muslim.uz

muslim.uz

Сўнгги уч йил маълум маънода масжидларни таъмирлаш, обод этиш даври бўляпти, десак муболаға бўлмайди. Бу вақт оралиғида юртимизда 256 та масжид қайтадан қурилди, 308 таси эса капитал таъмирланди. Бинолари эскириб, нураб қолган, шунингдек, намозхонлар учун торлик қилаётган кичик ибодат уйлари ўрнида шаҳарсозлик андозаларига мос замонавий талаблар асосида кенг ва шинам жомелар қад кўтармоқда. Баъзилари катта йўл бўйларига чиқариб қурилмоқда. Бу эса ички ва ташқи зиёрат туризми доирасида қўшимча имконият ва қулайликлар туғдиради.

Айни пайтда 218 та масжид бутунлай янги лойиҳа асосида қайтадан қурилмоқда. Уларнинг бир қисми шу йили битказилиб, мўмин-мусулмонларни ўз бағрига чорлайди, янгича имкониятларда ҳузур-ҳаловат ила ибодат қувончига сабаб бўлади.

Қуйида 2021 йилда фойдаланишга топшириладиган марказий масжидлар ҳақида ҳикоя қиламиз:

1. "Хонобод" масжиди

Манзил: Тошкент вилояти Оҳангарон шаҳри

Сиғими: 4000 киши

Меъморий услуби: Эклектика

Фойдаланишга топширилиш вақти: 2021 йил август ойи

Қўшимча имкониятлари: анжуманлар зали, аёллар учун таҳоратхона ва намозхона.

Бу йили Оҳангарон шаҳри маркази, Тошкент-Ўш А373 магистрал йўлида катта масжид фойдаланишга топширилади. 2020 йилда шаҳарни ижтимоий–иқтисодий ривожлантириш бўйича давлат дастури доирасида қўшимча ер майдони ажратилиб, масжидни янгидан қуриш ишлари бошлаб юборилди. Бугунги кунга келиб 53 метрлик минора қурилишини ҳисобга олмаганда, асосий ишлар ниҳоясига етиб бормоқда. Масжид йўл бўйида эканини ҳисобга олиб, аёллар учун алоҳида таҳоратхона ва намозхона ўрин олган. Режалар эса улкан. Кейинги босқичда бу ерда зиёрат туризми доирасида ҳалол стандартлари асосида меҳмонхона ва ошхона қурилиши режалаштирилган.  


2. "Акбарали ота" масжиди

Манзил: Сирдарё вилояти Гулистон тумани

Сиғими: 1500 киши

Меъморий услуби: саккиз бурчак

Фойдаланишга топшириш вақти: 2021 йил апрель (Рамазон) ойи

Қўшимча имкониятлари: кутубхона, кенг автотураргоҳ

“Сойибобод” қишлоғи аҳолиси 5-6 йилдан бери авария ҳолатига келиб қолган масжидни янгидан қуришни орзу қилади. Бироқ доим қатор муаммолар халақит бериб келди: молиявий имкониятлар, ер ва қурилишга рухсат масаласи. Ниҳоят ўтган йили барчаси ҳал этилиб, икки қаватли замонавий масжид қурилиш ишлари бошлаб юборилди. Ҳозирда биринчи қаватда ишлар якунланган. Қишлоқ аҳли хурсанд, одамлар ҳатто ўз ерларини масжидга ҳадя этиш ҳисобидан охиратларига улкан савобларни тўпламоқдалар. Рамазон ойига очилиши режалаштирилаётган янги жоме Гулистоннинг безаги бўлиши шубҳасиз. Чунки жойлашган ўрнига кўра у Гулистон шаҳри ва тумани кесишмаси оралиғидадир. 


3. "Хожи Абдуллоҳ ал Ансорий" масжиди

Манзил: Фарғона вилояти, Олтиариқ тумани

Сиғими: 2000 киши

Меъморий услуби: Эклектика

Фойдаланишга топшириш вақти: 2021 йил декабрь ойи

Қўшимча имкониятлари: уч томонлама кириш йўли, кенг автотураргоҳ

Кўриниши ва безак услублари “Масжидун Набавий”ни эслатиб турувчи ушбу масжид аввалги жойлашган ўрнидан 500 метр масофада, Марғилон-Қўқон катта автомобил йўли ёқасида қурилмоқда. Дастлаб, ер олиш масаласида қийинчиликларга дуч келинган бўлсада, бугун бари ортда қолди. Ҳатто исмини ошкор этишни хоҳламаган ҳиммати баланд кишиларнинг кўмаги билан 50 сотих майдонда бино кўтарилиб, том қисмини ёпиб бўлинди. Масжид лойиҳасини архитектор Фаҳриддин Абдуллатипов ишлаб чиққан. 


