muslim.uz

muslim.uz

(ғийбат ва бўҳтон мисолида)

بسم الله الرحمن الرحيم  

Муҳтарам жамоат! Аллоҳ таоло бу борлиқни ҳақ билан яратиб, борлиқнинг энг мукаррам мавжудоти бўлмиш инсондан ҳаётини ҳақ ила олиб боришини талаб қилди. Фақат ҳақни гапиришга, фақат ҳаққа амал қилишга буюрди. Биз ушбу буйруқ ва қонун асосида яшасакгина саодатли бўламиз.

Бугунги жума суҳбатимиз тилнинг энг катта офатларидан ҳисобланган икки иллат – ғийбат ва бўҳтон ҳақидадир.Инсоннинг бахтли ёки бахтсиз бўлишида тилнинг аҳамияти беқиёсдир. Шунинг учун шариатимиз тилни сақлашга ҳамда унга алоқадор бир қанча одобларга риоя қилишга буюрган.

Ислом нуқтаи назарида тил Аллоҳ таолонинг энг катта неъматларидан бири ҳисобланади. Тил – инсоннинг жисмонан кичичк аммо масъулият ва вазифа жиҳатидан  эътиборга молик аъзосидир. Шунинг учун ҳам Қуръони каримда Аллоҳ таоло уни миннат қилиб:

أَلَمْ نَجْعَلْ لَهُ عَيْنَيْنِ  وَلِسَانًا وَشَفَتَيْنِ

яъни: «Ахир, Биз унга икки кўз, тил ва икки лаб пайдо қилмадикми?!» дейди. (Балад, 8-9 оятлар).

            Шундай экан, тилнинг фойдаси билан бирга хатари ҳам жуда катта эканини унутмаслик лозим бўлади. Гапни тил гапиради-ю, лекин унинг аламини эса бошқа аъзолар тортади. Тилнинг хатаридан фақат яхши сўзни сўзлаш ҳамда сукут сақлаш билан нажот топиш мумкиндир. Шунинг учун шариатимиз сукут сақлаган кишини кўплаб жойларда мадҳ қилган ва сукут сақлашга тарғиб ҳам қилган. Ҳадиси шарифда шундай дейилган:

عَنْ عَبْدِ اللهِ بْنِ عَمْروٍ قَالَ: قَالَ رَسُولُ الله صلى الله عليه وسلم: "مَنْ صَمَتَ نَجَا".

 (رَوَاهُ التِّرْمِذِيُّ)

яъни, Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким сукут сақласа, нажот топади”, дедилар”. Термизий ривоят қилган.

Банданинг қалби тўғри бўлиши учун ҳам унинг тили тўғри бўлиши ҳамда уни турли маънавий жиноятлардан сақлаши муҳим омил ҳисобланади. Ҳадиси шарифда шундай дейилган:

عَنْ أَنَسِ بْنِ مَالِكٍ قَالَ قَالَ رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ لَا يَسْتَقِيمُ إِيمَانُ عَبْدٍ حَتَّى يَسْتَقِيمَ قَلْبُهُ وَلَا يَسْتَقِيمُ قَلْبُهُ حَتَّى يَسْتَقِيمَ لِسَانُهُ وَلَا يَدْخُلُ رَجُلٌ الْجَنَّةَ لَا يَأْمَنُ جَارُهُ بَوَائِقَهُ.

 (رَوَاهُ أَحْمَدُ)

яъни, Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: Банданинг қалби тўғри бўлмагунча, унинг имони тўғри бўлмайди. Уни тили тўғри бўлмагунча, қалби ҳам тўғри бўлмайди. Унинг ёмонликларидан қўшниси омонда бўлмаган киши жаннатга кирмайди, дедилар”. Имом Аҳмад ривоят қилган.

Муҳтарам жамоат! Мусулмон киши бошқа бир мусулмоннинг айбини кўрса, унинг обрўсини тўкмасдан, унинг ўзига ёлғиз ҳолида насиҳат қилиши лозим бўлади. Баъзи инсонларнинг “Мен ғийбат қилмаяпман, бу – ҳақиқат”, дейиши мутлақо нотўғридир. Аслида, бу ўринда ҳақиқатни гапиргани учун ғийбат ҳисобланади. Агар ҳақиқат бўлмаганида, туҳмат – бўҳтон бўлар эди.

Ҳадиси шарифда ғийбат ва бўҳтон ҳақида шундай дейилган:

عن أَبي هريرة رضي الله عنه أنَّ رسُولَ الله صلى الله عليه وسلم قَالَ: «أَتَدْرُونَ مَا الْغِيبَةُ»؟ قالوا: اللهُ وَرَسُولُهُ أعْلَمُ، قَالَ: «ذِكْرُكَ أخَاكَ بِما يَكْرَهُ» قِيلَ: أفَرَأيْتَ إنْ كَانَ في أخِي مَا أقُولُ؟ قَالَ: «إنْ كَانَ فِيهِ مَا تَقُولُ، فقد اغْتَبْتَهُ، وإنْ لَمْ يَكُنْ فِيهِ مَا تَقُولُ فَقَدْ بَهَتَّهُ». (رواه مسلم).

яъни, Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: Ғийбат нима эканини биласизларми?”, дедилар. Улар: “Аллоҳ ва Унинг расули билувчироқдир”, дейишди. Шунда у зот: “Ўз биродарингни у ёқтирмайдиган нарса билан зикр қилишинг”, дедилар. (Шунда:) “Айтингчи, мен айтган нарса биродаримда бор бўлса-чи?”, дейилди. У зот: “Агар сен айтган нарса унда бор бўлса, уни ғийбат қилган бўласан, агар сен айтган нарса унда йўқ бўлса, унга бўҳтон (туҳмат) қилган бўласан”, дедилар”. Имом Муслим ривоят қилган.

