Рамазон-2020

Гўзал ахлоқ ва меҳр-мурувват ойи  (танловга)

 

Мўмин-мусулмонларнинг ўзаро меҳрибончиликларини зиёда қилиб, топган неъматларини ифторликлар, фитр садақалари, закотлар каби василалар-ла баҳам кўришга даъват этувчи муборак рамазон ойи ҳам бир пасда ниҳоясига етай деб қолди.

Аллоҳ таолонинг Ўзига аён бўлган ҳикмати ила дунё бўйлаб кенг ёйилиб кетган коронавирус сабаб бўлиб, бу йилги Рамазон бошқа йиллардагидан бошқачароқ ўтяпти.

Маълумингизки, Рамазон – инсонларни ҳам маънавий, ҳам моддий жиҳатдан озиқлантирадиган ой. Шунинг учун ҳам ҳар йили Рамазон кириб келганидан то охиригача мусулмонлар диёрида байрам нафаси уфуриб туради. Чунки бу ойда Қуръони карим нозил бўлган. Каломи шариф шарофати билан Рамазон кунлари файзли, тунлари тароватли, одамларнинг қалби меҳр-мурувватли бўлади.

Рамазоннинг муҳим фазилатларидан яна бири у – юксак маънавият ва покиза ахлоқ ойи эканидадир. Зотан, “Мен гўзал хулқларни камолга етказиш учун пайғамбар бўлиб келдим”, деб марҳамат қилган севикли Пайғамбаримиз соллаллоҳ алайҳи ва салламнинг хулқларини Оиша онамиз розияллоҳу анҳо: “Пайғамбаримизнинг ахлоқлари Қуръон эди”, деб таърифлаганлар. Қуръони карим эса айнан шу ойда нозил бўлган.  

Ана шу жиҳатига кўра, Рамазон инсонларнинг иродасини тоблайди, саховатини, жўмардлигини янада зиёда қилади, ибодатини кўпайтиради.

Наврўз арафасида юртимизга бостириб кирган коронавирус, унинг ортидан Қоракўл ва Сардобада юз берган табиий офатлар халқимизнинг меҳр-оқибатини, тотувлигини, бирдамлигини ҳар қачонгидан ҳам кўпроқ кучайтирди, элу улусни жипслаштирди, халқимизни юртбошимиз атрофида бирлаштирди.

Улуғларимиз: “Мўъминнинг ҳар бир ҳолати ҳайратли. Чунки унинг барча ишлари ўзи учун хайрлидир. Бу – ер юзида фақат мусулмонларга хос бўлган фазилатдир. Зеро, у севинса, шукр этади, савоб олади. Бу унинг учун хайрлидир. Бошига бало келса сабр қилади. Бу ҳам унинг учун хайрлидир”, деганлар.

Яратганга шукрки, мўминлар шундай мураккаб вазиятда ҳам тушкунликка тушмасдан ибодатларда, хайр-саховатларда бардавом бўлдилар. Хонадонларда таровеҳлар ўқиляпти, бу фазилатли намозлардан аёл-қизлар, кичик ёшдаги болалар ҳам баҳраманд бўлмоқдалар; ифтор қилишни истаган юртдошларимиз масаллиқларни хонадонларга тарқатиб бермоқдалар; фитр садақаси эса савоби кўпроқ бўлсин, дея ортиғи билан деярли тарқатиб бўлинди; закотлар муҳтожларга етказилмоқда.

Бинобарин, бугунги синовли кунларда халқимиз шукр ва сабр ичида ҳаёт кечирмоқдаки, бу Аллоҳ таолони бандаларидан мамнун қиладиган фазилатли амаллардандир.  

Робия ЖЎРАҚУЛОВА


 

 

 

3002 марта ўқилди

Мақолалар

Top