muslim.uz
Эшакка дарс берган хўжайин
Дўкондорнинг ялқов ва “тадбиркор” эшаги бўлган экан. Гарчи, егани арпа, кўргани беда бўлса ҳам, муғомбир эшак ишдан қочиш учун доимо бирор ишкал ўйлаб топар экан.
Бир куни кажаванинг икки палласига жойланган тузли халталарни сойдан олиб ўтиш чоғида эшакнинг оёғи тойиб кетибди. Амаллаб ўрнидан тургач, халталардаги тузнинг бир қисми сувда эригани боис, у юкнинг анча енгиллашиб қолганини пайқабди.
Ҳийлакор жонзот ҳар куни сойнинг қоқ марказига етиб келганида ўтириб оладиган одат чиқарибди. Аввалига жониворга раҳми келган хўжайин кейинроқ унинг қувлик қилаётганини сезиб қолди, зарар кўраётгани алам қилди ҳамда эшакка сабоқ беришни кўнглига тугиб қўйди.
Кейинги кун дўкондор кажаваларга туздан аввал пахта тойларини юклабди. Юкнинг ҳар кунгидан ҳам оғирлашгани эшакнинг таъбини янаям тирриқлаштирди, қайсарлиги қўзиб, сойнинг ўртасида ҳар кунгидан-да узоғроқ ётиб олибди.
Раҳмдил хўжайин бу гал уни аяб ўтирмади: думғазага тушаётган тинимсиз зарбалардан жони оғриган эшак қўзғалай деса, жойидан тура олмас эмиш. У бор кучини тўплаб, бир иложини қилиб оёққа турди, зўрға мувозанатини сақлаб қадам босар экан, ич-ичидан қилган ишига пушаймон бўлди ва бир умрга етадиган сабоқ олди.
Қиссадан ҳисса шуки, ишга виждонан ёндашиш, ҳалол меҳнат бизни юксакка кўтарса, алдамчилик ва айёрлик охир-оқибат вайрон қилади.
Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Кимки кун бўйи ишдан, меҳнатдан чарчаб, кечқурун ҳалол меҳнатнинг чарчоғи билан ётса бомдодгача Аллоҳ унинг гуноҳини кечиради”, дедилар.
Ҳалол меҳнатнинг фазилати, ҳалол касбнинг шарофати гуноҳларини кечиришликка сабаб бўлади. Тоатларни қабулига сабаб бўлади. Фарзандларни ҳалол покиза ризқ билан боқишликка сабаб бўлади.
Мана шундай ҳалол касблардан, покиза ишлардан Аллоҳ ва расули рози бўладиган амаллардан бири “ҳалол тижоратдир”.
Бақара сураси, 275-оят: “Холбуки Аллоҳ байъни (савдони) ҳалол ва судхўрлик (рибо)ни эса ҳаром қилган ”.
Нисо сураси, 29-оят: Яъни: “Эй иймон келтирганлар! Мол мулкларингизни ўртада ноҳақ (йўллар) билан емангиз! Ўзаро розилик асосидаги тижорат бўлса, у бундан мустасно”.
Албатта, шариат олимларимиз, муҳаддисларимиз, фуқаҳолар ўзларининг китобларида тижоратнинг умумий қоидалари, исломда тижоратнинг одоби аҳлоқи тўғрисида қатор ривоятларни, чуқур таълимотларни қолдирганларки, уларни ҳар биримиз ўрганиб, ҳаётимизга тадбиқ қилмоқлигимиз айни маъно.
Қорага қараймиз, оқни пайқамаймиз...
Устоз ўз талабаларига бир қоғозни кўрсатиб, уларни фикрлашга чорлабди. Қоғознинг ўртасида биттагина қора нуқта бор экан.
– Айтингчи, нимани кўряпсиз? – деб сўрабди устоз улардан
– Нуқтани, – деб жавоб берибди биринчи талаба.
– Қора нуқтани, – дебди иккинчиси.
– Қора ва қалин нуқтани, – дея шошиб жавоб берибди учунчи талаба.
