www.muslimuz
Қуръон илмлари: ВАҲИЙНИ ТУШУНИБ ЕТМАСЛИК
ВАҲИЙНИ ТУШУНИБ ЕТМАСЛИК (охири)
- Қуръоний ваҳийни илҳом ва кашф деган даъво.
Қуръони Карим ваҳийсини тушуниб етмаслик фақат қадимги мушриклар ва ҳозирги душманларгагина хос эмас. Балки Исломдан бошқа динларнинг пешволарига ҳам тегишли хусусиятдир. Улар ваҳийни тан олсалар ҳам, уни нотўғри тушуниб олганлар.
Бу ҳақда доктор Субҳий Солиҳ раҳматуллоҳи алайҳи қуйидагиларни ёзади:
«Афсуски, биз Қуръони Карим таъкидлаганидек, «ваҳий» тушунчасининг барча пайғамбарлар ҳузурида ягона эканини айтар эканмиз, «Муқаддас Китоб» қомусида «ваҳий» сўзига турли хил ихтилофли тафсирлар берилганини кўрамиз. Ушбу қомусга кўра: «Ваҳий – бу Аллоҳнинг руҳи руҳий ҳақиқатлар ва ғайбий хабарларни кўриш учун илҳомлантирилган котибларнинг руҳига тушишидир. Мазкур ваҳий котиблари ўз шахсиятларида бирор нарсани йўқотиб қўймайдилар, уларнинг ҳар бири ўз таълиф йўналишлари ва таъбирида ўз услубларига эгадир».
Бу ерда бизни афсуслантираётган нарса – қомусий таърифга кўра, ваҳийнинг Аллоҳга диний боғланишдан анча узоқлигидир. Ваҳий аслида Аллоҳдан олинади. Бу ердаги ваҳийнинг таърифи кўпроқ кашф ёки илҳомнинг далолатига яқинроқдир.
Кашфнинг шундай соф турлари борки, башарият орасида руҳий покланишлар бўлиб, улардан илҳом берилган шоирлар, сўфилар ва орифлар кашф орқали турли хил соф фикрларни айтганлар. Кашфнинг кирланган тарафи ҳам борки, бу коҳинлар ва фолбинларда кўринади. Уларнинг аксари ёлғончи ва дажжоллардир.
Биз калималарни ўз ўрнида ишлатмасликдан қўрқишимиз лозим бўлади. Ваҳий ҳолатини «кашф» лафзидан ажратиб қўйишимиз керак. Шунга ўхшаш, «илҳом», «ботиний ва ички ҳис-туйғулар» каби калималарни ҳам «ваҳий» калимасидан узоқлатишимиз даркор. Ажамларга тақлид қилаётган баъзи одамлар ажабтовур соддалик билан набийлар ва набийларнинг охиргиси бўлмиш Муҳаммад алайҳиссалом ҳузурларидаги ваҳий ҳолатини нотўғри тафсир қилмоқдалар.
Кашфнинг далолатини ҳар қандай даъвогарга исботлаб бермоғимиз, сўнгра «Ваҳийнинг далолати ҳам кашфнинг далолатидандир», демоқчи бўлаётганларни инкор қилишимиз ниҳоятда осон иш.
Албатта, кашф очиқ-ойдин чегарада нафсий далолатдан холи бўлмайди. Чунки у кўпинча машаққат ва уриниш самараси бўлади, ёки руҳий риёзат таъсирида юзага келади, ёхуд узун тафаккурнинг натижаси бўлади. Кашф инсоннинг ўзида комил ишончни ва комилликнинг мислини пайдо қилмайди, балки бу шахсий иш бўлиб, ҳақиқатни Улуғ ва Олий масдардан олмайди.
Орифларнинг кашфи восилларнинг илҳомига ўхшайди. Нафс уни яқийн бўлмаган, яъни ўта ишончли бўлмаган маърифат ила билади. Нафс унга унинг масдарини сезмаган ҳолда ажраб чиқади. Унга завқлиларнинг завқи, топқирларнинг топқирлиги ҳам қўшилиб кетади. Яна юнонларнинг наздидаги шеър худосининг афсоналари ва жоҳилият арабларининг наздидаги шеър шайтонларининг уйдирмалари ҳам кашфдан дейилаверади.
Шубҳасиз, кашф илҳомга ўхшайди. «Кашф» лафзи янги пайдо бўлган «психология» фанининг лафзларидан бўлиб, ҳатто уни бор дейдиганлар ҳам мубҳамлик ичидадир. Исмидан ҳам кўриниб турибдики, у ҳис ва сезиш ҳолатларидан узоқдир. Агар инсон тўғрисида «Бу кашф ва илҳом эгаси», дейилса, ушбу сифатлар билан у нубувват ва ваҳий даражасига етолмайди. Чунки ҳар бир ваҳийда ўзига сингдириш бор. Ҳар бир нубувватда (илоҳий хабарни қабул қилишда) унинг маъносини сезиш ва мағзини идрок қилиш бор. Ўзига бирор нарсани сингдириш хусусиятини йўқотган кишига нисбатан хотирасиз, деб тош отилади. Ҳис-туйғудан маҳрум бўлган кишига бефаҳмлик шармандалиги ёпиштирилади» (иқтибос тугади).
