muslim.uz

muslim.uz

Қирғизистон Республикасининг пойтахти Бишкек шаҳрида иккинчи халқаро "Замонавий дунёвий давлатда Ислом" мавзусидаги конференция ўз ишини бошлади. Бу ҳақда kabar.kg нашри хабар берди.

Бугун, 15 ноябрь куни Бишкекда Қирғизистон Президенти томонидан очилган анжуман Ала-Арча давлат қароргоҳида ўтказилмоқда.

Ушбу анжуманда иштирок этиш учун дунёнинг 20 дан ортиқ мамлакатидан экспертлар ва мутахассислар ташриф буюргани қайд этилди.

Анжуманда диний ва диншунослик таълимининг моделлари ва амалиёти, ОАВ ва интернет тармоғида диний масалаларнинг ёритилиши, кўп миллатли жамиятда ёшларнинг ўрни мавзуларида муҳокамалар олиб борилиши айтилган.

ЎМИ Матбуот хизмати

Италиядаги марказий жоме масжиди католик насроний дунёсида истиқомат қилувчи мусулмон жамоасининг ибодат масканидир. Ушбу масжид нафақат ўзининг қурилиш-архитектураси билан, балки ҳажми билан ҳам кишини ҳайратга солади.

Рим масжиди Европадаги энг йирик масжид ҳисобланади. Италия ҳудудига Ислом дини милодий 9 асрда кириб борган.

827 йилда Аббосийлар халифалиги Сицилия устидан назоратни қўлга киритади ва уларнинг бу ердаги ҳукмронлиги 11 асрга қадар давом этади. 965-1072 йилларда Сицилия амирлиги яшаган давр ҳисобланади. Норманлар даврида Лучерна шаҳрида кичик мусулмон жамоалари яшаган, насронийлар билан можаролар туфайли улар 1300 йилларда мамлакатдан кўчиб кетишга мажбур бўладилар.

Қарийб олти асрдан сўнг Италияда мусулмон иммигрантларнинг жамоалари пайдо бўла бошлайди. Улар асосан Сомали, Эритрея, Ливия сингари мамлакатлар фуқаролари бўлишди. Кейинроқ эса Албания, Бангладеш, Ҳиндистон, Миср, Марокаш ва Тунисдан мусулмонлар кўчиб кела бошладилар.

1966 йтлда Италия Ислом маданияти марказига асос солинади, бу эса мамлакатдаги мусулмон жамоаларининг фаолияти активлашганини билдиради.

Мусулмон жамоалари Рим шаҳрида масжид қуриш учун 1974 йилда ер оладилар, бироқ қурилиш ишлари 1984 йилда бошланади. 1995 йилда масжиднинг очилиш маросими бўлиб ўтади.

Масжид қурилишига қарши кўплаб уринишлар бўлганига қарамасдан, Рим папаси Иоанн Павел IIнинг ҳаракати туфайли барча можаролар якун топади.

Масжид минораси баландлиги билан боғлиқ можаролар эса минорани 43 метр баландликда қуришга сабаб бўлади.

Масжиднинг асосий залига 2500 намозхон сиғади. 20 метр диаметрли гумбаз, кутубхона масжид кўркига кўрк қўшади.

ЎМИ Матбуот хизмати

Бугун, Ислом тараққиёт банкининг исломий молиялаштириш бўйича департаменти директори Восим Абдулваҳҳоб жаноблари бошчилигидаги делегация Диний идорага ташриф буюрди. Меҳмонлар “Вақф” хайрия жамоат фонди раҳбари Искандар Халилов билан мулоқот ўтказди.
Искандар Халилов “Вақф” фонди ташкил этилиши, мақсад ва вазифалари, амалга оширилаётган хайрия тадбирлари ҳамда ташкилий ишлар ҳақида батафсил маълумот берди.
Восим Абдулваҳҳоб жаноблари “Вақф” фонди томонидан олиб борилаётган ишларга катта баҳо бериб, Ўзбекистонда исломий молиялаштириш ва “Вақф” қонунчилигини ишлаб чиқишга яқинда кўмак беришларини алоҳида қайд этди. Шунингдек, меҳмонлар ўзларининг қизиқтирган саволларига жавоб олдилар.
Ҳақиқатан, жаҳон тажрибасида исломий тамойилларга асосланган молиялаштириш механизмлари, банк амалиёти ва вақф тизими изчиллик билан ривожланиб бормоқда. Юртимизда ҳам ушбу тизимни илмий-амалий ўрганиш ва амалиётга тадбиқ қилиш бўйича жадал хатти-ҳаракатлар олиб борилмоқда.
Ислом тараққиёт банки вакиллари, юртимиздаги банк ва молия мутахассислари, “Вақф” фонди раҳбарлари билан ҳамкорликда амалга оширилаётган мана шундай амалий ҳамкорлик ишлари, албатта, ўзининг ижобий самарасини беради.

“Вақф” хайрия жамоат фонди Матбуот хизмати

Четверг, 15 Ноябрь 2018 00:00

Ўқувчилар билан учрашув

Ёшлар тарбияси ҳар нарсадан устун. Ҳар бир инсон ўз туғилиб ўсган Ватанига садоқатли, ҳалол инсон бўлиб камол топиши керак. Бунда эса тарбия билан бир қаторда таълим ҳам муҳим аҳамият касб этади.
Шу кунларда вилоятимиз имом-хатиблари ҳам вилоятдаги таълим муассасалари ва маҳалла фуқаролар йиғинларида маънавий-маърифий учрашувлар ўтказмоқдалар.
Ана шундай учрашувлардан бир бугун 15 ноябрь куни Олтинкўл туманидаги 1-умумий ўрта таълим мактаби ўқувчилари билан Олтинкўл тумани бош имом-хатиби Муҳаммадюсуф домла Тўрақулов учрашув ўтказди.
Ўтказилган тадбирда таълим олаётган ўқувчиларга “Ёшларни турли зарарли оқимлар таъсирига тушиб қолишининг олдини олиш” ва “Ёшларни ёт ғоялардан асрайлик” каби мавзуларни ҳаётий мисоллар билан кенг ёритиб берилди.


Нуруллоҳ Қодиров,
ЎМИнинг Андижон вилоят
Вакиллиги ходим

Четверг, 15 Ноябрь 2018 00:00

Аёлнинг нодир ҳуқуқлари

Ўтмишда ҳам, ҳозирда ҳам аёлларнинг Исломдаги ўрни масаласида турли хил фикрлар билдирилган. Ажабланарли томони шундаки, мусулмон аёлларнинг ўзлари ҳам Ислом уларга нақадар қадр-қиммат берганидан кўп ҳолларда бехабардирлар. Шу боис бу нозик масаланинг асосий ҳақиқатларидан бир қисмини эътиборингизга ҳавола этишни лозим топдик.
1. Албатта, башарият отаси Одамни Аллоҳ яратди ва сукунат топиши учун унинг жуфтини ҳам яратди. Уларнинг орасига муҳабббат ва раҳматни солди.
2. Албатта, аёллар эркакларнинг тенгдошларидир, улар орасида фазл ўлчови Аллоҳга тақво қилиш ва амали солиҳ билан бўлади.
3. Аёл киши, ҳудди эркак кишидек, барча шаръий таклиф ва буйруқларни бажаришга масъулдир. Албатта, қудрати ва табиий имконлари даражасида.
4. Ислом аёлнинг шаънини кўтариш учун келди. Ислом қадимда ва ҳозирда баъзи дин ва тузумларда баён қилинганидек, аёлни камситадиган, эркаклардан пастга қўядиган жоҳилий тасаввурларни инкор этади.
5. Ислом аёл кишининг комил инсон, мустақил шахс эканини эътироф этади, унга мулкка эга бўлиш ҳаққини, ўзи эга бўлган нарсаларни эркинлик билан тасарруф қила олиш, таълим олиш ҳаққини, эътиқод ва ихтиёр эркинлигини, насиҳат ҳаққини, ўз исми, лақаби, отаси ва оиласининг исмини сақлаш ҳаққини беради.
6. Ислом аёл кишига инсоният ҳаёти тараққиётида ижобий ва фаол қатнашиши учун муносиб ўрин берган. Унинг вазифасини насл кўпайтириш ва лаззат талабига боғлаб қўйган эмас.
7. Исломда аёл кишининг ҳаётдаги ўрни эркакнинг ўрнига мувофиқ ва уни тўлдирувчидир. Бу борада ҳеч қандай хусумат, жиддият ёки талашув йўқ.
8. Исломнинг эркак кишини аёл устидан раҳбар қилиб қўйиши эркак зиммасига кўпроқ масъулият юклаш маъносидадир.
9. Ислом аёл кишини она сифатида улуғлаб, оилани ва солиҳ жамиятни барпо этишнинг кўп соҳаларини унга топширди ҳамда жаннатни унинг оёғи остига қўйди. Шунингдек, аёлни хотин сифатида ҳам улуғлади, эркакларнинг энг яхшиси хотинларига кўпроқ яхшилик қилганидир, деди. Эрга хотинининг ҳурматини сақлашни, унга нафақа беришни, ҳожатларига жавоб беришни юклади. Оилада аёлнинг саодати кафолатли бўлишини, қийинчиликлардан ҳимоя қилишни ва хорликдан сақлашни топширди. Ислом аёлни қиз сифатида ҳам улуғлади. Уни яхши тарбиялаш, одобли қилишни ота-онанинг зиммасига юклади ва бу ишни жаннатга киришларига сабаб қилди.
10. Ислом ушбу имтиёзлар муқобили ўлароқ аёлга ҳам эрига, ота-онасига, жамиятига нисбатан бурчлар юклади. Унга осон бўлсин учун эркаклардан талаб қилинган баъзи шаръий таклифларни ундан енгиллатди.
11. Албатта, Аллоҳ аёллардан имонда солиҳа ва тақвода олий даражага етганларини ўрнак қилиб қўйди. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қизлари Фотима розияллоҳу анҳо ҳамда биби Марямлар шулар жумласидандир.
12. Ислом аёлни она, сингил, қиз ва хотин сифатида эъзозлашни тоат амалларидан бир амал ва жаннатга йўл қилди.
13. Ислом аёлни беҳурмат қилишни, обрўйини тўкишни, йўлдан уришни, уни восита қилиб фитна ва зийнат учун, ахборот воситаларида фисқ йўлида ишлатишни катта жиноят, улкан гуноҳ ҳисоблайди ва буни умматлар ҳамда жамиятлар тубанликка юз тутишининг сабаби деб билади.

Сурайё Зоҳир тайёрлади.

Мақолалар

Top