www.muslimuz
Нишонга урилган гаплар: “Одамларнинг қанақалигини сафарда ёки бошингга иш тушганда биласан”
Қуйида келтириладиган фикрлар, ҳикматлар сайтлардан ва ижтимоий тармоқлардаги турли саҳифалардан олиб таржима қилинган.
Мазлумнинг «Ҳасбуналлоҳ ва неъмал Вакил» («Бизга Аллоҳнинг Ўзи етарли ва У қандай ҳам яхши вакил»)деган сўзининг маъносини биласизми? У шу пайтда «шикоятлар папкаси»ни Роббисига юбораётган бўлади.
*****
Эй Аллоҳ! Ҳар бир эркака ҳамият, ғайрат, иффат, ор-номус бергин ва сўзи аёлига, қизларига, опа-сингилларига таъсир қилишини насиб этгин!
Эй Аллоҳ! Ҳар бир аёлга шарму ҳаё, ибо, уят, иффат бергин ва ота-онасининг, ака-укаларининг, эрининг айтганини қилишини насиб этгин!
*****
Эй Роббим, қалбини умидсизлик қамраб олган кишиларга Ўзинг ёрдам бергин! Бемор бандаларингга комил шифо ато этгин!
*****
Дунё ва Охират яхшилиги беш хислатда:
- Нафс тўқлиги (қаноат);
- Озор беришдан тийиш ва тийилиш;
- Ҳалол луқма ейиш;
- Тақво либоси;
- Барча ҳолатларда Аллоҳга ишониш.
Али розияллоҳу анҳу
*****
Улкан Имконият
Уйқудан уйғоняпмизми, демак:
- Аллоҳ таоло Ўзини зикр қилишимиз;
- Унга истиғфор айтиб, тавба қилишимиз;
- зулм қилган кишиларимиздан узр сўраб, розиликларини олишимиз;
- қарзларимизни ҳақдорларга қайтаришимиз;
- қазо намозларимизни ўқишимиз;
- қазо рўзаларимизни тутишимиз;
- ўлимга чин маънода тайёргарлик кўришимиз учун бизга имконият беряпти.
Биз бор куч-ғайратимизни ишга солиб, бу фурсатдан фойдаланайлик!
*****
Китобларнинг дўстлиги инсонларнинг дўстлигидан афзалдир. Китоблар сенга доим нимадир беради, аммо ҳеч нарса талаб қилмайди.
«Тарих муҳрлаган сўзлар»
*****
Аёдан сўрадилар: “Сенингча олийжаноб эркак ким?”
У жавоб берди:
- Менга таъна эмас, насиҳат қиладиган;
- Мендан гумонсираб кузатмай, балки менга ишонадиган;
- Менга озор беришга эмас, мени ҳимоя қилишга уринадиган киши.
*****
Босния ва Герцоговинанинг собиқ президенти Али Иззатбегович бир сафар Жумъа намозига кеч қолиб келди. Одатда у намозни олдинги сафларда адо этарди. У биринчи сафга ўтиб олиши учун одамлар йўлни очишди. Шунда у намозхонларга бирма-бир кўз югуртириб чиқдида, ғазаб билан ўша машҳур гапини айтди:
«СИЗЛАР МАНА ШУНДАЙ ҚИЛИБ ЗОЛИМУ ДИКТАТОРЛАРИНГИЗНИ ЕТИШТИРАСИЗЛАР»
«Тарих мухрлаган сўзлар»
*****
Қанийди болаларга ўхшасак
- Болалар ўзларидаги нарсани бошқа ўртоқларига ҳам илинадилар.
- Улар урушиб қолсалар, дарҳол ярашиб оладилар, хафа қилган дўстларини тез кечирадилар. Гина, нафрат, адоват деган нарса уларга ётдир.
- Улар хато қилсалар йиғлайдилар ва ота-оналарининг кечиришларини истаб, уларга ялинадилар, раҳм-шафқатларини уйғотишга ҳаракат қиладилар.
