muslimuz

muslimuz

П'ятниця, 29 декабрь 2023 00:00

Яхшиям борсан, қизим

Қизим болалигида мен билан яқин муносабатда бўлганига қарамай, ўсмирлик даврига келиб орамиз хийла узоқлашганини ҳис қилдим. Ора-орада бир-биримизни тушунмай, гапимиз келишмай қоладиган бўлди. Кейин мен бунинг сабаби ҳақида ўйлаб кўрдим. Билдимки, қизим билан етарлича мулоқотда бўлиб унга етарлича вақт ажратяпман-у, лекин унга етарлича меҳр бермаётган эканман.

Қизим билан ўтириб гаплашиб олмоқчи бўлдим. Лекин яхшилаб ўйлаб кўриб бу фикримдан қайтдим. Яхшиси унга айтмасдан туриб меҳр бераман. Унга олдингидан кўра самимийроқ, илиқроқ муносабатда бўламан деб қарор қилдим.

Ҳар сафар уйдан чиқиб кетишимдан олдин ёки уйга қайтиб келганимда қизимга табассум қилиб пешонасидан, юзларидан ўпиб қўядиган бўлдим. Қизим мактабидан қайтиб келганида кайфиятим қандай бўлишидан қатъи назар табассум билан кутиб олишни одат қилдим. Қизимга “Сенсиз уйимиз ҳувуллаб қолди”, “Сени соғиниб қолдим, қизим” деган гапларни айтишни канда қилмадим. Иккимиз ошхонада иш қилсак “Яхшиям сен борсан, қизим, сенсиз қийналиб қолардим” деб уни хурсанд қилардим. Шу арзимаган ишлар қизимни менга тобора яқинлаштириб борди.

Бора-бора қизимга яқинлигим шу даражага етдики, ҳатто унга мактублар ёзиб китоб-дафтарларининг орасига ёки тушлиги солинган идишга қистириб қўядиган бўлдим. Бу ишни қизим мактабга борганида уни яхши кўришим битилган мактубимни ўқиб хурсанд бўлсин, кайфияти кўтарилсин деб қилардим.

Орадан бир ой ўтар-ўтмас қизимнинг менга муносабати тубдан ўзгарди. Энди у менинг ҳар бир гапимни жон қулоғи билан эшитар, менга ҳадеб қаршилик қилавермас, жеркимас эди. Қолаверса, ўзининг ичидаги гапларини, дугоналарига ҳам айтмайдиган сирларини яширмасдан ўзимга айтадиган бўлди. Мен эса бир тарафдан шунча пайтдан бери ғафлатда қолиб, қизим билан узоқлашганим учун у билан мулоқот қилиш роҳатидан бебаҳра қолганимдан афсус чексам, бошқа тарафдан фарзандим билан орамиздаги масофани яқинлаштирган, орамиздаги тўсиқларни кўтарган Аллоҳга ҳамд айтардим.

Доктор Абдуллоҳ Муҳаммад Абдулмуътининг

Фарзанд тарбиясида 700 та сабоқ” китобидан

Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ, Камронбек Ислом таржимаси.

 

П'ятниця, 29 декабрь 2023 00:00

Сиз ўзгарадиган инсонсиз!

Нуҳ алайҳиссаломнинг ўғли ўзгармасликка қарор қилганди, натижада унинг оқибати ҳалокат бўлди!

Фиръавннинг аёли ўзгаришга қарор қилган эди, натижада Жаннат аҳли хонимларидан бўлди!

Бири энг катта даъватчининг ўғли, бири эса энг катта золимнинг аёли.

Демак, вазиятларингиз, лавозимларингиз қандай бўлишидан қатъи назар, ўзингизни ўзгартиришга қодир ва бу борада қарорга эга шахс экансиз!

Ўзгартиришга киришганингизни ўзида қийин деб ўйлаганингиз ишнинг энг катта қисмига эга чиққан бўласиз. Зеро, қийин кўринган ҳеч бир иш қатъиятлилар наздида қилиб бўлмас иш эмас.

