muslimuz

muslimuz

Середа, 14 февраль 2024 00:00

Шаъбон ойининг фазилатлари

Шаъбон ойи – ҳижрий-қамарий тақвимнинг саккизинчи ойи бўлиб, Ражаб ва Рамазон ойлари ўртасида жойлашган. Бу ой тўғрисида келган маълумотларни ўрганиб кўрсак, асосий урғу Рамазон ойига руҳан ва жисмонан тайёргарлик кўришга қаратилганини англаймиз. Бу ойда одатдагидан кўпроқ нафл рўза тутиш, Қуръон тиловат қилиш ва тунги ибодатларга машғул бўлишга тарғиб қилинган. Усома ибн Зайд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Ё Аллоҳнинг Расули, ойлардан ҳеч бирида Шаъбон рўзасидек рўза тутганингизни кўрмадим», дедим. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Бу бир ойки, одамлар ундан ғафлатда қоладилар. У Ражаб билан Рамазоннинг орасида. Бу бир ойки, унда амаллар Роббил оламийнга кўтарилур. Мен ҳам амалим кўтарилаётганда рўзадор бўлишни яхши кўраман”, дедилар (Имом Насоий ривояти).

Оиша онамиз розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам йилнинг ҳеч бир ойида Шаъбондагидек кўп рўза тутмасдилар” (Имом Муслим ривояти).

Тобеъин, Куфа шаҳрининг фақиҳларидан бири Ҳабиб ибн Абу Собит Шаъбон ойи кирса: “Бу қориларнинг ойидир”, дер эди.

Абу Саъид ал-Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Пайғамбаримиз алайҳиссалом, “Ким Аллоҳ учун бир кун рўза тутса, Аллоҳ таоло унинг юзини дўзахдан етмиш йиллик (масофага) узоқ қилади” деганлар (Имом Бухорий ривояти).

Шаъбон ойининг ўн тўртинчидан ўн бешинчига ўтар кечаси “Бароат” кечаси деб номланади. Ушбу тунда кўплаб осий бандаларнинг тавбалари қабул бўлиб, гуноҳлари кечирилиши, ризқлар тақсимланиши, беморлар шифо топиши ва ундан бошқа фазилатларга эга экани борасида турли ривоятлар бор. Ушбу ривоятлар якка ҳолда заиф ҳадислар ҳисоблансада ҳамма санадларини жамлаб, умумий ҳолда хулоса қилинса, шариатимизга кўра ушбу кеча фазилатли ва баракотли кеча ҳисобланиши маълум бўлади. Шунинг учун ҳам Абул Ало Муҳаммад ибн Абдурроҳман Муборакфурий “Шаъбон ойи 15-тунининг фазилат борасида бир қанча ҳадислар бор бўлиб, уларнинг мажмуаси унинг шариатда ишончли асоси бор эканига далолат қилади”, деган (Туҳфатул аҳвазий. 3-жуз, 365-бет).

Машҳур мужтаҳид олим Имом Шофеъий раҳматуллоҳи алайҳ бундай деганлар: “Бизга етган хабарларда айтилишича беш кечада дуо ижобат бўлади: жума кечаси, қурбон ҳайит кечаси, Рамазон ҳайити кечаси, Ражабнинг биринчи кечаси ва Шаъбон ойининг ярмидаги кечаси” (Манба: Ал-Умм. 1-жуз, 264-бет).

Қуйида бу борада келган баъзи ҳадиси шарифларни келтириб ўтамиз: Оиша онамиз розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: “Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламни кечалардан бирида йўқотиб қўйдим. Сўнг у кишини излаб чиқдим. Қарасам, У зот Бақийъда осмонга қараб турган эканлар: “Эй, Оиша, Аллоҳ ва Унинг Расули сендан четлашидан қўрқдингми?”, дедилар. “Сиз баъзи аёлларингиз ёнига боргансиз, деб гумон қилувдим”, дедим. “Албатта, Аллоҳ Шаъбоннинг ярмидаги кечада дунё осмонига тушади ва Калб (қабиласи)нинг қўйлари жуни ададидан кўпроқ кишини мағфират қилади”, дедилар (Имом Термизий, Имом Ибн Можа ва Имом Аҳмад ривояти).

Муоз ибн Жабал розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳ Шаъбон ярмидаги кечада қараб кўриб жамики махлуқотларини мағфират қилур. Магар мушрик ва хусуматчи бундан мустаснодир”, дедилар (Имом Ибн Ҳиббон “саҳиҳи”да, шунингдек, Имом Табароний ва Имом Байҳақий ривоят қилишган).