Демак, бирор бир инсоннинг айбларини унинг йўқлида гапиришга ғийбат дейилар экан. Бу айблар унинг жасади, нафси, ахлоқи, қилган ишлари, айтган сўзлари, кийиниши, уйи, оиласи, болалари, ота-онаси, насл-насаби  ва шу каби унга тегишли бўлган барча нарсаларга алоқадор бўлган айблардир. Мана шу айбларни унинг йўқлигида зикр қилиш ғийбат ҳисобланади.

Бирор кимса ҳақида ёлғон тўқиб гапиришга эса бўҳтон дейилади. Ғийбат – гуноҳи кабиралардан ҳисобланади. Имом Қуртубий раҳматуллоҳи алайҳ: “Ғийбатнинг гуноҳи кабира эканида ихтилоф йўқдир, шунинг учун ғийбат қилган киши Аллоҳ азза ва жаллага тавба қилиши лозим”, деган.

Шунингдек, баъзи инсонларни ғийбат қилиш бошқа инсонларни ғийбат қилишдан кўра гуноҳи янада оғирроқ бўлади. Яъни, Аллоҳ таолонинг дўстлари бўлган уламоларни ғийбат қилишнинг гуноҳи жуда ҳам оғир бўлгани учун баъзи ҳакимлар: “Уламоларнинг гўшти захарлидир”, дейишган. Ғийбат қилиш - ўлган биродарининг гўштини ейиш билан биробар бўлгани сабабли шундай дейилган. Ҳа, инсон заҳарланган гўштни еб ўлгани каби, уламоларни ғийбат қилган киши ҳам дунё ва охиратини барбод қилади. Шундай экан, уламоларга бўҳтон қилаётганлар ҳақида нима дейиш мумкин?!

Бўҳтоннинг гуноҳи эса  ғийбатнинг гуноҳидан ҳам  каттароқдир. Чунки ғийбат бир инсондаги бор айбларни овоза қилиш бўлса, бўҳтон у инсон айтмаган сўзлар ҳамда қилмаган ишларни унга нисбат бериб, туҳмат қилишдир.  Аллоҳ таоло бу ҳақда Қуръони каримда шундай деган:

وَالَّذِينَ يُؤْذُونَ الْمُؤْمِنِينَ وَالْمُؤْمِنَاتِ بِغَيْرِ مَا اكْتَسَبُوا فَقَدِ احْتَمَلُوا بُهْتَانًا وَإِثْمًا مُبِينًا

яъни: «Мўмин ва мўминаларга қилмаган гуноҳлари билан озор берадиган кимсалар бўҳтон ва аниқ гуноҳни ўзларига олган бўлурлар» (Аҳзоб сураси, 58-оят)

Инсонларнинг обрўсига тегишнинг гуноҳи ҳақида ҳадиси шарифда шундай дейилган:

عَنْ سَعِيدِ بْنِ زَيْدٍ عَنِ النَّبِىِّ صلى الله عليه وسلم قَالَ «إِنَّ مِنْ أَرْبَى الرِّبَا الاِسْتِطَالَةَ فِى عِرْضِ الْمُسْلِمِ بِغَيْرِ حَقٍّ». (رَوَاهُ أَبُو دَاوُدَ

яъни, Саид ибн Зайд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Энг кўп (зарарли) бўлган судхўрликдан бири – мусулмоннинг обрўсига ноҳақдан тил теккизишдир”, дедилар”.

Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай марҳамат қилган:

 يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آَمَنُوا اجْتَنِبُوا كَثِيرًا مِنَ الظَّنِّ إِنَّ بَعْضَ الظَّنِّ إِثْمٌ وَلَا تَجَسَّسُوا وَلَا يَغْتَبْ بَعْضُكُمْ بَعْضًا أَيُحِبُّ أَحَدُكُمْ أَنْ يَأْكُلَ لَحْمَ أَخِيهِ مَيْتًا فَكَرِهْتُمُوهُ وَاتَّقُوا اللَّهَ إِنَّ اللَّهَ تَوَّابٌ رَحِيمٌ

яъни, “Эй, мўминлар! Кўп гумон(лар)дан четланингиз! Чунки баъзи гумон(лар) гуноҳдир. (Ўзгалар айбини қидириб) жосуслик қилмангиз ва бирингиз бирингизни ғийбат қилмасин! Сизлардан бирор киши ўлган биродарининг гўштини ейишни хоҳлайдими?! Уни ёмон кўрасиз-ку, ахир! Аллоҳдан қўрқингиз! Албатта, Аллоҳ тавбаларни қабул қилувчи ва раҳмли зотдир”. (Ҳужурот сураси, 12-оят)

Ушбу оятда Аллоҳ таоло “Эй, мўминлар!” деб, сиз ва бизга хитоб қилмоқда. Демак, комил мўминликни даъво қилар эканмиз, биз бундай гуноҳлардан – ғийбат ва бўҳтондан сақланишимиз лозимдир. Акс ҳолда, бундай киши мўминлик мезонини бузиб, фосиқлик қилган бўлади.

Ҳадиси шарифда шундай дейилган:

عن أنسٍ رضي الله عنه قَالَ: قَالَ رسول الله صلى الله عليه وسلم: «لَمَّا عُرِجَ بي مَرَرْتُ بِقَومٍ لَهُمْ أظْفَارٌ مِنْ نُحَاسٍ يَخْمِشُونَ بها وُجُوهَهُمْ وَصُدُورَهُمْ فَقُلْتُ: مَنْ هؤُلاءِ يَا جِبرِيلُ؟ قَالَ: هؤُلاءِ الَّذِينَ يَأكُلُونَ لُحُومَ النَّاسِ، وَيَقَعُونَ في أعْرَاضِهِمْ!». (رواه أَبُو داود

яъни, Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:  “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Меърожга чиққанимда, мисдан бўлган тирноқлар билан юзлари ва кўксиларини тирнаётган бир қавмнинг олдидан ўтдим. Шунда мен: “Эй Жаброил, булар кимлар?”, дедим. У: “Булар (дунёда) одамларнинг гўштларини еб, уларнинг обрўларини тўкадиганлар”, деди” дедилар.