Инсонлар доим ўзгартириш томон ҳаракат қиладилар. Бироқ бу ўзгартириш ё яхши томонга, ёки ёмон томонга қаратилган бўлади. Ўзгармасдан яшайдиган одам жуда кам. Ҳамма ҳам ўзгаради, фақат кимдир олдинга олға қадам ташлаб ўзгаради, яна кимдир ортга чекиниб. Бу ҳақда Қуръони каримда оят бор:

“Сизлардан пешқадам бўлишни ёки ортда қолишни хоҳлаётган кимсалар учун ҳамдир” (Муддассир сураси, 37-оят).

Шундай экан дунё-ю охиратда сизга фойда берадиган нарсани ўзингиз учун ихтиёр этинг!

Ўзгартириш шунчаки орзу қилиш билан рўёбга чиқиб қолмайди, жиддий тарзда амалга киришиш орқали ҳосил бўлади. Ишга киришганда унинг бошланиши ва тугаш нуқтаси маълум бўлиши керак. Агар шундай қилинса Аллоҳнинг ўзгартириши рўёбга чиқади. Зеро, Аллоҳ таоло Раъд сурасининг 11-оятида:

“Албатта, то бир қавм ўзларини ўзгартирмагунларича, Аллоҳ уларнинг ҳолини ўзгартирмас”, дея марҳамат қилган.

Оятда айтилган ўзгартириш – бирор ҳолатни аксига ўзгартиришдир. У ёмон ҳолатдан яхши ҳолатга ўзгартириш бўлиши ҳам мумкин ёки бунинг акси бўлиши ҳам мумкин.

Фиръавннинг одамлари Аллоҳнинг неъматини ўзгаришини талаб қилдилар, Аллоҳнинг оятларини ёлғонга чиқардилар. Оқибатда Аллоҳ улардаги неъматларни азобларга ўзгартирди. Чунки улар ўзларидаги яхши ҳолатни ёмон ҳолатга ўзгартиришган эди.

Ҳар биримиз ўзимизга очиқчасига савол берайлик:

Қанчадан-қанча маъруза, ваъз-насиҳатларни эшитганмиз, ҳаётимиз давомида қанча-қанча воқеа-ҳодисаларни бошимиздан кечирганмиз. Хўш, булар биздаги бирор нарсани ўзгартирдими, йўлимизни тўғрилаб қўйдими, бизни тўғри йўлга йўналтириб қўйдими?

Одамлар билан ўзаро меҳр-муҳаббатимиз яхшилашдими, муносаблатлар илиқлашдими ёки аксинча гина-адоватлар авж олдими?

Ўзаро бир-биримизни кечирувчан бўлиб боряпмизми ёки кек-адоват қалбимизни қуршаб олганми?

Эшитган, билганларимиз бизни Аллоҳга яқинлаштирмоқдами ёхуд аксинча, узоқлаштирмоқдами?

Ҳамма ишларимизни бир чеккага қўйиб, вақт ўтиб кетмасидан мана шу саволларни олдимизга қўяйлик!

Доктор Ҳассон Шамси Пошонинг "Метин қоялар" китобидан

Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ, Неъматуллоҳ Исомов таржимаси.

У кишининг туғилган саналари манбаларда турлича келган. Ҳижрий 118 ёки ундан бир йил кейин туғилганлар. Бошқа ривоятда 110 дейилган. Хатиб Бағдодий Ибн Муборакдан келтирадилар: “Абдуллоҳ ибн Идрис менга ёш ҳақида эслатди ва мендан неча ёшлигимни сўради. Мен унга айтдим: “Ажамлар буни ёдлаб қолмайдилар, лекин, Абу Муслим чиққанида қора кийганимни эслайман, ўшанда ёш бола эдим”. У айтди: “Сен ҳам қора кийишга дучор бўганмидинг?”. Айтдим: “Бундан ҳам кичикроқ эдим. Абу Муслим ҳаммани – каттаю кичикни қора кийишга мажбур қилган эди”. Кўриниб турибдики, бу Аббосийлар ҳукмронлигининг илк даврларида, қора кийишни ўзларига шиор қилиб олганларида бўлган. Халқнинг барчасини шунга мажбурлаганлар. Аббосийлар 132 йил пайдо бўлган бўлса, демак туғилишлари 110 ҳижрий бўлади”[1].

