muslim.uz
Олий мадраса ўқитувчилари машғулотларда қатнашмоқда
Муҳтарам Президентимизнинг шу йил 29–30 март кунлари Бухоро вилоятига ташрифлари давомида берган тавсиялари асосида апрель-май ойларида маҳаллалардаги хотин-қизлар билан ишлаш ва оилаларда маънавий-ахлоқий қадриятларни мустаҳкамлаш бўйича мутахассисларнинг диний-маърифий билимларини ошириш мақсадида, қисқа муддатли ўқув-машғулотларини ташкил этиш белгиланган эди.
Шунга мувофиқ, Бухоро туризм коллежи биносида ташкил этилган ўқув-машғулотларида Мир Араб олий мадрасасининг ректори Ҳайдархон Юлдашходжаев “Ҳаракатлар стратегияси ва диний-маърифий соҳада олиб борилаётган ислоҳотлар мазмун-моҳияти” мавзусида ва Мир Араб олий мадрасасининг маънавий-маърифий ишлар бўйича проректори Мустафо Ходжаев “Сўнгги йилларда республикада диний-маърифий соҳада қабул қилинаётган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг мазмун-моҳияти” мавзусида маърузалар ўқимоқдалар.
Маърузалар давомида республикамизда диний-маърифий соҳада олиб борилаётган ислоҳотлар, қабул қилинаётган қонун ҳужжатларининг
мазмун-моҳияти, жаҳолатга қарши маърифат билан курашиш, Ислом тинчлик ва маърифат дини экани, унда бузғунчилик, одам ўлдириш ва барча ёмонликлар қоралангани билан боғлиқ масалаларга алоҳида тўхталиб ўтилмоқда.
Мир Араб олий мадрасаси
Тикув машинаси ҳадя қилинди
Муборак Рамазон - меҳр-оқибат ва саҳоват ойидир. Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам Рамазон ойида бошқа ойларга нисбатан эзгу ишларда, хайру саҳоватда янада зиёда бўлар эдилар.
Бу ойда эҳтиёжманд оилалар ҳолидан хабар олиш, уларга кўмаклашиш айни динимиз кўрсатмалари ва миллатимизга хос бўлган фазилатлардан ҳисобланади.
Қашқадарё вилояти Ғузор туманидаги Кероит қишлоғида истиқомат қилувчи Феруза Ҳайдаралиева 2012 йилда жиноят содир этиб, озодликдан маҳрум этилган эди. 2013 йилда ҳукуматимиз томонидан авф этилиб, жазодон озод қилинган. Яқинлари йўқ, оғир шароитда яшаб келар эди. Қишлоқдаги “Батош” жоме масжиди имом-хатиби Абдулазиз Махсумов Феруза опани муаммоларини ўрганиб, унинг қўлидан тикувчилик ҳунари келишини билгач, унга зарурий бўлган тикув машинасини олиб беришини ваъда қилган эди. Муборак кунлар арафасида Феруза опа янги тикув машинасига эга бўлди. Энди у ўзи тикиб-бичаётган маҳсулотлари билан қишлоқдагилар жонига оро кирмоқда. Даромади ҳам ёмон эмас. Биргина кишига тўғри йўлланма кўрсатиб, унинг ҳожатини чиқаришнинг фазли нақадар улуғ эканлигини яхши биламиз. Бу каби саҳоват ишлари Рамазон ойида иншааллоҳ янада кўпайиб боради.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Масжидлар бўлими
Қуръоний ибратлар
Абу Усмон Наҳдий буюк тобеинлардан бўлиб, у кишидан: “Сизнинг наздингизда Қуръондаги энг умидбахш оят қайси?” деб сўралди. Шунда у зот: “Менинг наздимда бу уммат учун Қуръондаги энг умидбахш оят Аллоҳ таолонинг “Бошқалар эса, гуноҳларини эътироф қилдилар; улар яхши ва ёмон амални аралаштириб қилганлардир. Шоядки Аллоҳ уларнинг тавбасини қабул қилса. Албатта, Аллоҳ мағфиратли ва раҳмли зотдир” деган оятидир” деб жавоб бердилар.