Бу ҳадис бизга ғийбатчининг қиёмат кунги аҳволи нақадар аянчли эканидан дарак беради. Яна бир ҳадисда эса шундай дейилган:

عَنْ أَبِى بَرْزَةَ الأَسْلَمِىِّ قَالَ قَالَ رَسُولُ اللَّهِ صلى الله عليه وسلم «يَا مَعْشَرَ مَنْ آمَنَ بِلِسَانِهِ وَلَمْ يَدْخُلِ الإِيمَانُ قَلْبَهُ لاَ تَغْتَابُوا الْمُسْلِمِينَ وَلاَ تَتَّبِعُوا عَوْرَاتِهِمْ فَإِنَّهُ مَنِ اتَّبَعَ عَوْرَاتِهِمْ يَتَّبِعِ اللَّهُ عَوْرَتَهُ وَمَنْ يَتَّبِعِ اللَّهُ عَوْرَتَهُ يَفْضَحْهُ فِى بَيْتِهِ».(رَوَاهُ أَبُو دَاوُدَ

яъни, Абу Барза розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Эй тили билан имон келтириб, қалбига эса имон кирмаганлар, (қалби билан имон келтирмаганлар) мусулмонларни ғийбат қилманг ва уларнинг айбини пойлаб-қидирманглар! Чунки ким уларнинг айбини қидирса, Аллоҳ таоло унинг айбини қидиради ва агарчи уйининг ичида (одамлардан махфий бўлса ҳам, уни ошкор  қилиб,) шарманда қилади”, дедилар”. Имом Абу Довуд ривоят қилган.

Ушбу ҳадисдан ғийбат қилиш мўминга нисбатан бегона ахлоқ экани ҳамда унинг имон нурини сўниши сабаб бўлиши маълум бўлади.Инсон борки, у жамият билан бирга яшайди. Жамият аъзоларидан ҳар бирининг ўз ҳурмат-эътибори бор. Агар жамиятда ғийбат заҳри сочилса, одамлар бир бирига бўҳтон тошини отишса, уларнинг ҳурмати поймол бўлади ва бунинг натижасида жамиятнинг тинчлиги бузилади.

Муҳтарам жамоат!  Аслида, ислом дини одамларнинг айбини очишга эмас, балки беркитишга буюрган. Бундан мақсад гуноҳлар тарқалишининг олдини олишдир. Чунки одамлар гуноҳлар ҳақида такрор-такрор эшитаверса, шу ишга уларнинг табиати ўрганиб қолади ва бунинг натижасида шу гуноҳларни оддий қабул қиладиган бўлиб қолишади.

Ислом динимиз одамларни бирдамликка тарғиб қилади. Ғийбат ва бўҳтон эса жамият аъзолари ўртасида ҳиқду-ҳасад ва адоват уруғини сочади ҳамда ижтимоий алоқаларни заифлаштириб,  бузиб юборади. Ҳатто баъзи ҳолатларда бу нарса турли фитна ва қон тўкилишгача олиб бориши мумкин.

Нафақат ғийбат қилишнинг ўзи ҳаром қилинган, балки ғийбатни тинглаш, ғийбат мажлисларида қатнашиш ҳам ман қилингандир. Аксинча, мусулмон кишининг бирорта биродари ғийбат қилинаётган бўлса, уни ҳимоя қилиши лозим бўлади. Ҳадиси шарифда шундай дейилган:

عَنْ ابْنِ أُمِّ عَبْدٍ يَقُولُ: مَنِ اغْتِيبَ عِنْدَهُ مُؤْمِنٌ فَنَصَرَهُ جَزَاهُ اللهُ بِهَا خَيْرًا فِي الدُّنْيَا وَالْآخِرَةِ وَ مَنِ اغْتِيبَ عِنْدَهُ مُؤْمِنٌ فَلَمْ يَنْصُرْهُ جَزَاهُ اللهُ بِهَا فِي الدُّنْيَا وَالْآخِرَةِ شَرًّا... (رَوَاهُ الْبُخَارِيُّ فِي الْأَدَبِ الْمُفْرَدِ

яъни, Ибн Умму Абд (Абдуллоҳ ибн Масъуд) розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Кимнинг ҳузурида бир мўмин ғийбат қилинганда, уни ҳимоя қилса, Аллоҳ таоло бу сабабли, уни  дунё ва охиратда яхши мукофотлайди. Кимнинг ҳузурида бир мўмин ғийбат қилинганда, уни ҳимоя қилмаса, Аллоҳ таоло уни дунё ва охиратда ёмон жазолайди”.(Имом Бухорий ривояти).

Ғийбат қилувчи киши золим, ғийбат қилинган эса мазлум бўлади. Аллоҳ таоло қиёмат куни мазлумнинг ҳаққини золимдан олиб беради. Яъни, золимнинг савобидан мазлумга олиб берилади ёки мазлумнинг гуноҳларидан золимга юклатилади.  Банда қиёмат куни ўзининг дунёда қилган яхши амалларини ўзга кишининг номаи аъмолида, айниқса, дунёда ўзи ёқтирмай, ўзи ғийбат қилган кишининг номаи аъмолида кўриши қанчалар аянчлидир.

Мусулмон киши бундай маънавий жиноятлардан сақланиши лозимдир. Ҳадиси шарифда шундай дейилган:

عن عبدِ الله بن عمرو بن العاصِ رضي الله عنهما، قَالَ: قَالَ رسولُ اللهِ صلى الله عليه وسلم: «المُسْلِمُ مَنْ سَلِمَ المُسْلِمُونَ مِنْ لِسَانِهِ وَيَدِهِ...». (متفق عَلَيْهِ

яъни, Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Мусулмон киши – мусулмонлар унинг тили ва қўлидан саломат бўлган кишидир”, дедилар”.

