muslim.uz

muslim.uz

П'ятниця, 29 март 2019 00:00

Фикр фалсафаси

Хаёл қилинг, йўлда кетяпсиз. Қаршингиздан «Таъқиқланган, ўтиш мумкин эмас» деган ёзувли огоҳлантирувчи белги чиқди.

Нима қиласиз? Шунда ҳам бепарво ўтиб кетаверасизми?

Аниқки, ёзувдаги сўзни ўқиб унга амал қиласиз. Нима учун бундай экан деб ўйлаб ўтирмайсиз. Балки бу ишни қилганга ич-ичингиздан ташаккурлар айтасиз. Ҳеч қачон таъқиқ белгисини «ҳуррият»дан маҳрумлик сифатида баҳоламайсиз. Балки бу ишга саломатлик гарови сифатида қарайсиз.

Бир фикр қилинг!

Шариъатда ҳам шундай таъқиқлар бор. Баъзилар уни ҳурриятдан чеклаш деб ўйлайди. Аслида ундай эмас.

إِنَّهُ لَا يُحِبُّ الْمُعْتَدِينَ

Зотан, У ҳаддан ошувчиларни севмас. (Аъроф сураси, 55 оят)

 

Лутфуллоҳ Жахонгиров,
Андижон вилояти «Эркабой девона» жоме масжиди имом-хатиби

ЎМИ Матбуот хизмати

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ҳудудларни комплекс ривожлантириш бўйича амалга оширилаётган ишлар билан танишиш, истиқболли лойиҳаларни белгилаш мақсадида бугун, 29 март куни Бухоро вилоятига жўнаб кетди. Бу ҳақда ЎзА хабар бермоқда.

Бухоро мамлакат вилоятлари ичида ҳудудининг катталиги жиҳатидан Навоийдан кейин иккинчи ўринда туради. Қулай географик ҳудудда жойлашгани, тарихий обидалар, табиий ресурсларга бойлиги, қишлоқ хўжалиги соҳасида тўпланган тажриба сабаб вилоятда туризм, саноат, логистика, агросаноат соҳалари изчил ривожланмоқда.

Президент 2018 йил 16-17 февраль кунлари Бухоро вилоятига ташрифи чоғида ҳудуднинг замонавий қиёфасини яратиш, саноатнинг ишлаб чиқариш ва қайта ишлаш, транспорт-логистика, хизмат кўрсатиш, қишлоқ хўжалиги, таълим, сайёҳлик салоҳиятини янада ошириш бўйича соҳа мутасаддиларига топшириқлар берганди.

Давлат раҳбари бу галги ташриф чоғида ушбу топшириқлар ижроси, шунингдек, вилоятни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришга доир инвестиция лойиҳалари билан танишиши режалаштирилган.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

П'ятниця, 29 март 2019 00:00

Ислом тарихи ажойиботлари

Буюк саҳобий Адий ибн Ҳотам розияллоҳу анҳу чумолиларга нон ушоқларини бера туриб: “Булар бизнинг қўшниларимиздир. Устимизда уларнинг ҳам ҳақлари бор” дер эдилар.

*****

Умар ибн Абдулазиз раҳимаҳуллоҳ вафот этганларида Византия императори Лев III қаттиқ йиғлади. Буни кўрган аъёнлар ва епископлар бу йиғининг сабабини сўради. Шунда император: “Адолатли подшоҳ вафот этди. Мен бир роҳиб уйига кириб, ичидан беркитиб олиб, таркидунё қилиб, умрини ибодатда ўтказса ажабланмайман. Лекин дунё оёқлари остида бўлган бир инсоннинг дунёдан юз ўгириб, зоҳидона ҳаёт кечирганидан ажабланаман” деди.

*****

Ҳозир дунёнинг аксар мусулмонлари Қуръони Каримни Имом Ҳафснинг Имом Осимдан ривоят қилган тиловатида ўқишади. Хўш, Имом Ҳафс ва Имом Осим ким?

Имом Ҳафс ибн Сулаймон ибн Муғийра Асадий ҳижрий 90 санада таваллуд топганлар. У киши қироатни Имом Осим ибн Абуннажуд ибн Баҳдала ал-Асадий ал-Кўфийдан ўрганганлар. Имом Осим қироатни Абу Абдурраҳмон ас-Суламий, Зирр ибн Ҳубайш ва Саъд ибн Илёслардан олганлар. Буларнинг ҳар уччови ҳам Қуръонни Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан таълим олган. Зирр ибн Ҳубайш ва Абу Абдурраҳмонлар Али  розияллоҳу анҳуга ҳам Қуръонни ўқиб берганлар. Абу Абдурраҳмон Суламий Убай ибн Каъб ва Зайд ибн Собит розияллоҳу анҳумларга ҳам ўқиб берган. Усмон, Али, Убай ва Зайд розияллоҳу анҳум бу қироатни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан олганлар. Демак, имом Осим қироатни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан икки восита орқали ривоят қилган.

*****

Ҳорун ар-Рашид сув ичмоқчи бўлиб, идишни оғзига қўйди. Ибн Саммок раҳимаҳуллоҳ Ҳорун ар-Рашиднинг томоғига қўлини қўйиб: “Шу бир қултум сувни ичишни сендан ман қилсам, у сувни мендан қанчага сотиб олган бўлардинг?” деб сўради. Ҳорун: “Салтанатимни ярмига” деди. Олим унинг томоғидан қўлини олди. Халифа сувни ичиб бўлгач, Ибн Саммок яна сўради: “Агар шу ичган сувингни баданингдан чиқишини ман этсам, сув танангдан чиқиши учун қанча берардинг?” деб сўради. Ҳорун: “Салтанатимнинг қолган ярмини” деб жавоб берди. Шунда Ибн Саммок раҳимаҳуллоҳ: “Сенинг салтанатингнинг қиймати бир қултум сувчаликдир. Шунинг учун бу молу давлат мусобақа қилинишга арзимайди” деди. Буни эшитган Ҳорун йиғлади.

*****

Саъд ибн Муоз розияллоҳу анҳу Исломга кирганларида ёшлари 30 да эди. Вафот этганларида эса ёшлари 36 да эди. Бу улуғ саҳобий шу 6 йил ичида қандай амаллар қилдиларки, у кишининг вафоти сабабли Раҳмоннинг Арши титраб, жанозаларига 70 мингта фаришта ҳозир бўлди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ушбу буюк инсонни дафн қилганларидан сўнг: “Албатта, қабрнинг бир қисиши бордир. Агар бирор киши шу қисишдан қутулиб қолганда, Саъд ибн Муоз қутилиб қолган бўларди” дедилар.

*****

Салоҳиддин Айюбий раҳимаҳуллоҳ шундай дедилар: “Модомики Масжидул Ақсо босқинчилар қўлида экан, Аллоҳга қасамки, кулгани Аллоҳ таолодан ҳаё қиламан”.

*****

Қуртуба амири Муҳаммад Биринчи ибн Абдураҳмон 852-886 йиллар давомида амирлик қилган. У мана шу 34 йиллик ҳукмронлиги давомида кўп ислоҳотлар олиб борди. Шулардан бири Мажрит, яъни ҳозирги Мадрид шаҳрига асос солди.

 

Интернет маълумотларидан Нозимжон Иминжонов таржимаси

Wired илмий-оммапоп журнали Истанбулдаги Боязид давлат кутубхонасини дунёнинг энг гўзал кутубхоналари ўнталигига киритди. Ушбу кутубхона тўртинчи ўринда қайд этилган бўлиб, 1884 йилда асос солинган. Ушбу кутубхона дастлаб "Умум Усмоний кутубхонаси" дея номланган.

Ушбу кутубхона ўқувчиларга 1 миллиондан ортиқ ҳужжутлар билан танишиш имкониятини беради. islamisemya.com нашрининг маълум қилишича, кутубхона фондида 11 120 дона қўлёзма асарлар ўрин олган бўлиб, уларнинг ичида нодирлари ҳам мавжуд.

Wired илмий-оммапоп журнали томонидан тузилган рўйхатда 1-ўринда Даниядаги Dokk1 кутубхонаси, 2-ўринда АҚШнинг Вермонт штатидаги Лоуренс жамоат кутубхонаси, 3-ўринда эса Хитойнинг Чжэнь Юань шаҳридаги Янчжоу кутубхонаси қайд этилган.

5-6 ўринларни Норвегиядаги Веннесла ва Будё кутубхоналари эгаллаган.
7-ўрин Чикаго, 8-ўрин Бирминҳем, 9-ўрин Галифакс (Канада), 10-ўрин эса Монтерре шаҳри (Мексика)даги Конарт кутубхоналарига насиб этган.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Видеолавҳалар

Top