muslim.uz

muslim.uz

ЎМИ Матбуот хизмати

Четверг, 14 Февраль 2019 00:00

Ғамдан узоқ бўлиш учун...

  • Ёмон инсонлардан узоқ юрмоғинг керак. Токи касалликлари сенга ҳам ўтмасин. Зеро, руҳ шамол кабидир. Агар хушбўй нарсаларнинг устидан эсиб ўтса, ҳиди ҳам хушбўй бўлади ва аксинча. Қалб тоза руҳли, одамохун кишилар суҳбатида баҳра топади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам марҳамат қилганларидек:

"Яхши ўртоқ мушк-анбар соҳиби, ёмони эса олов пурковчи темирчи босқони кабидир. Мушки анбар эгаси ё бу хушбўйликдан бир миқдорини сенга ҳадя этади, ёки сен ундан харид қиласан, ёхуд уни ҳидлаб фойда оласан. Аммо темирчи босқонидан чиқаётган аланга ё сенинг кийимингни ёндиради, ҳеч бўлмаса унинг бадбўй ҳидидан ҳидлашга мажбур бўласан".

  • Жунуб бўлган ҳолда ётиб ухламаслигинг керак.
  • Ҳамиша таҳоратли бўлмоғинг лозим. Зеро, таҳорат энг асосий исломий тамойиллардан биридир. Расули Акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам марҳамат қиладиларки:

"Етти кунда бир марта ғусл қилиб, бош ва бутун жасадни ювмоқлик ҳар бир мусулмон учун зарур бўлган амаллардандир".

Ҳар бир руҳ таҳоратсизлик ва жунублик ҳолатидан нафратланса, таҳоратли ҳолидан масрур ва хушнуд бўлади ҳамда енгил тортади.

  • Нафсингни сўроққа тутмоғинг, уни Аллоҳ ва Расулининг йўлидан юрмоқликка даъват этмоғинг даркор. Шайх ибн Арабий дейдики, шайхларимиз кундалик амал ва гапирган сўзларининг ҳисобини қилиб, дафтарларига қайд этиб боришарди. Қечқурун, хуфтон намозидан кейин эса дафтарларидаги қайдларни кўздан кечиришарди. Агар кун бўйи қилинган амаллар истиғфор талаб этса, истиғфор айтишар, тавба қилинмоғи лозим бўлса тавба, шукр керак бўлса, Аллоҳга шукрлар айтиб, сўнгра ётишарди. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам марҳамат қилиб шундай дейдилар:

"Киши дўстини сўроққа тутгани каби ўз нафсини тергаб, еб-ичаётганларининг қаердан келаётганлигини сўрамагунча муттақий бўлолмайди".

  • Ҳар кунги амалларингни назорат қилиб бор. Эътибор бергинчи, хайрли амалларинг кўпмикан ё ҳайвоний - ёмон амалларингми?
  • Инсонларнинг сендан юз ўгиришлари ёхуд сенга мойилликларидан таъсирлаганча алданиб қолмаслигинг керак. Чунки бу - сени қулга қул бўлмоқлик сари етаклайди. Бу эса олчоқлик белгисидир.
  • Қаҳқаҳа отиб кулмоқни тарк этишинг керак. Зеро, у сенлаги малаклик унсурини (фаришталик сифатини) ўлдиради. Шундан бўлса керакки, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам баланд овозда кулмаганлар. Фақатгина мулойим табассум қилганлар... Аслида қаҳқаҳа ифрот, қовоғи осиқлик эса тафритдир.
  • Кунда фақат саккиз соат ухлашга одатланиш керак. Чунки кўп ухламоқлик ҳам инсондаги малакиёт сифатларини ўлдиради, уни танбал қилади, ҳайвоний сифатларга куч бағишлайди.
  • Ўзингни кам гапиришга ўргатгин. Зеро, лақмалик - калтафаҳмлик белгиларидан бўлиб, "етти ўлчаб бир кесмоқлик"ка халал беради. Шошма-шошарлик ҳам ана шу ердан майдонга чиқади. Буни ҳамиша ёдингда тутгин.

"Ейингиз, ичингиз, фақат исроф қилмангиз" (Аъроф, 31-оят).

  • Қорнинг очмагунча овқатланмаслигинг, тўймасдан дастурхон бошидан туриб кетишинг лозим.
  • Овқатланишдан олдин: "Бисмиллоҳ", еб бўлгач: "Алҳамдулиллаҳ", дейишни унутма.
  • Овқатланишга ўтирганингда ўнг тиззанг қорнингга тегадиган даражада тик бўлсин, чап оёғинг устида ўтир ва ўнг қўлда егин.
  • Кўзингни аёлларга қараш, уларнинг "чиройли" сувратини томоша қилиш каби ҳаром манзаралардан асрамоғинг зарур. Бу каби нарсалар инсондаги шаҳват унсурини ғалаёнга келтиради, ақл чироғини сўндиради ва ҳаё пардасини йиртиб ташлайди. Охир-оқибатда эса ғазабга учрайдиганлардан бўлиб қоласан.
  • Ўринсиз ҳазил-мутойиба ва мунозалардан узоқлашмоғинг лозим. Чунки булар инсон руҳига олчоқлик ва бировни мазах қилиш туйғусини жойлаштириб қўяди. Энг зарур бўлган виқор ва шахсиятнинг камол топишига халал беради.

Эй, иршод талабидаги қардошим! Юқорида санаб ўтганларимизнинг ҳаммаси манъ қилинган амаллардир. Ҳа, улардан узоқлашмоғинг даркор. Зеро, булар инсон шахсиятини йўқ қилиб, изтироб алангасига отади, уни масъулиятсиз бир ҳолга келтириб қўяди.

 

"Ғам-қайғусиз яшай десангиз (ўксинма)" китобидан.

ЎМИ Матбуот хизмати

Мамлакатимизнинг зиёрат туризми бўйича дунёда энг йирик марказлардан бири сифатида тан олинишини таъминлаш, Бухоро вилоятининг сайёҳлик имкониятларини намоён этиш ва соҳага тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни кенг жалб қилишда ушбу форум катта аҳамият касб этади.

Президентимиз томонидан соҳага оид қабул қилинган фармон ва қарорлар туризмни жадал ривожлантиришда муҳим ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилмоқда. Бугунги кунда 45 та давлат фуқаролари учун 30 кунгача визасиз тартиб жорий этилгани сайёҳларнинг мамлакатимизга, хусусан, Бухоро, Самарқанд, Хива, Шаҳрисабз каби тарихий шаҳарларга қизиқишини янада оширди.

Сайёҳлар орасида ислом маданияти обидалари, буюк алломаларимиз қадамжоларини зиёрат қилувчилар тобора кўпаймоқда.

Бухоро вилоятида ҳам зиёрат туризмини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бу йўналишдаги салоҳиятни халқаро миқёсда кенг тарғиб қилиш муҳим аҳамиятга эга. Бухорода ўтказилиши кутилаётган анжуман ҳам айнан ана шу мақсадга хизмат қилади. Унда мамлакатимизнинг сайёҳлик, жумладан, зиёрат туризми имкониятлари ва сўнгги йилларда соҳага инвестиция жалб этиш, бу борадаги тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш самарасида эришилган ютуқ ва лойиҳалар тақдимоти ўтказилади. Шунингдек, хорижий мамлакатлар вакилларининг зиёрат туризмини ривожлантириш борасидаги тажрибасига ҳам эътибор қаратилади.

Форум доирасида туризм соҳасида янги йўналишларни ўзлаштириш, қизиқарли сайёҳлик маҳсулотларини шакллантиришга доир кўргазмалар ташкил этилади, хорижлик меҳмонлар ва туризм тармоғида фаолият юритаётган ишбилармонлар билан ўзаро ҳамкорлик алоқаларини кенгайтириш юзасидан музокаралар ўтказилади.

Нуфузли анжуманга Индонезия, Малайзия, Миср, Покистон, Қозоғистон, Қатар, Кувайт, Саудия Арабистони, Сингапур, Озарбайжон, Туркия, Нигерия, Россия, Ҳиндистон, Германия, АҚШ, Франция, Буюк Британия, Жанубий Африка каби дунёнинг кўплаб мамлакатлари, шунингдек, қатор халқаро ташкилотларнинг 100 дан зиёд вакили ташриф буюриши кутилмоқда. Улар орасида соҳа мутахассислари, сайёҳлик компаниялари вакиллари, таниқли олимлар ва бошқалар бор.

