muslim.uz

muslim.uz

Вторник, 13 Февраль 2018 00:00

Бола хулқи нега бузилади?

Чиройли тарбия бериш ота-онанинг фарзанди олдидаги бурчларидандир. Бу ҳақни адо этиш ўз-ўзидан бўлмайди, инсондан катта масъулият, машаққат талаб қилади.Фарзанд тарбияси билан боғлиқ муаммоларни, уларнинг сабабларини тадқиқ этиш  ота-оналар учун фойдали бўлиши табиий.

Бола тарбиясига энг олдин ота-она жавоб беради. Улар болаларини зарур ва фойдали машғулотлар билан банд қилиши керак. Бола онги бўш турмайди. Уйдаги тарбия болани қониқтирмаса, у кўчага интилади ва ўзи билмаган ҳолда бошқа “дунё” комига кира бошлайди.

Бугун ким билан ўтириб гаплашсангиз, дарров фарзандига бегона ва бузғунчи ғоялар таъсир этаётганидан шикоят қилади. Баъзи хонадонларда фарзандлар ахлоқи катта муаммога айланган.

Янги асрда ахборот тезлиги тараққиётга ижобий таъсир кўрсатяпти. Айни чоқда қатор муаммоларни ҳам келтириб чиқаряпти. Интернет ва уяли телефон орқали ёшларга қилинаётган ҳужумлардан сақланиш энг катта муаммога айланди. Эҳтиёт чоралари изланяпти, лекин бу ечим ва чоралар кўпи фақат назарий, уларни амалда қўллаш қийин.

Бугун кўплар такрорлайдиган иборалар: “Фарзандим мени тушунмайди”; “Менга итоат қилмайди”; “Насиҳатимга қулоқ солмайди”; “Кундузи ухлаб, тунда телевизор кўради”; “Ака-укалари билан жанжаллашади”; “Кўп ёлғон гапиради” ва ҳоказо... Бу муаммоларнинг ечими бор албатта.

Ўтган улуғларимиз бола хулқи бузилишига кўпинча ота-она сабабчи бўлишини таъкидлашган.

Ички асосий сабаблар:

– оилани бош­қаришда ота-онанинг муайян тутуми ва аниқ мақсади йўқлиги;

– Аллоҳ таолодан ёрдам сўрамаслик ёки сўрашда камчиликка йўл қўйиш;

– бола гўдаклик давриданоқ тарбия услубларини йўлга қўймаслик ёки уларни билмаслик;

– моддий таъминотни ҳад­дан ошириб юбориш ёки умуман таъминламаслик;

– боланинг таълим олишдан мақсади йўқлиги ёки дарсларни ўзлаштира олмаслиги; мактабга ота-она мажбурлаши билан бориши;

– боланинг ота-онадан қониқмаслиги;

– мураббийдан қўрқиши;

– ота-онадан меҳр кўрмай, бошқалардан ширин сўзлар эшитиши;

– ота-онанинг фарзанди олдида жанжаллашиши;

– ота-онанинг фарзандларидан биринигина мақташи;

– ишларни фақат чаққон болага юклаб, бошқаларига эътибор бермаслиги;

– отанинг узоқ вақт уйда бўлмаслиги;

– кичик ёки арзимас хатони бўрттириш;

– уйдаги ҳолат билан талаб қилинаётган нарсанинг бир-бирига зидлиги;

– боланинг хатосини тўғри тушунтирмаслик, бошқа болаларга солиштириш. Бу иш хато. Чунки ҳар бир бола ўз шахсияти ва табиатига эга.

Ташқи таъсирлар:

– муаллимнинг ўзи ўргатаётган фан мақсадини билмаслиги;

– ташқарида ҳам ўрнак бўладиган шахснинг йўқлиги;

– шаҳватни қўзғатувчи омиллар;

– алоқа воситалари ривожланиб кетиши туфайли ёмон дўстларнинг кўплиги;

– таълим-тарбиянинг замон талабларига мос эмаслиги;

– тенгдошларидан ташқи кўриниши билан ажралиб туриши;

– ортиқча қўполлик ва қаттиққўллик ҳамда ўринли-ўринсиз калтаклайвериш. Бу иллатлар туфайли боланинг феъли бузилади.

Бугун бу муаммолар қаршисида чорасиздек туриб қолмаслигимиз ёки воқеликдан кўз юмиб олмаслигимиз керак. Уйимиз, кўча-кўй, яшаб турган жамиятимиздаги муҳит, таълим-тарбия муассасалари – буларнинг барчаси тарбия омилларидир. Аммо ҳозир дунёнинг ҳар томонидан ёшларга махсус йўналтирилаётган мақсадли “тарбия услублари” ҳам борлигини унутмайлик. Зеро, яхши бола икки дунё саодатига восита бўлувчи садақаи жориямиз бўлади.