Ушбу илмий мулоҳазалар ҳақида хулоса қилинар экан, кашф билан ваҳийнинг ўртасида катта фарқ борлиги очиқ-ойдин маълум бўлади. Бошқа динларнинг муқаддас китобларида кашф билан ваҳийнинг ажратилмагани ўша китобларнинг ўзгариб кетишига асосий сабаблардан бири бўлган. Натижада масиҳийлик динининг асоси бўлган муқаддас китоблари учун кашфни ваҳий ўрнида қабул қилишга мажбур бўлиб қолишган. Набийнинг сўзини ажратиб, Аллоҳнинг сўзини алоҳида муҳофаза қилишга аҳамият берилмагани учун, бутун бошли илоҳий китоб зое бўлган. Инжилдан нафақат пайғамбарнинг сўзлари, балки Ийсо алайҳиссаломни мутлақо кўрмаган кишиларнинг ҳам сўзлари ўрин олиб қолган ва насронийлар ушбу сўзларни ҳам илоҳий калом сифатида қабул қилишган. Кишилар уйларида ёлғиз ўтириб, ўзларига кашф бўлаётганини даъво қилиб, Инжиллар ёзишган ва ана шу ёзилган нарсалар ваҳий ўрнига ўтиб қолган.
Қуръони Каримнинг ўзида Аллоҳ таоло Ўз ваҳийсини Ўзи муҳофаза қилишини айтиш билан бирга, ушбу ваҳийни бошқа каломлардан, ҳатто ўз Пайғамбарининг каломидан ҳам ажратиб тушунадиган ва тушунтирадиган миллатни Аллоҳ таолонинг Ўзи чиқарган. Қуръони Карим фақатгина Аллоҳнинг сўзи экани ва унда башарият каломидан бирор луқма аралашмагани Қуръони Каримнинг ўзидан далиллар келтириб, исботлангандир.
Кўриб ўтганимиздек, Қуръони Каримда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни койиш, одоб бериш, таҳдид қилиш, қўрқитиш, ҳатто агар у киши соллаллоҳу алайҳи васаллам Аллоҳнинг Каломига ўзларидан бирор нарса қўшсалар, «собр» ўлими каби даҳшатли ўлим билан огоҳлантириш борлиги Қуръони Каримда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бирорта сўзлари йўқлигини билдиради.
Бугунги кунда ўзларини «маданиятли» дейдиган ўлкалардаги мусулмон бўлмаганлар Қуръони Каримни Муҳаммад алайҳиссаломнинг шахсий сўзлари дейишади ва бу гапларига бизнинг эски китобларимизда ёзилиб қолган исроилиётларни, заиф ва турли мавзу ҳадисларни далил қилиб келтиришади. Бу каби даъволарга ваҳий тўғрисидаги соф илмий баҳсларда етарлича раддиялар берилган. Ажабланарлиси шуки, шаккок шарқшуносларнинг Мусо алайҳиссаломга, Ийсо алайҳиссаломга ваҳий нозил бўлишини, осмондан китоб тушишини сиғдирган аққлари негадир Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга ваҳий нозил бўлишини сиғдира олмайди.
Уламоларимиз Қуръони Каримнинг нозил бўлиши ўзига хос ягона ҳолат эканини муфассал баён қилганлар. «Аз-Зоҳира ал-Қуръания» – «Қуръоний ҳодиса» истилоҳи жазоирлик машҳур мутафаккир Молик ибн Набий раҳматуллоҳи алайҳига мансубдир. У кишининг «Аз-Зоҳира ал-Қуръания» номли француз тилида ёзилган китоби бор. У киши ушбу китобда ваҳий ҳолатини чуқур таҳлил қилиб, соғлом ақл таслим бўладиган даражада баҳс юритган. Ваҳийнинг инсон сифатидан мустақил эканини, Қуръони Карим Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ичларидан чиқмаганини, балки у илоҳий иноят ўлароқ, юқоридан нозил бўлганини исботлаб берган.
Аммо, минг афсуслар бўлсинким, ҳозиргача инсоният тарихидаги ушбу нодир ҳолатни ҳар ким ўз қаричи билан ўлчаб келмоқда ва ўзининг айтганини илмий ҳақиқат деб даъво қилмоқда. Турли мантиқсиз даъволарни бир тарафга қўйиб турайлик-да, Қуръони Карим маъноларини рус тилига таржима қилиш борасида икки оғиз сўз айтиб ўтайлик.
Ҳозирги кунга келиб, Қуръони Карим маъноларининг рус тилидаги таржима ва тафсирлари ўн бешдан ортиб кетди. Лекин мазкур таржималарда «Қуръон» сўзининг луғавий ва истилоҳий маъноси ҳақида бирор сўз учратиш қийин. Энг ачинарлиси, Қуръони Каримнинг асоси бўлган «ваҳий» сўзининг маъноси бутунлай бузиб юборилган, у «внушение» ёки «откровение» деб таржима қилинган. Агар рус тилининг изоҳли луғатларига мурожаат қиладиган бўлсак, ушбу икки сўз қанчалик изоҳланса ҳам, «ваҳий»нинг асл маъносига ҳатто яқин ҳам келмаслигини кўрамиз.
Абрамов луғати
Внушение – вдохновление, веяние, совет, рекомендация, предложение, наущение, вдохновение, побуждение – ишонтириш (сингдириш), илҳомлантириш, маслаҳат бериш, тавсия қилиш, таклиф қилиш, васваса қилиш, гиж-гижлаш, ундаш, туртки бериш...
Ефремова луғати
Внушение ср.
1) а) Словесное воздействие на волю, сознание человека с целью убедить его в чем-л. или вызвать какое-л. чувство. – Иродага, инсон онгига уни бирон нарсага ишонтириш ёки қандайдир ҳиссиёт уйғотиш мақсадида сўз билан таъсир кўрсатиш.
б) Воздействие на поступки человека чувств, настроений, состояний – Инсоннинг хатти-ҳаракатига ҳислар, кайфиятлар ва ҳолатларнинг таъсир кўрсатиши
в) Целенаправленное воздействие словами на психику человека (обычно приведенного в состояние гипноза) для изменения его отношения к чему-л., преодоления вредных привычек, коррекции поведения и т.п. (в медицине) – инсон руҳиятига (одатда гипноз ҳолатига келган кишига) унинг бирон нарсага нисбатан муносабатини ўзгартириш, зарарли одатларини тарк эттириш, феъл-атворини ислоҳ қилиш учун мақсадли равишда сўз воситасида таъсир кўрсатиш (тиббиётда).
2) Поучение, наставление, выговор – панд-насиҳат, ўгит,
койиш, ҳайфсан.
внушать 1) а) Воздействуя словами на волю, сознание, заставлять усвоить какую-л. мысль, прийти к какому-л. убеждению – Иродага, онгга сўз билан таъсир кўрсатиб, қандайдир фикрни ўзлаштиришга, қандайдир ишончга келишга мажбур қилиш.
б) Целенаправленно воздействовать словами на психику человека (обычно приведенного в состояние гипноза) для изменения его отношения к чему-л., преодоления вредных привычек, коррекции поведения и т.п. (в медицине) – Инсон руҳиятига (одатда гипноз ҳолатига тушган кишига) мақсадли равишда сўз ёрдамида таъсир этиш (тиббиётда).
2) Возбуждать в ком-л. какое-л. чувство – кишида маълум бир ҳиссиётни уйғотиш, қўзғаш.
Ожегов луғати.
Внушение – воздействие на психику больного, гипноз. Например, лечение внушением, наставление, выговор родительское внушение – Беморнинг руҳиятига таъсир кўрсатиш, гипноз. Масалан, ишонтириш билан даволаш, панд-насиҳат, койиш, оталарча ўгит.
внушить – воздействуя на волю, вознание, побудить в чему-нибудь, заставить усвоить что-нибудь. Например, внушить страх, внушить уважение к старшим – Иродага, онгга таъсир кўрсатиб туриб, бирор ишга ундаш, туртки бериш, бирор нарсани ўзлаштиришга мажбур қилиш, Масалан, қўрқув уйғотиш, юрагига ваҳима солиш, катталарга ҳурмат ҳиссини сингдириш.
Ушаков лугати.
Внушение. 1. Воздействие на волю другого с тем, чтобы заставить его бессознательно выполнять чужие желания; гипноз (книжн.). Роль внушения в душевной жизни. Массовое внушение. Лечить алкоголика внушением – Кишининг иродасига бировларнинг истак-хоҳишини онгсиз (кўр-кўрона, ҳушсиз) равишда бажаришга мажбур қилиш мақсадида таъсир кўрсатиш, гипноз (китобий). Ишонтиришнинг руҳий ҳаётдаги ўрни. Оммавий ишонтириш. Ичкиликбозни ишонтириш йўли билан даволаш;
– Воздействие кого-чего-н. на волю; влияние, подчиняющее себе волю кого-н. (книжн.). Он действует по внушению своих товарищей – Иродага алланарсанинг ёки аллакимнинг таъсир кўрсатиши. Бировнинг иродасини ўзига бўйсундирувчи таъсир. У дўстларининг таъсирида иш тутяпти.
- Совет, наставление. Она не слушалась внушений. || Выговор, словесное взыскание (разг.). Отеческое внушение. Сделать строгое внушение кому-н. – Маслаҳат, ўгит. У панд-насиҳатларга қулоқ солмас эди. Ҳайфсан, оғзаки таъзир. Оталарча ўгит. Қатьий ҳайфсан эълон қилиш.
Внушать 1. что кому-чему. вызывать, возбуждать по отношению к себе какие-н. ощущения, мысли, заставлять чувствовать что-н. Он внушает мне отвращение. Внушать к себе страх. Внушать почтение. || – Ўзига нисбатан қандайдир сезги, фикр қўзғатиш, уйғотиш, маълум бир ҳиссиёт ҳосил қилдириш. У менда нафрат уйғотяпти. Ўзига қўрқув сингдириш. Ҳурмат уйғотиш;
– Наводить на какие-н. мысли, вызывать какие-н. чувства. Его вид внушает мне опасение за его здоровье – Маълум бир хаёлга, ҳиссиётларга олиб бориш. Унинг кўриниши менда унинг соғлиғидан ташвиш уйғотяпти;
- что кому-чему и без доп. Поучать, наставлять, заставлять усвоить какие-н. убеждения. Внушать мораль. Всегда внушал ему, что необходимо действовать вместе – Ўргатиш, ўқитиш, уқтириш, насиҳат қилиш, ўгит, маълум бир ишонч-эътиқодни ўзлаштиришга мажбур қилиш. Одоб бериш. Ҳар доим унга биргаликда иш тутиш кераклигини ўргатарди.
Абрамов луғати
Внушать, вдохновлять, вкоренять, внедрять, впечатлевать, вселять; запечатлевать; научать, вразумлять, наставлять; надоумливать, намекать, советовать, уговаривать. Прививать кому правильные понятия. Вливать в сердце добрые помыслы. «Вселял безверие, укоренял разврат». Крыл. Намекни свинье вилами, чтоб в огород не лазила! Ср. Учить, Советовать, Возбуждать, Вдохновлять и Утверждать. См. вдохновлять, влагать, влиять, научать, советовать – Ишонтириш, илҳомлантириш, сингдириш, киритиш, татбиқ қилиш, жорий қилиш, таассурот қолдириш, ўргатиш, ақл ўргатиш, ақл бериш, насиҳат қилиш, ақл киргизиш, шама қилиш, киноя қилиш, маслаҳат бериш, кўндириш, йўлга солиш. Тўғри тушунчани сингдириш. Қалбга яхши ният солиш. «Иймонсизлик киритар, бузуқлик сингдирарди» (Крылов). Чўчқага паншаха билан тушунтир, полизга кирмасин! Ўқитиш, маслаҳат бериш, қўзғаш, илҳомлантириш, тасдиқлаш. Таъсир кўрсатиш, ўргатиш, маслаҳат бериш.
Даль луғати
ВНУШАТЬ, внушить что кому. Вселять, вперять, вкоренять, внедрять; передавать, убеждать, поселять в мыслях, помыслах; заставить думать, хотеть; побудить к принятию передаваемого словами или другим способом. Не внушайся бесом, не согрешишь – Сингдириш, тиқиштириш, ўзлаштириш, татбиқ қилиш, ўйлашга мажбур қилиш, ишонтириш, калласига фикр жойлаш, сўз ёки бошқа восита билан берилган фикрни қабул қилишга мажбур қилиш. Шайтонга эргашма, гуноҳ қилмайсан.
ОТКРОВЕНИЕ и пр. см. открывать – очилиш – очишнинг мажҳули
Ожегов луғати
Откровение то, что неожиданно открывает истину, вносит ясность, понимание. Эта новость – полное о. для всех – Бирдан ҳақиқатни очувчи, ойдинлик киритувчи, аниқлаштирувчи. Бу янгилик ҳамма учун мутлақо ойдинлик бўлди.
Ушаков луғати
ОТКРОВЕНИЕ, откровения, ср. (книжн.).
- Сообщение, открывающее тайну (ритор.). «Не требуй от меня опасных откровений». Пушкин – Сирни очувчи, фош этувчи хабар. «Мендан хавфли изҳорларни талаб қилма» (Пушкин).
- То, что внезапно объясняет остававшееся непонятным, открывает какую-н. истину, дает новое понимание чего-н. Новая постановка вопроса была для всех откровением – Тушунарсиз бўлиб келган нарсани тўсатдан изоҳловчи, ҳақиқатни ошкор қилувчи, бир нарсага янгича таъриф берувчи. Масаланинг янгича қўйилиши ҳамма учун ойдинлик бўлди.
- По христианским догматам – истина, сообщение, открывающие волю божества (церк.) – Насроний ақийдаларга кўра – илоҳнинг иродасини очиб берувчи ҳақиқат, хабар (черков истилоҳи).
РУСЧА-ЎЗБЕКЧА ЛУҒАТДАН ОЛИНГАН ТАЪРИФЛАР
Внушить сов. (несов. внушать) что кому
- таъсир кўрсатиб (ёки гап билан) ишонтирмоқ; инонтирмоқ, кўнглига солмоқ, маъқул қилмоқ; уқтирмоқ; ~ кому-л. какую-л. мысль, кимсага бирор фикрни уқтирмоқ;
- бирор ҳис туғдирмоқ, уйғотмоқ; ~ отвращение нафрат ҳиссини уйғотмоқ; нафрат туғдирмоқ;
- ўргатмоқ, панд-насиҳат қилмоқ.
Внушени/е с
- по гл. внушить; по ~ю товарищей дўстларнинг гапига ишониб;
- инонтириш, ихлос туғдириш, гипноз; лечить ~ем инонтириш (гипноз) йўли билан даволаш;
- койиш; танбеҳ; ўгит, панд-насиҳат.
Откровение с
- рел. уст. ваҳий;
- кўзни очувчи янгилик, кутилмаган янгилик, такая пастановка вопроса была ~м для всех масаланинг бундай қўйилиши ҳамма учун кутилмаган бир янгилик эди;
- уст. очиқ (очиғини) айтиш, рўйи-рост гапириш; дилдагини (дил розини) айтиш; очилиб гапириш, очиқ (рост, бор) гап; дил рози.
Ниҳоятда узайиб кетган иқтибослар ва уларнинг таржималаридан кўриниб турибдики, Қуръони Карим маъноларининг ўн бешдан ортиқ таржималарида бу муқаддас Китобнинг асоси бўлмиш ваҳий тамоман нотўғри талқин қилинган. Энг яқини «илҳом» маъноси бўлиши мумкин. Бу эса «Қуръони Каримнинг ўзи ҳам, аҳли Қуръон уммати ҳам ҳеч қандай далил ва ҳужжат бўлиши мумкин эмас, чунки бу оддий илҳом экан», деган нотўғри хулосага олиб келиши мумкин.
Энди инсоф билан ўйлаб кўрайлик. Дунёдаги энг кўп тарқалган тиллардан бирйда Қуръони Карим маънолари таржималарида на «Қуръон» сўзининг маъноси ва на Қуръони Каримнинг асоси бўлган «ваҳий» сўзининг маъноси мутлақо ўз ифодасини топмаган бўлса, буни қандай баҳолаш мумкин?!
