muslim.uz

muslim.uz

Вторник, 04 Декабрь 2018 00:00

“Ўзбекистон уламолари”

Ўзбекистон мусулмонлари идораси юртимизнинг диний, ижтимоий-маданий ҳаётида муносиб ўрин эгаллаган расмий диний ва мустақил ташкилот сифатида маълум. Ушбу китобда мазкур идора ташкил топганидан буён ўтган 70 йилдан ортиқ вақт мобайнида Ватан, дин, халқ хизматига бел боғлаган, умрини ислом маърифатини ёйиш йўлида бахшида этган дин арбоблари, мударрислар, имом- хатиблар ҳаёти ва фаолияти хақидаги маълумотлар жамланган.

Китобга Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари ва Бахтиёр Бобожонов масъул муҳаррирлик қилган.

Асар икки қисмдан ташкил топган. Биринчи қисмда: Ўрта Осиё Россия империяси мустамлакаси бўлган даврда мусулмон диний ташкилотлари, Қатағон йиллари: зулм ва истибдод, Мустақиллик йиллари: миллий ва диний қадриятларнинг тикланиши каби мавзуларда илмий маълумотлар келтирилган.

Иккинчи қисмда эса, ватан, дин ва халқ хизматида фаолият юритган диний идора раҳбарлари, муфтийлар, уларнинг ўринбосарлари, диний таълим муассасалари раҳбарлари, Тошкент ислом институти ректорлари, Мир Араб мадрасаси мудирлари ҳамда республикамизнинг вилоят, шаҳар ва туманларида меҳнат қилган имом-хатибларнинг таржимаи ҳоллари, илм йўлидаги ибратли намуналари баён этилган.

Асар сўнгида Ўзбекистон мусулмонлари идорасида кўп йил меҳнат қилган ходимлар ва юртимизда таҳсил олган хорижлик дин арбоблари ҳақида ҳам маълумотлар келтирилган.

 

Китоб “Мовароуннаҳр” нашриётида чоп этилган.

Муаллиф: Ҳайдархон Йўлдошхўжаев.

Нашриётда сотиладиган нархи: 55000.

Қуйида келтириладиган фикрлар, ҳикматлар ижтимоий тармоқлардаги турли саҳифалардан олиб таржима қилинган. Бундан ташқари саҳобаи киромлар, улуғ олимлар, Яқин Шарқ, Осиё, Европа ва Америка мутафаккирларининг бир қатор фикрлари ҳам берилган. 

*****

Эй Роббим!

Ҳар бир вафот этган мўминни раҳм қилгин!

Ҳар бир беморга шифо бергин!

Ҳар бир ғамнокка шодлик бергин!

Ҳар бир ишсизга иш бергин!

Ҳар бир бефарзандга солиҳ-солиҳа фарзандлар ато этгин!

Ҳар бир толиби илмга фойдали илм бергин!

Ҳар бир бўйдоққа солиҳ-солиҳа жуфтни рўбарў қилгин!

Ҳар бир маҳзунга саодат бергин!

*****

Кўпинча севишини ифода қилиб беролмайдиганлар кўпроқ севишади.

 *****

Бу ҳаётда кўп нарсани ўзинг ўқиб, ўрганасан. Аммо қўполликни бошқалар билан бўладиган садоқатсиз муомалалардан кейин ўрганасан.

*****

Энг ҳунук нарсалардан бири – қадрноним деб юрган одаминг хатойингни айтмасдан сен билан алоқани узишидир.

*****

Баъзи одамлар сунъий дарахтларга ўхшайди. Ҳар қанча суғорсанг ҳам мева бермайди.

*****

Ҳеч кимни жеркиб, четга суриб қўйма! Аммо сени хоҳламайдиган инсонни қўлидан тутиб қолма.

*****

Шундай инсонлар борки, улар одамларга айб излаш кўзи билан, ўзларига эса гўзаллик, ютуқ излаш кўзи билан қарайдилар.

*****

Ҳеч кимга зулм қилмасликка, ҳеч кимни ғийбат қилмасликка, ҳеч кимнинг дилини оғритмасликка, ўзини ҳеч кимдан устун қўймасликка уринадиган кишиларга саломатлик бўлсин!

*****

Ҳаммамизда айблар бор. Агар Аллоҳ таолонинг “сатр” (тўсиш, яшириш) деган неъмати бўлмаганда, қаттиқ хижолатликдан бўйинларимиз эгилиб қолган бўларди.

 

 

 

Интернет материалларидан тўплаб, таржима қилувчи

 Нозимжон Иминжонов

ЎМИ Матбуот хизмати

Тошкент молия институти ва Binary бошқарув ва тадбиркорлик университети (Малайзия) янгидан очилаётган ўзбек-малайзия факультетининг ўқув дастурини тасдиқлашди.

Бошланғич босқичда Тошкент молия институти қошидаги ушбу факультетда 50 нафар магистрант молия ва банк иши учта ихтисосликлар бўйича қабул қилинади.

Малайзия университети ижрочи раиси Жозеф Адайкаламнинг айтишича, келгусида факультет ўз фаолияти доирасини кенгайтириб, халқаро аудит ва ислом банкинги бўйича мутахассисларни ҳам тайёрлаши мумкин бўлади.

Унга кўра, 30 йилдан ортиқ тажрибага эга бўлган Binary университети дунёнинг 21 та мамлакати билан худди ана шундай ҳамкорликдаги ўқув дастурларини амалга ошириб келмоқда.

Ўзбекистон мусулмонлар идораси матбуот хизмати

Жорий йилнинг 3 декабрь куни “Халқаро ногиронлар куни” муносабати билан Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича Қўмита, Тошкент шаҳар ҳокимлиги билан ҳамкорликда Ўзбекистон мусулмонлари идораси ташаббуси билан имконияти чекланганлар (кўзи ожизлар, эшитиш ва гапириш қобилияти суст ва ногиронлар) учун “Кўҳинур” тўйхонасида тадбир ва байрам дастурхони ташкил қилинди. Тадбирда 400 яқин ногиронлиги бўлган инсонлар қатнашди.

Тадбирни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкаси ҳузуридаги Диний ишлар бўйича қўмита раиси ўринбосари Нуримон Абулҳасан очиб берди. Жамиятимизнинг ҳар бир қатлами Президентимизнинг эътиборларида эканлигини қайд қилиб, олиб борилаётган диний-маърифий тадбирларни бошқа вилоятлардаги имконияти чекланганларга ҳам ўтказиш зарурлиги айтиб ўтди.

Тошкент шаҳар ҳокими ўринбосари Шухрат Турдиқулов ногиронлиги бўлган инсонларга уй-жой билан таъминлаш масалаларида кўрсатилаётган ёрдам ҳақида маълумот бердилар.

“Ҳилол-нашр” нашриёти директори Исмоил Муҳаммад Юсуф имконияти чекланганларга юртимизда кўрсатилаётган ғамҳўрликни эътироф этиб, нашриёт томонидан чиқарилган эшитиш ва гапириш имконияти суст инсонлар учун “Поклик ва намоз” сурдо таржимонли диск ва Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуфнинг “Мўминнинг мерожи” китоби, кўзи ожизларимиз учун “Намоз ва поклик” аудиодиски ва ногиронлиги бўлганларга эса Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуфнинг “Ижтимоий одоблар”, “Васатия йўли”, “Имон” дисклари тақдим этилди.

Ҳар йили 3 декабрь санасида ногиронлиги бўлган шахслар кунининг нишонланишидан асосий мақсад бутун дунёда амалга ошириладиган дастур ва лойиҳаларда ногиронлар бошқа ногирон бўлмаган кишилар билан тенг ҳуқуқлилик асосида иштирок этишини, ногиронларнинг манфаатлари, ҳуқуқлари инобатга олинишини, барча мамлакатларда ногиронларнинг қадр-қимматини ҳимояловчи қонунлар ва тартиб-таомилларнинг жорий этилишини таъминлаб, барча учун очиқ ва дўстона бўлган жамият қуришдан иборатдир.
Ўзбекистонда ҳам ногиронлиги бўлган шахсларнинг манфаатларини ҳимоя қилиш, уларни жамиятимизнинг тўлақонли аъзоси эканликларини кўрсатиш мақсадида турли тадбир ва ислоҳотлар амалга оширилмоқда.

Эслатиб ўтамизки, Ўзбекистон мусулмонлари идораси ва Тошкент шаҳар ҳокимлиги ҳамкорлигида шу вақтга қадар имконияти чекланганларга 120 дан ортиқ диний-маърифий суҳбатлар ташкил қилинди, шунингдек “Вақф” хайрия жамоат фонди томонидан  ногиронлиги бўлган инсонлар кўнгли олинди.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Мақолалар

Top