Ушбу ҳадисда тилнинг озори қўлнинг озоридан аввал зикр қилинди. Бундан мурод – тилнинг озори қўлнинг озоридан кўра қаттиқроқ эканидир. Чунки тил бор одамга ҳам, йўқ одамга озор етказа олади. Шунингдек, тирик одамни ҳам вафот этганни ҳам зикр қила олади.

Ҳурматли жамоат! Биз ахборот алмашинув ўта жадаллашган даврда яшамоқдамиз. Афсуски, интернет ва бошқа ахборот тизимларида юртимизга бўхтон уюштираётганлар, уларнинг найрангига учиб юртимизда амалга оширилаётган буюк ўзгаришларни тухмат тоши отаётганлар ҳам бор. Биз мусулмонлар жамиятимиз - умматимизни бундай бухтонлардан асрашимиз лозим. Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай марҳамат қилган:

إِنَّمَا يَفْتَرِي الْكَذِبَ الَّذِينَ لَا يُؤْمِنُونَ بِآَيَاتِ اللَّهِ وَأُولَئِكَ هُمُ الْكَاذِبُونَ

яъни: "Ёлғон сўзларни фақат Аллоҳ оятларига иймон келтирмайдиганларгина тўқийдилар. Айнан ўшаларнинг ўзлари ёлғончилардир". (Нахл сураси 105-оят)

Аллоҳ таоло бизларни тил офатларидан бўлган, энг катта маънавий жиноятлардан ҳисобаланган ғийбат ва бўҳтондан Ўзи асрасин!

Понедельник, 09 Январь 2017 00:00

Ватан ҳимояси олий ва шарафли бурчдир

Яратганнинг сизу бизга берган энг олий неъмати тинчликдир. Дарҳақиқат, тинчлигимиз, осойишталигимиз, баракали меҳнат қилишимиз, фарзандларимиз ўсиб-улғайишлари, комил инсон бўлиб етишишларида, шубҳасиз Ватан ҳимоячиларининг ўрни, шижоати ва жанговар руҳи беқиёсдир. Юрагида Ватан ва халқ севгиси мустаҳкам жой олган шижоатли ўғлонлар юрт сарҳадларини сергаклик билан қўриқламоқдалар. Уларнинг бу бедорликлари нақадар савобли иш экани ҳақида жаноб пайғамбаримиз Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бундай деб марҳамат қилганлар: “Кечалари Аллоҳдан қўрқиб ёш тўккан кўзни ва Аллоҳ йўлида тунлари посбонлик қилиб, мижжа қоқмаган кўзни дўзах оташи куйдирмайди”.

Дарҳақиқат, Ватан ҳимоячиси деган нарса энг шарафли ва олий касб эканлигини яхши билган йигитларимиз ҳам жисмоний ҳам маънавий жиҳатдан етук бўлиб, Ватан ҳимояси ҳаёт-мамот масаласи эканини, уларнинг туруш-турмуши, эл-юрт тақдири шу нуқтада туташишини теран англаб етганлар. Улар аввало ўз ота-оналарини, ака-укаларини, опа-сингилларини ҳимоя қиладилар. Ўзлари туғилган шаҳар, қишлоқларни, қавм-қариндошлари, бир сўз билан айтганда Она-Ватанни қўриқламоқдалар.

Бугунги кунда мустақил Она-Ватанимиз сарҳадларини сергаклик билан қўриқлаётган мард йигитларимизнинг йилдан-йилга тажриба ва маҳоратлари ошиб бораётганлиги барчамизни хурсанд қилади. Халқимиз шаҳдам қадам ташлаб бораётган имон-эътиқодли, ўз касбига ихлосли аскарларимизга боқиб фахрга тўлади, самимий дуо қилади. Келинг биз ҳам уларнинг байрамлари “Ватан ҳимоячилари куни” билан муборакбод этайлик. Уларга куч-қувват, соғлиқ-саломатлик тилайлик. Ёш аскар қалбида Аллоҳга бўлган ишончи, Ватан ҳамда ўз халқига бўлган садоқати уни ҳар доим огоҳ ва сергакликка чорлайди. Аллоҳ таоло Ўзининг илоҳий мадади билан қўллаб-қувватлайди, деб ишонади. Зеро Аллоҳ таоло марҳамат қилиб айтади: “Аслида Аллоҳ ҳимоячингиздир ва У ёрдам берувчиларнинг яхшисидир”.

Ҳазрат Расули акрам (саллоллоҳу алайҳи ва саллам) бундай деганлар: “Кичикларимизга раҳм-шафқат қилмаган ва катталаримиз қадрини билмаганлар бизлардан эмасдир”.

Тинчлик – бу хотиржамлик ва барқарорликдир. Имон эса қалб хотиржамлигидир. Демак, тинчлик ва имон маънолари бир-бирига жуда яқиндир. Шунга биноан бир кишининг тинчлиги жамият тинчлигининг бир қисмидир. Зеро, киши ўзи яшаб турган жамиятнинг узвий аъзосидир. Демакки, ҳар бир инсон бутун жамият аъзолари учун муҳим бўлган тинчликни сақлаш йўлида ҳамкорлик қилиши энг зарурий бурч ва вожиб амалдир.

Тинчликни мустаҳкамлаш йўлида ҳар бир киши ўз бурчини сидқидилдан, ихлос ва эътиқод ила бажармоғи лозим. Айниқса, Ватан ҳимояси жабҳаларида хизмат қилаётган ҳар бир ҳарбий хизматчи ўзига топширилган вазифани Аллоҳ ва инсонлар ҳузуридаги улуғ масъулият деб билмоғи ва ҳарбий қасамёдни, ваъдаларини бажариши вожибдир. Шунингдек, Ватан ҳимоясида фақат ҳарбий кишилар эмас, балки шу заминда яшаётган барча фуқаролар – ўқитувчи ёки шифокор бўладими, тадбиркор ёхуд хизматчи бўладими, қаерда бўлмасин ўз Ватанини ҳимоя қилиши керак. Ҳимоя қилиш деганда фақат қурол билан эмас, керак бўлса сўз билан, ғанимларга раддия бериш билан ватанга тош отувчилар ва иғвогарларга қарши кураш йўллари билан инсон ўз юртини, миллатини, халқини ҳимоя қилиши зарур! Бу ҳам имоний бурчга киради.

Аммо, Ватан ҳимоячиси бўлиш янада шарафли бурчдир. Киндик қони тўкилган Ватанни, шу мустақил юртни кўз қорачиғидай асраб-авайлаш инсон учун гўё ўз оиласини, шаънини, ор-номусини, имон-эътиқодини ҳимоя қилиш кабидир. Бу йўлда фидоий бўлган киши юксак мақомга етиши улкан ажрлар соҳиби бўлиши ҳақида башоратлар мавжуд. Пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в.) марҳамат қилиб айтганлар: “Молини, жонини, динини ва аҳлу аёлини ҳимоя қилиш йўлида ҳалок бўлган киши шаҳидлик мақомини топур”.

Бошқа бир ҳадисда эса бундай деб марҳамат қилинган: “Кимки Аллоҳ таоло йўлида бир кун ёки бир кеча чегара пойласа, унга бир ой кундузи рўза тутиб, кечаси ибодат қилганлик савоби ёзилади. Кимки сарҳадни қўриқлаб турганда ҳалок бўлса, унга ҳам худди шундай ажру савоб мукофоти бўлади ва шаҳидлик мақоми берилиб, барча фитналардан омонда бўлади”.

Буюк аждодларимиз юрт ҳимояси йўлида шаъни, ору номусини, имонини ўртага қўйиб, ёвга қарши курашган. Уларнинг сўзи, аҳду паймонлари ва қасамёдлари қиличданда ўткир, кескир бўлган. Замонлар, маконлар ўзгарса-да, Ватанга муҳаббат, имонга садоқат моҳияти асло ўзгармади. Она-Ватан ҳимояси мавзусида сўз борар экан, Темур Малик, буюк саркарда Амир Темур, Жалолиддин Мангуберди каби улуғ юртпарварлар, Ватан озодлиги йўлида қўлида тиғ ва туғ ила жон берган Шайх Нажмиддин Кубро, Ватан ҳажри ва доғида ёниб ўтган Бобур Мирзолар ибрати беихтиёр кўз олдимизга келади.

Буюк давлат арбоби ва саркарда, соҳибқирон Амир Темурнинг нақадар буюк ватанпарвар бўлганликларини тарих жуда яхши билади. Улуғларимиз таъкидлаганларидек: “Миллат ғамида ёнган, унинг истиқболи ва истиқлоли йўлида фидокорлик кўрсатиб яшаган арбобни келажак ва тарих ҳеч қачон унутмайди. Амир Темур ана шундай тарихий ва унутилмас шахсдир”.

Бизлар ўз фарзандларимизга ана шу улуғлар йўлини, уларнинг она Ватан ҳимояси ва манфаати йўлида кўрсатган буюк жасоратлари ва садоқатларини англатмоғимиз лозим. Шундагина уларнинг дилидан Ватанга муҳаббат туйғулари, юртни ташқи кучлар хуружидан ҳамиша ҳимоя қилиш ҳисси мустаҳкам ўрин олади. Бу туйғулар нақадар улуғлиги ҳақида Ҳазрат Али (каррамаллоҳу важҳаҳу) бундай деган эдилар: “Она-Ватанни севиш туфайли дунё обод бўлур”.

Донолар айтадилар: “Кишининг вафодорлиги ва садоқати унинг ўз Ватани учун қайғуришидан, дўстларини соғинишидан ва умрининг зое кетказган лаҳзаларига ачиниб, ўкиниб яшашидан билинади”. Инсоннинг ўз халқига бўлган садоқати ва фидоийлиги она-Ватанни ҳимоя қилиши, тараққий топиб, ҳар томонлама мустаҳкам ва қудратли бўлиши ҳамда халқининг тинч ва фаровон ҳаёт кечиришига имкон даражада ҳисса қўшиши билан ўлчанади, албатта.

Ватан ҳимояси барчамизнинг муқаддас бурчимиз! Азиз юртимизда истиқлол берган улкан имкониятлар ҳақида сўзласак, шунча оз. Зеро, мустақиллик туфайли ҳаётимизда ёрқин саҳифалар очилди, эмин-эркин тоат-ибодат қилиш имкониятига эга бўлдик, диний-маънавий қадриятларимиз қайтадан халқимизга қайтарилди. Имон-эътиқодимиз ва эртанги кунга бўлган ишончимиз мустаҳкамланди. Шаҳару қишлоқларимиз кўркам ва обод бўлди. Ҳаётимизга беқиёс маъно ва мазмун олиб кирган тинчлик дея аталмиш бу бебаҳо илоҳий неъматларнинг қадрига етиш, уларга шукр қилиш, уни асраб-авайлаш барчамизнинг бурч ва вазифамиздир. Зеро, Аллоҳ таоло Қуръони каримда: “Ким шукр қилса, бас, албатта у фақат ўзи учун шукр қилур. Ким ношукурлик қилса, бас, албатта, Раббим (ҳамма нарсадан) беҳожат ва карамлидир” деб марҳамат қилган.