- Уларда мағрурлик, кеккайиш, бошқаларни назарга илмаслик ҳолати йўқ.
- Уларда соддалик, самимийлик бор.
- Улар ўртоқларига меҳрибонлик қилмоқчи бўлсалар, чиндан меҳрибонлик қиладилар, таомга, бирга ўйнашга чақирсалар, ростдан, чин юракдан чақирадилар.
- Сохта такаллуф, иккиюзламачилик, лаганбардорлик деган нарса уларга бегона.
- Уларнинг юраклари оппоқ бўлади.
*****
Одамларнинг қанақалигини сафарда ёки бошингга иш тушганда биласан.
Абдурраҳмон Муниф
*****
Жим туриш доим розилик аломати бўлавермайди. Гоҳида тушунмайдиган кишиларга тушунтиришга уриниб чарчаганимиз учун ҳам жим бўламиз.
Ғассон Канафаний
*****
Бургутлар жим турганда тўтиқушлар сайрашни бошлайди.
*****
Интернет материалларидан тўплаб, таржима қилувчи
Нозимжон Иминжонов
Умматимнинг аҳволи нима бўлади?
Биз Ислом умматининг[1] деярли охир замон вакиллариданмиз. Биз шу умматнинг бир бўлаги сифатида, биз учун қайғурган, бунинг учун умрини бағишлаган, жони чиқар ҳолида ҳам умматининг аҳволи ташвиши билан бўлган Зотга жонимизни қўйинг майли, муҳаббатимиз қанчалик?
Пайғамбар алайҳиссаломни ҳаммадан ортиқ кўришимизнинг боиси, Пайғамбар алайҳиссалом бутун пайғамбарликлари даврида уммат қайғуси билан яшадилар, умматни ҳақ йўлга бошладилар. Ҳатто жонлари чиқаётганда ҳам умматларини ўйладилар.
Ривоят қилинадики, “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўлим онларида Жаброил алайҳиссаломдан: “Мендан сўнг умматимнинг аҳволи нима бўлади?” деб сўрадилар. Шунда Аллоҳ таоло Жаброил алайҳиссаломга ваҳий этди: Ҳабибимга хушхабар бер, уммати ичида уни уялтирмайман. Ҳашр кунида у қабрдан энг олдин чиқадиганлардан бўлади ва Маҳшаргоҳда тўпланганларнинг саййиди қилинади. То унинг уммати кирмагунича бошқа умматларга жаннатга кириш ҳаромдир”.
“Ана энди кўзим қувончга тўлди”, дедилар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам” (Имом Табароний ривояти).
Кунларнинг бирида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам йиғладилар. Буни кўрган саҳобалар: “Ё Расулуллоҳ! Сизни нима йиғлатди?”, деб сўрашди. У зот эса: “Биродарларимни соғиндим!”, деб жавоб бердилар. Саҳобалар: “Бизлар биродарларингиз эмасмизми, ё Расулуллоҳ?”, дейишди. Шунда у зот алайҳиссалом: “Йўқ. Сизлар асҳобларимсиз. Биродарларим мендан кейин келадилар, мени кўрмасдан туриб менга имон келтирадилар!”, дедилар.
Мана шунинг учун ҳам Аллоҳ элчисини севиш комил имон рамзига айланди. Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам:
لآ يُؤْمِنُ أحدُكم حتّي أحبَّ إليه مِن والده و ولدِه و الناس أجمعين
«Мен унга ота-онасидан, фарзандидан ва одамларнинг барчасидан суюкли бўлмагунимча у комил мўмин бўла олмайсиз», деганлар” (Имом Муслим ривояти).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни яхши кўришда саҳобаларга тенг келадигани йўқ эди. Булар ичида эса Абу Бакр розияллоҳу анҳунинг олдига ҳеч ким туша олмасди[2].
