muslim.uz

muslim.uz

Вторник, 10 Май 2022 00:00

Тараққиёт кушандаси

Динимиз мусулмонларни бир қанча ишларга буюрган ва бир қанча ишлардан қайтарган. Буюрилган ишларда банда ва жамиятга катта манфаатлар бўлса, қайтарилган ишларда уларга катта зарарлар бор. Ман қилинган ишларни қилишнинг зарари баъзида фақат маълум шахсларга етса, баъзисининг зарари кенг кўламли бўлиб, бутун жамиятга салбий таъсир қилади. Ана шундай иллатлардан бири порахўрликдир.

Порахўрлик – жамиятда адолат, тенглик, соғлом рақобат ва ҳалоллик устун бўлишига тўсқинлик қиладиган иллатлардан биридир. Бу иллат давлат ва жамиятнинг ривожига салбий таъсир қилгани сабабли деярли ҳар бир жамият унга қарши курашади. Курашда натижага эришганлари катта ривожланишга эришмоқдалар, уни енга олмаган жамиятларда эса бунинг акси.

Аксарияти мусулмонлар бўлган бизнинг жамиятимизда бу масаланинг ечими қандай бўлади!? Аслида, биз динимиз кўрсатмалари, севимли Пайғамбаримиз суннатларига амал қилсак, порахўрлик, коррупция ва таниш-билишчилик каби иллатларга ўрин қолмайди. Динимиз ва имонимиз шуни тақозо қилади.

Поранинг моҳияти ва таърифи ҳақида уламоларимиз шундай дейдилар: “Пора – бирор шахс томонидан, ҳукм қилувчи ёки бошқаларга унинг фойдасига ҳукм чиқариши ёки у истаган нарсага етказиши учун бериладиган нарса”. Бошқа таърифда: “Пора – ҳақни ботилга чиқариш ёки ботилни ҳақ қилиб кўрсатиш учун бериладиган нарса”, – дейилади.

Кимнидир фойдасига ноҳақ ҳукм чиқариш ёки ўзининг зиммасида бўлган иш учун пора олиш ҳеч ихтилофсиз ҳаром амал бўлиб, катта гуноҳлардан биридир.

Қуръони каримда бу мавзуда шундай дейилади: (Улар) ёлғон (тўқиш учун Сиз)га қулоқ соладиган ва ҳаромни (порани) ейдиганлардир...” (Моида сураси 42-оят). Муфассир, тобеъин Саъид ибн Жубайр раҳимаҳуллоҳ: “Оятдаги “ҳаром”дан мурод порадир”, деганлар.  

Аллоҳ таоло мўмин-мусулмонларни ҳалол касб қилиш, молларини ўзаро розилик билан олишга чақиради. Ояти каримада бундай дейилади: “Мол (ва бойлик)ларингизни ўрталарингизда ботил (йўллар) билан емангиз! Шунингдек, била туриб, одамларнинг ҳақларидан бир қисмини гуноҳ йўли билан ейиш (ўзлаштириш) мақсадида уни ҳокимларга ҳавола этмангиз!” (Бақара сураси 188-оят).

Бу оятнинг замирида ўғрилик, босқинчилик, алдов, фирибгарлик, жумладан, порахўрлик билан ўзгаларнинг молларини ўзлаштириш ҳаромлиги ётади.

Яна бошқа ояти каримада шу маъно такрорланади: “Эй, имон келтирганлар! Мол-мулкларингизни ўртада ноҳақ (йўллар) билан емангиз! Ўзаро розилик асосидаги тижорат бўлса, у бундан мустасно” (Нисо сураси 29-оят).

Пайғамбаримиз алайҳиссалом ҳам доимо порахўрликнинг ёмонлигидан огоҳлантирдилар ва ундан қайтардилар. Порахўрлик мавзусида машҳур бўлган  ҳадис Абдуллоҳ ибн Амр разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган: “Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳнинг лаънати пора берувчи ва пора олувчига бўлсин!” – дедилар.

Бошқа ҳадиси шарифда: “Ҳукмда пора берувчи ва пора олувчига Аллоҳнинг лаънати бўлсин”, – дейилган  (Тўрт сунан соҳиблари ва Имом Аҳмад ривоят қилишган).

