www.muslimuz

www.muslimuz

Среда, 11 Август 2021 00:00

ВАКЦИНА ОЛИШНИНГ ҲУКМИ ҚАНДАЙ?

❓759-CАВОЛ: Ҳозирги кунда ҳамма жойда вакцина олишга тарғибот кетмоқда. Динимиз бунга қандай муносабат билдиради? Вакцина олишнинг ҳукми қандай?

 ЖАВОБ: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим.
Маълумки, соғлиқни сақлаш соҳаси мутахассислари қарийб икки йиллик кузатишлар ва изланишлардан кейин коронавирус – COVID-19 касаллигидан сақланишнинг энг самарали воситаси вакцина олиш экани тўғрисида хулосага келдилар.

Динимизда инсоннинг жони, эътиқоди, ақли, моли ва обрўсини сақлаш муҳим кўрсатмалардир. Мана шу жиҳатларга зарар етадиган ҳолатларда шариатимиз зарарни даф қилиш сабабларини қўллашга буюради. Шундай экан вакцина олиш зарурати бир неча жиҳатлар билан таъкидланади.

Биринчидан, динимиз кўрсатмаларига кўра, Аллоҳ таоло ҳар бир дарднинг шифосини ҳам берган. Бу ҳақда Пайғамбаримиз алайҳиссалом шундай деганлар:

ما أنزلَ اللهُ داءً إلَّا أنزلَ له شِفاءً أخرجه البخاري

“Аллоҳ таоло ҳар бир касалликка шифосини туширгандир” (Имом Бухорий ривояти).

Бошқа ҳадисда шундай баён қилинади:

قالَتِ الأعرابُ: يا رسولَ الله، ألَا نتداوَى؟ قال: نَعمْ، يا عبادَ اللهِ تداوَوْا؛ فإنَّ اللهَ لم يَضَعْ داءً إلَّا وضَعَ له شفاءً (رواه الإمام البخاري عن أُسامةَ بنِ شَريكٍ رَضِيَ اللَّهُ عنه).

Пайғамбаримиз алайҳиссаломдан аъробийлар: “Эй, Аллоҳнинг Расули, даволанайликми?”, деб сўрашди. У Зот алайҳиссалом: “Ҳа, эй, Аллоҳнинг бандалари, даволанинглар. Чунки Аллоҳ ҳар бир касалликка даво яратгандир”, дедилар. (Имом Бухорий ривоятлари).


Иккинчидан, баъзи кишилар касал эмаслигини рўкач қилиб, вакцина олишга бепарво бўладилар, ваҳоланки шариатимизда беморликдан аввал ундан сақланишга буюрилган. Бу ҳақда уламоларимиз шундай деганлар:
الوقاية خير من العلاج
“Касалликдан сақланиш уни даволашдан яхшироқдир” (“Ал-Фиқҳул исломий ва адиллатуҳу” китоби).

Демак, бемор бўлмаган кимсалар ҳам касаллик тегишининг олдини олиши ва шунга сабаб бўладиган муолажаларни қилиши динимиз талабидир.

Учинчидан, динимиздаги асосий қоидалардан бири ўзига ҳам ўзгага ҳам зарар бермасликдир. Бу ҳақда Абу Саъид ал-Худрий разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам:

عن أبي سعيد الخدري رضي الله عنه: أن رسول الله صلى الله عليه وسلم قال:
"لا ضرر ولا ضرار" (رواه الإمام ابن ماجة).

“Зарар бериш ҳам, зарар кўриш ҳам йўқ”, деганлар (Имом Ибн Можа ривояти).

Демак, вакцинани олишимиз биринчи навбатда ўзимизнинг соғлигимиз, қолаверса, яқинларимизнинг соғлигини сақлашга сабаб бўлади.

Тўртинчидан, ҳозирги кунда Ҳаж ва Умра зиёрати сафарини режалаштираётган кишилардан ҳам биринчи навбатда вакцина билан эмланган бўлиши талаб қилинмоқда. Қолаверса, дунёнинг ҳар қандай давлатига бормоқчи бўлган кишидан вакцина билан эмланганлик сўралмоқда.

Хулоса шуки, ҳозирги кунда давлатимиз томонидан фуқароларимизга етказиб берилаётган вакциналарни олишимизга динимиз рухсат беради. Эмланиш шаръан жоиз, чунки бу даволанишнинг бир кўринишидир. Валлоҳу аълам.

 

 

❓CАВОЛ: Баъзилар вакцинанинг таркибида ҳаром нарсалар борлигини айтмоқда. Шундай вакцинадан фойдаланиш мумкинми?

 ЖАВОБ: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим.
Баъзи кишиларнинг вакцина таркибида ҳаром маҳсулотлар борлиги ҳақидаги гаплари ҳеч қандай илмий далиллар билан исботланмаган. Мабодо вакцина таркибида ўшандай қўшимчалар бўлган тақдирда ҳам, у моддалар кимёвий реакциялар натижасида ўз аслини бутунлай йўқотган бўлса, унинг ҳаромлиги қолмайди ва ундан фойдаланиш жоиз бўлади. Буни шариатимизда истиҳола (яъни, бир моддани бутунлай таркиби ўзгариб, бошқа нарсага айланиб кетиши) дейилади. Шу қоидага биноан, дорилар таркибида ўз асли – ҳаромлигини йўқотган моддалар бўлса-да, улардан фойдаланиш мумкин.

Қолаверса, Мисрдаги "Дорул-ифто" фатво уюшмаси, Бирлашган Араб Амирликларидаги Исломий ишлар идорасининг Шаръий фатво кенгаши ва дунёдаги бошқа йирик фатво ҳайъатлари коронавирусга қарши вакциналарда ҳаром ҳукмидаги маҳсулотлар қўшилган бўлса ҳам истиҳола қоидасига биноан мусулмонлар учун эмланиш жоиз бўлиши ҳақида фатво чиқарганлар. Валлоҳу аълам.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво ҳайъати.

