www.muslimuz

www.muslimuz

Понеділок, 02 сентябрь 2019 00:00

Қалб қотишининг 66 та сабаби

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Алҳамдулиллаҳи Роббил аламийн, вассолату вассаламу алан Набиййил амийн ва ала олиҳи ва асҳабиҳи ажмаъийн. Аммо баъд. 

Албатта, қалб танадаги барча аъзоларнинг подшоҳи ва йўлбошчисидир. Агар қалб тўғри бўлса, бошқа аъзолар ҳам тўғри бўлади. Агар қалб эгри бўлса, тана аъзолари ҳам эгриликда унга эргашади. Бу борада Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар: “Огоҳ бўлинглар, жасадда бир парча гўшт бор. У ислоҳ бўлса, жасаднинг бошқа аъзолари ҳам ислоҳ бўлади. Агар у бузилса, тананинг бошқа аъзолари ҳам бузилади. Огоҳ бўлингларки, ўша бир парча гўшт қалбдир”. 

Демак, қалб танамиздаги энг муҳим аъзо экан, унинг касаллигини ва ўша касалликдан қутилиш йўлларини билишимиз лозим бўлади. Қалбнинг энг оғир касал бўлиши, бу унинг қотишидир. Қотган қалбга ҳеч қандай насиҳат, ваъз таъсир қилмайдиган бўлиб қолади. Қалб қотишининг кўп сабаблари бор. Қуйида мазкур сабабларни келтириб ўтамиз. 

1. Дунёга ҳирс қўйиш. 

2. Орзунинг узунлиги ва ўлимнинг тўсатдан келиб қолишини унутиш. 

3. Аллоҳдан бошқага боғланиш. 

4. Беҳуда орзулар ва хомхаёллар денгизига миниш. 

5.Аллоҳнинг тоатидан бошқа мақсадларда одамлар билан кўп аралашиш. 

6. Кўп ухлаш. 

7. Тавба ва бошқа муҳим амалларни кейинга суриш. 

8. Кўп ейиш ва ичиш. 

9. Тоатларга дангасалик қилиш. 

10. Ҳаром таом ейиш, ичимлик ичиш, мол топиш. 

11. Ўтган гуноҳларни унутиш ва гуноҳ устига гуноҳ қилиш. 

12. Ортиқча дабдабали ҳаётда яшаш. 

13. Ғийбат. 

14. Чақимчилик. 

15. Лаънатлаш, сўкиш. 

16. Ёлғон. 

17. Бўҳтон. 

18. Бировларнинг обрўсини тўкиш. 

19. Бировларни масхара қилиш. 

20. Кўп кулиш. 

21. Беҳуда ўйин-кулги, ҳазил-ҳузулга берилиш. 

22.  Кибр, ўзининг қилаётган амалларини кўп деб ҳисоблаш (ужб). 

23. Гина. 

24. Ҳасад. 

25. Ёмон кўриш. 

26. Мол-дунё тўплаш йўлида мусобақа қилиш. 

27. Ғазаб. 

28. Бошқалар ҳақида ёмон гумон қилиш. 

29. Бошқаларга ичиторлик, кўнлиторлик қилиш. 

30. Бахиллик. 

31. Ғафлат. Айниқса, Аллоҳни зикр қилиш, У зотга шукр қилишдан ғафлатда бўлиш. 

32. Намозни ўз вақтида адо қилишга бепарво бўлиш. Унинг вақтини, фарз, вожиб, суннатларини ҳурмат қилмаслик. 

33. Узрсиз жамоат намозини тарк қилиш. 

34. Намозда хушуънинг йўқлиги. 

35. Шубҳали нарсалардан парҳез қилмаслик. 

36. Бетоқат бўлиш. 

37. Шошқалоқлик. 

38. Бойлар, дунё аҳллари билан кўп ўтириш. 

39. Бидъатчилар билан бирга кўп ўтириш. 

40. Қўшиқ ва мусиқани кўп эшитиш. 

41. Кўп телевизор кўриб вақтларни беҳуда совуриш. 

42. Дўстлар ва солиҳ инсонларга яқин бўлишга қизиқмаслик. 

43. Суннат ва нафлларга бепарво бўлиш. 

44. Ваъдага хилоф қилиш. 

45. Омонатга хиёнат қилиш. 

46. Беҳуда гўп гапириш. 

47. Шайтонга итоат қилиш ва унга эргашиш. 

48. Нафснинг сўзига кириш. 

49. Аллоҳнинг душманларига, кофир ва фосиқларга ўхшашга уриниш. 

50. Эркакларнинг аёлларга, аёлларнинг эркакларга ўхшашга уриниши. 

51. Зулм, бошқаларга тажовуз қилиш. 

52. Дин ва дунё ишларини билмаслик. 

53. Аллоҳ ҳаром қилган нарсалардан қўрқмаслик, уларга журъатли бўлиш. 

54. Истиғфор ва тавбага, раҳматнинг кенглигига суяниб қолиш ва гуноҳларни кетма кет қилавериш. 

55. Шаҳватларга эргашиш, иффатдан узоқлашиш. 

56. Бошқалар билан муомала қилаётганда қўполлик ва қўрслик қилиш. 

57. Мусулмонларни алдаш ва уларнинг орасини бузишга интилиш. 

58.Даҳрийликка, куфрга, фисқу фужурга, шаҳватга ундайдиган китобларни, қиссаларни ва шеърларни ўқиш. 

59. Кичик гуноҳларни менсимай қилавериш. 

60. Қуръонни ўқишдан, ёдлашдан, тадаббур қилишдан ва унга амал қилишдан узоқлашиш. 

61. Қалбни юмшатадиган нарсалардан узоқлашиш. Масалан, ўлимни кам эслаш, қабристонларни зиёрат қилмаслик, ҳисоб-китоб, жаннат, дўзах, сирот ва бошқа нарсаларни ўйламаслик. 

62. Ота-онага оққ бўлиш. 

63. Қариндошлар билан борди-келдини узиб қўйиш. 

64. Қўшнига озор бериш. 

65. Саҳобаларни ёмон кўриш. 

66. Амри маъруф ва наҳий мункарни тарк қилиш.  

Юқорида келтирилган қалб қотишининг сабабларидан қутулишнинг энг яхши йўли мазкур ишларнинг тескарисини бажаришга ҳаракат қилишдир. 

Аллоҳ таоло барчамизнинг қалбларимизни қотишдан асрасин. У зотнинг ҳузурига салим қалб билан боришимизни насиб айласин, омин! 

 

Нозимжон Ҳошимжон

Понеділок, 02 сентябрь 2019 00:00

Нега билганимизга амал қилмаймиз?

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай марҳамат қилади: “Эй, имон келтирганлар! Сизлар нега ўзларингиз қилмайдиган нарсани (қилдик ёки қиламиз деб) айтурсиз?! Сизларнинг ўзларингиз қилмайдиган ишни (қиламиз, деб) айтишингиз Аллоҳ наздида катта нафрат (боиси)дир” (Саф, 2-3). 

Оятда кўриниб турибдики, илмга амал қилмаслик Аллоҳнинг нафратига сабаб бўлар экан. Илмга амал қилмаслик, айтганларини аввал ўзи бажармаслик катта гуноҳ, ор ва шармандаликдир. 

Илмга амал қилмасликнинг бир қанча сабаблари бор. Қуйида уларни бирма-бир кўриб чиқамиз.

 

1.    Амал қилишга ундайдиган етарли даражада илм бўлмаслиги. 

Қуръони карим амал қилиш учун нозил қилинган. Саҳобалар илмни амал қилиш учун ўрганар эдилар. Ушбу ҳадисларга диққатимизни қаратсак, ҳаммаси ойдинлашади. 

Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳу Абу Бакр розияллоҳу анҳудан ривоят қиладилар, у киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга дедилар: “Менга бир дуо ўргатинг, у билан намозимда дуо қилай”. Шунда Пайғамбар алайҳиссалом: “Эй Аллоҳим, мен ўз нафсимга катта, Қутайба “кўп” деган, зулм қилдим. Гуноҳларни фақатгина Сен мағфират этасан. Ҳузурингдаги мағфират ила мени кечиргин ва менга раҳим қилгин. Албатта, Сен гуноҳларни кўплаб кечирувчи ҳамда ўта раҳимли Зотсан” деб айт” дедилар”. Муслим ривояти. 

Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, у киши дедилар: “Мен Набий алайҳиссаломдан “Эй Аллоҳнинг Расули, бандани жаннатга яқинлаштирувчи амал қайси?” деб сўрадим. У зот: “Ўз вақтида ўқилган намоз” дедилар. Мен: “Кейинчи, эй Аллоҳнинг Расули?” дедим. У зот: “Ота-онага яхшилик қилиш” дедилар. Мен: “Яна нима, эй Аллоҳнинг Расули?” дедим. У зот: “Аллоҳ йўлида жиҳод” деб жавоб бердилар”. Муслим ривояти. 

Бу ҳадисларга яхшилаб эътибор берсак, барча саҳобаларнинг Пайғамбар алайҳиссаломдан амал қилиш мақсадидагина савол сўраганларига гувоҳ бўламиз. Дарҳақиқат, барчамиз илмни фақатгина унга амал қилиш мақсадидагина ўрганишимиз кераклигини тушуниб олишимиз лозим. Қуръонни ҳам унга амал қилиш мақсадида ўқишимиз керак. Зеро, ундаги буйруқ ва қайтариқлар бизга қарата айтилган, биздан бошқаларга эмас. Қолаверса, билганига, ўқиганига амал қилиш кишида яхшиликни ва сабот (мустаҳкамлик, пухталик)ни зиёда қилади. Аллоҳ таоло Ўзининг Каломида шундай марҳамат қилади: “Борди-ю, улар айтилган насиҳатларга мувофиқ иш қилганларида эди, ўзлари учун яхшироқ ва (имонлари) мустаҳкамроқ бўлур эди” (Нисо, 66). Демак, амал инсоннинг иймонини, илмини мустаҳкамлар экан.

