www.muslimuz
#ЯНГИЛИК: «Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида»ги Қонун лойиҳаси жамоатчилик муҳокамасига қўйилди
2020 йил 19 август куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг parliament.gov.uz сайтида янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикасининг “Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги Қонун лойиҳаси эълон қилинди.
Қонун лойиҳаси ҳар кимнинг виждон эркинлигига бўлган ҳуқуқини, динга бўлган муносабатдан ташқари фуқаролар тенглигини, жамиятда миллатлараро ва конфессионлараро келишувни таъминлаш борасида давлат органлари ва диний ташкилотлар ўртасидаги муносабатларни тартибга солишга қаратилган.
Қонун лойиҳасини такомиллаштиришда жамоатчилик фикрини олиш мақсадида лойиҳа parliament.gov.uz сайтининг “Жамоатчилик муҳокамасига қўйилган қонун лойиҳалари” рукнига (http://parliament.gov.uz/uz/laws/discussed/31743/) жойлаштирилган.
Фикр-мулоҳаза ва таклифларни Ця електронна адреса захищена від спам-ботів. вам потрібно увімкнути JavaScript, щоб побачити її. манзилига йўллашингиз мумкин.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
20 АВГУСТ – ҲИЖРИЙ 1442 ЙИЛНИНГ БИРИНЧИ КУНИ
Жорий йиилнинг 20 август кунидан ҳижрий-қамарий 1442 йил бошланади. Унинг биринчи ойи Муҳаррам ойидир. Одатда мусулмонлар бир-бирларини бу муносабат билан табрик этадилар.
Ҳижрий йилимизни бошлаб берувчи Муҳаррам ойининг номи луғатда «ҳурматланувчи», «улуғланувчи» деган маъноларни англатади. Бу ой ҳижрий сананинг боши, урушлар ҳаром қилинган, ўнинчи куни – Ашуро куни бўлган муҳтарам ва улуғ ойдир. Ҳадисларда ушбу ойни “Аллоҳни ойи” эканлиги билан улуғланган. Ойлар орасида Рамазон ойидан кейинги энг барокатли ва фазилатли ой муборак Муҳаррам ойидир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ушбу ойдаги рўзани Рамазондан кейинги энг афзал рўза эканини таъкидлаганлар.
Аллоҳ таоло ҳижрий янги йилни ва Муҳаррам ойини барчамизга муборак қилсин! Ушбу ойда барчамизни Ўзи рози бўладиган хайрли ишларга муваффақ айласин!
ЎМИ матбуот хизмати
2. БАҚАРА (сигир) СУРАСИ, 80–82 ОЯТЛАР
وَقَالُواْ لَن تَمَسَّنَا ٱلنَّارُ إِلَّآ أَيَّامٗا مَّعۡدُودَةٗۚ قُلۡ أَتَّخَذۡتُمۡ عِندَ ٱللَّهِ عَهۡدٗا فَلَن يُخۡلِفَ ٱللَّهُ عَهۡدَهُۥٓۖ أَمۡ تَقُولُونَ عَلَى ٱللَّهِ مَا لَا تَعۡلَمُونَ٨٠
- (Яҳудийлар): "Бизни жаҳаннам ўти бир неча кунгина тегади, холос", дейишади. (Эй Муҳаммад): "Аллоҳ аҳдини бузмайди, деб Аллоҳдан аҳд олганмисизлар ёки билмаган нарсаларингизни Аллоҳ номидан сўзлаяпсизларми?!" денг.
Исломнинг илк давридаги яҳудийлар: "Бизлар бир неча кунгина дўзахда азобланамиз, кейин Аллоҳ бизларни жазоламайди" деб сафсата сотишарди. Аллоҳ Ўз Пайғамбарига туширган ваҳийи орқали уларнинг бу ёлғон иддаоларини рад этяпти. Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳумо шундай дейди: "Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Мадинага келганларида яҳудийлар: "Бу дунёнинг муддати етти минг йилдир, Аллоҳ инсонларни дўзахда дунё кунларининг ҳар минг йилига охират кунининг бир куни билан азоблайди, демак, етти кунгина жазолайди, сўнг тўхтатилади", дейишар эди. Шунда Аллоҳ юқоридаги оятни нозил қилди" (Икрима ва Саид ибн Жувайрдан Ибн Исҳоқ ривояти). Заҳҳокнинг ривоятида эса Ибн Аббоснинг бундай дегани келтирилади: "Аҳли китоблар дўзахнинг икки тарафи ораси қирқ (йил, кун, ойлиги аниқ бўлмаган) масофа эканини топишди ва: "Биз дўзахда Тавротда топганимизча (яъни, қирқ йил ё кун ё ой) азобланамиз", дейишди" (Найсобурий. "Асбабун-нузул", 18-бет).
بَلَىٰۚ مَن كَسَبَ سَيِّئَةٗ وَأَحَٰطَتۡ بِهِۦ خَطِيَٓٔتُهُۥ فَأُوْلَٰٓئِكَ أَصۡحَٰبُ ٱلنَّارِۖ هُمۡ فِيهَا خَٰلِدُونَ٨١
- Йўқ! Ким ёмонлик қилган бўлса ва ёмонлиги уни ўраб олган бўлса, ана ўшалар дўзахийлардир ва унда абадий қолишади.
Аммо қиёмат келганида одил Парвардигор ким жаннатий, ким дўзахий эканини яхши билгани учун ҳамма нарсани адолат билан ҳал этади. Ўз манфаатлари йўлида ёлғон тўқиб, Аллоҳ таолонинг оятларига куфр келтирган нодон кимсалар қилган ёмонликлари учун дўзахга ташланишади. Минг азобда юриб сақаргача (дўзахнинг энг тубан жойигача) боришади. У ерда заҳарли заққум дарахти бор. Белгиланган куни ўша жойга етадилар. Шунда дўзах посбонлари уларга: "Эй Аллоҳнинг душманлари, сизлар дўзахда фақат белгиланган маълум кунлар азобланамиз, деб ўйлаган эдинглар, мана энди саноқлар кесилди, абадийлик қолди", дейишади.
وَٱلَّذِينَ ءَامَنُواْ وَعَمِلُواْ ٱلصَّٰلِحَٰتِ أُوْلَٰٓئِكَ أَصۡحَٰبُ ٱلۡجَنَّةِۖ هُمۡ فِيهَا خَٰلِدُونَ٨٢
- Имон келтириб, яхши амалларни қилувчилар жаннатийлардир ва унда абадий қолишади.
Дунё ҳаётида имон билан, солиҳ амалларни қилиб ўтган кишилар ухровий тижоратда жуда катта фойда кўришади. Аллоҳ таоло бундай саодатманд кишиларни жаннат билан мукофотлайди ва улар жаннатнинг кўркам боғларида, беҳисоб неъматлар ичра абадий роҳат-фароғатда яшашади. Ривоят этилишича, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бир куни саҳобаларга: "Бани Исроилда бир киши бор эди, у жуда кўп хайрли ишларни қиларди. Ўша киши қиёмат куни сизларнинг ичингизда ҳашр (қайта тирилиш) қилинади", дедилар. Шунда саҳобалар: "Эй Аллоҳнинг Расули, у киши нима яхши иш қиларди?" деб сўрашди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай жавоб қилдилар: "Унга отасидан жуда кўп мол-дунё мерос қолганди. Бойликнинг бир қисмига бир боғ сотиб олиб, уни фақирларга вақф (абадий фойдаланишга бериш) қилди: "Парвардигорим ҳузурига борганда бу менинг боғим бўлади", деди. Яна бир қанча олтин айириб, уни фақир ва ночор кишиларга тарқатди: "Бу билан Аллоҳ таолодан жория ва қуллар сотиб оламан", деди. Яна бир қанча қулларни озод қилди: "Булар ҳам Аллоҳ ҳузурида менинг хизматчиларим бўлади", деди. Бир куни эса кўзи ожиз одамни кўриб қолди. Қараса, қоқилиб-йиқилиб кетяпти. Унга бир улов сотиб олиб берди ва: "Бу эса Аллоҳ таоло ҳузурида менинг уловим бўлади", деди. Пайғамбар алайҳиссалом бу ҳикояни айтиб бўлганларидан кейин: "Жоним измида бўлган Аллоҳ таолога қасамки, бу улов унинг учун эгарланган ва жиловланган ҳолда ҳозир турганини кўряпман, бу киши унга минади ва Маҳшаргоҳга шундай ҳолда келади", дедилар.
ХУШХАБАР: Янги йиллик тақвим нашрдан чиқди!
Қувончли воқеа шуки, кўп йиллардан буён Ўзбекистон мусулмонлари идораси томонидан чоп этиб келинаётган ишончли тақвим китоби нашрдан чиқди.
Ушбу тақвим китоби бир неча ўн йиллар давомида мўмин-мусулмонларнинг энг муҳим қўлланмасига айланиб, халқимизнинг ўта ишончли манбаси ҳисобланади.
