www.muslimuz
Фотожамланма: Тошкент шаҳридаги "Ракат" жоме масжидига ғишт қўйиш маросими
Жаннатда ўз уйингиз бўлишини хоҳлайсизми?
Унда Зуҳо намозини адо этинг:
Чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар:
“Кимки ўн икки ракат зуҳо намозини ўқиса, Аллоҳ таоло унга жаннатда бир уй барпо қилади”. Имом Термизий, Имом Ибн Можа, Имом Байҳақий ривояти.
Ёки масжид барпо килинг:
Чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар:
“Ким Аллоҳ розилигини истаб, масжид бино қилса, Аллоҳ унинг учун жаннатда бир уй барпо этади”. Имом Аҳмад, Баззор ривояти.
Ёки “Ихлос” сурасини ўқинг:
Чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
“Ким “Қул ҳуваллоҳу аҳад”ни ўн маротаба ўқиса, жаннатда у киши учун бир қаср бино қилинади”, дедилар. Имом Доримий ривояти.
Ёки рамазон ойида Таровеҳ намозини адо этинг:
Чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
“Ким таровеҳ намозини адо этса, Аллоҳ таоло жаннатда унга нурдан уй барпо этади”, дедилар.
Ёки сабр қилувчи булинг:
Чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
“Агар бир инсоннинг ёш боласи вафот этса, Аллоҳ таоло фаришталарига айтади: “Бандамнинг гўдагини жонини олдингларми?” Улар: “Ҳа”, деб жавоб берадилар. “Унинг қалбининг мевасини қабз қилдингларми?”, деб сўрайди. Улар: “Ҳа”, деб жавоб берадилар. “Бандам нима деди?”, деб сўрайди. Улар: “У Сенга ҳамд айтди ва албатта, биз Аллоҳнинг ихтиёридамиз ва албатта, биз Унинг ҳузурига қайтгувчилармиз”, деди”, деб жавоб берадилар. Шунда Аллоҳ таоло фаришталарига: “Бандам учун жаннатда бир уй барпо этинглар ва уни “Хамд” уйи деб атанглар!”, деб буюради”, дедилар.
Ёки хушфеъл булинг:
Чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
“Мен хушфеъл инсонга жаннатнинг энг юқорисидан уй берилишига кафилман”, дедилар. Имом Абу Довуд ривояти.
Аминжон Исмоилов
Сирдарё тумани бош имом-хатиби
“Тўй”нинг маъноси нима?
Бугунги кунда жуда кўпчиликни ўйлантираётган муаммолардан бири – тўйларимиз билан боғлиқ саъй-ҳаракатлару сарф-харажатлар.
Аслида, тўй – кўп асрлик миллий қадриятимиз, лекин унинг қандай мақсадлар ифодаси эканини, моҳиятини эсдан чиқариб қўйдик.
Тўй – одамлар ўртасида меҳр–оқибатни уйғотиш, сақлаш, кўпайтириш ниятида жорий этилган удум. Қадимда ўзига тўқ, саховатли, инсофли кишилар суннат амаллари саналган ақиқа, ўғил фарзанд қўлини “ҳалоллаш”, никоҳ каби маросимларга қариндош–уруғларини, қўни–қўшнини таклиф этиб меҳмон қилганлар. Аммо бугунги кунда кибрнинг домига тушганлар учун кимўзарлик мусобақасига айланган тўй маросимлари миллатимизни иллатларга ботирмоқда.
Тўй номи, аслида, қариндошуруғлар, яқин дўсту биродарларнинг дийдорига, суҳбатига тўйиш маъносидадир. Маъно–моҳияти тўғри шарҳланиб, ўзбек тилининг изоҳли луғатига қайта киритилиши лозим бўлган бу шодиёна маросимига бошқа халқлар ҳавас қилган. Бироқ кейинги ўн йилликларда тобора дабдабали тус олиб бораётган тўйларимиз аллақачон ислоҳга муҳтож. Тўйни овқатга, ўйин– кулгуга тўйиш эмас, балки дилга яқин кишиларнинг дийдорлашуви байрамига айлантириш учун мустақиллигимиз йилларида бир қатор қарорлар қабул қилинди. Уларда давримизнинг долзарб муаммоси ечимига йўллар очилганидан қувониб, давраю мажлисларда гапириб юрсак–да, шайтоний кибру мақтанчоқлик, исрофгарчиликдан қўрқмаслик сабабли сўздан амалга ўтишимиз жуда секин, қийин кечмоқда. Ушбу қарорлар ижросидаги сусткашликлар оқибатида тўй маросимларида тўқликка шўхлик қабилидаги, маданияту маънавиятимиз, моддий бойликларимизга зарарли янги-янги урфлар одат тусига кириб бормоқда. Ҳукумат қарорларини бажармаслик – жиноят, суннатга амал қилмаслик – шаккоклик, беҳуда исрофгарчилик гуноҳдир.
