muslim.uz

muslim.uz

Бугун, 16 ноябрь куни Тошкент ислом университетида Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари қўмитаси ва ЮНЕСКОнинг Тошкентдаги ваколатхонаси ташаббуси билан “Конфессиялараро мулоқот ва диний бағрикенглик – жамият барқарорлиги гарови” мавзусида илмий-амалий конференция ўтказилмоқда.

Ушбу анжуман “16 ноябрь – Халқаро бағрикенглик куни”га бағишлаб ўтказилаётгани айтилган бўлиб, унда Дин ишлари қўмитаси вакили, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ва бошқа диний конфессия вакиллари иштирок этмоқда.

Конференцияда турли эътиқод вакилларининг иштирок этиши Ўзбекистон Республикасида диний бағрикенгликнинг таъминланганидан дарак беради.

Анжуманда Ўзбекистон Республикасининг Инсон ҳуқуқлари бўйича Миллий маркази директори Акмал Саидов, ЮНЕСКОнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Дендев Бадарч, ВМ ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита раиси Ортиқбек Юсупов, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов, Ватикан давлатининг Ўзбекистондаги нунцийси Челестино Мильоре, Тошкент рус проваслав черкови митрополити Викентийлар маъруза билан иштирок этганлари маълум қилинди.

Анжуман тафсилотлари билан таништиришда давом этамиз.

Середа, 15 ноябрь 2017 00:00

Болалар учун зарарли овунчоқ

Америка педиатрлар академияси ва Канада педиатрлар жамияти 18 ёшгача бўлган болалар бир кунда қўл телефони, планшет, ноутбук ва ҳ.к.дан қанча вақт фойдаланиши мумкин деган саволга аниқлик киритди. Расмий ҳисоботга кўра, 2 ёшгача бўлган болалар технологик воситаларга умуман яқинлаштирилмаслиги, 3-5 ёшгача бўлган болалар узоғи билан бир соат, 6-18 ёшдагилар кўпи билан икки соат фойдаланиши мумкин экан. Кайзер фонди ва Канада соғлом фаол болалар ташкилотининг ўтказган тадқиқоти бугунги болалар юқорида келтирилган меъёрлардан камида 4-5 баробар кўп фойдаланаётган экан. Технологик воситалар ҳатто ўлимга олиб келгани ҳам аниқланган. Дунёнинг ривожланган давлатларида олиб борилган кенг кўламли тадқиқотлар натижасида аниқланган зарарлар сабабли педиатрлар болаларга 12 ёшгача технологик воситаларни (мобил телефон, планшет, ноутбук ва ҳ.к.) қатъий тақиқлаш керак деган хулосага келдилар.

Қуйида зарарларнинг энг асосийлари келтирилган:

  1. Мия ҳажмининг тез кенгайиб кетиши

Инсоннинг мияси 21 ёшгача ўсиб боради. Аммо мия ривожланиши энг фаол фазадаги икки ёшгача бўлган болалар технологик воситалар билан мулоқотга киришганда мия ҳаддан ташқари жадал ишлай бошлайди. Натижада диққатни жамлай олмаслик, узиқ-юлиқ когнитив (ақлий) ривожланиш ва кучли ҳаяжонланиш билан бир қаторда мия ҳажмининг номутаносиб кенгайиши юз беради.

  1. Ривожланишдан ортда қолиш

Технологик воситалар ҳаракатланишни чеклагани боис болаларда турли физиологик касалликлар келиб чиқади. Бу эса ўз навбатида мия фаолиятининг сустлашишига олиб келади. Чунки жисмоний ҳаракат диққатни жамлаш ва илм ўзлаштириш қобилиятини фаоллаштиради.

  1. Семириш

Хонасида телевизор ёки видео ўйинлар мавжуд болаларнинг 30 фоизида ортиқча вазн олиш касаллигининг оғир кўриниши кузатилган. Канадада болаларнинг 25 фоизи, АҚШда 33 фоизи семириш касаллигидан азият чекади. Ортиқча вазн олишни давом этаётган болалар диабет ва юрак хуружига мойил бўлиши аллақачон исботланган. Бундан 15 йил олдин, 2002 йилда Би-Би-Сига интервью берган Профессор Эндрю Прентис болалардаги семириш балоси оқибатида инсоният тарихида илк бор ХХI аср болалари ўз ота-оналаридан олдин вафот этиши мумкинлигини айтган эди.  Бугунги кундаги статистика маълумотлари ушбу хавотирни тасдиқламоқда.

  1. Уйқусизлик

Инсон танаси уйқу воситасида қувватини тиклаб олади. Уйқунинг ўз вақтида ва етарли бўлмаслиги тананинг ҳар бир аъзосига мислсиз салбий таъсир қилгани боис физиологик жараёнларга алоҳида тўхталиб ўтмадик.

  1. Руҳий касаллик

Технологик воситаларнинг ишлатилиши болаларда чуқур руҳий тушкунлик, қаттиқ ҳаяжонланиш ва аутизм каби касалликларни келтириб чиқаради. Канадада яшовчи ҳар олти боланинг биттаси руҳий касалликка чалинган.  

  1. Тажовузкорлик

Даҳшатли саҳналари мавжуд медиа контент болаларда тажовузкорлик пайдо қилади. АҚШда ваҳшиёна саҳналар мавжуд медиа контентларни жамоатчилик соғлигига хавф солувчи хатар категориясига қўшганиниг асосий сабаби ҳам болаларда тажовузнинг кучайганидан.

  1. Рақамли ақли заифлик

Воқеалар ривожи тез суратда ўзгарадиган ўта фаол саҳнали медиа асарлар болаларда диққат қилиш ва хотирани сусайтиради. Бунга олд мияга келувчи нейронлар каналчаларининг кесилиб қолиши сабаб бўлади. Маълумки, диққат қила олмайдиган болалар ўргана олмайдилар.

  1. Технологик воситаларга кушандалик

Ота-она технологик воситаларга боғланиб қолгани сайин болалар улардан узоқлаша бошлайди. Ўз навбатида, ота-онадан узоқлашган фарзанд телефон, компьютер ёки телевизор билан дўст тутинади. 8-18 ёшдаги болаларнинг 10 фоизи технологик кушандалик касаллигидан азият чекади.

  1. Радиацион нурланиш

Бутундунё Соғлиқни сақлаш ташкилоти уяли телефонларни (ва бошқа симсиз қурилмалар) радиацион нурланиш хавф категориясининг 2Б даражаси деб 2011 йилда баҳолаган эди. Аммо 2013 йилда Торонто университетининг соғлиқни сақлаш факультети доктори Антони Миллер янги илмий изланишлар ўтказгандан кейин уяли алоқадан нурланиш аслида анча жиддий эканини ҳисобга олиб 2Б хавф категориясидан 2А категорияга ўтказишни тавсия қилган.

Халқаро алоқалар бўлими мутахассиси А.Сатторов тайёрлади

Андижон шаҳрида “Ислом – тинчлик ва эзгулик дини” мавзуида диний соҳа ходимларининг Республика анжумани бўлиб ўтмоқда.

 

Анжуманда хорижлик меҳмонлар, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари қўмитаси, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раҳбарияти иштирок этмоқда.

 

Анжуманни ушбу ҳавола орқали тўғридан тўғри кузатишингиз мумкин.

Аввалроқ, 15 ноябрь куни Андижон шаҳрида “Ислом – тинчлик ва эзгулик дини” мавзуида диний соҳа ходимларининг Республика анжумани бўлиб ўтиши ва тадбир ташкилотчилари томонидан анжуманга пухта тайёргарлик ишлари жадал давом эттирилаётгани ҳақида хабар берган эдик.

Кеча, 14 ноябрь куни анжуманда иштирок этиш учун қўшни Қозоғистон Республикаси Жанубий Қозоғистон вилояти Бош имом-хатиби Каримбек Аҳмаджон раҳбарликларидаги қозоғистонлик уламолар Андижон шаҳрига етиб келишган эди.

Бугун, 15 ноябрь куни қирғизистонлик уламолар ҳам Республика аанжуманида иштирок этиш учун ташриф буюрганликлари хабар қилинди.

Ушбу куннинг ўзида Ўзбекистон, Қирғизистон ва Қозоғистон уламоларининг мулоқоти бўлиб ўтди.

Учрашувда Ўзбекистон, Қирғизистон ва Қозоғистон уламолари истиқболда ҳамкорлик ва ҳамжиҳатликда фаолият олиб бориш масалаларини келишиб олдилар.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

Ислом динида ҳар бир иш Қуръони карим ва суннати набавия таълимоти асосида амалга оширилади. Шунга биноан, Ислом динининг жамиятдаги ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламнинг ҳуқуқлари масаласига муносабати ҳам шу икки манбада ўз ифодасини топган. Ижтимоий ҳимоя деганда аввало, аҳоли орасида иқтисодий жиҳатдан қийналган, ўзининг эҳтиёжини қоплаш имкониятига эга бўлмаган фуқароларга моддий ва маънавий кўмак бериш тушунилади. Шу маънода, Қуръони карим ва ҳадиси шарифда ижтимоий ҳимояга нақадар катта эътибор қаратилганини кўришимиз мумкин.