Таъкидлаш кераки, янги 1442 ҳижрий йил учун (2020-2021 мил.) тақвим китоби Марказий Осиёдаги уламолар, фатво ҳайъатлари ҳамда Астрономия институти мутахассислари томонидан пухта ишлаб чиқилиб, ҳар бир жиҳатга жиддий эътибор қаратилган ҳолда намоз вақтлари ниҳоятда аниқлик ва дақиқлик билан кўрсатилди.
Бугундан, “Шамсуддинхон Бобохонов” нашриёт-матбаа ижодий уйи томонидан махсус ҳимоя белгиси билан янги йиллик тақвим китоби сотувга чиқди. Ушбу тақвимга Дин ишлари бўйича қўмитанинг ижобий хулосаси ҳам олинган.
Беш вақт намознинг аниқ вақтлари, динимиз аҳкомлари, ҳижрий ойлар фазилати, улуғлар ўгити ва насиҳатини ўз ичига олган, янги шакл ва юқори дизайндаги йиллик тақвимни харид қилишга шошилинг!
Эслатма, намоз ўз вақтида фарз эканини инобатга олган ҳолда ишончли тақвимни харид қилиш муҳимдир. Шариатимизда намоз вақтлари Қуёшнинг чиқиши, қиёмга келиши ва ботиши ҳолатлари билан боғлиқлиги алоҳида қайд этилган. Мазкур тақвимда айнан мана шу жиҳатларга жуда ҳам катта эътибор қаратилган.
Ўз навбатида, ноқонуний ва яширин йўллар ёки нусха кўчириш орқали кўпайтирилган намоз вақтларини харид қилишдан эҳтиёт бўлинг, уларнинг тўғрилигига ҳеч ким кафолат бермайди!
Азиз ўқувчилар, ишончли, мазмундор ва ҳар томонлама сифатли тақвимни республикамиздаги барча китоб дўконларидан харид қилишингизни тавсия этамиз. Нашриётимизнинг ўзидан сотиб олсангиз, исталган услубда янада қулай ва арзон нархларда олишингиз мумкин.
Мурожаат учун телефонлар:
Иш: 71-227-34-30
Уяли: 90-934-04-20
«Шамсуддинхон Бобохонов» НМИУ
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
ХУШХАБАР: Муфтий ҳазратлари Олий маъҳаддаги янги қурилиш ишига оқ фотиҳа бердилар
Бугун, 19 август куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари Тошкент ислом институтида олиб борилаётган бунёдкорлик ва режалаштирилган қурилиш ишлари билан яқиндан танишдилар.
Муфтий ҳазратлари ушбу ўқув даргоҳи ҳудудида қад ростлаётган 4 қаватли бинода бўлаётган қурилиш жараёнларини кўздан кечириш чоғида ўқитувчи ва талабаларга қулай шарт-шароитлар қилиш, қўшимча бинонинг олийгоҳ фаолиятидаги таълим жараёнига ижобий таъсири ҳақида тавсиялар бердилар.
Ҳозирда мазкур бинога пластик деразалар ўрнатиш, бинони том қисмини ёпиш ва ички ва ташқи томонларида пардозлаш ишлари амалга оширилмоқда.
Шу билан бирга Тошкент ислом институти ректори Уйғун Ғафуров Тошкент ислом институтининг ўқув аудитория ва маъмурий-бошқарув хоналарга эҳтиёжини таъминлаш мақсадида, институтда мавжуд асосий бинони реконструкция қилиш (янги 3-қават қуриш) бўйича барча зарур ҳужжатларни расмийлаштириш ишлари амалга оширилганини ҳамда мазкур ўқув биносини “Paradise Projects” масъулияти чекланган жамиятнинг таклиф лойиҳасига биноан Тошкент шаҳар Қурилиш бош бошқармаси ҳамда Тошкент шаҳар Архитектура ва қурилишни назорат қилиш бошқармасидан мавжуд бинони реконструкция қилишга рухсатнома олинганлигини айтиб ўтди.
Институтнинг асосий биносида реконструкция ишлари 2020 йил 20 авгусдан бошланади ҳамда қўшимча равишда 15 дона талабалар ўқув аудиторияси, 1 дона катта мажлислар зали, 1 дона ўқитувчи ва талабалар ошхонасини жойлаштириш режалаштирилган.
Олий маъҳаддаги янги қурилиш ишларини миллий ва замонавий меъморчилик анъаналарига тўла мос ҳолда амалга ошириш юзасидан муфтий ҳазратлари алоҳида йўналишлар ва тавсиялар бердилар.
Ташриф сўнгида муфтий ҳазратлари мазкур қурилиш ишлари учун дуои фотиҳа бердилар
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати