muslim.uz
Қўрқув, хўрлигу ҳақоратлар ортда қолгани рост бўлсин!
Муҳтарам Президентимизнинг ташаббуслари билан Яқин Шарқдаги уруш ўчоқларидан 64 нафар ўзбекистонлик бола она-Ватанимизга олиб келингани жуда катта хайрли иш бўлди.
Ушбу мурғак болаларнинг ҳеч қандай айби йўқ. Улар ота-отаси туфайли мана шундай заҳмату машаққатларни бошидан кечирди. Энди биз уларга меҳр кўрсатишимиз, қалбларига ёруғлик олиб киришимиз ва бағримизни кенг очишимиз чин мўминлик сифатидир.
Бинобарин, Аллоҳ таоло: “Яхшилик билан ёмонлик баробар бўлмас, сиз (ҳар қандай ёмонликни) энг гўзал сўзлар билан дафъ қилинг! (Шунда) баногоҳ сиз билан ўрталарингизда адоват бўлган кимса қайноқ - содиқ дўст каби бўлиб қолур” (Фуссилат, 34), деб марҳамат қилган.
Махсус ҳаво лайнери Ўзбекистон заминига етиб келгач, уларнинг юзида мамнунлик барқ урди. Мусофирчилик азоблари, қўрқув, даҳшат, хўрлигу ҳақоратлар ортда қолди! Чунки уларнинг тақдири Ўзбекистон деган муаззам мамлакатнинг халқпарвар Раҳбари эътиборидадир. Ушбу Раҳбарнинг шиори эса одамлар қалбига эзгулик, меҳр-шафқат уруғини қадашдан иборатдир.
Ачинарлиси, бизнинг Тошкент шаҳридан ҳам 10 нафар боланинг ўша ерларда хору зор бўлиб юргани мени қаттиқ дилимни оғритди. Азизлар, қаерга қараяпмиз, нега бефарқмиз, кўзимизни очайлик, ахир! Нобакор ота-оналарнинг қилмиши туфайли, улар қанча азоб чекканини бир норасидани ўзидан эшитиб кўзимга ёш келди, ахир Аллоҳ бизга болажонларни омонат қилиб берган-ку, эрта қиёматда улардан сўралишимизни унутмайлик. Шундай экан, ҳар бир ота-она босаётган қадамига ҳушёр бўлиши керак, босган қадами нафақат ўзи, балки фарзандларининг ҳам келажагига таъсир қилишини эсдан чиқармаслиги лозим.
Нуриддин Холиқназаров,
Тошкент шаҳри бош имом-хатиби
Ўзбекистон ўз фарзандларини ҳимоя қилишга қодир
Ўтган куни муҳтарам Президентимиз ташаббуслари билан Яқин Шарқдаги ИШИД жангарилари уруш қилган ҳудудлардан 64 нафар ўзбекистонлик бола юртимизга олиб келингани жуда катта олийжаноблик бўлди.
Давлатимиз Раҳбари адашиб, ёт ғоялар таъсирига тушиб қолган, маккорона тарғиботу ташвиқотларга учиб, бузғунчи гуруҳларга аъзо бўлиб, оқибатда ҳаёти буткул издан чиқиб кетган турли ёшдаги кишиларга ёрдам бериш ҳақида куйиниб, улар ҳам шу миллатнинг фарзандлари эканини айтган эдилар.
Яқин Шарқдаги уруш ўчоқларида ношуд ота-оналари туфайли улоқиб юрган болаларга меҳр кўрсатиш, уларга ёрдам қўлини чўзиш ва бағрига босиш ҳақиқий миллат вакилларининг ўз фарзандларига кўрсатган инсонпарварлиги ҳисобланади.
Ҳазрати Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом болаларни “жаннат райҳонлари”, деб атаганлар. Шундай экан ёш болаларни эрта нобуд бўлиши ёки нотўғри йўлдан кетишларига йўл қўймаслигимиз жуда ҳам муҳимдир.
Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 22-моддасида: “Ўзбекистон Республикаси ўз ҳудудида ҳам, унинг ташқарисида ҳам ўз фуқароларини ҳуқуқий ҳимоя қилиш ва уларга ҳомийлик кўрсатишни кафолатлайди”, деб таъкидланган.
Ана шу модда мамлакатнинг қудратини ва ўз фуқароларига муносабатини ёрқин ифодалайди. Мана бу инсонпарварлик иши, яъни ўз фарзандларини оловли нуқталаридан она-Ватанга қайтариш жасорати чинакам ватанпарварликдир.
Ислом динида меҳр-шафқат ва кечиримлиликка кўп даъват қилинган. Негаки, раҳм-шафқат қилиш Аллоҳ таолонинг меҳрибонликларидан бири. Аллоҳ таоло: “Агар сизлар (уларни) афв этсангизлар, койимасангизлар ва кечирсангизлар, у ҳолда, албатта, Аллоҳ (ҳам) мағфиратли ва раҳмлидир” (Тағобун, 14), деб таълим беради.
Таассуфки, ана шу болаларнинг 10 нафари бизнинг вилоятимиздан экан. Бу бизга дарс бўлиши керак, кўзимизни очиши керак, бу қора кўзларнинг ўша ерларда хору зор бўлиб, қийналишига сизу биз ҳам сабабчимиз, вақтида ёмон йўлга кириб кетаётган қўшнимизга, қариндошимизга тўғри йўлни кўрсатмаганмиз, эътиборсиз бўлганмиз. Энг асосийси, ҳурматли ота-оналар фарзандларимизга масъул эканимизни унутмайлик, улар Аллоҳнинг омонати эканини доимо ёдда сақлайлик.
Хайрулло ТУРМАТОВ,
Тошкент вилояти бош имом-хатиби
Муфтий ҳазратлари “Ҳаким Термизий” масжидида жума намозини адо этди
Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари Сурхондарё вилоятига ташрифлари давомида 11 октябрь куни жума намозини Термиз шаҳридаги “Ҳаким Термизий” жоме масжидида намозхонлар билан бирга адо этдилар.
Муфтий ҳазратлари йиғилганларга амру маъруф қилиб, юртимизда олиб борилаётган ислоҳотлар, айниқса, куни кеча 10 октябрь куни муҳтарам Президентимиз ташаббуслари билан Яқин Шарқдаги ИШИД жангарилари уруш қилган ҳудудлардан 64 нафар ўзбекистонлик бола она-Ватанимизга олиб келингани жуда катта инсонпарварлик бўлганини атрофлича изоҳлаб бердилар.
Мазкур масжид биноси шарқ меъморчилигининг ноёб анъаналарини ўзида мужассам этган бўлиб, иншоотдаги битта йирик гумбаз ҳамда унга ёндош 2 та 42 метр баландликдаги минора масжидга кўркамлик ва ўзига хос салобат бахш этади. Ёпиқ бино ичида бир вақтнинг ўзида 2500 намозхон ибодат амалларини бажариши мумкин.
Шу билан бирга, мажмуа ҳудудида энг нодир асарлар жамланган кутубхона, турли илмий анжуманлар ўтказишга мўлжалланган алоҳида хоналар ташкил этилди. 2,5 гектарни ташкил этувчи ҳудуд девор билан ўралиб, шарқона айвонлар қад ростлади, умумий овқатланиш, савдо ва турли хизмат кўрсатиш шохобчалари ёдгорлик мажмуасига кўрк бағишлаши баробарида зиёратчилар ҳамда сайёҳлар учун қулайлик яратмоқда.
Сурхондарё вилояти сафари давом этмоқда.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
“Бахт” масжиди биносига биринчи ғишт қўйилди
Бугун муборак жума тонгида юртимизда қайтадан қурилаётган навбатдаги масжидга чин ихлос ва эзгу ниятлар билан биринчи ғишт қўйилди.
Сирдарё вилояти Бахт шаҳридаги “Бахт” жоме масжиди аввалги жойлашган ўрнидан бироз марказда, яъни Тошкент-Самарқанд йўналишидаги М-34 магистрал йўли бўйида қурилмоқда. Бу эса нафақат ҳудуд аҳолиси балки, йўловчилар, юртимиз меҳмонларининг ибодатларини адо этиб олишлари учун қулайлик туғдиради.
Масжид учун 50 сотих ер майдони ажратилган. Лойиҳага кўра, асосий хонақоҳ 8 бурчак шаклида бўлиб, 1500 кишини сиғдиради. Масжид жойлашган ўрнини эътиборга олиб, аёллар учун алоҳида намозхона ва таҳоратхоналар бўлиши кўзда тутилган.
