Рамазон-2020

Рамазоний ўйлар: қадр кечасида нимани талаб қилиш керак!

Абдулҳамид ибн Бадис роҳимаҳуллоҳ айтадилар: “Инсон “Қадр кечаси”ни топишга жидду жаҳд қилади. Бироқ бу ҳаракат дунё талабида эмас, дин талабида бўлиши лозим. Кўпчилик инсонлар
“Қадр кечасини топсам, фалон-фалон дунёни сўраб оламан”, деб орзу қиладилар. Кимнинг хаёлига шундай ўй келган бўлса, Аллоҳ таолога тавба қилсин! Зеро, Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади:

مَن كَانَ يُرِيدُ حَرْثَ الْآخِرَةِ نَزِدْ لَهُ فِي حَرْثِهِ وَمَن كَانَ يُرِيدُ حَرْثَ الدُّنْيَا نُؤتِهِ مِنْهَا وَمَا لَهُ فِي الْآخِرَةِ مِن نَّصِيبٍ {الشورى/20}

Кимки, охират экинини (савобини) истар экан, Биз унга экини (ҳосили)ни зиёда қилурмиз. Кимки дунё экинини истар экан, Биз унга ўшандан берурмиз ва унинг учун охиратда насиба (савоб) бўлмас (Шуро сураси, 20-оят).

Тўғри, дунёни Аллоҳ таоло белгилаб қўйган сабаблари билан талаб қиладиган инсонга эътирозимиз йўқ. Бу ўриндаги танбеҳимиз бутун ғам-ташвиши дунё бўлиб охиратни умуман ўйламайдиган кишиларга қаратилгандир. Бундай кишилар “Қадр кечаси”ида дунёни сўраб кечаси билан мижжа қоқмай чиқадилар, бироқ охират масаласидан буткул ғафлатда бўладилар.

Бу ўринда дунё талабида бўлади, дейилганида дин ва охиратга умуман алоқаси бўлмаган дунёвий мақсадлар назарда тутилди.

Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ таржимаси

3208 марта ўқилди

Мақолалар

Top