muslim.uz

muslim.uz

Аллоҳ таъолога беадад ҳамду – саноларимиз ва Пайғамбаримиз Муҳаммад саллоллоҳу алайҳи васалламга эса беҳисоб саловоту дурудларимиз бўлсин.

Қуйида мушаббиҳа, мужассима, ҳашавий ва сохта салафийларнинг “Аллоҳ осмонда”, деган эътиқодларини асоси “Жория ҳадиси” номи билан машҳур бўлган ҳадиси шарифни ҳар тарафлама илмий, маърифий ҳолда мутаассиблик, тарафкашлик, тортишиш, ғолиб келиш, фитна-фасод тарқатишдан йироқ бўлган ҳолда, омонатдорлик ила ўрганиб чиқишга ҳаракат қиламиз. Аслида, сизлар билан баҳам кўрмоқчи бўлган маълумотларимиз бир неча ўн йиллардан бери қўзғатилмаган, омма халқ орасида тарқатилмаган ва уларни ҳар-хил ташвишларга мубтало қилмаган эди. Лекин, минг афсуслар бўлсинки, вақти-вақти билан ёмғирдан кейин бўй кўрсатадиган қўзиқоринлар каби баъзи фитначи гуруҳлар тарафидан, мўмин-мусулмонларнинг ўртасига низо, хусумат ва ўзаро келишмовчиликларни келтириб чиқариш учун юқорида зикри ўтган ҳадисга ўхшаш маълумотлар тарқатилиб турилади. Аслида, бундай ўта ҳассос ва нозик эътиқодий масалаларда, шунга ўхшаш муташобеҳ оят ва ҳадисларни содда ва самимий мўмин-мусулмонлар ўртасига ташлашдан кўзланган ягона мақсад – фитнадир. Чунки бундай масалаларни агар чин ихлос билан тушуниш ва билишни хоҳлайдиганлар бўлса, ақида илмининг мутахассисларидан ташкил топган бир жамоанинг ўртасидагина ушбу муаммони ҳал қилишни имконияти бор. Лекин қалбида фитнага мойиллиги бўлган мушаббиҳа, мужассима, ҳашавий ва сохта салафийларга ўхшаганлар, ўз мақсадларига эришишлари учун доимо халқни изтиробга қўйиб, изтиробли масалаларни кўтариб чиқадилар. Ҳақиқий Аҳли сунна вал жамоа уламолари эса бундай фитналарга томошабин бўлиб, индамай тура олмайдилар. Чунки бу ҳолат динга нисбатан хиёнат деб баҳоланади. Шунинг учун ҳам тарихдан маълумки, Аҳли суннанинг ҳақиқий имомлари бўлмиш салаф ва халаф яъни, аввал бошида тўрт фиқҳий мазҳабнинг асосчилари, улардан сўнг икки ақидавий мазҳабнинг асосчилари имом Абу Мансур ал-Мотурудий ва имом Абул Ҳасан ал-Ашъарийлар мазкур ботил ва адашган гуруҳларга шиддатли раддиялар бериш ила қарши курашганлар. Ўша пайтда Аҳли сунна вал жамоа имомларига мушаббиҳа, мужассима, ҳашавий, мўътазилий, хаворижлар қарши чиққан бўлсалар, кейинга асрларда мазкур адашганларнинг давомчилари ўлароқ ваҳҳобийлар ва сохта салафийлар салаф ва халаф уламоларига қарши тинмай фитналар уюштирмоқда. Уларнинг фитна тарқатиш учун қурол қилиб олган бир неча мавзулари ва далиллари бор. Шулардан бири қуйида ўрганиб, таҳлил қилиб, ёритишга ҳаракат қилаётган мавзумизга тааллуқли “Жория ҳадиси”дир. Сохта салафийларнинг даъвоси хоҳ ақида ёки фиқҳ йўналишида бўлсин фақатгина саҳиҳ ва мутавотир хабарларни қабул қилиш бўлсада, лекин ўзларининг ғояларини ҳаспўшлаш учун бу борада ҳар қандай пасткашлик ва хиёнаткорликдан ҳам тап тортмасликларини келтирадиган маълумотларимиздан яққол билиб оламиз.

 

الرَّدُّ عَلَى مَنْ يَسْتَشْهِدُ بِالرِّوَايَةِ الْمُضَطَرِبَةِ لِحَدِيْثِ الْجَارِيَةِ الَّتِي ذُكِرَ فِيْهَا لَفْظُ "أَيْنَ الله"

“Айна Аллоҳ” лафзи зикр қилинган музториб ривоят “Жория ҳадиси”ни далил сифатида келтирадиганларга раддия

   حَدِيْثُ الْجَارِيَةِ أَتَى بِأَرْبَعِ رِوَايَاتٍ ثَلَاثَةٌ مُوَافِقَةٌ لِأُصُولِ الْعَقِيْدَةِ وَرِوَايَةٌ مُضْطَرِبَةٌ.

نَصُّ الرِّوَايَةِ الْمُضْطَرِبَةِ : أَخْرَجَ مُسْلِمٌ عَنْ مُعَاوِيَةَ بنِ الْحَكَمِ السُّلَمِيِّ أَنَّهُ سَأَلَ رَسُولَ اللهِ ﷺ عَنْ جَارِيَةٍ كَانَتْ لَهُ، قَالَ: قُلْتُ يَا رَسُولَ اللهِ أَفَلَا أُعْتِقُهَا؟ قَالَ: «اِئْتِنِي بِهَا»، فَأَتَيْتُهُ بِهَا، فَقَالَ لَهَا: «أَيْنَ اللهُ؟» قَالَتْ: فِي السَّمَاءِ، قَالَ: «مَنْ أَنَا؟» قَالَتْ أَنْتَ رَسُولُ اللهِ، قَالَ: «أَعْتِقْهَا فَإِنَّهَا مُؤْمِنَةٌ». أُنْظُرْ: صَحِيْحَ مُسْلِمٍ/كِتَابُ الْمَسَاجِدِ وَمَوَاضِعُ الصَّلَاةِ/بَابُ تَحْرِيْمِ الْكَلَامِ فِي الصَّلَاةِ. 

   “Жория ҳадиси” тўртта ривоятда келган ва уларнинг учтаси ақийда асосларига мувофиқ бўлиб, битта ривоят музторибдур. Музториб ривоятнинг матни ушбудир:

 

Имом Муслим Муовия ибн ал-Ҳакам ас-Суламий розияллоҳу анҳудан ривоят қилади: “У Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ўз жориялари ҳақида сўраб: Эй Аллоҳнинг Расули уни озод қилайми?, дедим, дедилар. У зот: “Уни (ҳузуримга) олиб кел”, дедилар. Бас, уни у зотга олиб келдим. У зот унга қарата: “Аллоҳ қаерда?” дедилар. У: Осмонда деди. У зот: “Мен кимман?” дедилар. У: “Сиз Аллоҳнинг расулисиз”, деди. У зот: “Уни озод қил, у мўминадир”, дедилар” (Қаранг: Саҳиҳи Муслим/ Масжидлар ва намоз ўринлари китоби/ Боб: Намозда гапириш ҳаромлиги ҳақида).

   Эътибор берадиган бўлсак, Имом Муслим роҳимаҳуллоҳ ушбу ҳадиси шарифни “Иймон китоби”да эмас балки, “Масжидлар ва намоз ўринлари китоби”, “Намозда гапириш ҳаромлиги боби”да келтираяптилар. Нимага имом Муслим ушбу ҳадис агар ақида бобига тегишли бўлса, иймон китобида эмас балки, намозда гапириш ҳаромлиги бобида келтирдилар?! Мана шу жиҳатдан ҳам эътибор беришингизни сўраб қолардик.

 

   وَرِوَايَةُ أَبِي دَاوُدَ عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ أَنَّ الرَّسُولَ ﷺ لَمَّا قَالَ لِلْجَارِيَةِ: «أَيْنَ اللهُ؟»، أَشَارَتْ إِلَى السَّمَاءِ بِإِصْبَعِهَا وَلَيْسَ فِي هَذِهِ الرِّوَايَةِ أَنَّهَا قَالَتْ فِي السَّمَاءِ. أُنْظُرْ: سُنَنَ أَبِي دَاوُدَ/كِتَابُ الْأَيْمَانِ وَالنُّذُورِ/بَابُ فِي الرَّقَبَةِ الْمُؤْمِنَةِ.

   Абу Довуд Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан қилган ривоятда: “Расул солаллоҳу алайҳи васаллам жорияга: “Аллоҳ қаерда?”, деганларида, у бармоғи билан осмонга ишора қилди”. Бу ривоятда у(жория)нинг “Осмонда” деган сўзи йўқ. (Қаранг: Абу Довуд Сунани/ Қасамлар ва назрлар китоби, Боб: Мўъмина чўри ҳақида).

   Бу ривоятда эътибор бериладиган жиҳати шуки, жориядан Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳ қаерда” деб, сўраганларида, у бармоғи билан осмонга ишора қилганлигидир. Айнан мана шу жойда нозик бир маъно бор. Яъни, ўша жория соқов бўлганлиги айтилади. Шунинг учун соқов-гунгларни Аллоҳ таоло тўғрисидаги маълумоти осмонга ишора қилиш билан бўлади. Чунки улар Аллоҳ таолога бўлган иймон-эътиқодини сўз билан ифода эта олмайдилар. Шунга кўра улар ушбу маънони ишора билан ифода этадилар. Бу ҳаммага маълум бўлган иш. Демак, соқов бўлгани учун осмонга ишора қилган деб келтирилади. 

   عَنْ رَجُلٍ مِنَ الْأَنْصَارِ أَنَّهُ جَاءَ بِأَمَةٍ سَوْدَاءَ فَقَالَ: يَا رَسُولَ اللهِ إِنَّ عَليَّ رَقَبَةً مُؤْمِنَةً فَإِنْ كُنْتَ تَرَى هَذِهِ مُؤْمِنَةً فَأُعْتِقُهَا؟ فَقَالَ لَهَا رَسُولُ اللهِ ﷺ: «أَتَشْهَدِيْنَ أَنْ لَا إِلـٰهَ إلَّا اللهُ؟» قَالَتْ: نَعَمْ. «أَتَشْهَدِيْنَ أَنِّي رَسُولُ اللهِ؟» قَالَتْ: نَعَمْ. قَالَ: «أَتُؤْمِنِينَ بِالْبَعْثِ بَعْدَ الْمَوْتِ» قَالَتْ: نَعَمْ. قَالَ: «أَعْتِقْهَا». رَوَاهُ أَحْمَدُ وَرِجَالُهُ رِجَالُ الصَّحِيْحِ. مَجْمَعُ الزَّوَائِدِ وَمَنْبَعُ الْفَوَائِدِ/ كِتَابُ الْإِيْمَانِ/ نُورُ الدِّيْنِ عَلِيُّ بْنِ أَبِي بَكْرٍ الْهَيْثَمِيُّ.

   Ансорлардан бир киши бир чўрини олиб келиб: “Эй Аллоҳнинг Расули, менинг зиммамда бир мўмина чўри бор. Агар сиз уни мўмина десангиз, уни озод қиламан, деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам у чўрига: “Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ эканига гувоҳлик берасанми?”, дедилар. Ҳа, деди. “Мен Аллоҳнинг Расули эканимга гувоҳлик берасанми?”, дедилар. У: ҳа, деди. У зот: “Ўлимдан кейин қайта тирилишга иймон келтирасанми?”, дедилар. У : ҳа, деди. У зот: “Уни озод қил”, дедилар (Аҳмад ривоят қилган ва у(ҳадис)ни ривоят қилган кишилар саҳиҳдурлар. Нуруддин Али ибн Абу Бакр ал-Ҳайсамий “Мажмауз завоид ва манбаул фавоид”/ Иймон китоби).  

