muslim.uz
Янги ҳижрий-қамарий тақвим чоп этилмоқда
Намоз вақтлари тақвимининг 1440 (милодий 2018-19) йил сони нашр этилмоқда.
“Мовароуннаҳр” нашриёти ижодий гуруҳи ушбу тақвимни тайёрлаш жараёнида вақтнинг аниқлигини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво ҳайъати ва ЎзФА Астрономия институти олимлари ҳамда таниқли уламолар билан ҳамкорликда ишлади.
Тақвимдан Қуръони карим оятлари, ҳадиси шарифлар, буюк уламолар ҳикматлари, ўқувчининг зеҳнига таъсир қиладиган ибратли ҳикоялар ўрин олган.
Тақвимни мўминлар учун бир йиллик қўлланма деса ҳам бўлади. Унда тақвога иштиёқманд мўмин ва мўминалар йил давомида қандай амалларни бажариши, қайси кунларни байрам қилиши, қайси кунларда ибодатга янада ғайратли бўлиши кераклиги ва бошқа фойдали билимлар баён қилинган. Масалан, намоз вақтидаги аниқлик жуда ҳам муҳим. Шунинг учун Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво ҳайъати тайёрлаган “Намоз вақтлари тақвими” сарлавҳали мақолада “Беш вақт намознинг ҳар бирини улар учун тайин қилинган вақтида ўқиш фарз. Ибн Аббос (розиялллоҳу анҳу) ривоят қилади. Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бундай деганлар:
“Байтуллоҳнинг ёнида Жаброил фаришта менга икки маротаба имом бўлдилар. Биринчи куни пешин намозини соя оёқ кийимнинг боғичидек бўлганда, яъни жуда қисқарган ҳолатига етган вақтда ўқиб бердилар, аср намозини ҳар бир нарсанинг сояси ўз бўйига тенг бўлганда ўқиб бердилар, шом намозини Қуёш ботиши биланоқ, рўзадорнинг оғиз очиш пайтида ўқиб бердилар. Ундан кейин хуфтон намозини шафақ ғойиб бўлган пайтда ўқиб бердилар. Кейин бомдод намозини тонг ёриша бошлаши билан, рўза тутаётган одам еб-ичиши мумкин бўлмай қолган пайтда ўқиб бердилар. Иккинчи куни пешин намозини ҳар бир нарсанинг сояси ўз бўйига тенг бўлган, кечаги аср намозининг вақтида ўқиб бердилар. Кейин аср намозини ҳар бир нарсанинг сояси ўз бўйига икки баробар бўлганда ўқиб бердилар. Ундан кейин шом намозини кечаги ўқиган вақтида ўқиб бердилар. Ундан кейин хуфтон намозини туннинг учдан бири ўтган пайтда ўқиб бердилар. Кейин бомдод намозини ер ёришганда ўқидилар. Сўнг менга бурилиб: “Мана шу сиздан аввалги пайғамбарларнинг (намоз ўқиган) вақтлари, (сиз ва сизнинг умматларингиз ўқийдиган намозларининг) вақтлари, шу икки вақтнинг ўртасида деб айтдилар” (Имом Термизий ривояти)”, деб Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг намоз вақтларини жуда аниқ кўрсатиб берганларини баён қилинган. Тақвимда ана шунга ўхшаш фойдали билимлар кўп. Уни ўқиганлар албатта фойда олади, иншоаллоҳ.
Янги тақвим яқин кунларда сотувга чиқарилади.
ЎМИ матбуот хизмати
Дунёнинг сув билан ўралган мафтункор масжидлари (фотогалерея)
«Islam-today.ru» денгиз ва океанлар қирғоғида қурилган масжидлар суратлари билан бўлишди.
Ар-Раҳма масжиди (Жидда, Саудия Арабистони)
Ортакой масжиди (Истанбул, Туркия)
Путра масжиди (Путражая, Малайзия)
Ҳасан II масжиди (Касабланка, Марокаш)
Танжонг Бунга сузувчи масжиди (Пенанг, Малайзия)
Султон Умар Али Сайфуддин масжиди (Бандар Сери Бегаван, Бруней Даруссалом)
Малакка бўғози масжиди (Малакка, Малайзия)
Шветзингер масжиди (Баден-Вюртемберг, Германия)
Пучонг Пердана масжиди (Селангор, Малайзия)
Биллур масжид (Куала Теренггану, Малайзия)
Туанку Мизан Зайнул-Абидин (Путражая, Малайзия)
Кота Кинабалу шаҳар масжиди (Сабаҳ, Малайзия)
Тенгку Тенгах Захара масжиди (Теренггану, Малайзия)
Пекин ислом уюшмаси раиси ўринбосари Лью Кецзэ бошчилигидаги делегациянинг Диний идорага ташрифи тўғрисида маълумот
2018 йилнинг 5 сентябрь куни Пекин ислом уюшмаси раиси ўринбосари Лью Кецзэ бошчилигидаги делегация Ўзбекистон мусулмонлари идорасига ташриф буюрди. Меҳмонларни Диний идора раиси, муфтий У.Алимов бошчилигидаги бир гуруҳ мутасаддилар кутиб олиб, ўзаро ҳамкорлик қилиш борасида фикр-мулоҳазалар алмашдилар.
Муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари меҳмонларни ташриф билан қутлаб, муҳтарам Президентимиз ташаббуслари билан диний-маърифий соҳани ривожлантириш ва Ислом маърифатини кенг ёйиш борасида қилинаётган ишлар ҳақида гапириб берди. Шунингдек, Диний идора фаолияти, диний таълим муассасалари, Имом Бухорий ва Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот марказлари, жойлардаги калом, ҳадис, фиқҳ, ақида, тасаввуф илмий мактаблари фаолияти ҳақида сўзлаб берди.
Пекин ислом уюшмаси раиси ўринбосари Лью Кецзэ самимий қабул учун миннатдорлик билдириб, делегация таркиби билан таништирди.
- Лью Кецзэ – Пекин ислом уюшмаси раиси ўринбосари;
- Ван Чун Ген – Пекин ислом уюшмаси раиси ўринбосари;
- Ян Гуанцзюн – Пекин ислом уюшмаси раиси ўринбосари;
- Дан Цзифэн – Мусулмонларни дафн маросимларини ўтказиш бўйича Пекин бошқарув бўлими директори;
- Ма Ши Йоу – Дин ишлари бўйича канцелария мудири;
- Ван Цзин – Пекин ислом уюшмаси раиси ўринбосари;
- Лью Йин Ци – Пекин ислом уюшмасининг Бош котиби;
- Ша Ли – Пекин ислом уюшмаси раиси ўринбосари;
– Аввало барчангизга Пекин ислом уюшмаси делегациясини Ўзбекистонга таклиф қилиб, амалий ёрдам берганингиз учун миннатдорчилик билдирамиз.
Биз Сизлардан Давлат ва Дин муносабатларингиздаги тажрибангизни ўрганмоқчимиз. Пекинда 300 мингдан ортқ мусулмон яшайди. Бу мусулмонлар 10 хил майда миллатларга бўлинган.
Хитойда 156 хил миллат истиқомат қилади. Булардан 10 таси мусулмон бўлиб, 20 миллион инсон ислом динига эътиқод қилади.
Пекинда 70 та масжид ва 150 та имом бор.
Пекин ислом уюшмаси асоциациясининг жойларда 10 та филиали мавжуд. Ушбу уюшма мусулмонларга кўмаклашиб, давлатга диний масалаларда ёрдам бериб келади.
Пекин ислом уюшмасииниг бир неча бўлимлари мавжуд. Улар: Халқаро алоқалар бўлими, Маданий ишлар бўйича бўлим, Таълим ва хайрия бўлимлари.
Пекин ислом уюшмаси назорати остида Қуръони Карим тиловти мусобақалари ўтказилиб келинади.
Хитойдан йилига 14 минг нафар мусулмон ҳаж сафарига боради. Ҳаж ишларини ташкил қилишда Хитой ислом уюшмасининг алоҳида ўрни мавжуд.
Пекин ислом уюшмасининг хайрия бўлими мусулмон ва номусулмон инсонларга моддий ёрдам бериш билан шуғулланади.
Маълумки, Ўзбекистон ва Хитой халқлари азалдан ижтимоий-маданий, савдо-сотиқ масалаларида ҳамкорлик қилиб келишган. Буюк ипак йўли орқали икки мамлакат ўртасида амалга оширилган ижобий алоқалар асрлар оша бизни боғлаб келмоқда. Ҳозирда давлатларимиз ўртасидаги алоқаларни ривожланиб бораётгани – бизни янада яқинлаштирмоқда.
У ўз сўзида давом этиб, “Ўзбекистондаги Ислом билан боғлиқ вазиятларни ўрганиб, бу борадаги васатийлик (ўрта йўл)ни тарғиб қилишдаги ўзимизга тажриба олмоқчимиз. Ўзбекистонда бошқа дин вакиллари ҳам мавжуд. Бунда аҳил иноқ, диний бағрикенгликни қандай йўлга қўйгансизлар?”, деб савол берди.
Муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари: “Ўзбекистонда 16 та конфессия давлат рўйхатидан ўтган. Биз бошқа дин вакиллари билан ўзаро байрамларда бир-биримизни муборакбод этамиз. Бизни исломий байрамларимизда улар Диний идорага келиб бизларни табриклайди. Албатта Ислом дини бағрикенг дин” деди.
Биз бир мазҳаб вакилларимиз, дуч келишимиз мумкин бўлган муаммоларимиз ҳам ўхшаш, шунинг учун биз доим Ўзбекистон мусулмонлари идораси билан ҳамкорликка тайёр эканимизни билдирмоқчиман. Ўз навбатида Ўзбекистон мусулмонлари идораси уламоларидан иборат делегацияни Хитой давлатига таклиф этаман ва кенг қамровли алоқаларни бошлаш ҳар томонлама манфаатли бўлишини билдираман. Сўзимнинг якунида бугунги самимий қабул учун барчангизга ўз миннатдорлигимни изҳор қиламан.
Томонлар бир-бирларига эсталик совғалар улашди.
Учрашув дўстона ва самимий руҳда ўтди.
ЎМИ матбуот хизмати
Хожа Аҳрор Валий масжиди
Хожа Аҳрор Валий масжиди Чорсу майдонидаги Регистон ансамблининг марказий қисми ҳисобланади. Масжиднинг асоси IX асрда қурилган.
Убайдуллоҳ Аҳрор – сўфийликнинг буюк устаси, мусулмон уламоларининг бошлиғи ва Муҳаммад пайғамбарнинг авлодидан бўлган. У кўчиб ўтишга тайёргарлик кўрар экан, Тошкентнинг қадимий Гулбозор маҳалласида катта жума масжиди қуришни буюради.
Тошкентнинг Жума масжидининг биринчи биноси 1451 йилда шайх Убайдулла Хожа Аҳрорнинг (1404-1490) маблағига қурилган.
Масжиднинг ичида узун ҳовли атрофи бўйлаб пештоқли бўлмалар, таҳоратхона – мусулмонлар намоз ўқишдан олдин покланадиган жой қурилган. Масжиднинг безаги содда бўлган.
Масжид 1868 йилда зилзила оқибатида катта зарар кўради. 20 йил ўтиб, 1888 йилда, у Россия императори Александр III томонидан Бухоро амирига тақдим этилган маблағлар ҳисобига қайта тикланди, шундан сўнг, масжид Подшо масжиди деб атала бошлади.
2003 йилда масжид қурилиш ва безашнинг замонавий усулларидан фойдаланилган ҳолда қайтадан таъмирланди.
Манзил: Тошкент ш., Навоий кўчаси, “Чорсу” майдонида жойлашган.
Кийиниш талаблари: Ўзбекистонда аёллар диний диққатга сазовор жойларни зиёрат қилишда тананинг очиқ қисмларини (елкалар, орқа ва оёқлар) ёпиб юриши мақсадга мувофиқ.
Қозонда бошланган мусулмон кинофестивалида ўзбекистонлик ижодкорлар иштирок этади
Жорий йилнинг 4-10 сентябрь кунлари Татаристон Республикаси пойтахти Қозон шаҳрида XIV Халқаро мусулмон киноси фестивали бўлиб ўтади.
IslamNews интернет нашрининг хабар беришича, фестивалда Россия, Озарбайжон, Қозоғистон, Қирғизистон, Миср, Испания, Италия, Эрон, АҚШ, Тожикистон, Ўзбекистон, Япония ва бошқа мамлакатлар кино усталарининг асарлари намойиш этилади. Жумладан, фестивалга ўзбекистонлик режиссёрлар Абдуазим Илҳомжонов ва Ботир Абдураҳмоновнинг “Она”, Ҳасан Алижоновнинг “Аквариум”, Шуҳрат Маҳмудовнинг “Шарқдан нур” фильмлари тақдим этилган.
Фильмларни 11 мамлакатдан келган 12 нафар ҳайъат аъзолари баҳолаб боради.
Бундан ташқари, фестивал кунлари турли мамлакатларнинг кино кунлари ўтказилиши ҳам кўзда тутилган. Фестивал доирасида Миср киноси кунлари, Швейцария шарқ киноси фестивали шулар жумласидандир.
ЎМИ Матбуот хизмати