага) Сурат (ва шакл) берувчи Аллоҳдир. Унинг гўзал исмлари бордир. Осмонлар ва Ердаги (бор) нарса Унга тасбеҳ айтур. У Қудратли ва Ҳикматли (зот)дир” (Ҳашр сураси, 22-24 – оятлар).
Даврон НУРМУҲАММАД
Исломнинг адолати
Андалус давлатида бир роҳиб бор эди. У ўзи хизмат қиладиган черков томида ноёб бир гул ўстираётган эди. Роҳибнинг бир эчкиси ҳам бор эди. Эчкиси ҳар-ҳар замон черков томига чиқар эди.
Роҳиб бир куни гулга қараш учун томга чиққанида гулнинг узилганини кўрди. Бундан ниҳоятда дарғазаб бўлди. Шу вақтда черков томида эчки кўриниб қолди. Гулни шу эчки еган деб ўйлади. Жаҳл устида эчкини тутиб олиб томдан пастга улоқтирди. Бечора эчки тап этиб ерга тушди-ю тил тортмай ўлиб қолди.
Бу ҳолни кўрган қўшнилар ҳайвонга нисбатан шафқатсизлик қилганликда айблаб, роҳибни қозига олиб бордилар. Қози:
– Ҳайвонлар қилган ишлари учун жавобгар эмасликларини билмайсанми? Ўзи у гулни эчки еганинини қаердан билдинг? Кўзинг билан кўрдингми ёки сенга эчкининг еганини бирор киши айтдими? – деб сўради.
Pоҳиб:
– Йўқ, кўрмадим, кўрган киши ҳам йўқ. Бироқ у томга мендан бошқа ҳеч ким чиқмайди. Эчкини у ерда кўрганим заҳоти у еган деб ўйладим. Унга ғазаб қилдим, жазо беришимда ҳақсизлик йўқ, – деб ўзини ҳимоя қилди.
Қози эса:
– Исломда бароати зиммат асосдир. Бир кишининг жиноят қилганига гувоҳ бўлмаса, уни жиноятда айблаб бўлмайди. Боз устига ҳайвонлар қилган ишларига масъул ҳам эмасдир, Унга бундай жазо беришинг зулмдир, – деди. Сўнгра роҳибга ҳайвонга нисбатан шафқатсизлик қилгани учун таъзир жазосини берди.
Роҳиб қозининг бу ҳукмини ҳақсизлик деб ўйлаб норози бўлиб юрди. Унинг тушунчасига кўра, эчкиси айбдор эди ва уни ўзи истаганидек жазолашга ҳақли эди.
Орадан қанчадир вақт ўтди. Бир куни роҳиб кимсасиз йўлакдан ёлғиз келаётган эди, қаршисидан гандираклаб келаётган одамнинг йиқилиб тушганини кўрди. Унга ёрдам қиламан деб югуриб борди ва у одамнинг орқасига ханжар санчилганига кўзи тушди. Ханжарни тортиб чиқармоқчи бўлаётган чоқда шаҳар муҳофизлари келиб қолди ва уни одамни ўлдирганликда гумон қилиб, тутиб олдилар.
Маҳкамага чиқардилар ва:
– Тақсир, у ерда роҳибдан бошқа ҳеч ким йўқ эди, шунинг учун у ўлдирган деб ўйлаяпмиз, – дедилар.
Роҳиб бўлган воқеани қандай бўлса, ўшандай қилиб гапириб берди ва ўзининг айбдор эмаслигини айтди.
– Воқеа содир бўлган жойда сендан бошқа кимса бўлмаса-да, у одамни сен ўлдирганингни кўрган бирорта гувоҳ йўқ. Шу сабабли Ислом таълимотига кўра, сени айблашга ҳаққимиз йўқ, – деди. Сўнг қози унга ўтмишда кўрган бир даъвони хотирлатиб:
– Ўшанда сен эчкининг гулни еганини кўрмасдан туриб, унга жазо берган эдинг. Агар ҳозир мен ҳам сен каби хулоса қилсам, сени қотилликда айблаган бўлар эдим. Аммо Исломда айби исбот этилгунга қадар ҳар қандай инсон айбсиз саналади. Энди Ислом адолатининг тўғри эканини тушундингми? – деди.
Роҳиб бир ғайримуслим бўлишига қарамасдан, уни айблашдан кўра оқлашга мойил бўлиб турган мусулмон қозига:
– Сиз ҳақсиз, сизнинг адолатингиз устундир, – демоқдан бошқа чора топа олмади.
Дамин ЖУМАҚУЛ таржима қилди.