muslim.uz
Ғафлатда қолманг! Арафа кунининг фазилатлари
Бу кун қилинган дуолар энг афзал дуодир. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Дуоларнинг яхшиси арафа кунидаги, мен ва мендан олдинги набийларнинг “Лаа илаҳа иллаллоҳу ваҳдаҳу лаа шарийка лаҳу, лаҳул мулку ва лаҳул ҳамду ва ҳува ъала кулли шайин қодийр”, деб айтган дуосидир”, дедилар.
Маъноси: “Яккаю ёлғиз Аллоҳдан бошқа илоҳ йўқ. Унинг шериги ҳам йўқ. Мулк Уникидир. Унга ҳамд бўлсин. У ҳар бир нарсага Қодирдир” (Имом Термизий ривояти).
Бу кундан кўра дўзахдан кўп озод бўладиган кун йўқ. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Арафа куни, Аллоҳ бандаларни дўзахдан кўп озод қилганчалик бошқа бирор кун йўқ!” (Имом Муслим ривояти).
Аллоҳим! Бизларни, ота-оналаримизни, фарзандларимизни, аёлларимизни, дўстларимизни ва барча мўмин-мусулмонларни жаҳаннам оловидан асра!
Бу куннинг бомдод намозидан бошлаб такбир айтилади. “Аллоҳу акбар! Аллоҳу акбар! Аллоҳу акбар! Лаа илааҳа иллаллоҳу валлоҳу акбар! Аллоҳу акбар ва лиллааҳил ҳамд”.
Бу кун тутилган рўза икки йиллик гуноҳларга каффорот бўлади. Абу Қатода розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Арафа кунининг рўзаси ундан олдинги ва ундан кейинги йиллардаги гуноҳларга каффорот бўлади деб Аллоҳдан умид қиламан”, дедилар (Имом Муслим ривояти).
Ғафлатда қолманг! Арафа куни рўзасини тутишни ўтказиб юборманг! Буни бошқаларга ҳам эслатинг. Эҳтимол сиз сабабли бошқалар ҳам рўза тутар.
Даврон НУРМУҲАММАД
тайёрлади
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатлари (45-қисм): Арафа куни дуоси
Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) арафа куни:
“Лаа илаҳа иллаллоҳу ваҳдаҳу лаа шарийка лаҳу, лаҳул мулку ва лаҳул ҳамду ва ҳува ъала кулли шайин қодийр”, деб дуо қилар эдилар.
ЎМИ матбуот хизмати
Жаннат хушхабари берилган кишилар ва амаллар
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ким масжидга эрта бориб, кеч қайтса, ҳар бир эрта бориб, кеч қайтгани учун Аллоҳ унга жаннатда зиёфат тайёрлаб қўяди”, дедилар (Имом Бухорий, Имом Муслим ривояти).
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Мусулмонларга йўл ўртасида озор бераётган дарахтни кесиб ташлаган бир кишининг жаннатда хузур-ҳаловат ила яшаётганини кўрдим”, деганлар (Имом Муслим ривояти).
Абу Мусо Ашъарий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ким икки салқин(даги намозни – бомдод ва аср)ни ўқиса, жаннатга киради”, дедилар (Имом Бухорий, Имом Муслим ривояти).
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Рад қилганлардан ташқари умматимнинг барчаси жаннатга киради”, деганларида, улар: “Ё Аллоҳнинг Росули, рад қиладиганлар ким ўзи?” дейишди. Шунда у зот: “Ким менга итоат қилса, жаннатга киради. Ким менга осийлик қилса, батаҳқиқ у рад қилибди”, дедилар (Имом Бухорий ривояти).
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ҳоҳ ўзига қарашли, ҳоҳ бегона етимни ўз қарамоғига олган киши билан икковимиз жаннатда бирга бўламиз”, дедилар. Молик ибн Анас ишора ва ўрта бармоқларига ишора қилдилар (Имом Муслим ривояти).
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ким бирор касални бориб кўрса ёки Аллоҳ йўлидаги биродарини зиёрат қилса, бир нидо қилувчи: “Пок бўлдинг, юришинг ҳам пок бўлди ва жаннатдан ўзинг учун жой тайёрлаб қўйдинг”, деб нидо қилади ”, дедилар (Имом Термизий ривояти).
Савбон розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади “Ким менга одамлардан бирор нарса сўрамайман, деб кафолат берса, мен унинг жаннатга киришига кафолат бераман”, деганларида: “Мен” дедим. Ҳақиқатда Савбон ҳеч бир кишидан бирор нарса сўрамадилар (Имом Абу Довуд ривояти).
Иёз ибн Ҳимор розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг: “Жаннат аҳли уч тоифадир: 1. Адолатга муваффақ бўлган шоҳ; 2. Қариндошлари ва мусулмонларга раҳмли ҳамда қалби юмшоқ киши; 3. Болалари кўп ва ўзи мухтож бўла туриб ҳам тиланчилик қилмайдиган киши ”, деб айтганларини эшитдим. (Имом Муслим ривояти).
Али розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг: “Бир мусулмон бошқа бир мусулмонни эрталаб кўргани борса, то кеч киргунича етмиш минг фаришта унинг ҳаққига дуода бўлишади. Агар кечқурун кўргани борса, то эрталабгача етмиш минг фаришта унинг ҳаққига дуода бўлишади. Ҳамда бу кишига жаннатда териб, йиғиб қўйилган мева бўлади”, деб айтганларини эшитдим (Имом Термизий ривояти).
Муоз розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Кимнинг охирги сўзи “Ла илаҳа иллаллоҳ” бўлса, жаннатга киради”, дедилар (Имом Абу Довуд, Имом Ҳоким ривояти).
Абу Мусо розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Қачон бир банданинг фарзанди вафот этса, Аллоҳ таоло фаришталарига: “Бандамнинг фарзанди рухини олдиларингми?” дейди. “Ҳа”, деб жавоб беришади улар. “Қалбининг мевасини қабз қилдиларингми?” дейди сўнг. “Ҳа”, деб жавоб беришади яна. “Бандам нима деди?” деб сўрайди Аллоҳ таоло. Фаришталар: “Сенга ҳамд ва истиржоъ (инна лиллаҳи ва инна илайҳи рожиун) айтди”, дейишади. Шунда Аллоҳ таоло: “Бандам учун жаннатда бир уй қуринглар ва уни ҳамд уйи, деб атанглар”, дейди ”, дедилар (Имом Термизий ривояти).
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Аллоҳ таоло айтади: “ Дунё аҳли ичидаги севимли кишисини қабз қилганимда савоб умид қил(ил сабр қил)ган мўмин бандам учун Менинг хузуримда жаннатдан бошқа мукофот йўқ!” (Имом Бухорий ривояти).
Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Бир мусулмон кишининг балоғатга етмаган уч фарзанди вафот этса, Аллоҳ уларга бўлган раҳматининг фазли туфайли уни албатта жаннатга киритади”, дедилар (Имом Бухорий, Имом Муслим ривояти).
Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.“ Бир киши: “Ё Аллоҳнинг Расули, “Қул ҳуваллоҳу аҳад” сурасини яхши кўраман”, деганида, у зот: “Албатта, буни яхши кўришинг сени жаннатга киргизади”, дедилар. (Имом Бухорий, Имом Термизий ривояти).
Умму Ҳабиби розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни: “Бир мусулмон банда Аллоҳ таоло учун ҳар куни ўн икки ракат фарздан ташқари ихтиёрий намоз ўқиса, Аллоҳ таоло у кишига жаннатда уй қуради ёки жаннатда уй қурилади”, деб айтганларини эшитдим (Имом Муслим ривояти).
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Умра (кейинги) умрагача иккаласи орасидагиларга каффоратдир. Мабрур ҳажнинг мукофоти эса фақат жаннатдир”, дедилар (Имом Бухорий, Имом Муслим ривояти).
Саҳл ибн Саъд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ким менга икки жағи ва икки оёғи орасини (сақлашга) кафолат берса, унинг жаннатга киришига кафолат бераман”, дедилар (Имом Бухорий, Имом Муслим ривояти).
Оиша розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ким бир мусулмон оилага хурсандчилик киритса, Аллоҳ таоло мана шу киши учун жаннатдан бошқа мукофот бўлишига рози бўлмайди”, дедилар (Имом Табароний ривояти).
Тошкент шаҳридаги “Мевазор” масжиди имом-ноиби
Ёрбек ИСЛОМОВ
тўплади.
Ростгўйлик жамият равнақи!
Ростгўйлик жамият равнақи ва шахслар ўртасидаги ишончнинг бардавом ва барқарор бўлишига кафил бўладиган сифатлардан бири. Шунинг учун фазилатларнинг асоси ва миллат тараққиётининг белгиси, деб эътибор қилинади. Агар бу сифат йўқолса, ўрнига ишончсизлик келади ва ҳамжиҳатлик йўқолади. Ростгўйлик жамиятдаги энг зарур омиллардандир. Зеро, ундан кўп хайрли ишлар ҳосил бўлади. У билан ҳақ-ҳуқуқлари қайтарилади. Ростгўйлик орқали одамлар ўртасида ишонч ҳосил бўлади. Шунинг учун Қуръонда мўминлар бу сифатни хулқ қилиб олишга даъват қилиб айтилади:
“Эй иймон келтирганлар! Аллоҳдан қўрқингиз ва (иймонда) содиқ кишилар билан бирга бўлингиз!” (Тавба, 119).
“Эй, мўминлар! Аллоҳдан қўрқингиз ва тўғри сўзлангиз!” (Аҳзоб, 70).
Ҳадисда шундай дейилади: “Тўғрилик, ростгўйлик яхшиликка олиб келади. Яхшилик эса жаннатга олиб келади”.
Жунайд Боғдодий ростгўйлик борасида шундай деган: “Ростгўй инсон 40 йил бир ҳолатда бўлади. Риёкор эса бир кунда 40 марта ўзгаради”.
Тарихий асарларда ёзишларича, халифа Мустаршид ўз ўғлига ёзган васиятномасида шундай деган: “Эй фарзанд, агар ҳамма халқ сендан қўрқишини хоҳласанг, зинҳор ёлғон сўзлама, чунки ёлғончи киши беҳайбат бўлади. Агар минг қилич уни ҳимоя қилса, яъни минг киши ўткир тиғ ва шону шавкат ва азамати учун тутиб турсалар ва лекин унинг забони шамширида ростгўйлик жавҳари бўлмаса, халойиқ назарида ҳеч ҳайбати ва салобати бўлмас”.
Юқоридаги гаплардан хулоса қилиб, омма халқимизни ростгўйликка чақирамиз ва Аллоҳдан бу борада тавфиқ ва офият сўраймиз!
Муҳаммадий Эргашев,
“Аҳмаджон қори” жоме масжид имоми
манба: nasihat.uz
Болага қаноатли бўлишни ўргатинг!
Қаноат – инсоний фазилатларнинг энг олийсидир. Бундай хислатга эга бўлган киши бахиллик, ҳасад, кўра олмаслик каби иллатлардан холи бўлади. Дунёда хотиржам ҳаёт кечиради. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳадисларининг бирида: “Ҳақиқий бойлик мол-мулкнинг кўплигида эмас, балки ҳақиқий бойлик нафснинг тўқлигидадир”, деганлар.
Дарҳақиқат, қаноатли киши тақдирига ёзилган ризқига рози бўлиб, ҳар қанча ҳаракат қилганда ҳам фақат Аллоҳ белгилаб қўйган ризққагина эга бўлиши мумкинлигини англаб етган бўлади. Натижада ортиқча мол-дунёга ҳирс қўймай, шукр қилиб яшайди.
Қаноат борасида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳаётлари барчамиз учун катта намунадир. Маълумки, У зот алайҳиссалом ўзлари ва оила аҳллари учун оддий ва камтарона ҳаёт тарзини ихтиёр этган эдилар. Бу эса тўкин ҳаёт кечириш имкониятлари йўқлигидан ёки ноилож қолганларидан эмас, балки оддий, камтарона кун кўришни афзал билганларидандир.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай марҳамат қилганлар: “Эҳтиёжидан ортмайдиган ризққа эга бўлиб, Аллоҳ берган ана шу ризққа қаноат қилиб яшаган мусулмон киши батаҳқиқ, нажот топибди” (Имом Муслим ривояти).
Ислом шариати мол-дунёни ҳалол йўл билан топишга ва шукрини доимий тарзда адо этишга буюради. Шунинг билан бирга мусулмонларни охиратни деб дунёни тарк қилмасликка, дунёни деб охиратни унутмасликка чақиради.
Дунё топиш учун ҳаром йўлларга кирмасдан, ҳалол йўл билан кифояланиш, қаноатли бўлиш даркор.
Ўтган улуғ зотларнинг солиҳа аёллари ва қаноатли фарзандлари оталари рўзғор ташвиши билан кўчага чиқиб кетаётганларида: “Биз ҳар қандай қийинчиликка, ҳатто очликка ҳам чидаймиз, аммо дўзах азобига бардош бера олмаймиз. Шунинг учун уйга ҳаром ризқ олиб келманг!” дер эканлар.
Муслим АТАЕВ,
Фатво бўлими ходими
ЎМИ Матбуот хизмати