www.muslimuz

www.muslimuz

Бугун, 28 июль куни Имом Бухорий номидаги Тошкент Ислом институтида Араб тилидан ижодий имтиҳон бошланди. Уни институт ректори Уйғун домла Ғафуров кириш сўзи билан очиб берди.

Ижодий имтиҳон Файзуллоҳ қори Иззатиллаев қироатида Қуръон карим оятлари тиловати ва хайрли дуолар билан бошланди.

Кириш имтиҳони бошланишида Ўзбекистон мусулмонлари идораси Таълим ва илмий-тадқиқот бўлими бошлиғи Салоҳиддин Шерхонов, Диний-маърифий таълим муассасалари билан ишлаш бўлими бошлиғи Бобомурод Рустамов, қабул ҳайъати аъзолари, абитуриентлар ва ота-оналар гувоҳлигида имтиҳон билетлари солинган ва муҳрланган махсус қоплар очилди.

Шундан сўнг абитуриентлар карантин талаблари асосида институтнинг имтиҳон учун ажратилган биносига киритилиб, муҳрланган конвертлардан бирини танлаб, билет саволларига тайёрланиш учун парталардан жой олмоқда. Маълум вақтдан сўнг абитуриентлар имтиҳон олувчи ўқитувчилар олдида билет саволларига жавоб беришмоқда.
Имтиҳон жараёнларини Дин ишлари бўйича қўмита, Ўзбекистон мусулмонлари идораси, институт қабул ҳайъати аъзолари ва турдош ташкилот вакиллари кузатиб, назорат қилмоқда.

Маълумот учун, 2021-2022 ўқув йили учун кундузги таълим бўйича Тошкент ислом институтига 242 нафар йигит ва 39 нафар аёл-қиз абитуриент ҳужжат топширган.

Эслатиб ўтамиз, эртага, 29 июль куни Ақоид-фиқҳ ва Ўзбекистон тарихи фанларидан тест синови бўлиб ўтади.

Мандат натижалари эса 30 июль куни эълон қилинади.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

Шу йил 28 июль куни юртимиздаги бир гуруҳ таниқли уламоларнинг Сурхондарё вилоятига ташрифлари бошланади.

Сафар давомида маънавий-маърифий учрашувлар, олис ва чекка ҳудудлардаги аҳоли вакиллари билан юзма-юз мулоқотлар, таниқли уламолар ишитирокида жоме масжидларда суҳбатлар ўтказилиши ва эҳтиёжманд оилалар ҳолидан хабар олиш каби хайрли ишларни амалга ошириш мақсад қилинган.

Шунингдек, вилоят аҳлини юртимизда бўлаётган ўзгаришлар мазмун-моҳияти ҳақида хабардор қилиш билан бир қаторда, уларнинг дарду ташвишларига кўмаклашиш, фикр-мулоҳазаларини тинглаш ва диний соҳага тегишли муаммоларини жойида ўрганиб, бартараф этиш ҳам кўзда тутилган.

Ушбу сафарга Тошкент шаҳридан қуйидаги уламоларимиз боришлари кўзда тутилган:

 Ўзбекистон мусулмонлари идораси раисининг биринчи ўринбосари Ҳомиджон қори Ишматбеков;

 Ўзбекистон мусулмонлари идораси раисининг ўринбосари Иброҳимжон домла Иномов;

 Ўзбекистон мусулмонлари идораси раисининг маслаҳатчиси Салоҳиддин домла Шарипов;

 Ўзбекистон мусулмонлари идораси бўлим бошлиғи Эрдон домла Эсонов;

 Тошкент шаҳар бош имом-хатиби ўринбосари Абдуқаҳҳор домла Юнусов;

 Юнусобод тумани бош имом-хатиби Раҳматуллоҳ домла Сайфуддинов;

 Яшнобод тумани бош имом-хатиби Фазлиддин домла Аллаёров;

 Фарғон вилояти Тошлоқ тумани бош имом-хатиби Шукруллоҳ домла Эгамбердиев;

 Тошкент шаҳри “Убай ибн Каъб” масжиди имом-хатиби Абдулҳаким қори Матқулов;

 Тошкент шаҳри “Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф” масжиди имом-хатиби Исмоил домла Муҳаммад Содиқ;

 Тошкент шаҳри “Ракат” масжиди имом-хатиби Роббимқул домла Муҳаммадиев;