*****
إِنَّهُ هُوَ السَّمِيعُ الْعَلِيمُ
“Албатта, Унинг Ўзи ўта эшитгувчи, ўта билгувчи зотдир” (Духон сураси, 6-оят).
У Зот сизнинг сўзларингизни, тавба-тазарруларингизни эшитади, аҳволингизни, паноҳига, ҳимоясига муҳтожлигингизни билади.
Саъдий тафсиридан
*****
Барча сезги аъзолари ухлайди. Таъм билиш, ҳид билиш, кўриш, ушлаб кўриб сезиш каби сезгилар ухлайди. Аммо қулоқ сезгиси ухламайди. Ухлаётган одамга қўлингизни яқинлаштирсангиз, сезмайди, уйғонмайди. Агар хонани хушбўй ифорга ёки заҳарли газга тўлдирсангиз, у нафас олиб-олиб, уйғонмасдан вафот этади. Бордию ухлаётган кишининг олдида баланд овозда гапирсангиз, у уйғониб кетади. Чунки қулоқ сезгиси ухламайди. Аллоҳ таоло Қуръонда “Асҳоби Каҳф” қиссасини зикр қилган. Ғорга кирган йигитларни узоқ муддатга ухлатиб қўйган. Ухлатиш жараёнини шундай баён қилган:
فَضَرَبْنَا عَلَى آذَانِهِمْ فِي الْكَهْفِ سِنِينَ عَدَداً
“Бас, каҳфда уларнинг қулоқларига бир неча йиллар (парда) урдик”. (“Қулоққа парда урди” дегани, қулоғини эшитмайдиган қилиб қўйди, деганидир. Йигитлар қочиб келиб ғорга жойлашганларида Аллоҳ таоло уларнинг қулоқларини эшитмайдиган қилиб қўйган, яъни, ухлатиб қўйган. Яъни, йигитлар ғорда узоқ вақт ҳеч нарсани эшитмай ухлаб ётганлар.) (Каҳф сураси, 11-оят).
*****
Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай марҳамат қилган:
وَيُنَزِّلُ مِنَ السَّمَاءِ مِن جِبَالٍ فِيهَا مِن بَرَدٍ فَيُصِيبُ بِهِ مَن يَشَاءُ وَيَصْرِفُهُ عَن مَّن يَشَاءُ يَكَادُ سَنَا بَرْقِهِ يَذْهَبُ بِالْأَبْصَارِ
“У зот осмондан, ундаги тоғлардан дўл тушириб, у билан Ўзи хоҳлаган кишиларга мусибат етказур ва уни Ўзи хоҳлаган кишилардан буриб юборур. Унинг чақмоғининг ярқираши кўзларни кетказгудек бўлур” (Нур сураси, 43-оят).
Олимлар яқинда аниқлашди: чақмоқ фақат баланд булутларнинг дўл пайдо бўладиган бўронли ҳудудларида содир бўлар экан. Бу илмий ҳақиқатни олимлар 2007 йилда эълон қилишди. Аммо Қуръони Карим ушбу ҳақиқатни 14 асрдан бери юқоридаги оятда айтиб келади.
*****
“Қуръоннинг мўъжизалари” саҳифасидан
Нозимжон Иминжонов таржимаси
Раҳмат даҳаси раҳматидан бебаҳра қолмайлик
Рўза гуноҳларга каффорат бўлишини ҳаммамиз биламиз. Аммо барча рўза тутувчиларнинг ҳам гуноҳлари кечирилавермас экан. Бунинг учун рўзани ихлос билан, Аллоҳга тақво билан тутиш талаб этилади.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васалламдан шундай ривоят қилади: “Шундай рўзадорлар борки, уларнинг рўзаси фақатгина очликдан бошқа нарса эмас. Яна қанчадан-қанча кечаси туриб намоз ўқувчилар борки, уларнинг (намозда) туришидан фақатгина уйқусизлик қолади, холос” (Ибн Можа, Аҳмад ва Байҳақий ривояти).
Агар банда рўза тутиб, қайтарилган ишлардан тийилмаса, Аллоҳга тақво қилмаса, унинг кун бўйи оч юриб, ташна бўлгани қолади. Унга ҳеч қандай савоб берилмайди.
Абу Ҳурайра розийаллоҳу анҳу Набий саллоллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилади: “Кимки (рўзадор ҳолида) ёлғон сўз ва унга амал қилишни ташламаса, Аллоҳ таоло у банданинг таом ва ичимлигини тарк қилишига муҳтож эмас” (Бухорий ва Абу Довуд ривояти).
Ушбу ривоятда банда энг кўп содир этадиган гуноҳ алоҳида зикр қилинмоқда. Қўл ёрдамида гуноҳ қилишдан кўра тил билан гуноҳ қилиш кўп учрайди. Тил билан қилинадиган гуноҳлар ичида энг кўп учрайдигани бу ёлғондир. Кимки рўза тутиб, ёлғончиликни ташламас экан, Аллоҳга у банданинг оч юриши керак эмас.
Аллоҳ бандалари ибодатини қабул қилишда асосан ботиний жиҳатга, банданинг қалб ҳолатига назар солади. Агар банда рўзадор бўла туриб, фақатгина овқатдан ўзини тийсаю, аммо тилини ёлғон, туҳмат, ғийбат ва шу каби қабиҳ сўзлардан сақламаса, Аллоҳ у банданинг кун бўйи оч юришига муҳтож эмас. Баъзи рўзадорлар борки, улар рўза тутиб, кун бўйи ғийбат, чақимчилик, туҳмат, бўҳтон ва шу каби гуноҳлар кўчасидан бери келмайдилар. Бундай рўзадорларнинг “рўза тутгани” фақат ифторга борибгина эсига тушади.
Биз тонгда оғзимизни ёпганимизда уни ёлғон ва ҳаром сўзлардан, кўзимизни номаҳрамларга боқишдан, қўлимизни зулмдан сақлаш, оёғимизни маъсиятга қадам босишдан тўсишни унутмаслигимиз лозим. Шундагина кўзланган мақсад ҳосил бўлади.
Шундай ҳоллар бўладики, банда ўзи хоҳламаган тарзда ўзгалар билан тортишишга, ўзини ҳимоя қилишга тўғри келиб қолади. Бундай вазиятда қандай йўл тутишни бизга Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи ва саллам ўргатганлар. Абу Ҳурайра розийаллоҳу анҳу Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилади: “Сизлардан кимки рўзадор бўлса, бас, уят сўзларни гапирмасин, жоҳиллик қилмасин! Агар биронтаси у билан сўкишмоқчи ё уришмоқчи бўлса, бас: “Мен рўзадорман, мен рўзадорман”, десин” (Бухорий, Муслим, Абу Довуд ва Термизий ривояти).
Ҳақиқий рўзадор бошқалар билан тортишиб, ўзининг ҳам, бировнинг ҳам асабини бузиб, рўзасини савобини камайтириб, вақтини зое кетказиб ўтирмайди. Балки у рўзадор экани, шу сабаб жанжаллашиб ўтиришни ўзига лойиқ кўрмаслигини маълум қилади.
Бошқа тарафдан олиб қараганда, банда рўза тутса, унда тақводорлик ҳисси ортади. Рўза тутган банда Аллоҳни яхшироқ англайди, ибодатларга эътибори ортади, намозда хушуъ пайдо бўлади. Зеро, ихлос билан рўза тутган бандани Аллоҳ тақвога бошлайди.
Рўза пайтида банда таом ва ичимликни тарк қилади. Мана шу иккиси истеъмолида ҳаддан ошиш бандани нафс қулига айлантиради. Рўзадорлик чоғида нафақат таом, балки маънавий жиноятлар, гуноҳлардан тийилишга ҳам ҳаракат қилинади.
Иккинчи тарафдан, рўзадан мақсад тақво ва рўза тутган бандага тақво сари йўқ очилар экан, қайси банда рўза тутиб, фақат моддий жиҳатга эътибор берса, маънавий рўзани эсдан чиқарса, унинг рўзаси мукаммал бўлмайди, нуқсонли бўлиб қолади.
Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, рўза тутиш даврида овқатдан тийилиш билан бирга тил, кўз, қулоқ, қўл-оёқларни ҳам ножоиз ишлардан сақлаш, асосан тақвога эътибор бериш керак бўлади. Банда рўза тутмаган пайтида ҳам ушбу аъзоларини ҳаром ишлардан тийиши шарт. Аммо, рўзадорлик пайтида бу нарсага кўпроқ эътибор бериш талаб этилади. Зеро, рўзадан мурод тақводир.
Барчамизга маълумки, муҳтарам азизлар, бугунги кунда барчаларимиз интизорликда кутган, мусулмонларнинг ҳар томонлама покланадиган улуғ ой – муборак Рамазони шарифда Аллоҳнинг бизга ато этган неъматларидан баҳраманд бўлиб турибмиз. Бу ойнинг дастлабки ўн куни "раҳмат" даҳаси ҳисобланади. Бу даҳада рўйи заминга Аллоҳнинг раҳмати ёғилади. Яратганнинг ўзи қодир қилганича рўза тутиб, таровеҳ намозларини адо этган бандасига албатта Ўз раҳматини ато этади. Илоҳим, барчаларимизни Аллоҳ раҳматига эришган бандаларидан қилсин! Юртимиз тинч, халқимизнинг ҳаловат ва хотиржамлиги давомли бўлсин!
Умида АЗИЗ тайёрлади
Манба: https://azon.uz
«Исломий молия асослари» китоби нашр этилди
2 май куни Тошкентдаги “Wyndham Tashkent Hotel” меҳмонхонасида Марказий Осиёда Исломий молия ва банкчилик 2019 форумининг очилиш маросими бўлиб ўтди. Тадбир давомида Ўзбекистонда исломий молия ва банкчилик муносабатларини ташкил қилишга қаратилган саъй-ҳаракатлар ва шу соҳадаги истиқболли йўналишлар мухокама этилди.
Тадбирнинг фахрий меҳмони сифатида Ўзбекистонга келган Қозоғистон Республикаси Инвестициялар ва ривожланиш вазирлиги маслаҳатчиси, Ислом молияси бўйича мутахассис Ерлан Алимжанович Байдаулетнинг «Ислом молияси асослари» китобининг ўзбек тилидаги таҳрири кенг жамоатчилик ҳукмига хавола қилинди.
Таъкидлаб ўтиш жоизки, ушбу китоб Ислом тараққиёт банкининг (ИТБ) Ўзбекистондаги вакили Ҳусан Ҳасановнинг умумий таҳрири остида иқтисодчи Ботирхўжа Жўраев таржимаси асосида ўзбек тилида нашрга тайёрланди ва қўшимча маълумотлар ва алоҳида қисмлар билан тўлғазилди.
Мазкур китоб олий ўқув юртлари талабалари, тадқиқотчилар ва кенг жамоатчилик учун мўлжалланган бўлиб, иқтисодчи Б.Жўраев томонидан исломий молия соҳасида ўзбек тилига таржима қилинган иккинчи асар ҳисобланади. Китобдан исломий молиялаштиришнинг назарий асослари, механизмлари, воситалари, шу соҳа билан шуғулланадиган халқаро ташкилотлар ҳамда хорижий давлатларда бу соҳанинг ривожига оид маълумотларни топишингиз мумкин. Мазкур китоб, шунингдек, Ҳ.Ҳасанов томонидан тайёрланган Ўзбекистон Республикасида исломий молиялаштириш бўйича маълумотлар билан бойитилган.
Қуйидаги ҳавола орқали мазкур китобни юклаб олишингиз мумкин.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати