muslim.uz

muslim.uz

 

ЎМИ матбуот хизмати

Iqna.ir сайтининг маълумотига кўра, шу йил 14-28 ноябрь кунлари Бирлашган Амирликларининг Дубай шаҳрида аёл-қизлар ўртасида “Шайха Фотима бинти Муборак” номли V халқаро Қуръони карим мусобақаси бўлди ва унда мусобақа ғолиблари эълон қилинди.
Мусобақа якуний тадбирида Бирлашган араб амирликларидаги Қуръони карим муассасалари ва Қуръони каримни ўргатиш марказлари раҳбарлари, “Дубай аёл-қизлар халқаро Қуръон мусобақаси” ҳайъати вакиллари қатнашди.

Мусобақада 50 давлат вакилларидан бўлган қория аёл-қизлар иштирок этиб, биринчи ва ўнинчи ўринларни қўлга киритган қориялар мусобақа ҳайъати томонидан тақдирланди.

Мусобақада дастлабки беш ўринни мисрлик Нада Муҳаммад Аҳмад Фатҳи, америкалик Рувайда Қосим Муҳаммад, кениялик Муна Абди Фатар Абди, жазоирлик Сониа Билаътил ва иорданиялик Имон Аҳмад Муҳаммад Абу Аълиқа эгаллади.

Шунингдек, афғонистонлик Бурайра Абдурраҳим Қозий, камерунлик Саадия Умар Абкар, сенегаллик Нада Зайнаб Нуғум, нигериялик Асия Али Аҳмад ва мавританиялик Зийнат Аш-Шаввофлар ҳам олтинчидан ўнинчигача бўлган ўринларни эгаллади. “Дубай аёл-қизлар халқаро Қуръон мусобақаси” ҳайъати томонидан мазкур ўн нафар қорияларга ғолиблик совринлар топширилди.

ЎМИ Халқаро алоқалар бўлими

Среда, 01 Декабрь 2021 00:00

Ақоидун Насафия шарҳи (8-дарс)

Абдулқодир Абдурраҳим

Тошкент ислом институти

Ақоид ва фиқҳий фанлар кафедраси

Ақоид фани катта ўқитувчиси

Америка Қўшма Штатларида Ўзбекистоннинг тарихий ва маданий меросини оммалаштириш мақсадида мамлакатимиз элчихонаси томонидан 1747-1917 йилларда Бухоро мадрасасида таҳсил олган ўрта осиёлик уламоларнинг мероси ҳақидаги инглиз тилидаги биринчи катта тадқиқот бўлган "Ислом полиматлари: Марказий Осиёдаги билимларнинг кучи ва тармоқлари" » («Polymaths of Islam: Power and Networks of Knowledge in Central Asia») китобининг тақдимоти ташкил этилди, хабар берди «Дунё» АА.

Тадбирда ислом цивилизацияси ва Марказий Осиё бўйича тадқиқотлар билан шуғулланувчи АҚШ етакчи олим ва мутахассислари иштирок этди.

Элчи Жавлон Вахабов тақдимотни очиб, мамлакатимизда Ўзбекистоннинг кўп минг йилликларга оид қадимий ва бой тарихини ўрганиш, шунингдек, жаҳон цивилизацияси ривожида олим ва илоҳиётчиларимизнинг улкан илмий, маданий ва маънавий меросини асраб-авайлаш борасида амалга оширилаётган чора-тадбирлар ҳақида гапирди.

Ўз навбатида, китоб муаллифи, Питтсбург университети профессори Жеймс Пикетт "шаҳарнинг кенг таълим тизими томонидан тақдим этилган алоҳида интеллектуал қобилият Бухоронинг ўз сиёсий чегараларидан ташқарига чўзилган минтақалараро таълим тармоғининг маркази сифатида хизмат қилиш имконини берди", - таъкидлади муаллиф.

