muslim.uz

muslim.uz

Мен у салафийга мужтаҳид олимлар имом Абу Ҳанифа, Молик, Шофеъий ва Аҳмад раҳимаҳумуллоҳнинг бир масала ҳақидаги қавлларини айтдим.
У бўлса:
- Сиз менга бу масалада Аллоҳ не деган ва Аллоҳнинг Расули не деган?, шуни айтинг, деди.

Мен унга бундай дедим: Бу тўртала имом бу масала ҳақидаги ҳукмни Таврот ёки Инжилдан олишмаган. Улар айнан Қуръон ва Суннатдан олишган. Бу масаладаги ихтилофлари, яъни турлича қавл айтишлари сабаби эса, оят ва ҳадисни турлича фаҳмлашларидир!

(Саҳобалар ҳам бир оят ёки ҳадисни турлича фаҳмлашган).

Сенинг бу фикринг эса сатҳий, фақат зоҳирий эътиборда, кўринишда ҳақ бўлсада аслида ўта хатарли ва алдамчидир…

Доктор Абдулфаттоҳ Ёфиъий.

————

Ҳозирда ҳукмни Қуръон ва Суннатдан оламиз дея одамларни алдаётган, уларни ихтилофга солаётган тоифалар бор.

Уларни эшитсангиз гапларига қоил қоласиз, аммо чуқурроқ ўргансангиз асл башаралари очилиб ёлғонлари фош бўлиб қолади.

Улар фикрича Имом Абу Ҳанифа, Молик, Шофеъий ва Аҳмадларга эмас, Қуръон ва Суннатга эргашиш лозим экан.

Гўё бу мужтаҳид имомлар оят ва ҳадисдан эмас, Таврот ва Инжилдан ҳукм олишган экан.

Науузу биллаҳ! Шунақалардан биттаси билан бир соат баҳс қилдик, роса тортишди, охирида эса келинг энди сиз китобингизни ўқинг десак, мен арабча ўқий олмайман деди…

Баъзилари оят ва ҳадисдан олмаяпти, дея дод солишади, аммо ўзлари эса Қуръон ўқишни ҳам билишмайди…

Азизлар кўзингизни очинг. Тўртала мазҳаб эгалари ҳам айнан Қуръон ва суннатдан ҳукм олганлар ва уларнинг ўзлари салафи солиҳлардан бўлишган.

Ҳозирдаги бу тоифалар эса, ўзлари ва эргашган уламолари салафлардан эмас, аммо одамларни салафларга эргашамиз дея алдашяпти, ҳа ҳа алдашаяпти.

Улар эргашган ибн Таймия, ибн Абдулваҳҳоб, Албоний, Ибн Боз, Фавзон каби олимлар асло салафи солиҳлар эмас. Аксинча, энг аввали ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан 600 йил кейин яшаган.

Тўртала имом Абу Ҳанифа, Молик, Шофеъий ва Аҳмадлар эса айни саҳобалар, тобеинлар ва табаа тобеинлар даврида яшашган ва улар айнан салафи солиҳлардир.

Энди оз бўлсада тушуна олдингизми?

Аслида салафи солиҳларга айнан тўрт мазҳабдан бирини тутган инсон эргашган ҳисобланади!

Уларни даъволари жуда зўр, аммо аслида ёлғон!

Алданишни бас қилинг!!!

(ораларидаги солиҳ ва ақл соҳиблари мустасно)

Суннатуллоҳ Абдулбосит

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Буюк алломаларимиз ижодини ўрганамиз

Буюк қомусий олим Абу Райҳон Муҳаммад ибн Аҳмад Ал Берунийнинг (973-1048й.) асарлари минг йилдан буён жаҳон илм аҳлига мукаммал дарслик ва қўлланмалар вазифасини ўтаб келмоқда.

