muslim.uz.umi

muslim.uz.umi

Вівторок, 05 декабрь 2023 00:00

Навбатдаги сайёр учрашув

Самарқанд вилояти имом-хатиблари инсонга эътиборни янада кучайтириш, уларга яқин бўлиш, муаммо ва камчиликларини бартараф этишда кўмакдош бўлиш мақсадида шаҳар ва туман бош имом-хатиблари бугун Ургут туманида йиғилдилар.

 Ургут туманидаги 31 та масжид имом-хатиблари билан ҳамкорликда 155 дан зиёд хонодонларга, 31 та маҳаллаларга ташриф буюриб уларга моддий ёрдамлар кўрсатилиши,  низоли ва муаммоли ҳолатлар маҳалла иштирокида бартараф этилиши ва Пешин намозида эса жамоат билан диний маърифий суҳбатлар ўтказилиши режалаштирилган.

Аллоҳ таоло бу хайрли ишларни бардавом ва манфаатли қилсин.

 Сайёр учрашув ва суҳбатлар давом этади.

Вівторок, 05 декабрь 2023 00:00

Ота...

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

  1. Отанг сени айблаб уришаётган пайтда сени ёмон кўрганидан уришмайди.
    2. Отанг сенга босим ўтказаётган пайтда энг яхши нарсалар сен учун бўлишини умид қилади.  
    3.   Отанг  жим турган  пайтда у сенинг келажагингни ўйлаётган бўлади. 
    4. Отанг сенга тежамкорлик билан сарф қилаётганида, билгинки, унинг ўзи шу нарсадан бутунлай тийилган бўлади.
    5. Отанг чуқур нафас олиб, сенга хўрсиниб қараганини кўрганингда, билгинки, бунга албатта сен сабабчисан.
    6. Юзингда акс этган белгиларга қараб кулганида, билгинки, уни бахтиёр этган – сенсан! 
    7. Отанг сенга нисбатан қаттиққўллик қилаётганини кўрганингда, билгинки, сен унинг насиҳатларига қулоқ солмаяпсан, амал қилмаяпсан. 
    8. Отанг танг аҳволда хонасининг эшигини сенга ёпганида, билгинки, у сенинг баъзи қилмишларинг ва хатти-ҳаракатларингдан йиғлаётган бўлади.
    9. Отангга овозингни баланд кўтарганингда, сен уни ўлдираётган бўласан! Ҳа, уни ўлдиряпсан, сен отангни ўлдиряпсан!
    10. Сен ўзингни дарбадар, хаёли сочилган ҳолатда кўрганингда, билгинки, отанг сендан ғазабланган бўлади.
    11. Отангни гапирмай, қимирламай тўшакда ётганини кўрганингда, билгинки, сен катта бир суянчиғингни йўқотдинг. Хотиралар тўлдиролмайдиган катта бўшлиқни орттириб олган бўлдинг. Шу билан бирга унга яхшилик қилиб олиш фурсатини ҳам қўлдан бой бердинг.   
    Чунки у озгина вақтдан кейин жонсиз жуссага айланади. У бундан буён сени эшитмайди, сенга иш буюрмайди, сенга ҳайқирмайди, сенга танбеҳ бермайди, сенга босим ўтказмайди. Ишонгин, ҳали сен отангни ич-ичингдан соғинасан. Нафақат сенга бўлган ғамхўрликлари, табассумлари ва насиҳатларини, ҳатто унинг танбеҳлари, койишлари, жеркишлари ва ҳайқириқларини ҳам соғинасан. Қаттиққўллиги, талабчанлиги, ҳатто туртки ва зарбаларига ҳам муштоқ бўласан. 

Чунки отанг сени аччиқлантирган ва сенга ёқмаган ишларни аслида сен учун қилганига амин бўласан. Отангнинг сенга ҳайқириши унинг соғлиғига катта зарар етказганини тушуниб етасан. Отангдан кейин ҳеч ким сени отангчалик ўйламаслигини англаб етасан, ҳатто ёшинг қирққа етган бўлса ҳам, ўзингни суянчиқсиз, ёлғиз ҳис қилаверасан. 

Отанг ўтгач, сен унга кўп зулм қилиб қўйганингни, отанг эса нима иш қилган бўлса ҳам, сени деб, сени қаттиқ яхши кўргани, сени энг гўзал инсон сифатида кўришни истагани учун қилганини тушуниб етасан. Шунда сен отангдан узр сўраб олиш учун у билан бир бор бўлса ҳам кўришишни, отанг истагандек инсон бўлишни айтишингни орзу қиласан. Лекин у пайтда фурсат бой берилган бўлади.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Албатта фарзанд (ота-онанинг) бахил бўлишига, қўрқоқ бўлишига, илмсиз бўлишига, хафа бўлишига сабабдир», дедилар (Ҳоким ва Табароний ривоят қиладилар).

– Бахилликка сабаб бўлиши: ота-она мол-мулкини боламга бўлсин деб, бировларга, ҳатто ўзига ҳам сарфлашдан қизғанади. Боласига эса борини, соғлигини, ҳатто жонини ҳам аямайди.

– Қўрқоқликка сабаб бўлиши: фарзандларини ўйлаб бирор қалтис иш қилишдан, сафарларга чиқишдан қўрқоқлик қилади, натижада кўплаб яхшиликлардан маҳрум бўлиб қолади. 

– Илмсизликка сабаб бўлиши: оиласини ўйлаб, уларнинг таъминоти билан машғул бўлиб, илм учун сафар қила олмайди, касб билан машғул бўлиб, илмга кам вақт ажратади.

– Хафаликка сабаб бўлиши: боласига етган касаллик, кўнгилсизлик ва шу каби азиятлар учун хафа бўлади.

Биз фарзандлар ота-оналаримизнинг ушбу меҳнат-машаққатларини унутиб юбормаслигимиз лозим. Барча ишларимизни ортга суриб бўлса ҳам, ота-онамизнинг хизматида бўлишимиз даркор. Ота-онамиз ғанимат, бугун бор, эрта йўқ инсонлар. Хизматларини ўз вақтида, ортга сурмай қилиб олмасак, эрта қанча афсус-надомат чекмайлик, фойдаси бўлмайди.

Ота-оналаримиз Аллоҳ таолонинг офиятида бўлишсин, вафот этганлари бўлса, Аллоҳ таоло раҳматига олсин!

Қудратуллоҳ Сидиқметов
«Ҳилол» журналининг 3(48) сонидан

 

  Бугун, 5 декабрь куни масжидларда фаолият юритаётган имом-домлалар ўртасида “Йил имоми – 2023”  танловининг якуний босқичи бошланди.

  Мазкур мусобақада Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридаги ҳудудий босқичларда ғолибликни қўлга киритган имом-домлалар беллашади.

  Айни пайтда қизғин ва кўтарингки руҳда бошланган танловда иштирокчилар чиқишларини ҳакамлар ҳайъати томонидан адолат мезонлари асосида муносиб баҳолаб борилмоқда.     

  Танлов шартлари, тартиблари ва мукофотлари ҳақидаги маълумотларни ушбу ҳавола (https://t.me/muslimuzportal/35825) орқали танишиш мумкин.

 

 Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати

Вівторок, 05 декабрь 2023 00:00

Солиҳ мол солиҳ киши учундир

Амр ибн Осдан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам менга одам юбориб, кийимларимни кийиб, аслаҳамни олиб боришимни тайинладилар. Борсам, тоҳарат қилаётган эканлар. Менга бошдан-оёқ разм солдилар. Сўнг:
«Эй Амр! Мен сени бир лашкарга бош қилиб юбормоқчиман. Шояд, Аллоҳ таоло сизларга ўлжа берса. Шу нарсадан сенга солиҳ мол насиб бўлса, деган рағбатим бор», дедилар.

«Эй Аллоҳнинг Расули! Мен мол учун эмас, Ислом учун мусулмон бўлганман. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга бўлиш учун мусулмон бўлганман», дедим.

«Эй Амр! Солиҳ одамнинг қўлидаги мол қандай яхши!» дедилар».

Ушбу ҳадиси шарифдан солиҳ инсонда солиҳ йўл билан топилган мол бўлиши яхши эканини, ушбу молнинг эгаси уни тўғри йўлга сарфласа, бунда ҳеч қандай ёмонлик йўқлигини билиб оламиз.

Мол-дунёни фақат ёмонлайвериш нотўғри. Мол-дунё ҳаром-ҳаришдан топилган бўлса ёки у нопок, ҳаромхўр одамнинг қўлига тушиб қолган бўлса, мазаммат қилинади, ёмонланади. Чунки бундай одам молни ёмонликка сарфлайди.

Бироқ шариатга мувофиқ топилган, шариатга мувофиқ сарфланган мол ҳақида ҳеч қандай ёмон хаёлга бормаслик керак. Шунинг учун имом Бухорий алоҳида боб очиб, унга мазкур ҳадисни киритган эканлар. Бу ҳадис айниқса бугунги кунда мўминларнинг мол-дунёга муносабатини белгилаб берувчи ҳадисдир.