Шунинг учун фуқаҳоларимиз ҳам бароат кечасини ибодат билан бедор ўтказишни мустаҳаб амаллардан санаганлар. Бу ҳақда ибн Нужайм Мисрий (ваф. 970/1563) раҳматуллоҳи алайҳ бундай деганлар: “Рамазон ойининг охирги ўн кунлигини, икки ийдни, Зул ҳижжанинг аввалги ўн кунлигини ва Шаъбон ойининг ўн бешинчи кечаларини бедор ўтказиш ҳадисларда ворид бўлганидек мустаҳаб амаллардандир. “Ат-Тарғиб ват тарҳиб”да бу ҳақда батафсил тарзда зикр қилинган. Кечаларни бедор ўтказиш дегандан мурод уни ибодат ила ўтказиш тушунилади” (Манба: “Ал-Баҳрур-роиқ шарҳи канзид-дақоиқ”).

Шуни ҳам алоҳида таъкидлаб ўтиш лозимки, баъзилар томонидан бароат кечасида юз ракатли намоз ўқишлиши, унда “Ихлос” сурасини муайян ададда ўқилиши кераклиги ҳақидаги гап-сўзлар асоссиз эканини уламоларимиз таъкидлашган. Жумладан, Мулла Али Қори раҳимаҳуллоҳ бу мавзуга тўхталиб бундай деганлар: “Билгинки, Шаъбон ойининг ярмида юз ракатли намозни ҳар бир ракатида “Ихлос” сурасини ўн мартадан ўқиб, адо этилиши, унинг фазилати кўп экани борасида Дайламий ва ундан бошқаларнинг ривояти мавзу – тўқима ҳадислар экани “Ал-Лаоли”да айтиб ўтилгандир” (Манба: “Мирқотул мафотиҳ”).

Аллома Абдулҳай Лакнавий раҳматуллоҳи алайҳ Бароат кечаси ва ундаги қилинадиган ибодатлар ҳақида бундай деганлар: “Қовлий, феълий ҳадисларнинг мажмуаси орқали бароат кечасида ибодатни кўпайтириш мустаҳаб эканлиги маълум бўлади. Киши намоз ўқиши ва бошқа ибодатлар қилишда ихтиёрлидир. Намоз ўқишни истаса, шариатда манъ қилган нарсаларни очиқча ҳам, яширин ҳам қилмаслик шарти билан ракатларнинг ададини ва миқдори, кайфиятини намоз ўқувчининг ўзига топширилади” (Манба: “Ал-Аасаарул марфуа фил ахбарил мавзуа”).

Демак, бундан маълум бўладики, Бароат кечаси учун бирор хос ибодат тайин қилинмаган. Кимнинг кучи ва имкони қайси ибодатни адо этишга етса ўшани амалга ошираверади. Айниқса, истиғфор, тасбиҳ, таҳлил айтиб зикр қилиш, дуруду салавотлар айтиш, Қуръон карим тиловати ёки уни эшитиш, ҳадис китоблар мутолаа қилиш мақсадга мувофиқ. Шу билан бир қаторда умумий нафл намозларни ўқиш, Аллоҳ таолога дуолар қилиб, ҳожатларини сўраши улкан ажрларга сазовор қилади. Валлоҳу аълам.

 Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво маркази.

Середа, 14 февраль 2024 00:00

Роббингнинг неъматлари

Иброҳим алайҳиссалом Аллоҳнинг раҳматини оловда топди, қавми уни оловга улоқтирганда Аллоҳ оловга: “Иброҳим учун совуқ ва саломатлик бўл”, деб буюрди, шунда олов Иброҳим алайҳиссаломга Аллоҳнинг раҳмати бўлди.

Юсуф алайҳиссалом Аллоҳнинг раҳматини қамоқда, маҳбусликда топди. Ҳамма неъматлар қамоққа тушгани сабабли бўлди. Қамоқда бир неча йил ўтиргандан сўнг Миср ҳокими уни ўз ҳузурига чақириб олди ва мавқеи тобора ошиб, охири Мисрга ҳоким бўлди.

Юнус алайҳиссалом Аллоҳнинг раҳматини улкан балиқнинг ичида топди. Балиқ ютиб юбориши аслида ҳаёт тугашини билдиради, лекин Юнус алайҳиссаломда аксинча, янги ҳаёт бошланди.

Мусо алайҳиссалом учун денгиз Аллоҳнинг раҳмати бўлди.

Каҳф асҳоблари учун ғор Аллоҳ таолонинг раҳмати бўлди.

Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам учун Савр ғори Аллоҳнинг раҳмати бўлди.

Бу санаб ўтилган нарсалар аслини олганда одамга зарар берадиган ёхуд фойдасиздек кўринадиган нарсалардир. Лекин Аллоҳ таоло айнан шу нарсалар орқали раҳматини, неъматини ато этди.