   وَرِوَايَةُ النَّسَائِيِّ (فِي السُّنَنِ) عَنْ أَبِي سَلَمَةَ عَنِ الشَّرِيْدِ بْنِ سُوَيْدٍ الثَّقَفِيِّ قَالَ: أَتَيْتُ رَسُولَ اللهِ فَقُلْتُ: إِنَّ أُمِّي أَوْصَتْ أَنْ تُعْتَقَ عَنْهَا رَقَبَةٌ، وإنَّ عِنْدِي جَارِيةً نُوبِيَّةً أَفَيُجْزِئُ عَنِّي أَنْ أُعْتِقَهَا عَنْهَا؟ قَالَ: «اِئْتِنِي بِهَا»، فَأَتَيْتُهُ بِهَا. فَقَالَ لَهَا النَّبِيُّ: «مَنْ رَبُّكِ؟» قَالَت: اللهُ. قَالَ: «مَنْ أَنَا؟» قَالَتْ: أَنْتَ رَسُولُ اللهِ. قَالَ: «فَأَعْتِقْهَا فَإِنَّهَا مُؤْمِنَةٌ».

 

Имом Насоий (Сунанда) Абу Саламадан, у киши Шарийд ибн Сувайд ас-Сақафийдан қилган ривоятида: “У Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга келиб: “Онам ўзининг номидан бир қул озод қилинишини васият қилган. Менда бир Нубиялик жория бор. Унинг номидан у(жория)ни озод қилишим мен учун жоизми?- дедим, дейди. У зот: “Уни олиб кел”, дедилар. Уни олиб келдим. Шунда унга: “Роббинг ким?”, дедилар. У: Аллоҳ деди. “Мен кимман”, дедилар. У: Сиз Аллоҳнинг Расули, деди. У зот: “Бас, уни озод қил, у мўминадир”, дедилар”.

 

   وَرِوَايَةُ مَالِكٍ (فِي الْمُوَطَّإِ) وَهِيَ الرِّوَايَةُ الْأَصَحُّ وَالرِّوَايَةُ الْمُعْتَمَدَةُ عِنْدَ أَهْلِ السُّنَّةِ عَنْ عُبَيْدِ اللهِ بْنِ عَبْدِ اللهِ بْنِ عُتْـبَةَ بْنِ مَسْعُودٍ أَنَّ رَجُلًا مِنَ الْأَنْصَارِ جَاءَ إِلَى رَسُولِ اللهِ بِجَارِيَةٍ لَهُ سَوْدَاءَ، فَقَالَ: يَا رَسُولَ اللهِ إِنَّ عَلَيَّ رَقَبَةً مُؤْمِنَةً فَإِنْ كُنْتَ تَرَاهَا مُؤْمِنَةً أُعْتِقُهَا؟ فَقَالَ لَهَا رَسُولُ اللهِ ﷺ: «أَتَشْهَدِينَ أنْ لَا إلـٰهَ إلَّا الله؟» قَالَتْ: نَعَمْ. قَالَ: «أَتَشْهَدِينَ أنَّ مُحَمَّدًا رَسُولُ اللهِ؟» قَالَتْ: نَعَمْ. قَالَ: «أَتُوقِنِيْنَ بِالْبَعْثِ بَعْدَ الْمَوْتِ؟» قَالَتْ: نَعَمْ. فَقَالَ رَسُولُ اللهِ: «أَعْتِقْهَا». أُنْظُرْ: مُوَطَّأُ الْإِمَامِ مَالِكٍ/كِتَابُ الْعِتْقِ وَالْوَلَاءِ.

   Имом Молик (Муваттода) келтирган ривоятлари Аҳли суннанинг ҳузурида энг мўътамад ва энг саҳиҳ ривоят бўлиб, уни Убайдуллоҳ ибн Абдуллоҳ ибн Утба ибн Масъуддан ривоят қилганлар: “Ансорлардан бир киши чўрисини Расулуллоҳга олиб келиб: Эй Аллоҳнинг Расули! Менинг зиммамда бир мўмина чўри бор. Агар сиз уни мўмина десангиз, бас, уни озод қиламан, деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам у чўрига: “Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ эканига гувоҳлик берасанми?”, дедилар. Ҳа, деди. “Муҳаммад Аллоҳнинг Расули эканига гувоҳлик берасанми?”, дедилар. У: Ҳа, деди. “Ўлимдан кейин қайта тирилишга қатъий ишонасанми?”, дедилар. У: Ҳа, деди. Шунда Расулуллоҳ: “Уни озод қил”, дедилар (Қаранг: Имом Молик/ “Ал-Муватто”/ Озод қилиш ва Вало китоби). 

 Қуйида юқорида ўтган ривоятлардаги изтиробли ҳолатларни таҳлил қиламиз.

   إِنَّ الْمُتَأَمِّلَ فِي رِوَايَةِ أَيْنَ اللهُ فَقَالَتْ فِي السَّمَاءِ يَجِدُهَا مُضْطَرِبَةً لِأَنَّهَا جَاءَتْ بِهَذَا اللَّفْظِ وَبِلَفْظِ أَيْنَ اللهُ فَأَشَارَتْ إِلَى السَّمَاءِ وَبِلَفْظِ مَنْ رَبُّكِ فَقَالَتْ اللهُ وَبِلَفْظِ أَتَشْهَدِيْنَ أَنْ لَا إِلـٰهَ إِلَّا اللهُ فَقَالَتْ نَعَمْ. 

   1. “Аллоҳ қаерда” дейилганда, жориянинг “Осмонда”, деб жавоб берган ривояти устида чуқур фикр-мулоҳаза қилувчи уни музториб (ноаниқ) ҳолдалигини англайди. Чунки бу ривоят, мазкур лафз билан келиши билан бирга, “Аллоҳ қаерда” дейилганда, “Осмонга ишора қилди”, деган лафз билан ҳам ва “Роббинг ким”, дейилганда “Аллоҳ” деган лафз билан ҳам ва “Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ эканига гувоҳлик берасанми?”, дейилганда “Ҳа”, деб жавоб берган лафз билан ҳам ривоят қилинган.

 

   وَمِمَّا يَزِيْدُ هَذِهِ الرِّوَايَاتِ اِضْطِرَابًا أَنَّ الرَّجُلَ الَّذِي اِدَّعَى أَنَّ الْجَارِيَةَ السَّوْدَاءَ لَهُ اِخْتَلَفَتْ فِيْهِ الرِّوَايَاتُ أَيْضًا.

   2. Жория унга тегишли эканини даъво қилган киши(нинг кимлиги)да ҳам ривоятларда ихтилоф бор, ва бу эса ушбу ривоятлардаги ноаниқликни зиёда қиладиган омиллардан бўлиб саналади.

 

فَعِنْدَ مُسْلِمٍ صَاحِبُ الجْاَرِيَةِ السَّوْدَاءِ هُوَ مُعَاوِيَةُ بْنِ الْحَكَمِ السُّلَمِيُّ فَهُوَ الَّذِي اِدَّعَى أَنَّهَا لَهُ.

   Муслимнинг ривоятида: Жориянинг эгаси Муовия ибн ал-Ҳакам ас-Суламий. У жориянинг ўзиники эканини даъво қилган. 

   وَعِنْدَ مَالِكٍ صَاحِبُهَا هُوَ عُمَرُ بْنُ الْحَكَمِ فَهُوَ الَّذِي اِدَّعَى أَنَّهَا لَهُ.

   Моликнинг ривоятида эса, (жориянинг эгаси) Умар ибн Ҳакам бўлиб, у ҳам у(жория)ни ўзиники эканини даъво қилган.

   وَعِنْدَ النَّسَائِيِّ صَاحِبُهَا هُوَ الشَّرِيْدُ بْنُ سُوَيْدٍ الثَّقَفِيُّ فَهُوَ الَّذِي اِدَّعَى أَنَّهَا لَهُ.

   Насоийнинг ривоятида жориянинг эгаси Шарийд ибн Сувайд ас-Сақафий бўлиб, у ҳам уни ўзиники эканини даъво қилган.

   3. Шунингдек, сохта салафийлар далил қилиб келтираётган Имом Муслим ривоятини Мотуридия ва Ашъариялардан иборат Аҳли сунна вал жамоа уламолари ўрганиб чиқиб, айтадиларки: Ушбу ҳадиснинг ривояти музториб ривоят бўлиб, у билан ақийда бобида ҳужжат қилинмайди. Чунки Саҳиҳи Муслимни шарҳлаган буюк олим Имом Нававий роҳимаҳуллоҳ бу ҳадис ақийда бобида ҳужжат қилинмаслигини баён этиш учун ушбу ҳадисни Иймон китобида келтирмаган, балки “Намозда гапириш ҳаромлиги ҳақидаги боб”да келтирган. 

 

   ثُمَّ إِنَّ رِوَايَةَ أَيْنَ اللهُ مُخَالِفَةٌ لِلْأُصُولِ، لِأَنَّ مِنْ أُصُولِ الشَّرِيْعَةِ أَنَّ الشَّخْصَ لَا يُحْكَمُ لَهُ بقَوْلِ: «اللهُ فِي السَّمَاءِ» بِالْإِسْلَامِ، لِأَنَّ هَذَا الْقَوْلَ يَشْتَرِكُ فِيْهِ الْيَهُودُ وَالنَّصَارَى وَغَيْرُهُمْ، يَعْنِي تَجِدُ الْيَهُودِيَّ يَقُولُ: «اللهُ فِي السَّمَاءِ» لَوْ كَانَ قَوْلُ «اللهُ فِي السَّمَاءِ» دَلِيْلًا عَلَى الْإِيْمَانِ لَلَزِمَ أَنْ يَكُونَ الْيَهُودُ وَالنَّصَارَى مُسْلِمِينَ، وَإِنَّمَا الْأَصْلُ الْمَعْرُوفُ فِي شَرِيْعَةِ اللهِ مَا جَاءَ فِي الْحَدِيْثِ الْمُتَوَاتِرِ: «أُمِرْتُ أَنْ أُقَاتِلَ النَّاسَ حَتَّى يَشْهَدُوا أَنْ لَا إِلـٰهَ إِلَّا اللهُ وَأَنِّي رَسُولُ اللهِ..» رَوَاهُ خَمْسَةَ عَشَرَ صَحَابِيًّا. وَلَفْظُ رِوَايَةِ مَالِكٍ «أَتَشْهَدِينَ أنْ لَا إِلـٰهَ إِلَّا اللهُ» مُوَافِقٌ لِلْأُصُولِ.

   4. Сўнгра, “Айна Аллоҳ” ривояти асл қоидаларга қарама-қаршидир. Чунки шариатнинг асл қоидаларида бирор шахсга “Аллоҳ осмонда”, деган сўз билан мусулмон деб ҳукм қилинмайди. Зотан, бу сўзда яҳудийлар, насронийлар ва улардан бошқалар ҳам муштаракдир. Яъни яҳудийларни “Аллоҳ осмонда” дейишларини кўришинг мумкин. Агар “Аллоҳ осмонда” деган сўз иймонга далил бўлса, яҳудий ва насронийларни ҳам мусулмонлар дейилиши лозим бўлиб қолади. Бу борада Аллоҳнинг шариатида асл қонун-қоида қуйидаги мутавотир ҳадиси шарифдан олинади. 