Қуръони каримда “фақирлик” ва “фақирлар” лафзи моддий маънода 13 марта такрорланган. Буларнинг баъзиси барчанинг Аллоҳ таолога фақир (муҳтож) эканини баён қилса, баъзилари шайтоннинг одамларга фақирликни ваъда қилишини баён қилади, бошқалари эса фақирларга молнинг маълум бўлагидан садақа беришга буюради. “Бойлик” ва “бойлар” лафзи 26 марта келган. Бундан 21таси Аллоҳнинг беҳожат зот эканини таъкидласа, 5 таси инсонларнинг сифати маъносида ворид бўлган. “Мискин” лафзи кўплик ва бирлик сийғаларида 33 марта такрорланган. “Соил” (тиламчи) лафзи 4 марта келган ва унинг барчасида уларга садақа беришга буюрилган. Иқтисодий жиҳатдан “заифлар” лафзи 4 марта зикр қилинган ва унда заифлардан муайян мажбуриятларни соқит қилиш ва улардаги заифлик сабабларини бартараф этиш ҳақида гапирилган. Иқтисодий жиҳатдан “маҳрум” лафзи 2 марта келган ва иккисида ҳам бойларнинг молида уларнинг ҳам ҳаққи борлиги таъкидланган.

Барча турдаги муҳтожларнинг насибаси бор бўлган “закот” лафзи 32 марта такрорланган. Гоҳида закот лафзининг маънодоши, гоҳида эса нафл садақанинг маънодоши сифатида келадиган “садақа” лафзи 16 марта келган, унинг ҳаммаси ҳам садақа беришликка ундаган ва буюрган. Муҳтожларга молиявий ёрдам кўрсатиш ўринларида келган “эҳсон” лафзи 63 марта зикр қилинган. “Аллоҳ йўлида инфоқ қилиш” жумласи 70 марта ворид бўлган.

Юқоридаги рақамларни жамлаб чиқсак, Қуръони каримда ижтимоий ҳимоя мавзусида 263та ўринда сўз юритилгани маълум бўлади.

Ҳадиси шарифда ижтимоий ҳимоя масаласига оид ҳадисларни таҳлилий ҳисоб-китоб қилиб чиқиш мушкул иш. Чунки бир томондан ҳадис китобларининг хилма-хиллиги бўлса, иккинчи томондан ривоятларнинг такрорланиши натижасида айнан ўхшаш ҳадислар ҳам такрорланиб келган. Лекин шунга қарамай, компьютер хотирасига киритилган ўн бешта ҳадис китобларини кўздан кечириб чиқиш натижасида ушбу мавзуга оид сўзлар 157 марта ворид бўлганини кўриш мумкин ва уларнинг аксарида фақирларга хайрихоҳлик қилиш тўғрисида сўз юритилади.

Мусулмонлар, авваламбор, ҳар бир нарсани Аллоҳ таоло яратган ва тасарруф қилиш учун бандаларни тайинланган, деган тушунчага суянади. Шунинг учун бандалар қўлларига тўпланган молларнинг ҳақиқий эгаси бўлган Зотнинг буйруқлари ва кўрсатмаларига бўйсуниши лозим бўлади. Аллоҳ таоло Қуръони каримда бундай баён қилади: «Аллоҳ сенга ато этган нарса билан охиратни истагин ва дунёдан бўлган насибангни ҳам унутмагин. Аллоҳ сенга эҳсон қилгани каби сен ҳам (одамларга) эҳсон қил! Ерда бузғунчилик қилишни истама! Чунки Аллоҳ бузғунчиларни суймас» (Қасас сураси, 77-оят).