– Афсус, – бир муддат хаёлга берилиб қолган устоз аста сўз бошлабди. – Ҳаммангиз оқ қоғоздаги кичкинагина қора нуқтани кўрдингиз, лекин ўша нуқта турган катта, оқ қоғозни пайқамадингиз. Ҳаётда ҳам худди шундай бўлади. Одамларни арзимаган, худди ана шу нуқтадеккина камчилиги учун айблаймиз. Аслида эса ўша кичик нуқсон ортидаги катта ва оппоқ кўнгилни пайқамаймиз. Ёки пайқашни истамаймиз...
ИҲТга аъзо давлатлар Кувайтда савдо кўргазмаси ўтказади
Жиддадаги Тижоратни ривожлантириш бўйича исломий марказ 2018 йилнинг 6-10 февраль кунлари Кувайтдаги Савдо ва саноат вазирлиги билан ҳамкорликда Ислом ҳамкорлик ташкилотига аъзо бўлган давлатлар иштирокида халқаро тижорат кўргазмасини ташкиллаштирмоқчи.
Мазкур кўргазмани ўтказишдан мақсад ИҲТга аъзо давлатлардаги савдо айирбошлаш ҳажмини орттириш ва 2025 йилда бу кўрсаткични 25 фоизга оширишдир.
Тижоратни ривожлантириш бўйича исломий марказнинг матбуот хизмати хабарига кўра, ҳозирга қадар ИҲТга аъзо 30дан ортиқ давлат мазкур тижорат кўргазмасида иштирок этишга розилик билдирган.
Кўргазма ўз навбатида ишбилармонлар, сармоядорлар, савдони ривожлантириш ҳайъатлари ҳамда Ислом оламидаги савдо жамиятлари учун ўз маҳсулотларини реклама этиши, савдо-сотиқ масалаларига доир ҳамкорлик шартномалари тузиши ва тижорат ширкатлари ўртасида ўзаро ҳамкорлик муносабатларини ўрнатишига қулайлик яратади.
Шунингдек, кўргазма доирасида Ислом ҳамкорлик ташкилоти давлатларидаги хусусий секторлар вакиллари ва Сармояни ривожлантириш ҳайъатлари ўрталарида йиғилишлар ўтказилиши ҳам режалаштирилган.
Халқаро алоқалар бўлими мутахассиси Илёсхон Аҳмедов тайёрлади
РАСУЛУЛЛОҲ СОЛЛАЛЛОҲУ АЛАЙҲИ ВАСАЛЛАМДАН СЎРАДИЛАР
Абу Барза Асламий розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан сўрадилар: “Мени жаннатга киритадиган ишга буюринг”. Шунда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Одамлар йўлидаги озор берувчи нарсани олиб ташла”, дедилар.
Ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан: “Аллоҳга қайси амал маҳбуброқ?” деб сўрадим. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ўз вақтида ўқилган намоз”, дедилар.
Усома ибн Шурайж айтдилар: “Аъробийлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан сўрадилар: “Ё Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам, инсонларга берилган фазилатларнинг энг яхшиси нима?”. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Инсонларга берилган фазилатларнинг энг яхшиси ахлоқдир”, дедилар.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан “Инсонларнинг қайси бири афзалроқ?” деб сўрашди. У зот алайҳиссалом: “Махмумул қалб ҳамда ростгўй киши”, деб жавоб бердилар. Саҳобалар сўрашди: “Ростгўй кишини биламиз. “Махмумул қалб” ким?”. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “У ўта пок, тақводор, гуноҳи, хиёнати, алдови, ҳасади йўқ кишидир”, дедилар” (Ибн Можа ривояти).
Абу Ҳумайд Саъидий розияллоҳу анҳу ривоят қиладилар: Саҳобалар Ё, Аллоҳнинг Расули соллаллоҳу алайҳи васаллам, биз сизнинг ҳаққингизга қандай салавот айтамиз, деб сўрадилар? Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳумма солли ъала Муҳаммадин ва азважиҳи ва зурриятиҳи кама соллайта ъала оли Иброҳима ва барик ъала Муҳаммадин ва азважиҳи ва зурриятиҳи кама баракта ъала оли Иброҳима иннака ҳамидум мажид”, деб айтдилар.
Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан нима нарса сўралмасин “Йўқ” демаганлар” (Имом Бухорий ривояти).
Даврон НУРМУҲАММАД
тўплади
АЛИМЕНТ ТЎЛАШ ЭРКАК ВАЗИФАСИ
Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Огоҳ бўлингким, ҳар бирингиз раҳбар-бошлиқдирсиз ва ҳар бирингиз қўл остидаги, қарамоғингиздаги кишилар(нинг ҳар томонлама яъни маънавий ва моддий таъминоти)га масъулдирсиз. Амир одамларга раҳбардир ва қўл остидагиларга масъулдир. Эркак киши оила-аҳлига раҳбардир ва (Қиёматда) қўл остидаги(барча оила-аъзоларини моддий, маънавий, таълим-тарбиявий, ахлоқий жиҳат)лари ҳақида сўроққа тутилур! Ҳар бир эркакнинг аёли эрининг уйи ва фарзандларига раҳбардир ва у аёл эри ва қарамоғида, бевосита тарбиясида бўлган фарзандлари (яъни эри ва фарзандларини ҳақларини тўлиқ адо этдими-йўқми экани) ҳақида сўроққа тортилур!..”, деганлар. (Бу ҳадис барча “Саҳиҳ” ва “Сунан” китобларда ривоят қилинган).
Оиланинг барча моддий ва маънавий таъминоти эрнинг зиммасида экани Қуръони каримда бундай баён қилинган: «Эркаклар хотинлар устидан (оила бошлиғи сифатида доимий) қоим турувчилардир. Сабаб – Аллоҳ уларнинг айримлари (эркаклар)ни айримлари (аёллар)дан (баъзи хусусиятларда) ортиқ қилгани ва (эркаклар ўз оиласига) ўз мол-мулкларидан сарф қилиб туришларидир[1]» (Нисо сураси, 34-оят).
Демак, эркакларнинг оила раҳбари бўлишларининг асосий сабаби улар аёлларнинг моддий ва маънавий таъминотларини адо этишга салоҳиятлилиги учун экан. Агар оиланинг таъминотига бефарқ бўлсалар, раҳбарлик вазифасини уддалай олмаганлари учун шаръан жавобгарликка тортиладилар.
Фиқҳий манбаларимизда эр сафарда бўлиб, оиласи таъминотини жойига қўймаса, аёл буни қозига кўтарса, қози унга болалари ва ўзига кифоя қилгудек зарурий нарсаларни эрни номига қарз олишга кафолат хати қилиб беради ва эри келгач, эрдан аёли олган қарзларни қози ҳақдорларга ундириб бериши очиқ айтилган.
Аллоҳ кўрсатмасин, мабодо, бир шаръий арзигулик сабаб бўлиб, ажрашсалар, қуйидаги тартибда ҳукм қилинган: аввало, аёлга маҳрини бериб улгурмаган бўлса, уни тўлаши вожиб бўлади: «Агар уларга маҳрни белгилаган бўлсангиз-у, лекин қовушмай туриб талоқ қилган бўлсангиз, белгиланган маҳрнинг ярми (зиммангиздадир). Магар улар (шу ярмини олишдан ҳам воз) кечиб юборса ёки никоҳ ўз ихтиёрида бўлган киши (яъни эр ўша ярим маҳрдан) воз кечса (яъни маҳрни ярмини олиб қолмай, хотинга мукаммал тўласа, жоиздир). Кечиб юборишингиз тақвога яқинроқдир...» (Бақара сураси, 236-237-оят).