Зиёрат туризмининг ўзига хос талаблари бор. Шуни инобатга олиб, анжуманнинг ислом динига эътиқод қилувчи қатнашчиларига тегишли қулайликлар, масалан, ибодат амалларини амалга ошириш бўйича зарур қулайликлар ҳам назарда тутилган.

Мусулмон дунёсида машҳур бўлган “Етти пир” силсиласини ташкил этувчи авлиёлар қадамжолари обод қилинди. Ҳозирда бу масканларда зиёратчилар учун янада қулайликлар яратилмоқда. Бухорода илк бор ташкил этилаётган I халқаро “Зиёрат туризми” форуми қатнашчилари Ғиждувон, Шофиркон, Вобкент, Ромитан ва Когон туманларида жойлашган ушбу қадамжоларни зиёрат қилади.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Шу кунларда Ўзбекистон миллий кутубхонаси делегацияси АҚШда бўлиб, бир қанча йирик кутубхона муассасалари фаолияти билан танишмоқда. Бу ҳақда ЎзА хабар берди.

Кейинги йилларда Ўзбекистон ҳамда Америка Қўшма Штатлари ўртасида маданий-гуманитар соҳасидаги алоқалар ҳам янги босқичга чиқмоқда. Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон миллий кутубхонаси ва АҚШнинг Ўзбекистондаги элчихонаси ўртасида имзоланган меморандум асосида мамлакатимиз кутубхоначилари шу кунларда АҚШда ахборот-кутубхона фаолиятидаги илғор тажрибаларни ўрганмоқда.

АҚШ Давлат департаменти ҳар йили дунё бўйлаб 5 мингга яқин мутахассисларни “Етакчилар учун халқаро меҳмонлар дастури” асосида тажриба алмашиш ва малака оширишга таклиф этади. Кутубхоначиларимиз Вашингтон, Портленд, Айова, Буффало шаҳарларидаги давлат ва жамоатчилик кутубхоналари, олий таълим муассасаларида кутубхоначилар тайёрлайдиган факультетлар, архив, музей каби муассасалар иш фаолияти билан танишмоқда.

АҚШ Миллий кутубхонаси, яъни, Конгресс кутубхонасининг Африка ва Яқин Шарқ бўлимида мамлакатимизга оид кўплаб нодир манбалар сақланади. Буюк аждодларимизнинг дурдона асарлари Конгресс кутубхонасининг бойлиги ҳисобланади. Жумладан, Бурҳониддин Марғиноний, Аҳмад Фарғоний, Алишер Навоий, Ибн Сино каби боболаримизнинг ғарб тамаддунида ўзига хос ўрин тутган асарлари мавжуд.

–Жорий йилда Аҳмад Фарғоний номидаги Фарғона вилоят ахборот-кутубхона маркази ташкил этилганига 120 йил тўлади, –дейди мазкур ахборот-кутубхона директори Шоҳидбек Аслонов. – Бугунги кунда ушбу санага жиддий ҳозирлик кўрмоқдамиз. Шу боис Аҳмад Фарғонийнинг турли мамлакатлардаги асарларини жамлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. XIX асргача астрономия илмида асосий дарслик сифатида ўтилган “Самовий жисмлар ҳаракати ва умумий илми нужум” китобининг 1493 йилда лотин тилида чоп этилган нусхасининг электрон кўриниши Фарғона вилоят ахборот кутубхона марказига тақдим этилди.

Шунингдек, худди шу китобнинг 1669 йилда араб ва лотин тилида чоп этилган ва бугунги кунда китобнинг асл нусхаси Айова штати университетининг кутубхоначилик ишлари ва ахборот технологиялари факультетида сақланиб келинаётир. Мазкур китобни ҳам электрон кўринишга ўтказиб, Фарғона кутубхонасига тақдим қилиш бўйича келишувга эришилди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Мақолалар

Top