muslim.uz

muslim.uz

Середа, 17 августь 2016 00:00

mp3muslim.uz мобил иловаси ишга тушди

Мобил воситаларнинг қулайлиги, оммабоплиги барчага бирдек манзур. Android тизимида ишловчи қурилмалар (смартфон, планшет ва ҳ.к.) орқали кўрсатиладиган хизматлар самарадорлиги ва қулайлигини янада ошириш мақсадида, «muslim.uz» расмий порталининг ташаббускор ходимлари томонидан mp3muslim.uz сайтининг мобил иловаси ишга туширилди.
Эндиликда мухлислар ушбу дастур орқали юртимиз олим ҳамда имом-домлаларининг маърузалари, машҳур қориларнинг тиловатлари, турли саловатларни тўлиқ тинглаш ва юклаб олиш имкониятига эга бўладилар. Шунингдек, дастурнинг Ҳадиси шариф рукнида Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари Шайх Абдулазиз Мансурнинг 1001 ҳадисларга шарҳлари жойлаштирилган. Албатта барчани хурсанд этиши кутилаётган бу дастурни Play Market дан юклаб олишлари мумкин.
Эслатиб ўтамиз, сайт TAS-IX тармоғида жойлашган mp3muslim.uz порталининг мобил иловаси қуйидаги манзилда бўлиб, уни бепул юклаб олишингиз мумкин.

Дастурни "Play market" дан "’mp3muslim" сўзи орқали ўрнатишингиз ёки қуйидаги линк орқали топишингиз мумкин:
https://play.google.com/store/search?q=mp3muslim.uz&hl=ru


Ўзбекистон мусулмонлари идораси
ахборот хизмати

Саудия Арабистони собиқ адлия вазири ва Қироллик девони маслаҳатчиси лавозимида ишлаб келаётган Доктор Муҳаммад Абдулкарим  ал-Ийсо Ислом олами уюшмаси бош котиби этиб сайланди.

Уюшма Бош котиби ёрдамчиси Абдурраҳмон бин Абдуллоҳ ал-Зайд Уюшма аъзолари номидан Доктор Муҳаммад Абдулкарим  ал-Ийсони Бош котиблик лавозимига сайлангани муносабати билан муборакбод этди ва унинг келгуси ишларида Аллоҳдан муваффақиятлар тилади.

 

                                                       Халқаро алоқалар бўлими

 

                                                       

                              

 

 

                             

بسم الله الرحمن الرحيم

Қадрли намозхонлар! Аллоҳ таборак таоло Қуръони каримда Ўзига ибодат қилиш, Унга ҳеч бир нарсани шерик қилмаслик, ота-она, қавм-қариндош, етим-мискинлар ва қўни-қўшниларга яхшилик қилишга амр этиб, бундай дейди:

وَاعْبُدُوا اللَّهَ وَلَا تُشْرِكُوا بِهِ شَيْئًا وَبِالْوَالِدَيْنِ إِحْسَانًا وَبِذِي الْقُرْبَى وَالْيَتَامَى وَالْمَسَاكِينِ وَالْجَارِ ذِي الْقُرْبَى وَالْجَارِ الْجُنُبِ وَالصَّاحِبِ بِالْجَنْبِ وَابْنِ السَّبِيلِ وَمَا مَلَكَتْ أَيْمَانُكُمْ إِنَّ اللَّهَ لَا يُحِبُّ مَنْ كَانَ مُخْتَالًا فَخُورًا

яъни: “Аллоҳга ибодат қилингиз ва Унга ҳеч нарсани шерик қилмангиз! Ота-оналарга эса яхшилик қилингиз! Шунингдек, қариндошлар, етимлар, мискинлар, қариндош қўшни-ю бегона қўшни, ёнингиздаги ҳамроҳингиз, йўловчи (мусофир)га ва қўл остингиздаги (қарам)ларга ҳам (яхшилик қилинг)! Албатта, Аллоҳ кибрли ва мақтанчоқ кишиларни севмайди” (Нисо, 36).

Муҳтарам жамоат! Имом Бухорий раҳматуллоҳи алайҳ ўз китобларида ота-она, қавму қариндош ва фарзандлар билан олиб бориладиган муомала маданиятига оид боблардан кейин қўни-қўшнилар билан яхши муомала бўлиш бобини келтирганлар. Инсон боласи ўзининг кундалик ҳаётида, истайдими-йўқми, доимий равишда алоқада бўлиб турадиганлардан бири қўшнилардир. Кишининг ҳаёти осойишталиги, бахти, қувончи кўпинча қўшни билан кечадиган алоқаларга ҳам боғлиқ бўлади. Агар Аллоҳ таоло бандага яхши қўшни ато қилса, кўпгина яхшиликларга сабаб бўлади. Аксинча, ёмон қўшнидан ҳар хил ёмонлик кутишнинг ўзи турмуш ҳаловатини кетказади.

Шунинг учун ҳам Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Мусулмон кишининг саодати кенг маскан, солиҳ қўшни ва яхши уловдадир», деганлар».

عن الحسن أنه سئل عن الجار، فقال: أَرْبَعِينَ دَارًا أَمَامَهُ وَأَرْبَعِينَ خَلْفَهُ، وَأَرْبَعِينَ عَنْ يَمِينِهِ، وَأَرْبَعِينَ عَنْ يَسَارِهِ.

яъни: Ҳасандан ривоят қилинади: «Ундан қўшнилар ҳақида сўрашди. Шунда у: «Олдидан қирқ ҳовли, ортидан қирқта, ўнгидан қирқта, чапидан қирқта», деди».

 Шариат нуқтаи назаридан, ўнг томондан, чап томондан, олд томондан ва орқа томондан қирқта хонадон қўшни ҳисобланар экан ва уларда қўшнилик ҳаққи бўлар экан.

Муҳтарам жамоат! Исломда қўни-қўшниларнинг ҳақлари тўртта бўлиб улар; қўшнига азият бермаслик, қўшнини ёмонликлардан ҳимоя қилиш, уларга доимо яхшилик қилиш,  қўшинидан етадиган азиятларга сабрда бўлиб, улар билан яхши қўшничилик қилиш.

عَنْ أَبِي شُرَيْحٍ الْخُزَاعِيِّ عَنِ النَّبِيِّ  قَالَ: مَنْ كَانَ يُؤْمِنُ بِاللهِ وَالْيَوْمِ الآخِرِ فَلْيُحْسِنْ إِلَى جَارِهِ وَمَنْ كَانَ يُؤْمِنُ بِاللهِ وَالْيَوْمِ الآخِرِ فَلْيُكْرِمْ ضَيْفَهُ وَمَنْ كَانَ يُؤْمِنُ بِاللهِ وَالْيَوْمِ الآخِرِ فَلْيَقُلْ خَيْرًا أَوْ لِيَصْمُتْ.

яъни: Абу Шурайҳ Хузоъийдан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким Аллоҳга ва охират кунига имон келтирган бўлса, қўшнисига яхшилик қилсин. Ким Аллоҳга ва охират кунига имон келтирган бўлса, меҳмонига икром кўрсатсин. Ким Аллоҳга ва охират кунига имон келтирган бўлса, яхши гап айтсин ёки жим турсин», дедилар».

 Қўшнига яхшилик қилиш Аллоҳга ва қиёмат кунига имон келтирган кишининг сифати, белгиси, аломати экан. Ким Аллоҳга имон келтирган бўлса, қиёмат кунидан умидвор бўлса, қўшнисига яхшилик қилиши лозим экан. Қўшнига яхшилик қилиш унинг ҳожати тушган ишларда ёрдам бериш ва ундан ёмонликларни дафъ қилиш билан бўлади. Унга озор берилмайди ва эҳсон қилинади. Қўшнига очиқ юзли бўлиш, ширин сўз бўлиш, таом бериш каби ишлар билан икром кўрсатилади. Яхши қўшничилик аломатларидан баъзилари унга муҳтож бўлганда қарз бериш, бемор бўлса, бориб кўриш, таъзиясида иштирок этиш, хурсандчилигини табриклаш, уй қурганда деворини баланд қилиб юбормаслик каби ишларда ҳам қўшиничилик ҳақларидан ҳисобланади.

عَائِشَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهَا قَالَتْ: قُلْتُ يَا رَسُولَ اللهِ إِنَّ لِي جَارَيْنِ فَإِلَى أَيِّهِمَا أُهْدِي

قَالَ: إِلَى أَقْرَبِهِمَا مِنْكَ بَابً

яъни: Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга: «Эй Аллоҳнинг Расули, менинг иккита қўшним бор, улардан қайси бирига ҳадя берай?» деб сўрадим. У зот: «Сенга эшиги яқинроғига», дедилар».

 Демак, қўни-қўшнига яхшилик қилишда, ҳадя беришда эшиги яқинроқ бўлган қўшнидан бошлаш керак экан. Агар бир қўшнини ташлаб, ундан кейингисига ҳадя берилса, ўртадаги қўшнининг кўнглига «Мени ёмон кўрса керак, бўлмаса, ён қўшни бўлиб туриб, шунақа қиладими?» деган шубҳа тушади.

яъни: Абдуллоҳ ибн Амрдан ривоят қилинади: «Унинг қўйи сўйилди. У хизматчи йигитига: «Яҳудий қўшнимизга ҳам ҳадя қилдингми? Яҳудий қўшнимизга ҳам ҳадя қилдингми?» деб ҳадеб сўрайверди. Сўнг: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: «Жаброил менга қўшнига яхшилик қилиш ҳақида шу қадар тавсия қилдики, ҳатто уни меросхўр бўлса керак, деб ўйлаб қолдим» деганларини эшитганман», деди».

 Бу ҳадисда саҳобалардан бирларининг ана шу ҳадиси шарифга қандай амал қилишлари кўрсатилмоқда. Қўшни яҳудий экан, душманлик қилиб юрган ғайридин одамлардан экан. Лекин ҳадисда «қўшни» дейилганми, бўлди. Яҳудийми, насронийми, мажусийми, ким бўлишидан қатъи назар, унга яхшилик қилиш керак.

عن ابن عمر رضي الله عنهما قال: لقد أتى علينا زمان وما أحدٌ أحقُّ بديناره ودرهمه من أخيه المسلم، ثمّ الآن الدّينار والدّرهم أحبّ إلى أحدنا من أخيه المسلم، سمعت النّبيّ صلّى الله عليه وسلّم يقول: "كم من جار متعلق بجاره يوم القيامة، يقول: يا ربّ! هذا أغلق بابه دوني، فمنع معروفه"

Яъни: Ибн Умардан ривоят қилинади: «У киши шундай деди: «Бошимизда шундай замон ёки пайтлар бўлдики, бир одамнинг бир динори ёки дирҳами бўлса, ўшанга унинг мусулмон биродаридан кўра ҳақлироқ одам йўқ эди. Бугунги кунга келиб эса, динор ва дирҳам бизларга мусулмон биродаримиздан афзалроқ бўлиб қолди. Ҳолбуки Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: «Қиёмат куни кўпчилик қўшнисининг бўйнига осилиб олиб: «Раббим! Бу қўшним менинг юзимга эшик ёпди ва яхшилигини тўсди», деб даъво қилади» деганларини эшитганман», деди».

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга: «Эй Аллоҳнинг Расули, фалон аёл кечаси билан намозда қоим бўлади, кундузи нафл рўзаларни тутади. Яна бошқа фалон-фалон яхшиликларни қилади, садақа беради, лекин тили билан қўшниларга озор етказади», дейишди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «У аёлда яхшилик йўқ, у дўзах аҳлидандир», дедилар. Бояги кишилар: «Фалончи аёл бўлса, фарз намозларини ўқийди, кийимларидан садақа қилади, аммо бирор кишига озор бермайди», дейишди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ана шу аёл аҳли жаннатлардандир», дедилар».

 Мазкур ҳадиси шарифда қўни-қўшниларга озор бермаслик, уларни беҳурмат қилмаслик нақадар зарур иш экани таъкидланмоқда. Қўни-қўшниларга ёмон муносабатда бўлиш, уларга озор бериш ўқилган нафл намозлар, тутилган нафл рўзаларни ҳам ювиб кетиб, уларни фойдасиз ҳолга келтириб қўяди. Аксинча, қўшнилари билан тинч-тотув яшаган, уларга озор бермаган одам катта бахт-саодатга эришади ва аҳли жаннатдан бўлади.