4. "Қорашбува" масжиди

Манзил: Фарғона вилояти Қўштепа тумани

Сиғими: 1500 киши

Меъморий услуби: Янги классика

Фойдаланишга топшириш вақти: 2021 йил сентябрь ойи

Қўштепа туманининг серқатнов Шижоаткор кўчасида жойлашган масжиднинг эски биносига намозхонлар сиғмай қолишди. Жамоатнинг аксарият қисмини йўловичилар ташкил этади. Бунинг устига масжид қибласи ҳам тўғри эмас эди. 250 ўринлик масжид ўрнида 1500 кишини сиғдира оладиган, бетакрор улубдаги намозгоҳ истиқлолимизнинг 30 йиллик санаси арафасида мўмин-мусулмонларга туҳфа этилиши режалаштирилмоқда.


5. "Ўтовли Эшон" масжиди

Манзил: Хоразм вилояти Тупроққалъа тумани

Сиғими: 250 киши

Меъморий услуби: анъанавий-тарихий

Фойдаланишга топшириш вақти: 2021 йил май ойи (Рамазон ҳайити)

Хоразм-Бухоро вилоятлари чегарасида жойлашган Тупроққалъа маскани, Саримой, Нукус, Хазорасп маҳаллалари аҳлининг кўп йиллик орзулари ушаладиган бўлди. 9 минг аҳоли истиқомат қиладиган тўрт ҳудудда бирорта масжид йўқ эди, энг яқини Хазорасп туманидаги “Шайх Қосим бобо” масжиди бўлиб, 120 километр масофани ташкил этади. Масжид учун “Тупроққалъа маскани” маҳалласидан 60 сотих ер ажратилди.

Ибодатгоҳ Хоразм меъморчилик анъаналари асосида замонавий талаблар уйғунлигида барпо этилади. Хонақоҳ 160 кишига мўлжалланган бўлса, ҳовли ва атроф саҳнлари билан 250 га яқин намозхонни сиғдиради.


6. "Девонабой" масжиди

Манзил: Андижон вилояти Андижон шаҳри

Сиғими: 15000 киши

Меьморий услуби: анъанавий-тарихий

Фойдаланишга топшириш муддати: 2021 йил Апрель (Рамазон) ойи

Қўшимча имкониятлари: Веб-сайт фаолияти учун алохида хона, анжуманлар зали, аёллар учун таҳоратхона ва намозхона.

Сиғими бўйича нафақат Андижон, балки,  Ўзбекистондаги энг катта масжид бўлиши кутилаётган ушбу жомени кенгайтириш ишлари бу йили якунланади. Аслида 2020 йилда битказилиши режалаштирилган эди. Бироқ, ҳар бир соҳага таъсир ўтказган пандемия масжидлардаги қурилиш жараёнини ҳам четлаб ўтмади. Янги бино уч қаватдан иборат. Таъкидланганидек, ҳозирча Ўзбекистондаги энг катта жоменинг ички ва ташқи безакларида Фарғона, Самарқанд, Бухоро, Хоразм нақш ва ўймакорлик санъат намуналарининг барчасидан фойдаланилган. Бугунги қадар 90% иш якунланди. Масжид лойиҳасини Облоқул Мирзаев ишлаб чиққан.

Қадим ўзбек меъморчилик санъатининг силсиласи сифатида қад ростлаётган мазкур ибодатгоҳ кўпдан-кўп авлодлар учун муқаддас маскан бўлишини Аллоҳ таоло насиб этсин!


 7. "Абдулҳамид қори" масжиди

Манзил: Андижон вилояти вилояти Хонобод шаҳри

Сиғими: 3000 киши

Меъморий услуби: анъанавий-миллий

Фойдаланишга топшириш вақти: 2021 йил сентябрь ойи

Қўшимча имкониятлари: аёллар учун таҳоратхона ва намозхона

Намоздан сўнгги тасбеҳ миқдорига тенг гумбазларига эга масжид. Аниқроқ айтилса, 33 та катта-кичик гумбаздан иборат ажойиб меъморий ечим ўзига хос рамзий маънога эга. Архитектор Саидакбархон Муртазохўжаев бошчилигида ишлаб чиқилган лойиҳа асосида қурилаётган ушбу масжид Андижон сув омбори йўлидан ўтаётган ҳар қандай кишининг эътиборини тортиши, унга бир бор кириш истагини уйғотиши табиий. Масжиднинг Телеграм мессенжерида очилган каналида қурилиш учун кунлик қилинган хайриялар эълон қилиниб борилади. Яқинда асосий гумбазга ҳилол рамзини ўрнатиш учун каналда ўзига хос “ким ошди савдоси” ташкил этилди.