Шунинг учун барчамиз ўз дилбандларимиз, азиз фарзандларимизга буюк аждодларимиз йўлларини, уларнинг Она-Ватан ҳимояси  ва манфаати йўлида кўрсатган буюк жасоратлари ва садоқатларини  англатмоғимиз лозим. Шундагина уларнинг дилидан Ватанга муҳаббат туйғулари, юртни ташқи кучлар хуружидан ҳамиша ҳимоя қилиш ҳисси мустаҳкам ўрин олади. “Ватанпарвар – ўз ватани камолоти йўлида, ўз ҳалқига муҳаббати туфайли моли, куч-ғайрати тугул, жонини ҳам аямайдиган, ҳалқи ва ватанининг озодлиги, фаровонлиги учун бор-будини фидо қилувчи инсондир”, – деган экан мутафаккирлардан бири.

Кечагина ўйнаб-кулиб юрган кичкинтойлар кўз очиб юмгунча ҳарбий хизмат ёшига етадилар. Пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в.) таълим берганларидек, фарзандларимизга болалигиданоқ чавандозлик, мерганлик, сувда сузиш каби машқларни ўргатиб, Она-Ватанга, эл-юртга садоқат руҳида буюк аждодларимиз каби имон-эътиқодли қилиб тарбиялаш барчамизнинг энг муҳим вазифаларимиздандир.

Аллоҳ таоло мустақил юртимиз сарҳадларини сергаклик билан қўриқлаётган фарзандларимизни, Ватанимиз Қуролли Кучлари сафида хизмат қилаётган барча фарзандларимиз ва ака-укаларимизни Ўзининг ҳифзу ҳимоясида сақлаб, азиз ва жонажон Ўзбекистонимиз тинч, осмонимизни мусаффо ва мустақиллигимизни абадий қилсин!

Азизлар Ватан ҳимоячилари байрамингиз муборак бўлсин!

 

 

Фурқат ЖУМАЕВ,

                                        Қарши шаҳар “Қум қишлоқ”

                                        жоме масжиди имом-хатиби

 

 

                             

2017 йилнинг 8 январь куни Имом Бухорий халқаро марказида диний ходимларнинг II давра IX босқич ўқув-машғулотларининг бошланишига бағишланган тадбир бўлиб ўтди. Унда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридан 70 нафар имом-хатиблар иштирок этди.

Тадбирда Марказ директори Ш.Зиёдов, Ўзбекистон мусулмонлари идораси масжидлар бўлими мудири А.Қаюмов ва Дин ишлари бўйича қўмита масъул ходими И.Зуҳриддинов қатнашиб, тингловчиларни янги ўқув машғулотларининг бошланиши муносабати билан қутлаб, Ўзбекистон Республикасининг биринчи Президенти ташаббуси билан ташкил этилган Имом Бухорий халқаро маркази, унинг мақсад ва вазифалари ҳақида сўзлаб беришди. Марказдаги шарт-шароитлар ҳамда тингловчилар томонидан риоя этилиши лозим бўлган тартиб-қоидалар тушунтирилди.

Шунингдек, юртимиздаги диний соҳада эришилган ютуқлар, мустақиллик йилларида ҳукуматимиз томонидан масжидлар, табаррук қадамжолар таъмирланиб, халқимиз ихтиёрига топширилгани, шу билан бирга Ўзбекистон мусулмонлари идораси томонидан имом-хатиблар фаолиятини, уларнинг билим даражаларини янада яхшилаш мақсадида, турли хайрли тадбирлар олиб борилаётгани айтиб ўтилди.

Суҳбат якунида ҳозирги кундаги бузғунчи гуруҳлар, жумладан, Яқин Шарқ мамлакатларидаги турли низо ва фитналардан огоҳ бўлиш ва жойларда ўтказилаётган турли маърифий тадбирларда уларнинг кирдикорларини тўғри ва холисона очиб бериш таъкидланди. Юртимизда чоп этилаётган маънавий-маърифий газета ва журналларда, интернет сайтларида халқимиз, хусусан, ёшларни тўғри йўлдан оғдиришга уринаётган ёт ғоя ва таҳдидларга қарши долзарб мавзулардаги чиқишлар билан фаол иштирок этиш тавсия этилди.

Тингловчилар ҳукуматимиз томонидан мустақиллик йилларида миллий ва диний қадриятларга, эътиқод эркинлигига берилаётган юксак эътибор ва диний ходимлар малакасини ошириш мақсадида ташкил этилган, барча шароитларга эга бўлган ушбу илм ва маърифат масканида иккинчи бор ўқувларда иштирок этаётганлари учун Яратганга шукрона келтириб, самимий миннатдорчилик изҳор этиб, дуои хайрлар қилдилар. Тингловчилар бундан олти йил муқаддам бу даргоҳда олган билим ва кўникмалари иш фаолиятлари ва жамоат билан ишлаш асносида ўз самарасини берганини эътироф этдилар.

Ўқув-машғулотларининг биринчи суҳбатини Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари Шайх Абдулазиз Мансур олиб бориб, Имом Бухорийнинг ҳаёти ва ижодий фаолияти”, “Имом-хатибларнинг маънавий-маърифий соҳадаги долзарб вазифалари” мавзуларида маъруза қилди. Шу тарзда, II давра IX босқич тингловчилари дастлабки машғулотларни кўтаринки кайфиятда бошлашди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси

Масжидлар бўлими

Понедельник, 09 Январь 2017 00:00

Абу Қалобанинг сабри қиссаси

Иброҳим исмли бир киши саҳрода кетаётиб, йўлдан адашиб қолди ва эски бир чодир олдига бориб тўхтади. Чодир ичига назар солиб қараса икки қўли кесилган, кўзи кўр, атрофида бирор киши ҳам йўқ, ёлғиз бир кекса киши хотиржам ўтирган ва  тинмасдан бир гапни минғирлаб айтаётган эди. Эшитиш учун унга яқинроқ борди, у: “Кўпчилик инсонлардан мени ортиқ фазилатли қилган Аллоҳга ҳамд-сано бўлсин, кўпчилик инсонлардан мени ортиқ фазилатли қилган Аллоҳга ҳамд-сано бўлсин!”, дер эди. Қўлларидан ажралган, кўзлари сўқир, ёлғиз бирор ишга ярамайдиган, атрофида на фарзанду аёли, на бирор хизматчи ҳам йўқ кишини бу сўзларни айтаётгани кўриб ажабланиб қолди. Унга янада яқинроқ борди. Кекса киши унинг ҳаракатини сезиб, бир оз жим туриб, “Ким? Ким у?”, деди. У: “Ассаламу алайкум! Мен йўлдан адашган мусофирман. Чодирингиз олдида тўхтадим. Ўзингиз ким бўласиз? Нима учун бу ерда ёлғиз ўтирибсиз? Аҳли оилангиз қани? Фарзанларингиз қаерда? Яқинларингиз борми?”, деди. Чол: “Мен бир бемор, касал одамман. Шу дардим туфайли одамлар мени ўзларидан узоқлаштирди. Оиламни ҳам деярли барчаси вафот этиб кетди.”, деди. Иброҳим: “Сизни ҳадеб “Кўпчилик инсонлардан мени ортиқ фазилатли қилган Аллоҳга ҳамд-сано бўлсин”, деганингизни эшитдим. Сизни аҳволингизни кўриб турибман. Аллоҳ сизни турли синовлар билан синабди. Бошқалардан ортиқча фазлингиз нимада?! Қўлингиз кесилган, кўзингиз ожиз, ҳеч кимингиз йўқ!”, деди. У: “Майли, бўлган вақеаларни, бир ишимни бажаришга рози бўлсанг, сенга гапириб бераман”, деди. Йигит: “Ҳожатингиз бўлса айтинг, бажараман”, деди. У киши: “Сен мени турли хил мусибатларга дучор бўлган деб ўйлаяпсан, тўғрими! Лекин, шундай бўлса ҳам бот-бот: “Кўпчилик инсонлардан мени ортиқ фазилатли қилган Аллоҳга ҳамд-сано бўлсин”, деб Аллоҳга розилигимни билдираяпман. Чунки Аллоҳ менга фаҳмлайдиган, фикрлайдиган ақл бермадими? Қанчадан қанча одамлар борки у ақлдан мосуводир. “Кўпчилик инсонлардан мени ортиқ фазилатли қилган Аллоҳга ҳамд-сано бўлсин”, дейманки, Аллоҳ менга эшитиш неъматини ато этган, унинг воситасида намозга, нажотга чақирилаётган азонни эшитаман, гапларни англайман, атрофимда бўлаётган нарсаларни билиб тураман. Мана шундай бахтдан маҳрум, бирор нарсани эшитмайдиган Ер юзида қанча кар одамлар бор?, деди. Иброҳим: “Албатта, кўп”, деди. Шундан сўнг чол гапини давом эттириб: “Ҳа, мени мана шу кабилардан ортиқ фазилатли қилган Аллоҳга ҳамд-сано бўлсин! Аллоҳ менга баён қилувчи тил бермадими?!. У билан Раббимни зикр қилиб, ҳожатимни Унга айтаман. Қанчадан қанча гунглар бор. Бир оғиз сўз айтишга ҳам қодир эмас”, деди. Йигит: “Тўғри”, деди. У яна: “Кўпчилик инсонлардан мени ортиқ фазилатли қилган Аллоҳга ҳамд-сано бўлсин! Аллоҳ менга мусулмон бўлишдек улуғ неъматни ато этди-ку! Раббимга ибодат қиламан, бу мусибатларга сабр қиламан, Ундан савоб умид қиламан! Қанча одамлар борки улар бут-санамларга сиғинадилар ва шу ишларидан ўзлари рози бўладилар. Шубҳасиз улар дунё ва охиратни бой берганлардир!, деди. Иброҳим: “Ҳа, тўғри”, деб тасдиқлади. Бу кекса Аллоҳ унга берган неъматларни санашда давом этар, у эса унинг имонини қуввати, ишончини кучлилиги, Аллоҳ берган ҳар қандай нарсага розилик туйғусидан хайрати ошиб борарди. Ҳа, азизлар, бу кекса кишидан бошқа қанча дардман инсонлар бор. Агар соғлом одамга унинг бошига тушган синовнинг ақалли, тўртдан бирини берилса борми, кўзи ёхуд эшитиш қобилияти ёки бирор аъзосидан ажралса, ёки мана шу каби беморларни кўрса, уларнинг шикояти ва йиғиларини эшитсагина соғлигининг нақадар буюк неъмат эканини англаб етади. Бу одамнинг сабри ва ишончини бутун умматга тақсимласа, ҳаммасига етади. Шу каби фикрлар Иброҳимни узоқларга етаклар кетди. Кекса отахоннинг “Ҳа, болам сенга нима бўлди? Ҳожатимни айтаверайми? Бажрасанми?”, деган сўзигина унинг ҳаёлини бўлиб, ўзига келтириб қўйди. У: “Ҳа, албатта, айтинг, нима ҳожатингиз бор?”, деди. У бошини озгина эгиб, бир зумдан сўнг унга қараб: “Оиламдан мен билан фақат битта ўғлим қолди. Ўғлимнинг ёши ўн тўртда. Шу бола мени овқатлантиради, таҳорат олдиради, хуллас нима хизматим бўлса адо этади. Кеча менга егулик топиб келаман деб, чиқиб кетган эди. Ҳалигача келмади. Билмадим тирикмикан кутсам, ёки вафот этдимикан. Мени аҳволимни ўзинг кўриб турибсан. Кўзим кўр бир кексаман. Боламни излашга қодир эмасман. Сендан илтимос, ўғлимни қидириб топ”, деди. Иброҳим у боланинг кўриниши сўраб, билиб олди ва у билан хайрлашиб ташқарига чиқди. Аммо у болани қаердан қидиришни, қайси томонга юришни билмасди. Бирор киши учраб қолса, ундан сўрарман, деган илинж билан йўлга тушди. Чодирдан узоқлашмасдан, бир тепалик устида қарғалар галаси уймаланиб турганига кўзи тушди. Қарғалар одатда бирор ўлимтик ёки жасад устида шундай тўпланишарди. Ўша томонга яқинлашиб, қушларни ҳайдай бошлади. Қараса, бўри хужумидан танаси парча-парча бўлиб, ундан қолганини қушлар баҳам кўришаётган одам жасадиган кўзи тушди. Айрим сифатлари у излашга чиққан болага тегишли эди. Иброҳимнинг вужудини маҳзунлик эгиб қўйди. Боладан ҳам кўра унинг кекса отасига кўпроқ ачинарди. У шундан сўнг  кўрганларини бориб, кекса отахонга айтиш ёки ўзини ёлғиз қолдириб кетишини билмай иккиланиб, ўзига-ўзи: “Энди бу хабарни отасига қандай айтаман? Биттаю битта қаровчисидан айрилган кекса отанинг тақдири энди нима бўлади?”, дерди. Бу каби саволларга қандай жавоб беришни билмай, охири бир қарорга келди ва кексанинг ҳузурига борди. Қараса отахон боягидан ҳам кўра синиқ, ҳорган ҳолда ўтирар эди. Гапни нимадан бошласам деб, хотирасига Аюб (алайҳиссалом)нинг қиссаси келди. Унга салом берар экан, фарзанди ҳақидаги хабарни эшитишга қанчалик интиқ экани билиниб турарди. Йигит унга: “Айтингчи, Аллоҳ таолога сиз маҳбуброқмисиз ёки Аюб (алайҳиссалом)ми?”, деди. У: “Аюб (алайҳиссалом) маҳбубдир”, деди. Яна: “Иккингиздан қай бирингизнинг синовингиз каттароқ, сизними ёки Аюб (алайҳиссалом)никими?”, дедим. У: “Албатта, Аюб (алайҳиссалом)ники”, деди. Йигит яна: “Ундай бўлса, фарзандингиз сабаб Аллоҳдан савоб умид қилинг. Мен уни тоғ этагида ўлик ҳолатда топдим. Уни бўри ғажиб кетибди”, деди. Бечора отанинг кўзи намланиб, “Ла илаҳа иллаллоҳ” калимасини такрорларди. Унинг бу аҳволидан қаттиқ ташваишга тушган Иброҳим сабр қилиб турди. Кекса отахон аста-секин ҳириллаган овоз чиқариб, кўз олдида жон таслим қилди. Уни ўзи устида ўтирган ёпинчиқ билан ўраб, уни дафн этишда ёрдам берадиган одам ахтариш учун чодирдан чиқди. Узоқдан уловга минган уч кишини кўриб, уларни чақира бошлади. Йўловчилар унинг одига келдилар. У: “Аллоҳ розилиги учун бир савоб ишга, ичкарида вафот етган мусулмон отахонни ювиш, жаноза ўқиш ва дафн этишда менга ёрдам бермангиз?”, деди. Улар рози бўлишди ва чодирга кириб, майитнинг юзини очгач, учаласи ҳам “Абу Қалоба, Абу Қалоба!” деб бақириб юборишди. Бу кекса киши кўп йиллар давомида дарс берган, дард чалингач, одамлар ўзларидан чекалатган буюк олим, муҳаддис шайх Абу Қалоба экан[1]. Иброҳим уни йўловчилар билан бирга дафн этгач, улар билан шаҳарга борди. Шу кеча унинг тушида гўзал суратда, барча аъзолари бус-бутан, оппоқ либос кийган Абу Қалобани кўрди. У ям-яшил ер устида юрарди. Ундан: “Эй Абу Қалоба, сени бу неъматларга эришишинга нима сабаб бўлди?”, деб сўради. У мамнун ҳолда: “Раббим мени жаннатга киритди. Жаннатга кирсам у ердан менга “Аллоҳ йўлида турли машаққатларга сабр қилиб ўтганларингиз сабабли (энди бу ерда) сизларга тинчлик бўлгай. Дунё оқибати (жаннат) нақадар яхши![2]”, дейилди”, деди.

