muslimuz

muslimuz

#Қабул_2023

⌛️Бугун, 10 июль куни Ҳадис илми мактабида 2023-2024 ўқув йили учун абитуриентлардан ҳужжатларни қабул қилиш жараёни якунланади.

❗️Абитуриентларнинг ҳужжатларини қабул қилиш бугун соат 18:00 гача давом этади.

?Ҳадис илми мактабига ўрта махсус ислом таълим муассасалари, яъни мадрасаларни тамомлаган абитуриентлар ҳужжат топширишлари мумкин.

?Топшириладиган ҳужжатлар рўйхати:
- Ректори номига ариза;
- Паспорт ёки ID карта нусхаси (асли кўрсатилади);
- Ўрта махсус ислом таълим муассасасини тамомлагани тўғрисидаги ҳужжат (диплом) асл нусхада;
- 3,5 х 4,5 ҳажмдаги 6 дона рангли фотосурат (сўнгги уч ойда олинган ҳамда орқа фони оқ рангда бўлиши талаб этилади);
- Ҳужжатларни жойлаштириш учун скоросшивател ва конверт.

? Қабул имтиҳонлари қайси санада ўтказиш тўғрисида қўшимча маълумот берилади.

? Ҳадис илми мактабининг қабул жараёнлари тўғрисидаги маълумотларини muhaddisuz (https://t.me/muhaddisuz) телеграм манзили орқали кузатиб боринг! 

t.me/muhaddisuz

 

Бозорда эдик. Сотувчиларнинг қўли-қўлига тегмайди. Шу пайт навқирон йигит кекса отаси­га: “Да­да, имилламасдан тез-тез ўлчаб бер­майсизми, одамлар кутиб қоляпти. Ортиқча юк бўл­дингиз-да. Ундан кў­ра ўғлимни олиб келсам бўларкан”, деди. Унинг отасига қилган бу муома­ласидан музлаб қолдим.

Афсус, ота-онаси­нинг қадрига етмай, беҳурмат қи­ладиган бундай инсонлар ҳаётда учраб туради.

Қуръони каримнинг йигирмага яқин оятида ота-онага яхшилик қилиш бую­рилган. Жумладан, Ис­ро сурасининг ٢٣-оятида бундай дейилади: «Раббингиз Унинг Ўзи­гагина ибодат қилишингизни ҳамда ота-онага яхшилик қи­лишни амр этди. (Эй инсон!) Агар уларнинг бири ёки ҳар иккиси ҳузурингда кексалик ёшига ет­салар, уларга “уфф!..” дема ва уларни жеркима! Уларга (доимо) ёқимли сўз айт!»

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва сал­лам огоҳлантирганлар: “Аллоҳ таолонинг розилиги – ота-онанинг розили­гида, Унинг ғазаби эса ота-онанинг ғаза­бидадир (Имом Табароний ривояти)

Бугун орамизда ота-онасини норизо қила­ётган, уларнинг ғазабига қолаётганлар оз эмас. Бундай кишиларнинг юриш-туриши, ҳаётида ҳаловат йўқ. Топиш-тутишида барака бўлмай, ҳаётдан нолиб ўтади. Лекин иши юришмасли­гию бири икки бўлмаётгани сабабини англаб ет­майди. Зеро, қачон ота-она рози, дуода бўлса, фарзанднинг бахти иқболи кулади. Уларга ях­шилик қилган кишини Аллоҳ ҳам суяди ва ундан марҳаматини дариғ тутмайди.

Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Мен На­бий соллаллоҳу алайҳи ва салламдан: “Ё Расулуллоҳ, қайси амал Аллоҳ­га энг суюмли?” деб сўрадим. У зот: “Вақтида ўқилган намоз”, дедилар. “Кейин қайси?” дедим. “Ота-онага яхшилик қилиш”, дедилар (Мут­тафақун алайҳ).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам:

– Она-отасининг юзига марҳамат билан боққан кишига ҳаж ва умранинг савоби ёзи­лади, – дедилар.

– Кунда минг марта боқса ҳам шундайми? – деб сўрадилар.

Кунда юз минг марта боқса ҳам– де­дилар (Имом Байҳақий ривояти). 