 Тошкент шаҳар “Яккасарой” масжиди имом-хатиби Салоҳиддин домла Ташанов;

 Тошкент шаҳар “Доруссалом” масжиди имом-хатиби Муҳаммадраҳим домла Абдуқодиров;

 Тошкент шаҳар “Умар ибн Хаттоб” масжиди имом-хатиби Мансур домла Даминов;

Қолаверса, ушбу мулоқот ва тадбирларда Президент маслаҳатчиси Шоазим Миноваров, Дин ишлари бўйича қўмита раиси Содиқжон Тошбоев ва бошқа мутасаддилар ҳам иштирок этиши режа қилинган.

Аллоҳ таоло вилоятимизга уламоларимиз сафарини хайрли ва манфаатли қилсин!

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати
@muslimuzportal | @mp3muslim | @diniysavollar

“Агар Раббингиз хоҳласа эди, Ер (юзи)даги барча кишилар ёппасига имон келтирган бўлур эдилар. Бас, Сиз одамларни мўмин бўлишларига мажбур қиласизми?!” (Юнус сураси, 99-оят).  

Ушбу ояти карима очиқ-ойдин кўрсатиб турибдики, Раббимиз ер юзидаги кишиларнинг ёппасига имон келтиришини ирода қилгани йўқ. Шунингдек, мусулмонлар бошқаларни мўмин бўлишга мажбурлашдан қайтариляпти.

Ислом – тинчлик дини, деган ибора кўп такрорланади. Ҳақиқатан, Ислом тинчлик-тотувлик, меҳр-мурувват, одоб-ахлоқ, ғайрат-шижоат дини бўлган боис одамларнинг қалбига маҳкам ўрнашган ва энг юксак фазилатларга эга бўлгани туфайли ушбу динга эътиқод қилувчилар сони кун сайин ортиб бораётир.

Динимиз моҳияти ва юқоридаги ояти каримага амал қилиб яшаган   мусулмонлар гўзал одоблари билан инсонларда Ислом динига нисбатан ҳавас уйғотмоқдалар. Илло, чиройли ахлоқ – Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламга Аллоҳ таолонинг амри эди ва у зотдан биз умматларига қолган суннатдир.

Бироқ Аллоҳ таолонинг ана шундай қатъий кўрсатмаси бўлишига қарамасдан, баъзи кимсалар тўғри йўлдан чалғиб кетаётгани ғоят ташвишли ҳодисадир. ОАВда кўзимиз тушиб қолаяпти: бизнинг тинчликсевар, бутун жисму жони меҳр-шафқатдан иборат бўлган халқимиз орасидан ҳам террорчилик ташкилотлари таъсирига тушиб қолаётганлар учраб турибди. Кечагина шундай адашганлардан бир гуруҳи Самарқанд вилоятининг Иштихон туманида қўлга олинди. Уларнинг мақсади Сурияга ўтиб жиҳод қилиш экан.

Соддаликни қаранг-да, Сурияда кечаётган жангнинг асл моҳияти нима эканини ҳам билмайди, у бечоралар. Сурияда амалдаги ҳукумат билан мухолифат ўртасида ҳокимиятни эгаллаш учун жанг кетяпти.

Хўш, бу жангга ўзбекистонликларнинг нима алоқаси бор? Улар қайси тарафда туриб жанг қилмоқчи ўзи? Нима учун жанг қилмоқчи?..

Парвардигоримиз: “Динда зўрлаш йўқ, зеро, тўғри йўл янглиш йўлдан ажрим бўлди” (Бақара сураси, 256-оят), деб ажримни аниқ қилиб қўйганидан кейин ҳам ҳаддан ошиш – экстремизм, одамларни қўрқитиш – терроризм билан шуғулланиш, Раббимизнинг ояти каримасига қарши бориш уларнинг ўзларининг диндан чиқиб қолишига сабабчи бўлишига фаҳмлари етмасмикан, ажабо!

Терроризм ва экстремизм – ҳар қандай давлат тараққиёти йўлидаги тўсиқ бўладиган, миллатни пароканда қиладиган, инсонларнинг ҳаётини издан чиқариб юборадиган иллатлар. Уларни Ислом душманлари ўйлаб топган ва молиялаштириб туради. Лекин шу ҳақиқатни мусулмонлар сира ҳам англаб ета олмаяптилар ва биродаркушликда, худкушликда ҳамон давом этмоқдалар. 

   Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам биз умматларни қатъиян огоҳлантириб: “Бирортангиз, зинҳор ўз биродарига қурол билан ишора қилмасин (ўқталмасин) чунки у билмайдики, шайтон унинг қўлини бузиши мумкин (яъни унинг қалбига васваса солиш орқали мусулмонга қарата ўқ оттириши мумкин). Оқибатда эса у одам дўзах чоҳига қулайди”, деганлар.

  Диққат қилинг, мусулмон мусулмонга ҳатто қурол билан ишора қилмасин, дейиляпти. Чунки ўртада дарҳол шайтон ҳозир бўлади ва унинг қўлини қалтиратади, натижада униси бунисини, буниси унисини... ва жанжал каттариб кетади, давлат ва жамият буткул инқирозга учрайди.

Туркистон пири-машойихи Аҳмад Яссавий ҳазратлари ҳикматларининг бирида:

Суннат эрмиш бўлса кофир, берма озор,

Кўнгли қаттиқ дилозордан худо безор, –

деб ёзганлар.

Буни қаранг, Аллоҳ таоло: “Динда зўрлаш йўқ”, деб; Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Бирортангиз, зинҳор ўз биродарига қурол билан ишора қилмасин”, деб; Улуғ аждодларимиз: “Кўнгли қаттиқ дилозордан худо безор”, деб огоҳлантириб қўйганидан кейин ҳам ҳаддан ошиб одамларни қурол-яроғ билан даҳшатга солишни ният қилганларни ким деб айтиш мумкин.

Бруклин институти маълумотларига кўра, Twitter тармоғида “Ислом давлати” террорчилик гуруҳи билан у ёки бу даражада боғланган аккаунтлар сони 90 мингтага етади ва ҳар бирида 1000дан ортиқ ўқувчиси бор. Уларга ташриф буюрувчиларнинг асосий қисми ўсмирлар ва қизлардир. Бу фақат ижтимоий тармоқларнинг биттасида бўлаётган ҳодиса, холос.

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев БМТ Бош Ассамблеясининг 72-сессиясидаги нутқида “Бизнинг асосий вазифамиз – ёшларнинг ўз салоҳиятини намоён қилиши учун зарур шароитлар яратиш, зўравонлик ғояси “вируси“ тарқалишининг олдини олишдир”, – дея таъкидлаган эди.

Ана шу масала бутун инсоният олдида турган энг долзарб вазифалардан биридир. Негаки, терроризм ва экстремизм балоси даф бўлмас экан, бирорта давлат ва жамиятда тинчлик ва тараққиёт бўлмайди. Инсоният ана шу ҳақиқатни тушуниб олмоғи даркор.

Музаффархон АЪЗАМ,

“Пул емас ота” масжиди имом-хатиби


Малайзияда Коронавирус (Cовид-19) қарши кураш чоралари туфайли ўз шаҳрини тарк эта олмаган мусулмонлар Қурбон ҳайитини оилаларидан узоқ бўлган юртларда ўтказди.

Жорий йил 13 январда эълон қилинган фавқулодда ҳолат туфайли малайзияликлар шаҳар ва туманлар ўртасида саёҳат қилолмади.

Мамлакатдаги кўплаб мусулмонлар ўтган йилдагидек бу йил ҳам ўз шаҳарларига қайтиб кела олмади. Жумладан, пойтахт Куала-Лумпурда жойлашган “Имон” компанияси ходимлари икки йилдан бери оиласидан узоқда бўлмоқда.

Перак вилоятидаги оиласига боролмаган Имон ҳамкасблари билан таътилга чиқиб, таскин топади. Дўстлари билан эрта тонгда анъанавий байрам овқатларини тайёрлашни бошлаган ва ўша куни махсус кийимлар кийиб олган Имон ва унинг дўстлари эпидемияга қарамай, ўзларининг байрам анъаналарини нишонламоқда.

 

ЎМИ Халқаро алоқалар бўлими

Туркиядаги оммабоп электрон нашрдан бири – «haberakdeniz.com» сайтида ўзбек диаспорасининг фаол вакили, профессор Салиҳ Айнуралнинг «Ўзбекистон - бориб кўриш шарт бўлган ўлка» сарлавҳали мақоласи эълон қилинди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА.