 8. "Саримозор" масжиди

Манзили: Сурхондарё вилояти Бойсун тумани

Сиғими: 5000 киши

Меморий услуби: Эклектика

Фойдаланишга топшириш вакти: 2021 йил август ойи

Қўшимча имкониятлари: анжуманлар зали, ошхона, аёллар учун таҳоратхона ва намозхона

Бойсуннинг марказий масжиди мана шундай кўринишда бўлади. Эски масжид 2000-2500 кишини сиғдирсада, жума намозларида 5000 намозхон келар эди. 2019 йилда масжид учун шаҳар маркази, М19 магистрал йўли ёқасидан вилоят ҳокимлиги томонидан оз эмас, 2 га ер ажратилди. Йирик масжид лойиҳаси ҳам ўша вақтдаги вилоят ҳокими томонидан тайёрланди. Бу жойда кўплаб инфратузилма обьектлари барпо этила бошланди. Шаҳар маълум маънода янги манзилга кўчирилди. Ҳозирда кўплаб масжидларда автомобилларни жойлаштириш билан боғлиқ муаммолар юзага келаётган бир вақтда, бу ерда автотураргоҳ учун 80 сотих майдон ажратилган.


9. "Қиличбек Қўрғонча" масжиди

Манзил: Қашқадарё вилояти Қарши шаҳри

Сиғими: 1800 киши

Меъморий услуби: Эклектика

Фойдаланишга топшириш вақти: 2021 йил декабрь ойи

Қўшимча имкониятлари: кутубхона, китоб дўкони.

XIX аср бекликларидан бирининг номи билан аталгувчи ушбу масжид ниҳоятда тор ва нураб қолган эди. Янги ҳолатидаги сиғимидан ўн баробар кам намозхонгина сиғар эди унга. Аллоҳ таолонинг марҳамати ила бу йили маҳалла аҳли янги замонавий масжидга эга бўлади. Саккиз бурчак услубидаги масжид Қашқадарё вилояти учун ҳам ўзига хос янгилик бўлади.


10. "Боймоқли" масжиди

Манзил: Жиззах вилояти Зомин тумани

Сиғими: 860 киши

Меъморий услубиСаккиз бурчак

Фойдаланишга топшириш вақти: 2021 йил август ойи.

Қўшимча имкониятлари: анжуманлар зали, кутубхона, аёллар учун алоҳида таҳоратхона ва намозхона.

Тез орада Зомин туманидаги бешта қишлоқ учун дурдона масжид қуриб битказилади. Бугунги ислоҳотларнинг асл мақсади чекка ҳудудлардаги аҳолининг ҳам турмушини яхшилаш, етарли шарт-шароит яратиб беришдан иборат. Замонавийлик фақат шаҳарларда эмас. Саккиз бурчак услубида, тўртта йирик портали билан алоҳида маҳобат касб этадиган Боймоқли масжиди янги авлод масжидларининг кўпгина деталларини ўзида жамлайди. Саккиз томонидан шахтасимон ўрнатилган ҳавони шамоллатиш тизими фикримиз мисолидир. Бир вақтлар бир қарич цемент устига лойдан қурилган, қурилиш идоралари шикоят қилавериб чарчаган увада ҳолига келган иморатнинг яқин йилларда мана шундай бетакрор санъат асарига айланишини бирор кимса тасаввур қилганмикин?! Шубҳасиз, Аллоҳнинг байтини Ўзига ва охиратга иймон келтирганлар обод этадилар.


11. "Дилкушо" масжиди

Манзил: Бухоро вилояти Бухоро шаҳар

Сиғими: 2000 киши

Меъморий услуби: тарихий-анъанавий

Фойдаланишга топшириш вақти: 2021 йил март ойи

Қўшимча имкониятлари: Йирик кутубхона, 2 кишилик дам олиш хонаси (меҳмонхона), аёллар учун  намозхона

Бухоронинг асл меъморий анъаналари асосида бунёд бўлаётган ушбу масжидни кенгайтиришга эҳтиёж мавжуд эди. 2019 йилгача тўртта алоҳида кичик пастқам хонақоҳлардан иборат ибодат уйи жамоат тўпланса, ҳаво етишмас даражада исиб кетар эди. Субҳон Одилов ва бошқаларнинг лойиҳаси асосида ислом қуббати маржонлари сафига яна бир садафнинг қўшилишига жуда оз вақт қолди...