Яна бир ривоятда пора олувчи ва берувчи ўртасидаги воситачи ҳам лаънатланган. Демак, пора талаб қилиш ҳам, пора бериш ҳам, улар ўртасида воситачилик қилиш ҳам ҳаром амалдир.

Жумҳур уламоларимиз: “Ўзининг ҳаққига етиша олмаётган ёки ўзидан зулм ё зарарни даф қилмоқчи бўлган кишигина пора бериши мумкин, бундай ҳолатда гуноҳ пора олувчининг бўйнига тушади”, – дейдилар.

Яна бир ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз алайҳиссалом шундай дейдилар: “Пора берувчи ҳам, пора олувчи ҳам дўзахдадир” (Имом Табароний Ибн Умар разияллоҳу анҳудан ривоят қилганлар).

Порахўрликнинг яна бир кўриниши вазифадор, масъул шахсларнинг аслида, ўз зиммаларидаги ишларга ҳам совға-ҳадя олишларидир. Ундай кишилар аввалдан белгиланган, талаб қилиб оладиган совғалари натижасида бир ишни олишга номзод бўлганлар ичида ҳақлиси эмас, балки, салоҳиятсиз бўлгани иш устига келади. Кейин у қурган уйлар қулайди, қурган кўприклари чўкади, ишлар кўзланган натижани бермайди. Бундай ҳадянинг пора экани кундай равшан. Шунинг учун Пайғамбаримиз алайҳиссалом закот молини йиғишга жўнатган киши совға олганида унга: “Ота-онасини уйида кутиб ўтирганида, унга ҳадя қилишармиди?!” – деганлар.        

Баъзилар порани ҳадя деб номлаб олишади. Аслида, поранинг ҳадядан фарқи шуки, ҳадяни сўраб олинмайди. Яна ҳадя икки ўртада муҳаббат ҳосил қилиш учун қилинади. Чунки Пайғамбаримиз алайҳиссалом айтадилар: “Ўзаро ҳадялашинглар, ўрталарингизда муҳаббат пайдо бўлади” (Имом Молик “Муватто” китобларида ривоят қилганлар). Пора берувчи ва олувчи ўртасида муҳаббат пайдо бўлмайди, чунки пора берувчи нимадандир таъмагир бўлади. Мабодо улар ўртасидаги иш ҳал бўлмаса, ўзаро катта душманчилик пайдо бўлади.

Аллома Ибн Ҳажар Асқалоний айтадилар: “Вазифадор кишига ҳақни ўзгартириш учун ҳадя берилса, унга эгалик қилиши (фойдаланиши) жоиз эмас”.

Айтиш жоизки, миллатимиз хулқида яхшиликка яхшилик қайтариш руҳи бор. Масъул шахс ундан ҳеч нарса талаб қилмай, таъма қилмай, ўз вазифасини бажариб, фуқарони ишини битирса, унга яхшилик қайтаргиси келади. Ҳеч қандай таъмасиз, иши битиб, бемалол кетиши мумкин бўлиб турганда ҳам, кўнглидан чиқариб, ҳадя бермоқчи бўлса, бунда икки томонга ҳам бир гуноҳ йўқ. Пора аввалдан белгиланган, сўраб олинадиган, ҳақни ноҳақ, ноҳақни ҳақ қилиш учун бериладиган нарса бўлади.  

Давлат томонидан одамларни енгилини осон қилиш учун вазифадор қилинган айрим кишилар одамлардан бирор нарса олмасалар уларнинг ишларини битирмайдилар. Бу ўзларига юкланган омонатга хиёнат, ўзгаларга зулм қилиш ва одамларнинг молларини ҳаром йўл билан ейишдир.  

Адолатли ҳукмдор номини олган Умар ибн Абдулазиз у кишига келтирилган ҳадяларни қабул қилмас эдилар. У кишига: “Пайғамбаримиз алайҳиссалом У кишига ҳадя берилса, қабул қилардиларку?!” дейишса: “Ҳа, ҳақиқатан у моллар Пайғамбаримиз алайҳиссаломга ҳадя бўлган, бизга эса бу порадир. Чунки одамлар у зотга пайғамбарликлари сабабли яқинлашмоқчи бўлишган. Бизга эса бошлиқ бўлганимиз учун яқинлашмоқчи бўладилар”, – дедилар.