 

2.    Тарбиянинг заифлиги. 

Мусулмон болага уйда, мактаб-мадрасада ва жамиятнинг бошқа барча манзилларида заиф тарбия берилса, бу ҳам амал қилишнинг сусайишига сабаб бўлади. Баъзи хонадонларда солиҳ ота-она фарзандига чиройли тарбия беради, илмга амал қилишда, аввало, ўзлари намуна бўлишади. Айрим хонадонларда эса, вазият умуман ночор. Мактаб-мадрасалар ҳақида ҳам худди шундай дейиш мумкин. Баъзи мадрасаларда таълим бераётган мударрису устозлар ўқувиларга ўргатаётган нарсаларига олдин ўзлари амал қилишади. Буни кўрган талабалар ҳам уларнинг изида боришади. Айримларида эса, аҳвол анча ачинарли.

 

3.    Амалга бериладиган ажру мукофотларни билмаслик ҳам унга нисбатан сусткашликни келтириб чиқаради. 

Нима учун Аллоҳ таоло бизга ажрларни маълум қилди? Албатта, амал қилсинлар деб. Борди-ю сизга бир киши “Агар мана бу ишни қилсанг, лавозимингни ошириб, даражангни кўтараман” деса, сиз ўша ишни қилишга дарҳол киришиб кетган бўлар эдингиз. Ҳадисларда амалларга бериладиган ажрлар кўплаб келган бўлиб, улар бизни амал қилишга қизиқтиради. Абдураҳмон ибн Абу Амрадан ривоят қилинган ҳадисда шундай дейилади: “Бир куни Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳу шом намозидан кейин масжидга кириб, бир ўзлари ўтирган эдилар. Мен ҳам у кишининг олдиларига бориб, ўтирдим. Шунда у киши дедилар: “Эй биродаримнинг ўғли, мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан шундай деганларини эшитганман: “Ким хуфтон намозини жамоат билан ўқиса, гўё кечанинг ярмини ибодат билан ўтказгандек савобга эга бўлади. Кимки бомдодни жамоат билан ўқиса, кечанинг ҳаммасини ибодат билан ўтказганнинг савобига эришади”. Яна шундай амаллар ҳам борки, уларни қилган кишининг ўтган гуноҳлари кечирилади. Усмон розияллоҳу анҳунинг мавлолари Ҳумрондан ривоят қилинади, у киши Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳунинг бир идишда сув келтиришларини сўраганини, сув келгач, икки кафтига сувни уч бор қуйиб уларни ювганини, кейин ўнг қўлини идишга киритиб, ундан сув олиб, у билан оғиз-бурунларини ювганини, кейин юзини уч бор, икки қўлини тирсаклари билан қўшиб уч бордан ювганини, кейин бошига масҳ тортганини, охирида эса, икки оёғини уч бордан ювганини, таҳоратдан сўнг “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Кимки менинг мана шу таҳоратимдек таҳорат олса, кейин икки ракат намоз ўқиса, унда нафси ила гаплашмаса, унинг ўтган гуноҳлари кечирилади” деганларини кўрган. Бухорий ривояти. Пайғамбар алайҳиссалом дедилар: “Ким таом еб бўлгач: “Ўзимнинг ҳеч қандай ҳаракатим ва қувватимсиз менга ушбу таомни едирган ва у билан мени ризқлантирган Аллоҳга ҳамд бўлсин” деса, ўтган гуноҳлари кечирилади”. Термизий ривоят қилган ва “Бу ҳадис ҳасан” деган.

 

4.    Мустаҳаб ва нафл ибодатларга қизиқмасдан, фақатгина фарз ва вожиблар билан чекланавериш амалнинг сусайишига сабаб бўлади. 

Нима мустаҳабларда ажр йўқми? Сизга қўшимча ажр керак эмасми? Нега бизнинг ҳаётмизда суннату мустаҳабларнинг мартабаси пасайиб боряпти? Баъзи толиби илмлар, янги ибодатга кирган ёшлар бошида динга, ибодатларга ҳарис бўлишади. Катта-ю кичик амалларнинг барчасини қилишга ҳаракат қилишади. Ичимликни суннатга мувофиқ ўтириб ичишади, намозда сутрага жиддий эътибор беришади. Кейинчалик эса, бу каби нарсаларга нисбатан сусткашлик пайдо бўлади. Улардан бунинг сабабини сўрасангиз, бундан ҳам муҳим амаллар, фарз ва вожиботлар борлигини айтишади. Тўғри, фарз ва вожиб амаллар биринчи галда қилиниши лозим. Аммо, улардан кейинги ўринда турадиган суннат ва мустаҳабларни қилиб, уларнинг савобидан баҳраманд бўлишга ҳиммат йўқми? Нима учун суннатларга бепарволик кучайиб боряпти? Суннатни ўрганиб, уни ҳаётга татбиқ этишга ҳарис бўлган саҳобалардан ўрнак олиш қаерларга кетиб қолди?  

