muslim.uz

muslim.uz

Ўзбекистон Республикаси ўз мустақиллигини қўлга киритгандан сўнг ҳукуматимиз томонидан миллий ва диний қадриятларимизни қайта тиклаш ҳамда маънавиятимизни юксалтиришга улкан эътибор қаратила бошлади. Хусусан, тарихий обидаларимиз, муқаддас қадамжолар ва буюк алломаларимизнинг мақбараларини қайта тиклаш ва уларни обод қилиш борасида бир қатор самарали ишлар амалга оширилди. Шунингдек миллий байрамларимиз, урф-одатларимиз кенг тарзда нишонланиб, бу ёруғ кунларни кўрмасдан дунёдан ўтган, ўз Ватанининг тинчлиги йўлида жон фидо қилган II-жаҳон уруши қатнашчиларини хотирлаш мақсадида Республикамизда 9 май - Хотира ва қадрлаш куни деб белгиланди.

Пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в.) ўзларининг муборак ҳадиси шарифларида марҳамат қилиб айтдилар: ”Сизлардан вафот топиб кетганларни тириклик чоғида қилган яхши амалларини ёдга олиб туринглар”.

Ҳақиқатан ҳам, ўтганларни хотирлаш савобли ва хайрли амаллардандир. Тарихга бир назар соладиган бўлсак, 1941-1945 йилларда қонхўр фашизмга қаратилган шиддатли жангларда қанчадан-қанча ота-боболаримиз ўз юртининг тинчлиги учун мардларча курашиб, жон фидо қилдилар. Бу ёруғ кунларни кўриш эса кўпларига насиб этмади. Улар тинчлик ва истиқлол неъматига мушарраф бўлиш бахтидан бенасиб ҳолда армон билан, кўзда ёш билан дунёдан ўтдилар.

Ўзининг кўп йиллик кўхна тарихини ҳамда ота-боболарининг шу юрт учун чеккан  жабру-жафоларини  унутмаган халқимиз ҳар йили 9 май - Хотира ва қадрлаш кунини муносиб тарзда кутиб олади. Ўтганларимиз руҳи-покларига Қуръон тиловатлари ва хайрли дуолар қилинади. Барҳаёт бўлганларини эса ҳолларидан хабар олинади, моддий ва маънавий кўмак берилади.

Жорий йил ҳам муҳтарам Президентимиз Ш.Мирзиёевнинг 2017 йил 4 апрелда эълон қилинган “Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларини рағбатлантириш тўғрисида” ги Фармони ҳамда “Хотира ва қадрлаш кунига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш чора-тадбирлари тўғрисида” ги Қарори том маънода бугунги тинч ва осойишта кунлар учун жон фидо қилган аждодларнинг хотирасини ёд этиш ҳамда юртимиз файзи бўлиб юрган кексаларимизни эъзозлаш каби олийжаноб қадриятларимизнинг давомийлигини таъминлайди десак асло муболаға бўлмайди. Зеро, юрт тинчлиги йўлида ҳалок бўлган ота-боболаримизни хотирлаб, уларни ёдга олиш ҳар биримизнинг муқаддас бурчимиздир.

 

Аброр АЛИМОВ,

Тошкент шаҳар

“Қатортол” масжиди имом-хатиби

Хотира – муқаддас ва азиз туйғу. Хотирлаш бу ҳар бир инсоннинг яқинларини қадрлаш, бу оламдан ўтиб кетган инсонларни эслаш ва уларнинг хаққига дуо қилишдир. Халқимизда “қадр этган қадр топади”, деган нақл бор. Ҳақиқатдан ҳам, инсон ўзгаларга самимиятда бўлиб, ҳурмат-эҳтиром кўрсатса, ўзи ҳам атрофдагиларнинг шундай муносабатига сазовор бўлади. Ватан равнақи, халқ осойишталиги учун хизмат қилган эл фидойилари эса эзгу амаллари сабаб умрбод кишилар ёдидан ўчмайдилар. Номлари ҳамиша эъзоз билан тилга олиниб, хотиралари мангуликка муҳрланади.

Юртимизда ҳар йили “9 май – Хотира ва қадрлаш куни” муносабати билан ушбу осойишта кунларга етиб келишимизда меҳнатини аямаган, тинч ва осуда ҳаёт учун жонини беришга ҳам тайёр бўлган инсонлар хотирланади, авлодларга ибрат сифатида ёдга олинади. Шу билан бирга, бугунги озод ва фаровон кунларга етиб келишимизда ўз ҳиссаларини қўшган нуроний сиймоларимиз зиёрат қилиниб, уларнинг ўтмиш хотираларидан тингланади.

Хотира нафақат жанг майдонларида қурбон бўлганларни хотирлаш, балки фронт ортида фидокорона меҳнат қилган табаррук ёшдаги оталаримиз ва оналаримизга ҳам чексиз иззат ва эҳтиром кўрсатиш айёмидир. Шунингдек, она Ватанимизнинг тараққиётига муносиб улушлар қўшган барча фахрийларимизни эъзозлаш, қадрлаш байрамидир. 

Республикамиз биринчи Президентининг шундай пурмаъно сўзлари бор: “Хотира нафақат ўтмишни унутмаслик, балки бугунги ҳаётимизнинг қадрига етиш, эртанги кунни тўғри тасаввур этиш, демакдир. Хотира инсонни келажакка очиқ кўз билан қарашга ўргатади. Шу боис, бугунги ёшлар оталаримизнинг юртимиз эрки ва озодлиги, миллатимиз равнақи йўлида чеккан заҳматлари, кўрсатган жасоратларини унутмаслиги даркор. Қадрлаш эса, хонадонларимизга файз–барака бағишлаб, қилаётган эзгу ишларимизга оқ фотиҳа тилаб ўтирган қарияларимизнинг ҳурматини жойига қўйишдир. Зеро, мўътабар отахон ва онахонларимизни ҳаётлигида қадрлаш барчамизнинг муқаддас бурчимиздир”.

Расулуллоҳ соллалоҳу алайҳи ва саллам: “Дунёдан ўтганларнинг яхши сифатларини эсланглар, уларнинг ёмон сифатларини айтишдан сақланинглар” – дейдилар. (Имом Термизий ривояти).

Аввало, марҳум ва марҳумаларнинг яхши сифатлар ва хайрли амаллари эсланса, у жойга барака нозил бўлади. Суфён ибн Уяайна р.а. “Солиҳ кишилар эсланган вақтда Аллоҳ таолонинг раҳмати тушади” – дейди.

Яна марҳум ва марҳумаларнинг яхши сифатлар ва хайрли амаллари эсланса, инсонларда бундай хайрли амаллар қилиш истаги ортади. Инсонда яхшиликка ҳаракат қилишга муҳаббат ҳосил бўлади.

Албатта, марҳумларни эслаш билан уларнинг ҳаққига Аллоҳ таолодан раҳмат ва мағфират сўралади. Фарзанд ва ҳар бир инсон ота – онасини ва бошқа қадрдон марҳумларни доимо яхши сифатлар билан эслаш унинг зимасидаги бурчидир.

Таъкидлаш лозимки, ўтган аждодларимизни ҳамиша хотирлаб, бизларга қолдириб кетган бой маданий–маърифий меросларини ўрганиб, уларни ҳозирги ҳаётимизга татбиқ этишимиз ҳозирги давр талабидир.

Хотираси инсонлар қалбида муқаддас сақланадиган одам, ўлимидан кейин ҳам барҳаёт бўлиб қолиш учун зарур ишни қилиб қўйган одамдир, дейишади. Хотира муқаддас деб шуни айтсалар керак.

Шукрки, она диёримиз дориломон кунларга етиб келди. Осмонимиз мусаффо, ҳуррият ва эрк шабадалари эсмоқда. Хонадонларимизда оналарнинг аллалари, фарзандларнинг шодон кулгуси, кексаларимизнинг дуою тилаклари янграб турибди. Ёшларимизга ўзлари хоҳлаган илмларни ва                касб-ҳунарларни эгаллашларига кенг имкониятлар яратиб берилган.             Инсонга бундан ортиқ яна нима керак?

Энди бизлар устозларимиз, боболаримиз таъкидлаганларидек,          ота-боболардан мерос мана шу табаррук тупроқни кўз қорачиғимиздек асрамоғимиз, тинчлик неъмати ҳеч қачон осонлик билан қўлга киритилмаслигини, унинг ортида қанчадан қанча жасур инсонларнинг заҳмати борлигини унутмаслигимиз, Ватан, халқ манфаатини ҳар нарсадан устун қўйиб, порлоқ келажаги учун астойдил ҳаракат қилишимиз, шу замин ва аждодларимизга муносиб бўлишимиз зарур.      

 

“Кўкалдош” ўрта махсус ислом билим юрти мудир муовини  А.Ғаниев

Среда, 03 Май 2017 00:00

Қўшничилик ҳаққи

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда, жаноб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деган эканлар:

“Аллоҳга қасамки, мўмин эмас! Аллоҳга қасамки, мўмин эмас! Аллоҳга қасамки, мўмин эмас! – деганларида, саҳобалар томонидан: “Ким у, эй Аллоҳнинг расули?” – деб сўралди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ёмонлигидан қўшниси омонда бўлмаган кишидир”, - дедилар”.

Ҳар бир балоғатга етган ақли расо мусулмон учун дастлаб соғлом ақидани ўрганиши фарз бўлади. Шунингдек Исломни қабул қилган кишига ҳам амалий ҳукмларни ўргатишдан олдин соғлом ақида ҳукмлари ўргатилади. Бунга Имом Муслим ривоят қилган қуйидаги ҳадис далилдир. Пайғамбаримиз соллалллоҳу алайҳи васаллам Муоз ибн Жабал розияллоҳу анҳуни Яманга юбораётганларида шундай деганлар:

إِنَّكَ تَقْدَمُ عَلَى قَوْمٍ أَهْلِ كِتَابٍ فَلْيَكُنْ أَوَّل مَا تَدْعُوهُمْ إِلَيْهِ عِبَادَة اللَّهِ عَزَّ وَجَلَّ فَإِذَا عَرَفُوا اللَّهَ فَأَخْبِرْهُمْ أَنَّ اللَّهَ فَرَضَ عَلَيْهِمْ خَمْسَ صَلَوَاتٍ فِى يَوْمِهِمْ وَلَيْلَتِهِمْ

“Сиз аҳли китоб бўлган қавмга бораяпсиз, уларни аввал чақирадиган нарсангиз Аллоҳ азза ва жаллага ибодат қилиш бўлсин. Қачон Аллоҳни танисалар Аллоҳ уларга бир кеча кундузда беш вақт намоз фарз қилганини хабар беринг”.

Ҳа, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ушбу ҳадисларида мусулмон кишининг энг аввал тўғри ақидани ўрганиши лозимлигини хабар берганлар.

Соғлом ақида Ислом динининг асоси бўлгани учун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам пайғамбар этиб юборилганларидан сўнг деярли ўн уч йил давомида у зотга асосан ақидага тааллуқли ҳукмлар ваҳий қилинган.

Уламолар “Соғлом ақидани қисқача қилиб Аллоҳ таолога, фаришталарига, китобларига, пайғамбарларига, охират кунига, қадарнинг яхшиси ҳам ёмони ҳам Аллоҳдан эканига ва ўлгандан сўнг қайта тирилишга иймон келтиришдир”, деб тушуниш мумкин, деганлар.

Мазкур еттита нарсага қатъий равишда ишониш соғлом ақиданинг асослари бўлиб, иймон келтириш лозим бўлган барча нарсалар мазкур асослардан келиб чиқади.     

Баён қилинган ушбу ақида, турли замонлар ва маконлар туфайли ўзгармаган,  юборилган барча пайғамбарларда фарқланмаган ягона қатъий эътиқоддир.

Соғлом ақиданинг аввали Аллоҳ таолонинг борлигига, бирлигига ва комил сифатлар билан сифатланганига иймон келтириш ҳисобланади. Мусулмон киши номусулмон кишидан “Ашҳаду ан ла илаҳа иллаллоҳ” (Аллоҳдан ўзга маъбуд йўқлигига гувоҳлик бераман) деб шаҳодат калималарини айтиши ва уларнинг тақозосига кўра ҳаёт кечириши билан ажралиб туради. Ушбу гувоҳлик бериш мусулмонликнинг асоси ҳисобланиб, мусулмон кишининг ҳамма қарашлари мазкур асос устига қурилади.     

Шунга кўра соғлом ақида мўминнинг ҳаётида мислсиз аҳамиятга эгадир:

  • Соғлом ақида мўмин банда ва Аллоҳ таоло ўртасидаги алоқанинг моҳияти нимадан иборатлигини тушунтириб беради. Уламолар соғлом ақидали мусулмоннинг тасарруфи қандай бўлишига қуйидагича мисол келтирганлар. “Бир кишига дўсти маълум миқдорда маблағ бериб уни қаерларга сарфлашини тайинласа, дўсти мазкур жойларга ортиқча қийналмасдан, ичи ачишмасдан сарфлайди. Чунки унда қўлидаги маблағ тўғрисида “бу маблағ менинг шахсий молим эмас, менинг қўлимда турган омонатдир, мен уни фақатгина эгаси тайинлаган жойларга сарфловчиман холос” деган соғлом ақидаси бўлади. Шу маънода соғлом ақидали мўмин киши ўзидаги барча нарсаларни Роббисининг омонати деб билади. Молидан закот ё ушр ёки етим-есирларга бирор эҳсон қилар экан, ўз ёнидан бераётгандек оғриниб эмас балки зиммасидаги омонатини адо этаётганидан хурсанд бўлиб сарфлайди. Бу эса ундаги соғлом ақиданинг самараси ҳисобланади;   
  • Соғлом ақида қилинган ибдатларнинг қабул бўлишига сабаб бўлади. Чунки соғлом ақидасиз қилинган амаллар қабул бўлмайди;
  • Дунёда саодатли ҳаёт кечириш соғлом ақидага боғлиқ;
  • Соғлом ақида кишини нафси талпинаётган ҳаром ишлардан тўсиб туради;
  • Соғлом ақида кишини доимо Роббисига ибодат қилишга чорлаб туради. Чунки эътиқодий ҳукмлар ва амалий ҳукмлар пойдевор ва унинг устига қурилган бинодек бир-бирига чамбарчас боғлиқдир. Шунинг учун ҳам эътиқодий ҳукмларга қалб боғланмасдан туриб амалий ҳукмларни ҳаётга тўғри татбиқ этиб бўлмайди.
  • Охиратда нажот топиш соғлом ақидага боғлиқ.

Демак дунёда бахтли ҳаёт кечириб охиратда жаннатга киришни  хоҳлаган инсон албатта соғлом ақидани ўрганиши ва унинг тақозосига кўра яшаши лозимдир.

Аллоҳ таоло барчаларимизни дунё ва охират саодатига муваффақ қилсин.

Оламлар Роббисига ҳамду санолар, Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафога ҳамда у зотнинг оилаларию саҳобаларига салавот ва саломлар бўлсин! 

Абдулқодир Абдур Раҳим 

Қулупнай меваси саратон касаллигини даволашда ёрдам беради.

Мутахассис олимлар тадқиқотлари кунига бир пиёла қулупнай истеъмол қилиш  саратон хасталигининг олдини олувчи восита эканлигини аниқлашди. Бу мева ҳатто мазкур касалликка чалиниб улгурган кишилар учун ҳам  фойдалидир.
Клиник тадқиқотлар натижалари  кунига 15 дона қулупнай мевасини истеъмол қилиб юриш саратон хавфли касаллигидан ҳимоя қилишини исботлади.

Олимлар ўтказган тадқиқотлари бу хавфли касалликни орттириб олганларда ҳам синаб кўрилди.

Беш ҳафта ўтгач, бу хасталик шишлари тарқалиши ва ўсиши тўхтаб, ҳатто улар кичрайгани маълум бўлди.

Италиянинг Marche Polytechnic University  олимлари қатор тадқиқотлари давомида (хусусан, аёллар кўкрак саратони) шишларнинг сезиларли кичрайганини қайд этишди.

Аввалги ўтказилган тадқиқотлар кунига 10-15 дона қулупнай истеъмол қилиш қон таркибидаги холестерин миқдорини пасайтириши ҳисобига саломатликни мустаҳкамлашини исботлади.

Қулупнайда ўсимликнинг фенол компонентлари ижобий таъсир кўрсатишга асос бўлади.

Тажриба қулупнай мевасидан организмда ажраладиган шарбат таъсирида саратон ҳужайралари биологик ўсиш ва тарқалиш  жараёнига чек қўйишини кўрсатди.

Бу мева истеъмол қилинганида кишида касалликнинг кучайишига сабаб бўлувчи бир қанча генлар фаоллиги сусайган.

Қулупнай истеъмол қилиш ҳаммага ҳам бирдек тўғри келавермайди. Бу биринчи навбатда ошқозон ичак тизими фаолиятида хасталиги бор кишиларга, хусусан, гастрит, ошқозон яраси бор кишиларга тааллуқлидир.  Қулупнай мевасида мавжуд бўлган катта миқдордаги мева кислоталари мазкур касалликлар хуружига сабаб бўлиб қолиши мумкин.

Пишиқчилик мавсумидан олдинроқ мевани бозор расталарига олиб чиқиш ва катта фойда-даромад орттириш мақсадида айрим қулупнай етиштирувчилар инсон саломатлиги учун хавфсиз бўлмаган агротехник усуллар ва воситалар (нитрат ва гормонлар)ни қўллайдилар. Шунинг учун бозор расталарига табиий пишиқчилик мавсумидан олдин барвақт сотувга чиқарилган мевалар инсон саломатлиги учун хавф-хатар манбаи бўлиб хизмат қилади. Энг яхшиси қулупнайни табиий пишиқчилик мавсумида ўзи етилиб пишганида харид қилиб истеъмол қилиш саломатлик учун фойдалидир.

Жалолиддин Нуриддинов

 

Мақолалар

Top