Яна бир ҳолат борки, бу миллатнинг оёғига болта уради, унинг маънавияти ва келажагига таҳдид солади, бу – таълим соҳасидаги порахўрликдир. Чунки билимдон ўқитувчи қолиб, салоҳиятсиз, билимсиз киши ёшларга таълим берса, ёшларнинг келажаги хавф остида қолади. Олийгоҳга келганда яна порахўрлик бўлиб, билимдон қолиб, нодон ўқишга кириб кетса, ўз-ўзидан илмий савия тушиб кетади. Одамларда адолатга нисбатан ишонч йўқолади. Чет элларда ўқиш ва ўша ерларда ишлашга қизиқиш кучаяди. Натижада миллатнинг кўпгина салоҳиятли фарзандлари бошқа давлатлар фойдасига ишлайди. Ватанига қайтиб, яна порахўрликка дуч келишини билса, ундан кўра чет элда қолишни маъқул кўради. Шундай қилиб энг билимдон ва фойдали кишилардан маҳрум бўлиб қолаверамиз.  

Бир киши пора ёки ҳаром бўлган ҳадяни қабул қилса, уни эгасига қайтариш вожиб бўлади. Баъзи олимлар эса: “Ноҳақ ўзлаштирилган моллар, маълум бўлса, эгасига қайтарилади, маълум бўлмаса, мусулмонлар фойдасига сарфланади”, – дейишган.

Шом диёрининг қозиси Имом Авзоъийнинг ёнига бир насроний киши бир меш асал билан келди ва: “Баълабакканинг волийси менга зулм қилди, ўша кишига мен ҳақимда ёзсангиз”, – деди. Имом унга: “Хоҳласанг асалингни ўзингга қайтараман ва хат ёзиб бераман. Хоҳласанг уни қабул қиламан ва хат ёзмайман”, – дедилар. У: “Майли, асални қайтарингда, хат ёзиб беринг”, – деди. Кейин Имом волийга ундан хирожни камайтиришни сўраб хат ёзди. Волий у зотнинг сўзларини эътиборга олиб, насронийнинг жизяси (жон солиғи)дан ўттиз дирҳам арзонлаштирди.

Бу ҳикоядан Имом Авзоийнинг асални олиб, волийга хат ёзишни хуш кўрмаганлари, балки уни пора деб билганлари аниқ бўлади.

Демак, жамиятдаги ҳар бир шахс динимиз ман қилган порахўрлик ва шунга ўхшаган иллатларга қарши курашда фаол бўлиши керак. Акс ҳолда, бу гуноҳнинг зарари ҳаммага уради ва жамиятдаги ҳар бир соҳадага занжир сингари боғланиб кетади. Гоҳида порани мансабдор шахс сўраса, гоҳида биз ўзимиз уларга совға таклиф қиламиз, ўзимиз уларни шунга ўргатамиз ва лойиқ бўлмаган ўринга ёки нарсага эришмоқчи бўламиз. Қарс икки қўлдан чиқади, шунинг учун ҳадиси шарифларда порага алоқадор бўлган ҳар икки томон азобу уқубатда бир хил бўлиши баён қилинган.

Аллоҳ таоло барчаларимизни гуноҳ амаллардан саломат сақласин! Ўзи рози бўладиган амалларда бардавом қилиб, икки дунё саодатига мушарраф айласин!

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво бўлими

Хабарингиз бор, Ўзбекистон мусулмонлари идораси кутубхонаси бўлими мудири Камолиддин Маҳкамов, ушбу бўлим етакчи мутахассиси-реставратор Саидраҳмат Икромов, Диний идора Зиёрат туризмини илмий ривожлантириш сектори мудири Жаҳонгир Саломов ҳамда Шарқ қўлёзмалари бўйича мутахассис Абдулҳамид Жуманов хориж мамлакатларидаги йирик кутубхоналар, илмий тадқиқот марказлари ва музейларнинг тажрибаларини ўрганиш мақсадида хизмат сафарида бўлиб турибди.

Ташриф давомида кутубхоналардаги қўлёзмалар фонди, китобларнинг сақланиш ҳолати ва баъзи қадимий мусҳафларнинг нусхалари билан танишдилар. Кутубхонада китобларни сақлаш, рақамлаштириш ва улардан фойдаланишга оид давра сухбатлари ҳам бўлиб ўтди. Сухбат жараёнида Ўзбекистон мусулмонлари идораси кутубхона ходимлари ўзларини қизиқтирган саволларига жавоблар олдилар.

Франция. “Франсуа митеран” номли Франция миллий кутубхонаси

Жорий йилнинг 25 апрель куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси ходимлари Ўзбекистоннинг Франциядаги элчихонаси вакиллари кўмагида Франциянинг Париж шаҳридаги “Франсуа митеран” номли Франция миллий кутубхонасига ташриф буюрди. Кутубхона 1995-1996 йилларда қурилган. Кутубхонада 40 миллион китоб, газета ва журналлар бор бўлиб, улардан 45 минг жилд нодир қўлёзма асарлар бор. Нодир асарларнинг 7 минг жилдини араб, 4 минг жилдини туркий ва 2500 жилдини форс тилидаги қўлёзмалар ташкил этади. Кутубхона ходимлари Диний идора мутахассисларини консервация ва реставрация бўлими билан яқиндан таништирди.  

Франция. Франциянинг “Миллий мерос” институти

Жорий йилнинг 25 апрель куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси ходимлари Франциянинг Париж шаҳридаги “Миллий мерос” институтига ташриф буюрди. У ерда Диний идора мутахассислари институт директори Чарлес Персонас билан учрашди.

Мулоқот давомида институт директори Ўзбекистон мусулмонлари идораси билан ҳамкорлик қилишга ва ўз тажрибаларини бўлишишга тайёр эканлигини билдирди.

Франция. Франция Шарқ цивилизацияларини ўрганиш кутубхонаси

Жорий йил 26 апрель куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси мутахассислари Ўзбекистон Республикасининг Франциядаги элчихонаси вакиллари кўмагида Франциянинг Париж шаҳридаги Франция Шарқ цивилизацияларини ўрганиш кутубхонасига ташриф буюрди. Кутубхона 10 йил давомида кутубхона барча талабларга жавоб берадиган қилиб қурилган бўлиб, эрталаб соат 10:00 дан кечаси 22:00 гача ишлайди.

Кутубхона эшиклари барча учун очиқ. У ерда 1 миллмон 800 минг китоб, газета ва журналлар мавжуд бўлиб, улардан 2425 жилд нодир қўлёзма асарлар бор. Уларнинг 2 минг жилдини араб, 250 жилдини форс ва 185 жилдини туркий тилидаги қўлёзма ташкил этади.

Ташриф давомида кутубхонада китобларни сақлаш, рақамлаштириш ва улардан фойдаланишга оид давра сухбати бўлиб ўтди. Сухбат жараёнида Ўзбекистон мусулмонлари идораси кутубхона ходимлари ўзларини қизиқтирган саволларига жавоб олди.

Учрашувлар якунида мезбонлар Ўзбекистон мусулмонлари идораси кутубхонаси билан яқиндан ҳамкорлик қилишга ва кутубхона ходимлари билан тажриба алмашишга, улар учун махорат дарсларини ташкил этишга тайёр эканликларини билдирди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Санжарбек домла Маманазаров

Олтинкўл туман "Оқ тепа" жоме масжиди имом хатиби

Юртимизнинг барча ҳудудларида бўлгани сингари Тошкент вилоятида ҳам хайрли ишлар бир-бирига уланиб кетяпти. Деярли ҳар ҳафта бирор янги жоменинг очилиш маросимига ёки илк ғишт қўйиш тадбири ўтказилаётганига гувоҳ бўляпмиз. Бу, албатта, сўнгги йилларда юртимизда диний-маърифий соҳага қаратилаётган алоҳида эътибор ва ғамхўрликнинг амалдаги инъикосидир.