   “Одамлар “Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ ва мен Аллоҳнинг Расули эканимга шаҳодат келтирмагунларича, . . . уларга қарши жанг қилишга буюрилдим”. Бу ҳадисни ўн бешта саҳобий ривоят қилган. 

   Имом Моликнинг ривоятидаги “Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ эканига гувоҳлик берасанми?”, деган лафз айни асл қоидага мувофиқдир.

 

فَظَهَرَ لِلْمُنْصِفِ أنَّ حَدِيْثَ الْجَارِيَةِ السَّوْدَاءِ مُضْطَرِبٌ سَنَدًا وَمَتْنًا لَا يَصِحُّ عَنْ رَسُولِ اللهِ، وَلَا يَلِيْقُ بِرَسُولِ اللهِ أَنْ يُقَالَ عَنْهُ إِنَّهُ حَكَمَ عَلَى الْجَارِيَةِ السَّوْدَاءِ بِالْإِسْلَامِ لِمُجَرَّدِ قَوْلِهَا اللهُ فِي السَّمَاءِ، فَإِنَّ مَنْ أَرَادَ الدُّخُولَ فِي الْإِسْلَامِ يَدْخُلُ فِيْهِ بِالنُّطْقِ بِالشَّهَادَتَيْنِ وَلَيْسَ بِقَوْلِ اللهُ فِي السَّمَاءِ. وَأَمَّا الْمُشَبِّهَةُ فَقَدْ حَمِلُوا حَدِيْثَ الْجَارِيَةِ عَلَى غَيْرِ مُرَادِ الرَّسُولِ ﷺ. وَالْمَعْنَى الْحَقِيْقِيُّ لِهَذَا الْحَدِيْثِ عِنْدَ مَنِ اعْتَبَرَهُ صَحِيْحًا لَا يُخَالِفُ تَنْزِيْهَ اللهِ عَنِ الْمَكَانِ وَالْحَدِّ وَالْأَعْضَاءِ.

   5. Жориянинг ҳадиси санад ва матн жиҳатидан музториб ҳадис бўлиб, бу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан бўлиши дуруст эмас. Бу эса ҳар қандай инсофли кишилар учун очиқ ойдиндир. Жориянинг “Аллоҳ осмонда”, деган сўзининг ўзи билан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уни мусулмон деб ҳукм қилди дейилганга ўхшаш сўз, у зот соллаллоҳу алайҳи васалламга лойиқ эмас. Чунки, ким Исломга киришни ирода қилса “Аллоҳ осмонда”, деган сўз билан эмас балки икки шаҳодат калимасини нутқ қилиш билан киради. 

   Аммо, мушаббиҳалар жориянинг ҳадисига Расуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам назарда тутмаган маънони бердилар. Ким бу ривоятни саҳиҳ деб эътиборга олса, унда бу ҳадиснинг ҳақиқий маъноси Аллоҳ таолони макондан, ҳудудлардан ва аъзолардан пок эканига мухолиф бўлмайди.

 

   فَيَكُونُ مَعْنَى «أَيْنَ اللهُ؟»، عِنْدَ مَنْ أَخَذَ بِهَذَا الْحَدِيْثِ، «مَا هُوَ اِعْتِقَادُكِ فِي اللهِ مِنَ التَّعْظِيْمِ وَمِنَ الْعُلُوِّ وَرِفْعَةِ الْقَدْرِ؟»، لِأَنَّ «أيْنَ» تَأْتِي لِلسُّؤَالِ عَنِ الْمَكَانِ، وَهُوَ الْأَكْثَرُ، وَتَأْتِي لِلسُّؤَالِ عَنِ الْمَكَانَةِ أَيْ الْقَدْرِ وَالْمَنْزِلَةِ مِثْلِ قَوْلِ الشَّاعِرِ: 

أَيْنَ الثَّرَى مِنَ الثُّرَيَّا     وَ أَيْنَ مُعَاوِيَةُ مِنْ عَلِيِّ

 Ким бу ҳадисни далил сифатида оладиган бўлса, ундаги “Аллоҳ қаерда?” деган саволнинг маъноси, Аллоҳ таолонинг улуғворлиги, олийлиги ва қадрининг буюклиги тўғрисида эътиқодинг қандай?, деб тушуниш керак. Чунки “Айна” кўпинча макон тўғрисидаги савол учун ишлатилади. Шу билан бирга “мавқе, мартаба, қадр-қиммат” тўғрисидаги савол учун ҳам ишлатилади. Худди шоирнинг ушбу сўзи каби:  

Тупроқ қайдаю, Юлдуз қайда

Муъовия қайдаю, Али қайда

   Яъни, бу шеърдаги тупроқ ва юлдуз сўзларидан ер ва осмон тушинилади. Шунга кўра, икки шахс ўртасидаги фарқга “Иккисини ўртасида ер билан осмончалик фарқ бор”, дейилади. Ва бу ўринда Али розияллоҳу анҳунинг мартабаси, қадр қиммати билан, Муовия розияллоҳу анҳунинг қадр-қиммати тенг эмаслиги баён этилган.

 

   وَأمَّا قَوْلُ الْجَارِيَةِ «فِي السَّمَاءِ» أَوْ إِشَارَتُهَا إِلَى السَّمَاءِ فَإِنَّهَا أَرَادَتْ بِذَلِكَ أَنَّ اللهَ رَفِيْعُ الْقَدْرِ جِدًّا. وَقَدْ فَهِمَ الرَّسُولُ ذَلِكَ مِنْ كَلَامِهَا، أَيْ عَلَى تَقْدِيْرِ صِحَّةِ تِلْكَ الرِّوَايَةِ، أَيْ هَذَا عِنْدَ مَنْ صَحَّحَ هَذَا الْحَدِيْثَ مِنْ أَهْلِ السُّـنَّة. أُنْظُرْ: الشَّرْحُ الْقَوِيْمُ/ط6/ص124/ لِمَوْلَانَا الشَّيْخِ عَبْدِ اللهِ الْهَرَرِيِّ.

   Аммо, жориянинг “Осмонда” деган сўзи ёки унинг осмонга қилган ишорасига келсак, бу билан Аллоҳ таолонинг қадри жуда ҳам юқори эканлигини ирода қилган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бу маънони жориянинг сўзидан тушунганлар. Яъни, агар мазкур ривоятни саҳиҳ дейилса ёки Аҳли суннадан бўлган бирор киши ушбу ҳадисни саҳиҳ деган тақдирдагина ушбу маъно тушунилади. Қаранг: Мавлоно Шайх Абдуллоҳ ал-Ҳарарий/ “Аш-Шарҳ ал-Қовийм” китоби.

 

وَمِنْ حَدِيْثِ الْجَارِيَةِ الَّذِي مَرَّ ذِكْرُهُ يُعْلَمُ أَنَّ الشَّخْصَ إِذَا قَالَ: «اللهُ فِي السَّمَاءِ»، وَقَصَدَ أَنَّهُ عَالِيُ القَدْرِ جِدًّا فَلَا يُكَفَّرُ، لِأَنَّ هَذَا حَالُهُ مِثْلُ حَالِ الْجَارِيَةِ السَّودَاءِ أَيْ عَلَى تَقْدِيْرِ صِحَّةِ تِلْكَ الرِّوَايَةِ. وَأَمَّا إِذَا قَالَ: «اللهُ مَوْجُودٌ بِذَاتِهِ فِي السَّمَاءِ»، فَهَذَا وَقَعَ فِي كُفْرٍ صَرِيْحٍ لِأَنَّهُ أَثْبَتَ التَّحَيُّزَ لِلّٰهِ.

   6. Юқорида ўтган жориянинг ҳадисидан маълум бўладики, бирор киши “Аллоҳ осмонда” деса, ва бу сўзи билан Аллоҳнинг қадри қиммати жуда ҳам олий қадрдир, дейишни қасд қилган бўлса, у кофир бўлди дейилмайди. Чунки, мазкур ривоятни саҳиҳ деган тақдиримизда, унинг ҳоли худди жориянинг ҳолига ўхшайди. Аммо, ким “Аллоҳ зоти билан осмонда мавжуддир” деса, бу очиқ ойдин куфрга воқе бўлади. Чунки у, бу гапи билан Аллоҳ таоло учун макон, жиҳат ёки шуларга ўхшаш чегараланиши мумкин бўлган нарсани нисбатини бериб тасдиқлади.

 

   قَالَ رَسُولُ اللهِ ﷺ: «مَا السَّمَاوَاتُ السَّبْعُ مَعَ الْكُرْسِيِّ؟ (أَيْ فِي جَنْبِ الْكُرْسِيِّ) إِلَّا كَحَلْقَةٍ مُلْقَاةٍ بِأَرْضِ فَلَاةٍ، وَفَضْلُ الْعَرْشِ عَلَى الْكُرْسِيِّ كَفَضْلِ الْفَلَاةِ عَلَى الْحَلْقَةِ». رَوَى هَذَا الْحَدِيْثَ الْإِمَامُ اِبْنُ حِبَّانَ فِي صَحِيْحِهِ وصَحَّحَهُ .

   7. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Етти қават осмон Курси олдида қандай (ҳажмда)? (яъни, Курси ёнида). Саҳрога ташланган бир халқа кабидир. Курсига нисбатан Аршнинг катталиги эса, халқага нисбатан саҳронинг катталиги кабидир”, дедилар (Бу ҳадисни имом ибн Ҳиббон ўзининг саҳиҳида ривоят қилган ва саҳиҳ деган). 

 

   فَكَيْفَ يَكُونُ اللهُ فِي مَا يُشْبِهُ الْحَلْقَةَ الْمُلْقَاةَ فِي صَحْرَاءٍ وَاسِعَةٍ؟! وَالسَّمَاءُ مَخْلُوقَةٌ لِلّٰهِ، هُوَ خَلَقَهَا، لَمْ تَكُنْ ثُمَّ كَانَتْ، هُوَ كَانَ قَبْلَهَا، فَكَيْفَ يَحُلُّ الْخَالِقُ الْأَزَلِيُّ فِي الْمَخْلُوقِ الْحَادِثِ؟!

   Энди қандай қилиб Аллоҳ таоло катта саҳрога ташланган халқа каби бўлиши мумкин?! Ҳолбуки осмон Аллоҳнинг махлуқи (яратилган нарса)дир. Аллоҳ уни яратган. Йўқ эди, кейин пайдо бўлган. Аллоҳ эса ундан аввал ҳам бўлган. Шундай экан, қандай қилиб Азалий Холиқ кейин пайдо бўлган махлуқнинг ичида бўлиши мумкин?!

 

فَمَنْ زَعَمَ أَنَّ نَبِيًّا مِنْ أَنْبِيَاءِ اللهِ تَعَالَى كَانَ يَظُنُّ أَنَّ رَبَّهُ يَسْكُنُ السَّمَاءَ فَقَدْ كَفَرَ بِاللهِ. وَكَذَلِكَ لَوْ زَعَمَ أَنَّ نَبِيًّا مِنْ أَنْبِيَاءِ اللهِ قَالَ لِرَجُلٍ أَوِ امْرَأَةٍ: «أَيْنَ مَكَانُ اللهِ؟» فَإِنَّهُ، وَلَا شَكَّ، كَافِرٌ غَيْرُ مُسْلِمٍ، لِأَنَّهُ نَسَبَ الْكُفْرَ إِلَى نَبِيٍّ مِنْ أَنْبِيَاءِ اللهِ تَعَالَى.