Имоммуҳаммадхон МУНАВВАРҚОРИ ўғли тайёрлади.

ЎМИ Матбуот хизмати

 

 

Вторник, 13 Февраль 2018 00:00

Ибрат бўлишлари керак-ку...

Кўчамизда бир неча тарихий обида бор.  Шу боис бу ерга сайёҳлар кўп келади. Кўча бошида эса уч-тўрт киши доим нарда ўйнаб ўтиради. Улар дам сайёҳларга йўлнинг тескарисини кўрсатиб адаштиришса, дам ёш болаларни кимўзарга сўктиришади. Ҳолбуки, кексалик аллақачон соч-соқолларига элчиларини жўнатиб, амр-фармонини йўллаб бўлган.

Баъзан уловларда,  баъзан тўй-ҳашамларда айрим катталарнинг аҳволини кўриб, беихтиёр ёмон қаришдан паноҳ беришини сўрайсан киши.

Ёшлар иззат-икром қилиши зарур бўлган бундай катталар болаларига , невараларига қандай сабоқ беради? Фарзандлари улардан нимани ўрганади-ю нимаси билан фахрланади?

Мавлоно Жалолиддин Румийнинг “Маснавийи маънавий” асарида бир ривоят келади:

«Бир куни Мавлоно йўлда ёшига нолойиқ бир алфозда юрган кишидан: «Сен каттами ёки соқолинг?» деб сўрабди. У: «Соқолимдан йигирма ёш каттаман», дебди .Мавлоно унга: “Ўзингдан йигирма ёш кичик соқолинг оқарибди-ю, ўзинг ҳамон қоралигингча яъни, ақлинг қоронғулигича қолибсан?” деган экан. Бу сўздан у қаттиқ таъсирланиб, яхшилик йўлига кирган экан. Қиссадан ҳисса: ҳаётнинг оғир-енгилини кўрган ёши катталар ақл, сабр-қаноат ва одоблари билан ёшларга ибрат бўлишлари зарур.

Муайяда РАҲМОН

ЎМИ Матбуот хизмати

 

Пойтахтимизнинг Шайхонтоҳур тумани аҳолиси қадимдан миллий анъаналаримизга, динимиз таълимотига амал қилиш борасида фаол бўлиб келган. Зотан, бу туманнинг тамал тошини 700 йил муқаддам Шайх Зайниддин Кўйи Орифони Тошкандий ибн Шайх Шаҳобиддин Абу Ҳафс Умар Суҳравардий қўйган (у зот 1164 йилда туғилган ва 1259 йилда 95 ёшида вафот этган).

Масжиднинг ёнидаги қабристондан Шайх Зайниддин бободан кейин ҳам не-не  азизлар мангуга қўним топган. Шунингдек, Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратларининг қабри ҳам шу жойда.

Дарвоқе, Шайх Зайниддин бобо қабрини ҳам дастлаб Соҳибқирон Амир Темур обод қилиб у зотнинг бошлари узра мақбара қурдирган.

Бу масжид гўзал юртимиздаги энг кўркам ва энг катта масжидлардан бири саналади.  Бир вақтнинг ўзида 6000 киши намозхон ўқий олади.

Аллоҳ таолонинг изни-иродаси ила бугун ана шу масжидда Қуръон мусобақақсининг Тошкент шаҳри бўйича туман босқичларига фатво берилди ва Шайхонтоҳурлик хушовоз қорилар беллашуви бўлиб ўтди.

6000 киши намоз ўқиши мумкин бўлган жойга сиғишиб ўтирса 18000 киши жойлашиб олиши мумкин. Яна ташқарида турганлар, келиб-кетаётганларни (баъзилар ишхонасидан бирровга келиб Қуръон тиловатини тинглаб кетади-да) қўшиб ҳисобласангиз, 20000 чоғли одам Қуръондан баҳраманд бўлди.

Бу саноққа аёлларни қўшмаймиз. Чунки аёлларнинг мусобақаси ўтаётган жойда одам бундан ҳам кўп бўлди.

Ана шунча одам Аллоҳнинг Каломи ўқилганидан дуога қўл очиб юртимизга ояти карималардан ҳосил бўлган ажру савобдан ушбу манзилда ётган азизларнинг, улуғ шайхларнинг руҳларини баҳраманд қилишини сўради. Парвардигоримизга илтижо этиб юртимизнинг тинчлиги барқарор бўлишини, маъмурчилигини янада зиёда қилишини, юртбошимизнинг бошини омон қилишини сўради. Иншоаллоҳ, Раббимиз пок ниятлар ила сўралган ушбу дуоларни ижобат этади. Илло, ҳадиси шарифда ҳам Қуръон ўқилгандан сўнг қилинган дуо ижобат бўлиши айтилган.