Бугун, 9 май – Хотира ва қадрлаш кунида Ангрен шаҳрида янги масжидга илк ғишт қўйиш маросими бўлиб ўтди. Тадбирда туман ҳокими, мутасадди раҳбарлар, вилоят бош имом-хатиби Жасурбек домла Раупов, нуроний отахонлар, маҳалла фаоллари ҳамда саховатпеша ҳомийлар иштирок этди.

Бу масжидга эзгу ниятда “Имом Муҳаммад” деб ном қўйилди.
Масжиднинг барча ҳужжатлари қонунчилигимизда белгиланган тартибда тайёрланиб, дайлат рўйхатидан ўтказилмоқда.

Масжиднинг аҳамиятли жиҳати шундаки, бу жоме Тошкент билан Фарғона водийси вилоятларини бир-бирига боғловчи катта йўл бўйида жойлашган. Шу боис бу масканда йўловчилар ва сайёҳлар учун барча зарур шарт-шароитлар яратилади.

Мамлакатимизда туризмни ривожлантиришга қаратилаётган эътибор туфайли бундай хайрли ишлар амалга оширилаётганини алоҳида таъкидлаш мақсадга мувофиқдир.

Хайрли ният билан янги масжидга қўйилган илк ғиштни Аллоҳ таоло муборак қилиб, тез ва қисқа фурсатда бу жоме қуриб битказилишини насиб айласин.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси

Тошкент вилояти вакиллиги Матбуот хизмати

Вторник, 10 Май 2022 00:00

Бемазҳабларга эргашмайлик

Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ихтилоф қилманглар, яна қалбларингиз ихтилофли бўлиб қолмасин”, деб мархамат қилганлар.

Ўтган уламо домлаларимиз динда шариат аҳкомларини бажаришда мусулмонларни турли ихтилофлардан қайтариб, бирдамликка чақирганлар.

Таажжубки, ҳозирги замонда, диндорларга қараб динларга баҳо бериладиган бўлиб қолган. Шу сабабли, бошқалар, тирноқ ичидан кир қидириб, булар мусулмонлик даъвосини қилишар эди, мусулмонлик шу экан-да, дейишлари мумкин.

Турли омилларга кўра динимиздан узоқлашган халқимиз, ўтмишда турли бало-офатларга гирифтор бўлди, динимиздан узоқлашгани сари қолоқликка учради, заифликка юз тутди ва ниҳоят, мустамлака асоратида қолди. Алалоқибат халқимизнинг бир қисми худосизликка юз тутди. Даҳрий тузум худди шулар ёрдамида юртимизда динимиздан асар ҳам қолдирмасликка жон-жаҳдлари билан курашдилар.

Асрлар оша турли шароитларга қарамай, мужтаҳид уламоларимиз томонидан Қуръони Карим ва Суннати Набавийядан олиб, халқ оммасига имкон қадар улаб келмоқдалар.
Улар кўпчилик мусулмон халқлари қатори ислом шариатини Ҳанафий мазҳаби орқали ўрганиб, Ҳанафий мазҳаби бўйича ҳаётига татбиқ қилиб келдилар.

Лекин охирги пайтга келиб, “бемазҳаб” атамаси аҳли суннанинг сўзи эътиборли олимлари томонидан тўрт ҳақ мазҳабдан бирида собитликни инкор этиб, ижтиҳод даъвоси билан ўртага чиққан ва оммани ҳам шунга ундовчи кишиларнинг “биз мазҳабга қарамаймиз, мазҳабни бидъат деймиз, ўзимиз Қуръон ва ҳадисдан ижтиҳод қиламиз, мазҳаб аҳлидан эмасмиз, биз саҳобалар давридаги каби ибодат қиламиз“ деб жар солувчи бемазҳаблар пайдо бўлди.

Сизу-биз этиқодий бетайин кимсаларга эргашмасдан, бутун дунё тан олган тўрт буюк имомларнинг бирига эргашишлигимиз, мазҳабпараст ёки мутаасиб бўлмаслигимиз керак. Улуғ уламоларимиз, доно аждодларимиз меъросини ўрганиб, буни келгуси авлодларимизга етказишга харакат қилмоғимиз керак

Муҳаммадхон Нуриддинов манбалар асосида тайёрланди

Мақолалар

Top