   8. Ким, Аллоҳ таолонинг Пайғамбарларидан бир Пайғамбар ўз Роббисини осмонда яшайди, деб гумон қилган, деб ўйласа, демак, у Аллоҳга куфр келтирибди.

   Худди шунингдек, Аллоҳ таолонинг Набийларидан бир Набий бир киши ёки аёлга: “Аллоҳнинг макони қаерда?”, деб айтган деб ўйласа ҳам (у Аллоҳга куфр келтирибди). Албатта, у шак-шубҳасиз кофирдир, мусулмон эмас. Чунки у Аллоҳ таолонинг Набийларидан бир Набийга куфрни нисбатини берди.  

    وَكَيْفَ يَسْتَقِيْمُ فِي الْعَقْلِ السَّلِيْمِ أَنْ يَنْسُبَ نَبِيٌّ مِنْ أَنْبِيَاءِ اللهِ الْمَكَانَ إِلَى اللهِ، وَمَا مِنْ نَبِيٍّ إِلَّا وَهُوَ يَعْلَمُ أَنَّ نِسْبَةَ الْمَكَانِ إِلَى اللهِ تَعَالَى كُفْرٌ مُخْرِجٌ مِنَ الْإِسْلَامِ لَا يَصِحُّ مَعَهُ الْإِيْمَانُ. 

   Барча Пайғамбарлар Аллоҳ таолога маконнинг нисбатини бериш, исломдан чиқарувчи куфр эканлиги ва у билан иймон саҳиҳ бўлмаслигини биладиларку? Қандай қилиб, Аллоҳ таолонинг Пайғамбарларидан бир Пайғамбар Аллоҳ таолога макон нисбатини беришини соғлом ақл қабул қилсин? 

   إِنَّ نِسْبَةَ الْمَكَانِ إِلَى اللهِ تَعَالَى خُرُوجٌ عَنِ الْعَقْلِ. يَجِبُ عَلَيْنَا أَنْ نُسَلِّمَ لِلْعَقْلِ حُكْمَهُ بِأَنَّ اللهَ مَوْجُودٌ لَا فِي مَكَانٍ وَلَا فِي جِهَةٍ. لَا يُشْبِهُ الْعَالَمَ بِوَجْهٍ مِنَ الْوُجُوهِ لَا يَمَسُّهُ وَلَا يَعْلُو عَلَيْهِ بِالْمَسَافَةِ وَلَا يُحَاذِيْهِ وَلَا يَسْتَقِرُّ عَلَيْهِ.

   Дарҳақиқат Аллоҳ таолони маконга боғлаш ва Унга бирор маконни жой қилиб бериш ақлдан ташқаридир. Аллоҳ таоло жиҳатсиз ва маконсиз мавжуд эканлиги, У Зот ҳар тарафлама оламга мутлақо ўхшамаслиги, олам У Зотга тегиб турмаслиги ва У Зотдан масофа жиҳатидан ҳам олий бўлмаслиги, У Зотга тенг бўлмаслиги ҳамда, У Зот оламда қарор топмаслиги ҳукмини ақлимизга сингдириб, унга топшириш бизлар учун вожиб бўлади.

 

وَبِالْعَوْدَةِ إِلَى حَدِيْثِ الْجَارِيَةِ السَّوْدَاءِ نَرَاهُ يُعَارِضُ الْحَدِيْثَ الْمُتَوَاتِرَ الَّذِي رَوَاهُ خَمْسَةَ عَشَرَ صَحَابِيًّا: «أُمِرْتُ أَنْ أُقَاتِلَ النَّاسَ حَتَّى يَشْهَدُوا أَنْ لَا إِلـٰهَ إِلَّا اللهُ وَأَنِّي رَسُولُ اللهِ» فَهُوَ مِنْ أَصَحِّ الصَّحِيْحِ.

 Жориянинг ҳадисига қайтар эканмиз, у ўн бешта саҳобий ривоят қилган мутавотир ҳадисга қарама-қарши эканини гувоҳи бўламиз. Унда: “Одамлар “Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ ва мен Аллоҳнинг Расули эканимга шаҳодат келтирмагунларича, . . . уларга қарши жанг қилишга буюрилдим”, дейилган. Бу эса, саҳиҳнинг энг саҳиҳи бўлиб саналади.

   وَوَجْهُ الْمُعَارَضَةِ فِيْهِ أَنَّ فِيْهِ الْاِكْتِفَاءَ بِقَوْلِ «اللهُ فِي السَّمَاءِ» لِلْحُكْمِ عَلَى قَائِلِهِ بِالْإِسْلَامِ، وَحَدِيْثُ: «أُمِرْتُ أَنْ أُقَاتِلَ النَّاسَ حَتَّى يَشْهَدُوا أَنْ لَا إِلـٰهَ إِلَّا اللهُ وَأَنِّي رَسُولُ اللهِ»، فِيْهِ التَّصْرِيْحُ بِأَنَّهُ لَا بُدَّ لِلدُّخُولِ فِي الْإِسْلَامِ مِنَ النُّطْقِ بِالشَّهَادَتَيْنِ.

 Бундаги қарама-қаршиликнинг кўриниши, “Аллоҳ осмонда” деган сўзни ўзи билан уни айтувчисига мусулмон деб ҳукм чиқаришда кифояланиб қолишдир.

“Одамлар “Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ ва мен Аллоҳнинг Расули эканимга шаҳодат келтирмагунларича, . . . уларга қарши жанг қилишга буюрилдим”, ҳадисида эса, Исломга кириш учун икки шаҳодат калимасини нутқ қилиш лозим экани очиқ-ойдин баён қилинган.

   فَحَدِيْثُ الْجَارِيَةِ لَا يُقَاوِمُ هَذَا الْحَدِيْثَ الْمُتَوَاتِرَ لِأَنَّ فِي رِوَايَتِهِ اِضْطِرَابًا.. وَكَذَلِكَ هُنَاكَ عِدَّةُ أَحَادِيْثَ صِحَاحٍ، لَا اِخْتِلَافَ فِيْهَا وَلَا عِلَّةَ، تُنَاقِضُ حَدِيْثَ الْجَارِيَةِ، فَكَيْفَ يُؤْخَذُ بِظَاهِرِ حَدِيْثِ الْجَارِيَةِ وَيُعْرَضُ عَنْ تِلْكَ الْأَحَادِيْثِ الصِّحَاحِ؟!

   Жориянинг ҳадиси мутавотир ҳадисга мутлақо тенг келмайди. Чунки унинг ривоятида чалкашлик (ноаниқлик) бор. Худди шунингдек бу ерда жориянинг ҳадисига қарама-қарши келадиган, ҳеч қандай ихтилоф ва иллати бўлмаган бир қанча саҳиҳ ҳадислар бор. Шундай экан, қандай қилиб ана ўша саҳиҳ ҳадисларни ташлаб, жориянинг ҳадиси зоҳирига кўра олинсин?!

   فَلَوْلَا أَنَّ لِلْمُشَبِّهَةِ هَوًى فِي تَجْسِيْمِ اللهِ وَتَحْيِيْزِهِ فِي السَّمَاءِ، كَمَا هُوَ مُعْتَقَدُ الْيَهُودِ وَالنَّصَارَى، لَمَا تَشَبَّثُوا بِحَدِيْثِ الْجَارِيَةِ، وَلِذَلِكَ يَرَوْنَهُ أَقْوَى شُبْهَةٍ يَجْتَذِبُونَ بِهِ ضُعَفَاءَ الفَهْمِ إِلَى عَقِيْدَتِهِمْ عَقِيْدَةِ التَّجْسِيْمِ.

   Агар мушаббиҳалар Аллоҳга жисм ва У осмонни макон тутишлиги нисбатини беришда, (худди яҳудий ва насронийлар эътиқодларидек) қизиқиш ва хоҳишлари бўлмаганда, жориянинг ҳадисини маҳкам тутиб олмас эдилар. Шунинг учун улар бу ҳадисни илмсиз, тушунчаси йўқ, оддий инсонларни ўзларининг ақийдалари бўлмиш, Аллоҳга жисмни талқин қилиш ақийдасига жалб этадиган энг кучли шубҳа ва омил деб биладилар. 

   فَكَيْفَ يَخْفَى عَلَى ذِي لُبٍّ أَنَّ عَقِيْدَةَ تَحَيُّزِ اللهِ فِي السَّمَاءِ مُنَافِيَةٌ لِقَوْلِهِ تَعَالَى فِي سُورَةِ الشُّورَى ﴿لَيْسَ كَمِثْلِهِ شَيْءٌ﴾، فَإِنَّهُ عَلَى ذَلِكَ يَلْزَمُ أَنْ يَكُونَ لَهُ أَمْثَالٌ كَثِيْرَةٌ.

   Аллоҳ таолони осмонда деб, Унга маконни нисбат бериш ақидаси, Шўро сураси, 11-оятидаги: “Ҳеч нарса унга ўхшамас”, деган Аллоҳнинг каломига тўғри келмаслиги ақл эгаларига қандай сир бўлиши мумкин?! Чунки шундай бўлса, У Зотга жуда ҳам кўплаб нарсалар ўхшаши лозим бўлади. 

   فَالسَّمَاوَاتُ السَّبْعُ مَشْحُونَةٌ بِالْمَلَائِكَةِ، وَمَا فَوْقَ هَذِهِ السَّبْعِ مَلَائِكَةٌ حَافُّونَ مِنْ حَوْلِ الْعَرْشِ لَا يَعْلَمُ عَدَدَهُمْ إِلَّا اللهُ، وَفَوْقَ الْعَرْشِ الَّذِي هُوَ سَقْفُ الْجَنَّةِ يُوجَدُ ذَلِكَ الْكِتَابُ الَّذِي كُتِبَ فِيْهِ: «إِنَّ رَحْمَتِي سَبَقَتْ غَضَبِي» رَوَاهُ الْبُخَارِيُّ. مَعْنَاهُ مَظَاهِرُ رَحْمَتِي أَكْثَرُ مِنْ مَظَاهِرِ غَضَبِي.

   Етти қават осмон фаришталар билан тўладир. Бу етти қават осмоннинг юқорисида эса, Аршнинг атрофини фаришталар ўраб олганлар. Уларнинг ададини эса Аллоҳдан ўзга ҳеч ким билмас. Жаннатнинг шифти бўлмиш Аршнинг юқорисида эса: “Менинг раҳматим ғазабимдан устундир”, деган ёзув мавжуд (Бухорий ривоят қилган). Унинг маъноси, раҳматимнинг турлари кўринишлари, ғазабимнинг турлари ва кўринишларидан кўпроқдир дегани.

 

فَمَنْ حَمَلَ حَدِيْثَ الْجَارِيَةِ عَلَى ظَاهِرِهِ وَظَنَّ اللّٰـهَ فِي جِهَةِ فَوْقٍ فَقَدْ أَثْبَتَ لِلّٰهِ أَمْثَالًا لَا تُحْصَى. فَتَبَيَّنَ بِذَلِكَ أَنَّ هَؤُلَاءِ الْمُشَبِّهَةَ مُخَالِفُونَ لِقَوْلِ اللهِ تَعَالَى فِي سُورَةِ الشُّورَى ﴿لَيْسَ كَمِثْلِهِ شَيْءٌ﴾،.. وَلَا يَسْلَمُ مِنْ إِثْبَاتِ الْأَمْثَالِ لِلّٰهِ إِلَّا مَنْ نَزَّهَ اللّٰـهَ عَنِ التَّحَيُّزِ فِي الْمَكَانِ وَالْجِهَةِ مُطْلَقًا .

وَالْحَمْدُ لِلّٰهِ رَبِّ العالَمِين

   Ким, жориянинг ҳадисининг зоҳирига қараб “Аллоҳ таоло юқори тарафда”,деб гумон қилса, бас, у Аллоҳ учун сон-саноқсиз ўхшашларни исбот қилибди. Мана шу билан мушаббиҳалар Аллоҳ таолонинг Шўро сурасидаги:  ﴿لَيْسَ كَمِثْلِهِ شَيْءٌ﴾ “Ҳеч нарса унга ўхшамас”, оятига мухолиф эканлари очиқ ойдин бўлди. 

   Демак, Аллоҳни ҳар қандай макон ва жиҳатлардан мутлақо пок деб эътиқод қилувчилар, Аллоҳ таолога ўхшашларни исбот қилишдан саломат бўладиганлардир! 

Барча мақтов, шукрлар оламларнинг тарбиячиси Аллоҳга бўлсин!

    Ушбу мақола интернет маълумотлари асосида тайёрланди. 

   Тошкент шаҳар, Олмазор тумани, “Ат-Термизий” масжиди имом хатиби Исҳоқжон домла Бегматов.

Понеділок, 26 октябрь 2020 00:00

Сийрат ўрганишнинг тўққиз фойдаси

Сийрат китобларини ўқишга киришган ҳар бир инсон аввало сийратнинг қадрини ва кўп фойдалари бор эканини билмоғи лозим. Ҳозир биз сизларнинг эътиборингизга улардан муҳимларини келтириб ўтамиз:

  1. Қуръони каримни тушунишда ёрдам беради.

Сийратни ўрганиш фойдаларидан бири: Қуръонни тушунишга ёрдам беради. Қуръон бўлак - бўлак ҳолатда, бирор ҳодиса орқасидан ёки бирор мушкил ишни баён қилиш учун нозил бўлган.

Масалан: Қуръони каримда Бадр, Уҳуд, Аҳзоб, Табук ғазотлари ҳақида оятлар нозил бўлган. Сийратни ўқиб ўрганиш ушбу оятларнинг тафсирини тушунишда ёрдам беради.

  1. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларини тушунишда ёрдам беради.

Сийрат воқеаларидан бир ҳодиса ҳадис китобларида жуда қисқа ҳолатда келтирилган бўлиши, муҳаддислар бутун бошли ғазотдан бир ёки икки ўринни келтириш билан кифояланишлари мумкин. Бундай ҳолат ўқувчини сийрат китобларини ўқишга, бу воқеани қандай бўлгани, уни қайси вақтда бўлгани ва қандай ҳолатда бўлганини билишга ундайди.

  1. Ислом ақидасини тушунишга ёрдам беради.

Сийрат фанини ўрганиш фойдаларидан яна бири бу ислом ақидасини тушунишга ёрдам бериши. Чунки сийратни ўрганган инсон Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни ислом ақидасини қандай услубда етказганини кўради. Ислом динини етказишда бошларидан ўтказган имтиҳонларни фақатгина сийратни ўрганиш орқали билиш мумкин. Масалан: Макка даврида мушриклар келтирган турли шубҳали саволларга гўзал ва чиройли тарзда жавоб берганлар. Бу даврда нозил бўлган оятлар ўлимдан сўнг қайта тирилиш қандай бўлишини ва жаннат, дўзах, ваҳий, пайғамбарлик каби ислом ақидасига тегишли бўлган нарсаларни тушинишга ёрдам беради.

Сийрати Набавий Ислом динининг ақидавий дарсларини ўргатишда Қуръон карим ва ҳадис шарифдан  кейинги манба десак хато бўлмайди.

  1. Сийрат Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга иқтидо қилишни ўргатади.

Сийратни ўрганиш фойдаларидан бири: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга иқтидо қилишни ўргатади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўз аҳли аёллари ва бошқа инсонлар билан бўлган ахлоқларини, У зотнинг саҳобалари ва дин душманлари билан бўлган муомалаларини ўргатади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга иқтидо қилиш У зотнинг сийратларини ўрганиш билан янада мукаммаллашади.

  1. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга нисбатан муҳаббат пайдо бўлади.

Сийратни ўрганиш билан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга бўлган муҳаббат янада зиёда бўлади. Чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Сизлардан бирингизни иймони токи мен унга ота онаси, боласи ва барча инсонлардан севикли бўлмагунимча иймони комил бўлмайди” деганлар.

Агар сиз У зотга муҳаббат қўймоқчи бўлсангиз, унда У зотнинг сийратларини ўрганишингиз лозим. Агар сиз У зотнинг қадрини билмоқчи бўлсангиз, унда У зотнинг сийратларини ўрганишингиз лозим. Агар сизга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз нафсингиздан ҳам севикли  бўлишини хоҳласангиз, унда тезлик билан сийрат китобларини варақлашга тушинг. У зотга бўлган муҳаббат У зотнинг тарихларини ўқиш, ҳамда ундаги ҳикматларга  амал қилиш билан бўлади.

  1. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобалари ва аҳли оилаларига бўлган муҳаббат пайдо бўлади.

Сийратни ўқиш билан Абу Бакр розияллоҳу анҳунинг қадрларини, Умар розияллоҳу анҳу ҳақдан ботилни ажратганларини, Усмон розияллоҳу анҳунинг дунёни жаннатга алмаштирганларини, Али розияллоҳу анҳунинг шижоатларини, Муовия розияллоҳу анҳунинг ҳалимликларини, Ҳаббоб розияллоҳу анҳунинг дин йўлидаги сабрларини, Билол розияллоҳу анҳунинг собит қадамлигини, Муоз розияллоҳу анҳунинг фақиҳ эканларини, Абу Зарр розияллоҳу анҳунинг тўғри сўз эканлигини, Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳунинг зеҳнлари ўта кучли бўлганини, Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳунинг Қуръонни қай даражада билганларини билиш мумкин. Оналаримиздан Хадича розияллоҳу анҳони Исломга биринчи кирганларини, Оиша розияллоҳу анҳонинг илмларини, Савдо розияллоҳу анҳонинг фазлларини, Жувайрийя розияллоҳу анҳонинг баракаларини билиш мумкин.       

       7. Сийрат шаръий ҳукумларга кирувчи воситадир.

Сийратни ўрганишнинг фойдаларидан бири: толиби илмлар  учун бошқа илмларни ўрганишда нарвон вазифасини бажаради. Балки, сийрат шариат илмларининг онаси ҳисобланади. Ислом тарихини қандай бошлангани, Исломда биринчи ҳукмлар қандай татбиқ қилинганини ўргатади.  Исломий адабиёт қандай ривожланганини, Ҳассон ибн Собитнинг шеърларини ўргатади. Ҳаж амали биринчи бор қандай қилинганини ўргатади. Фиқҳ фанини ўрганаётган инсон ҳам сийратга мурожаат қилади. Бир ҳукм “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Маккадаги даврларида бўлганми?” ёки “Мадина даврида бўлганми?” Мана шуларни ўрганиб  сўнгра ҳукм қилади. Бу ишида бўлса, унга сийрат жуда зарурдир.

  1. Сийрат мусулмон, унинг оиласи уйи ва жамиятининг маданиятини ўргатади.

Сийрат ҳаёти бир йўлдир. Сизга Ислом ҳақида кенг тарзда маълумот беради. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам қандай қилиб мусулмонни, унинг оиласини ва жамиятини шакллантирганликларини ўргатади. Мадинада янги жамият қурилиши, Исломдаги биринчи масжиднинг барпо қилиниши, элчилик маданияти қандай бўлишини ўргатади. Ўша пайтдаги дунё подшоҳлари билан қандай муомала қилинганини ўргатади. Mусулмонлар нима сабабдан Бадр жангида ғалаба қозондилар, нима учун Уҳуд жангида мағлубиятга учрадилар, Аҳзоб куни қамалдан қандай қутилганларини ўргатади.

  1. Сийрат бу руҳий бир саёҳатдир. Бундан нафслар уйғонади. Қалблар шижоатланади. Кўзлар ёш тўкади, жисмлар, руҳлар, ақллар, аъзолар шижоатланади. Сийрат сизга исломий тарбиянинг расмини чизиб беради. Ер юзида ҳали бирор кишининг сийрати Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам сийратлари каби тарбия устунларга заҳира бўлган эмас.

Сийрат ўрганишдаги амалий услуб:

  1. Чин ихлос билан ўрганиш. Ниятни аввалдан яхши қилиш лозим бўлади.
  2. Қалбда Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга нисбатан виқорни пайдо қилиб, сийратни хурмат билан ўрганмоқ.
  3. Ўз олдига сийрат китобларини ўқишда вазифа қилиб олиш.

Мисол: Бугун фалон мавзуни ўрганаман деб ўз олдига вазифа қилиб олиш лозим.  

Тошкент вилояти Қибрай тумани

“Саъдулла ота” жоме масжиди

имом- хатиби,

Тошкент ислом институти “Ҳадис ва ислом тарихи фанлари” кафедраси ўқитувчиси Мирҳамидов Обиджон тайёрлади.

 

 

Аллоҳ таоло Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳурматларидан Ислом умматини мислсиз яхшиликлар билан, бошқа умматларда бўлмаган фазилат ва хусусиятлар билан неъматлантирди. Қуйида бу умматга ато қилинган хусусиятлар билан танишамиз. 

БИРИНЧИ ХУСУСИЯТ 

БУ УММАТДАН ОҒИР МАШАҚҚАТЛАР ОЛИБ ТАШЛАНГАН

 

Аллоҳ таоло марҳамат қилади:

«Улaр уммий расулга – исми ўзлaридaги Тaврот вa Инжилдa ёзилгaн набийгa эргaшувчилардир. У (пaйғaмбaр) улaрни яxшиликкa буюрaди, ёмонликдaн қaйтaрaди, пок нaрсaлaрни ҳaлол қилиб, нопок нaрсaлaрни улaргa ҳaром қилaди ҳaмдa улaрнинг юклaрини вa устлaридaги кишaнлaрини (қийинчилик) олиб тaшлaйди» (Аъроф сураси, 157-оят).

Ояти каримада зикри келган набий – Муҳаммад алайҳиссаломдирлар. Оятда Муҳаммад алайҳиссаломнинг ўз умматларига тааллуқли вазифалари ҳақида айтиляпти.

Оят охирида «улaрнинг юклaрини вa устлaридaги кишaнлaрини», дейилган. Ҳаммамизга маълумки, одам елкасига ортмоқлаган юки оғирлашган сари уни кўтаришга тоқати етмай бориб, охири умуман кўтара олмай қолади.

Бошқа умматларга жорий қилинган шариатидаги оғир ҳукмлар Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳурматларидан бу умматдан олиб ташланган. Масалан, Бану Исроил қавмига бир қатор оғир амаллар ва машаққатли мажбуриятлар юкланган эди. Бу мажбуриятлар бамисоли бўйинга солинган кишандек, уларнинг эркин ҳаракат қилишига йўл қўймас эди. Оятдаги юк ва кишан – бошқа умматларнинг шариатидаги машаққатли ҳукм ва қийинчиликлардир.

Аввалги умматларнинг шариатидаги оғир ва машаққатли амаллардан баъзилари қуйидагилардир:

 

  1. Либоснинг нажосат теккан жойни кесиб ташлаш.

Унга кўра, бирон кийимга нажосат тегса, нажосат теккан жойи кесиб ташлансагина ўша кийим пок ҳисобланган.

Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам умматига келсак, шариатимизда бу ҳолатда нажосат устидан сув қуйиб, ўша жойни ювиб қўйиш билан кийим пок бўлаверади. Нажосат сажда қиладиган жойга текканми, кийимгами ёки бадангами, фарқи йўқ – барчасига ҳукм бир хил: пок бўлиши учун ювиб тозаланса кифоя.

 

  1. Ҳайз кўрган аёл билан бир дастурхонда ўтириб овқатланмаслик.

Яҳудий динида аёл киши ҳайз кўрса, у билан бирга ўтириб овқатланилмайди, бирга аралашиб юришга, ҳатто бир уйда туришига йўл қўйилмайди. Ҳайз кўрган аёлларга алоҳида хона ажратиб қўйилади. Имом Муслим ва имом Аҳмад бу ҳақда саҳиҳ ҳадислар ривоят қилишган.

Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам умматида эса ҳайз кўрган аёл билан бирга ўтириш, бирга еб-ичиш, бир ётоқда ётиш мубоҳдир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳайзли аёллар билан жимоъдан, киндикдан тиззагача бўлган жойдан бошқа ҳар қандай мубошарат мумкинлигини айтганлар.

 

  1. Қасддан ёки билмасдан одам ўлдирган кишидан қасос олиш вожиблиги.

Бану Исроил қавмида қасддан ёки адашиб одам ўлдириб қўйган ёки бирон жароҳат етказган одамдан қасос олиш вожиб бўлган. Жабрдийданинг қариндошлари жиноятчини кечириб, ундан товон пули олишга рози бўлиб турса ҳам, барибир жазо ижро қилинган – ўлдирган бўлса, у ҳам ўлдирилган, жароҳат етказган бўлса, унга ҳам худди шундай жароҳат етказилган.

Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам умматига эса бундай жиноят учун қасос ёки товон пулидан бирини танлаш ихтиёри берилган. Ўлдирилган кишининг яқин қариндошлари рози бўлса, хун тўлаб, жазодан озод қилиш ҳукми жорий қилинган. Бу ҳукм Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам умматига берилган улкан енгилликдир.

Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади: «Эй иймон келтирганлар! Сизларга ўлдирилганлар учун қасос олиш фарз қилинди: ҳур учун ҳур, қул учун қул, аёл учун аёл. Биродари афв этса, хун тўлашга рози бўлинса, (у ҳолда яхшилик билан) бўйсуниш ва хунини яхшилаб тўлаш зарурдир. Бу ҳукм – Роббингиздан енгиллик ва марҳаматдир. Ким шундан кейин ҳам ҳаддидан ошса, унга аламли азоб берилур» (Бақара сураси, 178-оят).

Бу ояти каримадан чиқадиган хулоса шундай: Аллоҳ таоло бу умматга бошқа умматларга бермаган катта бир неъмат ато қилган.

 

  1. Гуноҳ қилган одамнинг тавбаси – ўзини ўзи ўлдириш бўлган.

Мусо алайҳиссалом Робби билан гаплашгани кетганида Бану Исроил бузоққа ибодат қила бошлайди. Мусо алайҳиссалом қайтиб келгач, бу аҳволни кўриб, қаттиқ ғазабланади. Сўнг уларга тавба қилиш йўли баён қилинади. Бу гуноҳнинг тавбаси эса бузоққа сиғинганлари учун ўзини ўзи ўлдириш қилиш эди. Бу ҳодиса ҳақида Қуръони Каримда шундай дейилган: «Роббингизга тавба қилинглар ва ўзларингизни ўлдиринглар» (Бақара сураси, 54-оят).

Бундан ташқари, Бану Исроил шариатида киши гуноҳни қайси аъзоси билан қилса, тавбанинг йўли ўша аъзони кесиб ташлаш бўлган. Мисол учун, ёлғон гапирган одамнинг тили, зино қилганнинг жинсий аъзоси кесилар, бегона аёлга қараб қўйганнинг кўзи ўйиб олинар эди.

Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам умматига келсак, Аллоҳ таоло бизга тавба йўлини жуда осон қилиб қўйди. Тавбани бу уммат учун энг улуғ, қадри энг баланд неъмат қилди. Бу ҳол нимада кўринади? Ислом шариатида Аллоҳ таолога чин дилдан тавба қилган одамнинг гуноҳлари кечирилади! Ҳатто Аллоҳ таоло банданинг тавба қилишидан ғоятда хурсанд бўлади, худди боласини йўқотиб қўйиб, кейин топиб олган она хурсанд бўлганидан ҳам ортиқ даражада хурсанд бўлади!

Аллоҳ таоло буни қуйидагича баён қилади: «Кимда-ким бирон ёмон иш қилиб ёки ўз жонига жабр қилиб, сўнг Аллоҳдан мағфират сўраса, Аллоҳнинг қанчалик кечирувчи ва раҳмли эканини идрок этади» (Нисо сураси, 110-оят).

 

  1. Гуноҳкор кишилар шарманда қилинган.

Бану Исроил қавмидан кимдир бирор гуноҳ иш қилса, эрта тонгда унинг эшигига: «Фалончи фалон-фалон гуноҳ ишларни қилди, унинг каффорати мана бундай», деган ёзув пайдо бўлар эди. Бу шармандагарчиликни барча ўтган-кетганлар кўрар эди.

Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам уммати бундай иқобдан халос қилинди. Аллоҳ таоло бу умматга марҳамат кўрсатиб, бандаларига хато-камчиликларни, гуноҳларни яширишни буюрди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар: «Умматимдан ҳар бирининг гуноҳи кечирилади, лекин гуноҳларини ҳаммага айтиб юрувчилар бундан мустасно. Шундай кимсалар борки, кечаси қандайдир гуноҳ ишни қилиб, эрталаб кўчага чиқиб, одамларга: «Кеча мен тунда фалон-фалон гуноҳларни қилдим», деб мақтаниб, Аллоҳ таоло ҳаммадан беркитган гуноҳни фош қилади» (Имом Бухорий ривоят қилган).

Бу ҳадисда мана шундай кишилар гуноҳи кечириладиганлар сафидан истисно қилиняпти.

 

  1. Аъзолар билан қилмаган, лекин қалбдан ўтказилган ёмон фикри учун ҳам жазо берилган.

Олдинги умматлар нафақат бир гуноҳни қилгани учун, балки ўша гуноҳни кўнглидан ўтказгани учун ҳам гуноҳкор бўлиб, жазога мустаҳиқ бўлар эди.

Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам уммати бу борада ҳам имтиёзга эга бўлди. Мўмин-мусулмон киши қалбидан ўтказган ёмон фикрларни, шубҳа-гумонларни юзага чиқармаса, гуноҳкор бўлмайди. Бундай ҳолатга тушган мусулмон киши кўнглидан ўтган ёмон ўй-фикр ва шубҳаларни дарров даф қилиши, сўнг истиғфор айтиши ва улар яна хаёлига келиб қолишидан паноҳ сўраб, Аллоҳ таолога илтижо қилиши лозим бўлади.

 

  1. Адашиб ёки унутиб қилиб қўйилган ишларга ҳам жазо тайинланган.

Бану Исроил қавми хато қилиб ёки унутиб бирон гуноҳ қилиб қўйса, бунинг учун дарҳол жазо келар эди. Масалан, бир гуноҳ содир этилган заҳоти уларга қайсидир ичимлик ёки егулик ҳаром қилинар эди.

Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам уммати эса хато қилиб, адашиб ёки унутиб ёхуд мажбуран қилган ёмон ишларига астойдил тавба қилса, шак-шубҳасиз кечирилади.

 

  1. Байрам кунлари бирон иш билан машғул бўлиш ҳаром қилинган.

Шанба куни Бану Исроил қавми учун байрам қилиб белгиланган эди. Аллоҳ таоло уларга шанбани улуғлашга буюриб, бу кунда ҳеч қандай иш қилмаслик ҳақида ваъда олди. Жумладан, шанба куни балиқ овлаш ҳам тақиқланган эди. Лекин Бану Исроил қавми Аллоҳ таолога берган ваъдасига вафо қилмади – ҳийла-найранг ишлатиб, балиқларни жума куни кечқурун ёпиқ ҳавзага қамаб, якшанба куни овлай бошлашди. Аллоҳ таоло бундай ҳийла учун уларни жазолади: «Орангиздан шанба кунида ҳаддидан ошган кимсаларни билдингиз. Биз уларга «Бадбахт маймунларга айланиб қолинглар!» дедик. Биз бу уқубатни ўша вақт учун ҳам, кейин даврлар учун ҳам ибрат қилдик, тақволилар учун мавъиза (насиҳат) қилдик» (Бақара сураси, 65-66-оятлар).

Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам умматига бундай машаққат ва мажбуриятлар юкланмади. Мусулмонлар ўзларининг байрам кунлари, яъни жума куни намоздан олдин ёки кейин ўзаро муомала-муносабатда бемалол давом этаверишлари, касб-корларини қилаверишлари мумкин. Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади: «Эй мўминлар, жума кунидаги намозга азон айтилса, олди-сотдини тарк қилиб, дарҳол Аллоҳнинг зикрига боринглар. Агар билсангиз, мана шу (Аллоҳнинг зикрига, жума намозини ўқишга шошилиш) ўзларингиз учун яхшироқдир. Намоз адо қилингач эса, ер юзи бўйлаб тарқалиб Аллоҳнинг фазлини (ризқ-рўзингизни) истайверинглар. Аллоҳни кўп эсланглар, шояд нажот топсангиз» (Жума сураси, 9-10-оятлар).

 

  1. Вабо (ўлат) ўтган умматлар учун азоб эди.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам вабо (ўлат) касаллигининг ўтган умматларга азоб қилиб юборилганини айтганлар. Вабо (ўлат) касаллиги Бану Исроил қавмининг бир тоифасига ва бошқа қавмларга юборилган азоб бўлган.

Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам уммати учун эса бу касаллик раҳмат бўлди. Пайғамбаримиз алайҳиссалом вабо (ўлат) касаллигидан вафот этганлар шаҳидлар қаторида бўлишини айтганлар.

 

  1. Баъзи таомлар бошқа умматларга ҳаром қилинган.

Аллоҳ таоло Бану Исроилнинг хатолари, зулмлари ва шариатни эрмак қилганлари сабабли уларга бир қанча азоб-уқубат ва жазолар юборган. Жумладан, Аллоҳ таоло уларга баъзи ҳалол таомларни ҳаром қилиб қўйган: «Яҳудий бўлганларга уларнинг зулми, Аллоҳнинг йўлидан кўп тўсганлари учун ўзларига ҳалол қилинган нарсани ҳаром қилдик. Қайтарилган бўлсалар ҳам, рибо олганлари ва одамларнинг мол-мулкиини ботил йўл билан еганлари учундир» (Нисо сураси, 160-161-оятлар).

Аллоҳ таоло уларга ҳаром қилган егуликларнинг турларини баён қилган. Улар – туя, туяқуш, ўрдак, ғоз кабилардир. Шунингдек, Аллоҳ таоло уларга ҳайвонларнинг баъзи ёғларини ҳам ҳаром қилди. Сигир ва қўйларнинг қорин ва белидаги ёғлар (чарвилар) ҳам уларга ҳаром қилинган.

Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам умматига эса барча покиза нарсалар ҳалол қилинди, Аллоҳ таоло: «Бугун сизлар учун барча покиза нарсалар ҳалол қилинди» деб марҳамат қилди (Моида сураси 5-оят).

 

  1. Урушда тушган ўлжалар ҳам ҳаром бўлган.

Олдинги қавмларнинг шариатида душманга қарши жангда тушган ўлжаларни олиш ва ўзларича тасарруф қилиш ҳалол бўлмаган. Ўлжаларни бир жойга тўплашар, кейин осмондан бир олов тушиб, уларни ёндириб юборса, буни ушбу жанг Аллоҳнинг наздида қабул бўлганига аломат деб ҳисоблашган. Қуръонда бу ҳақда «токи бизга олов ейдиган бир қурбонликни тақдим қилмагунича...» дейилган (Оли Имрон сураси, 183-оят).

Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам умматига эса Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳурматларидан жангда тушган ўлжалар ҳалол қилинди. Бу ҳақда Қуръонда шундай марҳамат қилинган: «ўзларингиз ўлжа олган ҳалол-покиза нарсаларни енглар» (Анфол сураси, 69-оят).

 

  1. Олдинги умматларга фақат хос жойлардагина намоз ўқиш мумкин бўлган.

Олдинги умматлар фақатгина махсус ажратилган жойларда – синагога, черков ва ибодатга мўлжалланган бошқа жойлардагина ибодат қилиши мумкин бўлган. Бундан бошқа жойда ибодат қилиш жоиз бўлмаган. Сафардаги одам ибодатхонасига етиб келгунича ибодат вақти ўтиб кетса, етиб келгач, қазосини ўқиган.

Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Олдинги пайғамбарларнинг бирортаси ўз меҳробига бормагунича намоз ўқий олишмаган», деганлар.

Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам умматига эса бутун ер юзи масжид қилиб берилди. Аллоҳ таоло намоз учун бирор жойни алоҳида хослаб қўймади. Шунинг учун биз ер юзининг исталган нуқтасида намоз ўқишимиз мумкин бўлди. Қаер нажосатлардан ва ҳар хил сурату ҳайкаллардан пок ва холи бўлса, ўша жойда намоз ўқиш мумкин.

 

  1. Таҳорат фақат сув билан қилинган.

Олдинги умматларнинг шариатига кўра, таҳоратни фақат сув билан қилиш вожиб бўлган, сувдан бошқа нарса жоиз бўлмаган. Шунинг учун сув топилмаса, ибодат қила олишмаган. Сув топилгунича ибодат вақти ўтиб кетар, сув топилгандан кейин таҳорат олиб, қазосини ўқиб олишар эди.

Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам умматига эса бутун ер юзи покиза намозгоҳ қилиб қўйилди. Мабодо сув топилмаса, мўмин-мусулмонлар пок тупроқ билан таяммум қилиб ҳам намоз ўқийверадиган бўлишди...

 

Ушбу қиёсларда Муҳаммад алайҳиссаломнинг умматига бу дунёда берилган имтиёзлар ҳақида сўз борди.

 

“Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам умматининг шарафи” китобидан “Ҳадис ва ислом тарихи фанлари” кафедраси ўқитувчиси Ойбек Ҳошимов ҳамда Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ таржимаси

Савол: Бизда бир “Ҳизбут-таҳрир” номли жамоа бор. Ислом халифалигини ўрнатиш ҳақида бонг уришади.  Уламолар ҳақида ҳар хил гаплар гапиришади. Уларга қандай раддия қилиш керак? Ўзи Ислом халифалигига қандай йўл тутилиш керак?

Жавоб: Алҳамду лиллаҳ, вассолату вассаламу ала росулиллаҳ.

Инсонлар жамоаланиш бўйича икки жамоага ажрайдилар. Роҳманнинг жамоаси ва Шайтон жамоалари. Аллоҳ таолонинг жамоаси тарқоқ бўлиши асло мумкин эмас. Аллоҳ таоло айтади:

 إِنَّ الَّذِينَ فَرَّقُوا دِينَهُمْ وَكَانُوا شِيَعًا لَسْتَ مِنْهُمْ فِي شَيْءٍ إِنَّمَا أَمْرُهُمْ إِلَى اللَّهِ ثُمَّ يُنَبِّئُهُمْ بِمَا كَانُوا يَفْعَلُونَ

“Динларини (фирқаларга) бўлиб, (турли) гуруҳларга айланганлар (учун) бирор нарсада (Сиз масъул) эмассиз. Уларнинг иши Аллоҳга (ҳавола). Сўнгра (У) уларни қилиб юрган амалларидан огоҳ қилур” (Анъом сураси 159-оят).

Пайғамбаримиз алайҳиссалом эса: “Яҳудийлар етмиш бир ёки етмиш икки фирқага бўлиниб кетди. Насоролар ҳам етмиш бир ёки етмиш икки фирқага бўлиниб кетди. Менинг умматим эса етмиш уч фирқага бўлиниб кетади”, деганлар  (Имом Абу Довуд  Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят қилганлар).

Яна Имом Абу Довуд раҳимаҳуллоҳ Муовия разияллоҳу анҳудан ҳам шунга ўхшаш ҳадис ривоят қилган. Унда Пайғамбаримиз алайҳиссалом: “Уларнинг ҳаммаси дўзахдадир. Биргина фирқа бундан мустасно”, дедилар. Шунда саҳобалар: “Ўша бир тоифа кимлар, эй, Аллоҳнинг Расули!” дейишди. У Зот: “Жамоатдир”, дедилар. Сўнг яна қўшимча қилиб айтдиларки: “Албатта яқин орада шундай қавмлар келадики, қутириш касали беморни қандай эгалласа,  уларни ҳавои нафс худди шундай эгаллайди” – дедилар.

Дарҳақиқат, Пайғамбаримиз алайҳиссалом хабар берган нарсалари воқеъликда содир бўлди. Ҳавои нафсга эргашиш кўпайди. Фирқалар, жамоалар кўпайди. Ҳолбуки, Аллоҳ таоло ўз китобида айтади:

وَاعْتَصِمُوا بِحَبْلِ اللَّهِ جَمِيعًا وَلَا تَفَرَّقُوا وَاذْكُرُوا نِعْمَةَ اللَّهِ عَلَيْكُمْ إِذْ كُنْتُمْ أَعْدَاءً فَأَلَّفَ بَيْنَ قُلُوبِكُمْ فَأَصْبَحْتُمْ بِنِعْمَتِهِ إِخْوَانًا وَكُنْتُمْ عَلَى شَفَا حُفْرَةٍ مِنَ النَّارِ فَأَنْقَذَكُمْ مِنْهَا كَذَلِكَ يُبَيِّنُ اللَّهُ لَكُمْ آَيَاتِهِ لَعَلَّكُمْ تَهْتَدُونَ

“Ҳаммангиз Аллоҳнинг «арқони»ни (Қуръонини) маҳкам тутинг ва фирқаларга бўлинманг ҳамда ўзаро адоватда бўлган пайтларингизда дилларингизни (туташтириб) ошно қилиб қўйган Аллоҳнинг неъматини ёдда тутинг. Унинг неъмати туфайли биродарларга айландингиз. Дўзах чоҳи ёқасида турганингизда, сизларни ундан қутқарди. Шояд ҳақ йўлни топгайсизлар, деб, Аллоҳ Ўз оятларини сизларга шундай баён қилади” (Оли Имрон сураси 103-сура).

Пайғамбаримиз алайҳиссалом айтадилар: “Ўзларингиздан олдингилар йўлига худди (камон ўқининг) патлари бир хил жойлашгани каби, изма-из эргашасизлар. Ҳатто улар зобб (эчкиэмар)нинг инига кирган бўлсалар, сизлар ҳам албатта кирасизлар. Саҳобалар айтдилар: “Эй, Расулаллоҳ! Яҳудлар ва Насороларми?” Пайғамбар алайҳиссалом: “Унда ким?” – дедилар.

Яна Пайғамбаримиз алайҳиссалом айтдилар: “Мўъмин мўъмин учун худди бир бирини мустаҳкамлаб турувчи бино кабидир”.

Аммо бу пайдо бўлган ҳизблар-жамоалар ўзаро бир-бирларидан танофурда, нафратдадирлар. Бир бирларини таъна-айб қўядилар. Ҳатто бир киши: “Бу ҳизблар дин душманларининг  ирода-истакларини яъни умматни тафриқага солиш, хотирини паришон қилиш, алалоқибат  умматни заъифлаштириш каби ишларни амалга оширяптилар”, деса тўғри айтган бўлади.

Хуллас, “Ҳизбут таҳрир” жамоаси қаттиқ адашган тоифалардан. Мен сўзимнинг авалиданоқ шу сўзни айтсам балки сизларга ғариб туюлар. Аслида бу сўзни айтишдан олдин муқаддима келтиришим керакдир. Масалан қуйидагича: “Ушбу ҳизбут таҳрир жамоаси паскаш жамоа бўлиб, Урдунда пайдо бўлган. “Ихвонул муслимин”дан ажраб чиққан.  Ихвончилар уларга бу йўлдан қайтсинлар учун ўзаро элчилар юборишган. Лекин улар қайтишдан бош тортишган. Уларнинг етакчиси Тақиюддин Набаҳоний эди. Улар ақида масалаларида қуйидагиларни айтадилар: ақидавий ҳукм фақат ақлдан олинади. Агар самъий яъни, нақлий далилдан олинса, у фақат қатъий далил бўлиши керак.

Шунинг учун ҳам улар азоби қабрни рад қиладилар, Масиҳуд-Дажжолни  чиқишини инкор қиладилар. Фазилатли аҳлоқлар ва илм ўргатишга бепарво бўладилар. Ҳизбчилар қуруқ сиёсатдонликка ўргатиладиган динга мухолиф жамоадир.

Ҳизбчиларнинг етакчисига: “Нима учун сизларда Қуръон ёдлатадиган мадрасалар кўринмайди?”, деб сўралганда шундай жавоб берган: “Мен дарвешлар чиқармоқчимасман”. Кўриб турганингиздек, улар фақат сиёсатга таянадилар. Илм, аҳлоқ ва қалб тарбияси, зуҳд, тақвога сабаб бўлувчи илмлар улар учун қизиқ эмас. Фиқҳий масалаларда ҳам ўзларига хос жиҳатлар бўлиб, уларга кўра эркак киши номаҳрам аёл билан қўл бериб кўришса, жоиз бўлади.  Шунингдек, шўрода кофир инсон ҳам бўлиши, ҳамда у умумий маънода волий, ҳоким бўлиши ҳам мумкин. Шундай қилиб, Ҳизбут таҳрир жамоаси энг адашган тоифалардан биридир.

Мен Ҳизбут–таҳрирлик билан фахрланган, гердайганлардан таажжубдаман. Барча мўмин мусулмонларни ҳизбут-таҳрир жамоасидан огоҳликка, улардан узоқ бўлишга чақираман. Агар биз ҳизбут-таҳрир жамоасини таъвилчилар, деб ҳисобламасак эди, аслида уларни кофир дейишимиз ҳақли бўларди. Чунки улар азоби қабрни инкор қиладилар. Масиҳуд-дажжолни чиқишини инкор қиладилар. Етакчилари эса: “Талабаларига Қуръонни ўргатиш лозим эмас. Улардан дарвешлар етиштирмаслик керак” – дейди.

Яман уламолар кенгаши аъзоси

Шайх Муқбил Ҳодий Водиий

 

 “Эй имон келтирганлар! Ёппасига итоатга киришингиз ва шайтоннинг изидан эргашмангиз! Албатта у сизларга аниқ душмандир”.

Қуръони Карим

Бақара сураси 208 оят 

Ер юзида тинчликни ва хавфсизликни таъминлаш, давлатларнинг ва миллатларнинг ўзаро хамкорлигини ривожлантириш мақсадида 1945 йил 24 октябрда фашизм устидан ғалаба қозонган мустақил давлатларнинг ихтиёрий бирлашиш асосида тузилган энг йирик халқаро ташкилот.

