Видеолавҳалар

Жорий йилнинг 9 январь куни Жидда шаҳрида жойлашган “Superdome” форумлар саройида бошланган Ҳаж ва умра хизматлари конференция-кўргазмасида  Ўзбекистон делегацияси ҳам иштирок этмоқда. 

 

Саудия Арабистони Макка Амири, Икки муқаддас масжид ходими маслаҳатчиси Шаҳзода Холид ал-Файсал ташаббуси билан ташкил этилган мазкур нуфузли тадбирда Ўзбекистон Республикаси Президентининг маслаҳатчиси Музаффар Комилов, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Нуриддин домла ҳазратлари ва Дин ишлари бўйича қўмита раиси Содиқжон Тошбоев иштирок этмоқда. 

 

Ушбу кўргазма жорий йилнинг 12 январь кунига қадар давом этади. Мазкур халқаро кўргазма Саудия Арабистони Подшоҳлиги ҳукумати "Ҳаж-2023" тадбирларига пухта тайёргарлик кўриш учун ўтказилмоқда. 

 

Тадбирда дунёнинг турли давлатларидан вазирлар, муфтийлар, ҳаж ва умра тадбирларини ташкил этишга маъсул Саудия Арабистонининг идоралари ва халқаро компаниялар иштирок этмоқда.

 

Кўргазма доирасида "Ҳаж-2023" мавсумида меҳмонхона, овқатланиш, транспорт, қурбонлик, Мино, Арафот ва Муздалифа водийларида хизмат кўрсатиш бўйича замонавий лойиҳалар тақдимот қилинади.

 

Ушбу тадбир Саудия тарихида кенг жабҳада биринчи бор ташкил этилаётгани билан катта аҳамиятга эга бўлиб, бу орқали Саудия ҳукумати ҳаж ва умра зиёратчиларига сифатли хизмат кўрсатилишини ташкил этиш борасидаги мақсадларни ўз олдига қўйган.

 

Анжуман доирасида Ҳаж ва умра зиёратчиларига кўрсатилаётган хизматлар ҳақида ўзбек, араб ва инглиз тилларида чоп этилган "Ўзбекистонлик зиёратчилар учун ҳаж ва умра хизматлари" номли фотоальбом айрим иштирокчиларга тақдим этилди. 

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Read 908 times

Видеолавҳалар

Top