Унга кўра, "Бухоро, Фарғона, Хива ва Самарқанд шаҳарлари доимо Осиёнинг энг йирик илмий марказлари бўлиб келган ва бу шаҳарларда тиббиёт, ҳуқуқ, риёзиёт ва ислом соҳасидаги энг буюк сиймолар пайдо бўлган."Китоб муаллифи таъкидлаганидек,"Бухоро бутун минтақанинг маданият ва маърифат маркази ҳисобланиб, унда ҳар йили Марказий Осиё, Россия, Хитой, Ҳиндистон ва бошқа мамлакатларнинг юзлаб вакиллари ўша даврдаги энг илғор таълимни олиш учун келган 230 та мадраса жойлашган".

Жеймс Пикеттга кўра, Ғарб академик доираларининг кўплаб вакиллари мадраса битирувчилари ва уламоларини фақат диний тингловчилар ёки тор ихтисосдаги кишилар сифатида ифодалашда адашадилар. Америкалик профессор таъкидлаганидек, асрлар давомида Бухоро Ҳиндистондан Туркиягача бўлган бўлажак давлат арбоблари таҳсил олган юқори малакали кадрлар тайёрлаш марказига айлана олди.

Китоб муаллифи мадраса тингловчиларининг аксарияти битирганларидаёқ турли касб-ҳунарлар бўйича ўз мансаб йўлларини давом эттирганликлари аудитория эътиборини тортди. Масалан, олимларнинг 40% га яқини судъялар, ҳуқуқий хулоса тузувчилар, мадраса инструкторлари ёки цензорлари бўлиб хизмат қилган бир пайтда фақат битирувчиларнинг 3 дан 10% и шайхлик ролини бажарган.

Питтсбург университети профессорининг сўзларига кўра, Бухоро ислом уламолари юқори савиядаги маълумоти туфайли жамиятдаги энг нуфузли кишилар қаторига кирганлар. Туркистон ҳарбий элитаси ҳам давлатни бошқариш учун шу олимларга таянарди.

Шу билан бирга, Жеймс Пикетт қўшимча қилганидек, уламинг билимга асосланган мустақил куч манбаи бўлиб, бу икки элита гуруҳи ўртасида кескинликни юзага келтирди. "Бухоро уларнинг таълим-тарбия базаси бўлиб хизмат қилган ва шу халқ шаҳарни туркий-форсий-исломий юксак маданиятнинг маданий ва диний эпицентри ҳақидаги мифологияга айлантирган", - деб таъкидлайди муаллиф.

Олимнинг фикрича, ҳозирги Ўзбекистон ҳудудида халқ таълими доимо жаҳон цивилизациясида ўзига хос тарихий роль ўйнаган. Президент Шавкат Мирзиёев томонидан бугунги кунда мамлакатда аждодларнинг қўшган ҳиссаси ҳақида билим бериш ва ўрганиш учун мавжуд янги илмий-тадқиқот институтларини кенгайтириш ва ташкил этишга қаратилаётган эътибор Ўзбекистоннинг учинчи уйғониш даври йўлидаги энг самарали воситадир, - дея таъкидлади америкалик профессор.

Дипломатик миссиямиз хабарига кўра, Жеймс Пикетт Ўзбекистонда тадқиқот лойиҳалари устида ишлашни давом эттириш ниятида, натижада америкалик профессор ХIX и аср охири ва ХХ аср бошларида Бухоро амирлигининг маъмурий ва клерикал маданияти ҳақида алоҳида китоб ёзишни режалаштирмоқда.

Олимнинг фикрича, Ўзбекистон ўша давр манзарасини қайта яратишга ва китобхонларни ўша давр муҳитига сингдиришга қодир бўлган ноёб архивларни сақлаб қола олган. Ҳатто Ҳиндистон, Туркия ва Эрон каби йирик давлатлар ҳам Бухоро амирлигида бўлгани каби давлатнинг кундалик ҳукмронлиги билан боғлиқ бундай яхши сақланиб қолган архивларга эга эмас, - дея қўшимча қилди америкалик эксперт.