Шу сингари бошқа барча эшикларни қўйиб, Аллоҳнинг эшигини қоққан барча мўминлар ҳам Аллоҳнинг раҳматига албатта сазовор бўладилар.

Аллоҳ Марямга Ўзининг неъматларини ёғдирди. Ҳолбуки у одамлардан узоқ жойда эди. “Бас, унга ҳомиладор бўлди. Сўнгра, у билан узоқ маконга четланди” (Марям сураси, 22-оят).

Демак, одамларнинг ёрдамидан, сизга тиргак бўлишидан қанча узоқ бўлсангиз ҳам, Роббингиз неъматлари ва раҳматларидан асло узоқ бўлмайсиз!

Синган қалбимизни даволайдиган Зот фақат Аллоҳдир!

Ишларимизни ўнглаб берувчи Зот фақат Раҳмондир!

Кўз-ёшларимизни аритадиган Зот Ягона Роббимиздир!

Қалбингиз синиб, қаттиқ маҳзунликни ўзингизда ҳис этсангиз, Жаббор (малҳам берувчи) бўлган Аллоҳдан сизга малҳам беришини сўранг!

Оғриғингиз қанчалик ортса, Аллоҳнинг малҳами ҳам ортади!

Лекин Аллоҳнинг раҳматини қарангки, гуноҳимиз қанча кўпайиб кетса ҳам азобини орттирмайди, аксинча раҳматини кенг очиб қўяди: “Раҳматим ҳамма нарсадан кенг бўлди” (Аъроф сураси, 156-оят).

Гуноҳ ҳам шу ҳамма нарсанинг ичига киради. Демак, Аллоҳнинг раҳмати ҳамма гуноҳларимиздан ҳам кенг экан, тавба қили Унга юзлансак кечирар, раҳм қилар экан!

Қанчадан-қанча неъматлар банданинг нонкўрлиги туфайли балога айланади!

Қанчадан-қанча машаққат ва қийинчиликларга банда сабр қилса, улар неъматга айланади! Аниқроғи Аллоҳ уни неъматга айлантиради.

Аллоҳ таоло Ғафур” (ўта мағфиратли) исмини “Вадуд” (яхши кўрувчи, меҳрибон) исми билан бирга келтиради: “У ўта мағфиратли ва яхшиликни раво кўрувчи Зотдир” (Буруж сураси, 14-оят).

Бундан маълум бўладики, Аллоҳ таоло тавба қилган бандасининг гуноҳини кечириш билан кифояланмас экан, уни яхши кўрар ва меҳрибонлик қилар экан!

Сиз Роббингиз томон қўлингизни чўзсангиз, Унинг неъмати нақадар гўзалдир! Шу даражада ажойибки, амри маҳол деб ўйлаган ишингиз ҳам рўёбга чиқади! Сиз Аллоҳга ёлвориб қўлингизни чўзар экансиз, Аллоҳ қўлингизни қуруқ қайтармайди, У ўта саховатли Зот!

Доктор Ҳассон Шамси Пошонинг "Метин қоялар" китобидан

Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ, Неъматуллоҳ Исомов таржимаси.

Середа, 14 февраль 2024 00:00

Эҳсон қутиси

Уйимизда фарзандларим билан бир эҳсон қутиси ташкил қилгандик. У пайтда улар ҳали мактабда ўқишарди. Мактабда овқатланишлари учун берган пулимдан тежаб қолиб бир қисмини ўша эҳсон қутимизга ташлашарди.

Ўшанда болаларим билан бир нарсага келишиб олгандик. Улар мен берадиган пулнинг тўртдан бир қисмини тежаб қолиб қутига ташалашади. Яна тўртдан бирини олиб ўзлари учун йиғиб қўйишади. Ойнинг охирида ўзлари учун йиғган пулларини ҳисоблардик. Қанча йиғган бўлсалар, ёнига худди шунча пул қўшиб берардим. Масалан, уларга кундалик 10минг сўм бераман. Улар унинг тўртдан бирини, яъни 2500 сўмни эҳсон қутисига ташлашади. Яна ўшанча пулни ўз қутиларига йиғишади. Ой охирида ўзлари учун йиғган пуллари, дейлик, 50 минг сўм бўлди. Шунда мен уларга яна 50 минг сўм берардим. Бу пулларга ўзларига, мактабларига керакли нарсалар олишни тавсия қилардим. Бехудага сарфламасликни тайинлардим.

