muslim.uz

muslim.uz

24-25 январь кунлари Россия президенти Владимир Путин Уфа ва Қозон шаҳрига ташриб буюриб, бу ерда ислом ташкилотлари раҳбарлари билан учрашувлар ўтказди.
24 январь куни Путин Россия Олий муфтийси, Россия Марказий мусулмонлар идораси раиси Талъат Тажуддин билан учрашув чоғида унга диншунос олимларни етиштириб чиқаришдаги хизматлари учун миннатдорчилик билдирди.
“Мен сизнинг айтганингиздек, ҳар соҳада фаол ривожланиш кузатилаётганидан хурсандман. 2000 йилда 16 масжид бор эди, ҳозир эса фақат бу ернинг ўзида 1200 та масжид фаолият юритмоқда. Бу бизнинг анъанавий динларимиздан бири бўлмиш исломнинг ривожланишидан дарак беради. Бунда Сиз каби инсонларнинг ҳиссаси катта. Ўзимизнинг ҳудудимизда ислом соҳасидаги етук мутахассисларни тайёрлашни бошлаганимиз жуда яхши”, - деди Путин.
Россия Президенти 1830 йилда қурилган Уфа шаҳридаги Биринчи жомеъ масжидига ташриф буюрди. Бу масжид 1960 йилдан то 1992 йилгача Уфа шаҳридаги ягона фаолият олиб борган масжид бўлган. Бу воқеа шуниси билан муҳимки, 188 йил ичида Россия давлат раҳбари иккинчи бор ислом масжидига ташриф буюрди. Тажуддиннинг айтишича, “Уфа мусулмонлар йиғилиши” Екатерина II императрицаси фармони асосида ташкил топган. Шу муносабат билан у Путинни мусулмонлар идораси ташкил топганининг 230-йиллик юбилей тантаналарида иштирок этишга таклиф қилди.

Ўзбекистон мусулмонлар идораси матбуот хизмати

Сурхондарё вилояти Шеробод туманида ташкил этилган Қуръон мусобақасининг аёллар ўртасида ўтган саралаш босқичи натижалары билан танишинг.

Тиловат йўналиши

18-25 ёш
1. Нақиева Марҳабо
2. Раҳимова Малоҳат
3. Сайфиддинова Меҳринисо

26-40 ёш
1. Абдумуродова Гулноза
2. Бобоқулова Нодира
3. Нормуродова Муслима

Ҳифз йўналиши

18-25 ёш
1. Раимова Шахноза

26-40 ёш
1. Абилфаёзова Солиҳа
2. Абдиева Мавжуда

Мусобақа ғолибларига ташкилотчилар томонидан диплом ва эсдалик совғалари берилди.

Бизни muslim.uz портали ва ижтимоий тармоқларда кузатиб боринг.

ЎМИ Матбуот хизмати

“Албатта, Аллоҳ адолатга, эзгу ишларга ва қариндошга яхшилик қилишга буюради ҳамда бузуқчилик, ёвуз ишлар ва зулмдан қайтаради. Эслатма олурсиз, деб (У) сизларга (доимо) насиҳат қилур” (Наҳл, 90).

Адолат – мустаҳкам қўрғон. Адолат – шаҳват ва ғазабни жиловлай олишдир. Имом Ғаззолий бундай деганлар: “Инсоннинг ички гўзаллик олами тўрт қувватга таянади, агар ана шу тўрт асос мутаносиб бўлса, хулқ гўзаллиги ҳосил бўлади. Улар илм, ғазаб, шаҳват ва улар орасидаги адолат мезонидир”.

Донишмандлар адолатни уч турга бўлишган: Аллоҳ таоло билан банда ўртасидаги адолат; бандалар ўртасидаги муносабатларда адолат; аждодлар тўғрисида адолат қилиш.

Аллоҳ билан банда ўртасидаги адолат – инсон ёлғиз Парвардигоргагина сиғиниши ва У учун ибодат қилишидир. Агар Аллоҳдан бошқасига сиғингудек бўлса, адолатсизлик ва катта хатар юзага келади.

Бандалар ўртасидаги адолат – зулм ва алдов йўли билан бир-бирининг ҳақини емаслик ва ҳар бир ишда тўғри бўлиш кабилар.

Ўтганларга нисбатан адолатли бўлиш эса, уларнинг зиммаларидаги қарзларни адо этиш, шаръий васиятларини бажариш ва яхши сифатларини эслаш, ёмонлиги бўлса кечиришдир.

Инсон адолат қилмаса, қиёматда яхшиликлардан маҳрум қолади. Натижада зулм қилиб, бошқалар ҳаққини ноҳақ егани сабаб азобланиши мумкин. Пайғамбаримиз соллалоҳу алайҳи васаллам: “Кимда уч хислат бўлса, унга Довуд алайҳиссаломга берилган яхшилик ато этилибди: ғазаб ва розилик вақтида адолатли бўлиш; камбағаллик вақтида ҳам ва бойлик вақтида ҳам ўртача бўлиш; пинҳон ва ошкора пайтда ҳам бирдек Аллоҳдан қўрқиш”, деганлар (Ҳаким Термизий ривояти).

Довуд алайҳиссаломга берилган яхшилик шукрли бўлиш эди. Аллоҳ таоло шукр қилганларга неъматларини янада зиёда қилади.

Кўплар ғазабланган вақтда ўзини назорат қилолмай, нима сўзлаётганию, қандай иш қилаётганини унутади.

Адолатли киши хотиржам яшайди, уни ғазаб ҳам издан чиқармайди. Демак, юқорида айтилган сифатларга эга инсон кўп яхшиликлар топади.

ЎМИ Матбуот хизмати

Жорий йилнинг 25-январь куни Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Андижон вилояти вакиллигида вилоятда фаолият кўрсатаётган 181 та масжид имом-хатибларининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди. Йиғилиш аввалида Қуръон тиловати қилиниб, Қозоғистон Республикасининг Актўбе вилоятида содир бўлган фожеа қурбонларининг ҳаққига дуои-хайрлар қилинди.

Йиғилишда 2018 йилда вакиллик ва имом-хатиблар олдида турган вазифалар ҳамда бу борада Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг топшириқлари эшитилди. Шунингдек, йиғилиш давомида Андижон вилоятида Қуръони карим мусобақасининг шаҳар ва туман ҳамда вилоят босқичларини юқори савияда, кўтаринки кайфиятда, уюшқоқлик билан ўтказиш бўйича қилиниши керак бўлган барча чора-тадбирлар хусусида келишиб олинди, деб хабар беради вилоят Бош имом-хатиби Нуриддин домла Холиқназаров.

ЎМИ Матбуот хизмати

Суббота, 27 Январь 2018 00:00

Нафл садақасидан ҳам яхшироқ юмуш

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан бола тарбиясига жиддий эътибор қаратиши лозимлиги ҳақида жуда кўплаб ҳадиси шарифлар ворид бўлган. У зот алайҳиссалом марҳамат қилиб айтадилар: “Кишининг ўз фарзандини чиройли одоб-ахлоқ билан тарбиялаши кўп миқдорда қилган нафл садақасидан яхшироқдир”.

Ёшларимиз тарбиясида илмнинг аҳамиятини янада кенгроқ тушунтириш, фарзандларимизни дунёдаги ягона нажот – илму маърифатга, касб-ҳунарга тарғиб этиш энг муҳим вазифаларимиздан биридир. Муҳтарам Юртбошимиз айтганидек,  “Бугун мамлакатимизда олиб борилаётган ислоҳотлар самараси, авваламбор, юксак маънавиятли, мустақил фикрлайдиган,  Ватанимиз тақдири ва истиқболи учун масъулиятни ўз зиммасига олишга қодир ёш кадрлар сафини кенгайтиришга бевосита боғлиқ”.

Ёшлар тарбиясига оид эзгу саъй-ҳаракатлар замирида тинч ва осуда ҳаётимизни асраб-авайлаш, хотиржамлигимизни қадрлашдек улуғ мақсад-муддаолар мужассам. Шунинг учун ҳам бу борада бефарқ ва лоқайд бўлишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ.

Ривоят қилинишича, мўминлар амири Ҳорун ар-Рашиднинг ўғли Маъмун (кейинчалик у ҳам тахтга ўтирган) ёшлигида устози Кисоийдан Қуръон ўрганарди. Зеҳни жуда ўткир, зукко бола эди. Дарс қилаётиб, мабодо Қуръондаги бирон оятни хато ўқиса, устози бошини кўтариб, Маъмунга қараб қўяр, у ўша оятни қайтадан тўғрилаб ўқирди. Бир куни «Софф» сурасини қироат қила бошлади. Суранинг «Эй иймон келтирганлар! Нима учун қилмайдиган ишларингизни гапирасизлар?!» мазмундаги иккинчи оятини ўқиганида устоз Кисоий бошини кўтариб, бир қараб қўйди. Маъмун, одатига кўра, хато ўқидиммикан деб оятни яна такрорлади, ҳеч қандай хатога йўл қўймаганини билди. Лекин устозига бирон нарса демади. Дарс тугагач, уйига бориб отасидан сўради:

– Эй мўминлар амири! Сиз устозим Кисоийга бирон нарса ваъда қилганмидингиз?

– Ҳа, унга ваъда бергандим, лекин ҳали бажарганим йўқ. Нима, у сенга бирон нарса дедими? – деди Ҳорун ар-Рашид.

Маъмун ўша оятни ўқиётганида устози бир қараб қўйганини айтди. Ҳорун ўғлининг кичик бўлишига қарамай, оқил, зукко эканидан хурсанд бўлди, ваъдасини тезда бажаришни дилига тугиб қўйди.

Қуръони карим ахлоқ-одоб, инсоний тарбия китоби ҳамдир. Ҳозирги маънавий, руҳий тарбияга катта эътибор бериб турилган бир пайтда бу нарса катта аҳамият касб этади. Ёшларни ота-онага, ўзидан катталарга ҳурмат-эҳтиромли, муҳтож кишиларга меҳр-шафқатли, одоб-ахлоқли, жамиятга фойдали кишилар бўлиш руҳида тарбиялашда ҳам Қуръон муҳим ўрин тутади. Демак, фарзандларни ёшлик чоғларидан бошлаб илму маърифатга қизиқтириб, ўргатиб бориш лозим бўлади.

Аллоҳга шукрлар бўлсинки, Президентимиз ташаббуси билан ўлкамизнинг туман-шаҳарларида Аллоҳ таолонинг каломи Қуръони каримни ўз қалбларига жо қилган қори ва қориялар мусобақалари кенг миқёсда бўлиб ўтмоқда.

Донолар айтганларидек, «Тарбия бир нарсани бир ҳолдан иккинчи ҳолга ўтказа бориб, батамомлик нуқтасига етказишдир. Тарбиянинг маъноларидан бири, инсоннинг диний, фикрий ва ахлоқий қувватларини уйғунлик ҳамда мувозанат ила ўстиришдир».

Ҳақиқатан,  ёш авлодни  турли фитналарнинг ортида қандайдир кучлар турганига теран кўз билан қараш, огоҳ ва сергак қилиб тарбиялашимиз лозим. Инсон ҳар қандай кучларнинг фитналарига алданмаслиги ва ниҳоятда ҳушёр бўлиши кераклиги ҳақида Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Мўмин киши зийрак, ҳушёр ва оқил бўлади”, деган ҳадислари моҳиятини умримиз давомида чуқур тушуниб боришимиз керак. Зеро, фарзандларимизни илму фаннинг қайси соҳасига бўлса ҳам қизиқиш пайдо қилиб, ўқитиб-ўргатиб зиёли, ватанпарвар қилиб тарбияласак,  албатта, улар жамиятда ўзи, оиласи, халқи ва Ватани учун манфаат келтирадиган инсонлар бўлиб етишадилар.

Раҳматилло МАДАМИНОВ,

Қўштепа тумани “Эшонгузар” масжиди имом ноиби

Мақолалар

Top