Бундай нохуш ҳолатнинг давом этишида мусулмон уламоларнинг ҳам айби бор. Чунки мазкур таржималарнинг кўпчилиги мусулмон бўлмаган одамлар, сўнггилари эса мусулмон миллатларга мансуб бўлса ҳам, Исломий илмлардан бехабар шахслар томонидан қилинган. Шунинг учун ҳам мусулмон уламолар бошқа тилларда ҳам мавжуд бўлган ушбу муаммони ҳал қилишда, Қуръони Карим ва ваҳий ҳақиқатини тўғри баён қилиб беришда мажбуриятларини шараф билан адо этишлари лозим.
КЕЙИНГИ МАВЗУЛАР:
Қуръони Каримнинг тарқоқ нозил бўлиши ҳикматлари;
Мўминаларга ибрат мўминалар: Фитналарга гувоҳ Зайнаб розияллоҳу анҳо
Зайнаб розияллоҳу анҳо бинти Aли ибн Aбу Толиб розияллоҳу анҳу ҳижратнинг олтинчи йили туғилганлар. Бу йили Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам мушриклар билан Ҳудайбийя сулҳини туздилар. Оналари Фотима розияллоҳу анҳо онамиз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қизларидир. Aкалари Ҳасан ва Ҳусайн розияллоҳу анҳумолардан кейин туғилганлар. Зайнаб розияллоҳу анҳо саодат асрида яшадилар. Боболари Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Aраб жаризасига Исломни ёйдилар. Оталари Aли розияллоҳу анҳу илм ва тақво соҳибидирлар. Зайнаб розияллоҳу анҳо шундай улуғ, дунёда беназир ва мўтабар оилада яшадилар. Қуръонни тўла ёдлаб, боболари Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан баъзи ҳадисларни ёдладилар. Aйрим илмларни, фиқҳни саҳобалардан ўргандилар. Пайғамбаримиз вафотларидан энг аввал хафа бўлган қизча ҳазрат Aли розияллоҳу анҳунинг қизлари Зайнаб розияллоҳу анҳодир!
Ёшликлари
Зайнаб розияллоҳу анҳо оналари – ҳазрати Фотима розияллоҳу анҳонинг, оталари Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам вафотларидан кейин қаттиқ куюниб йиғлаганларини кўрдилар. Олти ойдан кейин Фотима розияллоҳу анҳо ҳам вафот этдилар. Зайнаб розияллоҳу анҳо оналарининг вафотларидан кўп маҳзун бўлиб, оталари Aли розияллоҳу анҳуга суяниб қолдилар. Зайнаб розияллоҳу анҳо оналарининг қабрларига оталари билан бирга бордилар. Ҳазрати Aли розияллоҳу анҳу йиғлаб шундай дуо қилдилар: “Aссалому алайка, ё Расулуллоҳ. Ёнингизга қизингизни ҳам олиб келдик. Сиз билан учрашадиган кун яқин! Ё Расулуллоҳ, бу мусибатларга сабрим қолмади... Инна лиллаҳи ва инна илайҳи рожиъун”. Зайнаб розияллоҳу анҳо оналари Фотима розияллоҳу анҳонинг тўшакда акаларига қилаётган васиятларини эшитгандилар...
Зайнаб розияллоҳу анҳо акалари Ҳасан ва Ҳусайн розияллоҳу анҳумларнинг ғамхўрликлари сояси остида балоғат ёшига етдилар. Кун келиб, оталари ҳазрати Али розияллоҳу анҳунинг амакиваччаси бўлмиш Қурайшлик Aбдуллоҳ ибн Жаъфарга турмушга чиқдилар. Ҳалим ва сахий зотлардан бўлганлари учун «сахийлар денгизи» деган ном олган Aбдуллоҳ ибн Жаъфар ҳазрати Aлининг энг яқинларидан эди. Ҳеч қачон талабларини қайтармасди.
Фитналарнинг гувоҳи
Зайнаб розияллоҳу анҳо олтин асрда яшадилар. Ҳазрати Aбу Бакр, Умар, Усмон ва оталари Aли розияллоҳу анҳуларнинг халифалик қилган даврларни кўрдилар. Мусулмонлар орасида фитна бошланганининг ҳам шоҳиди бўлдилар. Жамал куни оталари Aли, Зубайр, Талҳага розияллоҳу анҳуларга нисбатан бўлган фитналарни кўрдилар. Сиффин куни оталари ва Муовияга бўлган фитналарни кўрдилар. Ҳазрат Aли розияллоҳу анҳу Сиффин фитнасидан қутилиб Қурбон ҳайитига етиб келдилар. Хаворижлар фитнасига йўлиқдилар. Фитналар мавжида Зайнаб розияллоҳу анҳо ҳам бор эдилар. Ҳижратнинг қирқинчи йили рамазон ойининг 19 куни жума кечаси эди. Ҳазрат Aли розияллоҳу анҳу Куфанинг катта масжидига бомдод намозини ўқиш учун чиқдилар. Масжид йўлида ҳазрат Aли розияллоҳу анҳуга Ибн Мулжам ҳужум қилди. У қиличи билан бурнилари устига урди. Ҳазрат Aли розияллоҳу анҳу тўшакда икки кун ётиб қолдилар ва рамазоннинг 21-куни вафот этдилар.