Аллоҳга шукрки, фарзандларим ҳаммаси садақани яхши кўришда бир-биридан ўзиб кетишди. Эҳсон қутимизга йиғилган пуллар ҳар ой охирида ҳисобланганда кутганимиздан кўп чиқарди. Болаларимга Аллоҳ салоҳият бериб, баъзи кунлари пулларининг тўртдан бирини эмас, ярмини ҳам садақа қиладиган бўлиб кетишганди. Ҳар ой сўнггида йиққан пулларимизни олиб, фақир кишиларнинг уйларини зиёрат қилардик, уларга уй-рўзғор учун керакли маҳсулотлар олиб борардик. Ҳам уларни хурсанд қилардик, ҳам ўзимизнинг кўнглимиз яшнарди, ҳам бир вақтнинг ўзида болаларга зўр тарбия мактаби бўларди.

Мана орадан кўп йиллар ўтди. Фарзандларим улғайганларидан кейин ҳам шу хайрли одатимизни тўхтатмадик. Ҳозир ҳам фарзандларим ўз ойлик маошларидан бир қисмини ўша уйимиздаги эҳсон қутисига ташлаб туришади.

Доктор Абдуллоҳ Муҳаммад Абдулмуътининг
"Фарзанд тарбиясида 700 та сабоқ" китобидан
Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ, Камронбек Ислом таржимаси.

2024 йил 13 февраль куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси Самарқанд вилояти вакиллигининг ташаббуси билан навбатдаги сайёр йиғилиш Каттақўрғон туманида ўтказилди. Тадбирлар олдидан вилоят бош имом-хатиби Зайниддин домла Эшонқулов ишчи гуруҳ аъзолари билан учрашиб, ўзининг керакли кўрсатма ва топшириқларини бериб ўтди.

Сўнгра тақсимот асосида тумандаги мавжуд 31 та масжид имом-хатиблари ва ноиблар, ҳамкор ташкилот масъулларининг ва 2023 йилда Ҳаж ибодатига бориб келган ҳожилар ҳамроҳлигида вилоятдаги 16 та шаҳар ва туман бош имом хатиблари ҳамда 15 нафар иқтидорли имом-хатиблар, тумандаги 31 та маҳаллаларга тарқалиб, жойларда аҳолининг кам таъминланган, боқувчисини йўқотган ва нотинч оилалар хонадонига ташриф буюрди. Шунингдек, маҳалла марказларида уюшмаган ёшлар билан суҳбатлар ташкил қилинди.

Шу билан бир қаторда, вилоят ишчи гуруҳи Каттақўрғон туманидаги 31 та масжидда пешин намозини ўқиб, йиғилган намозхонларга “Оила – муқаддас даргоҳ”, “Оммавий ахборот воситаларидан фойдаланиш одоблари”, “Тинчлик қадри”, “Фарзандлар тарбиясига эътиборсиз бўлмайлик”, “Ёшлар келажагимиз”, “Неъматларга шукр қилиш фазилати”, “Оилангизни асранг”, “Ёт ғояларга алданманг” ва бошқа, бугунги кундаги долзарб мавзулар юзасидан маърузалар қилдилар ҳамда уларнинг муаммо ва таклифларини тингладилар.

Мазкур сайёр учрашувлардан сўнг диний соҳа ходимлари билан таҳлилий йиғилиш ташкил қилинди. Унда Каттақўрғон туманидаги маҳаллаларда ўрганилган муаммолар, диний соҳадаги ютуқ ҳамда камчиликлар муҳокама қилиниб, ижрога йўналтирилди. Шунинг билан бир қаторда, диний соҳа ходимларига раҳбарлар томонидан аҳоли билан янада яқинроқ ишлаш, соҳанинг ривожини янада такомиллаштириш ҳамда жойларда диний вазиятни янада соғломлаштириш, яқинлашиб келаётган Рамазон ойига барча масжидлдарни тайёрлаш ва шу каби долзарб йўналишлар бўйича керакли кўрсатма ва топшириқлар берилди. 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати

?Тошкент ислом институти ҳақида маълумот берувчи бот ишлаб чиқилди:

? @oliymahad_info_bot ?

??‍? Ботни тайёрловчи дастурчи: Ҳикматуллоҳ Қобулов, ТИИ Таҳфизул Қуръон кафедраси 4-курс талабаси

ℹ️ Тошкент ислом институти ҳақида:
✔️Институт тарихи
✔️Фаолият
✔️Мутахассислик
✔️Таълим тизими
✔️Тузилма
✔️Раҳбарият
✔️Кафедралар

? Қуръони карим ва тажвид ўқув курси:
✔️Курс ҳақида
✔️Филиаллар

?Қабул:
✔️Кундузги таълим
✔️Модуль таълим
✔️Хорижликлар учун
✔️Қайта тиклаш

?Ислом билим юртлари

?Контактлар
❓FAQ - кўп бериладиган саволлар

? t.me/oliymahad – диний-маърифий канал!

Видеолавҳалар

Top