Мен тўйхоналаримизнинг маънавият, маърифат кошонаси бўлишини истайман. Зеро, тўй маросимларига бошчилик қилаётган катталарнинг тутумлари ёшларга, меъёрни унутганларга ибрат бўлсин; ўзини элдан устун қўйиб овоза чиқариш учун тўй қилаётганларга қўйилган жиддий маънавий талаблар ҳаммани ҳушёрликка чорлаб турсин.
Баҳодиржон ҚИРОНОВ,
Фарғона вилояти Ўзбекистон тумани
“Ҳидоят” журналининг 2019 йил, 2-сонидан
Динга даъват қандай қилинади?
7- حَدْيث ابْنِ عَبَّاسٍ أَنَّ رَسُولَ اللهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ لَمَّا بَعَثَ مُعَاذاً رضي الله عنه عَلى الْيَمنِ قَالَ: إِنَّكَ تَقْدَمُ عَلى قَوْمِ أَهْلِ كِتَابٍ، فَلْيَكُنْ أَوَّلَ مَا تَدْعُوهُمْ إِلَيْهِ عِبادَةُ اللهِ، فَإِذَا عَرَفُوا اللهَ فَأَخْبِرْهُمْ أَنَّ اللهَ قَدْ فَرَضَ عَلَيْهِمْ خَمْسَ صَلَواتٍ في يَوْمِهِمْ وَلَيْلَتِهِمْ، فَإِذا فَعَلُوا فَأَخْبِرْهُمْ أَنَّ اللهَ فَرَضَ عَلَيْهِمْ زَكاةً مِنْ أَمْوالِهِمْ وَتَردُّ عَلى فُقَرائِهِمْ فَإِذا أَطَاعُوا بِها فَخُذْ مِنْهُمْ وَتَوَقَّ كَرائِم أَمْوالِ النَّاسِ
7- Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо ривоят қилган ҳадис: Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам Муоз розияллоҳу анҳуни Яманга юбораётиб шундай дедилар: “Сен аҳли Китоб бўлган қавм олдига бормоқдасан. Бас, сен уларни биринчи даъват қиладиган нарса Оллоҳга ибодат қилиш бўлсин, агар Оллоҳни танисалар, ундан кейин уларга Оллоҳ таоло бир кеча ва кундузларида беш намозни фарз қилганлигини етказгин. (Қабул) қилсалар, уларга Оллоҳ таоло молларидан закот беришларини ва сен (улар берган закотни) фақирларига қайтаришингни фарз қилганини маълум қилгин. Агар бунга итоат қилсалар, улардан олгин, (лекин закот йиғишда) одамларнинг баҳоли бўлган моллари(ни саралаб олиш)дан сақлангин”.
Арабчадан Зиёуддин МАНСУР таржимаси
Евроиттифоқ Туркиядаги қочоқларни қўллаб-қувватлаш учун 5,6 миллиард евро ажратди
Евроиттифоқ махсус фонд орқали Туркиядаги қочоқларни қўллаб-қувватлаш учун режалаштирилган 6 миллиард евродан 5,6 миллиард евросини ажратди. Бу ҳақда Еврокомиссия матбуот хизмати вакили хабар (https://kun.uz/news/2019/09/09/yevroittifoq-turkiyadagi-qochoqlarni-qollab-quvvatlash-uchun-56-milliard-yevro-ajratdi) қилди.
"ЕИ ўз мажбуриятларини бажаришда давом этмоқда. Туркиядаги қочоқлар учун фонд орқали Евроиттифоқнинг 6 миллиард евро маблағидан 5,6 миллиарди ўтказилди, қисқа вақт ичида қолган маблағ ҳам ўтказиб берилади", - деди Еврокомиссия вакили.
2015 йилда Еврокенгаш ташаббуси билан Туркиядаги қочоқларни қўллаб-қувватлаш учун фонд ташкил этилганди. Ушбу фонднинг умумий бюджети 6 миллиард еврони ташкил этади.
Аввалроқ Туркия президенти Ражаб Таййип Эрдўған Туркия суриялик қочоқларни жойлаштириш масаласида халқаро қўллаб-қувватлов олмаса, Анқара уларга Европага ўтиш йўлини очиб юборишини айтганди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати