muslim.uz

muslim.uz

БААнинг Абу Даби шаҳрида 2 декабрь куни Шайх Зайид номидаги Абу Даби маданий мерослар фестивали бошланди. Фестивалда энг комбинациялашган ўзбек павильонига ташриф буюрган туристлар сони кўпчиликни ташкил этмоқда.

Фестивалдаги Ўзбек павильони Регистон майдони шаклида қурилган. Ён-атрофидаги ҳужраларда ҳунармандчилик, нақш ўймакорлиги, гиламдўзлик, сўзана тикиш санъати каби ўзбек миллий маданий мерослари экспозициялари, миниатюра рассомлари ўрин эгаллаган. Туристлар ўзбек амалий санъати намуналарини қизиқиш билан томоша қилишмоқда.

Фестивалнинг очилиш маросимида созандалар ўзбек миллий чолғулари: карнай, сурнай, доира ва ноғора билан мусиқий композицияларни ижро этишди. Ташриф буюрувчилар ўзбек мақомчилари ижросида “Тановар”ни тинглашди.

Павильонда ўзбек ошхонаси, мева ва сабзавот маҳсулотлари ҳам намойиш қилинди.

“Абу Даби фестивалидаги павильонлар 2018 йил Шаҳрисабзда ўтказилган Халқаро мақом санъати форумидаги ҳар бир вилоят учун алоҳида тикланган павильонларни ёдга солади, – дейди ўзбек делегацияси вакилларидан бири Сардор Бабаев. – Мақом фестивалида 14 та павильон 14 та ҳудуднинг ўзига хос маданияти, санъати ва анъаналарини намоён этган бўлса, Абу Даби фестивалида ўша павильонлар яхлит бир ҳолда, Ўзбекистон маданияти ва санъатини дунёга таништирмоқда”. Маданий мерослар фестивали 26 январгача давом этади.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Аввал хабар берганилганидек, Умра ибодатига борувчилар энди фақат йилнинг баҳор фаслида ёки Рамазон ойидагина эмас, балки бутун йил давомида Умра ибодатларига боришлари мумкин бўлди.

Жорий йилнинг 28 ноябрь санасида Фарғона вилояти зиёратчиларидан иборат бир гуруҳ юртдошларимиз Умра сафарига жўнаб кетган эдилар. Улар дастлаб, Мадинаи мунаввара шаҳридаги муқаддас жойларни зиёрат қилиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг муборак масжидларида ибодатларни адо этиш шарифига муваффақ бўлдилар. Бу ҳақда гуруҳ раҳбари (Марғилон шаҳридаги «Зиё» масжиди имом-хатиби) Ҳасанбой Юсупалиев хабар берди.

– "Биз Мадинаи мунавварага етиб келдигу, Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг масжидларига кўзимиз тушган заҳоти барчанинг кўзига ёш келди. У зотнинг равзаларида жам бўлган ҳолда салавот ва саломлар айтар эканмиз, қалбимиздаги ҳаяжон ва хурсандчиликни сўз билан таърифлаб бўлмайди. Қолаверса, юртимиздан келган зиёратчилар учун ҳукуматимиз томонидан яратилган шароитлардан барча мамнун. Зиёратчиларимиз шундай шарт-шароитларни ҳозирлаган ҳамда бу борада тиним билмай хизмат қилаётган мутасаддилар, айниқса, Юртбошимиз ва юртимиз тинчлиги барқарор бўлишини сўраб дуо қилмоқдалар", - дейди гуруҳ раҳбари Ҳасанбой Юсупалиев.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Мана, бу йил ҳам кумуш қиш фасли ўлкамизга ташриф буюрди. Бу эса дилларга илиқлик бағишлаш қатори яна бир бор барчамизни ҳушёр ва огоҳ бўлишга чорлайди. Шу муносабат билан Ўзбекистон мусулмонлари идораси томонидан тайёрланган топшириққа асосан барча вакилликлар томонидан "Масжидларда куз-қиш мавсумларига тайёргарлик кўриш ва ёнғин хавфсизлиги чораларини янада кучайтириш бўйича алоҳида чора-тадбирлар режаси"ни ишлаб чиқилди. Амалий ишлар Фарғона вилояти вакиллиги томонидан ҳам йўлга қўйилди.

Фарғона вилояти ҳудудида фаолият олиб бораётган масжидларда намунали ташкил этилиши ва куз-қиш мавсумларига тайёргарлик ҳолатларини ўрганиш, мавжуд камчиликларни бартараф этиш мақсадида вилоят бош имом-хатиби Салимжон қори Қодиров жорий йилнинг 1 декабрь санасида Тошлоқ ва Қўштепа туманлари ҳамда Марғилон шаҳарларига ташриф буюрди.

Ташриф асносида масжидлар фаолияти, намозхонларга яратилган шарт-шароитлар, хоналарни иситиш тизимлари, таҳоратхона ҳамда ёнғин хавфсизлиги жиҳозлари ҳолатини ҳам ўрганиб, мутахассис ва ишчи гуруҳ томонидан ўрганилди. Масъулларга зарурий кўрсатма ва тавсиялар бериб ўтилди.

Шунингдек, вилоят бош имом-хатиби Салимжон қори Қодиров аср намозини Марғилон шаҳридаги «Худоёрҳожи» масжидида адо этиб, масжид жамоа аҳли билан учрашув ўтказган.

Учрашувда кексаларни ҳурмат қилишнинг фазли, динимизда покликка бўлган эътибор мавзуларида сўз бораркан, вилоят бош имом-хатиби томонидан айтилган мавзуга оид ояту ҳадислар ҳамда тарихга оид ибратли мисоллар жамоат аҳлида катта таассурот қолдирди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Судандаги Қуръони карим бўйича халқаро 10-Хартум мусобақаси ҳайъати раиси Шайх Али аз-Зайн Мабрук халқаро мусобақани ўтказиш учун барча тайёргарлик тартиботи якунига етганини маълум қилди.

Мазкур 10-халқаро мусобақа пойтахт Хартумдаги “Риёз” шаҳарчасида 2019 йилнинг 7-12 январь кунлари ўтказилиши ҳамда унда бутун дунёдан 60 га яқин қорилар ва қориялар иштирок этиши маълум қилинган.

Мусобақанинг якунлов маросими 2019 йилнинг 13 январида Хартумдаги “Садоқат” маданият саройида ўтказилади. Унда Судан Республикаси президенти Умар Аҳмад ал-Башир жаноблари иштирок этишиши режалаштирилган.

Бундан ташқари, Триполи муфтийси Доктор Малик аш-Шиъор, Қуръони карим бўйича Европа мусобақаси мудири ва Танзания Қуръони карим мусобақаси мудири Халқаро 10-Хартум Қуръони карим мусобақасида қатнашадиган шарафли меҳмонлардан саналади.

Мусобақада ҳакамлар ҳайъатига Сенегал давлатидан Шайх Муҳаммад ал-Ҳасан Бусу раҳбарлик қилади. Мусобақада иштирокчи қорилар ва қориялар Қуръони каримни тўлиқ ёддан ўқиб бериш ва Қуръони каримнинг 21 пораси тафсирини билиш бўйича рақобатлашади.

ЎМИ Халқаро алоқалар бўлими

Покистоннинг “Авоми Таҳрик” партияси раҳбари доктор Тоҳир ал-Қодирий томонидан тайёрланган энциклопедия Лаҳурда олим ва мутахассислар иштирокида ташкил этилган йиғилишда тақдим қилинди. Энциклопедия 8 жилддан иборат бўлиб, 5 мингта ёзувни ўз ичига олган. Бу ҳақда Nation интернет нашрига таяниб Islom.uz интернет нашри хабар берди.

“Авоми Таҳрик” партияси вакилларининг айтишича, бу энциклопедия мактаб ўқувчиларига Қуръони карим тўғрисида тўлиқ маълумот беради. Муаллиф уни 50 йил давомида ёзган.

Энциклопедия асосан исломий соҳаларда илмий изланишлар олиб борувчи илоҳиётчилар, ўқитувчилар ва талабларга мўлжалланган.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Мақолалар

Top