Олимнинг “Хронология”, “Ҳиндистон”, “Геодезия”, “Минералогия” ва “Масъуд қонунлари” каби асарлари бир мунча тўлиқ ўрганилган. Бироқ Берунийнинг сўнгги асари бўлмиш “Китаб ас-сайдана фи-т-тибб” (“Тиббиётда фармокогнозия китоби”) асари етарли ўрганилган эмас. Унинг ягона асл нусхаси 1927 йилда Туркиянинг Бурса шаҳрида топилган ва ўша ердаги кутубхонада сақланади.

Форс тилига таржима қилинган нусхаси эса 1899 йилда Ҳиндистоннинг Лакхнау шаҳрида топилган бўлиб, ҳозирда Британия музейида сақланади. “Сайдана”ни рус тилига олим Убайдулла Каримов ўгирган бўлиб, “Фан” нашриётида 1973 йилда нашр этилган “Беруний” танланган асарларининг IV жилдини ташкил этади.

“Сайдана” фармокогнозик асар бўлиб, тиббиётнинг қуроли саналмиш дори-дармон тайёрланувчи воситалар ҳақидаги маълумотлар йиғиндисидир. Фармакогнозия грекча “дори” ва “билим” маъноларини англатувчи сўзлардан иборат. Наботот, ҳайвонот ва маъданлардан олинадиган доривор воситалар ҳақидаги илмий фандир.

“Сайдана” ўша вақтлари мавжуд бўлган доришунослик тарихи бўйича ёзилган энг қимматбаҳо манба ҳисобланади. Олимнинг бу асари Ибн Синонинг “Тиб қонунлари”дан кескин фарқ қилади. Ибн Сино доривор воситаларнинг таркибини, хусусиятларини ҳамда касалликка таъсирини, доривор воситалардан доринома бўйича малҳам, ичимлик, дори тайёрлашни аниқ ёзган.

Беруний эса ўз асарида ана шундай доривор воситаларнинг турли тиллардаги муқобиллари, ҳатто айрим шевалардаги номларини ҳам келтириб ўтган. Чунки, ўша вақтларда биргина дорининг турли номлари бор ва (ёки) битта атама турли дориларни англатар эди. Бу ҳақда Беруний шундай бир ҳикояни мисол келтиради: “Дориларнинг турли тиллардаги номларини аниқ билиш инсон учун фойдалидир. Менинг эсимда, хоразмлик бир амир касал бўлиб қолганида унинг давоси учун Нишопурдан доринома жўнатадилар. Лекин доришунослар, ҳакимлар дори таркибининг бир қисмини ҳеч топа олмайдилар. Ниҳоят, бир одамда борлигини эшитиб, дориворнинг ўн беш дирҳамини беш юз дирҳам тоза кумушга сотиб олишади. Харид қилинган модда гулсафсар илдизи экан. Табибларнинг жаҳли чиқиб, сотувчига таъна қилишади. Шунда у: “Сизлар дориворнинг номини билмадингиз, лекин аслида шуни сўрадингиз” дея жавоб беради.

Беруний гоҳо муаммолар келтирадиган бу каби чалкашликларни бартараф этиш мақсадида ўз асарида наботот, ҳайвонот, маъдан ва улардан олинадиган тахминан 4500 та доривор восита ҳақида маълумот бериб, уларнинг арабча, сурёний, сўғдийча, форсча, хоразмча, туркча ва бошқа тиллардаги номларини келтириш билан бирга, ўша давр доришунослик атамашунослигига катта ҳисса қўшган. Олим гоҳ у атамага, гоҳ бу атамага изоҳ бериш жараёнида тиббиётга дахлдор талай маълумотларни ҳам бериб ўтганки, бу асарнинг кўпқирралигини таъминлаган.

Муаллиф 2000 йиллик даврда яшаб ўтган табиблару ҳакимлар ва доришунос олимлар, табиатшунослардан 250 нафарининг асарларидан фойдаланган. Ўрни келганда, мақоллар, шеърий парчалардан ҳам мисоллар келтириб, атамаларнинг маъно қирраларини ёритишга эришган. Доривор моддаларни изоҳлар экан, уларнинг шифобахшлик хусусиятларини ҳам очиб беришга интилган: “Ҳаворанг гулли айиқтовон ўсимлиги бавосилга даво бўлади, қизил гуллилари эса бавосилни кучайтиради... Бўтакўзнинг дамламаси яра-чақаларга малҳам бўлади. Лекин ҳакимлар бўтакўзнинг мижозини совуқ ва ҳўлга тенглаштиришади. У ҳолда яраларга малҳам эмас, тинчлантирадиган воситадир. Қубийун тоши ўткир таъмли ҳидга эга бўлиб, у йирингни тортиб олади”.

Беруний ва ундан олдинги давр тиббий атамалари шу доривор олинадиган маҳсулот номига, касаллик номига ва дорининг хусусиятларига нисбатан ифодаланган. Бу хизматлар ўтмиш табибларимиз ва табобатга оид фаннинг халқчиллигини ва амалиётда қўллашнинг қулайлигини таъминлайди. “Сайдана”да бу атамаларнинг бир неча тиллардаги муқобиллари ва синонимлари берилиши табобат илмини умумжаҳон аҳамиятига молик қилган. Улуғ аллома Абу Райҳон Берунийнинг буюк тарихий хизмати ҳам ана шунда.

Муҳаррама Пирматова

Буюк Британия Бош вазирининг дин ва эътиқод эркинлиги бўйича махсус вакили Фиона Брюс ўзининг «Декларациялар мулоқоти» халқаро форуми иштирокчиларига йўллаган видеомурожаатида Ўзбекистонни жорий йил 5-6 июль кунлари диний эркинликлар таъминланиши мавзусига бағишлаб Лондонда ўтказиладиган халқаро конференцияга таклиф этди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.

– Тарихий Бухоро декларацияси қабул қилинганлиги билан табриклайман, - деди Фиона Брюс. – Ушбу форумнинг муҳимлиги ҳақида гапирар эканман, диний толерантлик ва кўп миллатли ҳамжиҳатликнинг таъминланиши борасидаги Ўзбекистоннинг маданий меросини эътироф этишдан бошлашни истар эдим.
Сизнинг мамлакатингиз сўнгги 4-5 йил ичида диний эркинлик ва эътиқод масаласида фавқулодда салмоқли муваффақиятларга эришганлиги ҳамда одамлар ўз динларини ифода этадиган ёки амалда рўёбга чиқарадиган кўплаб масканларни яратганлиги билан фахрланишга ҳақлидир. Мен чин дилдан умид қиламанки, бу ижобий ўзгаришлар давом этади ва бу эркинликлар келажак авлодлар учун асраб қолинади.

Мен ва бошқа халқаро ташкилотлар вакиллари сизни бу изчил жараёнда қўллаб-қувватлашга тайёрмиз.

Бирлашган Қироллик 5-6 июль кунлари Лондонда диний ва эътиқод эркинликлари таъминланишига бағишланган халқаро анжуманга мезбонлик қилади. Умид қиламизки, ушбу анжуманда 50 дан ортиқ мамлакатдан ҳукумат вакиллари, диний етакчилар ва фуқаролик жамияти фаоллари тўпланади. Улар нафақат диний эркинликлар соҳасидаги глобал муаммоларни муҳокама қилиш, балки уларни ҳал қилиш бўйича ҳам ҳаққоний ва амалий қадамларни ташлаш юзасидан келишиб олиш учун ҳам йиғилишади.

Ўзбекистон делегациясини Лондонда қутлайман, деб умид қиламан.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Вторник, 24 Май 2022 00:00

Кийиниш маданияти (видео)

Янгийул тумани Хонтўра ҳожи масжиди имом-хатиби 

Ҳайдаров Зокир домла

Мақолалар

Top