Лекин манбалар[2]да 118 ҳижрийда туғилганлари этилган. Буни Аҳмад ибн Ҳанбал ҳам айтганлар. Вафотлари ҳижрий 181 йил, 63 ёшларида бўлган.

Хуросоннинг машҳур шаҳарларидан бири Марвда туғилганлар. Марви Шоҳижон деб аталган. Бу шаҳар ва унинг одамлари ҳақида ўтган қисмларда сўз юритдик.

 Н.Саидакбарова,

Тошкент Ислом институти

“Ҳадис ва Ислом тарихи” кафедраси ўқитувчиси.

 

[1] “Тарихи Бағдод”, 10:154.

[2] “Таҳзибут таҳзиб”, “Тобақот”, “Ал-Бидоя ва Ан-Ниҳоя”, “Вафаётул аёън”, “Сияри аъломун нубало”.

Уммул мўминин Ҳафса розияллоҳу анҳо айтадилар: “Қачонки Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ухлашга ётмоқчи бўлсалар ўнг қўлларини ёноқлари остига қўярдилар. Сўнгра: “Аллоҳумма қиний ъазабака явма табъасу ъибадак”

اللَّهُمَّ قِنِي عَذَابَكَ يَوْمَ تَبْعَثُ عِبَادَكَ

Аллоҳим, мени, бандаларингни жамлайдиган кунда азобингдан сақла”, дердилар" (Имом Можа ривояти).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳамиша уйқуга Аллоҳни зикр қилиб, ўнг томонга ёнбошлаб, таҳорат олган ҳолда ётардилар. Чунки уйғу – кичик ўлим. Инсон уйқуга ётар экан, ўрнидан қайта туриши ёки турмаслигини билмайди.

Олимлар олиб борган тадқиқотларга кўра, ўнг қўлни ўнг ёноқ остига қўйиб ухлаш инсон танасининг тинчланишига, тез уйқуга кетишга, ҳатто қўрқинчли тушлар кўришнинг олдини олишга сабаб бўларкан. Бу эса, депрессия ва стрессдан азият чекаётган одамларни турли уйқу дориларини қабул қилишдан халос этади.

Калифорния (АҚШ) университети профессори, мисрлик олим Доктор Жамолиддин Иброҳим бошчилигида ўтказилган тадқиқотларда ўнг томонга ёнбошлаб ётганда юрак камроқ куч сарфлаши, қоннинг осон айланиши, асабларнинг тинчланиши ва дам олиши ҳамда тезда уйқуга кетишга сабаб бўлиши аниқланди.

Даврон НУРМУҲАММАД

Cавол: Мен бир кишидан 5 млн сўм пластикдан қарз олдим. Ўтказилган 5 млн сўм устига илова ўзини 0.5 фоиз ҳақини қўшиб ҳисоблаб, у инсондан 5 млн 25 минг сўм ечиб олди. Энди мен қарзни қайтариш пайтида 5 млн сўм устидаги 25 минг сўмни ҳам қўшиб 5 млн 25 минг сўм қилиб қайтараманми ёки 5 млн сўмни ўзиними?

Жавоб: Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм.
Исломда қарз муомаласи қилинганда қарзни етказиб бериш харажатлари қарз олувчининг зиммасига тушади. Бу борада “Ал-Баҳрур-роиқ” китобида шундай зикр қилинган:

وأما أجرة نقد الدين فإنه على المديون

“Аммо қарзни беришнинг харажатлари қарз олувчининг зиммасига лозим бўлади” (“Савдо-сотиқ” боби).

Шунга кўра, пластик орқали ўтказилган қарз маблағи учун олинган 0.5% лик тўлов қарз олувчидан бўлади. Бу худди нақд пулни қарзга олиш учун қарздор йўлкира қилиб, келиб олиб кетиши кабидир. Валлоҳу аълам.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази.

Видеолавҳалар

Top