 

Фақиҳларнинг барчаси намозда Фотиҳа сурасининг сўнгида “омин”ни айтиш суннат эканига иттифоқ қилишган. Улар “омин”нинг дуо экани, яъни “Дуоларимизни ижобат қил” маъносини билдириши борасида ихтилоф қилишмаган.

Шунингдек, уламолар дуо жаҳрий бўлганидан кўра, махфий тарзда амалга ошириш афзал эканини бир овоздан маъқуллашган. Зеро, Аллоҳ таъоло Қуръони каримда марҳамат қилади “Раббингизга махфий ва тазарруъ ила дуо қилинглар” (Аъроф сураси, 55-оят).

Бироқ намозда Фотиҳа сураси овоз чиқариб ўқилганидан сўнг “омин”, дейиш борасида ҳанафий ва моликий мазҳаби уламолари махфий айтиш афзаллигини айтганлар.

“Ҳидоя” асарида бу хусусда қуйидагилар айтилган: “Имом “وَلاَ الضَّالِّينَ”ни айтиб “омин” дейди ва муқтадий ҳам уни айтади. Зеро, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Қачон имом “омин” деса, сизлар ҳам “омин” денглар», деганлар.

Ҳанафий мазҳабининг “омин”ни махфий айтиш суннат экани борасидаги далиллари қуйидагилар:

– Имом Термизий Алқама ибн Воилдан, у ўз отасидан ривоят қилган ҳадисда: «Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам (غَيْرِ الْمَغْضُوبِ عَلَيْهِمْ وَلاَ الضَّالِّينَ) ни ўқидилар-да  “омин”, дедилар ва буни паст овоздаайтдилар» дейилган.

Ушбу ҳадисдан Расулуллоҳ Фотиҳа сурасини баланд овоз билан ўқиб, “омин”га келганда, овозларини пасайтирганларини тушунамиз. Ҳанафийлар мавзуга оид бошқа бир ҳужжат: «Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам (غَيْرِ الْمَغْضُوبِ عَلَيْهِمْ وَلاَ الضَّالِّينَ) ни тиловат қилсалар, “омин”, дер эдилар. У кишининг ортида биринчи сафда турган одам эшитар эди», ҳадисини ҳам юқоридаги далилни изоҳловчи сифатида тушунганлар. Яъни, “омин”ни имомга яқин сафдаги кишиларгина эшитгани уни паст тарзда айтилганини билдиради.

– Шунингдек, “омин” дуо бўлиб, Қуръони каримда дуонинг асли махфий тарзда бўлиши зикр этилган. Аллоҳ таоло марҳамат қилади: “Раббингизга тазарруъ қилган ва махфий ҳолда дуо қилинг” (Аъроф сураси, 55-оят).

Имом Бухорий раҳимаҳуллоҳ Ато розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадиси шарифда “омин” дуо экани айтилган.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ичида қилинган дуо Ововз чиқариб қилинган дуонинг етмиштасига тенг”, дедилар.

– Ҳанафийларнинг “омин”ни махфий қилиш афзал эканига саҳоба ва тобеинларнинг амалларидан далил келтиришган. Жумладан, Имом Табароний Абу Воилдан қилган ривоятда: «Умар ва Али розияллоҳу анҳумо “Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм”ни ҳам, “омин”ни ҳам ошкора айтмас эдилар», дейилган.

Шунингдек, мавзу доирасидаги энг машҳур далил Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Қачон имом: “Ғойрил мағздууби алайҳим ва лазддоллиин”, деса: “Омийн”, денглар. Чунки кимнинг омини фаришталар омини билан мувофиқ келиб қолса, унинг ўтган гуноҳлари мағфират қилинади», деганлар (Имом Бухорий ривояти).

Ушбу ҳадисда имомнинг ортидагилар “омин” айтишлари имомнинг Фотиҳа сураси якуни “Валаззоллийн” калимасини талаффуз қилишига боғланган. Агар имом “омин”ни баланд овозда айтиши керак бўлганида эди, унинг ортидагиларнинг “омин” айтишлари имомнинг “Валаззоллийн” калимасини талаффуз қилишига боғланмас эди, балки имомдан “омин”ни эшитишларига тақалар эди.

Собиржон РУСТАМОВ,

Шайхонтоҳур тумани “Ҳувайдо” жоме масжиди имом-хатиби

 

Сторінка 16 з 305

Видеолавҳалар

Top