Материалда мамлакатимизнинг бой тарихий мероси, туризм салоҳияти, муқаддас ислом дини билан боғлиқ қадамжолари ва бугунги замонавий ривожланиши батафсил қаламга олинган. Мақолада таъкидланишича, қадим маданиятлар чорраҳаси бўлган Ўзбекистон Марказий Осиёнинг барча давлатлари билан умумий чегарадош.

«Ўзбекистон тарихий, маданий меъроси жиҳатидан Марказий Осиё давлатлари орасида энг бой мамлакатдир, - деб ёзади муаллиф. - Айниқса, Самарқанд, Бухоро, Хива ва Шаҳрисабз осмон остидаги очиқ шаҳар-музейлар сифатида эътироф этилади. Бу шаҳарларда бўлсангиз, кўчаларида кезсангиз ўзингизни тарихга тушиб қолгандек ҳис қиласиз. Тасаввур қилинг, Самарқандни айланиб юриб, мактабда ўрганганларингиз, китоблардан ўқиб ҳайратланган Улуғбекнинг расадхонасига дуч келасиз. У дамда ўзингизни фазо қаърида ҳис қиласиз. «Зижи жадиди Кўрагоний» жадвалидаги 1018 та юлдузга саёҳат қилгандек тассаввур қиласиз».

Нашрда бутун ҳаёти давомида бир марта ҳам енгилмаган, қудратли давлат барпо этган Соҳибқирон Амир Темур ҳақида алоҳида маълумотлар ўрин олган. «Самарқандга борганингизда Амир Темур мақбарасини, Мирзо Улуғбек, Тиллакори ва Шердор мадрасаларини, албатта, томоша қилинг. Дунё илмига улкан ҳисса қўшган ва Ўзбекистонда туғилган Беруний, Хоразмий, Ибн Сино, Фарғоний, Улуғбек ва Али Қушчидек мутафаккир олимлар билан айни ҳаводан нафас олгандек бўласиз», – дея қайд этилади материалда.

“Самарқандга борганда туркий халқлар илм ва тафаккурга қанчалик аҳамият бергани ва олимларни не чоғли эъзозлаганини юракдан шоҳид ҳис қиласиз. Буюк алломалар Имом Бухорий, Мотуридий, Термизий, Баҳоуддин Нақшбандий ва Хўжа Убайдуллоҳ Аҳрор ҳазратларининг мақбаралари ёки Қусам Ибн Аббоснинг қабрлари жойлашган Шоҳи Зинда ансамблини зиёрат килсангиз ўзингизни худди илоҳий оламда ҳис қиласиз. Шунинг учун, Ўзбекистон фақатгина Туркия халқининг эмас, бутун ислом оламининг бориб кўриши керак бўлган мамлакат сифатида аҳамиятлидир”, - деб таъкидлайди муаллиф.

«Бухорода Минораи Калон, Чор минор, Арк қалъаси, Сомонийлар мақбараси, Мир Араб, Нодир Девонбеги, Абдулазизхон мадрасалари жойлашган. Хивадаги Ичан қалъа, Исломхўжа минораси ва Калта минор, Муҳаммад Аминхон ва Шерғозихон мадрасалари, қадимий Жума масжиди мажмуаси, Қўхна арк қалъасида эса эртаклар оламининг нафасини туясиз», - деб ёзади турк олими.

Мақолада ёзилишича, пойтахт Тошкентга келганингизда замонавийлик ва тарихни ўзаро уйғунлашганини кўрасиз. Тошкент ўзининг кенг йўллари, ям-яшил боғлари ва кўркам бинолари билан Туркия учун наъмуна бўла оладиган шаҳардир.

«Қисқаси, Ўзбекистон биз учун табиат гўзалликлари, тарихий ва маданий бойлиги ҳамда муштарак қадриятлари нуқтаи назаридан бориб кўрилиши керак бўлган ўлкаларнинг аввалида туради. Ўзбекистонга борганингизда ўзингизни зинҳор бегона ҳис қилмайсиз», - деб ёзади Салиҳ Айнурал.

Мақоланинг тўлиқ шакли билан https://www.haberakdeniz.com.tr/haber-mutlaka-gorulmesi-gereken-kardes-ulke-ozbekistan-53818.html ҳаволаси орқали танишиш мумкин.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

Мақолалар

Top