Аудио

Намоз сабоқлари: Сафарда намоз ўқиш, Имомга иқтидо қилиш (Аудио)

САФАРДА НАМОЗ ЎҚИШ

 

Бизнинг динимиз осон ва енгил диндир.

Киши яшаб турган жойидан ўртача юришда камида (90 чақирим) масофага боришни ният қилиб йўлга чиқса, қишлоғи ёки шаҳрининг охирги уйлари кўринмай қолган дақиқадан бошлаб мусофир ҳисобланади. Ана шунча масофа йироқ жойдаги шаҳар ё қишлоққа етгач, у ерда ўн беш кун ё ундан кўп туришни ният қилса, унга бориш ва келиш йўлида мусофир саналади, у ерга етиб боргач, муқим бўлади. Агар у жойда ўн беш кун туришни ният қилмаса, у ерда ҳам мусофир ҳисобланади.

Мусофир тўрт ракатли фарз намозларнинг икки ракатини ўқийди. Бироқ шом намозининг уч ракат фарзи ва уч ракатлик витр намозларини тўлиқ адо этади. Агар мусофир муқимга иқтидо қилса, тўрт ракатлик фарзларни ҳам тўлиқ ўқийди. Муқим киши мусофир кишига иқтидо қилиб намоз ўқиётган бўлса, мусофир имом икки ракатдан сўнг салом бергач, эргашувчи салом бермай, ичида «Аллоҳу акбар» деб қиёмга туради, қолган икки ракатни қироат қилмай, ўзи ўқиб тугатади.

 

ИМОМГА ИҚТИДО ҚИЛИШ

 

Суюкли Пайғамбаримиз Муҳаммад (алайҳиссалом) жамоат билан ўқилган намознинг савоби киши ёлғиз ўқиган намознинг савобидан йигирма етти марта ортиқ эканини айтганлар.

Беш вақт намознинг фақат фарзлари, жума намозининг икки ракат фарзи, ҳайит намозлари, Рамазон ойида таровеҳ ва витр намозлари имомга иқтидо қилиб ўқилади. Имомга эргашиб жамоат билан намоз ўқийдиган киши «муқтадий» дейилади.

Муқтадий:

Намозга ният қилганда “шу имомга иқтидо қилдим”, деб ҳам ният қилиши лозим. Масалан, «Юзимни Каъбанинг бир тарафига қаратиб, шу имомга иқтидо қилиб, шу вақт бомдод намозининг икки ракат фарзини ­Аллоҳ таоло учун ўқишни ният қилдим».

Имом ифтитоҳ такбирини айтгач, муқтадий ундан кейин ифтитоҳ такбирини айтиб, қўлларини боғлаб киндиги остида тутади ва ичида ўзи эшитадиган даражада фақат Сано (Субҳанака) ўқийди, Фотиҳа ва яна бир сурани ўқимайди. Овоз чиқариб ўқиладиган бомдод, шом, хуфтон намозларининг фарзида, жума намозининг фарзида, ҳайит намозларида, Рамазон ойида таровеҳ ва витр намозларида имом Фотиҳа сурасини тугатгач, муқтадий ичида «Омин» дейди.

Рукуда уч марта «Субҳана роббиял ъазийм», дейди. Имом «Самиъаллоҳу лиман ҳамидаҳ», деб тик тургач, «Роббана лакал ҳамд», дейди. Саждада ҳам муқтадий уч марта «Субҳана роббиял аъла»ни айтади.

Чўкка ўтирганда муқтадий ичида «Аттаҳийят», салавот, дуо ўқийди ва имом билан бирга салом беради.

Имомга иқтидо қилиб жамоат билан бирга намоз ўқиётган киши барча амалларни имомдан кейин бажаради, ундан олдин бажармайди.

Жамоатга кечикиб келиб қўшилган киши ифтитоҳ такбирини айтиб, имомга эргашади. Охирги ўтиришда «Аттаҳийят»ни ўқиб, имомнинг салом беришини кутади. Имом бир томонга салом бергач, у салом бермай «Аллоҳу акбар» деб туради ва қолган, имом билан ўқимаган ракатларни ўзи ўқиб намозни тугатади.

Имом руку қилаётганда, яъни имом рукудан бош кўтармасидан олдин ният қилиб, жамоатга қўшилган киши ўша ракатни ўқиган ҳисобланади.

Жамоат намозида биринчи ракатга етиша олмаган киши масбуқ дейилади. Бизнинг мазҳабимизда масбуқ етишган ракатларини имомга иқтидо қилиб ўқийди. Сўнг қолган ракатларини ўзи ўқийди (Сарахсий “Муҳийт”). Масбуқ етолмаган ракатларини ўқишга тургандаги ракати қироат хусусида намозининг биринчи ракати бўлади, ташаҳҳуд хусусида эса кейинги ракати ҳисобланади. Шунинг учун, имом бир ракат ўқиганидан кейин қўшилган бўлса, кейин бир ракатга замсура қилади, агар икки ракатдан кейин қўшилган бўлса икки ракатга зам сура қилади.

Шом намозининг охирги ракатига етишган масбуқ ета олмаган икки ракатнинг орасини қаъдага ўтириш билан айиради, шу тариқа у шом намозида уч марта қаъдада ўтирган бўлади. Ушбу икки ракатда Фотиҳа ва зам сура ўқийди. Бу ракатлардан бирида қироат қилмаса, намози бузилади.

Тўрт ракатли намозларнинг охирги ракатида жамоатга қўшилган масбуқ имомдан сўнг ўқиган биринчи ракатида Фотиҳа ва зам сура ўқийди. Кейин ўтириб ташаҳҳуд ўқийди. Сўнг туради ва бу ракатда ҳам Фотиҳани ўқиб, битта сурани зам қилади. Кейин рукуга боради, сажда қилади ва ўтирмасдан тўртинчи ракатга туради. Бу ракатда фақат Фотиҳа сурасини ўқийди. Шундан кейин охирги қаъдага ўтириб, ташаҳҳуд, салавот ва бошқа дуоларни ўқийди. Сўнг салом бериб, намозни тугатади (“Хулоса”).

Масбуқ имомга қироати овоз чиқариб ўқиладиган ракатда етишса, саҳиҳ қавлга кўра, санони (“Субҳанакаллоҳумма...”) ўқимайди (“Хулоса”). Бироқ бу ҳолатда, етолмаган ракатини ўқиш учун турганида санони ўқийди ва қироат учун “аъузу...” ҳамда “Бисмиллаҳ...”ни айтади (“Фатовойи Қозихон”, “Хулоса”, “Заҳирия”).

Масбуқ имомга қироати ичида ўқиладиган ракатга етишса, санони ўқийди. Имомга рукуда ва саждада етишган киши қарайди: агар санони ўқиб ҳам, имом билан руку ва саждага қила олишига кўзи етса, санони қиёмда (тик туриб) ўқийди. Бунга кўзи етмаса, санони ўқимай, имомга эргашади. Масбуқ имомга руку ёки саждада етишмаса, бундай қилмайди.

Имомга қаъдада етишган киши санони ўқимайди, такбири таҳримани айтиб, тезда ўтиради (“Баҳрур роиқ”).

Масбуқ қуйидаги ҳолларда имом салом беришидан олдин намознинг қолган ракатларини ўқиш учун туриши мумкин: масҳ қилган бўлса-ю, масҳ муддати ўтиб кетишидан қўрқса; узр соҳиби бўлса ва вақтнинг чиқиб кетишидан хавотирланса; бомдод намозида қуёш чиқиб қолишидан қўрқса; ҳадас етиб қолишидан, яъни таҳорати кетиб қолишидан қўрқса; агар имомнинг салом беришини кутган тақдирда, олдидан одамлар кесиб ўтишидан қўрқса (“Важизул Кардарий”).

Масбуқ, санаб ўтилган ҳолатлардан бири бўлмаганида, ташаҳҳуд миқдорича ўтиргач, имомнинг салом беришини кутмай туриб кетса, намози таҳримий макруҳ билан жоиз бўлади (“Фатҳул қадир”).

 

ЎМИ матбуот хизмати

Read 5378 times

Видеолавҳалар

Top