www.muslimuz
Ушбу синовлардан бирдамлик билан ўтамиз
Бугунги синовли кунларда ёнма-ён туриб, ўзаро ҳамжиҳатликда қийинчиликларни енгиб ўтишда кўплаб соҳа вакиллари намуна бўлмоқда. Буларга мисол тариқасида тиббиёт ва барча давлат ташкилотлари ходимларини келтиришимиз мумкин. Уларнинг касалликни енгиб ўтиш бўйича амалга ошираётган меҳнатлари, аҳолининг тинчлик ва хотиржамлигини сақлаш борасида куну-тун сайъ-ҳаркатлари алоҳида таҳсинга сазовор. Аҳолимиздан эса фақат жорий қилинган тартибга риоя этган ҳолларида, иложи борича кўчага чиқмасликлари талаб этилади.
Шу йўналишда имом-хатибларимиз ҳам ўз ҳиссаларини қўшишга ҳаракат қилмоқдалар. Улар томонидан аҳоли ўртасида тушунтириш, тарғибот ишлари олиб борилиб, тиббиёт ниқоблари тарқатиилмоқда. Кам таъминланган оилаларга моддий ёрдамлар кўрсатимоқда. Сиз ҳам хайрли ишларга ўз ҳиссангизни қўшинг, ҳурматли ватандош!
ЎМИ Самарқанд вилоят вакиллиги ахборот хизмати
Йўловчи масжид биносига илк ғишт қўйилди
Бугун, 25 март куни Сирдарё вилояти Мирзаобод туманидаги “Олтин Ўрда” жоме масжиди янги биносига илк ғишт қўйилди. Унда Сирдарё вилояти бош имом-хатиби Ҳабибулло домла Зокиров иштирок этди.
Ушбу масжиднинг янги биноси аввалги ўрнида эмас, балки Тошкент – Самарқанд йўналишидаги М-34 магистрал йўли бўйида қурилмоқда. Бу эса ҳудуд аҳолиси билан бирга, йўловчиларнинг ҳам ибодатларини адо этиши учун қулайлик туғдиради.
Ихчам тарзда ўтказилган маросимда Ҳабибулло домла Аллоҳ таолодан янги қад ростлаётган масжиднинг қурилишига барокат беришини, ушбу хайрли ишга ҳисса қўшаётганларга бериладиган савобларни янада кўпайтириб беришини, юртимиз ва бутун дунё аҳолисини каронавирус касаллигидан тез орада халос қилишини сўраб хайрли дуолар қилдилар.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
Имом-хатиблар хайрли ишларга бош бўлмоқда
Тошкент шаҳар “Коҳ ота Бузрук” жоме масжиди имом-хатиби Абдуҳаким домла Пирназаров ташаббуси билан ҳомийларни жалб қилган ҳолда, масжид атрофидаги 5 та “Коҳ ота”, “Тахтапул”, “Шайхонтоҳур”, “Жангоҳ”, “Лабзак” маҳаллалари истиқомат қилувчи 145 нафар кам таъминланган, боқувчисини йўқотган, моддий кўмакка муҳтож, карантинга олинган хонадонларга 150 кг қўй гўшти, 300 киллограмдан шакар, ун, чой, гуруч; 150 киллограмдан ўсимлик ёғи, макрон махсулотлари, шунингдек, қадоқ совун, тиббиёт ниқоби, турли хил ширинликлар жами 20 750 000 сўмлик озиқ-овқат ва хўжалик маҳсулотларини тарқатишди.
Ушбу хайрли ишлардан мамнун бўлган маҳалла аҳиллари, хонадон эгалари масжид ходимлари билан бирга Аллоҳ таолодан қийинчилик дамларида бир тану, бир жон бўлиб, ёрдамга шошилган саҳоватпеша инсонлар, хайрли ишларга тарғиб қилганлар ҳақига, юртимиз ва бутун дунёдан каронавирус юқумли касаллиги аритиши, барча беморларга шифо беришини сўраб хайрли дуолар қилишди.
Шукруллоҳ ҚУРБОНОВ,
“Коҳ ота Бузрук” жоме масжиди имом ноиби.
ЎМИ Матбуот хизмати
Вабодан қутулишнинг гўзал бир чораси
Шайхул-араб вал-ажам, Ҳазрати Мавлоно Шоҳ Ҳаким Муҳаммад Ахтар раҳматуллоҳи алайҳ айтадилар:
"Ҳакимул уммат, Ҳазрати Мавлоно Ашраф Али Таҳановий раҳматуллоҳи алайҳ Сарвари олам соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муҳаббатларида бир китоб ёздилар. Унинг номи "Нашрут-тийби фий зикрин Набиййил Ҳабийби соллаллоҳу алайҳи васаллам"дир. Бу китоб Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ишқларида ёзилгандир. Бундан маълум бўладики, унинг мусаннифи Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга жуда катта ошиқ эди. Ҳазрати Таҳановий раҳматуллоҳи алайҳ Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг фазилатлари ҳақида бу китобни ёзаётган вақтларида, Тҳана Бҳунда вабо тарқалган эди. Китобни ёзган кунлари шаҳарчада бирор ўлим бўлмас эди ва ёзишдан тўхтаган кунлари бир неча ўлим бўлар эди.
Ҳазратга тинимсиз бундай хабарлар етавергач, у киши ҳар куни ёза бошладилар. Ҳар куни Сарвари олам соллаллоҳу алайҳи васалламнинг фазилатлари ва шаънларини ёза бошлаганларида, у ерда вабо буткул тугади. Шунга кўра, дуруди шариф (салавот)ни кўп айтишлик, балоларни даф бўлиши учун ҳам гўзал чорадир ва бир дуруди шарифга ўнта даража кўтарилади, ўнта яхшилик ёзилади ва ўнта гуноҳ авф қилинади ва Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муҳаббат ҳақлари адо бўлади".
"Одоби ишқи Расул соллаллоҳу алайҳи васаллам" китобидан.
Қанча масофавий дарслар ўтилди?
Аввал хабар берганимиздек, жорий йил 16 март кунидан бошлаб диний таълим муассасалари талабалари таътилга чиқарилиб, курс ва гуруҳлар кесимида ташкил этилган “telegram” груҳлари орқали дарсларни масофавий тарзда мунтазам ўтказиш йўлга қўйилган эди.
Шу йил 16-24 март кунлари давомида Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг muslim.uz ва институтнинг islaminstitut.uz интернет сайти, “telegram” каналлари орқали талабаларнинг 39 та гуруҳига ҳар бир фан мавзулари бўйича 9 та онлайн, 26 та аудиодарс, 5 та видеодарс ўтилди, телеграм гуруҳларига 14 та маъруза матни, 11 та слайдлар жойланди. Бу борадаги ишлар режали тарзда олиб борилмоқда.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати