Видеолавҳалар

“Миллатлараро ва динлараро бағрикенглик - самарали ҳамкорликнинг муҳим омили” мавзусидаги халқаро конференция бўлиб ўтди

Аввал хабар берганимиздек, 16 ноябрь – Халқаро бағрикенглик куни муносабати билан жорий йилнинг 13-19 ноябрь кунлари юртимиз бўйлаб “Бағрикенглик ҳафталиги” ўтказилмоқда.

Ҳафталик давомида турли маданий, маънавий-маърифий ва илмий-амалий тадбирлар ўтказиб келинмоқда.

Бугун, 16 ноябрь куни Тошкент шаҳридаги “Hayatt” меҳмонхонасида турли диний конфессия вакиллари, хорижий давлат ва халқаро ташкилотлар масъуллари иштирокида “Миллатлараро ва динлараро бағрикенглик - самарали ҳамкорликнинг муҳим омили” мавзусида халқаро конференция бўлиб ўтди.

Конференциянинг очилишида Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчиси М.Комилов, UNESCO нинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари ўринбосари С.Ал-Аттор, Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитаси раиси С.Тошбоев, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори А.Саидов, Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси раиси Р.Қурбонов, Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти директори ўринбосари Ш.Нуруллаева кириш сўзлари билан иштирок этдилар.

Шунингдек, Конференцияга турли вазирликлар ва идоралар, жамоат ташкилотлари, диний конфессиялар вакиллари, миллий маданият марказлар фаоллари, юртимиздаги миллатлараро дўстлик ва диний бағрикенглик ришталарини мустаҳкамлашга муносиб ҳисса қўшаётган ҳамюртларимиз, диний таълим муассасалари талабалари ҳамда ОАВ вакиллари таклиф этилди.

Конференция иштирокчилари томонидан “Дин ва давлат муносабатлари: тарихий ёндашув ва диний асослар”, “Жамиятда миллатлараро тотувликни таъминлашда Янги Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотлар”, “Марказий Осиё халқларининг муштарак бағрикенглик тамойиллари”, “Миллий маданий марказлар – Ўзбекистонда миллатлараро тотувликни таъминлашнинг муҳим воситаси” каби долзарб мавзуларда чиқишлар қилинди.

“Бағрикенглик ҳафталиги” доирасидаги тадбирлар Республика бўйлаб давом этмоқда.

Дин ишлари бўйича қўмита
Ахборот хизмати

Read 1393 times

Видеолавҳалар

Top