muslim.uz

muslim.uz

Четвер, 23 апрель 2020 00:00

Cаховат ойи муборак!

Сахийлик энг яхши инсоний хулқлардандир. Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом яхшилик қилишда, сахийликда, инфоқ-эҳсон қилишда саховатлиларнинг саховатлиси эдилар. У зотдан бирон нарса сўралса, асло йўқ  демасдилар.

Кимга  мол - дунё берилган бўлса, уни кўпайтириб, босиб ётмасдан  инфоқ - эҳсон, садақа йўлларига сарф қилиши керак. Сахийлик нажот топишнинг йўлларидандир. Аллоҳ таоло сахийликни инсонларнинг энг яхши фазилатларидан санаб, сахий кишиларга охиратда улкан ажр - савоблар бўлиши хабарини берган: “Аллоҳ йўлида молларини инфоқ-эҳсон қиладиган кишиларнинг мисоли худди ҳар бир бошоғида юзтадан дони бўлган еттита бошоқни ундириб чиқарган бир дона донга ўхшайди. (Яъни, қилинган бир яхшилик етти юз баробар бўлиб қайтишига ишора қилинмоқда). Аллоҳ ўзи хоҳлаган бандаларига бир неча баробар қилиб беради. Аллоҳ (фазли-карами) кенг, билгувчи зотдир" (Бақара сураси, 261-оят).

Ҳозирги пандемия пайтида бутун дунёда кузатилаётгани каби юртимизда ҳам ишсизлар, ёрдам ва кўмакка муҳтож аҳоли сони ортиши қайд этилган. Шу мақсадда, Муҳтарам Президентимиз “Саховат ва кўмак” умумхалқ ҳаракатини йўлга қўйиш ташаббусини илгари сурдилар. Бу ҳақда у киши  20 апрель куни саноат, қурилиш ва инфратузилма тармоқлари корхоналарининг тўлиқ ишлашини таъминлаш масалалари бўйича ўтказган видеоселектор йиғилишида маълум қилган.

“Яқин кунларда барчамиз учун муқаддас бўлган Рамазон ойи кириб келади. Бу ойда эҳтиёжманд ва муҳтож оилаларга ёрдам кўрсатиш ҳам қарз, ҳам фарздир. Шунинг учун ушбу муқаддас ойда ҳар бир тадбиркор ўзи фаолият юритаётган ҳудудда ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳолини, аввало маҳалладошлари, қўни-қўшниларини фаол қўллаб-қувватлаши мақсадга мувофиқ”, — деган давлатимиз раҳбари.

Бунинг натижасида Рамазон ойида амалга ошириладиган эҳсон ва хайриялар манзилли бўлиши, ифторликларга сарфланадиган маблағлар ва озиқ-овқат маҳсулотлари аҳолининг кам таъминланган қатламларига йўналтирилиши лозимлиги таъкидланди.

“Имкониятидан келиб чиқиб, қайсидир тадбиркор бир ойда мисол учун, 10 та, бошқа бири эса 20 та оилага кўмаклашиши, энг муҳими муҳтож оилалар аъзоларини ишга жалб қилиши мумкин. Давлат томонидан ўз навбатида бундай тадбиркорларга солиқ, лизинг, кредит тўловлари, зарур ресурслар билан таъминлаш бўйича турли имтиёз ва преференциялар берилади. Яъни, бу аҳолига давлат томонидан тадбиркорлик субъектлари орқали кўрсатиладиган саховат ва кўмак бўлади”, — дедилар Муҳтарам Юртбошимиз.

“Саховат ва кўмак” умумхалқ ҳаракати давлатимиз ва халқимиз қудратининг амалий намоёнига айланишига ишонаман, — дея алоҳида таъкидладилар.

Ҳазрат Оишадан (розияллоҳу анҳо) ривоят қилинади: Набий (соллаллоҳу алайҳи васаллам) айтдилар: “Сахийлик бир дарахтдир, унинг томирлари жаннатда, шохлари эса дунёга тушгандир. Ким унинг бир шохига осилса, уни жаннатга олиб боради. Бахиллик ҳам бир дарахт, томирлари дўзахда ва шохлари дунёга тушган. Ким унинг бир шохига осилса, уни дўзахга олиб боради”.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам энг саховатли Зот эдилар. У кишининг саховати олдида бошқа саховатлар ип эша олмас эди. Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам одамларнинг энг яхшиси, одамларнинг энг сахийси ва одамларнинг энг шижоатлиси эдилар”.

Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан бирор нарса сўралганда, ҳеч қачон “йўқ” демаганлар”.

Саховат бу – аввало, Аллоҳга шукроналик қилишнинг бир белгиси. Ахир, карам билан сахони ҳам Аллоҳинг ўзи бандасига раво кўрибдими, бунинг шукронаси бўлиши, яъни бахиллик қилмаслик керак-да. Бу тўғрисида Алишер Навоий ҳазратлари шундай дейдилар:

Буки санга Тенгри ато айлади,

Қисм карам бирла сахо айлади.

Жуду саховат чоғи бухл этмагил,

Шукр замони доғи бухл этмагил.

Саховат, аллома Бадруддин Айнийнинг изоҳлашича, "Ҳақдорга тегишли нарсани бериш, ўз молидан ҳеч бир эвазсиз сарфлашдир. Бу энг улуғ чиройли хулқлардан бири. Бахиллик эса бунинг аксидир".

Хабарларда сахийлик ва сахийлар ҳақида шундай дейилган: “Сахий кишининг таоми шифодир, бахил одамнинг таоми касалликдир”, “Сахий кишининг хатоларини кечиринглар, чунки Аллоҳ таоло ҳар бир қоқилганида уни қўлидан тутиб туради”, “Хуфёна қилинган садақа Аллоҳнинг ғазабини сўндиради”.  

Аллоҳ таоло айтади: “Садақаларингизни агар ошкора берсангиз, жуда яхши. Бордию, камбағалларга пинҳона берсангиз – ўзингиз учун янада яхшироқдир ва (У) гуноҳларингиздан ўтар. Аллоҳ қилаётган (барча) ишларингиздан хабардордир”. (Бақара сураси, 271-оят).

Шу туфайли салафи солиҳлар ўзларининг садақаларини одамлар кўзидан яширишда муболаға қилганлар. Токи садақа бергувчининг кимлиги билинмасин. Баъзилари кўр камбағални, баъзилари ухлаб ётган фақирни қидирар, баъзилари эса фақирлар олиши учун улар ўтадиган йўлга садақаларини ташлаб қўйишар эди.

Абдуллоҳ ибн Масъуднинг мана бу фикрларига эътибор беринг: “Қайсиларингиз бир дирҳамни соғлигида ва бахиллигида инфоқ-эҳсон қилса, ўлим вақтида юз дирҳамни инфоқ этишни васият қилишидан яхшироқдир. Агар бойлик топсанг, уни қуртларга ем бўлмасин ёки қароқчилар қўлига тушмасин, десанг, садақа қил”. 

Яҳё ибн Муоз айтади: “Ҳар қандай одамнинг қалбида сахийга муҳаббат, бахилга нафрат бор”. Ҳасан Басрий: “Торлик, зиқналик қилманглар, акс ҳолда сизларга торлик қилинади”, деганлар.

Имом Ғаззолий айтади: “Бахиллик дунёга боғланишнинг меваси, сахийлик эса зуҳднинг, яъни дунёга қиймат бермаслик самарасидир. Сахийлик ҳақиқий тавҳид ва таваккулга эришиш натижасидир. Яъни садақа билан мол камайиб қолмаслигига, Аллоҳ таолонинг бирга ўн баробар қилиб қайтариш ваъдасига ва ризқни Аллоҳ таоло етказишига ишончдан сахийлик туғилади. Бахиллик шубҳадан туғилади. Сабабларга ёпишиб қолиш ва Аллоҳ таолонинг ризқ ҳақидаги ваъдасидан шубҳаланиш натижасидир”.

Салмон Форсийнинг айтишича, “Агар сахий киши вафот этса, ер ҳамда одамларнинг номаи аъмолларини битувчи фаришталар бундай дейди: “Эй Раббим, бандангнинг бу дунёда қилган гуноҳларини авф эт!”. Агар вафот этган кимса бахил бўлса, улар: “Эй Аллоҳим, бу бандани жаннатдан тўсгил, чунки у бандаларингни Сен унинг қўлига берган мол-дунёлардан тўсган эди”, дейишади. 

Ислом тарихидаги улуғ шахслардан бири Абдуллоҳ ибн Муборак оддий бир боғбоннинг ўғли бўлиб, ўзининг саъй-ҳаракатлари ва меҳнатининг эвазига жуда бой-бадавлат бўлган экан. У зот ақлли, диёнатли, зуҳду тақвога таянган, сермулоҳаза, охиратни ўйлаб иш кўрадиган инсон бўлиб, унинг мақсади молу-дунёсини Аллоҳ розилигида хайрия ишлар ва эзгу мақсадларга сарфлаш бўлган. Улар доимо атрофдагиларга, кўшниларга, етимларга, ночорларга, камбағал ва мискинларга ёрдам берардилар.

Абдуллоҳ ибн Муборакнинг бир яҳудий қўшнилари бор эди. Абдуллоҳ ўз болаларини овқатлантиришдан аввал камбағал қўшниларининг болаларига таом берар, фарзандларини кийинтирмасдан олдин яҳудий қўшниларининг болаларини кийинтирардилар. Одамлар яҳудийнинг олдига келиб: “Ҳовлингни бизга сот”, дейишди. Шунда яҳудий: “Ҳовлимни икки минг динорга сотаман. Аслида, унинг нархи минг динор, кейинги минг динор эса Ибн Муборакка қўшни бўлганим учун”, деди. Кейинчалик ўша яҳудий қўшнилари Абдуллоҳнинг дуолари билан мусулмон бўлди.

Сахийлик ва бахилликнинг бир неча даражалари бор. Сахийликнинг энг олий даражаси ўзининг мол-дунёга ҳожати бўлиб турса-да, қўлидаги ҳамма нарсани сахийлик билан бошқаларга тарқатиб юборишдир. Бахилликнинг энг юқори поғонаси эса кишининг молга ҳожати бўлатуриб, уни ўзига сарфлашда бахиллик қилишидир. Ҳазрати Али айтганларидай, “Бойлик эҳсон қилинса – иззат, беркитилса хорлик келтиради”.

Албатта, Рамазон хайру эҳ­сон ойи. Эзгуликка ташна халқимиз бу ойда янада саховатли бўлишади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Садақаларнинг энг яхшиси Рамазон ойида қилинган садақадир”,  деганлар. Шун­га кўра закот ва нафл сада­қаларни ҳам Рамазон ойида адо этиш янада фазилатлидир.

Ҳаётда ҳар хил вазиятларга дуч келамиз. Одам турли сабабларга кўра ночор аҳволга тушиб қолиши мумкин. Кимдир соғлиғини тиклаш учун катта маблағ сарфлашига тўғри келади. Фарзандини ўқитаман деб ёрдамга муҳтож бўлиб қолаётганлар бор. Ана шундай пайтда биров сахийлик кўрсатиб, ҳожатманднинг жонига оро кирса, нур устига нур бўлади.

Қарз бериш ҳам сахийлик ҳисобланади. Бироқ қарздан қарзнинг фарқи бор. Бирор зарурат сабаб ёки бошига ташвиш тушиб муҳтож бўлиб қолган одамга қарз берилса, савоб олинади, иншааллоҳ. Шунингдек, қўни-қўшнилар, қариндош-уруғлар ва таниш-билишларнинг кундалик эҳтиёжлари билан боғлиқ ҳолатларда ҳам қарз бериш савобдир.  Шундай экан барчаларимиз доимо ён-атрофдагиларимизга меҳрли, саховатли бўлиб исрофдан сақланишликка ҳаракат қилайлик. Али ибн Абу Толиб таъкидлаганларидек: “Энг эзгу эҳсон ҳожатмандга берилганидир”.

Роббимиз ўз бандаларини доимо хайру саховатли бўлишга буюради. Сахийлик инсонга бахт-саодат келтирадиган ва ўзгаларнинг севимли кишисига айлантирадиган хислатдир. Меҳр-мурувват, ҳамжиҳатлик, сахийлик халқимиз ардоқлаган, асрлар оша амал қилиб келаётган гўзал фазилат ҳамдир. Хайр-саховат, сахийлик инсонлар ўртасида меҳр-оқибат ришталарининг мустаҳкамланишига, ўзаро ҳурмат ва тотувликнинг ортишига хизмат қилади.  Донолар айтганидек, “Ақлнинг қадри одоб билан, бойлик қадри саховат билан ошади”.

 

                                                                Муҳаммади ҚОРАЕВ,

            Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг

            Қашқадарё вилоятидаги вакили ўринбосари

Четвер, 23 апрель 2020 00:00

Бебаҳо неъмат шукронаси

Тўлқин домла Равшанов, Булунғур туман бош имом-хатиби

Видеолавҳалар

Top