Карбало кунлари Зайнаб розияллоҳу анҳо акалари Ҳусайн розияллоҳу анҳум билан Куфага кетдилар. У ерда Карбало воқеъаларининг шоҳиди бўлиб, оғир, аламли кунларни бошларидан кечирдилар. Ҳижратнинг 61 йили муҳаррам ойининг Aшуро куни акалари Ҳусайн розияллоҳу анҳум, Убайдуллоҳ ибн Зиёд билан Куфага бордилар. Кечаси акалари деди: «Эй Зайнаб, мен Расулуллоҳни тушимда кўрдим. «Сен биз томонга кел!» дедилар». Зайнаб розияллоҳу анҳо бу сўзларни эшитиб изтиробландилар, йиғладилар. Ҳусайн розияллоҳу анҳум дедилар: «Йиғлама, Aллоҳ сенга раҳм қилсин. Кўз ёшларингни артгин». «Қандай йиғламай?! Онам Фотима, отам Aли, акам Ҳасан вафот этишган бўлса!» Ҳусайн розияллоҳу анҳум раҳм-шафқат билан сингилларига қарадилар: «Эй синглим, шайтон васвасасига учмагин!» Зайнаб розияллоҳу анҳо дедилар: «Ота-онам, нафсим сизга фидо бўлсин, эй акажон!» Ҳусайн айтдилар: «Эй синглим, Aллоҳдан қўрқ! Билки, ер юзида ҳамма ўлади. Осмон аҳллари ҳам абадий қолмайдилар. Ҳар бир нарса ҳалок бўлади. Фақат ёлғиз Aллоҳ боқий қолади. У шундай Зотки, Ўз қудрати билан ерни яратди. Ўз қудрати билан халойиқни яна тирилтиради. У ягона Зотдир. Отам мендан яхши эдилар, онам мендан яхши эдилар, акам мендан яхши эдилар. Мен ва улар Расулуллоҳ билан бир оила эдик!» Шу сўзлардан бир соат кейин Ҳусайн розияллоҳу анҳум икки ўғиллари Муҳаммад ва Aвн билан бирга шаҳид бўлдилар. Улар Aҳли байтнинг охирлари эди. Зайнаб розияллоҳу анҳо розияллоҳу анҳо шаҳидларга қараб кўп йиғладилар, қалблари алам ва хафаликка тўлди. Аллоҳ улардан рози бўлсин!
Саидаброр Умаров тайёрлади
Шайх Рамазон Бутий: “Отам рухсат берса...”
Шайх Муҳаммад Саид Рамазон Бутий раҳимаҳуллохнинг дўстларидан бири Аҳмад Бассам, ўзларини жудаям ажаблантирган, Шайх Бутий билан боғлиқ воқеани ҳайрат билан шундай баён қилади:
“Лазикия университетининг ректори, университет ташкил қилинганлигининг бир йиллиги муносабати билан, университетнинг барча ўқитувчиларини ўз уйига кечки овқатга таклиф қилди. Бу даврда шайх Бутий, Дамашқ университетининг шариат факультетида декан эди. Жудаям банд эканлигига қарамасдан, доктор Бутий бизнинг университитемизнинг араб тили бўлимида Қуръони карим бўйича дарс бериш учун ҳар чоршанба куни келишга розилик берган эди. Чоршанба куни кечқурун у бу ерда қолар эди ва пайшанба куни тушликдан сўнг уйига кетарди. Биз шайх Бутий билан мени хонамда ўтирганимизда, ректор кириб келди ва биз иккимизни пайшанба куни кечкурун уйига кечки овқатга таклиф қилди. Мен дарҳол жавоб бериб таклифни қабул қилдим, лекин шайх Бутий аввал отасидан рухсат сўраши лозимлигини айтди. Билмайман, бундан ким кўпроқ ҳайратланди – менми ёки университет ректорими? Бошқа ҳеч бир сабаб бундай ғайриоддий кўринмаган бўларди. Лекин, қирқ ёшли университет профессори, фарзандлари хам университет талабаси бўлган киши, бир кечага ушланиб қолиши учун ўз отасидан рухсат сўраши кераклиги мен ва ректор учун момақалдироқ ва чақмоқ каби таъсир қилди. Юзидаги ажабланишни бекитишга ҳаракат қилиб, ректор менга Бутий телефонда отаси билан боғланиши учун унинг хонасига боришимни айтди. Биз ректорнинг хонасига бордик, Бутий гўшакни олди ва отасига қўнғироқ қилди, мен қўйидаги сўзларни эшитдим, уларни қандай эшитган бўлсам шундайлигича келтираман:
- Ассалому алайкум ота.
-...
- Ректор мени бошқа ўқитувчилар билан бирга эртага кечкурун ўз уйига кечки овқатга таклиф қилди. Мен бу ерда қолсам ва уйга жума куни эрталаб қайтсам бўладими?
-...
- Раҳмат дада... ассалому алайкум...
У гўшакни қўйганида, мен унга:
- “алхамдулиллах, энди сен хотиржам бу ерда қолсанг бўлади” дедим.
-“йуқ, қололмайман, отам рухсат бермадилар...”
-...
Сиз менинг юзимдаги кутилмаган ҳолатдан таъсирланиш ва телефонда нима бўлганлигини ректорга айтганимда, унинг юзидаги ҳолатни тасаввур қила олмайсиз. Ахир шундай бўлиши мумкинми?! Отаси йуқ деганда, хеч нарса демади, уни кўндиришга харакат қилмади, раҳмат айтиб гўшакни қўйди.Ҳозирги ёшлар бунга нима дейишар экан, уларда оталари билан бир марта бўлса хам шундай бўлганми? Бунданда ажабланарлиси, бир неча йил аввал Бутийни Оксфор академиясида лекция ўқиши учун тингловчиларга тақдим қилиш сўзларини айтаётганимда бўлган эди. Мен бу воқеани уларга айтиб бераётганимда, у менга шундай вазмин нигоҳ билан қарадики, худди охирида қизиқ якунни кутаётгандек. Унинг кўзлари менга “ҳа, нима бунда? нимаси ажабланарли буни?” дерди.
Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Кишининг фарзандига чиройли одоб бериши, ҳар куни мискинларга яримта нон садақа қилганидан афзалроқдир”.дедилар. Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васалламнинг бу муборак ҳадисларидан шу маълум бўладики, ота-она фарзандига бера оладиган энг яхши туҳфаси бу гўзал одоб ахлоқ экан. Гўзал хулқ соҳиби бўлган отанинг фарзандлари ҳам ҳудди ўзи каби бўлади.
Саидаброр Умаров тайёрлади
Одоб
1. Уйга кириш ва чиқиш одоби
Уйингизга кириш ва чиқишда хушмуомалалик ва чиройли тадбир ила ҳаракатланинг. Қачон уйга кирсангиз ёки чиқсангиз эшикни қаттиқ ёпманг ё бўлмаса куч ила ўзи ёпиладиган ҳолда қолдирманг! Чунки, бу ишлар обрў эътиборга сазовор бўлинадиган Ислом кўрсатмасига тўғри келмайди. Балким! Оиша розияллоҳу анҳодан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг: "Мулойимлик нимада бўлса зийнатлайди, мулойим бўлмаган эса маҳрум бўлади"-деган сўзларини эшитгандирсиз.
2. Хонадонингизга кириш ва чиқишда салом беринг!
Агар хонадонингизга кирсангиз ёки чиқсангиз уйда эркакми, аёлми, ким бўлса ҳам мусулмонлар саломи ила салом беринг! Яъни: "Ассалому алайкум ва роҳматуллоҳи ва барокатуҳ". Ушбу саломни "хайрли тонг" ва шу кабиларга алмаштирманг! Чунки, бу Ислом шиорини нобуд этишдир.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам сўзлари ва феълларини мусулмонларга тасвирлаб, буюк ходимлари Анас розияллоҳу анҳуга қуйидагича таълим берганлар. Анас розияллоҳу анҳу айтадилар: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам менга: "Эй болажоним! Уйингга кирсанг салом бер! Сенга ҳам, аҳли оилангга ҳам барака бўлади"-дедилар. (Термизий ривояти).
Тобеъинларнинг энг буюкларидан бири Қатода роҳимаҳуллоҳ айтадилар: "Уйингизга кирсангиз, аҳлингизга салом беринг! Чунки, улар сизнинг саломингизга энг ҳақли зотлардир". Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу айтадилар: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Бирортангиз мажлисга борса, салом берсин! У ердан турмоқчи бўлса, салом берсин! Биринчи салом иккинчисидан аъло эмас!(яъни: фазилат, савобда бирдек)"-дедилар.
"Мин одобул Ислом" китобидан
Мир Араб олий мадраса талабаси
Муҳаммадюнус Муҳаммадмусо ўғли таржимаси
Миллийликка таҳдид – миллатга таҳдид
Юрт борки ўз тарихи бор. Миллат борки, ўз қадрияти, урф-одати, анъана ва маданияти бор. Бу урф одатлар, қадрият ва маданиятлар миллатнинг савиясини, заковат ва фаросатини, эътиқоди ва ишончини ўзида акс эттириб туради. Бу иборалар қисқа қилиб МИЛЛИЙЛИК деб аталади.
Аллоҳга шукрлар бўлсинки, биз яшаб турган юрт аҳлининг миллий урф одатлари, анъана ва қадриятларининг жудаям кўп қисми муқаддас Ислом динимиз таълимотлари билан, Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннат деб қолдирган амаллари билан чамчарчарс боғлиқ бўлиб кетган. Чунки, ота-боболаримиз Ислом динини маҳкам ушлаганликлари сабабли, суннатларга қаттиқ эътибор берганликлари сабабли оилада, жамиятда шаклланган гўзал ахлоқлар, одоб ва маданиятлар миллий урф одат номи билан сақланиб қолган. Мисол учун, ота-онани ва ёши катталарни ҳурмат қилиш, кичикларни иззат қилиш, меҳмонга мулозамат қилиш, аёлларимиздаги ибо-ҳаё, эркаклардаги ғурур, ор-номус, ўзаро салом алик, қўни қўшничиликдаги олди-бердилар, ўзаро ҳашарлар, бемор кўргани бориш, хурсандчилик ва мусибат вақтида ҳассакашлик қилиб туриш ва ҳоказо.... каби амаллар бизга оддийгина ўзбекона урф-одат бўлиб кўринсада, бу таълимотлар остида айнан Ислом динининг талаблари турибди.
Бугун кўпчиликка миллийлик ҳақида, миллий ғоя ва миллий маданият, қадрият ҳақида сўзласанг энсаси қотиб, суҳбатни бошқа томонга бургиси келади. Кўпчилик эса, миллийликнинг асл моҳиятини англаб етмайди. Аслида, биз келажак ҳақида гапирар эканмиз, порлоқ келажакни орзу қилар эканмиз, миллийлигимиздан айро тарзда бу орзуни амалга оширишдан қўрқишимиз керак. Чунки, миллийликдан айро тушишимиз, Исломдан айро тушишимиз деганидир. Миллий қадриятларга бепарволик, Исломий таълимотларга бепарволик деганидир. Битта миллий қадриятни тарк этиш, битта суннат амални тарк этиш деганидир. Қисқа қилиб айтганда миллийлигимизга бепарво бўлиш, ҳалокатга юз тутиш ва Ислом динидан узоқлашиш деганидир. Агар ҳаётимиздан битта миллий урф одат, қадрият чиқиб кетадиган бўлса, унинг ўрнига бир ғайридиннинг урф одати, Ислом таълимотига, Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларига зид бўлган бир одат кириб келади. Бу эса, келажагимиз учун ниҳоятда хатарлидир. Чунки, келажак бу бизнинг зурриётларимиз билан, жондан азиз фарзандларимиз, набираларимиз билан қурилади. Ўз пушти камаримиздан бўлган бу авлодни Исломий таълимотлардан узоқлаштирган ҳолда, “Оммавий маданият” дея аталиб, Аллоҳнинг ғазаби сари чорлаётган тубан ва қоронғу йўл устида ташлаб кетишга наҳот рози бўлсак? Наҳот авлодларимиздан бир жинсли никоҳга рози бўладиган, ҳайвонлар ила оила қуришни маданият деб номлайдиган, никоҳни, одоб ва ахлоқни, қуда – андачиликни, меҳр оқибатни “эскилик сарқити” дея номлайдиган бадбахтлар чиқишига жим қараб турсак?
Ўйлайманки, хеч ким бунга рози бўлмайди. Ҳеч қайси ота она ўз жигарбандини жаҳаннам азобида куйишини ҳохламайди. Бунинг учун эса хозирдан ҳаракат қилишимиз керак. Фарзандларимизга миллийлик деган тушунчани сингдиришимиз шарт. Агар бу ишни биз қилмасак, ўрнимизга бу ишни бошқалар бажаради. Кейин кеч бўлади. Биз нафақат ўз урф одатларимизни, балки динимизни ҳам йўқотамиз. Келажагимизни йўқотамиз. Ҳаловатимизни йўқотамиз. Йўқотган нарсаларимизни қайта тиклаш учун эса умримиз етмайди. Тўғри, бу иш осон бўлмайди. Чунки, ғарб ва европа давлатларидан кириб келган қанча-қанча урф одатлар, “оммавий маданият” ниқоби остидаги бир қанча ҳаракатлар ўз кучини кўрсатиб, анчагина кишиларни ўз таъсирига тортишга улгуриб бўлди. Бироқ, бу бизни таслим бўлишга, “Энди кеч бўлди, нимаям қила олардик”, деган баҳонани рўкач қилишга сабаб бўлмайди. Ҳаким зотлардан бири шунда деган эди: “Агар ҳаво қаттиқ исиб ёки совиб кетса мен ҳароратни мўтадил қилишлик учун яшаб турган юртимдаги бир катта тоғ устига ҳаво иситгич ёки ҳаво совутгич қўя олмайман. Чунки, бунга маблағим ҳам, шароитим ҳам тўғри келмайди. Бироқ, фарзандларим ва яқинларимнинг, ўзимнинг ушбу ҳаводан азият чекишимизга ҳам жим қараб туролмайман. Мен қўлимдан келадиган ишни қиламан. Яъни, ўз уйимга, кичкинагина хонадонимга ҳавони мўътадил қиладиган бир воситани ўрнатаман. Ташқаридаги иссиқ ёки совуқ менга ва оиламга таъсир қилмайди”.
Хулоса шуки, ҳар ким ўз оиласини ташқаридаги зарарли об-ҳаводан сақлаш учун ўз шароитидан келиб чиқиб ҳаракат қилса, ўз оиласи учун муносиб шароит яратиб берса олам гулистон бўлади. Чунки, жамият оилалардан, кимларнидир жондан азиз фарзандларидан ташкил топгандир. Қолаверса, биз энг аввало ўз аҳлимиздан, фарзандларимиздан сўраламиз. Қилаётган тўйларимиз, кўраётган концертларимиз, қарсак чалаётган томошаларимиз ҳақида ўйлаб кўрайлик. Биз маблағимизни нимага сарфлаяпмиз? Хузур қилиб кимни олқишлаяпмиз? Қилаётган ушбу амалимиз орқали ниманинг ривожига ҳисса қўшяпмиз ёки ниманинг келажагига болта уряпмиз? Энг аосийси, ким тарафдамиз? Кимга исён қиляпмиз ёки кимни рози қиляпмиз? Дин учун, миллат учун, ватан ва халқ манфаати учун ўз ҳиссамизни қўшмаяпмизми, лоақал зарар келтирмайлик.
Алҳамдулиллаҳ, бугун юртимиз тинч. Халқимиз форовон ва хотиржам. Чегараларимиз мустаҳкам. Ташқи душман ёмонлигидан омондамиз. Бироқ, бизга қарши бўлаётган маънавий хуружлар, миллийлигимизга бўлаётган ҳар хил таҳдидлар нафақат бизга, балки, келажагимизга қарши, ўзбек деган миллатга, Ислом деган муборак диннинг таълимотларига қарши очилган пинҳона уруш эканлигини унутмайлик. Ушбу йўлда бўлаётган таҳдидларга қарши матонат билан, ақл ва тафаккур билан, илм ва маърифат билан биргаликда курашайлик.
Олмазор туманидаги “Мевазор” масжиди имом ноиби: Исломов Ёрбек