@diniysavollar

 

Шариат қонунларига тўла мувофиқ келиш, бепул хизмат кўрсатиш, комиссияларсиз Apple pay ва Samsung pay орқали контактсиз тўловлар Tayyab биринчи рақамли исломий картанинг афзалликлари сирасига киради.

Forbes.kz хабар беришича, ислом молияси тамойилларига мувофиқлиги Shariyah Review Bureau халқаро шариат кенгаши (Саудия Арабистони), шунингдек, Қозоғистон мусулмонлари диний идораси томонидан тасдиқланди.
Мижозларнинг карталари бўйича қолдиқлар фоиз даромадини олиш учун ишлатилмайди, шунингдек, уларга ҳеч қандай фоизлар қўшиб ҳисобланмайди.

Apple Store ёки Play Market Tayyab мобиль иловасини ўрнатиб, бир дақиқада картани чиқариш мумкин. Дарҳол Apple Pay ва Samsung Pay ҳамёнидан фойдаланган ҳолда бутун дунё бўйлаб лаҳзали ўтказмалар ва контактсиз тўловларни амалга ошириш мумкин. Керак бўлганда етказиб бериш билан VISA пластик карточкасига буюртма бериш мумкин.
Пулни тўрт валюта: қозоғистон тангаси, АҚШ доллари, евро, россия рублида сақлаш мумкин. Дунёдаги ҳар қандай банкоматда нақд пулни ечиб олиш мумкин.

Карта Bank RBK ва VISA тўлов тизими билан ҳамкорликда Tayyab биринчи қозоқ ислом финтехи томонидан ишга туширилди. Tayyab институционал инвесторларидан бири Dubai Fintech Ventures венчур фонди ҳисобланади.

"Сўнгги жаҳон трендларига мос келувчи молиявий функциялардан фойдаланиш қулайлиги билан бир қаторда биз фойдаланувчиларимизга исломий ҳаёт тарзини амалда қўллаш учун қулай хизмат кўрсатамиз. Мисол учун, фақат Tayyab иловаси орқали сиз энг яқин масжид, намозхона ёки ҳалол кафени осонгина топишингиз мумкин. Шунингдек, иловада намоз ва азон вақти, қибла компаси, зикр ҳисоблагичи, закот ҳисоблагичи ва яна кўп нарсалар мавжуд", - дейди CEO Tayyab бош директори Дониёр Успанов.

Казино, шунингдек, ҳар қандай қимор ва лотерея бизнеси муассалари, спиртли ичимликлар ва тамаки маҳсулотларини сотишга ихтисослашган дўконларда тўлашга мўлжалланмаганлиги Tayyab биринчи рақамли исломий картанинг қўшимча ўзига хос хусусиятларидан ҳисобланади, ушбу чеклов маҳсулотларни сотиш бўйича универсал дўконларга тааллуқли эмас. Карта барлар ва тунги клубларнинг товарлари ва хизматлари учун тўлашга мўлжалланган эмас, бунда чеклов ресторанлар ва кафеларга тадбиқ этилмайди.

Ўзбекистон мусулмонлари диний идораси матбуот хизмати

Коронавируснинг “дельта” штаммини юқтириб олган покистонлик 106 ёшли фуқаро соғайгандан кейин уйига жавоб берилди, деб хабар бермоқда ARY News телеканали.

Мамлакат телеканаллари тарқатган хабарда айтилишича, 106 ёшга кирган Хасин Биби Карачидаги касалхоналарнинг бирида даволанган ва соғайгандан кейин коронавирус юқтирган беморлар даволанаётган бўлимдан уйига жавоб берилган.

ЎзА хабарига кўра, коронавируснинг "дельта" штамми июлнинг биринчи ярмида асосан Европа мамлакатларида кенг тарқалганди. Қолаверса, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖСТ) ҳам пандемия тугашига ҳали анча борлиги ҳақда огаҳлантириб турибди.

Коронавируснинг мазкур варианти илк бор 2020 йил октябрь ойида Ҳиндистонда аниқланган. Кейинчалик унинг учта тури пайдо бўлгани ва қатор мамлакатларга тарқалгани ҳақда хабар тарқатилди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

Среда, 11 Август 2021 00:00

Модуль мандати-2021

Тошкент ислом институти Модуль таълим тизими бўйича 2021-2022 ўқув йили учун ихтисослик ва ижтимоий-гуманитар фанлар мажмуасидан ўтказилган қабул имтиҳонлари мандат натижаси эълон қилинди.

 ТИИ Модуль таълими учун, олий маълумотли диний кадрларга бўлган эҳтиёждан келиб чиқиб вилоятлар кесимида квоталар ажратилган.

Вилоятларга ажратилган квотага кўра энг юқори балл тўплаган 121 нафар имом-хатиблар Олий Маъхад талабаси бўлдилар.

 Юқори кўрсатгич қайд этган абитуриентларни талабалик билан муборакбод этамиз!

 Қабул жараёнлари ва кириш имтиҳонларини ташкил этиш ҳамда ўтказишда иштирок этган мутасаддилар, ўқитувчи ва ходимларнинг хизматлари эвазига Аллоҳ таоло улкан ажрларни насиб этсин!

Юқори балл олган 121 нафар абитуриентлар ТИИ Ўқув-услубий бўлимга бугун, соат 16:00 га қадар учрашишлари шарт.

 +998946352201

 

 t.me/oliymahad – диний-маърифий канал!

Мақолалар

Top