muslim.uz

muslim.uz

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Online: Қорилар мусобақаси (Бухоро вилояти, Ғиждувон тумани)
Пятница, 19 Январь 2018 00:00

Қуръони каримда мусибатлар ечими

 

Инсон ҳаётини бирдек равон, мусибатларсиз ўтишини истайди. Шу сабабли, баъзилар бошига бирор кулфат етса тушкунликка тушади, ноумид бўлиб нима қилишни билмайди. Баъзилар бу мусибатларнинг ечимини топа олмаганидан сиқилиб фолбиннинг ҳузурига боради, бошқаси эса ичкиликка берилади. Натижада, ўзига ҳам, яқинларига ҳам зарар етади.

Ҳар бир банда ҳаёти давомида турли қийинчилик ва мусибатларга дуч келади. Чунки бу ҳаёт синов ва имтиҳонлардан иборат. Бу ҳақда Қуръони каримда бундай маълум қилинади: «Сизларни бироз хавф-хатар, очлик (азоби) билан, молу жон ва мевалар (ҳосили)ни камайтириш йўли билан синагаймиз» (Бақара сураси, 155-оят).

Дарҳақиқат, Аллоҳ таоло қийинчилик ва мусибатлар орқали имонимизни синайди. Мол-мулкнинг касодга учраши, бемор бўлиш, ўқиш ёки ишдаги муваффақиятсизлик кабиларнинг барчаси синовдир. Ушбу оят ҳар қандай кишига ҳам мусибат етиши мумкинлигига далолат қилади. Бирор бандага етган мусибат Аллоҳ таоло у бандани ёмон кўрганидан эмас ёки аксинча, бандага етган неъмат у бандани Аллоҳ яхши кўрганидан ҳам эмас. Аллоҳ таоло ўзи хоҳлаган бандасини гоҳ яхшилик билан, баъзан қийинчилик билан синайди. 

Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: «Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Мусулмонга қай бир мусибат: чарчашми, беморликми, ташвишми, хафачиликми, озорми, ғам-ғуссами, ҳаттоки тикан киришми етадиган бўлса, албатта, Аллоҳ улар ила унинг хатоларини каффорат қилур”, дедилар» (Имом Бухорий ва Муслим ривояти).

Аллоҳ таоло бандаларини яхшилик билан ҳам, ёмонлик билан ҳам имтиҳон қилишини, ҳар бир иш фақат Унинг иродаси билан бўлишини билган мусулмон мусибатларда ўзини йўқотиб қўймайди. Чунки Қуръони каримда мусибатларнинг осон ечими очиқ-ойдин баён қилинган:  

«...(Шундай ҳолатларда) сабр қилувчиларга хушхабар беринг (эй Муҳаммад)! Уларга мусибат етганда: Албатта, биз Аллоҳнинг ихтиёридамиз ва албатта, биз Унинг ҳузурига қайтувчилармиз”, – дейдилар» (Бақара сураси, 155–156-оят).

Мусибат етганида Аллоҳни эслаш, истиғфор сўраш ва Ўзидан умидвор бўлиш мусибатнинг ечимидир. 

Юнус (алайҳиссалом) ана шу йўл билан мусибатдан фориғ бўлдилар. Қуръони каримда бундай марҳамат қилинади: «Зуннун (Юнус)нинг (ўз қавмидан) ғазабланган ҳолда (қишлоғидан чиқиб) кетиб, Бизни унга қарши чиқа олмайди, деб ўйлаган пайтини, сўнг (Биз уни балиқ қорнига ташлаганимиздан кейин) қоронғи зулматлар ичра: “Сендан ўзга илоҳ йўқдир. Сен (барча) нуқсонлардан покдирсан. Дарҳақиқат, мен (ўзимга) зулм қилувчилардан бўлдим”, деб нидо қилган (пайтини эсланг!) Бас, Биз унинг (дуосини) ижобат қилдик ва уни ғамдан қутқардик. Биз мўминларга мана шундай нажот берурмиз» (Анбиё сураси, 87–88-оят).

 

Даврон НУРМУҲАММАД

тайёрлади

 

Қорилар мусобақасидан лавҳа: "Саидазимов Абдулҳамид қори"

Мақолалар

Top