Зиёд ибн Жубайрдан ривоят қилинади: “Ибн Умар розияллоҳу анҳу бир кишининг олдига борганларини кўрдим. У одам туясини сўйиш учун чўктирган эди. Ибн Умар унга: “Туянгни Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларига биноан тик турғизиб, боғланган ҳолда сўй” дедилар”. Бухорий ривояти. 

Саҳобалар суннатга бутун умр вафо қилиб яшашган. Қуйидаги ривоят сўзимизга ёрқин далил бўлади.

Абу Рофеъдан ривоят қилинади: “Мен Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу билан хуфтон намозини ўқидим. У киши “Изас самааун шаққот” сурасини ўқидилар ва унда сажда қилдилар. Мен у кишидан: “Бу қандай сажда?” деб сўрадим. У киши: “Мен Абул Қосим соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ортларида шу сурада сажда қилган эдим. Шундан бери то у зотга йўлиққунимча сажда қилавераман” дедилар”. Бухорий ривояти.  

 

5.    Муҳитнинг таъсири. 

Инсон илмга кам амал қилинадиган муҳитда яшаса, атрофидагилар амал қилиш билан эмас, балки, ўрганган илмлари устида баҳсу мунозара қилиш, уни фақатгина ривоят қилиш билан вақтларини ўтказадиган бўлсалар, бу жамиятда яшайдиган киши ҳам шулардан таъсирланмай иложи йўқ. Бугунги фитна, фаҳш ва гуноҳлар бемалол содир этиладиган замонда илмга амал қилиш борасида барчага намуна бўладиган етакчининг ўрни каттадир. Акс ҳолда инсон номақбул муҳитнинг таъсиридан қутулиши жуда-жуда қийин бўлади. 

Аллоҳ таоло Сабаъ маликаси Билқис ҳақида шундай марҳамат қилади: “Уни эса Аллоҳни қўйиб ибодат қилган нарсаси (мусулмон бўлишдан) тўсгандир. Чунки у кофирлар қавмидан эди” (Намл, 43). 

Билқисни Аллоҳга ибодат қилишдан нима тўсди? Ибодат қиладиган бут-санамлари, сиғинадиган қуёши. Нима учун ўша қуёш уни Аллоҳдан тўсиб қўйди? Чунки, Билқис кофирлар қавмидан эди. Уларнинг орасида яшарди. Шунинг учун у ҳам кофир, мушрик бўлди. Ақлли, фаросатли бўлишига қарамасдан ўзи яшаб, раҳбарлик қилиб турган халқ ва муҳит таъсирига тушиб қолди. Сулаймон алайҳиссаломнинг олдиларига келгандагина исломни қабул қилди.

 

6.    Илмни ҳаётга татбиқ қилиш, унга амал қилишда воқеликдан узоқлашиб кетиш.

Толиби илм худди ўлжасига ташланган шердек ибодатларга ўзини уради. Фарз, вожиб, суннат, мустаҳаб ва бошқа барча амалларни қилишга ўта иштиёқманд ва ҳарис бўлади. Тоқат қилиб бўлмайдиган даражада кўп амал қилади. Вазият шу даражага етадики, бир оғирроқ амални қилишга тўғри келиб қолганда, ўзини қийнаб қўяди. Мана шунда ибодатнинг савобларини кетказиб қўювчи малоллик, ёқтирмаслик каби ноқулай ҳолатлар вужудга келади. Охирида у йигит қилиниши зарур бўлган ибодатлардан ҳам узилиб қолади. 

Абу Аббосдан ривоят қилинади, у киши дедилар: “Мен Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳунинг шундай деганларини эшитганман: “Менга бир куни Набий алайҳиссалом: “Эшитишимча, сен кечалари ухламай ибодат қилиб, кундузлари доим рўза тутар эмишсан?” дедилар. Мен: “Ҳа, Аллоҳнинг Расули, шундай қиламан” дедим. Шунда у зот: “Агар сен шу тарзда ибодат қилаверсанг, кўзинг толиқиб, нафсинг чарчаб қолади. Зеро, нафсингни сенда ҳақи бор, аҳлингни ҳам ҳақи бор. Шундай экан, рўза тут, оғзинг очиқ ҳам бўлсин, кечаси ибодат ҳам қилгин, ухлагин ҳам” дедилар”. Бухорий ривояти. Бу ҳадисда Пайғамбар алайҳиссалом умматларини ибодатда иқтисодли бўлишга ундамоқдалар. Токи нафс малолланиб қолиб, ибодатларнинг савоби кетиб қолмасин.

