muslim.uz
Умр сафаридан олинадиган фойдалар
Ҳаждан кўзланган асосий мақсад, Аллоҳ улуғлаган ва шарафлаган муқаддас маконда Унинг зикрини қоим қилиш ва ундаги фойдалар ва яхшиликларга шоҳид бўлиш ва қўлга киритишдир. Бу эса банданинг дунё ва охиратда саодат топишига сабаб бўлади.
«Одамлар орасида (юриб уларни) ҳажга чорлагин! (Шунда)улар сенга (Каъбага) пиёда ва ҳар қандай туяда узоқ йўллардан келурлар. Улар ўз (диний ва дунёвий) манфаатларига шоҳид бўлиш учун ва маълум кунларда(Аллоҳ) уларга ризқ қилиб берган чорва ҳайвонларига(қурбонлик учун сўйишда) Аллоҳ номини зикр қилиш учун келурлар. Бас, ундан ўзларингиз ҳам еяверингиз, бечора камбағалларга ҳам едирингиз!» (Ҳаж, 27-28).
Уламолар, Қуръони карим ва суннати шарифда келган далиллардан фойдаланиб ҳаждан олинадиган фойдаларнинг баъзиларини зикр қиладилар.
1) Масжидул ҳаромда ўқилган намоз бошқа жойдаги намозлардан афзаллиги.
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: «Менинг масжидимда ўқилган намоз бошқа масжидларда ўқилган намоздан минг марта афзалдир. Масжидул ҳаромда ўқилган намоз бошқа масжидларда ўқилган намоздан юз минг марта афзалдир» (Имом Аҳмад ва Имом Ибн Можа ривояти).
2) Мабрур ҳаж, энг афзал амаллардан биридир.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан: «Қайси амал афзал?» деб сўралди. «Аллоҳга ва Унинг Расулига иймон келтириш», дедилар. «Кейин нима?» дейилди. «Аллоҳнинг йўлида жиҳод қилиш», дедилар. «Ундан кейин нима?» дейилди. «Мабрур ҳаж», дедилар» (Икки шайх ва Насаий ривоят қилган).
3) Гуноҳлар мағфират қилинади.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким Аллоҳ учун ҳаж қилса, фаҳш сўз айтмаса ва фисқу фасод қилмаса, худди онаси туққан кунидек қайтади», дедилар».
4) Мабрур ҳажнинг мукофоти жаннатдир.
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Умрадан кейинги умра иккисининг орасидаги нарсаларга каффоротдир. ҳажжи мабрурнинг мукофоти жаннатдан бошқа нарса эмас», дедилар».
5) Ҳожилар ва умра қилувчилар Аллоҳнинг меҳмонларидир.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Ҳожилар ва умра қилувчилар Аллоҳнинг меҳмонларидир, агар Унга дуо қилсалар дуоларини қабул қилади, Ундан мағфират сўрасалар уларни мағфират қилади” (Ибн Можа ривоят қилган).
6) Ҳажда қилинган нафақа Аллоҳ йўлида қилинган нафақа кабидир.
Бурайда розияллоҳу анҳу отасидан ривоят қилади:
“Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
“Ҳажга қилинган нафақа Аллоҳ йўлида қилинган нафақа кабидир. Бир дирҳам эвазига етти юз баробардир” дедилар” (Муъжамул авсат).
7) Унда шифобахш замзам суви бор
Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:
“У замзам сувини шиша идишларда кўтариб олиб кетар ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай қилар ва касаллар устидан қуяр ва уларга ичкизар эдилар деб айтарди”.
Юқорида зикр қилинган фазилатлар, улуғ манфаатлар бўлиб, ҳожилар ҳаж ибодати давомида бу файзу баракотларга ноил бўладилар.
Аллоҳ таоло муборак сафарга кетган ва кетиш арафасида юрган ҳожиларимизни соғу саломатликда ибодатларини адо этиб, гуноҳлардан покланиб келишларини насиб қилсин. Муқаддас жойларда ўзлари, фарзандлари, сизу биз ватандошлари ҳақларига қилган дуоларини қабул этсин. Уларнинг дуолари шарофати ила юртимизнинг тинч ва осойишталигини бардавом айласин.
Нўъмонжон СОЛИЕВ
Тошкент тумани
“Чувалачи” жоме масжиди имом-хатиби
Ҳиндистон мактабларига бахт дарси киритилди
Деҳлидаги мактабларга бахт дарси жорий қилинди. Таълим вазири ўринбосари Маниша Сисолининг таъкидлашича, бахт дарси минг йиллар давомида ўтиб келинган. Дарс 30-45 дақиқа давом этади.
Дарс қоидасига кўра, ўқувчилар ёшига қараб гуруҳларга бўлинади: битта гуруҳда мактабгача таълим ёшидигилардан тортиб иккинчи синфгача бўлган ўқувчилар; иккинчи гуруҳда учинчи синфдан бошлаб бешинчи синфгача бўлган ўқувчилар ва учинчи гуруҳга 6-синфдан 8-синфгача бўлган ўқувчилар киради.
Ўқувчиларнинг дарсни қанчалик ўзлаштиргани баҳоланмайди, чунки бу дарсда тест ва уй вазифалари бўлмайди. Дарснинг мақсади – ўқувчиларнинг онгини, ҳушёрлигини ошириш, салбий фикрлардан йироқ бўлишга ёрдам этиш, муомалани ўргатиш, сиқилишларни бартараф этишдан; талабаларда эса ўзини ҳар қандай вазиятда қўлга ола билиш, турли вазиятларда тезкор қарор қабул қила олиш ва ботинидаги қувватни ишга солишни ўргатишдан иборат.
Бахт дарси болаларда руҳий тушкунликка тушиб қолиш, сиқилишларга барҳам бериш ва безовталанишнинг олдини олади. Дарснинг фаолият йўналиши ўз қадрини ҳис қилишни, фикрини тиниқ ифода этиш ва руҳий тарбияни ўзида мужассам этади.
Дарснинг самарадорлигини Деҳли ҳукумати қошида ташкил этилган 200 ўқитувчидан иборат комиссия кузатиб боради.
Маълумотларга кўра, Ҳиндистон ўсмирларининг тўртдан бир қисми 13 дан 15 ёшгача кучли депрессияни бошдан кечиради.
Робия ЖЎРАҚУЛОВА
тайёрлади.
ЎМИ Матбуот хизмати
Янги уйлар – янги орзулар (Тўртинчи мақола)
“Халқ давлат идораларига эмас, давлат идоралари халқимизга хизмат қилиши керак”. Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг бу ҳаётбахш ғояси бугун мамлакатимизда амалга оширилаётган туб ислоҳотларни ҳаракатлантирувчи кучга айланиб, халқимиз ҳаётидаги улкан ўзгаришларга асос бўлмоқда. Хусусан, мамлакатимиз раҳбари ташаббуси билан аҳолининг уй-жой шароитини яхшилаш, айниқса, уй-жойи йўқ, эҳтиёжманд, ногиронлиги бўлган шахсларни қўллаб-қувватлаш мақсадида янги тизим амалиётга жорий қилингани бунинг яққол далилидир.
Мазкур тизим самарасида ўз уйига эга бўлмаган, ногиронлиги бўлган юртдошларимизга узоқ муддатли имтиёзли ипотека кредити асосида уйлар ажратилиб, бошланғич бадали давлатимиз томонидан тўлаб берилмоқда. Жиззах ва Самарқанд вилоятларида ҳам ана шундай инсонлардан бир гуруҳи янги уйларга кўчиб кирди.
Президентимиз Шавкат Мирзиёев Олий Мажлисга Мурожаатномасида мазкур ўткир ижтимоий муаммонинг амалий ечимини кўрсатиб бергани замирида халқ дарди, инсонларнинг дарду ташвишлари билан ёнаётган беором ва бедор қалб туғёнлари, шиддатли бунёдкорлик кучи ва қуввати бўй кўрсатди.
“Аҳолимизни, айниқса, кам таъминланган оилаларни уй-жой муаммоси кўпдан буён қийнаб келарди. Бу оғир ижтимоий муаммога биз деярли эътибор бермай келганимиз ҳам бор гап. Халқимизнинг талаб ва истакларини инобатга олиб, биз жорий йилда имтиёзли ипотека кредитлари асосида арзон уй-жойлар қуриш лойиҳасини амалга оширишга киришдик...
Одамларимизнинг ҳаётий эҳтиёж ва манфаатларини таъминлашда бу муҳим масаланинг нақадар ўткир ва долзарб муаммо бўлиб турганини ҳисобга олиб, бу ишларнинг ҳажмини оширган ҳолда, биз янги йилда ҳам албатта давом эттирамиз. Чунки, халқимиз эртага эмас, узоқ келажакда эмас, айнан бугун ўз ҳаётида ижобий ўзгаришларни кўришни истайди. Бизнинг меҳнаткаш, оқкўнгил, бағрикенг халқимиз бунга тўла ҳақлидир”.
Уй-жойга муҳтож, ногиронлиги бўлган фуқароларни қўллаб-қувватлаш мақсадида янги тизим амалиётга жорий қилингани самарасида ана шундай инсонларга тикув машиналари совға қилиниб, уларнинг ҳам ишлаб-даромад топиши, ҳам имтиёзли кредит асосида янги турар-жойга эга бўлиши учун ана шундай қулайликлар яратилмоқда.
Аниқ рақамларга мурожаат этамиз. Жиззах вилоятида 2017 йилда 831 нафар фуқарога намунавий лойиҳалар асосида арзон уй-жойлар берилган бўлса, уларнинг 519 таси ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларга топширилди. Президентимизнинг Виртуал қабулхонаси ва Халқ қабулхоналарига уй-жой масаласида мурожаат қилган ногиронлиги бўлган инсонларни имтиёзли кредит асосида уй-жой билан таъминлаш мақсадида бошланғич бадални тўлаб бериш учун 650 миллион сўм маблағ ажратилди.
Мирзачўллик Рустам Болибеков иккинчи гуруҳ ногирони. 3-гуруҳ ногирони бўлган турмуш ўртоғи Мавлуда Болқибоева ва 3 фарзанди билан таъмирталаб аҳволдаги ижара уйда яшаб келаётган эди. Президент Халқ қабулхонасига мурожаатидан сўнг дастлаб унга бепул тикув машинаси берилиб, пахта тозалаш корхонасига касаначи сифатида ишга бириктирилди. Янги уй-жой учун 12,5 миллион сўм маблағ бошланғич бадал сифатида ўтказиб берилди ва оила қулайликларга эга бўлган икки хонали замонавий хонадонга кўчиб кирди.
Ирина Мишанованинг ота-онаси бир вақтлар чўлни ўзлаштириш учун бу заминга келиб, яшаб қолган. Бироқ улар 1975 йилдан бери чўлқуварлар учун вақтинча қурилган кулбада, айрим ҳолларда туман машина-трактор парки қоровулхонасида яшаб келган. Камига Ирина болаликдан ногирон: қийналиб ҳаракатланади, шу ҳолида ёлғиз ўғлини ўзи катта қилмоқда. Иринанинг ҳаётини тубдан яхшилаш учун аввал у касаначи сифатида иш билан таъминланди, Президентимиз ажратган маблағ ҳисобидан уй учун бошланғич бадал пули тўлаб берилди.
Ғаллаорол туманининг Олимлар маҳалласида яшовчи Дилфуза Тоирова саломатлиги ёмонлашгач, уч марта жарроҳлик амалиётини ўтказди. Тор ва таъмирталаб хонадонда яшаётган 7 жон – икки оиланинг топган-тутгани Дилфуза опани даволашга сарф бўлган. Ўз-ўзидан равшанки, бу оила учун янги уй олиш тугул, борини таъмирлаш ҳам ушалмас орзудек туюлар эди. давлатимиз раҳбари томонидан халқимизни ҳаётдан рози бўлиб яшаши йўлида олиб борилаётган шиддатли ислоҳотларнинг қудратли тўлқини бу оила ҳаётида ҳам янги бир саҳифа очди.
Пахтакорлик Жамшид Пардаев айни навқирон ёшида автоҳалокатга йўлиқиб, 2-гуруҳ ногирони бўлиб қолган. Бор даромади соғлигини тиклашга кетди. 2 хонали уйда 9 кишидан иборат икки оила сиқилиб яшаётгани боис унда ҳам алоҳида уй-жойга эҳтиёж бор эди. Бироқ қўли калта, ўзи бу аҳволда: осмон узоқ, ер қаттиқ. Агар Президентимиз асос солган янги тизим бўлмаганида, бу оила бошидаги оғир ташвишлар ёқимсиз бир тушдек ортда қолармиди?..
Пахтакор туманининг “Пахтакор” қишлоқ фуқаролар йиғинида яшаётган 1-гуруҳ ногирони Шуҳрат Жозилов педагогика институтида ўқиб, олий маълумотли бўлган. Унинг ота-онасида ҳам ногиронлик бор. Ижтимоий ҳимояга муҳтож бу оиланинг ҳам уй-жойга эҳтиёжи бор эди. Уларни узоқ йиллар давомида қийнаб келган муаммо Президентимизнинг Халқ қабулхонасига мурожаатдан сўнг ечим топди.
Зарбдорлик 1-гуруҳ ногирони Бобомурод Хўжакелдиев қарийб 10 йилдирки, турли жойларда ижарада яшаб келаётган эди. Икки фарзанди вояга етаётган бу оиланинг барча ташвиши хонадон бекасининг зиммасида қолиб кетган эди. Президент эътибори туфайли Хўжакелдиевлар оиласининг ҳам уй-жой ва бандлик билан боғлиқ муаммолари ҳал бўлди. Энди улар барча қулайлик ва шароитларга эга янги хонадон соҳиби.
Табиийки, уй эгалари кредитларнинг қолган қисмини тўлаб бориши учун уларга иш ўринлари керак. Бу борада Мирзачўл туманида хайрли лойиҳага қўл урилди: туман ҳокимлиги қошида ташкил этилган тикувчилик корхонасида ногиронлиги бўлган 8 нафар хотин-қиз доимий иш билан таъминланди. Корхона ўқув курсида эса ана шундай аёлларга тикувчиликни ўргатиш йўлга қўйилди.
Жиззах шаҳри, Зилол маҳалласида яшовчи Икром Иномовни кўпчилик уста соатсоз деб билади. Аслида Икром ака бу ҳунарни анча йиллар олдин оғир хасталикдан қийналиб, политехника институтидаги ишини ташлашга мажбур бўлганида ўрганган. Ҳозир эса оиласи билан тадбиркорликни йўлга қўйган: новвойчилик ва мўъжаз иссиқхонадан келаётган даромад уни ҳам, оиласини ҳам бировнинг қўлига қарам қилиб қўймади. Инсон бор вужуди билан ҳаётга, ёруғликка интилса, ўз тақдирига ўзи таъсир қила олишини амалда исботлаётган Икром Иномов кўксида ярақлаб турган давлатимизнинг юксак мукофоти – “Жасорат” медали унинг букилмас иродасидан ҳикоя қилаётгандек гўё.
Жиззах вилоятида ҳам давлат ва жамиятнинг алоҳида эътиборига муҳтож юртдошларимиз турмуш сифати ва ҳаёт даражасини яхшилаш йўлида катта ишлар амалга оширилмоқда ва давлатимиз раҳбарининг айни соҳадаги фармони ижросини таъминлаш юзасидан комплекс чора-тадбирларни амалга оширишга киришилди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг Виртуал қабулхонаси материаллари асосида Дамин ЖУМАҚУЛ тайёрлади.
Чумоли ер остига олиб кирган дон нега униб чиқмайди?
Нима учун чумоли ер остига тўплаб қўйган донлар ердан ўсиб чиқмайди?! Бу савол кўпчиликни қизиқтириши турган гап.
Олимлар тадқиқот олиб боришларича, чумоли ўзига керакли бўлган дон ва уруғларни ер остига тўплаб, жамғарганидан кейин уни иккига бўлиб қўяди. Чунки дон ва уруғлик иккига бўлиб қўйилса, ҳар қанча ер унумдор бўлмасин у ўсиб чиқмайди. Лекин чумоли кашнич донини тўрт бўлакка бўлганини кўргач, олимлар таажжубга тушишди. Бу хусусда керакли тадқиқот олиб боргач қуйидаги нарсани кашф қилдилар. Кашнич дони агар иккига бўлинса ҳам ўсиб чиқаверар экан. Лекин тўрт бўлакка бўлинса ўсиб чиқмас экан. Чумолига бу нарсани таълим берган Аллоҳ ҳар қандай айб нуқсонлардан покдир.
«Парвардигоримиз барча нарсага ўз ҳилқатини – шаклини ато этиб, сўнгра (уни) тўғри йўлга солиб қўйган зотдир».
(Тоҳа сураси, 50 оят)
Манба: Naqshband.UZ
E-VISA олиш учун мурожаатлар сони мингдан ортди
Ўзбекистонга кириш электрон визасини олиш учун мурожаат қилган хорижий мамлакатлар фуқаролари сони 23 июль ҳолатига кўра, яъни тизим ишга тушган вақтдан бошлаб бир ҳафта ичида 1000 нафардан ошди.
Kun.uz нашри Бош вазир ўринбосари Азиз Абдуҳакимов берган маълумотларга асосланиб, шу ҳақида хабар берди.
Жаҳоннинг 37 мамлакатида яшовчи 1012 нафар киши Ўзбекистонга кириш электрон визасини олиш учун мурожаат қилган, улардан 711 нафарини - эркаклар, қолган 301 нафарини эса аёллар ташкил қилмоқда.
E-VISA учун мурожаат қилган хорижий фуқаролар орасида энг кўпи Хитой (167 нафар), АҚШ (135) ва Буюк Британия (115) мамлакатлари ҳиссасига тўғри келмоқда.
Шунингдек Ҳиндистон (86), Франция (77), Польша (58), Испания (47), Италия (42), Канада (32), Нидерландия (32) каби мамлакатлар фуқаролари ҳам Ўзбекистонга кириш электрон визасига талабгорлар қаторидан ўрин олган.
Мурожаат қилган хориж фуқароларининг 556 нафарига E-VISA берилган, 456 нафарининг мурожаати текширув жараёнидан ўтмоқда.
Ўзбекистонда 15 июль кунидан бошлаб хорижлик фуқароларга республикада туристик мақсадларда бўлиш учун электрон кириш визаларини расмийлаштириш ишлари бошланган. Электрон виза хориж фуқаросига 30 кун муддатга Ўзбекистон ҳудудида бўлиш ҳуқуқини беради ва бу виза тақдим этилган кундан бошлаб 90 кун муддат ичида амал қилади. Берилган электрон виза хориж фуқаросининг e-visa.gov.uz порталига қилган мурожаатида кўрсатилган электрон манзилга жўнатилади.
Электрон визани расмийлаштириш учун мурожаат бериш Ўзбекистон Республикасига келиш санасидан уч иш кунидан кам бўлмаган муддатда амалга оширилади. Электрон кириш визасини олиш мурожаатини кўриб чиқиш учун консуллик йиғими ҳажми 20 АҚШ долларини ташкил этади.
ЎМИ Матбуот хизмати