Бошқа бир ҳадисда Онҳазрат:

Албатта, Аллоҳ таоло карами кенг, улуғ зотдир ва ажру савобларини яхши бандаларидан дариғ тутмагай, – деб жавоб бердилар (Имом Байҳақий ривояти)

Албатта, ота-она – тенгсиз давлат. Улар­­нинг борлиги, дуолари ҳамда хур­сандчиликлари қалбларимизга, хонадон­ларимизга барака, нур олиб киради. Ризо­ликлари эса ризқи­миз бутунлиги, умримиз узунлиги ҳам­да мушкулларимиз осон, ғаму ташвиш­лардан фориғ бўлиши­мизга боис бўлади. Шунинг учун ҳам фарзанд ота-онасини асраб-авайлаши, ширин сўзлар билан уларнинг кўнглини кў­тариши, агар кексалик ёшига етган бўлсалар, барча инжиқликларига чидаши керак. Ана шунда фарзанд муродига етади.

Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ри­воят қилинади. Расулуллоҳ сол­лаллоҳу алайҳи ва саллам: “Қайси бир мусулмоннинг ота-онаси бўлса, уларга яхшилик қилиб, унинг савобини кутган ҳолда тонг оттирган бўлса, Аллоҳ таоло унга жаннатнинг икки эшигини очади, деганлар (Имом Абу Довуд ва Имом Ибн Можа ривояти).

Ота-оналаримизни рози қилиб, дуо­ла­рини олиб яшаш ҳаммамизга насиб этсин.

Камолиддин ҳожи ЖАМИЛОВ,

Сариосиё тумани

 

   Россия давлати Дин тарихи музейида рақамли санъат техникаси бўйича чечен устасининг замонавий араб-мусулмон хаттотлиги кўргазмаси очилди.

    IQNA сайтининг “Алявм-7” матбуотига таяниб хабар беришича, Россиянинг Санкт-Петербург шаҳридаги Дин тарихи музейи чеченистонлик рассом Исмоил Данилхановнинг “Қуръон сўзлари ва маънолари: хаттотлик тадқиқотлари” номли кўргазмасини ташкил қилди.

Ташриф буюрувчилар кўргазмада рақамли санъат техникасида яратилган 63 та каллиграфик эскизларни кўришлари мумкин.

Чеченистон Республикаси Фуқаролик палатаси раиси, хаттот Исмоил Данилханов Россиянинг ТAСС ахборот агентлигига берган интервьюсида бундай деди: “Бугун тақдим этилаётган деярли барча асарлар биринчи марта шу форматда кўрилади. Мен классик техникада жуда узоқ вақт ишладим, лекин улар 500-700 йил олдин ёзганидек, стандарт тўплам бўлгани учун кўргазма қилмадим”.

Чеченистонлик хаттот эса бундай деди: “Бугунги кунда ёшлар бундан ажабланмайди. Улар хаттотлик ёки Қуръон жараёнига аралашмайди, чунки улар унда ранг-баранг, ёрқин маъно топа олмайдилар. Рақамли санъат каби шакл ўзига хос турга айланди. Улар учун Чеченистонда араб хаттотлиги қайта тикланганидан дарак беради”.

 Данилханов у учун энг муҳими Қуръоннинг гўзаллиги ҳақидаги билимларни тарқатиш, шунингдек, чечен халқининг тарихий хотираси ва араб тили билан кўпроқ боғлиқ бўлган адабий меросини сақлаб қолиш эканини эътироф этди.

   Россиянинг “ТAСС” ахборот агентлигининг хабар беришича, хаттот, рассом, шунингдек, замонавий мусулмон хаттотлиги бўйича маҳорат дарсини ўтказади, унда иштирокчилар линогравюрани яратишнинг бутун жараёнини кўришлари ҳамда мусулмон хаттотлигининг техникаси ва тарихи билан танишиши мумкин бўлади.

Эслатиб ўтамиз, Санкт-Петербургдаги Дин тарихи музейи Россия ҳукумати ва ушбу мамлакат Маданият вазирлиги тасарруфидаги маданият муассасаси бўлиб, унинг музей фондларида турли мамлакатлар маданияти, халқлари ва тарихидан сақланиб қолган қадимий обидалар саналган 200 мингга яқин экспонат мавжуд.

                                         Ўзбекистон мусулмонлари идораси
 Матбуот хизмати

Шу йил 5 июль куни Тошкент вилояти ҳожиларидан бир гуруҳи Исломнинг бешинчи рунки бўлмиш Ҳаж ибодатларини бекаму кўст бажариб, юртимизга эсон-омон, соғ-саломат қайтиб келишди.