Бугун Қуръон мусобақасига келган ҳамшаҳарларимиз Қуръон тиловатидан баҳра олиш баробарида бу ерда ётган улуғларимизнинг қабрларини ҳам зиёрат қилиб, кўнгли равшан бўлди.

Эслатиб ўтамиз: эртага Юнусобод, Мирзо Улуғбек, Яккасарой туманлари қорилари “Минор” масжидида, қориялари “Осиё” тўйхонасида; Яшнобод, Миробод, Бектемир, Сергели туманлари қорилари “Холид ибн Валид” масжидида, қориялари “Яккасарой” тўйхонасида; Учтепа, Чилонзор туманлари қорилари “Бисёр” тўйхонасида беллашадилар.

Азиз ҳамшаҳарлар! Эртага ҳам янги қорилар кашф этилади. Ўша чоқда сиз ҳам ўзингизга маъқул бўлган қорини ва қорияни кашф этасиз. Айтайлик, қори ёки қориянинг тажвиди, тартиласи, овози, ўзини тутиши борасида томошабиннинг ўзининг ҳам фикри бўлади-да, барибир. Шундай экан, фурсатни қочирмасдан мусобақага боринг, Жонли ижродан баҳраманд бўлинг. Зотан, у ерда саноаткорларимизга ўхшаб фонограммадан фойдаланмайдилар...

ЎМИ Матбуот хизмати

 

Вторник, 13 Февраль 2018 00:00

Зуҳду зоҳидлик нима?

Савол: Зуҳд, ҳақиқий зоҳидлик нима дегани?

Жавоб: “Зуҳд” бирор нарсадан юз ўгириш маъносини англатади. Абу Идрис Ҳаволоний зуҳд ҳақида бундай деганлар: “Ҳақиқий зоҳид ҳалол нарсани ўзига ҳаром қилмайди, дунёдан воз кечмайди. Балки ўз қўлидагидан кўра, Аллоҳ таолонинг ҳузуридагига ишонади, етган бирор мусибат эвазига ажру савоб умид қилиб, янада хотиржам бўлади”.

Абу Сулаймон Доримий: “Бирор кишининг зоҳирини кўриб, зоҳид экан, демагин. Чунки зуҳд қалбда бўлади”, деганлар. Ҳасан Басрий раҳматуллоҳи алайҳ: “Зуҳд киши бирор одамни кўрганида уни ўзидан афзал билишидир”, деганлар. Имом Аҳмад раҳматуллоҳи алайҳ: “Дунё борасида зоҳидлик орзуларнинг қисқалиги ва одамлар қўлидаги нарсалардан тама қилмаслик”, деганлар.

Демак, ҳақиқий зуҳд ҳамма нарсадан юз ўгириб яшаш эмас, балки мол-дунёга муҳаббат қўймаслик, қўлдан кетганига қайғурмай, етган азиятга сабр билан Аллоҳ таолодан савоб умид этиш, эришган ютуқлари учун Аллоҳ таолога ҳамд айтиб, яна савоб умид қилишдир.

“Сўраган эдингиз” китобидан

ЎМИ Матбуот хизмати

 

Ливанлик судья Хослин Матта Марямни ҳақорат қилганлиги учун ливанлик уч мусулмонга қамоқ муддати ўрнига Қуръон оятларини ёдлашга ҳукм қилди.
“Ал-Арабия” нашри хабарига кўра, айбдор деб топилган мусулмонлар озодликка чиқишлари учун энди Қуръони каримдаги Марям (Мария)нинг ҳаёти ва Исо пайғамбарнинг туғилиши баён қилинган “Ал-Имрон” сурасидаги оятларни ёд олишларига тўғри келади. Суд қарорига кўра, оятларни ёд олишлари заҳоти улар қамоқ жазосидан озод қилинишади. Судьянинг фикрича, айбдорлар шу йўл орқали исломдаги бағрикенгликнинг моҳиятига тушунишлари мумкин бўлади.
Судьянинг ушбу қарори Ливандаги кўпчиликнинг олқишига сазовор бўлган. Жумладан, Ливан бош вазири Саад Ҳаририй ва собиқ бош вазир Нажиб Микати ижтимоий тармоқларда судьянинг оқилона қарорига қойил қолганликларини билдиришган.


Ўзбекистон мусулмонлар идораси матбуот хизмати

Мақолалар

Top