Унинг фикрича, мамлакат ҳукуматининг барча соҳаларда очиқлик сиёсати Ўзбекистонга келиб, маҳаллий олимлар билан биргаликда чуқур тадқиқотлар олиб боришга тайёр бўлган жаҳон илмий жамоатчилиги учун магнитдир. "Қимматли архив материалларига киришни таъминлаш, тарихий меросни чуқур ўрганишни қўллаб-қувватлаш, маҳаллий институтларнинг инфратузилмасини такомиллаштириш, хорижий олимлар билан яқин ҳамкорлик мамлакатнинг бой тарихини глобал саҳнада аниқ кўрсатишга имкон беради", деди Питтсбург университети вакили.

Эслатиб ўтамиз, Жеймс Пикетт Питтсбург университетининг Евросиё тарихи профессори, Ислом тарихига ихтисослашган, Принстон университети битирувчиси, 2011-2012 йилларда Ўзбекистонда тадқиқот олиб борган. У етакчи тарихий журналларда, шу жумладан, «American Historical Review» ва «International Journal of Middle East Studies» да кўплаб илмий мақолалар чоп этди.

Шунингдек, у қатор халқаро конференциялар, жумладан, Шарқнинг иқтисодий ва ижтимоий тарихи журнали нашр этилиши натижасида "Ҳужжатчиликнинг ислом маданияти" симпозиуми ташкилотчиси ҳисобланади. Жеймс Пикетт халқаро лойиҳалар доирасида ўзбекистонлик ёш олимлар билан ҳам фаол ҳамкорлик қилади.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

Среда, 01 Декабрь 2021 00:00

Жаҳолатга қарши маърифат билан

Назар солсангиз, дунё яралишида аксар залварли яратилмиш мавжудотлар еттилик борасида сўз кетади. Юртбошимиз Шавкат Мирзиёев томонидан Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегияси ҳам айнан етти йўналишдан иборат этиб белгилангани бежиз эмас.

Етти устувор вазифани амалга оширишга улуғ ниятлар билан қадам қўйилмоқда. Албатта, бу ўзига яраша катта хайрият ва баракотни тилак-истак қилиб, ҳужжатларга жо этилганидир. Муҳтарам Президентимизнинг лавозимга киришиш тантанали маросимига бағишланган Олий Мажлис палаталари қўшма мажлисидаги нутқида Тараққиёт стратегиясининг еттита энг устувор йўналишлари ҳақида қисқача тўхталиб ўтган эди.

Мазкур устувор вазифаларнинг бешинчисида «Муқаддас ислом динимизнинг инсонпарварлик ғояларини тарғиб этиш, «Жаҳолатга қарши – маърифат» тамойили асосида униб-ўсиб келаётган ёшларимизни соғлом эътиқод руҳида тарбиялашга алоҳида аҳамият берамиз. Сизларга маълумки, Ўзбекистон – улкан имконият ва бойликларга эга мамлакат. Лекин бизнинг энг катта бойлигимиз – турли миллат ва элатлар, диний конфессиялар вакиллари ўртасидаги тинчлик ва барқарорлик, ўзаро ҳурмат ва ҳамжиҳатликдир, десам, ўйлайманки, барчангиз бу фикрга қўшиласиз».

Ҳақиқатда, ўтган қисқа давр ичида жамиятимизнинг бош мезони маънавият ҳамда муқаддас динимизнинг инсонпарварлик ғояларини тарғиб этиш, «жаҳолатга қарши – маърифат» тамойили асосида беқиёс ўзгаришлар бўлдики, бу ўзгариш барча жабҳаларда, жумладан, динимиз соҳасида ҳам имкониятларнинг тожига айланди. Эътибор қилсангиз, Давлатимиз раҳбарининг тегишли қарорлари билан ислом дини ривожи йўлида беқиёс хизмат қилган буюк муҳаддис боболаримизнинг диний ва илмий-маънавий меросини ўрганиш ва тарғиб этиш мақсадида Самарқандда – Имом Бухорий, Сурхондарёда – Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот марказлари, шунингдек, Тошкентда Ўзбекистон халқаро ислом академияси, Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот маркази иш олиб бормоқда.

Тошкент шаҳрида барпо этилаётган Ўзбекистондаги ислом цивилизацияси маркази халқимизнинг бой диний-маънавий меросини чуқур ўрганиш ва дунёга тарғиб этиш, ёш авлодимизни миллий ва умумбашарий қадриятлар руҳида тарбиялашда беқиёс ўрин тутадиган илм-маърифат марказига айланади. Ташкил этилган халқаро марказлар олдига саккиз банддан ўн бир бандгача бўлган муҳим вазифалар белгилаб берилди. Бу билан марказлар маънавий-маърифий ишларни кучайтиришга, ҳозирги ва келгуси ривожланишимиз учун хизмат қилишга мустаҳкам пойдевор бўла олади.

Биргина Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази фаолиятига тўхталадиган бўлсак, марказ оз фурсатда Миср, Туркия, Малайзия, Буюк Британия, Франция, Германиядаги халқаро ислом марказлари билан ҳамкорлик алоқаларини ўрнатиб, биргаликда йирик илмий лойиҳаларни йўлга қўймоқда. Уч йил давомида Марказ томонидан буюк алломаларимизнинг 30 га яқин асари таржима қилинди. Яқинда Марказ олимлари томонидан Имом Мотуридийнинг дунёга машҳур «Таъвилот ал-Қуръон» китоби илк марта ўзбек тилига ўгирилди. Ҳеч муболағасиз, айни ноёб асар Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан 1100 йилдан сўнг халқимизга ўз она тилида қайтариб берилди.

Ўзининг бебаҳо асарлари билан ислом дини ривожига улкан ҳисса қўшган Имом Бухорий, Имом Термизий, Маҳмуд Замахшарий, Бурҳониддин Марғиноний каби алломаларимиз асарларини ўрганиш, тадқиқ этиш, ўзбек тилида уларнинг таржима ва шарҳларини, танқидий матнларини тайёрлаш – осон иш эмас ва ҳамманинг ҳам қўлидан келмайди. Бунинг учун қанча билим ва тажриба, қанча сабр-тоқат керак. Энг муҳими, Аллоҳ берган истеъдод, нозик дид ва фаросат даркор.

Бир сўз билан айтганда ушбу марказлар халқимизга ислом динининг асл таълимотларини етказишга хизмат қилмоқда. Ёшларимизнинг ёт оқимлар таъсирига тушишининг олдини олиш, уларни илм-фанга рағбатлантириш, юксак ахлоқий қадриятлар асосида тарбиялашда «Жаҳолатга қарши маърифат» эзгу ғояси асосида фаолият юритувчи ушбу муассасалар ўта муҳим аҳамиятга эга.

Бундан ташқари, Имом Бухорий, Имом Термизий, Имом Доримийдек улуғ аждодларимиз асос солган ҳадис мактаблари фаолиятини қайта тиклаш ва ривожлантириш, улар қолдирган бой илмий меросни ўрганиш мақсадида Самарқандда Ҳадис илми мактаби очилди. Энг замонавий жиҳозлар, педагогик технологиялар билан таъминланган ушбу таълим муассасасига дунёнинг машҳур Ал-Азҳар университетидан профессор-ўқитувчилар жалб этилди.

Бухоро вилоятидаги машҳур диний таълим муассасасининг мусулмон дунёсидаги ўрни ва нуфузи, диний ходимлар тайёрлашдаги аҳамиятини эътиборга олиб, Мир Араб олий мадрасаси ташкил этилди. Қайд этиш жоизки, Мир Араб мадрасаси ўз фаолияти даврида нафақат мамлакатимиз, балки Марказий Осиё давлатлари учун ҳам диний ва дунёвий билимларни пухта ўзлаштирган кадрларни етиштириб чиқарган. Бугун Россия, Озарбайжон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон каби давлатлардаги нуфузли уламолар айнан Мир Араб мадрасасининг битирувчилари ҳисобланади.

Қолаверса, Юртбошимиз 2017 йилда Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 72-сессиясида иштирок этиб, халқаро майдонда ислом динига нисбатан кузатилаётган бир ёқлама салбий муносабатга нисбатан ўзининг қатъий позициясини мухтасар ифода қилиб, жумладан, шундай деганди: «Биз муқаддас динимизни зўравонлик ва қон тўкиш билан бир қаторга қўядиганларни қатъий қоралаймиз ва улар билан ҳеч қачон муроса қила олмаймиз. Ислом дини бизни эзгулик ва тинчликка, асл инсоний фазилатларни асраб-авайлашга даъват этади».

Бирлашган Миллатлар Ташкилотида Ўзбекистон раҳбари жаҳон ҳамжамиятига Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказини ташкил этиш лойиҳаси ҳақида ҳам сўзлади. Ислом цивилизацияси маркази ўз ғояси ва аҳамиятига кўра бетакрор лойиҳа бўлиб, ислом динининг илмий-маънавий бойлиги, бунёдкорлик салоҳиятини намойиш этишга қаратилган.

Ўтган йиллар давомида Президентимиз Ислом цивилизацияси маркази биносининг қурилиш майдонига бир неча бор ташриф буюриб, унинг аҳамияти, халқимиз, хусусан, ёшларимизни эзгу умуминсоний ғоялар руҳида тарбиялашдаги ўрни тўғрисида муҳим таклиф ва ташаббусларни билдирди.

Шунингдек, Ўзбекистон раҳбари ташаббуси билан Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеяси ялпи мажлисида «Маърифат ва диний бағрикенглик тўғрисида»ги махсус резолюция қабул қилинди. Резолюция Бирлашган Миллатлар Ташкилотига аъзо 100 дан ошиқ давлатлар томонидан қўллаб-қувватланди. Ушбу резолюция бағрикенглик ва ўзаро ҳурматни қарор топтириш, диний эркинликни таъминлаш, эътиқод қилувчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, уларнинг камситилишига йўл қўймаслик бўйича саъй-ҳаракатларни қўллаб-қувватлайди.

Шу маънода, мамлакатимиздаги халқаро илмий-тадқиқот марказлари томонидан дунёнинг етакчи исломшунослик марказлари билан ҳамкорликда буюк алломаларимизнинг илмий меросига бағишланган халқаро конференциялар ўтказилмоқда. Хусусан, 2020 йилнинг 3-4 март кунлари Самарқанд шаҳрида «Имом Мотуридий ва мотуридия таълимоти: ўтмиш ва бугун» мавзусидаги халқаро конференция юқори савияда ташкил этилди. Конференцияда дунёнинг 15 мамлакатидан 55 нафар таниқли уламолар, муфтийлар, мотуридийшунос экспертлар, 100 нафар маҳаллий олим ва тадқиқотчилар қатнашди. Жумладан, Миср Бош имоми, Ал-Азҳар мажмуаси шайхи Аҳмад Таййиб бошчилигидаги 19 нафар мисрлик мартабали диний арбобларнинг иштироки конференциянинг халқаро мақомини янада оширди. Аҳмад Таййиб ўша конференциянинг юқори савияда ташкил қилингани, юксак даражада эътибор кўрсатилгани ҳамда «Самарқанд шаҳрининг фахрий фуқароси» мақомига муносиб кўрилгани учун Ўзбекистон Президентига чуқур миннатдорлигини айтганди.

Шукурки, сўнгги 5 йилда мамлакатимизда диний-маърифий йўналишдаги изчил ислоҳотлар кўлами ва аҳамияти жиҳатидан ғоят муҳим ҳисобланиб, Ўзбекистоннинг мусулмон дунёсида ислом цивилизацияси маркази сифатида эътироф этилишига сабаб бўлмоқда.

Абдулҳай Турсунов,
Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг
Наманган вилоятидаги вакили,

вилоят бош имоми

Мақолалар

Top