Макка фатҳи куни Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳунинг оталари Абу Қуҳофа мусулмон бўлди. Кўзи ожиз бўлиб қолган бу қариянинг мусулмон бўлиши анча кечиккан эди. Абу Бакр Сиддиқ оталари Исломга кирганини айтиб, байъат қилдириш учун у кишини Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига олиб бордилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Эй Абу Бакр! Кекса отангизни уйда қолдирсангиз бўлар эди. Олдиларига ўзимиз борардик», дедилар. Шунда Абу Бакр Сиддиқ: «Эй Аллоҳнинг Расули, бунга сиз ҳақлироқсиз», дедилар. Ўша кунларда Абу Бакр кўп йиғладилар. Шунда одамлар: «Энг хурсанд бўладиган кунда ҳам йиғлайсизми? Ахир отангиз мусулмон бўлиб, дўзахдан нажот топди-ку?» дейишди.
Абу Бакрнинг жавобларига эътибор беринг.
«Ҳозир отам Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга байъат қилганидан кўра Абу Толиб байъат қилса, кўпроқ хурсанд бўлар эдим. Чунки бундан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам кўпроқ хурсанд бўлардилар» (Имом Аҳмад ва Табароний ривояти).
Бу зотлар ўз хурсадчилигидан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг хурсандчилигини устун қўйганлар. Шунинг учун бу умматнинг устуни бўлишган.
Биз нима қилмоғимиз керак?
Бунинг учун ахлоқимизни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ахлоқлари каби хулқлантиришимиз, ҳаётимиз, турмуш тарзимиз, оиламизга У Зот соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг суннатларини жорий қилишимиз ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ўгитлари асосида умр ўтказишимиз керак. Буларни ўрганиш учун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни танишимиз зарур. Кўришмаганмиз-ку, дейишимиз мумкин. У Зотни танишимиз сийратлари, ҳаёт йўллари ва шамоилларини ўқиб, ўрганиш орқали бўлади. Яна салавотларни кўпайтириш ҳам муҳаббатнинг белгиларидан.
Вақтни қўлдан бой берманг! Сиз илм олиш ёки етказиш учун илк қадамни ташланг, барака Аллоҳдан!
Аллоҳумма солли аълаа саййидинаа Муҳаммад ва аълаа аали саййидинаа Муҳаммад!
Нодирбек НИШОНОВ,
Фарғона шаҳар “Муҳаммад авлиё” масжид имом-ноиби
Манба: Fargonaziyo
Ҳамдардлик мактублари келиши давом этмоқда
Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратларига укалари Исломхон Алимовнинг вафоти муносабати билан хорижий давлатлар муфтийлари номидан ҳамдардлик мактублари келиши давом этмоқда. Уларнинг айримлари мазмунини эътиборингизга ҳавола этамиз.
Бутун дунё Ислом уюшмаси таъсис ҳайъати
ҳамда Бутун дунё уламолари кенгаши аъзоси,
Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси,
муфтий Усмонхон Алимов ҳазратларига,
Азиз биродарим!
Россия Федерацияси мусулмонлари диний идораси, Россия муфтийлар кенгаши ва шахсан ўз номимдан укангиз Исломхон ҳожи Алимовнинг вафоти муносабати билан чуқур ҳамдардлик билдираман.
Ушбу улкан қайғу ва йўқотишингизга шерик бўлган ҳолда, Аллоҳ таолодан Сизга ва яқинларингизга сабр-бардош тилайман. Зеро, Қуръони каримда: “...Албатта, биз Аллоҳнинг ихтиёридамиз ва албатта, биз Унинг ҳузурига қайтувчилармиз...” (Бақара, 156) дейилган.
Ислом ҳожи Алимовнинг барча оила аъзолари ва яқинларига самимий таъзиямни изҳор этаман.
Биз буюк Парвардигордан дуо қилиб сўраймизки, марҳумни ўзининг кенг ва чексиз раҳматига олсин!
Марҳум биродаримизни Аллоҳ таоло жаннат боғларига дохил этсин!