Ушбу оятдан ҳар бир нарсанинг ҳақиқий эгаси Аллоҳ таоло экани ва У бизларни Ўзи белгилаб берган меъёрга мувофиқ иш юритишимизга буюргани маълум бўлади. Бу меъёр охиратда Аллоҳнинг розилигини топиш умидида бу дунёда унга итоат қилишдир. Ибодатларни тўла адо этиш, хайр садақа ва закот бериш шу итоатлар жумласидан. Аллоҳ таоло бойларга яхшилик тариқасида берган молдан муҳтожларга эҳсон қилишга буюриши эса ўша мол Аллоҳники эканини эслатишдир. Аллоҳ таоло Қуръони каримда шу ҳақни фақир ва муҳтож бандаларига беришга буюради. Фақир ва мискинлар бойлардан садақаларни олишни ор деб билмаслиги учун муҳтожларнинг молдаги насибаларини уларнинг ҳақлари деб таъкидлайди. Негаки, улар Қуръон оятига биноан ўз ҳақларини худди шерикчилик орқали топилган даромаддаги ўз улушларини олгандек қабул қилиши лозим бўлади.

Исломда фақирлик муаммосини ҳал қилишда аввало, ўша фақирларни меҳнат қилишга, бирор бир касб-ҳунар билан шуғулланишга тарғиб қилиш, дангасаликдан қочишга чақириш билан эришилади. Чунки меҳнат қилиш бу асосий вазифа ҳисобланади. Бироқ, жамиятда меҳнатга ярамайдиган ёки муносиб иш топа олмаётган ёхуд иши бор-у, бироқ ундан оладиган даромади эҳтиёжини қоплашга етмайдиган ижтимоий ҳимояга муҳтож кишиларга нисбатан ҳам Ислом дини ўзига хос тарзда раҳнамолик қилишга йўллайди. Масалан, закот, яқин қариндошларга берилиши вожиб бўлган нафақа, нафл садақа, хайрия, вақф ишлари, назрлар, каффоратлар, қўшнилар ҳаққи, меҳмондорчилик ҳаққи, муҳожирлар ҳаққи, етимларга ғамхўрлик қилиш, тиламчилар (соил) ҳаққи, давлат томонидан ижтимоий таъминот учун ажратадиган ҳақлари шулар жумласидандир.

Динимиз учта асосий қисм – эътиқод, шариат ва ахлоқдан ташкил топган бўлса, ижтимоий ҳимояга муҳтож кишиларга раҳнамолик қилиш ана шу қисмларнинг ҳар бири билан чамбарчас боғлиқдир. Эътиқод ва имон билан боғлиқлик жиҳати Аллоҳ таоло ҳамма нарсанинг эгаси деган ақидага таянади. Албатта, Аллоҳ бандасига қўлидаги молидан бир қисмини муҳтожларга беришни амр қилган. Мўмин киши эса ўз ақидасига содиқ қолган ҳолда ушбу буйруқни амалга оширади.

Онамиз Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ён қўшниси оч ўтирганини била туриб қорни тўқ ётган киши мўмин эмас”, дедилар (Имом Ҳоким ривояти).

Ижтимоий ҳимоянинг шариат билан боғликлиги Исломнинг арконларидан бири бўлмиш закотда яққол намоён бўлади. Аллоҳ таоло закот олишга ҳақли бўлган кишиларни Қуръони каримда бирма-бир баён қилган: «Албатта, садақаларни фақат фақирлар, мискинлар, унда (садақа ишида) ишловчилар, диллари ошна қилинувчи (кофир)лар, (пул тўлаб озод этилувчи) қуллар, қарздорларга ва Аллоҳ йўлида ҳамда йўловчига (мусофирга бериш) Аллоҳ (томони)дан фарз (этилди). Аллоҳ илмли ва ҳикматли зотдир» (Тавба сураси, 60-оят).

Ижтимоий ҳимоянинг Исломнинг ахлоқий жиҳати билан боғликлигини бошқа садақалар борасида кўриш мумкин. «Улар (ҳозирда ўз зиммаларига олган) назрларини адо қилурлар ва ёмонлиги (даҳшатлари) кенг ёйилувчи кундан қўрқурлар. Таомни эса суюб турсалар-да, (ўзлари емасдан) мискин, етим ва асирларни едирурлар. (Улар айтурлар): Бизлар сизларни фақат Аллоҳ юзи учун таомлантирурмиз. Сизлардан (бу иш учун) бирор мукофот ва миннатдорчилик кутмасмиз» (Инсон сураси, 7-9-оятлар).

Шуни ҳам айтиб ўтиш жоизки, Исломдаги ижтимоий ҳимоя фақат моддият билан чекланиб қолмайди, балки ижтимоий ва руҳий қўллаб-қувватлаш билан ҳам ўзига хосдир.

Абу Зарр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Биродарингнинг юзига табассум билан боқишинг ҳам садақа, яхшиликка буюришинг ҳам садақа, ёмонликдан қайтаришинг ҳам садақа, йўлдан адашган кишини тўғри йўлга солиб юборишинг ҳам садақа, кўзи ожиз кишига ёрдам беришинг ҳам садақа, йўлни юзида ётган тошни, тиканни, суякни четга олиб қўйишинг ҳам садақа, челагингдаги сувдан биродарингни челагига қуйиб беришинг ҳам садақадир” (Имом Термизий ривояти).

Шунингдек, Ислом динида бетоб кишиларни зиёрат қилиш, таниган ва танимаганга салом бериш, ҳатто инсонни сўнгги йўлга кузатиш, яъни жанозасида иштирок этиш, унинг яқинларига таъзия билдириш борасида ҳам етарли кўрсатмалар берилган ва бу амаллар учун улуғ савоблар ваъда қилинган. Буларнинг барчаси инсонларнинг кўнглига хурсандлик киритадиган, ижтимоий алоқани яна ҳам мустаҳкамлайдиган исломий фазилат саналади.

Айни пайтда Ислом динида муҳтожга ёрдам қўлини чўзишдан қочиш, бундан бўйин товлаш қаттиқ қораланади. Қуйидаги ҳадисдан шу маънони англаш мумкин: Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу ривоят қилиб айтадилар: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Қиёмат куни Аллоҳ азза ва жалла айтади: “Эй Одам боласи! Мен бетоб бўлдим, сен эса мени кўргани келмадинг!” Банда айтади: “Эй Раббим! Сен оламларнинг раббиси бўлсанг, мен сени қандай кўргани бораман?” У айтади: “Фалон бандам бемор бўлганини билиб туриб, уни кўргани бормадинг. Агар уни кўргани борганингда, ўша ерда мени топган бўлар эдинг”. Кейин яна айтади: “Эй Одам боласи! Сендан таом сўрадим, сен эса бермадинг”. У айтади: “Эй Раббим! Сен оламларнинг раббиси бўлсанг, мен сени қандай таомлантирай?” У дейди: “Фалон бандам сендан таом сўраганда сен бермадинг. Агар берганингда ўша савобни ҳозир шу ерда топган бўлар эдинг”. Яна дейдики, “Эй Одам боласи! Мен сендан сув сўрадим, сен бермадинг”. У айтади: “Эй Раббим! Сен оламларнинг раббиси бўлсанг, сенга қандай қилиб сув берай?” У дейди: “Фалон бандам сендан сув сўради, сен бермадинг. Агар берганингда ўша савобни мени ҳузуримдан топишингни билмасмидинг?” (Имом Муслим ривояти).

Исломда ижтимоий ҳимоя нафақат мўмин-мусулмонлар ўртасида бўлиши, балки бу имтиёздан ғайридинлар ҳам фойдаланиши, мусулмон жамиятида яшаётган бошқа дин кишиларига ҳам ғамхўрлик қилиниши лозимлиги таъкидланган. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳадисларининг бирида марҳамат қилганлар: “Ким зиммийга азият етказса мен у билан хусуматлашаман. Мен ким билан хусуматлашсам қиёмат кунида ундан ҳаққимни оламан”.

Зикр қилинишича, Умар ибн Абдулазиз Басра шаҳридаги волийси Адий ибн Артоътга мактуб йўллаб, бундай ёзган экан: “...Сўнгра, қарамоғингдаги аҳли зиммалардан қайсиларининг ёши кексайиб, қуввати заифлашиб, касб қилишга қурби етмай қолган бўлса уларга  байтул молдан етарли миқдорда нафақа ажратилишини жорий қилгин.

Шунинг учунки, мен эшитган эдим, мўминларнинг амири Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу уйма-уй юриб, одамлардан тиланчилик қилиб юрган аҳли зиммалардан бўлмиш бир қарияни кўриб: “Ёшлик вақтингда сендан жизя олсак-у, кексайган вақтингда қаровсиз қолдирсак сенга нисбатан инсофсизлик қилган бўламиз”, деганлар ва унга етарли миқдорда байтул молдан нафақа беришни жорий қилганлар”. Демак, Ислом тарихида биринчи марта давлат хазинаси ҳисобидан кексаларга ижтимоий таъминот учун нафақа тайинланиши Умар ибн Хаттоб давридан бошланган экан.

Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, Ислом дини ижтимоий ҳимоя борасида ҳар бир ҳақ эгасининг ҳаққини адо этишга кенг тарғиб қилган диндир.

 

Ҳомиджон ИШМАТБЕКОВ,

“Муҳаммад Носир ҳожи” жоме масжиди имом-хатиби

Видеолавҳалар

Top