muslim.uz
Ҳалоллик – жиноятчилик кушандаси
Жамият учун хавфли хатти-ҳаракатга “жиноятчилик” деб аталади. Демак, жамиятнинг жиноятчиликка қарши курашишининг сабаби – ўзини хавф-хатардан ҳимоя қилиш экан. Борди-ю, ўша хатар туғдирувчи жиноятчилик жамиятнинг ўз бағридан чиқса-чи, бундай вазиятда унга қарши курашиш чандон мушкул бўлади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида 27 июль куни жиноятчиликнинг олдини олиш, давлат идоралари ва жамиятнинг бу борадаги масъулиятини ошириш масалаларига бағишлаб ўтказилган видеоселектор йиғилишида қонун устуворлигини таъминлаш ва жиноятчиликни жиловлаш борасида салмоқли ишлар амалга оширилаётгани, соҳани такомиллаштиришга оид 80 дан ортиқ қонун ҳужжати қабул қилингани, Ички ишлар идоралари тузилмаси тўлиқ янгилангани, илгари барча ходимларнинг 60 фоизи шаҳар ва туман бошқармаларида, 40 фоизи жойларда фаолият юритган бўлса, бугунги кунда ходимларнинг 65 фоизи аҳолига яқин ишлаш учун маҳаллаларга йўналтирилгани, бунинг натижасида 2017 йилда жиноятлар 2016 йилга нисбатан 16 фоизга, жорий йил 6 ойида эса 39 фоизга камайгани, лекин қасддан одам ўлдириш, қасддан баданга оғир шикаст етказиш, талончилик, босқинчилик, ўғрилик ва фирибгарлик жиноятларининг сони юқорилигича қолгани таъкидланди.
“Агар ҳамма бирдек жон куйдириб, оилалар муаммоларидан тўлиқ хабардор бўлиб, уларни ҳал этишга кўмаклашган, жиноятчиликнинг барвақт олдини олганда эди, бугун натижалар умуман бошқача бўларди. Афсуски, жиноятчиликка қарши курашишда ҳалигача эскича ишлаш тизимидан воз кеча олмаяпмиз. Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар бу фаолиятга кўрсаткичларни олдинги давр билан таққослаш орқали баҳо бериб келмоқда. Аслида битта бўлса ҳам жиноят бўлгани ҳаммамизни ташвишга солиши керак”, деди Шавкат Мирзиёев.
Президентимизнинг нутқидан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар жиноятчиликнинг камайганини эскича усулда рақамларга таянган ҳолда баҳолашаётгани маълум бўлади. Аммо хавфлилик даражаси юқори бўлган қасддан одам ўлдириш ва фирибгарлик жиноятлари кўрсаткичи эса ҳамон юқорилигича қолмоқда. Нега?..
Бола тарбиясига ота-она, мактаб, маҳалла масъул. Ана шу учликнинг самарали фаолият юритиши ва ҳуқуқ тартибот идораларининг ҳушёрлиги самараси ўлароқ юртимизда жиноятчилик бошқа республикалар билан қиёслаганда бир оз пастроқ. Буни ҳам эътироф этмоғимиз жоиз. Аммо давлатимиз раҳбари айтганидек, битта жиноят содир бўлса ҳам ҳаммамизни ташвишга солиши керак.
Таълим ва тарбия масаласига истиқлолнинг илк йиллариданоқ жиддий эътибор қаратилиб, бу соҳа давлатимиз сиёсатининг устувор вазифаларидан бири бўлиб келаётган паллада нима учун жиноятчиликнинг янгидан янги кўринишлари пайдо бўлаётир, нега уларнинг сонини кескин камайтиришга эришиб бўлмаяпти? деган савол кўплаб фикр эгаларини ўйлантириб келмоқда.
Бунинг сабабини қидириб, телевидение, интернет, ижтимоий тармоқларни ҳам айбдор қиляпмиз. Уларнинг жиноятчиликни келтириб чиқарувчи беҳаёликни, одобсизликни ва бошқа иллатларни тарғиб қилувчи сериалларини, видеотасвирларини... топиб айтяпмиз ҳам. Жамоатчиликнинг норозилигига сабаб бўлаётган томошаларни имкон қадар тўхтатишга эришяпмиз ҳам. Ана шундай саъй-ҳаракатлар натижасида жиноятчиликка бирмунча барҳам ҳам бериляпти. Аммо уни таг-томири билан қуритиш у ёқда турсин, кескин камайтириб олишга ҳам эриша олмаяпмиз.
Ўтган йилнинг 15 ноябрида мамлакатимизда ҳуқуқбузарликлар профиликтикаси ва жиноятчиликка қарши курашиш борасида белгиланган вазифалар ижроси, бу борада мавжуд муаммолар ва уларни ҳал этиш масалаларига бағишланган катта видеоселекторда давлатимиз раҳбари фақат жазо қўллаш таҳдиди билан эмас, аввало, аҳоли онгига жиноятга қўл урмаслик, бировнинг ҳақига хиёнат қилмаслик, Ватанга садоқатли бўлиш, атрофдаги инсонларга юксак ҳурматда бўлиш каби фазилатларини сингдириш лозимлигини таъкидлаган эди.
Ана шу – жиноятчиликка қарши курашишнинг энг самарали йўлидир. Зеро, ўтган аждодларимиз ҳаётига назар солсак, фазилатли зотларнинг барчаси фазилатли ота-оналардан дунёга келганига гувоҳ бўламиз. Шундай экан, юртбошимиз айтганидек, одамларимизнинг онгида бировнинг ҳақидан қўрқиш, Ватанни севиш, атрофдаги инсонларни ҳурмат қилиш туйғуси устувор бўлса, жиноятчиликка ҳеч қандай ўрин қолмайди ва бу иллат ўз-ўзидан барҳам топиб кетади.
Бинобарин, Аллоҳ таоло Ўз каломи шарифида айтади:
يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آَمَنُوا لَا تَأْكُلُوا أَمْوَالَكُمْ بَيْنَكُمْ بِالْبَاطِلِ إِلَّا أَنْ تَكُونَ تِجَارَةً عَنْ تَرَاضٍ مِنْكُمْ وَلَا تَقْتُلُوا أَنْفُسَكُمْ إِنَّ اللَّهَ كَانَ بِكُمْ رَحِيمًا
“Эй имон келтирганлар! Мол-мулкларингизни ўртада ноҳақ (йўллар) билан емангиз! Ўзаро розилик асосидаги тижорат бўлса, у бундан мустасно” (Нисо сураси, 29-оят).
Ушбу ояти каримадан кишининг моли кишига ҳалол бўлмаслигини, тижорат асосида рози-ризолик билан ризқ топиш муҳим масала экани аён бўлади. Ана шу ояти каримани ўрганган, Аллоҳ таолонинг ана шу амрига итоат қилган киши жиноят қилиш у ёқда турсин, бирор сабаб бўлиб кимсанинг зиғирдеккина ҳақи ўзига ўтиб қолса ҳам ором топмайди.
Президентимиз маърузасида одамларни жиноятчиликни таҳдид билан қўрқитишдан кўра, уларни жиноятчиликнинг оқибатларидан хабардор қилиш самарали эканини муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари ғоят содда ва тушунарли усулда қуйидагича таърифлаган эдилар: “...ҳуқуқбузарликлар ўз-ўзидан содир этилмайди. Шундай экан, асосий эътиборни ҳуқуқбузарликни оқибатлари билан курашишга эмас, балки, барвақт унинг олдини олиш ва ўз вақтида бартараф этишга қаратишимиз зарур. Масалан, фарзанд пиёлани синдиргандан кейин унга ҳар қанча танбеҳ бериш фойдасиздир. Ундан аввал болага пиёлани асраб-авайлаш тўғрисида насиҳат қилиш катта самара беради”.
Дарҳақиқат Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам муборак ҳадиси шарифларининг бирида:
"ما نَحَلَ وَالِدٌ وَلَداً أفضل من أدبٍ حَسَنٍ"
яъни: “Ота фарзандига берадиган нарсаларнинг ичида энг афзали гўзал одобдир”, деганлар (Имом Термизий ривояти).
Президентимиз тарбия борасида шундай деганлар: “Маълумки, ёш авлод тарбияси ҳамма замонларда ҳам муҳим ва долзарб аҳамиятга эга бўлиб келган. Аммо биз яшаётган XXI асрда бу масала ҳақиқатан ҳам ҳаёт-мамот масаласига айланиб бормоқда”. Чунки бугунги аср болаларига дунёнинг аллақайларидаги мутлақо ахлоқсиз кимсалар ҳам таъсир кўрсатишга уринмоқдаки, бундан уларни асрамоғимиз бизнинг Раббимиз, Ватанимиз, халқимиз олдидаги муқаддас бурчимиздир.
Дамин ЖУМАҚУЛ
ЎМИ Матбуот хизмати
Раҳмдиллик – инсон табиатидаги энг гўзал туйғу
Аллоҳ таолонинг гўзал исмларининг аксари раҳмат, карам, фазл ва афв маъноларидан келиб чиққан бўлиб, бу Парвардигорнинг башариятнинг гуноҳларини кечиб юбориши улардан интиқом олиши ва ғазабланишидан кўра кўпроқ содир бўлишини англатади. Шунинг учун ҳам Аллоҳ таоло ҳадиси қудсийда: “Албатта, раҳматим ғазабимдан ғолибдир”, - деган бўлса (Имом Муслим ривояти), Қуръони каримда эса бандаларига: “Эй, Раббим! (Гуноҳларимизни) мағфират эт ва (ҳолимизга) раҳм айла! Сен (ўзинг) раҳм қилувчиларнинг яхшисидирсан”, деб айтинг”, - деб таълим берган (Мўминун сураси, 118-оят).
Раҳмдиллик – бу инсон табиатидаги энг гўзал туйғу бўлиб, айнан мана шу туйғу орқали инсон ўзгаларнинг ғам-андуҳларини ҳис қилади, уни бартараф этишга ошиқади, хато ва камчиликларига ўкинади ва доимо тинчлик ва хотиржамлик бўлиши орзуси билан яшайди.
Ер юзидаги барча мавжудот ва махлуқотларнинг ўзаро меҳрибон ва раҳмдилликлари Аллоҳ таолонинг уларга Ўз раҳматидан берган бир бўлагининг тажаллисидир. Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам шундай марҳамат қилганлар:
“Аллоҳ таоло Ўз раҳматини юз бўлак қилди ва ундан бир бўлгини ерга туширди. Ана шу бўлак туфайли халойиқ бир-бирига меҳр кўргазади, ҳатто ҳайвон ҳам боласини босиб олишдан қўрқиб туёғини кўтаради” (Имом Бухорий ривояти).
Ислом дини таълимоти инсонларни нафақат одамзодга нисбатан балки, бизни иҳота қилиб турган барча мавжудотларга ҳам бирдек меҳрибон бўлишликка тарғиб қилади. Ҳатто, жамият учун хавф туғдирадиган унсурларни бартараф этиш ҳам, зарарли ҳайвон ёки ҳашаротларни ўлдиришга изн берилиши ҳам қайсидир маънода инсоният учун қилинган меҳрибончиликнинг бир кўринишидир. Жарроҳ ҳам жароҳатни даволаш учун беморнинг танасига тиғ уради, аъзоларини кесади ва албатта, буни фақат беморни даволаш мақсадида, унга нисбатан раҳм-шафқат юзасидан қилади.
Инсон шунчалик ожиз бандаки, гоҳида билиб ёки билмай гуноҳ ишга қўл уриб қўйганда тавба ва истиғфор билан бирга Аллоҳ таолонинг “ғофурур раҳийм” сифатидан умид қилади. Бу эса ҳар бир инсон Аллоҳнинг нақадар кечиримли ва марҳаматли зот эканини эътироф этишини англатади.
Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам ҳадисларининг бирида: “Аллоҳнинг хулқлари билан хулқланинглар”, - деб марҳамат қилганлар. Аллоҳнинг марҳаматидан умидвор бўлган кимса ўзгаларга ҳам марҳаматли бўлиши лозимдир. Мана шуни таъкидлаган ҳолда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам:
“Одамларга раҳмли бўлмаган кимсаларга Аллоҳ ҳам раҳм қилмайди”, - деганлар (Имом Бухорий ривояти). Бошқа бир ҳадисда эса: “Кимки унинг учун жаннатда бинолар қурилишини ва даражалари кўтарилишини ҳоҳласа, зулм қилганни авф этсин, бермаганга берсин ва орани узганга силаи раҳм қилсин”, – деганлар (Имом Ҳоким ривояти).
Юқоридагилардан хулоса қиладиган бўлсак, ўзгаларга нисбатан раҳмдил ва мурувватли бўлиш энг улуғ фазилатлардан бўлиб, ҳар бир инсон ўзида мазкур фазилатни зиёда бўлишига ҳаракат қилмоғи лозим. Зеро, раҳмдиллик туйғуси бизларнинг қонимизга шунчалик сингиб кетганки, ўзаро меҳр-оқибат, катталарга ҳурмат, кичикларга иззат ҳамда кечиримли бўлиш ҳисси ҳалқимизга хос фазилатга айланган.
Аброр САЙФУДДИНОВ,
“Ҳазрати Имом” жоме масжиди имом-ноиби
Расулуллоҳ – жоҳилият зулматини ёритган нур эдилар
Қуръони Карим оятларига диққат билан назар солсак, “Сирож” калимаси Қуёшга, “Мунийр” калимаси Ойга сифат қилиб келтирилганини, шу икки калима бир вақтнинг ўзида Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга ҳам сифат қилиб келтирилганини кўрамиз.
“Сирож” (سراج) калимаси ҳам, “Мунийр” (منير) калимаси ҳам Қуръонда иккита оятда келган.
Биринчи оятда бу калималар Қуёш ва Ойнинг сифати бўлиб келган. Аллоҳ таоло шундай деб марҳамат қилади:
تَبَارَكَ الَّذِي جَعَلَ فِي السَّمَاء بُرُوجاً وَجَعَلَ فِيهَا سِرَاجاً وَقَمَراً مُّنِيراً
“Осмонда буржлар қилган ва унда чироқ ва нур сочгувчи ой қилган Зот баракотли-буюк бўлди” (Фурқон сураси, 61-оят).
Иккинчи оятда бу калималар Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сифатлари бўлиб келган. Аллоҳ таоло шундай деб марҳамат қилади:
يَا أَيُّهَا النَّبِيُّ إِنَّا أَرْسَلْنَاكَ شَاهِداً وَمُبَشِّراً وَنَذِيراً وَدَاعِياً إِلَى اللَّهِ بِإِذْنِهِ وَسِرَاجاً مُّنِيراً
“Эй Набий, албатта, Биз сени гувоҳлик бергувчи, хушхабар элтгувчи ва огоҳлантиргувчи, Ўз изни ила Аллоҳга даъват қилгувчи ҳамда нурли чироқ қилиб юбордик”. (Ушбу оятда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг тўртта вазифалари ва битта сифатлари зикр қилинмоқда. Ҳа, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам жоҳилият зулматларидаги нурли чироқдирлар. Турли зулматлар ичида йўлини топа олмай, уриниб-суриниб юрган кишиларни Исломнинг ёруғ йўлига бошловчи нурли чироқдирлар) (Аҳзоб сураси, 45-46-оятлар).
Айтганимиздек, биринчи оятда “Мунийр” калимаси Ойнинг сифати бўлиб келди. Дарҳақиқат, Ой ўзидан нур ишлаб чиқармайди, балки Қуёшдан келаётган нурни қайтаради. Шунинг учун уни мунийр – нур сочувчи дейилади. “Сирож” эса Қуёшнинг сифти бўлиб келди. “Сирож”нинг маъноси чироқдир.
Кейинги оятда “Мунийр” ва “Сирож” сўзлари Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сифатлари бўлиб келди.
Ҳа, у зот соллаллоҳу алайҳи васаллам Қуёш каби эдилар. Худди Қуёшсиз ҳаёт бардавом бўлмаганидек, у зотсиз ҳам ҳаёт давом этмасди.
Ҳа, у зот соллаллоҳу алайҳи васаллам Ой каби эдилар. Худди Ой кечаларни ёритгани каби у зот ҳам Роббиларидан қабул қилиб олган ҳақ нури ила мўинларнинг ҳаётини ёритадилар.
Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳеч қачон ўз нафсларидан бир гап айтиб, “Мана шу шариат кўрсатмаси” демаганлар. У зот алайҳиссаломнинг барча айтган гаплари, қилган ишлари Аллоҳ тарафидан келган ваҳий асосида бўлган. Ой каби ўзларига келган ваҳий нурини атрофларига акслантирар, таратар, етказар эдилар. Шунинг учун Аллоҳ таоло Қуръони Карим ҳақида шак қилувчиларга раддия қилиб шундай деган:
وَإِذَا تُتْلَى عَلَيْهِمْ آيَاتُنَا بَيِّنَاتٍ قَالَ الَّذِينَ لاَ يَرْجُونَ لِقَاءنَا ائْتِ بِقُرْآنٍ غَيْرِ هَـذَا أَوْ بَدِّلْهُ قُلْ مَا يَكُونُ لِي أَنْ أُبَدِّلَهُ مِن تِلْقَاء نَفْسِي إِنْ أَتَّبِعُ إِلاَّ مَا يُوحَى إِلَيَّ إِنِّي أَخَافُ إِنْ عَصَيْتُ رَبِّي عَذَابَ يَوْمٍ عَظِيمٍ
«Қачонки, уларга очиқ-ойдин оятларимиз тиловат қилинганида, Бизга мулоқот бўлишдан умиди йўқлар: «Бундан бошқа Қуръон келтир ёки уни алмаштир», дедилар. Сен: «Мен ўзимча уни алмаштира олмайман. Мен фақат ўзимга ваҳий қилинган нарсага эргашаман, холос. Албатта, мен Роббимга осийлик қилсам, улуғ куннинг азобидан қўрқаман», деб айт». (Бу гапни ўта кетган жоҳилларгина айтиши мумкин. Улар ваҳий нима эканини билишни ҳам хоҳламайдилар. Унинг кимдан чиққанини ҳам, унинг инсоният учун аҳамиятини ҳам билмайдилар. Яъни, Қуръоннинг ўрнига бошқа нарса келтириб ёки уни алмаштириб, Роббимга осийлик қилсам, улуғ қиёмат кунининг азобига дучор бўлишдан қўрқаман. Пайғамбар бўлатуриб у зот соллаллоҳу алайҳи васаллам шунчалик қўрқсалар, Қуръон ўрнига бошқа дастур келтираётган ва унинг оятлари ёки ҳукмларини алмаштираётган оддий одамларни нима деса бўлар экан?!) Юнус сураси, 15-оят
Абдуддоим Каҳелнинг мақоласини
Нозимжон ИМИНЖОНОВ
таржима қилди
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатлари (42-қисм): Касал кўргани борганда ўқиладиган дуо
Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам):
Асъалуллоҳал аъзим Роббал аършил аъзим ан яшфияка.
Маъноси: “Буюк Аршнинг Рабби Аллоҳдан сенга шифо беришини тилайман”, деб дуо қилардилар.
Туркманистонлик 153 нафар киши давлат ҳисобидан Ҳажга боради
Туркманистон Республикасидан 153 нафар фуқаро давлат ҳисобидан Саудия Арабистонига Ҳаж зиёратини амалга ошириш учун бориши маълум қилинди. Бу ҳақда Туркманистон Республикаси президенти Гурбангули Бердимуҳамедов томонидан имзоланган қарорда айтиб ўтилган.
"islamisemya.com" нашрининг хабар беришича, Туркманистон ҳаво йўллари компанияси 153 нафар кишини Ҳаж зиёратига олиб бориш ва олиб келиш учун рейсни амалга оширади.
Ушбу зиёратчиларнинг зиёрати 2018 йилнинг 5 августидан 27 августига қадар давом этиши маълум қилинган.
ЎМИ Матбуот хизмати