БМТ Уставида кўрсатилгандек, у халқаро тинчлик ва хавфсизликни сақлаш, халқларнинг тенгхуқуқлили бўлиши ва ўз тақдирини ўзи белгилаши қоидасига амал қилиб, миллатлар ўртасида дўстлик муносабатларини ривожлантиришни, иқтисодий, ижтимоий, маданий муаммоларни хал этишда халқлар ўртасида хамкорлик бўлишини таъминлашни кўзда тутиб, шу умумий мақсадларга эришишда миллатлар харакатини уйғунлаштириб турадиган маркази хисобланади.

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ташкил топиши билан инсон ва шахс хуқуқларини химоя қилишни халқаро хуқуқий тартибга солишни замонавий босқичига асос яратилди ва БМТ Уставида таъкидланганидек: “Биз, Бирлашган миллатлар халқлари, инсоннинг асосий хуқуқларига, инсон шахсининг қадр қимматига, эркак ва аёлларнинг тенг хуқуқларига ва катта кичик миллатлар хуқуқларининг тенглигига ишончини қайта қарор топтиришга қатъий ахд қилиб, Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг ушбу Уставини қабул қилишга ва Бирлашган Миллатлар Ташкилотини таъсис қилишга розилик бердик!

Айни маҳалда, Бирлашган Миллатлар Ташкилотига аъзо давлатлар “Барча давлатлар ўртасида дўстона муносабатларни ривожлантириш учун таъминлаш учун зарур бўлган тинчлик адоват ва фаровонликнинг мухим ахамияти хисобланадиган инсон хуқуқлари ва асосий эркинликларининг хурмат қилиниши ва уларнинг ялпи аҳамиятини тан олиш” мажбуриятини ўз зиммаларига олдилар.

БМТ Устави барча давлатлар риоя этилиши шарт бўлган ягона халқаро хужжатдир.

Ўзбекистон Республикаси Мустақиликка эришгандан сўнг ўтмиш – 1992 йилнинг 2 мартида БМТга аъзо бўлди. Бугунги кунда ер юзида 270 дан ортиқ мамлакат мавжуд бўлиб, улардан 193 таси БМТга аъзо бўлган. Дунёдаги энг нуфузли ташкилот бўлмиш БМТнинг Бош Ассамблеяси биноси олдида Ўзбекистон Республикасининг Давлат байроғи шу куни 2 март 1992 йилдан бери йуқорига самога кўтарилган. 1993 йилнинг 24 августида БМТнинг Тошкентдаги ваколатхонаси очилди.

Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг ва Бирлашган Миллатлар Ташкилот тараққиёт Дастурининг Ўзбекистондаги доимий вакили хамда Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармойишига биноан Ўзбекистон Республикасининг Бирлашган Миллатлар Ташкилоти (Нью-Йорк шаҳри) даги доимий вакили фаолият юритадилар.

Ўзбекистон Республикаси БМТнинг тенг хуқуқли аъзоси сифатида бу энг нуфузли халқаро ташкилотнинг мақсад ва қоидаларига қатъий амал қилиб келмоқда.

Инсон хуқуқлари Умумжахон декларацияси Ўзбекистон Республикаси Мустақилликка эришгандан сўнг қўшилган биринчи халқаро хуқуқий хужжат бўлди ва у туфайли Ўзбекистон БМТнинг тегишли конвенциявий органларига ўзининг даврий миллий маърузаларини мунтазам равишда тақдим этиш орқали инсон хуқуқлари сохасидаги халқаро мажбуриятларни изчиллик билан ва қатий равишда бажариб келмоқда. Уларнинг тавсияларини бажаришда мухтарам Президентимизни рахнамоликларида давлат органлари, фуқаролик жамияти институтлари, фуқароликнинг ўзини-ўзи бошқариш органлари, оммавий ахборот воситалари ва бевосита фуқароларнинг ўзлари ҳам иштирок этмоқдалар. Инсон хуқуқлари Умумжахон Декларациясининг қоидалари Ўзбекистон Республикаси, инсоннинг сиёсий, иқтисодий, ижтимоий ва маданий хуқуқ ва эркинликларининг ишончли химоя қилишни таъминлайдиган миллий қонунчилик меъёрларида ўз ифодасини топган.

1948 йил 10 декабрда Бош Ассамблеяси Инсон хуқуқлари Умумжахон Декларациясини эълон қилди ва қабул қилди. “Ҳар бир одам учун инсоннинг умумий хуқуқлари илк бор ўз ифодасини топган ушбу хужжат бугунги кунда 360 дан ортиқ тилда чоп этилган ва жахондаги энг кўп таржима қилинадиган хужжат хисобланади. Бу унинг универсал хусусиятга эга эканлиги ва кенг тарқалишидан далолатдир. Мазкур хужжат кўплаб янги, мустақил давлатлар конституциялари ва янги демократиялар учун намуна бўлиб хизмат қилмоқда, онгимизда эзгулик ва ёвузлик хақида фикр юритиш имконини берадиган мезонга айланди,” – деб тарифлади БМТнинг Бош котиби.

Ушбу декларация мустақил Ўзбекистон Республикаси имзолаган энг биринчи халқаро хужжатдир. 1991 йил 30 сентябрь. Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг “Инсон ва фуқароларнинг асосий хуқуқлари, эркинликлари ва бурчлари” деб аталган икки бўлими мазкур декларация талабларига тўла мос бўлиб, унда Ўзбекистон Республикаси барча фуқаролари тенг хуқуқ ва эркинликларга эга бўлиши, жинси, ирқи, миллати, тили, дини, ижтимоий келиб чиқиши, эътиқоди, шахси ва ижтимоий мавқесидан қатий назар, қонун олдида тенглиги таъминланган. Республикамизда инсон хуқуқларига оид юздан ортиқ қонунлар қабул қилинган ва улар халқаро меъёрлар ва андозаларга мувофиқлаштирилган.

БМТ Бош Ассамблеясида Ўзбекистон Республикаси Президенти мухтарам Президентимиз томонларидан минтақавий хавфсизлик ва барқарорлик муаммоларини ҳал этиш йўл-йўриғи дунё миқёсидаги муаммолар билан бирга қўшиб очиб берилди. Ҳамда Ўзбекистоннинг кенг кўламли ҳамкорликка оид ҳамма таклифларида уни БМТ фаолияти ва бу ташкилотнинг ихтисослашган муассасалари орқали амалга ошириш тамойиллари илова қилинди.

Ҳаммамизнинг хабаримиз бор, Муҳтарам Президентимиз ўз нутқларида муборак Ислом динимизнинг асл инсонпарварлик моҳиятини бутун жаҳон жамоатчилигига етказиш олдимизда турган муҳим вазифа эканини алоҳида қайд этдилар.

Давлатимиз раҳбари БМТ Бош Ассамблеясининг 72­-сессиясида жахоннинг энг юқори минбаридан туриб, мустақил Ўзбекистон ташқи сиёсатининг маънавий йўналиши инсонпарварлик, инсонийлик, ошкоралик, хуррият, ўз имкониятларига таяниш ва инсониятнинг ягона оиласида ўз тараққиёт йўлига эга бўлишлигини таъкидлаб, баён қилдилар.

Шунингдек,  давлатимиз Раҳбари аслида Ислом дини эзгулик ва тинчликка, асл инсоний фазилатларга риоя этишга даъват этишини алоҳида таъкидлаб ўтдилар. Жумладан, Муҳтарам Президентимиз шундай дедилар: «Биз бутун жаҳон жамоатчилигига Ислом динининг асл инсонпарварлик моҳиятини етказишни энг муҳим вазифа, деб ҳисоблаймиз. Биз муқаддас динимизни азалий қадриятларимиз мужассамлигининг ифодаси сифатида беҳад қадрлаймиз. Биз муқаддас динимизни зўравонлик ва қон тўкиш билан бир қаторга қўядиганларни қатъий қоралаймиз ва улар билан ҳеч қачон муроса қила олмаймиз. Ислом дини бизни эзгулик ва тинчликка, асл инсоний фазилатларни асраб-авайлашга даъват этади”.

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти – тинчликни ва халқаро хавфсизликни қўллаб қувватлаш, давлатлараро хамкорликни ривожлантириш мақсадида ташкил этилган универсал ташкилотдир.

БМТ ҳар бир инсонни хуқуқларини қўллаб қувватлаш, кенгайтириш ва химоя қилиш мажбуриятини ўз зиммасига олган дунёдаги ягона ташкилот сифатида дунёнинг “умужахон парламенти” сифатида календарнинг маълум бир кунини инсоният учун, халқ учун, умумжамият учун зарур бўлган масалаларга бағишлаб қўйган.

“Динлараро бағрикенглик хафтаси”, “Саратон билан курашиш халқаро куни”, “Халқаро ижтимоий адолат куни”, “Халқаро она тили куни” февраль ойида. Март ойида “Камситишга ноль куни”, “Халқаро ёввойи табиат”, “Халқаро ирқий камситилишни бартараф этиш куни”, “Ирқчилик ва ирқий камситилишларга қарши курашаётган халқлар билан бирдамлик хафтаси”, “Халқаро сил касаллигига қарши курашиш куни”, “Халқаро инсон хуқуқлари поймол бўлишида хақиқатни ўрнатиш куни”. Апрель ойида “халқаро спорт, тинчлик ва тараққиёт йўлида куни”, “Йўл ҳаракатларида содир этилган ходисаларда халок ўлганларни хотиралаш куни”, июнь ойида “Халқаро атроф мухитни мухофаза қилиш куни”, “Халқаро қочоқлар куни”, “Гиёҳвандликка қарши курашиш куни”, “Халқаро мурувват куни”, сентябрь ойида “Халқаро тинчлик куни” бўлиб деярли 365 кун инсонларнинг турли муаммоларини енгиллаштиришда, баъзи муаммоларни ечилишида ўз самарасини бермоқда.

БМТ ўз тараққиёт дастурини амалга оширишда дунёнинг турли чеккаларида ва ер юзининг барча минтақаларида БМТнинг кўплаб ихтисослашган ташкилотлари ва муассасалари орқали ҳам тинчликни сақлашда, инсонлар ҳаётидаги муаммоларни бартараф этишда салмоқли ҳисса қўшиб келмоқда. Зеро Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг XIX та бобларидаги 111 та моддаларининг барчалари ҳам ер юзида халқлараро тинчлик ва хавфсизликни барпо этиш билан йўғирилган.

БМТ Уставида таъкидланган халқаро тинчлик ва хавфсизликни барпо этишда Ўзбекистон Республикасининг ҳиссаси беқиёс ва бетакрор. Жаннатмакон юртимизни тинчлиги, муқаддас Ватанимиз равнақи, доно халқимиз саломатлиги ва фаровонлиги учун муҳтарам Президентимиз Ш.М.Мирзиёев рахнамоликларида  хукуматимиз,  Диний идорамиз раҳбарияти томонларидан оқилона олиб борилаётган хайрли, савобли ишларни амалга ошириш мақсадида вилоятларимиз рахбарлари ҳамда шаҳар, туман раҳбарларининг бошчиликларида истиқлолимиз шарофати билан меҳнаткаш халқимиз кўп ишларни амалга оширди ва шу олижаноб ислоҳотлар хали хамон бажарилиб келинмоқда. Бунга дунё тан бермоқда...

 

Иброҳимжон ИНОМОВ,

Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари 

 
 

 

Видеолавҳалар

Top