12. "Сирож солиҳ" масжиди

Манзил: Тошкент шаҳар Олмазор тумани

Сиғими: 4000 киши

Меъморий услуби: Эклектика

Фойдаланишга топшириш вақти: 2021 йил апрель (Рамазон) ойи Қўшимча имкониятлари: анжуманлар зали, веб-сайт фаолияти учун видеостудия

Эклектика - миллий ва замонавий услубларнинг ўзаро уйғунлиги. Бугун аксарият қурилаётган масжидлар архитектурасида шундай услуб танланяпти. Қорақамиш 2/3 мавзесида чирой очажак “Сирож солиҳ” масжиди лойиҳаси “Etalon Projeсt” муассасаси маҳсулоти. Миноралар “Ҳарами шариф”ни эслатиб юборади. Юртимиздаги таниқли уламолардан, масжид имом-хатиби Ҳасан домла Қодировнинг ташаббуси билан ўрин олган тасвирга олиш видеостудия хоналари ҳам ўзига хос янгилик бўлмоқда.


13. "Кулол қўрғон" масжиди

Манзил: Тошкент шаҳар Юнусобод тумани

Сиғими: 3500 киши

Меъморий услуби: Эклектика

Фойдаланишга топшириш вақти: 2021 йил апрель (Рамазон) ойи

Қўшимча имкониятлари: сартарошхона, 30-35 сиғимли ички автотураргоҳ (“парковка”), китоб дўкони, аёллар учун таҳоратхона ва намозхона

 

“Масжид қурилишини бошлагину, барча сабабларини қилган ҳолда Ўзига таваккул қил. Байти учун Ўзи етказади.” Бу иборани худди шу масжидга нисбатан ишлатиш мумкин. Шаҳарнинг турли нуқталарига қўйилган эҳсон қутилари эвазига бунёд бўлди бу намозгоҳ. Пойтахт масжидлари доимо эътибор ва андозада бўлиб келган. Кичик бир мавзеда бўлса ҳам азим шаҳарда масжид қурилаётганидан кўпчилик хабар топади ва имкони қадар ўз ҳиссасини қўшишга интилади. Юқорида таъкидлаганимиздек, бугун масжидларда автомобилларни қўйиш билан боғлиқ муаммолар мавжуд. Автотураргоҳлар кичиклик қилмоқда, каттасига эса ортиқча ер майдони зарур. Бу ҳолат айниқса Тошкент шаҳрида яққол кўзга ташланади. Лойиҳада эса муаммога замонавий ечим берилиб, ертўла қисмга “паркинг” жойлаштирилган. Ҳозирда масжидда 75% иш тугалланган. Учқаҳрамон аҳлини янги масжид билан қутлаш тез орада насиб этсин!

Таъкидлаш керакки, бу ишлар саҳоватпеша инсонлар, меҳнатсевар халқимизнинг ҳашари билан бўлмоқда. Мухлис элимиз қаердаки масжид қурилиши ҳақида дарак топса, “Аллоҳнинг уйини обод этишга мен ҳам ҳиссамни қўшсам”, деган илинжда баҳолиқудрат хизматга бел боғламоқдалар, ижтимоий тармоқларда далолат қилмоқдалар. Сиз-чи, азиз ватандош, четда қолиб кетмадингизми? Бордию шундай бўлса, имконият бор, фурсат бор. Кимнидир эмас, оламлар Роббисининг хизматига сизни таклиф этамиз! 

Зоиржон Содиқов
Масжидлар бўлими мутахассиси

 

Расулулллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Кеч киргач, болаларингизни (уйда) ушлаб туринг. Чунки бу пайтда шайтон (жин)лар изғийди. Бир соат ўтгач, болаларингизни эркин қўйинг...”, дедилар (Имом Бухорий, Имом Муслим ривояти).

Қуёш ботгач, фарзандларингизни уйдан чиқарманг, ташқарида юрган бўлишса, уйга киргизиб керакли машғулотлар билан банд қилинг. “Чунки бу пайтда шайтон (жин)лар изғийди”. Тун шайтонлар қўзғалиши учун қулай фурсатдир. Улар бу вақтда ташқарида юрган болаларга зиён етказиши мумкин.