Эҳтиром ила,
Муфтий Равил Ғайнуддин,
Россия Федерацияси мусулмонлари диний идораси,
Россия муфтийлар кенгаши раиси
Азиз Қардошим Усмонхон ҳазратлари!
Укангиз Исломхон Алимовнинг вафоти хабари қардош Озарбайжон мусулмонлари томонидан чуқур қайғу билан қаршиланди. Шахсан ўз номимдан ва Кавказ мусулмонлари идорасининг барча ходимлари номидан марҳумнинг хотираси қаршисида эҳтиром-ла раҳмат тилаймиз. Сизнинг оилангизга ва бутун қардош Ўзбекистон мусулмонларига чуқур ҳамдардлик билдирамиз. Аллоҳ раҳматига олсин, жойи Наъим жаннатларида бўлсин!
Катта эҳтиром ила,
Шайхулислом Оллоҳшукур Пошшозода,
Кавказ мусулмонлари идораси раиси
Ёмон хулқдан сақланиш
Фарзанд тарбиясига катта эътибор қаратиш энг муҳим омилдир. Зеро, ёшликда ўрганган одоб билан бола ўсиб-улғаяди. Ёш болаларда учрайдиган тажанглик, уришқоқлик, шошқалоқлик, пала-партишлик, қўрслик каби салбий одатлар ўз вақтида тўхтатиб қолинмаса, катта бўлганида буларни ташлаши қийин кечади. Бундай ёмон сифатлар унда мустаҳкам ўрнашиб, бузуқ ахлоқларга айланади. Натижада инсон қанчалик ҳушёр бўлишга уринмасин, кун келиб унинг бу яширин одатлари юзага чиқади. Шу туфайли баъзи кишиларни бу каби хунук ҳолатларда учратиб қоламиз. Бу ҳолат уларнинг нотўғри тарбия олгани оқибатидандир. Шунингдек, болани беҳуда ишлар ва кераксиз гап-сўзлардан узоқ қилиш керак. Албатта, булар ҳеч қачон боланинг одобига ижобий таъсир ўтказмаган. Болани ёлғончи бўлишдан сақлаш керак. Агар ота-она болага ёлғон ва хиёнат йўлини қулайлаштирса, унинг дунё ва охират саодатига хавф солган, ҳамма яхшиликдан маҳрум этган бўлади.
Болани ялқов, бекорчи, эринчоқ ва доимо роҳатда бўлишга ташлаб қўймасдан, унга фақат етарлича куч тўплаб оладиган даражада ором берилади. Зеро, дангасалик ва бекорчиликнинг оқибати пушаймонликдир. Меҳнатдан толиқишнинг дунё ва охиратда мақтовли натижаси бор. Буюк муфассир Яҳё ибн Абу Касир ҳам: “Илмга жисмнинг роҳати билан эришилмайди”, деб бежиз айтмаган.
Фарзандни илм ва ибодатга рағбатли қилиб тарбиялаш керак. Ана шунда бола катта бўлганида вақтининг кўп қисмини илм олиш, касб-ҳунар ўрганиш ҳамда ибодат билан машғул бўлишга ажратади. Албатта, ёшлигидан буларнинг барчасига одатланган бола катта бўлганида ҳаётда қийналмайди.
Шунингдек, болани ортиқча овқатланиш, гапириш ва кўп ухлашдан йироқ қилиш керак. Зеро, зиён мана шу нарсаларнинг керагидан ортиғидадир. Уни қорни ва фаржига тааллуқли шаҳватларнинг зарарларидан узоқлаштириш, улар ортидан келиб чиқадиган зарарларнинг оқибатини яхшилаб тушунтириб бериш мақсадга мувофиқ бўлади.
Кўп кишилар фарзандларини ўз ҳолларига ташлаб қўядилар, одоб-тарбия бермайдилар, уларнинг хоҳиш-истакларини амалга оширишга ҳаракат қиладилар. Бу ёрдамлари билан баъзида боланинг бахтига зомин бўладилар. Ҳолбуки, улар болани эъзозлаяпмиз, деб, аслида эса келажакда хор бўлишига сабабчи бўладилар, унга раҳм-шафқат қиляпмиз, деб, аслида унга зулм қилган ҳамда яхшиликдан маҳрум этган бўладилар. Шунингдек, оғзи шалоқ, хулқи бузуқ кимса билан суҳбатлашишдан ҳам болани эҳтиёт қилиш керак.
Отанинг болаларига лоқайд бўлиши охири хунук оқибатларга сабаб бўлади. Лоқайдлик ёмон иллат бўлиб, у бола тарбиясининг бузилишига катта йўл очади. Ота сусткашлик қилиб, бурчини адо этмагани ва манфаатли илм ҳамда солиҳ амалдан ўргатмагани оқибатида ўз фарзандидан манфаат топа олмайди. Фарзанд ҳам отасининг яхшилигидан ва манфаатидан маҳрум бўлиб ўсади. Хусусан, агар фарзанд ўғил бўлса, унга ипакдан тайёрлаган кийим кийгазиш мумкин эмас. Бу унинг жисми ҳамда тарбиясига салбий таъсир этиб, уни аёлтабиат қилиб қўяди. Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Ипак ва тилла умматимнинг эркакларига ҳаром қилинди, аёлларига ҳалол қилинди”, дея марҳамат қилганлар (Имом Абу Довуд, Имом Насоий ва Имом Ибн Можа ривояти). Гўдак мукаллаф бўлмаса-да, ота-она мукаллафдир. Уларнинг болани ҳаром йўлга кириб кетиши учун имконият яратиб беришлари ножоиз, албатта. Негаки, бола нимага одатланса, ундан ажралиши оғир бўлади.
Боланинг қобилияти ва қизиқишига қараб иш тутиш, уни қайси ишга қобилияти бор, қандай ишларни уддалай олишини назарда тутиш зарур. Ота-она фарзандларини фаҳм-фаросатли, хотираси кучли, тезда илғаб оладиган ва билимга рағбатли деб билишса, бу унинг илмни қабул қилишга тайёр эканининг аломатидир. Модомики қалб лавҳаси бўм-бўш экан, унга илмни нақш қилишсин ва бу билан илм унинг қалбига муҳрланиб, ривожланиб борсин. Агар болада баҳодирлик ва шунга ўхшаш спорт турларига қобилияти сезилса, уни ўзи ёқтирган спорт тури билан мунтазам шуғуллантириш мақсадга мувофиқ бўлади.
Усмонхон АЛИМОВнинг
“Ёшлар келажагимиз” китобидан
Ҳаё нимадан пайдо бўлади?
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Жунайд раҳматуллоҳи алайҳи: «Ҳаё неъматларни ва нуқсонларни кўришдир. Ҳаё иккисининг орасида туғилади», деган.
Абул Фидо Исмоил Ҳаравий: «Ҳаё муҳаббат ила қамралган улуғлашдан туғилади», деган.
Ҳаёнинг инсон зоти учун, унинг оиласи, ватани, қабиласи, жамияти ва бутун дунё учун фойдалари сон-саноқсиз ва ҳад-ҳисобсиздир. Қуйида ҳаёнинг фойдаларидан баъзиларини эслаб ўтамиз.
- Ҳаё иймон хислатидандир.
Иймон эса ўз ўрнида Аллоҳ таоло инсон зотига берган энг улуғ неъматдир. Иймон инсонни улуғлайдиган, уни ҳайвонлик даражасидан кўтариб, фариштадан ҳам юқори бўла оладиган имконга эга қиладиган буюк неъматдир. Иймони бор банданинг ҳаёси бўлади.
- Ҳаё Ислом гўзаллигидандир.
Исломининг гўзаллигига қараб кишининг бу дунё ва охиратдаги мақоми белгиланади. Исломи гўзал бўлган банданинг бу дунёси ҳам, охирати ҳам гўзал бўлади. Ўша икки дунёсининг гўзаллиги мартабаси ҳам Исломининг гўзаллиги миқдорига қараб бўлади. Ҳаёли банданинг ҳаёси унинг Исломининг гўзаллигига ҳисса қўшади ва бу дунёда ҳам, охиратда ҳам мартабасининг кўтарилишига хизмат қилади.
- Ҳаё Аллоҳ таолодан хижолат бўлиб, маъсиятни тарк этишдир.
Одамлардан хижолат бўлмасдан беҳаёлигини қилаверадиган киши охир-оқибат Аллоҳ таолодан ҳам хижолат бўлмайдиган ҳолатга тушиб қолади. Бу эса мазкур беҳаё банданинг икки дунёдаги бадбахтлигидир.
Заррача ҳаёси бор банда эса ҳам ўзига ўхшаган бандалардан ҳаё қилади, ҳам Аллоҳ таолодан ҳаё қилиб, гуноҳу маъсиятларни тарк қилади. Бу эса унинг бу дунёдаги ва охиратдаги улкан саодатидир.
- Ҳаё Аллоҳ таолони севиб, тоатга берилишдир.
Инсондаги ҳаё сифати уни Аллоҳ таолони севишга чорлайди. Аллоҳ таолони севган банда эса У Зотнинг тоатига берилади. У Зотнинг тоати эса банданинг икки дунё саодатига эришиши демакдир.
- Ҳаё бандани бу дунё ва охират шармандалигидан узоқлаштиради.
Ҳаё сифати бандани беҳаё гап-сўз ва ишлардан қайтариб туради. Бошқача қилиб айтганда, Аллоҳ таолодан ҳаё қилиб, гуноҳлардан узоқда бўлишига хизмат қилади. Беҳаёлар ҳаёсизликлари туфайли бу дунё ва охиратда шарманда бўладилар. Ҳаёлилар эса ҳаёлари шарофатидан бу дунё ва охират шармандалигидан узоқда бўладилар.
- Ҳаё иймон шўъбаларининг аслидир.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам иймоннинг етмишдан ортиқ шўъбаси борлигини, уларнинг энг олийси калимаи шаҳодат бўлса, уларнинг энг сўнггиси йўлдаги озор берувчи нарсани олиб ташлаш эканини айтиб туриб, ҳаё иймоннинг шўъбаларидан бири эканини алоҳида таъкидлаганлар. Ушбу набавий таъкидлаш иймон бобида ҳаё қанчалар катта аҳамиятга эга эканига ёрқин далилдир.
- Ҳаё ўз эгасини виқорли қилади.
Виқор эса ҳар бир банда учун ўта зарурдир. Ким виқорли бўлишни истаса, ҳаёли бўлишга ҳаракат қилсин!
- Ҳаё анбиёлар, саҳобалар, тобеъинлар ва авлиёларнинг сифатидир.
Бас, ким анбиё алайҳиссаломларга эргашаман деса, ҳаёли бўлишга ҳаракат қилсин! Ким саҳоба розияллоҳу анҳумога эргашаман деса, ҳаёли бўлишга ҳаракат қилсин! Ким тобеъин раҳматуллоҳи алайҳимога эргашаман деса, ҳаёли бўлишга ҳаракат қилсин! Ким авлиё раҳматуллоҳи алайҳимога эргашаман деса, ҳаёли бўлишга ҳаракат қилсин!
- Ҳаё бандани Аллоҳ таолонинг ва одамларнинг муҳаббатига сазовор қилади.
Бас, ким Аллоҳ таолонинг муҳаббатига сазовор бўламан деса, ҳаёли бўлишга ҳаракат қилсин! Ким мўмин-мусулмонларнинг муҳаббатига сазовор бўламан деса, ҳаёли бўлишга ҳаракат қилсин! Бас, ҳар бир банда ҳаёли бўлиш ҳаракатида бўлсин!
«Зуҳд ва ҳаё» китобидан