Бу йилги ҳаж мавсуми ҳар қачонгидан ҳам файзли, шукуҳли, барча шарт-шароитларга эга ҳолатда ўтгани борасида Тошкент вилояти бош имом-хатиби Жасурбек домла Раупов бундай дедилар:

– 1444 ҳижрий, 2023 милодий йилда ҳаж арконларини бажариш учун юртимиз мўмин-мусулмонларига Мадинаи мунаввара, Маккаи мукаррамада яратилган шарт-шароитларга бутун дунё мусулмонларининг ҳаваси кетганига ўзимиз гувоҳ бўлдик. Айниқса, меҳмонхоналарда, Мино водийсида, Муздалифадаги имкониятлар барчага манзур бўлди. Юртдошларимиздан фақат бир нарса, у ҳам бўлса, Ҳажнинг барча арконларини бекаму кўст бажариш талаб этилди, холос. Малакали гуруҳ раҳбарлари, мингбошилар, раҳбариятнинг саъй-ҳаракатлари билан мавсумни жуда гўзал тарзда якунладик. Аллоҳ таолога беадад шукрлар бўлсин.

Мана, бугун юз-кўзлари порлаган, пешоналаридан нур балқиган ҳожиларимизнинг дастлабки гуруҳи юртимизга қайтиб келди. Аслида, ҳожи бўлиш осон, лекин шу номга бир умр содиқ бўлиб қолиш мушкул. Эндиликда ҳожиларимиз ўзларининг ибратли амаллари, гап-сўзлари ила ёшларимизга намуна бўлиб, юртимиз равнақи, хақимиз фаровонлиги, оилалар мустаҳкамлигини таъминлашга муносиб ҳисса қўшадилар, иншоаллоҳ.

Аслида, ҳадиси шарифга биноан Ҳаж арконларини бажарган киши ўз Ватанига шошиши керак. Чунончи, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Сизлардан бирингиз ҳажини адо қилса, аҳлига қайтишга шошилсин. Чунки шундай қилиши ажрини кўпайтиради”, дедилар (Имом Дорақутний ривояти).

Аллома Муновий раҳматуллоҳи алайҳ “Файзул қадир” китобида ҳадисни қуйидагича шарҳлаган: «(Ватанга) шошилиш – мустаҳаб. “Аҳл”дан мурод эса, ватандир, гарчи у ерда аҳли (оиласи) бўлмаса-да. Келиши билан дўстлари, аҳлларига сурур бағишлагани учун “шундай қилиши ажрини кўпайтиради”. Ватанда исқомат қилишда бошқа жойга қараганда ибодатга (оид) вазифаларни бажариш осон бўлади».

Демак, фарз бўлган динимизда ҳаж борасида шундай дейилган бўлса, бошқа, айниқса, мустаҳаб ва мубоҳ сафарларда (ўз ватанига шошилиши биринчи навбатда) талаб қилинишини уламоларимиз таъкидлашган.

* * *

Ислом Каримов номидаги Тошкент халқаро аэропортига етиб келган ҳожиларимиз махсус автобусларда пойтахтимиздаги “Новза” масжидига элтилди. Ҳожиларимизни қавму қариндошлари, яқинлари шоду хуррамлк билан кутиб олишди. 

Аллоҳ таоло ҳожиларимизнинг ҳажларини мабрур қилган бўлсин! 

Тошкент вилояти вакиллиги
Матбуот хизмати

П'ятниця, 07 июль 2023 00:00

Ҳамдардлик билдирамиз

Ўзбекистон мусулмонлари идораси жамоаси Тошкент вилояти Зангиота тумани “Анас ибн Молик” жоме масжиди имом-хатиби Бахтиёр домла Маннобхўжаевнинг волидаи муҳтарамалари вафоти муносабати билан марҳуманинг оила аъзолари ва яқинларига чуқур таъзия изҳор этади.

Аллоҳ таоло марҳума онахонни Ўз мағфиратига олсин, иймонлари ва солиҳ амалларини ўзларига ҳамроҳ айласин. Охиратларини обод этиб, жойларини Фирдавс жаннатларидан қилсин!

Ҳақ таоло марҳуманинг аҳли оиласи, фарзанду аржумандлари ва яқинларига чиройли сабр бериб, бу мусибатларини яхшиликлар ила тўлдирсин.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси жамоаси, уламолари, имом-домлалари ва ўқитувчи-мударрислари номидан марҳум онахоннинг яқинларига, хусусан, Бахтиёр домла Маннобхўжаевга ҳамдардлик билдирамиз.

Иннаа лиллааҳи ва иннаа илайҳи рожиъуун.

Мусибат етганда «Албатта, биз Аллоҳникимиз ва албатта, биз Унга қайтувчимиз», деган сабрлиларга хушхабар беринг.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси

Видеолавҳалар

Top