 

7.    Охират, жаннат, дўзах, ҳисоб-китоб, мезон ва бошқа нарсаларга бўлган иймонимиз заифлигидан амалларга сустлик қиламиз.

Шунинг учун ҳам гоҳида Абу Бакр розияллоҳу анҳунинг барча молларини садақа қилганларига, Ҳазрати Умарнинг мол-дунёларининг ярмини садақа қилганларига ҳайрон бўлиб, ишонқирамай қараймиз. Уларни ақлимиз лол қоладиган даражада бу каби садақалар қилиб, динга жонларини фидо этишларига сабаб нима? Албатта, сабаб уларнинг қалбларидаги жаннат, дўзах, ҳисоб-китоб ва бошқа Аллоҳ тақводорлар учун тайёрлаб қўйган мукофотларга кучли иймон келтирганларидир. Бизда ҳам шу каби нарсаларга бўлган иймонимиз мустаҳкам ва кучли бўлса, амалимиз ҳам шунга яраша бўлади.

 

8.    Қуръон ва Суннатга заиф боғланиш ҳам илмга амал қилишни сусайтиради. 

Нима учун Абу Бакр ва Умар розияллоҳу анҳумо Умму Айман розияллоҳу анҳони зиёрат қилгани боришганда у киши йиғладилар? Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг дунёда боқий қолишларини истаганларидан йиғладилар. Тўғри, у киши Аллоҳнинг ҳузурида Пайғамбар алайҳиссаломга тайёрлаб қўйилган мукофотларни билардилар, лекин у зот (с.а.в.)нинг вафотлари билан ваҳий тўхтаб қолган эди. Шунга йиғладилар. Бу Қуръон ва Суннатга боғланишнинг ёрқин намунасидир.

 

9.    Орзуларнинг кўплиги ва узунлиги ҳам амалнинг камайишига таъсир кўрсатади. 

Аллоҳ таоло узундан-узун орзу қилувчилар ҳақида шундай дейди: “Албатта, Биз билан мулоқотда бўлишни кутмай, дунё ҳаёти билан қаноатланган ва у билан (дили) таскин топганлар ҳамда оятларимиздан ғофил бўлган (кофир)лар, ана ўшаларнинг жойлари – қилмишлари туфайли – дўзахдир” (Юнус, 8). 

“Эҳ, қанийди...”, “Кошки эди...” деган сўзлар билан вақтларимиз беҳуда совурилиб, амал қилишга бепарво бўлиб қоляпмиз. Ваҳоланки, Пайғамбаримиз алайҳиссалом: “Бир ишга машғул бўлишингдан аввал бўшлигингни ғанимат бил”, бошқа бир ҳадисда эса: “Амалларга шошилинглар!” деганлар.

 

10.     Шайтон бизларни амал қилишдан тўхтатишга жуда ҳарисдир. 

 Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Икки хислат бор. Қайси бир мусулмон банда ўша ишларни доимо қилиб юрса, жаннатга киради. У иккисини қилиш осон, аммо қиладиганлар кам. Биринчиси: ҳар намоздан кейин ўн марта тасбеҳ, ўн марта таҳмид, ўн марта такбир айса, тилда 150 та, тарозуда 500 та бўлади; иккинчиси: уйқусига ётаётганда 34 марта такбир, 33 марта таҳмид, 33 марта тасбеҳ айтса, тилда 100 та, тарозуда эса, 1000 та бўлади” дедилар. Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни ўша зикрларни қўллари билан санаб бажараётганларини кўрдим. Саҳобалар: “Эй Аллоҳнинг Расули, қандай қилиб у иккисини қилиш осон-у, қиладиганлар кам?” деб сўрашди. Шунда у зот: “Тўшакка ётганингизда шайтон келиб, уларни айтмасингиздан олдин ухлатиб қўяди. Намозда ҳам келадида, ўша зикрларни айтишингиздан олдин бир ҳожатингизни эслатади. Натижада зикрларни эсингиздан чиқарасиз” дедилар”. Абу Довуд ривояти. 

 

Муолажа йўллари

 

1.    Илмнинг қимматли нарса эканлигини ҳис этиш. 

Ўтган уламолар илмни улкан хазина деб билишар эди. Шунинг учун ҳам унинг қадрига етиб, илмни амал қилиш билан мустаҳкамлар эдилар. Биз эса бугунги кунда кўп илм оламиз. Хоҳ дунёвий илм бўлсин, хоҳ диний илм бўлсин, ҳаммасини эгаллаймиз. Аммо амал қилишга келганда эса дангасаликка, сусткашликка йўл қўямиз. Чунки биз улкан хазинани қўлга киритганимизни тушуниб етмаймиз. Хазина дейилса бизнинг хаёлимизга фақат олтину кумушларга лиқ тўла сандиқ ёки кўза келади. 

2.    Ўтган уламоларнинг ояту ҳадисларга қанчалик амал қилганларини тафаккур қилиш ҳам кишида ҳимматни уйғотиб, амал қилишга ундайди. 

Марвазий айтади: “Менга Имом Аҳмад раҳимаҳуллоҳ айтган эди: “Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан бирор ҳадисни эшитадиган бўлсам, уни китобимга ёзишдан аввал ўзим амал қилардим. Бир куни “Набий алайҳиссалом қон олдирдилар ва Абу Тийбага бир динор бердилар” деган ҳадисни эшитиб қолдим. Уни китобимга ёзишдан аввал ўзим ҳам бир динорга қон олдирдим” дедилар”. 

3.    Уйда ота-оналар фарзандларига, мактаб-мадрасаларда, олийгоҳларда устозлар шогирдларига илмга амал қилишни ўргатишлари, бу борада ўзлари намуна бўлишлари лозим ва лобуддир. 

Бировга яхшиликни, одоб-ахлоқни ўргатаётган инсон, аввало, ўзи амал қилиб, кейин уни бошқаларга ўргатмаса, унинг барча ҳаракатлари бефойда кетади. Ўзи амал қилмайдиган кишининг сўзида таъсир бўлмайди. Ўша одамнинг ўзи амал қилмаслигини бошқалар билиши шарт эмас. Барибир таъсири сезилмай қолаверади. Шунинг учун устоз шогирдларига сўз билан ҳам, амал билан ҳам ибрат бўлиши матлубдир. 

4.    Аллоҳдан илм билан бирга амални ҳам беришини сўрашимиз лозим. 

 Абу Бакр ибн Арабий айтади: “Мен ҳижрий 489 йили Маккада турдим. Шу пайтда замзам сувидан тўйиб-тўйиб ичдим. Ҳар сафар ичаётганимда илм ва иймонни зиёда қилишини ният қилиб ичдим. Унинг баракаси билан Аллоҳ менга илм эшикларини очиб қўйди. Замзамни амал нияти билан ичишни унутибман. Эҳ, қанийди ўшанда илм ва амални ният қилиб ичганимда эди, Аллоҳ илм билан бирга амални ҳам берган бўлармиди. Мен илмдан ҳам кўпроқ амални танлайман”. 

Аллоҳдан фойдали илм беришини ва ўша илмга қўшиб амал қилиш неъматини ҳам ато этишини сўраймиз.  

 

Нозимжон Ҳошимжон

Неділя, 01 сентябрь 2019 00:00

Қалбларга озор бермайлик!

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Қадимда бир шаҳарда бой савдогар яшарди. Бир куни шу савдогарнинг умри тугаб, вафот этибди. Унинг биргина ўғли бўлиб, у ҳам сафарда эди. Кишилар марҳумнинг ўғлини қидира бошлашди. Чунки, отасининг ёлғиз меросхўри шу йигит эди. Афсуски, шаҳарда бирор киши у йигитни қанақалигини билмасди. 

Орадан бир неча кун ўтиб, уч киши келди. Улар ўзларини вафот этган савдогарнинг мерос оладиган ёлғиз ўғли деб даъво қилишарди. Қози уларни қозихонага чақиртирди ва текшириш учун бир доска илиб, доскага вафот этган ўша тожирнинг расмини илиб қўйди. Кейин қози бояги уч йигитга қараб: “Ким шу расмнинг ўртасига мана шу ўқни теккиза олса, ўша йигит меросни олади” деди. 

Биринчи йигит қўлига ўқни олиб, зарб билан отди. Ўқ мўлжалга тегай деди. 

Кейин иккинчи йигит келди. У ҳам ўқни зарб билан отди. Ўқ аввалги йигитникидан кўра нишонга анча яқин борди. 

Навбат учинчи йигитга келди. У ўқни қўлига олганда қўллари титради, юзининг ранги сарғайди, кўз ёшлари оқиб тушиб, юзларини юва бошлади. У қўлидаги ўқни бир четга улоқтирди ва: “Мен отажонимнинг кўксиларига бу ўқни отолмайман. Мен меросга бу йўл билан эришгандан кўра ўша меросдан маҳрум бўлишни афзал биламан” дея қичқирди. 

Шунда қози у йигитга қараб: “Эй йигит, вафот этган кишининг ҳақиқий ўғли ва шаръий меросхўри сенсан. Булар иккиси эса, муттаҳам ёлғончилардир” деди. 

Ҳа, азизлар, ҳеч бир фарзанд ўз отасининг қалбига, ҳатто расмда бўлса ҳам, ўқ отиб, қалбини оғритишни, яралашни хаёлига ҳам келтиролмайди. Худди шунингдек, чинакам дўст, ҳеч бир ака-ука, ҳеч бир эру хотин бир бирининг қалбига озор беришни истамайди.  

Бир-биримизнинг қалбларимизга озор беришдан сақланайлик! Аксинча, ёнимиздагиларнинг қалбларига шодлик, ҳурсандчилик олиб киришга уринайлик! Зеро, бу иш ҳадисларда фарз амаллардан кейин Аллоҳга энг маҳбуб амал деб айтилган.

 

Манба: islom.uz
“Ҳаётнинг нариги юзи” саҳифасидан Нозимжон Ҳошимжон таржимаси

Барчаларимизга маълумки ҳар йили анъанавий тарзда Ўзбекистон мусулмонлари идораси тизимида фаолият кўрсатиб келаётган имом-хатиблар ўртасида “Энг маърифатли имом” кўрик танлови кўтаринки руҳда ўтказилиб келинмоқда. Жорий  йилда ҳам Республикамизнинг ҳар бир ҳудудида ушбу танлов кўтаринки кайфиятда ўтказилмоқда десак асло муболаға бўлмайди. Зеро ушбу танлов орқали имом-хатиблар ўзара беллашадилар, илмий мунозалара қилишади. Якунида эса ғолиб аниқланади. Шу кунгача Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Андижон вилояти вакиллиги томонидан вилоятда фаолият кўрсатиб келаётган масжид имом-хатиблари ва имом-ноиблари ўртасида “Энг маърифатли имом” кўрик танловининг шаҳар-туман босқичлари ўтказилган эди.

Бугун эса мазкур кўрик танловнинг Андижон вилояти босқичи Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Андижон вилояти вакиллигида жуда катта хурсандчилик ила ўтказилди.

Сабаби эса – бугунги тараққиёт талабларига жавоб берадиган, кучли илмий салоҳиятга эга, ташаббускор, илғор фикрли, замонавий ахборот технологияларидан етарлича фойдалана оладиган ва кенг халқ оммасига ўз фикрини етказиш қобилиятига эга бўлган энг иқтидорли, фаол имом-хатибларни аниқлаш ва қўллаб-қувватлашдан иборатдир.

Танловда вилоятимизнинг шаҳар ва туманларида ғолибликни қўлга киритган 16 нафар масжид имом-хатиблари иштирок этдилар.

Танлов шартларига кўра иштирокчилар тўрт йўналиш бўйича баҳолаб боришлик, кўрик танловни кўтаринки руҳда, адолатли ташкил этишлик мақсадида қуйидаги таркибда ҳакамлар ҳайъати томонидан иштирокчилар баҳолаб бордилар.

 “Энг маърифатли имом” кўрик танлови даставвал Қуръони Карим тиловати ила бошланган бўлса, сўнгидан Андижон вилояти бош имом-хатиби ўринбосари Хайруллоҳ домла Сулаймонов кириш сўзи билан очиб бериб, барча иштирокчиларга ўзининг самимий тилакларини изҳор қилди.

“Энг маърифатли имом” кўрик танловининг вилоят босқичида иштирок этган иштирокчиларининг чиқишлари ҳакамлар ҳайъати томонидан баҳолаб борилди ҳамда якуний натижаларга кўра ғолиблар эълон қилинди.

Унга кўра,

1- ўринни Андижон шаҳридаги “Ҳазрати Билол” жоме масжиди имом-хатиби Равшанбек домла Ўринбоев;

2- ўринни Жалақудуқ туманидаги “Капа” жоме масжиди имом-хатиби Қобилжон домла Турдиев;

3- ўринни Шаҳрихон туманидаги “Гултепа” жоме масжиди имом-хатиби Шохимардон домла Ориповлар қўлга киритдилар.

Кўрик танлов доирасида турли ҳил йўналишлар бўйича ҳам тақдирлаш маросими ўтказилди. Унга кўра диний соҳа ривожи учун ўзларининг муносиб ҳиссаларини қўшиб келаётган, имом-хатиблик фаолиятида бошқаларга ўрнак кўрсатиб келаётган, масжидлар ободлиги, уларнинг фаровонлиги ва хавфсизлиги йўлида хизмат қилиб келаётган бир қатор масжид ходимлари ҳам муносиб тақдирландилар.

Ғолибликни қўлга киритганларга ЎМИнинг Андижон вилояти вакиллигининг Касаба уюшмаси қўмитаси томонидан тақдим этилган эсдалик совғалари билан тақдирландилар.

Шунингдек, “Энг маърифатли имом” кўрик танловининг вилоят босқичида ғолибликни қўлган киритган Андижон шаҳридаги “Ҳазрати Билол” жоме масжиди имом-хатиби Равшанбек домлар Ўринбоев танловнинг Республика босқичида иштирок этишлик ҳуқуқини қўлга киритди.

 

ЎМИнинг Андижон вилояти вакиллиги

ходими Нуруллоҳ Қодиров

 

Неділя, 01 сентябрь 2019 00:00

Саҳифангизни эҳтиёт қилинг!

Бир киши Валид ибн Абу Хайра роҳматуллоҳи алайҳни сўкиб юборди. Шунда у зот: “Бу сенинг саҳифангдир. Шундай экан, унга хоҳлаган нарсангни ёздиравер!”, дедилар.
Унутмаслик керак, тил – Аллоҳнинг улуғ неъмати. Ҳар бир инсоннинг елкасида ҳаёти давомида амалга оширган, содир этган гуноҳ ёки савоб амалларини ёзиб борадиган фаришталар мавжуд. Инсонни оғзидан чиқаётган ҳар бир яхши-ёмон айтилаётган сўзларни, ҳатто тортган оҳ-воҳларини ҳам амал дафтарининг саҳифаларига ёзиб борадилар.
Аллоҳ ўз каломида бу ҳақида айтади: “У бирoр сўзни тaлaффуз қилсa, aлбaттa, унинг oлдидa ҳoзиру нoзир бўлгaн бир кузaтувчи (сўзни ёзиб oлувчи фaриштa) бoрдир”. (Қоф: 18).
Тилнинг зарари улкан бўлиб, хатарининг кўлами эса жуда катта саналади. Тил зарарли йиртқич ҳайвон, чақувчи илон ҳамда алангаланувчи оловдир. Тилингиз ила киши айбини гапирмангки, Сизнинг ҳам барча жойингиз айб, камчиликдан иборатдир.
Муоз ибн Жабал розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан сўради: “Эй Аллоҳнинг расули, гапирганларимизга ҳам жазоланимизми?
– Сен ўлиб, онанг боласиз қолгур, эй Жабалнинг ўғли! Ахир, фақат тилларидан унган хосиллар туфайли одамлар жаҳаннамга юзлари билан қулайди-да”.
Ақаба ибн Амр розияллоҳу анҳу айтади: “Нажот нимада, эй Аллоҳнинг расули? – деб сўрадим.
– Тилингни тий, уйингни кенг қил ва хатоларинг учун йиғла, – дедилар Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам”.
Саҳобаи киромлар Қуръон ва суннат одоби ила тарбияланган вақтлариданоқ, лафзларини тўғирлаб, гапларига риоя қила бошладилар. Уларнинг нутқлари зикр, назарлари ибрат ҳамда сукут сақлашлари эса тафаккурга айланди. Мўмин инсон ўз тили орқали бошқа мусулмон биродарларининг қалби озор бермаслиги керак. Зеро, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўз ҳадисларида марҳамат қилганларидек, “Мусулмон – бошқа мусулмонлар унинг тили ва қўлидан омонда бўлган кишидир”.
Муқаддас Ислом динимиз инсонларни қалбига озор бермасликка чақиради. Бу амални Ислом ўзининг шиорлари даражасига кўтарди.
Бир кун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Оиша розияллоҳу анҳодан хурсанд бўлиб, “Эй Оиша, мендан хоҳлаган нарсангни сўра” дедилар. Оиша розияллоҳу анҳо жуда ҳам зийрак аёл эдилар, бу фурсатни қўлдан бой бермаслик учун энг яхши нарсани сўрашни қасд қилдилар ва “Бу борада отам билан маслаҳатлашсам” дедилар. Чунончи Абу Бакр розияллоҳу анҳунинг ҳузурларига бориб воқеъани баён қилдилар. Абу Бакр розияллоҳу анҳу : “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам меърожга чиққанларида Аллоҳ таоло у зотга сирларни айтган. Ўшалардан бирини айтиб беришларини сўра” дедилар. Оиша онамиз розияллоҳу анҳо ўша нарсани сўрадилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам : “Роббим менга меърож кечасида “Менинг наздимда мўминнинг даражаси шу даражада юқорики, қайси бир мўмин бошқа бир мўминнинг қалбига хурсандчилик солса, албатта жаннатий бўлади” деди”, дедилар. Оиша розияллоҳу анҳо хурсанд бўлиб Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳуга бу гапни етказган эдилар Абу Бакр қаттиқ йиғладилар. Оиша розияллоҳу анҳо “Нега йиғлайсиз, ахир бу хурсандчилик хабар эмасми” деганларида, “Бу, мўминнинг қалби Аллоҳ таолонинг наздида шу даражада қадрлики, ким унга озор етказса, дўзахийдир” дегани бўлади – дедилар.
Аллоҳ барчаларимизга ўз саҳифаларимизни солиҳ амаллар билан тўлдиришимизни насиб қилсин. Бир бир инсоннинг қалби озор беришликдан Аллоҳ паноҳ берсин. Омин!
Азизлар, Саҳифангизни эҳтиёт қилинг!

Нодирбек Нишонов,
Фарғона шаҳар “Муҳаммад авлиё” масжид имом-ноиби

Видеолавҳалар

Top