Тошкент вилояти Бекобод тумани бош имом хатиби Анвар Рисбоев таржимаси.

 

[1] Абдуллоҳ ибн Зайд ибн Амр ал-басрий, учинчи табақа тобеъинлардан, жарҳ ва таъдил аҳлидан бўлган муҳаддис олим. Ҳижрий 104 йили Шомда вафот этган.

[2] Раъд сураси 24 оят. Абдулазиз Мансур. Қуръони карим маънолар таржима ва тафсири.Тошкент, 2009. 

Понедельник, 09 Январь 2017 00:00

Инсониятга қарши жиноят

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Мьянмада истиқомат қилаётган мусулмонларга қарши содир этилаётган зўравонликларни инсониятга қарши жиноят сифатида баҳолади. Бу ҳақда ташкилотнинг “Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий бошқаруви” маълум қилди.

Шунингдек, БМТ бу ўлка фуқаролари дунёдаги энг кўп зулм кўраётган, таҳқирланаётган миллат эканлигини таъкидлади. Боиси, 2012 йилдан бери мьянмалик мусулмонларнинг 120 мингдан ортиғи ўз турар жойи, мамлакатини ташлаб кетишга мажбур бўлган. Улар ҳозирда бошпанасиз, тиббий ёрдамга муҳтож ҳолда турли лагерларда жон сақламоқда.

Даврон НУРМУҲАММАД

тайёрлади

 

Мақолалар

Top