Аллоҳумма солли ва саллим ъала Муҳаммадин ва ъала оли Муҳаммад

 

Даврон НУРМУҲАММАД

Четвер, 07 Январь 2021 00:00

Қуръонда бахт васфи

Аллоҳ таоло Қуронни яхши ҳаёт учун дастур, бахт ва шодлик учун йўл бўлишини хоҳлади. Ўз каломи шарифида жаннат аҳлини бахтга эришганлар, дея таърифланади.

Аллоҳ таоло айтади: «Бахтли бўлганлар жаннатдадирлар. Улар унда, модомики осмонлару ер бор экан, абадийдирлар. Магар Аллоҳ хоҳласа, (Ўзи билур). Бу туганмас инъомдир» (Ҳуд сураси, 108-оят).

Яъни, бахтлилар жаннатда абадий қолиш билан бирга, туганмас неъматларга ҳам эга бўладилар.

Саҳиҳ ҳадисда ривоят қилинишича, уларга: Эй аҳли жаннатлар, сизлар энди абадий яшайсизлар – ўлмайсизлар, абадий ёш бўласизлар – қаримайсизлар, абадий соғ бўласизлар – бемор бўлмайсизлар, абадий неъматда бўласизлар – ноумид бўлмайсизлар”, дейилади.

Охиратдаги бахтнинг баҳоси – бу дунёда Аллоҳга банда эканини мукаммал рўёбга чиқариш, Унинг розилигини топишдир. Батаҳқиқ, оятларда киши розилик ҳолатига етиши учун сабр қилиши, ўзини тўла-тўкис ибодатга бағишлаши, Яратгааннинг асло унутмаслиги бахтнинг энг юқори даражаларига етишишга сабаб бўлади. Шунингдек, кечиримли бўлиш, одамларга кенг бағирли бўлиш меҳр-муҳаббатни зиёда этади.

Охиратдаги бахтнинг баҳоси – инсонлар бахтли бўлиши учун нозил қилинган Қуръони каримга амал қилиш.

Кўпинча одамлар бахтни пул тўплаш ёки юқори лавозимларга эришиш, деб ўйлашади. Аммо воқелик буни инкор этади. Агар инсон яхши пул ва шон-шуҳратнинг барча завқ-шавқларига эга бўлса-ю, қалбида хотиржамлик ва таскин бўлмаса, бу ҳолатни чинакам саодат дейиш мумкинми?

Аллоҳ таоло айтади: “Ким Менинг зикримдан юз ўгирса, албатта, унга торчилик ҳаёти бўлур ва қиёмат куни уни кўр ҳолида тирилтирурмиз” (Тоҳо сураси, 124-оят).

Демак, Қуръон кўрсатмасига биноан ҳақиқий бахт Аллоҳ таолога яқин бўлишда ва бахтсизлик эса Ундан узоқлашишдадир.

Абдусамад ТОЖИДДИНОВ,

Ўзбекистон халқаро ислом академияси магистранти

Эрон Маданият вазирлиги шу ой охирида Қуръоннинг виртуал кўргазмасини ташкил этади. Вазирлик вакили Муртазо Хедматкаранинг сўзларига кўра, сешанба куни кўргазмани ташкил этиш тафсилотларини муҳокама қилиш учун учрашув бўлиб ўтди. Виртуал кўргазма 2020 йилда коронавирус пандемияси туфайли бекор қилинган Теҳрон халқаро Қуръон кўргазмаси ўрнини эгаллайди.
Islam.ru маълумотларига кўра, тадбир ҳар йили Эрон Маданият вазирлиги томонидан Муқаддас Рамазон ойи давомида ўтказилади, бироқ ўтган йили пандемия туфайли бекор қилинди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

Бугунги кунда носоғлом эътиқод эгалари мўмина аёлларга турли усул ва воситалар орқали таъсир ўтказишга тинимсиз уринмоқдалар. Бунинг оқибатида оила, маҳалла, жамият хавфсизлигига рахна солинмоқда. Бу жараёнда ғаламислар аёллар психологиясидаги нозик жиҳатлардан фойдаланишяпти.

Психологларнинг таъкидлашича, эркаклардан фарқли равишда аёлларда бўйсунувчанлик, ташқи таъсирларга берилувчанлик, бўлар-бўлмас ахборотга ўчлик, ўйламай ижтимоий муносабатларга киришиш кўп учрайди.

Мутаассиб кимсалар мақсадларига эришиш учун турли найранг, зуғум ҳамда психологик таъсир этишнинг замонавий усулларини қўллайдилар. Мутахассислар салбий кучлар таъсирига тушиб қолмаслик учун қуйидагиларни тавсия этишади.

1. Бегона суҳбатдошдан 2 метр оралиқ масофани сақланг! Сизга психологик таъсир қилишни истаган шахс яқинроқ келишга ҳаракат қилади. Мутахассислар фикрига кўра, 60 см. масофада ҳар қандай сўз, фикр тингловчининг онг тўсиғини ёриб ўтиб, унинг онг ости соҳасига таъсир кўрсатади.

2. Суҳбатдошингизни тинглаётганда, бошингизни унга нисбатан тўғри тутинг! Чунки инсон бош мияси икки ярим шар фаолияти билан алоқадор. Бош миянинг бу икки қисми турли вазифаларни бажаради. Ўнг ярим шар, асосан, мантиқий тафаккур ва математик амалларни бажаришга масъул бўлса, чап ярим шар, асосан, ҳиссий-эмоционал операцияларни амалга оширади. Бунда суҳбатдошни ҳеч қачон қия ҳолатда, яъни, ён томон билан тингламаслик зарур.

3. Суҳбатдошингизнинг кўзларига тик қарамасликка ҳаракат қилинг!

* * *

Афсуски, бугун аёллар экстремистик кучларнинг ўлжасига осонликча айланишмоқда. Ўзбек хонадонларида аёллар, асосан, рўзғор юмушлари билан машғул бўлишади. Шу сабаб уларда ижтимоийлашув жараёнлари нисбатан секин кечади. Бундай вазият аёл руҳиятида мавжуд ҳолатдан қониқмаслик ҳиссини пайдо қилади. Мутаассиблар эса бу вазиятдан унумли фойдаланиб, уларга қуйидагича психологик таъсир ўтказишга уринадилар:

– ҳаётидан норози аёл онгида ўзини оқлаш, (яъни, мен ёмон одам эмасман. Шундай экан, бошқаларнинг касрига нега мен қолишим керак?” деган ғояни шакллантирадилар;

– аёлларни ғаламис гуруҳга қўшиб, унга хушомад қилиб, “ҳақиқий ҳаёт аслида мана шу” деган ёлғон фикрни сингдирадилар. Аёлларга бундай эътибор ва хушомад кучли таъсир қилади;

– ўз ғоялари ва “буюк” вазифалари ҳақида, ўлим ва охират, мукофот ва жазо ҳақида таъсирчан нутқ сўзлайдилар. Оқибатда аёллар ўзларини билиб-билмай, уларнинг қўлларига топшириб қўйишади;

– мутаассиб шахслар аёлларнинг ички “мен”ини кучайтиради. Оқибатда улар онгида “мен яхшиман, бошқалар эса ёмон” тамойили устуворлик касб эта бошлайди.

Мутаассиб оқимлар аъзолари тарғиботни босқичма-босқич кучайтириб, аёлларга жамоавий таъсир ўтказишга интилади. Аёллар муайян фикрнинг мутлақо нотўғри эканлигини билсалар-да, жамоавий босим остида уни қабул қилишга мажбур бўлишади.

Аёлларга жаннат, унинг таърифу тавсифлари шу қадар чиройли бўёқларда етказиладики, натижада аёллар бу қоронғу дунёда қийналиб яшашдан кўра, тезроқ боқий жаннатга кетиш учун барча нарсага тайёр бўлишади. Бундай руҳий ҳолатга олиб чиқилган аёлдан мутаассиблар террорчи сифатида фойдаланишади. Қоп-қоп ваъдалари ёлғон, пучлигича қолиб кетаверади

Хулоса қилганда, мутаассиб шахслар ўзларининг нопок мақсадларини амалга оширишда динимиз қадрлаган аёлларнинг руҳияти асрорларидан ўз манфаатлари йўлида фойдаланиб, юртимиз, фаровон ҳаётимизга хавф солиб, асрлар давомида шаклланган оила муқаддаслиги тушунчасини поймол этадилар. Бу эса, ўз навбатида, маҳаллаларда мутахассислар ёрдамида мутаассиб оқим ва секталарнинг психологик таъсир усулларини фош қилиш, уларнинг зарарли оқибатларидан огоҳлантиришни талаб этади.

Феруза АКРАМОВА,

психология фанлари номзоди, доцент

“Мўминалар” журналининг 2020 йил, 3-сонидан

Видеолавҳалар

Top