Ўзбекистон янгиликлари

Ўзбекистон ўз фарзандларини ҳимоя қилишга қодир

Ўтган куни муҳтарам Президентимиз ташаббуслари билан Яқин Шарқдаги ИШИД жангарилари уруш қилган ҳудудлардан 64 нафар ўзбекистонлик бола юртимизга олиб келингани жуда катта олийжаноблик бўлди.
Давлатимиз Раҳбари адашиб, ёт ғоялар таъсирига тушиб қолган, маккорона тарғиботу ташвиқотларга учиб, бузғунчи гуруҳларга аъзо бўлиб, оқибатда ҳаёти буткул издан чиқиб кетган турли ёшдаги кишиларга ёрдам бериш ҳақида куйиниб, улар ҳам шу миллатнинг фарзандлари эканини айтган эдилар.
Яқин Шарқдаги уруш ўчоқларида ношуд ота-оналари туфайли улоқиб юрган болаларга меҳр кўрсатиш, уларга ёрдам қўлини чўзиш ва бағрига босиш ҳақиқий миллат вакилларининг ўз фарзандларига кўрсатган инсонпарварлиги ҳисобланади.
Ҳазрати Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом болаларни “жаннат райҳонлари”, деб атаганлар. Шундай экан ёш болаларни эрта нобуд бўлиши ёки нотўғри йўлдан кетишларига йўл қўймаслигимиз жуда ҳам муҳимдир.
Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 22-моддасида: “Ўзбекистон Республикаси ўз ҳудудида ҳам, унинг ташқарисида ҳам ўз фуқароларини ҳуқуқий ҳимоя қилиш ва уларга ҳомийлик кўрсатишни кафолатлайди”, деб таъкидланган.
Ана шу модда мамлакатнинг қудратини ва ўз фуқароларига муносабатини ёрқин ифодалайди. Мана бу инсонпарварлик иши, яъни ўз фарзандларини оловли нуқталаридан она-Ватанга қайтариш жасорати чинакам ватанпарварликдир.
Ислом динида меҳр-шафқат ва кечиримлиликка кўп даъват қилинган. Негаки, раҳм-шафқат қилиш Аллоҳ таолонинг меҳрибонликларидан бири. Аллоҳ таоло: “Агар сизлар (уларни) афв этсангизлар, койимасангизлар ва кечирсангизлар, у ҳолда, албатта, Аллоҳ (ҳам) мағфиратли ва раҳмлидир” (Тағобун, 14), деб таълим беради.
Таассуфки, ана шу болаларнинг 10 нафари бизнинг вилоятимиздан экан. Бу бизга дарс бўлиши керак, кўзимизни очиши керак, бу қора кўзларнинг ўша ерларда хору зор бўлиб, қийналишига сизу биз ҳам сабабчимиз, вақтида ёмон йўлга кириб кетаётган қўшнимизга, қариндошимизга тўғри йўлни кўрсатмаганмиз, эътиборсиз бўлганмиз. Энг асосийси, ҳурматли ота-оналар фарзандларимизга масъул эканимизни унутмайлик, улар Аллоҳнинг омонати эканини доимо ёдда сақлайлик.


Хайрулло ТУРМАТОВ,
Тошкент вилояти бош имом-хатиби

2197 марта ўқилди

Янгиликлар

Top