 

عن أبي هريرة: أن رسول الله r قال: "لا يَدْخُلُ الجَنَّةَ مَنْ لا يَأْمَنُ جَارُهُ بَوَائِقَهُ

яъни: Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Кимнинг қўшниси унинг ёмонликларидан омонда бўлмаса, у жаннатга кирмайди», деганлар».

عن ثوبان قال: "مَا مِنْ رَجُلَيْنِ يَتَصَارَمَانِ فَوْقَ ثَلاثَةِ أَيَّامٍ، فَيَهْلِكُ أَحَدُهُمَا، فَمَاتَا وَهُمَا عَلَى ذَلِكَ مِنَ الْمُصَارَمَةِ، إِلا هَلَكَا جَمِيعًا، وَمَا مِنْ جَارٍ يَظْلِمُ جَارَهُ وَيَقْهَرُهُ، حَتَّى يَحْمِلَهُ ذَلِكَ عَلَى أَنْ يَخْرُجَ مِنْ مَنْزِلِهِ ، إِلا هَلَكَ ."

яъни: Савбондан ривоят қилинади: «У киши: «Икки киши ўзаро уришиб қолиб, уч кундан ортиқ гаплашмай юрса, улардан бири ҳалокатга учрайди. Агар иккови ҳам бир-бирига гапирмай, гина сақлаб вафот этса, иккови ҳам ҳалокатга учрайди. Бир одам қўшнисига зулм қилса, қаҳр кўрсатиб қўшнисини кўчиб кетишга мажбур қилса, у албатта ҳалок бўлади», деган экан».

Аллоҳ таоло барчаларимизни қўшниларга яхшилик қиладиган ва уларнинг ҳақларига риоя қиладиган бандалардан қилсин. Омин!

 

Середа, 17 августь 2016 00:00

Қалблар меҳрга тўлди

Истиқлолнинг илк йиллариданоқ мамлакатимизда бола ҳуқуқларини ҳимоя қилиш  бир қатор қонунлар билан кафолатлаб қўйилди. Хусусан, етим болаларнинг таълим-тарбияси ва  уларнинг келажагига ҳам катта эътибор қаратилди. Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Конституциясида: “Ота-оналар ўз фарзандларини вояга етгунларига қадар боқиш ва тарбиялашга мажбурдирлар. Давлат ва жамият етим болаларни ва ота-оналарининг васийлигидан маҳрум бўлган болаларни боқиш, тарбиялаш ва ўқитишни таъминлайди, болаларга бағишланган хайрия фаолиятларни рағбатлантиради”, деб алоҳида қайд қилинди.

Динимиз таълимотига кўра ҳам, етимларни ўз қарамоғига олиш, уларга моддий ва маънавий кўмак бериб, ота-онаси йўқлигини билдирмаслик Аллоҳ наздида энг севимли амаллардан ҳисобланади. Ислом дини кишилик жамиятида қарор топа бошлаган дастлабки кунларданоқ етимлар ҳаётини сақлаб қолиш, унинг инсонлик ҳуқуқини ҳурмат қилишга чақирди ва буни олий амал даражасига кўтарди. Чунки улар ёрдам ва марҳаматга бошқалардан кўра муҳтождир. Аллоҳ таоло бундай буюради: «Бас, энди Сиз (ҳам) етимга қаҳр қилманг!». Яъни, уни хорламанг, камситманг, ҳаққини еманг ва ҳоказо. Ҳадиси шарифда: «Мусулмон оилаларнинг энг яхшиси етимга яхшилик қилувчисидир, энг ёмони эса, етимга ёмонлик қилувчисидир»,  дейилади.

Мустақиллигимизнинг 25 йиллиги муносабати билан жойларда имом-хатиблар ташаббуси билан ҳомийлар ёрдамида Меҳрибонлик уйлари тарбияланувчиларига меҳр-мурувват кўрсатилиб, бир қатор хайрия тадбирлари амалга оширилмоқда. Жумладан, жорий йилнинг 11 август куни Самарқанд шаҳридаги “Намозгоҳ” жоме масжиди имом-хатиби Ҳамза Пўлатов иштирокида ҳомийларни жалб қилган ҳолда 9-сонли Меҳрибонлик уйи тарбияланувчилари учун байрам дастурхони ёзилиб, 6 нафар ўғил боланинг хатна тўйи ўтказилди. Болаларга ҳомийлар томонидан тўёна сифатида  кийим-кечаклар улашилди.

Байрам шодиёнаси арафасида ўксик қалбларга хурсандчилик ва хушнудлик улашиш мақсадида уюштирилган байрам дастурхони атрофида жамланганларнинг юзларида севинч аломатлари акс этиб турарди.

Тадбир сўнгида Меҳрибонлик уйи раҳбарияти томонидан масжид ходимлари ва ҳомийларга чуқур миннатдорчилик билдирилди.

 

 

ЎМИ Масжидлар бўлими

 

 

 

Середа, 17 августь 2016 00:00

Диний-маърифий нашр тақдимоти

 

2016 йилнинг 8 август куни Бухоро ва Хоразм вилоятларида Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг “Мовароуннаҳр” нашриёти томонидан чоп этилган “Дунё уламолари мурожаати” номли диний-маърифий асарнинг тақдимоти бўлиб ўтди.

Тадбирда ҳокимликлар, олий ва ўрта махсус таълим муассасалари, “Маҳалла” хайрия жамоат фонди, Маънавият тарғибот маркази раҳбар-ходимлари, фуқаролар йиғинларининг диний маърифат ва маънавий-ахлоқий тарбия масалалари бўйича маслаҳатчилари, имом-хатиблар ва ОАВ ходимлари иштирок этди.

Сўзга чиққан маърузачилар янги китобнинг аҳамияти, китобда юртимиз ва дунё уламоларининг турли ёт оқимлар, бузғунчи куч ва ғояларга қарши билдирган муҳим фикрларининг бугунги давр учун аҳамияти хусусида тўхталиб ўтдилар.

Жумладан, бугунги кунда дунёнинг эътироф этилган уламолари, мусулмон оламини йирик намояндаларининг диний экстремизм, терроризм ва радикализмни қатъий қоралаб, Ислом динининг мусаффолигини сақлаш, исломий тушунча ва ғояларни бузиб талқин қилиниши юзасидан фатволари, мурожаат ва маърузалари келтирилган мазкур китоб маънавият тарғиботчилари, диний соҳа вакиллари ҳамда кенг жамоатчилик учун эътиқод масаласида инсонларни тўғри йўлдан адаштирувчи бузғунчи оқимларнинг пуч ғояларини фош этишини, мафкуравий таҳдидларга қарши курашда катта илмий-амалий аҳамиятга эгалигини алоҳида эътироф этдилар. Шунингдек, баъзи ёшларнинг интернет тармоғида бузғунчи кучлар олиб бораётган радикал ғоявий тарғибот ва “оммавий маданият” таъсирига тушиб қолаётганини эътиборга олиб, ислом уламолари ишлаб чиққан замонавий медиа воситаларидан фойдаланиш одоблари ҳам илова этилгани, мазкур асар диний соҳа ходимлари учун маърифий исломнинг асл моҳиятини тарғиб қилишдаги кундалик фаолиятида қўл келиши, таълим муассасалари ва маҳаллаларда ташкил этиладиган маънавий-маърифий суҳбатларда “Дунё уламолари мурожаати” китобидан унумли фойдаланиш лозимлиги айтилди.

Асарда номлари зикр қилинган дунё уламолари қаторида Ўзбекистон мусулмонлари идораси уламоларининг фатволари ва маърузалари ҳамда тавсиялари жойларда ўтказиладиган маърифий учрашувларда дин ниқоби остида ҳаракат қилаётган бузғунчи кучларнинг асл қиёфасини очиб беришда муҳим дастуриламал бўлади.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси

Масжидлар бўлими

Видеолавҳалар

Top