Агар яқинлик қилган бўлсалар, маҳрни барчасини тўлаши вожиб бўлади. Чунки энди уларни орасини боғловчи никоҳ тугади. Ажрашгандан то иддаси чиққунча аёл киши эрининг уйида ўтириши ва эр уни моддий таъминлаши вожибдир. Чунки иддаси чиққунча хотин шу эрнинг қарамоғида бўлади. «Талоқ қилинган аёлларни меъёрида таъминлаш тақводор (эр)ларнинг зиммаларидаги ҳақ (бурч)дир» (Бақара сураси, 241-оят).
Нафақа талоқ қилинган аёлнинг иддаси чиққунга қадар тўланади. Иддаси тугагач, эрни уйидан чиқиб, ўз нафақасига ҳаракат қилиш ва бошқага турмушга чиқишига рухсат берилади. Агар орада эмизикли фарзанд бўлса, уни она қарамоғига олиб, эмизса ва сут ҳақи талаб қилса, уни ҳам тўлайди. Фарзанд сутдан чиққач, онага ҳақ тўлашни тўхтатиб, фарзанд то балоғатга етгунга қадар ота ўз ҳолидан келиб чиқиб, ўртача ҳол(яъни бой бўлса, бойларнинг ўртачаси, ўрта ҳол бўлса, ўрта ҳолларнинг ўртачаси, камбағал бўлса, уларнинг ўртача деб билинган даража)да болани таъминлайди. Кийим-кечак, еб-ичиш, турар-жой, касалини даволатиш – барчаси ота зиммасидадир.
Фарзанд қиз бўлса, балоғатга етиб, турмуш қургунга қадар таъминоти ва никоҳ тўйи харажатларини ҳам ота беради. Агар ўғилми-қизми, фарзанд тузалмас касал бўлса, бир умр уни ота таъминлайди.
Бугунги кунда ажрашган оталарга маълум миқдор алимент белгиланади. Бу юқорида айтилган шаръий ҳукмларга ҳамоҳангдир. Бунда белгиланган вақтгача, отанинг ойлик маошини маълум фоизини бериш тайинланади. Алимент шаръий нафақадан енгил ва оздир. Чунки нафақа бу ҳар ойга маълум миқдор тўлов эмас, балки фарзанднинг то балоғатга етгунча барча харажатларни тўлиқ кафолатлаш, касал бўлса, даволатиш маъносини ҳам қамраб олади. Бу эса ҳар ой бир хилда фалонча сўм эмас, шароитга қараб, баъзи бир ойларда кўпроқ бўлиши табиий.
Шунинг учун алимент берувчи оталар, уни беришдан бош тортишлари гуноҳи кабирадир. Бош тортсалар ёки имкони бўла туриб, ортга сурсалар, вазифа ва мажбуриятларини бажармаган бўладилар ва уларни шаръан ҳам, қонунан ҳам жавобгарликка тортиш лозим бўлади.
Баъзи оталар “алиментни бердим, бўлди”, демасдан, мабодо, фарзандлари кўпроқ ёрдамга муҳтож ёки бемор бўлиб қолсалар инсоф қилишлари ва қўшимча ёрдам ҳам беришлари зиммаларидаги вожиб ҳисобланишини унутмасликлари лозим. Ҳеч бўлмаганда, ота алиментни ўз вақтида беришдан бош тортмаслиги лозим. Турли байрамларда фарзандларини йўқлаб, алиментдан ташқари кийим-кечак ва совға-салом бериб туришлари керак!
Алимент баъзи йилларда давлат ташкилотида расмий хизмат қилган одамлардангина олинар, расмий фаолияти йўқ киши тўламас эди. Афсуски, шу вақтлар баъзи кишилар ажрашган хотинидан “эркакчасига” қасос олмоқчи бўлиб, алимент тўламаслик мақсадида расмий ишларидан воз кечиб, чет элларда мардикорлик қилиб юрганлар. Ҳозир эса расмий фаолият олиб бораётган кишига ойлик маошини маълум фоизи, расмий фаолиятда бўлмаганларга ҳам муайян миқдорда ойлик алимент белгиланган. Бугун алиментдан қочиб қутилиш имкони йўқ. Шунда ҳам, баъзи кишилар бошқача йўлга ўтмоқдалар: расмий фаолияти бўлмаган кишиларга белгиланган алимент миқдори арзимас пул бўлса ҳам, шуни янада озайтириш мақсадида бу инсонлар энг кам иш ҳақи тўланадиган ишларга номигагина расмий ўрнашиб олиб, ўзи бозорда норасмий фаолият юритиб, яхшигина даромад топса-да, ой якунида расмий арзимас маошинини маълум фоизини алимент ҳисобида тўламоқдалар. Бу одамлар мазкур фирибгарлиги билан шариат тайинлаган вожиб нафақадан қочиш пайига тушмоқдалар. Лекин шариат вожиб қилган вазифани адо этган ҳисобланмайдилар. Бўйинларида қарз бўлиб, қиёматга қолади.
Бир нарсани яхши тушуниш керакки, шаръий нафақа ва алимент тўловлари хотин учун эмас, ўз фарзандлари учундир. Бу борада хотинига ғазаб қилиб, бош тортиш ёки ҳийла қилиш, ўз фарзандининг ҳақини поймол қилиш, келажагига болта уришдир. Исломда яшаб турган аёлига ҳам, ажрашган хотинига ҳам, фақат ва фақат гўзал муомала қилишга буюрилган:
«...Улар билан тотув турмуш кечирингиз. Агар уларни ёмон кўрсаларингиз, (билиб қўйингки) балким сизлар ёмон кўрган нарсада Аллоҳ (сизлар учун) кўпгина яхшилик пайдо қилиши мумкин» (Нисо сураси, 19-оят).
Бу оятдаги «...тотув турмуш кечириш» оятини олимлар аёлларнинг барча ҳақларини тўлиқ адо этиш, маҳри ва нафақасини ўз вақтида бериш, қўпол сўзлар ила муомала қилмаслик, ундан юз ўгириб, бошқасига майл қилмаслик, деб таъкидлаганлар.
Хулоса сўз шуки, оталар ҳамиша алиментларини ўз вақтида, чин кўнгилган чиқариб, оталик бурчини адо этаётганини ҳис қилиб адо этишлари лозим. Имкони бор оталар алиментни ўзи билан кифояланмай, доимо фарзандларини эҳтиёжларини вақтида қондириб, бировга муҳтож қилмай, келажакка нафрат билан эмас, ҳавас ва умид билан, бахтиёр ҳолда жисмонан ва руҳан эзилмай, соғлом, бақувват бўлиб вояга етишига имконият яратиб беришлари, уларни ҳам ўзлари билан бир уйда яшаб турган фарзандлари билан ҳар томонлама тенг олиб юриб, адолатли оталарга бериладиган ажру мукофотларга эришиш пайида бўлишлари ўзларининг икки дунёлари учун манфаатлидир. Аксинча, бундан турли ҳийлалар билан бош тортсалар ҳам, суд идораларида ўзларини оқлаб, хотинлари устидан “ғалаба” қозонсалар ҳам, буларнинг барчаси ўткинчи дунёдаги вақтинча ва ёлғон ғалабадир. Фарзандларини нафақаларини, алиментларини адо этмасалар, қиёматда савобга муҳтож бўлган ҳолларида хайру савоблари ота ўрнига ота бўлиб, қийналиб бола тарбия қилган собиқ хотинлари ва отаси томонидан ҳақлари поймол этилган фарзандларига олиб берилиши ҳақиқатдир. Адолат тарозуси тиклангач, олди-бердиларни адо қилишга кеч бўлади! Бундай мағлубият ва юзи қароликдан Аллоҳ таоло барча оталарни асрасин. Оилаларни қўшгани билан қўша қаритсин. Фарзандларни ўз ота-оналари бағрида намунали камол топтирсин!
Манбалар асосида
Тошкент Ислом институти ўқитувчиси
Баҳодир Баҳромжон ўғли тайёрлади
[1]. Мақоладаги оятлар тафсири муаллифи: Шайх Абдулазиз Мансур (ҳафизаҳуллоҳ).