Ҳозирга келиб масжид пойдеворига асос солинган. Бинонинг биринчи ғиштни қўйиб бериш учун Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси маслаҳатчиси Абдуҳаким Матқулов, Сирдарё вилояти бош имом-хатиби Ҳабибуллоҳ домла Зокиров ҳамда имом-хатиблар, маҳалла аҳли жам бўлишди.
Йиғилганлар қурилишга бош бўлиб турган имом-хатиб, масжид жамоаси, меҳнат қилаётган қурувчилар, уларга ҳар тарафлама кўмак бериб, бу савобли ишга ҳиссаси қўшилаётган барча мухлис кишилар ҳақларига дуолар қилдилар.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Масжидлар бўлими
Ота ва унинг қизлари
Фарзандларимга нима иш қилишимни айтмаганман. Мени деб уялишларини истамайман. Кичик қизим нима иш қилишимини сўраганда, оддий ишчиман қизалоғим, дердим. Уйга қайтиш олдидан кўчадаги умумий ҳаммомда ювиниб, кейин борардим. Токи улар менинг нима иш қилишимни сезмасинлар.
Ҳамма қизларимни мактабга юборишни, уларнинг таълим олишларини, келажакда инсонлар олдида азиз ва ҳурматли шахс бўлиб етишишларини хоҳладим. Уларга бирор киши менга қилганидек муомала қилмаслигини, паст назар билан қармаслигини истадим. Одамлар мени менсимасликка ўрганиб ҳам қолишган.
Топадиган ҳамма пулларимни қизимни ўқитиш учун йиғиб қўйдим. Ҳеч қачон ўзимга янги кўйлак сотиб олмадим. Бунинг ўрнига фарзандларимга китоблар олиб бердим.
“Эҳтиром”. Мана шу мен орзу қилган нарсадир. Ҳа, мен кўча тозаловчи бўлиб ишлайман.
Ўтган куни қизимнинг ҳужжатларни топшириш вақти эди. Аммо мен керакли пулни тополмадим. Ўша куни қўлим ишга бормади. Ишлолмай, кўз ёшимни яширишга уриниб, ахлат қутиси ёнига ўтирдим. Ҳамкасбларим менинг аҳволимни кўришди, аммо ёнимга кела олишмас, бирорталари мен билан гаплашишга ботинишолмасди. Қизимнинг ўқишга кириш орзуси рўёбга чиқмади. Жуда сиқилдим, ичим эзилди. Бугун уйга борганда қизим билан қандай кўришишимни, агар у мендан пул ҳақида сўраса, нима деб жавоб беришимни билмайман.
Мен фақир оилада туғилганман. Бугун ишдан сўнг ҳамкасбларим ёнимга ўтиришди-да, “Бизни ўзингга дўст деб биласанми?” деб сўрашди. Ҳали жавоб беришга улгурмасимдан барчалари бугунги иш ҳақларини менга узатишди. Пулларни олишдан бош тортдим. Шунда улар “Биз бугун нари борса оч қолармиз. Аммо қизинг абата ўқиши керак!” дейишди. Бу гапларини эшитиб ўзимни тута олмай йиғлаб юбордим. Шу куни ҳаммомга ҳам кирмай уйга бордим. Ҳамма ёғим кир эди.
Бугун эса... Қизларимдан бири университетни тугатиш арафасида. Қизларим мени кўча тозалаш ишига юборишмади. Катта қизим университет қошидаги бир бўлимда ишлайди. Қолган учтаси эса университет стипендиясини олишади.
Гоҳида катта қизим олдин ишлаган жойимга мени олиб боради. Борганимиздан сўнг ўша ерда ҳалиям меҳнат қилаётган ҳаммкасбларимга овқат улашиб келамиз.
Бир куни ўша ердаги ҳамкасбларимдан бири кулиб туриб қизимга бир савол берди: “Нега бизга доим овқат олиб келасан?”
Қизалоғим уларга шундай жавоб берди: “Мен бу мартабага эришишим учун сизлар ҳаммангиз бир кун оч қолгансизлар. Шу боис Аллоҳ таолога дуо қилинглар, У Зот менга сизларга ҳар куни овқат олиб келишимни насиб этсин!”
Ҳа, бугун мен ўзимни фақир ҳисобламайман. Қандай қилиб фақир бўлайин, ахир Роббим менга шундай қизларни ато этган-ку!
Интернет маълумотларидан Нозимжон Ҳошимжон таржимаси